1
— Келин йўқ! Эшитаяпсизларми, келин ҳеч қаерда йўқ!
— Адолатнинг қизи қочиб кетибди!
2
Оналарининг қирқи чиққан кун эди.
Тўрт-беш чинни лагани, косалари, ўнтача чойнаги, йигирматача пиёласини бир тугунга тугиб кўтарди.
— Энам “Мен ўлсам чинниларим сенга қолади”, деб васият қилган эди, — деди Адолат унинг ҳаракатига ҳайрон қараб турган укасига.
— «Энам васият қилган», деб энам тупроққа қўйилмай туриб ҳамма кийимларини олиб кетдингиз. Учи ўтиб тахмондаги гиламларни ҳам ташиб олдингиз. Энди эса, чинниларга ёпишдингиз, уялмайсизми, опа? Шу билан васият қилган нарсалари тугайдими ишқилиб? Энам “Укангнинг оиласига ҳам уч-тўртта чойнак-пиёла қолдир, унинг ҳам бола-чақаси бор, улар нимада чой ичишади, нимада овқат ейишади? Укангнинг болаларига ҳам инсоф қилгин, қизим”, деб васият қилганлари йўқмиди, опа? — деди унинг қилиғидан ранжиган Диёрбек. — “Ақалли чети учган пиёлаларни ҳам қолдирмай олиб кет”, деганмиди энамиз, опа?
— Деган, худди ана шундай деган, бўлдими? — деди Адолат лаби титраб. — Ана, тунука товоқлар билан алюмин кружкалар қолаяпти, шунисига ҳам шукур қил. Лекин бир келсам энамдан қолган пўлат қозонни ҳам олиб кетаман, эсингда турсин! Энам васият қилган…
Адолат кета-кетгунча нола қилиб кетди. Қарғаб кетди. Ер муштлаб кетди. Аччиғининг зўридан кўприкдан айланиб келишга ҳам сабри чидамай, суви камайиб қолган Тентаксойдан кечиб ўтиб кетди.
3
Жаласойликлар Адолатнинг бу нолаю фиғонларига кўп эътибор бериб ҳам ўтирмадилар.
— Ўзи шу Адолат қизлигида ҳам жуда шатта эди, — деди бир неча хотинлар билан суҳбатлашиб ўтирган Хосият момо. — Ҳалиям шатталиги қолмапти.
Адолатнинг шу хулқи сабаб бўлиб, уни келин қилишга Жаласойда бировнинг юраги бетламаган. Тентаксойнинг нариги бетидаги Сойгўзар қишлоғига келин бўлиб тушган эди.
4
— У ёқ-бу ёқни қаранглар, бутун бошли келин йўқолиб қолмас? Пешинда уйида экан. Бир ёққа чиқиб кетмагани аниқ. Дугоналарининг уйларини кўринглар!
Бутун қишлоқ оёққа турди. Келин бўлмишнинг барча дугоналариникини кўриб чиқишди, дугона эмасларнинг уйларини ҳам кўриб чиқишди. Келин йўқ!
5
Йигирма йил деганда ўртага одам қўя-одам қўя Диёрбек опаси билан ярашди. Ўша куни Диёрбекникида байрам бўлиб кетди. Қўй сўйилди. Қавму қариндошлар чақирилди. Боболарнинг дуоси олинди, момоларнинг дуоси олинди. Кўп яхши гаплар айтилди, чиройли тилаклар билдирилди.
— Мана шу жияним Ноилаойни ўғлим Ўктамжонга келин қилсак, нима дейсизлар? — деди Диёрбек қариндошларга.
— Жуда яхши бўлади, — деди Бердимурод оқсоқол. — Адолат Сойгўзарга тушувди, унинг ўрнига қизи қайтади.
— Опа, нима дейсиз? Ўктамим ҳам унча-бунча полвон йигит эмас, икки марта чемпион бўлган. Наврўздаги курашда “тобоқ”қа қўйилган “Нексия” машинасини ютиб олган, — деди Диёрбек. — Қиз берсангиз полвонга беринг-да, опа?
— Қизимни Ўктамингга берганим бўлсин! — деб юборди Адолат ҳам. — Шанба куни тўйни олиб бор, фотиҳа қиламиз. Аммо тўйни зўр қилиб олиб бор, опангнинг ҳам Сойгўзарда ўзига яраша дўст-душмани бор. Кўролмайдиганларим ҳасаддан ўлсин, дейман-да, Диёрбекжон!
— Бу ёғидан ғам еманг, опа!
6
— Ўлиб қолсам тегмайман ўша айиқполвонга!
Зебо дугонасининг бу гапидан ҳайрон бўлди.
— Ноила, бу нима деганинг? Ахир, аянг тоғанг билан эндигина ярашган бўлса, энди қуда-анда бўламиз деб туришганда сен бундай қилсанг, улар яна юз кўришмас бўлиб кетадилар-ку?
— Аям ҳам ўша куни қизиқ устида хўп деб юборган экан, кейин бир неча марта “Бекор қилибман, анави тоғангнинг эркатой хотинчаси сенга кун бермайди”, деди.
— Нега фотиҳагача айтмадинг унда? Ахир, фотиҳа тўйларинг бўлди. Ҳалиям одамларнинг оғзидан тушмайди куёв тараф берган тўй, сарполарнинг таърифи.
— Сарполари бошини есин, нима, бошқага тегсам сарпо бермайдими?
— Беришга берар-у, бошқа деганинг Ўктам полвондай бўлармикан, Ноила? Кечагина “Тоғамнинг ўғли зўр полвон, туманда тенги йўқ”, деб оғзингдан бол томиб мақтаётувдинг-ку?
— Шу полвонлиги учун ҳам тегмайман. Айиққа ўхшайди.
— Полвон йигитлар шунақа, … бақувват бўлади-да, — деди Зебо ажабланиб. — Жон демайсанми шундай йигитга тегаётганингга. Бирорта пачақ болага тегсанг нима қилардинг?
— Ўзинг тегиб ола қол, шунча яхши бўлса ўша айиқполвон.
— Менга совчи қўйганида жон-жон деб тегиб олган бўлардим, — деди Зебо дилидагини яширмасдан. — Полвонларни яхши кўришимни биласан. Ўзим ҳам отам таъқиқлаб қўймагунича мактабдаги кураш тўгарагига қатнаганим эсингдадир? Қани эди, менга ҳам бирорта зўр полвон йигит уйланса-ю, полвон болаларнинг онаси бўлсам. Битта сиримни айтайми, полвонга тегсам еттита ўғил туғардим. Еттовиниям полвон қилардим. Етти полвон ўғлим билан фахрланиб, дунёдан беармон ўтардим. Болаларимнинг болалари ҳам полвон бўларди. Эссиз, шундай полвоннинг қадрига етмай айтиб ўтирган гапингни қара.
— Кечқурун мен билан учрашгани келади, бирга чиқ. Шу гапларингни ўзинг унга айтасан!
— Чиқаман ҳам, айтаман ҳам!
7
Зебо ростдан ҳам Ноила билан бирга чиқди.
Ўктам ҳам бир ўртоғи билан келган экан. У йигит билан Зебонинг гапи қовушмади. Нарироқда Ноилага гапираётган Ўктамга бир-икки зимдан кўз солди. “Адашдинг, полвон, адашдинг, бу сенинг тенгинг эмас. Ноила полвоннинг қадрини билармиди?” деб ўйлади ичида. Ноила унга ёлғондан ноз-фироқ қилаётганини кўриб ғаши келди.
— Ноила, ўзинг борарсан, мен кетдим!
Зебо бошқа бир сўз ҳам демади, унга гапирганларга ҳам қулоқ солмади, кетди-борди.
Ярим кечаси Ноила унинг деразасини чертди.
— Тегмасанг очиғини айтиб қўя қолмайсанми, тегмайман деб. Нима қиласан тегмайдиган одамингга нозланиб? — деди аччиқ билан Зебо Ноила ичкарига киргач. — Яна совғаларини ҳам қайтармасдан олдинг?
— Жўрттага қилдим, ажаб қилдим, — деди Ноила қошларини чимириб. — Сенинг унга ҳавас билан термулиб турганингни кўрганим учун шундай қилдим. Сени куйсин деб шундай қилдим, Зебо.
— Сен ўзи дўстмисан, душманмисан, Ноила? — ҳайратга тушди Зебо.
— Сен-чи, бировнинг куёвига суқланиб қарашга уялмаган сен дўстмисан, душманмисан?
— Сенга тушунмадим, — деди Зебо. — Гоҳ у … айиқполвонга тегмайман деб уни ҳақорат қиласан, гоҳ уни қизғониб рашк қиласан. Ўзинг нимани исташингни олдин аниқлаб олсанг бўларди, дугонажон?
— Бу энди менинг ишим, сен аралашма. Аммо нимани хоҳлашимни билгинг келаётган бўлса билиб ол, гапим гап, ўша айиққа тегмайман. Тўй кунигача буни унга айтмайман ҳам. Аямга қилган ёмонликлари учун улар катта харажатга тушишларини истайман. Тўй куни ҳаммасини билади. Тўй куни мени топиб бўлибди.
— Жинни экансан, Ноила, — афсусланди Зебо. — Унутма, “Ким қилмағай, ким топмағай”, дебдилар.
8
— Келин қочиб кетибди!
— Ноила қочиб кетибди!
Куёвнавкарлари билан келиб, чимилдиққа кирган куёв ташқаридан эшитилаётган гап-сўзларни эшитиб ўтирди. Ўртоқларига имо қилувди улар ҳам бирин-кетин чиқиб кетишиб, Ноилани ахтаришди. Ўктамнинг ёнида битта Зиёдулла полвон қолди, холос.
Икки соатча вақт ўтди.
— Ўктам, келин қочиб кетгани ростга ўхшайди, бундай ўтиравериш ўлим. Тур, кетдик!
— Келинсиз тўйхонага қандай кириб бораман, Зиёдулла? Келинсиз нима деб кириб борамиз?
— Келин бўлмаса нима қиласан? Тур, кетдик, дўстим! Қиз деганининг тухуми тиллодан эмас, полвон! Бу қиз қадрингни билмаган бўлса бундан минг марта чиройли қизлар полвонга жон-жон деб тегади, кетдик!
Ўктам чопонининг этагини силкиб ўрнидан турди.
Эшик олдида аммасига дуч келди.
— Амма, шунақа ниятларингиз бор экан, эртароқ айтмайсизларми? — деди Ўктам аммасига. — Мени ер билан битта қилдингиз-ку? Йигит бўлиб бирор даврадан бош эгиб чиқмаган эдим. Аммо бу гал бошим ёмон эгилди, амма, ёмон эгилди!
— Мен ҳам унинг ниятидан бехабарман, Ўктамжон, билмадим у ергина ютгур қай гўрда пусиб ўтирибди экан? Бироз шошма, келиб қолар, қишлоқдан чиққан эмас.
9
Ноиланинг қаерга беркинганини “Қани, нима томоша кўрсатар экан?”, деб эрталабдан уни зимдан кузатган Зебо биларди. У ҳамма тўй ташвиши билан овора бўлиб қолганда кечга томон ҳеч кимга сездирмай қишлоқ пастидаги одамлар тандир учун қизил тупроқ кавлаб олавериб, ғорга айланган унгурга кириб кетганини кўрган эди. Табиийки, уни ғордан излаш ҳеч кимнинг эсига ҳам келмас эди. Зебо бир хаёли айтай ҳам деди, аммо “Қайтанга топилмагани яхши, барибир Ноила бу полвонга муносиб хотин бўлолмайди, уни бахтли қилолмайди, баттар бўлсин”, деб айтмади. Лекин барибир одамлар уни тополмай асабийлашаётганини кўриб, полвон йигит келинсиз чиқиб кетса юзи шувит бўлишини ўйлаб, Ноиланинг қаердалигини айтишга қарор қилди ва чимилдиқ илинган уйга қараб йўл олди. Аммо ана шунда кутилмаган воқеа содир бўлди.
Аламдан юзлари бўғриққан куёв ичкаридан отилиб чиқди ва “Энди нима бўлар экан?” деб тўпланиб турган юзлаб одамларга баланд овозда гапира бошлади:
— Ўв, биродарлар! Полвоннинг мулзам бўлгани — ўлгани! Мен бугун Сойгўзарга куёв бўламан деб келганман. Уйимда тўй бўлиб ётибди. Тўйхона тўла одам. Бўлар иш бўлди, аммамизнинг қизи хоҳламаса тегмасин. Энди битта гапни айтаман, жон қулоғингиз билан эшитинг. Полвоннинг гапи битта бўлади, мен келинсиз бормайман тўйхонага. Сойгўзарда менга қизини берадиган битта мард борми? Ким менга қизини берса, полвонлик сўзим шу қизини бир умр бошимга кўтараман. Уни бахтли қиламан!
Ана томоша!
Ўктамнинг бу оташин нутқидан сойгўзарлик дегани бир қалқиб тушди-ку.
— Э, отангга раҳмат! — деди кимдир.
— Мард йигит экан! — деди бошқа биров.
— Ҳақиқий полвоннинг гапи бўлди! — дейди яна кимдир.
Аммо бу гапларни айтган одамларнинг бўй етган қизлари йўқ эди. Бўй қизлари бор эркаклар эса “Бир кунда қизимизни бир йигитнинг қўлига тутқизиб юборсак қандай бўлар экан?”, деган андишада мум тишлашди. Яна бировлари “Бировнинг ўрнига тушиб, қизим бахтли бўлармикан?” деб жим туришни афзал билди.
Ўктам даврада, деворлар ортида бу томошадан лол бўлиб, лаб тишлаб турган қизларга мурожаат қилди.
— Ҳей, қизлар! Ораларингда Ноиланинг дугоналари ҳам бордир? Мен сизларга кўнглимдагини айтмоқчиман. Ким унинг ўрнига келин бўлса, мен уни бахтли қиламан! Бу чин йигитлик сўзим!
Тўйхона сув қўйгандек жим бўлди. У ер-бу ердан қизларнинг пиқиллаб йиғлаганлари эшитилди. Ноилани қарғаганлари эшитилди.
— Бор!
Оҳистагина айтилган биргина сўздан, қиз боланинг майингина бу овозидан гўё момақалдироқ гумбурлагандек бўлди.
Ҳамма шу қиз томонга ўгирилди.
— Бор, — деди секингина Ўктам томонга бир-икки қадам босган Зебо. — Ноиланинг ўрнига келин бўлишга мен розиман! Аммо ота-онамни чақиринг, уларнинг розилигини ҳам сўранг. Ота-онам оқ фотиҳа берсалар, шу бугуноқ сиз билан тақдиримни бир умрлик қилиб боғлашга, ҳозироқ сиз билан кетишга розиман!
Ана томоша!
Ҳайрат аралаш овозлар тутди тўйхонани.
— Э, яша, Зебо!
— Юрагингга балли-е!
— Эндиги қизларда уят ҳам қолмади, — деди бир киши, аммо у юзлаб ёвқарашлар тиғи остида қолди.
Зебонинг онаси ҳаммасини кўриб турган эди. Оёғини қўлига олиб уйига югурди. Эрини айтиб келди. Кела-келгунча ҳаммасини айтиб келди. Тушунтириб келди. Ичида “Қизимни бир нима қилиб қўймасин, дадасининг феъли чатоқ”, деб келди-да онаизор.
Ота онаизор хавотир тортган бирор ишни қилмади. Одамлар халқасини ёриб ўтиб, қизига бир олам меҳр билан термулиб турган алпкелбат йигитни кўрди. Унинг қошида ер чизиб турган қизи Зебони кўрди. Секин унинг ёнига келди. Бир ёнига онаизор келиб, мунғайиб турди.
— Ҳаммасини эшитдим, — деди Зебонинг отаси. — Қизим, кейин пушаймон бўлмайсанми?
Зебо “йўқ” маъносида бош ирғади.
— Полвон, эртага қизимизнинг бу қарорини юзига солиб, таъна қилмайсизми?
— Шу қизнинг мардлигига тан бердим. Мен ҳамманинг олдида қасам ичдим, мен уни бахтли қиламан!
— Полвон, менам полвон бўлганман, полвоннинг ичидагини биламан. Битта қизим сиздан айлансин. Қизимни сиздай йигитга берганим бўлсин! — Зебонинг отаси кейин тўпланганларга ўгирилди: — Ўв, биродарлар, дуо қилинглар, Ҳайдар полвоннинг қизи бахтли-тахтли бўлсин! Қўшгани билан қўша қарисин! Ували-жували бўлсин!
— Оми-ин!
— Оми-ин!
10
Ай, биродарлар, Жаласойда бир тўй бўлди, бир тўй бўлди, довруғи етти довондан ошди.
11
Зебо “Полвонга тегсам еттита ўғил туғардим. Еттовиниям полвон қилардим, деганида фаришталар омин деган экан.
Зебо Ўктам полвондан етти ўғил кўрди. Еттовиям полвон бўлди. Ҳар тўйда биттадан соврин олиб келишса, етти соврин бўлди, иккитадан олиб келишса, ўн тўрт соврин бўлди. Айримлари бир тўйда тўрттагача соврин олди. Ҳаммаси олган совринини отасига тақлид қилиб, “Топганимиз шу бўлди”, деб Зебонинг оёғига қўяр бўлди.
“Аллоҳимдан еттита ўғил сўрабман-у, ўзимга сирдош бўлади, биттагина қиз ҳам бер”, демабман, деб бир-икки сўлиш олган Зебога Аллоҳ таоло бир қиз ҳам берди. Аммо у Зебо орзулагандай онасига сирдош бўлмади. Ўғилларнинг ичида ўғил бўлиб ўсган у қиз, акалари билан кураш тушиб улғайган у қиз, қиз боланинг қўғирчоқларини қўлига бир марта ҳам ушламаган у қиз, ўғил бола кийиниб курашларга чиқадиган, ўғил болаларнинг додини берадиган у қиз саккизинчи ўғил бўлди. Унга бошқача таъриф бериб бўлмади.
Ўктам полвон ҳам ваъдасига вафо қилди. Тўғри, у Зебони бир умр бошида кўтариб юрмади. Зебо ерда юрган кунлари ҳам кўп бўлди, аммо Жаласой Жаласой бўлиб Зебодан ҳам ортиқроқ қадрланган аёлни на аввал кўрди, на кейин кўрди.
12
Ай, биродарим-ай! У ёғини сўраб нима қилардингиз?
Ҳикоямни доим шу жойигача айтиб бергим келади. Аммо доим “Кейин-чи?” дейдиганлар чиқади-да. Мана, сиз ҳам “Ноила нима бўлди?” деб ўтирибсиз.
Нима бўларди, йигит-қизлар бор овози билан “Ёр-ёр” айтиб ўтаётганини эшитган Ноила “Мен бу ерда бўлсам, кимга “Ёр-ёр” айтишаяпти экан”, дея ажаблана-ажаблана яширинган ғоридан чиқиб келганида унинг уйида тўйдан ном-нишон қолмаган, дугоналарига роса кўз-кўз қилган сепларини машиналарга ортиб олиб кетишган, уйлари ўғри урган эгасиз ҳовлидек ҳувиллаб қолган эди.
“Оқ қиламан, кўк қиламан” деган отаси Адолатнинг бир ўқрайиши билан Ноилани оқ ҳам қилолмади, кўк ҳам қилолмади.
Ноила шундан сўнг қаторасига ўн йил совчи кутди.
Ўн йил деганда уч қишлоқ наридаги хотин қўйган Саттор пиёндан одам келди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2013 йил 1-сонидан олинди.