Жумақул Қурбонов. Қасам (ҳикоя)

Шодмонқул хонасига кириб, эндигина иш бошламоқчи бўлиб тургандики, остонада котиба қиз бўй кўрсатди.
– Сизни бошлиқ йўқлаяпти! Тез…
Бошлиқнинг ўз ходимларини йўқлаб туриши табиий ҳол бўлса-да, аммо негадир бу йўқловдан Шодмонқулнинг юраги увушди: “Тез? Нима бўлди экан-а?! Ишқилиб Мардон Шукуровични кайфияти яхши бўлсин-да!”
Шодмонқул куни кеча бошлиқ буйруғи асосида бажарган юмушларини бирма-бир кўз олдидан ўтказди: “Мардон Шукуровичнинг ҳамма айтганларини… Ҳа-а, ишдан салгина барвақтроқ кетгандим. Эҳтимол, ўшанга жаҳли чиқиб…”
Шодмонқул хаёл билан бўлиб, қабулхонага кирганини ҳам сезмай қолди. Чўғдай пояндоз устида қатор терилган ўриндиқлардан бирига ўтирмоқчи бўлган эдики, тирноғини маникюр қилаётган котиба сўз қотди:
– Сиз кираверинг… Мардон Шукурович кутяптилар!
Шодмонқулнинг баданига яна титроқ кирганича қўли беихтиёр эшик бандига югурди. Тупугини ютиб, ичкарига қадам қўяркан, бошлиқнинг юзидаги илиқликдан енгил тортди.
– Киринг… кираверинг! – Мардон Шукурович одатига хилоф равишда ўрнидан қўзғалиб, уни қаршилади. – Хўш-ш, ишлар қалай?
Шодмонқул минғиллаб миннатдорчилик билдираркан, юраги ҳаприқди: “Бу муло­йим кутиб олишлар бекорга эмас-ов! Ҳозир яна муҳим топшириқ елкамга юкланади…”
– Эшитишимга қараганда… – Мардон Шукурович юзига жиддий тус берди. – Сизнинг ов деган нарсалардан ҳам хабарингиз бор эмиш?! Kaттa овчи эмишсиз?! Учиб бораётган қушнинг кўзидан урармишсиз. Шу гаплар ростми?
Шодмонқул ўнғайсизланди.
– Ҳа, энди… бир пайтлар тоғда яшаган даврларда…
– Бўлмаса топшириқ шундай! – Мардон Шукурович ходимининг гапини чўрт кесди. – Биласиз, анчадан буён соғлиғимнинг мазаси йўқ… Мен бормаган курорт, санаторий қолмади. Кеча бир тажрибали врач айтдики, менинг касалимга кийик гўшти шифо бўлар экан! Қалай, шу вазифани сизга ишониб топширса бўладими?!
Шодмонқулнинг юрагига оғриқ кирди. Уни шу тобда кийикни “Қизил китоб”га киритилган ноёб ҳайвон эканлиги ёхуд уни топиш ва овлаш қийинлиги эмас, балки… Ўшанда Шодмон полвон келбат ўсмир йигит, тоғли қишлоқлардан бирида яшарди. Овчилиги туфайли эл орасида “Мерган” деган ном ҳам орттирган эди. Дарҳақиқат, Мардон Шукуровичга етказишгандек бир пайтлар қўлига милтиқ тутганда кўзга чалинган қуш ёхуд жонивор ундан қочиб қутулолмасди. Янги уйланган кезларида кимдир “Тирик тутилган айиқ боласи ҳисобига” унга катта миқдорда пул ваъда қилди. Шодмон мерган тўйга кетган харажатларни қоплаш ниятида шартга рози бўлди. Одатига кўра, каллаи саҳарлаб ўлжа қидиришга отланди. Аммо ўша куни омад ундан юз ўгирди. Айиқ яшайдиган ғор томон бораётганида, эҳтиётсизлик оқибатида босган қадамидан юраги орқасига тортиб кетди. Оёғи остидан кўчган тошга қўшилиб, ўзи ҳам жарликка учди…
…Оёқ-қўли гипсда шифохонада шифтга термилиб ётаркан, ўзини кўргани келганларга, ёшгина хотинига қараб ёлворди:
– Мени бегуноҳ жониворларнинг уволи тутганга ўхшайди. Наҳотки умрим тугаган бўлса?! Сизларнинг олдингизда қасам ичиб айтаманки, эсон-омон, ўлмай оёққа туриб кетсам, бундан бу ёғига қўлимга милтиқ ушласам, мени ов урсин! Сизлар ҳам менга умр тиланглар…
Мардон Шукуровичнинг бу қасамдан хабари бор ё йўқ эканлигини билмайди. Билганда ҳам…
– Ҳа, ўйлаб қолдингиз? – унинг хаёлини бошлиғининг норози оҳангдаги сўзи бузди. – Ё илтимосимиз малол келдими? Ҳў-ў, оғайни, бошни кўтаринг… Ахир, ҳали сизни яна ҳам юқорироқ… Эҳм-м, ёғлироқ жойга қўямиз деб ўйлаб юргандим.
Шодмонқул зил-замбилга айланган бошини зўрға кўтарди…
– Мардон Шукурович, бирор марта хизматдан бўйин товлаганмидик? Аммо… бир ўйлаб кўришга рухсат беринг!
Мардон Шукурович “ўйлаб кўришни” ризолик аломати деб тушунди, шу боис ёйилиб жилмайди.
– Баракалла! Танти йигитлигингизни яна бир марта исботлайсизда-а? Сизга икки кун, ана, боринг беш кун муддат. Бошбухга айтиб қўйибман, “командировочний”ни бирйўла ола кетинг. Ўлжа билан келсангиз “кварталний” мукофот оласиз. Келиш­дик-а?! Хўп, хайр! Овингиз бароридан келсин.
Шодмонқулнинг дарди бўғзида қотди. Қабулхонага қай тариқа қайтиб чиққанини сезмай қолди.
Ашқол-дашқоллар сақланадиган қазноқни титкилаб чангга ботган милтиқни топиб чиққан Шодмонқул хотинига дуч келди.
– Тинчликми?! – эрининг қўлидаги қуролни кўриб аёлнинг ранги оқарди. – Сафарга милтиқ олиб кетадиган одатингиз йўқ эди-ку? Ёки…
Шодмонқул хотинининг кўз қарашидан шу саволни туйди: “Ёки ичган қасамин­гизни бузиб яна жониворларнинг қонини тўкишгами?”
Шу боис у шоша-пиша ўзини оқлаган бўлди.
– Қишлоққа олиб бориб…. Сотмоқчиман!
Қишлоқда ҳар сафаргидек Шодмонқулни қариндош-уруғлари, жўралари илиқ қаршилашди.
– Сени кўрадиган кун ҳам бор экан-ку, – ярим ҳазил, ярим чин оҳангда сўради қишлоқ шўросининг котиби, Шодмонқулнинг тенгдоши Раҳмонқул Мирзо. – Бутунлай шаҳарлик бўлиб кетдимикан, деб ўйловдик. Кўпга келдингми ўзи?
– Уч-тўрт кунга, – Шодмонқул ютинди, дўстидан нима ҳақидадир сўрамоқчи бўлди-ю, аммо ботинолмади. – Бу тоғда ҳали ҳам кийик… Умуман, тоғ-тошларни соғиндим.
Раҳмонқул Мирзо мийиғида кулди.
– Соғинишинг турган гап. Ахир болалигинг ўтган жойлар… Лекин оғайни, кейинги пайтларда тоғларимизга кўз тегди. Олдин бу томонларга машина тугул, отда келиш ҳам қийин эди. Эслайсанми, қиш кезларида какликлар емиш излаб қишлоқнинг этагигача тушиб келишарди. Кийик деган жониворлар…
Шодмонқул негадир титраб кетди. Раҳмонқул Мирзо эса унинг бу ҳолатини сезмаган кўйи шавқ билан сўзида давом этди.
– Ҳа-ҳа… Кийик, олқор деган жониворлар пода-пода бўлиб юришарди. У пайтларда, тан бериш керак, овчилар ҳам инсофли эди-да! Бу томонларга асфальт йўл, электр токи келди-ю, ҳаётимиз ўзгарди-қўйди. Инсофингни бўри егурлар, машинада, вертолётда ов қилишади-я… Айтиб қўяй, дунёда одамдай диёнатлиси ва одамдай ноинсофи бўлмайди. Инсоннинг оёғи етган жойда жонивор деганининг шўри қурийдиган бўлиб қолди. Хайрият, бу атрофларни қўриқхонага айлантиришди-ю, талон-торожлик озроқ бўлса-да, барҳам топди. Лекин, катталарнинг рухсати билан милтиқ кўтариб келадиганлар ҳали ҳам учраб туради.
Шодмонқул яна ютинди.
– Бу… Тоғда кийиклардан битта-яримта қолганми, ё?..
Раҳмонқул Мирзо ялт этиб унга қаради.
– Кийик нимага керак сенга? Ов қилмаслигингни ҳамма билади…
Шодмонқул кўзларини олиб қочди.
– Шунчаки… Тушларимга ҳам кириб чиқадиган бўлиб қолган, жўра. Жониворларни айтиб ўтирма.
Раҳмонқул Мирзо дўстини юпатган бўлди.
– Ҳа-а… Ҳақиқатан туғилган жойингни соғинибсан. Ундай бўлса мана, мен қаватингга кириб ўзим айлантираман.
– Йўқ, йўқ! – Шодмонқул ўзини ўта ҳориган қиёфага солди. – Мен ўзим… Ёлғиз айланиш ниятим бор. Менга фақат битта от бериб… кийиклар ўтлайдиган жойни кўрсатсанг, бас! Негадир ўша жониворларни кўргим келяпти…
Шодмонқул бехос отнинг кишнашидан уйғониб кетди. Бу кезда ҳали атрофдан коронғилик қора пардасини йиғиштириб олмаган, кўк тоқида икки-уч ҳовуч юлдузлар шодаси совуқ нур сочиб турарди. Шодмонқул ёш болалардек кўзини ишқалаб супадан тушиб келганда, Раҳмонқул Мирзо қоратўриқ байталнинг жиловидан тутган кўйи дарвозахонада унга маҳтал турарди.
– Тезроқ ювиниб отланақол… Нонуштанг хуржунда. Тоғни саҳарлаб томоша қилмасанг… Отнинг ювошидан танладим, шундай бўлса-да, эҳтиёт бўл. Тоғбегига ҳам тайинлаб қўйганман. Қийналсанг, ўшанга учрашасан. Кийиклар ўша ўзинг билган Кийикдара томонида… Тушликка яқин етиб борсанг ҳам катта гап. Улар сув ичгани тошбулоқ томон келишади. Ўшанинг-чун тезроқ отлана қол… Мен кетдим, шаҳарга тушиб келишим керак.
Раҳмонқул Мирзо кетиши биланоқ у ортга қайтди. Яшириб қўйган қуролини олиб, хуржунга жойлади, сўнг отини етаклаб дарвозахонадан чиқди.
…Шодмонқул “шаҳарлик” бўлганидан буён улов минишдан чиқиб қолган эканми, эгарда ўтиришидан тезда толиқди. Байтални жиловидан тутган кўйи сўқмоқ бўйлаб одимлади. Йўлнинг икки томони ўт-ўланларга бурканган, ҳавода хушбўй ҳид анқир, пастда тезоқар дарё шовулларди. Аммо Шодмонқул атроф манзарасини кўрмас, хаёлида турфа фикрлар ғужғон ўйнарди: “Ишқилиб, Кийикдарага эсон-омон етиб бориб бирорта бўлса ҳам… Раҳмонқул Мирзонинг аччиғи келса-чи? Ҳа, унда… Браконьер овчи отган экан, мени кўриб ташлаб қочди дейман-да! Ишонса ишонар, ишонмаса, қишлоқдан оёғим тортилади… Ҳали у ёқда хотиним ҳам бор. Бу ёққа келаётганимда милтиқ олаётганимни кўриб ғингшиганди: “Ов қилмайман деб қасам ичгандингиз. Нега яна… Қасамни бузиш эркак кишига гуноҳ!” Қасам ичганим-ку ёдимда, лекин бу энағар Мардон Шукурович қасамни биладими, бировнинг қўлидан келадими-йўқми, унинг неча пуллик иши бор?!”
Пориллаган товушдан Шодмонқул чўчиб кетди. Тош орасидан бир жуфт каклик кўтарилиб жарлик томон ўқдек учди. От ҳуркиб безовталанди… Шодмонқул эҳтиёт шарт эгардаги хуржунга қўл тиқиб латтага ўроғлиқ милтиқни суғуриб олишга тахт қилиб қўйди. Айтиб бўладими… Бу тоғу тошлар орасида бўридан тортиб қоплонгача учратиш мумкин.
Шодмонқул милтиғини елкага олгач, отни яқинроқдаги писта дарахтига боғлади. Бундан бу ёғига уловда юриш хавфли эди. Шодмонқул бироз тин олди. Хуржундан Раҳмонқул Мирзо солиб қўйган тугундан бир парча патир билан бўлак яхна гўшт олди. Лекин иштаҳаси бўғилиб яна жойига қўйди. Кийикдарага кўтарилиб олиш учун бироз куч йиғиб олиш керак. Тошбулоққа етиб олса, ана ўша жойда бемалол овқатланади. Шунча хатти-ҳаракати эвазига ҳали кийик учрамаса нима бўлади? Йўқ, Раҳмонқул Мирзо алдамайди. У айтдими, демак, кийик бор. Эҳ, шу ташвишдан бир амаллаб халос бўлсайди, иккинчи маротаба ов деган нарсани буткул йиғиштирарди. Барибир шу ичган қасамини бузаётгани ёмон бўлди-да! Иримчи бўлмаганида ҳам гўрга эди. Энди бундан бу ёғига бирор иши юришмасаям ана шу қасамни бузганликка тақайверади. Мардон Шукуровичнинг буйруғини бажармаслик эса… Бунинг устига бошлиқ ёғли вазифа ҳам ваъда қиляпти…
Шодмонқул оғир ўйлар гирдобидан зўрға қутулиб, тор сўқмоқдан тепага қараб тирмашди. Юраги гурс-гурс урар, аъзойи бадани жиқ терга ботган, тиззалари қалтирар, Мардон Шукуровичнинг истеҳзоли башарасини кўз олдига келтирганча яна тепага одимларди.
Шодмонқул Тошбулоққа етиб борганда тамоман ҳолдан тойган, қўл-тиззалари шилиниб тушганлигидан муттасил ачишар, аммо анчагина тетиклашган эди: “Ишқилиб, етиб келдим-ку! Бу ёғига биқиниб… Бир кеча-кундуз бўлса ҳам пойлайман. Майли, ҳамқишлоқларим, ана… хотиним ҳам юз ўгирсин! Лекин Мардон Шукуровични тан олдиртирсам бас… Ана шундан кейин ишхонада менинг пишагимни “пишт” деб кўрсинлар-чи?!”
Шодмонқул ният қилгандек булоқнинг сувидан тиниқиб ичди, енгил-елпи тамадди қилди: “Шамол йўналишига тескари томонни танлаш керак. Бўлмаса кийик деган жонивор олти чақиримдан ҳам бегона ҳидни туяди. Ҳу, анави харсанг орти… Ўша жой маъқулга ўхшайди. Баланд булоқ атрофи ўша жойдан кафтдек кўзга ташланса керак”. Шодмонқул яхшилаб жойлашиб олгач, нима иш қилишини билмай, яна хаёлга ботди: “Барибир қасамини бузаётганлиги кўп хунук иш бўлди-да! Битта порахўр бошлиқнинг буйруғи сабаб элу юрт, ҳамқишлоқлари юз ўгиришса-чи?! Хотинини-ку “Қуролни сотиб келаман”, деб алдади. Бир кун шу ишнинг миси чиқади. Унда неча пуллик киши бўлади… Йўқ… Йўқ! Бу ишни бажармаса бўлмайди! Ҳамқишлоқларини унинг шахсий ҳаёти билан нима иши бор? “Ўзинг учун ўл етим”, деган гап бор. Бу оламда қасам ичиб уни бузиб яшаётганлар камми?! Ахир у ҳам яхшироқ мансаб эгаллашни, яхши еб, яхши кийишни истайди… Агар шу буйруқни бажармасин-чи! Мардон Шукурович унинг думини тугади. Эй, Худо! Шу ташвишдан эсон-омон қутулиб олсайдим…”
Шодмонқул муздек тошга суяниб хаёлига эрк берганча мудроқ босганини сезмай қолди. Қанча вақт ўтганини билмади. Ички бир ҳисдан туйқус чўчиб уйғонди. Харсанг орасидан булоқ томонига қаради-ю, қичқириб юборишдан ўзини зўрға тийди. Бир эмас, бир тўда кийик шундайгина унинг кўз олдида ўтлаб юрарди. “Ҳа, Раҳмонқул Мирзо алдамаслигига кафил эдим! – Шодмонқулнинг қўли беихтиёр милтиқ томон силжиди. – Энди Худо омадни бериб… Анови четда қоровулликда тургани семиз экан… Э-э, кичкина иккита болачаси бор-ку! Йўқ, улар увол. Яхшиси, тўдага қараб отади… Ишқилиб қўли чиқиб кетмаган бўлсин-да!”
Шодмонқулнинг томирларида овчилик қони қайтадан гупургандек бўлди. Ҳаяжондан юраги гупиллаб урди. Шу аснода кийиклар тўдасининг сардори ҳавода нохуш ҳидни туйгандек ғалати сас чиқарганча олдинга интилди. Ортидан эса қолган жониворлар… Шодмонқул шоша-пиша тепкини босди. У шошиб ўрнидан қўзғалаётиб, тиззасини харсангга уриб олди. Сўнг оғриқни ҳам унутиб, олдинга қараб ҳаккалади. Булоқ бошига етгач юраги зирқираб кетди. Ён-атрофни қоп-қора қонга бўяганича кийик боласи жон талвасасида типирчиларди. Шодмонқул ўзидан ўттиз-қирқ қадамлар чамаси нарида изига қайтган она кийикка кўзи тушиб қалтираб кетди. Шодмонқул ўн йилга яқин овчилик билан шуғулланиб бундай ҳолга тушмаганди. У ҳушини йиғиб оёғи остига қаради. Кийикча ҳамон жон талвасасида типирчилар, чиройли кўзларининг қорачиғи торайиб борарди. Шодмонқул пичоқни суғурди-ю, кўзларини юмганича жониворни бўғзига қўл сирмади… Еру осмон чирпирак бўлиб айланди. Тоғу тошлар акс-садо берди.
– Ичган қасамингни буздинг-а?! Бегуноҳ жониворнинг уволига колдинг-а?!
…Шодмонқул қабулхонага киргач, бошлиқни суриштирди.
– Йўқлар, – котиба қиз унинг юзига қарамасдан жавоб берди. – Лекин сизни… Келса албатта кутиб туришингизни тайинладилар. Кейин аллақандай мукофот ҳақида гапирдиларми-ей. Марҳамат, ана стул… Ўтира туринг.
– Вақтим тиғиз, – Шодмонқул бир варақ қоғозни котиба қизнинг олдига ташлади. – Мана бу… ишдан бўшашим, ўз вазифамни эплолмаслигим тўғрисида. Мен… Қасам урган одамман!
Котиба қиз бошини илкис кўтарди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди. Шу уч-тўрт кун ичида Шодмонқулнинг сочларини оппоқ қиров қоплаганди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 1-сон