Алишерни кеча учинчи операцияга киритишди. Унинг мажруҳ бўлиб қолиши ҳақидаги тахминдан кейин Гулрухсор ўзини тамомила йўқотиб қўйди. Бир томондан, касалманд эрининг ҳар қанақа кутилмаган дардга чалиниши мумкинлигини билади. Лекин баъзан ҳафтада бир қозон қайнамайдиган уйда ногирон эр билан яшашни кўз олдига келтириб, юраги орқага тортиб кетади. Янги турмуш қурган пайтлари эри ҳартугул ишлар, рўзғори бут эди. Кейин негадир тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолди. Аввалига оддий шамоллашга йўйилган дард хавфли хасталик бўлиб чиқди. “Ўтиб кетади” деб хотинини овутишни канда қилмайдиган Алишернинг ўзи ҳам бориб-бориб камгап одамга айланди. Бу эса ўз навбатида ночорликдан нишона эди аёлнинг назарида.
Бу оқшом ҳам шаҳар шифохонасидан паришон қайтди. Ҳали ҳеч нарса маълум эмасмиш. Бидон идишни ҳафсаласизлик билан остонага қўйди-да, ёлғизликнинг нафақат ҳиди, балки бўй-басти ҳам яққол кўриниб турган уйга бир қур назар ташлади. Сўнг бу хонадондаги якка-ю ягона саришта хонага оҳиста кирди. Тўрт йилдан ошди бу хонага чимилдиқ тортилганига. Уни ечиш бахтини берувчи кунни эса Тангри ҳали насиб этгани йўқ. Қайсидир маънода у фарзанд кўришдан ҳам қўрқарди. Бошқача айтганда, ғарибона уйда қорнини тўйғаза олмай, фарзанди қаршисида гуноҳкор бўлишдан чўчийди. Аммо барибир Гулрухсор ҳамма аёллар қатори оналик бахтини орзу қиларди. Бу бахт ўзи тақдирига битилганми-йўқми, Худо билади.
Шу дам кўчада машинанинг енгилгина тўхтагани эшитилди-ю, кўп ўтмай ҳовлида аллақандай қоғоз халтачани қўлтиқлаб олган Неъмат кўринди. У эрининг болаликдаги дўсти, армияда ҳам бирга хизмат қилишган. Ўзига тўқ оила фарзанди бўлса-да, нимагадир ҳалигача турмуш қурмаган. Ўттиз ёшли бўйдоқ.
– Уйдамисан? Эшик очиқ экан, кириб келавердим, – деди у Гулрухсорга кўзи тушиши билан.
– Аассаломалайкум. Келинг.
Неъмат қўлидаги халтачани авайлаб эски стол устига қўйди-да, ҳеч қанақа таклиф ва такаллуф кутмай кўрпачага чўкди.
– Ўтир, – деди аёлга бир қараб қўйиб. – Биламан, сенга қийин, лекин… Бугун касалхонага ўтгандим. Биласанми… Сен ҳар қандай кўнгилсизликка тайёр туришинг керак.
Аёл савол тўла нигоҳи билан бир қараб қўйди.
– Тушунмадим, – деди кейин секингина.
– Ёлғон! Ҳаммасини тушуниб турибсан… Гули, менга раҳми келяпти деб ўйлама. Фақат… Бундай яшамаслигинг керак.
– Нима қилай бўлмаса?
Аёлнинг овози маҳзун, аммо афсус йўқ эди бу товушда. Йигит эса ерга қараб пича ўйланди-да, сўнг шу кўйи давом этди:
– Алишер соғайиб чиққан тақдирда ҳам у билан бахтли яшолмайсан. Бир умр фарзандсиз ўтасан, тушуняпсанми?
Аёл унга “ялт” этиб боқди. Энди унинг чиройли, юмалоқ кўзлари катта-катта очилган ва ҳайрат билан тўла, қиёфаси эса ниҳоятда жиддий тортганди.
– Қаердан олдингиз бу гапни? – ярим илтижо, ярим жиддийлик билан сўради.
– Биласанми… У армияда нам окопда ухлаб қолган. Ўша ёқдаёқ маълум эди касали. Шунча пайт жим яшадим. Лекин Алишер билиб туриб сени бахтсизликка бошламаслиги керак эди. Номард одамнинг ишини қилди у. Гули, мен…
Унинг кейинги сўзлари аёлнинг қулоғига кирмади. Гулрухсор кафти билан оғзини ёпиб, унсиз йиғлаб юборди. Бир лаҳзагина кейин икки кафтини баравар юзига босиб, ҳўнграганча йиғлай бошлади. Ва шу йиғи аралаш бўғиқ овози баланд чиқди:
– Нимага келдингиз бу уйга?
Неъмат бошини эгганича бир дақиқалар жим ўтирди. Сўнг юзига овозсиз фотиҳа тортди-да, оҳиста қўзғалди. Эшик олдига етганида тўхтаб, ҳануз бошини кўтармай йиғлаётган аёл томон ўгирилди.
– Эзилишдан фойда йўқ – деди секин товушда. – Энг муҳими, ҳаётингни қайтадан бошлашга ҳали улгурасан.
Аёл унинг таклифини идрок этадиган ҳолатда эмасди. Дарвоза “ғийқ” этиб ёпилгач, машинанинг ўт олиб, аста-секин товуши ўчгандан кейингина Гулрухсор юзини кафтлари исканжасидан бўшатди. Қовоғини енгилгина ишқалаб, бир нуқтага тикилди. “Ҳаётингни қайтадан бошлашга улгурасан”. Нимага шама қилди у? Шунча вақт уйланмай юрганига сабаб, демак, унинг ҳам кўнгли бор Гулрухсорда. Нега буни анча кечикиб айтаяпти? Ё чиндан ҳам ҳали қайта ҳаёт бошлашга улгурадими? Лекин эри-чи, у нима бўлади? Йўқ, гуноҳга ботишдан қўрқади аёл. Бироқ Алишернинг ўзи умр йўлдошини алдаб яшаши гуноҳ эмасми? Дарвоқе, у хотинига бу хусусда оғиз очмаган. Бепуштлиги ҳақидаги хабарни бугун фақат Неъмат айтди. Наҳотки бу рост бўлса, Худо?! Наҳотки бу уйдаги чимилдиқ бир умр безовта арвоҳдек тебраниб туришга маҳкум? Йўқ, у бунга чидолмайди. Неъматнинг таклифини жиддий ўйлаб кўриши керак. Эрига минг ачинмасин, барибир дунёдан бефарзанд ўтишни истамайди-ку?! Қолаверса, Алишер ўртоғи айтганидек номард бўлмаганида бу бахтсизлик гирдобига тортмас эди уни. Хўп, эри билан орани очиқ қилган тақдирида ҳам Неъмат билан турмуши бахтиёр кечадими? Алишернинг-ку ҳеч кими йўқ, аммо ўзига тўқ хонадон уни бир умр маломатга кўмиб қўймайдими? Хуллас, ё ногирон эр билан ўлгунча бефарзанд яшаш, ё бўлмаса абадий хўрлик… Қайси бири оғир? Бу хаёллар бора-бора уни жинни қилиб қўймасайди. Ахир, ҳатто ҳаётдан ҳам безган у.
Бир ой давомида шаҳар шифохонасига бориш учун Гулрухсорнинг сариқ чақаси ҳам йўқ эди. Ўн икки чақирим йўлни яёв босиб ўтишга эса мажол керак. Тирикчилик энг даҳшатли муаммога айланган уйда ҳар балони ўйлайди киши.
…Алишер бутунлай соғайган кун шифохонадан атиги эллик қадамча наридаги бинога Гулрухсорнинг жасадини келтиришди. Дастлабки экспертиза текширувидаёқ ўз жонига қасд қилган аёлнинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Бу вақтда ҳеч нарсадан бехабар йигит соғлом оёқларида равон қадам ташлаб, қишлоққа шошарди.