Жўра Фозил. Бахт (ҳикоя)

Фаррух тун бўйи ишлаганига қарамай тонгда вақтли уйғонди. Деразадан хирагина нур тушиб турар, дераза ортидан эшитилаётган шамол ва хазонлар саси мезон бошланганидан дарак берарди.
У бир муддат хаёл суриб ётди. Танасида ҳорғинлик, руҳида маҳзунлик зоҳир эди. Янги романга сўнги нуқтани қўйгач, кўнгли ҳувиллаб қолганини ҳис этар, кўксининг чап томони билинар-билинмас жизиллаб турарди. “Начора, — хўрсинди у, — энди сенинг керагинг йўқ. Асар ҳам, ундаги одамлар ҳам ўзлари умр басар этишади. Сен ўғлини уйлантирган ота ҳолига тушасан. Ўғлинг оиласи билан ўз билганича яшайди. Сен зимдан кузатиб турасану, ҳаётига аралашолмайсан”.
Фаррух ўриндан туриб, ҳовлига чиқди, куз ҳавосидан кўксини тўлдириб нафас олди. Муздек сувда ювингач, руҳи тиниқлашди. У чорбоғчадаги гуллар, дарахтларга суқланиб тикилди. Қари тутнинг битта-ярим барглари сарғая бошлабди. Борлиқ табиат қонунларига сўзсиз бўйсунади. Инсон ҳамиша ҳам у билан ҳисоблашавермайди. Тақдири азал билан эса бир умр курашади. Сирасини айтганда, инсон курашмаса, ҳаётнинг қизиғи ҳам қолмаса керак.
Фаррух очқаганини сезди. Ошхонага кириб, музлатгични очди, ҳеч вақо қолмабди. Шундагина сўнгги ҳафта уйидан чиқмай ишлаганини фаҳмлади. Нари-бери кийиниб, кўча муюлишидаги дўкончага йўл олди.
Дўконча бекаси, ўттиз ёшлардаги хушмуомала жувон кўп китоб ўқир ва у билан тез-тез баҳс-мунозарага киришиб турарди. Бу гал ҳам остонада пайдо бўлиши билан, савол ёғдира бошлади.
— Нега кўринмай қолдингиз, домла? Мен ҳатто ўзингизни очлик билан даволаяпсизми, деган хаёлга ҳам бордим…
— Нима қипти? Ҳозир бу усул урфга айланиб боряпти.
Малика доимий мижозининг тўрхалтасини бир зумда тўлдирди-да, савол назари билан унга қаради.
— Буларни ҳам аввалгилари қаторига ёзиб қўяверайми?
— Йўқ! — деди Фаррух тантанавор оҳангда, — буларни ёзмайсиз, аввалги қарзларни ҳам ўчириб ташлайсиз, қалам ҳақи олдим. — У бир даста пулни “шап” этказиб пештахтага ташлади.
Малика бир пулга, бир Фаррухга қараб кулиб юборди.
— Об-бо, сиз-ей, дағдағангиз бир миллион олган одамникига ўхшайди.
— Ундай деманг, оппоққиз! Бир миллион олмаган бўлсам-да, қарздан қутуламан. Кейин бу пул менинг ўз дунёмда яшашим учун бир ҳафта имкон беради! Бутун бошли бир ҳафта, билдингизми?
— Билдим, билдим, — деди Малика сал оғрингандай, — ахир, бирор марта қарзни қистаганим йўқ-ку!
— Кўнглингизга оғир олманг, шунчаки айтдим-қўйдим-да… Сиз қарз берувчиларнинг энг яхшиси, энг олижанобисиз.
— Қўйсангизчи!.. Сизга шундоқ бериб юборсам ҳам, ҳақим кетмайди. Кетманг, сиз билан бироз чақчақлашмоқчиман. Бугун кўзларингиз негадир ғамгин кўринади, нима бўлди?
— Ҳечнима, кейинги ҳафтада кўпроқ ишладим. Чарчадим шекилли.
— Алдаманг.
— Тўғрисиям шу. Кўзимдаям, ўзимдаям ҳеч қанақа ғам йўқ! Янги романни тугалладим, жуда хурсандман!
Жувон Фаррухга бошдан-оёқ синовчан назар ташлади-да, жилмайди:
— Гапларингиз рост бўлса, юринг, ташқарида бирпас ўтирайлик!
Улар тол тагидаги ўриндиққа чўкдилар. Бир муддат жим қолишгач, Фаррух бундан уч йил бурунги танишувларини эслади.
Ўшанда Малика уни кўчада тўхтатиб, дабдурустдан: “Менга янги китобингизни совға қилинг”, деб қолди. Нотаниш аёлнинг томдан тараша тушгандай қилган илтимоси унга андак малол келди. “Қўйинг, синглим, китобни нима қиласиз? Барибир ўқимайсиз, ҳозир кўплар шунақа”, деди. Малика сўзида туриб олди: “Йўқ, мен ўқийман. Мен китобларингизни йиғлаб-йиғлаб ўқийман”.
Шу тариқа дўстлашиб қолдилар. Ёлғиз ўзи яшайдиган Малика ҳақиқатан ҳам кўп китоб ўқир экан. У саволлари билан Фаррухни ҳол-жонига қўймасди. Бугун суҳбатга тортиши ҳам бежиз эмас. Малика унинг кўнглидагини сезгандай сўз бошлади.
— Кейинги китобингизни ҳам ўқиб чиқдим. Сизга бир саволим бор: негадир нуқул бахтсиз одамлар ҳақида ёзасиз. Нима, дунёда бахтсиз одамлар шунчалар кўпми?
— Адашдингиз, синглим, менинг қаҳрамонларим юзаки қараганда шундай туюлади. Аслида улар энг бахтли одамлар. Мениям юриш-туришимни кўриб, ўшалар қаторига қўшсангиз керак. Сира унақамас. Мен ўз Дунёмда яшайман. Бу дунё фақат меники, билдингизми?
— Билдим. Лекин мени бир савол уч йилдан бери қийнайди. Шундай бахтиёр одамнинг хотини нега ажрашиб кетди экан?
— Нега кетгани ҳамон менга қоронғу. Унинг бахт ҳақидаги ўз тасаввури бор эди. Очиғини айтганда, дунёда қанча одам бўлса, бахт ҳақида тасаввурлари бири-бириникига ўхшамайди. Янгангизга келсак, унинг тасаввури моддийроқ, меники эса хаёлийроқ эди, шекилли. Шу боис бу икки қарама-қарши тушунча чиқишолмади.
Малика Фаррухга қаттиқ тикилди. Унинг кийимлари одмигина бўлса-да, чеҳраси нурланиб турарди. Аёлнинг юраги ғалати ҳапқирди.
— Наҳот, шунча йўқотишлардан сўнг ҳам ўзингизни бахтиёр ҳисобласангиз?..
Фаррух кўзларида ёш милтираган жувонга боқмай, сўзлай бошлади:
— Мен бир йўла уч дунёда яшасам керак, деб ўйлайман. Бу албатта, шартли равишда. Биринчиси — ўша ҳамма билган, ҳамма учун яралган Дунёи дун. Иккинчиси — мен ёзган китоблар дунёси. Бу дунё ҳам ҳамма учун. Энди учинчисига келсак, бу Дунё эса, суҳбат бошида айтганим, фақатгина менинг Дунёмдир. Бу Дунёга ҳеч ким, ҳеч қачон киролмайди! Ҳатто, энг яқин одамларим ҳам! Менинг бахтим ҳам, бахтсизлигим ҳам шундадир!
Фаррух секин ўрнидан қўзғалди. Уни ортидан кузатиб қолган Маликанинг кўзлари жиққа ёш эди.

* * *

Кун сўнгсиз хаёллар оғушида ўтди. Фаррух улкан тут дарахти тагидаги чорпояда ётганича мезоннинг тубсиз осмонига тикилар, Малика берган саволлар миясида тинмай чарх урарди. “Хўш, мен ҳақиқатан ҳам бахтлиманми ёки бахт ҳақидаги фалсафам қуруқ хомхаёлми? Мендек ёлғиз одам бахтли бўлиши мумкинми?”.
Оқшом туша бошлаган, лекин ҳали унчалик қоронғу эмасди. Худди шу аснода дарвоза ғичирлаб очилдию остонада тугунча кўтарган Малика кўринди. У сариқ атлас кўйлакда, қирмизи дуррачани дол танғиган, уялганнамо нимтабассум қилиб турарди.
Фаррух ўрнидан сакраб турди, юраги ҳапқириб кетди.
— Келинг, Маликахон!
Жувон чорпоя томон қадам ташларкан:
— Сомса пиширувдим. Шуни сизга илиндим… — дея қўлидагини йигитга узатди.
Фаррух аёлга мўлтираб боқар ва хаёлидан шундай фикр кечарди: “Эҳ, хомкалла, сенинг бахт ҳақидаги барча сафсатанг шу маъсума аёлнинг биргина илтифотига арзимайди!”.
— Фаррух ака, — деди Малика ўртадаги бироз жимликдан сўнг, — мен кун бўйи китобларингизда тасвирланган аёллар ҳақида ўйладим. Уларга ҳавасим келди. Сиз у аёлларни жуда яхши кўрасиз, бўлмаса, бунчалик меҳр билан ёзмасдингиз. Биламан, улар сизнинг хаёлот дунёнгизда яралган. Лекин барибир уларга ўхшагим келади. Баъзан сизни улардан шунчалар рашк қиламанки… Эҳ!..
Самода юлдузлар сайри тобора авжига чиқар, салқин шабада эсарди.
— Совқотиб кетяпман, — деди бир маҳал Малика эркаланганнамо.
Фаррух ичкаридан униққан беқасам тўнини олиб чиқиб, жувоннинг елкасига ташлади. Лекин тўн ҳам Маликанинг титроғини босолмади.
—    Барибир совқотяпман! — инжиқланди жувон
—     Унинг овозидаги жозибали гинадорлик Фаррухнинг нозик туйғуларини жунбушга келтирди. Маликанинг елкасидан секин қучиб, бағрига босди. Жувон эркак қучоғига сувдай сингиб кетди. Қачонлардан бери аёл бўйини туймаган Фаррухнинг боши гир-гир айланиб, нафаси бўғзига тиқиларди. Маликанинг юзи ёшдан ҳўл бўлган, елкалари титрарди.
Мезон туни тобора қуюқлашар, юлдузлар янада ёрқинроқ нур сочишар, кўпдан буён аёл овози эшитилмай қолган бу ҳовлига Муҳаббат демакки, ҳаёт қайтиб келганди.