Ўтган асрнинг 50-йилларида қишлоқда ҳосилотларнинг обрў-эътибори жуда баланд эди. Улар ҳам колхоз раисларига ўхшаб, от миниб, қўлларида қамчи ўйнатиб юришарди. Кейинчалик, 60-йилларга келиб, негадир “ҳосилот” сўзи ҳам, ҳосилотнинг ўзи ҳам орадан чиқди. Қишлоқ аҳли энди “агроном” сўзини тез-тез такрорлай бошлади. Аксарият бу сўз “ҳосилот” ўрнида ишлатилаётганини билишса-да, унинг ҳақиқий маъносини билмасди. Қишлоқ ўқитувчиси отам ва педагогика институтининг талабаси бўлган акам қўни-қўшниларнинг бу ҳақдаги саволларига амал-тақал билан жавоб қилишарди.
Ўшанда 5-синфда ўқирдим, “агроном” деганда жуда сирли, кам деганда машинада юрадиган киши кўз ўнгимда гавдаланарди.
Тез орада қишлоғимизга кўчиб келиб, бизнинг ташқари ҳовлимизда оиласи билан яшай бошлаган “агроном” ҳамқишлоқларимизнинг ҳафсаласини пир қилди.
Агрономнинг фамилияси Қўзиев, исмини ҳеч ким билмасди. Ҳамма унга “ўртоқ Қўзиев” деб мурожаат қиларди. У мен тахмин қилганимдек машинада эмас, ўша пайтлар эндигина расм бўла бошлаган қоп-қора “ИЖ-49” мотоциклида юрарди.
Қишлоқ йигитлари унинг яп-янги мотоциклига суқланиб боқишарди. Мен мотоциклни қабул қилишим мумкин эди-ю, лекин агроном қурмағурнинг шакл-шамоили ҳам тасаввур қилганимдай эмасди-да. Ҳамма орзиқиб кутаётган агроном барваста, қорақош, жингалак сочли йигит бўлса керак, деб тахмин қилардим.
Қўзиев эса паст бўйли, миқти, ҳали ўттизга кирмаган эса-да, тепакал. Устбоши ҳам жуда унчалик эмас. Боз устига, онам негадир “келинчак” деб атай бошлаган йигирма беш-йигирма олти ёшлардаги хотини ҳам қушбурун, хунуккина.
Менинг назаримда, шўрлик агрономнинг обрўсини сал-пал кўтарган омил – унинг Бахтиёр исмли бир яшар ўғилчаси эди. Бахтиёр оқ юзли, сочлари жингалак, чиройли болакай. Уни ота-онаси ўлиб, акаси қарамоғида қолган етим қиз – Сайёра кўтариб юрарди. Сайёра қишлоққа кўчиб келгач, бизнинг синфда ўқий бошлади. У қора духоба нимча, қизил бахмал дўппи кийиб, қўнғир-қора сочларини майда ўриб юради. Кўҳликкина, фақат, ёноқлари, бурни атрофларига сепкил тошган. Сепкиллари ўзига ярашади. Қўзиевлар хонадонининг барча юмушларини шу қизча бажаради, лекин нуқул янгасидан таъна-дашном эшитади.
Қиз ёшига ярашмаган ҳазин қўшиқларни хиргойи қилиб юради, кўзлари жуда ғамгин. Ота-онадан жуда эрта ажраб, тоғалари қўлида ўсган онам, унинг аҳволини яхши тушунардилар, чамаси, баъзан “уф” тортиб, “этимнинг куни қурсин-а”, деб қўярдилар. Бундай дейишларининг яна бир сабаби, Қўзиевлар ташқари ҳовлимизда яшай бошлаганларидан бери, бояқиш Сайёранинг боши ғалвадан чиқмасди.
Ҳамқишлоқларимизнинг эътибори, меҳмондўстлигидан талтайиб кетган Қўзиев тун ярмидан оққанда маст бўлиб келади. Хотинининг чақуви билан, рўзғор юмушларидан қўли бўшамайдиган синглисини аямай дўппослайди. Кунда, кунора бу аҳвол такрорланади. Етим бечора бизникига қочиб чиқади, онамнинг тиззаларига бош қўйганча, йиғлай-йиғлай ухлаб қолади.
Очарчилик йиллари беш фарзандни тупроққа топширган онам унинг кўз ёшларини артадилар, ўзларининг кўз ёшлари эса қуйилиб келаверади…
Ниҳоят, жуда сипо, унча-мунчада бировнинг ишига аралашишни ўзларига эп кўрмайдиган отамнинг ҳам тоқатлари тоқ бўлди.
Ўшанда ярим тунда маст акасидан калтак еб, юз-кўзлари кўкарган Сайёра яна бизникига қочиб чиқди.
– Муаллимжон, – фарёд чекди у отамнинг оёқларига осилиб, – мени қутқаринг! Мен етимни қутқаринг, бўлмаса, акам ўлдириб қўядилар!
Отам уруш йиллари оч-юпун болаларга дарс бериб, бир бурда нонларини бўлишиб еб, уларнинг кўз ёшларини кўп кўрган бўлсалар-да, барибир бунга кўниколмасдилар. Сайёрани ўрнидан турғазиб, бошини силадилар.
– Йиғлама, қизим, эртага ўзим акангнинг таъзирини бераман.
Кейин онамга юзландилар:
– Бунинг қорнини тўйғаз, бечора туз тотмаганга ўхшайди.
Отамнинг овозлари титраб кетди.
– Муаллимжон, – яна уввос тортди Сайёра, – ҳеч нима керак эмас, мени акамдан қутқарсангиз бўлди!
– Оҳ, бошгинанг тошдан бўлгур, нима гуноҳ қилувдингки, гумроҳ аканг сени бунчалар қаттиқ дўппослади?
– Бахтиёржонни кўтариб, сувга чиққандим, сирпаниб йиқилдим. Иккаламиз ҳам ариққа тушиб кетишимизга сал қолди. Янгам кўриб турган эканлар, акамга ёмонладилар. Бахтиёржон сувда оқиб кетса, нима бўларди, дедилар…
Шу пайтгача жим ўтирган онам гапга аралашдилар:
– Дадаси, ўзингиз Қўзиев билан гаплашинг. У ахир, қизни майиб қилиб қўяди-ку!
– Бўлди, гап тамом! Эртага гаплашамиз!
Эртасига отам ҳақиқатан ҳам Қўзиев билан “гаплашдилар”.
У тонг саҳарлаб “пат-пат”ини ўт олдириб, далага қочиб қолмоқчи эди, дарвоза ёнида отамга дуч келди. Аста саломлашиб, ўтаётганида, отам расмий тарзда “Ўртоқ Қўзиев, сиз билан гаплашиб олишим керак” дедилар.
– Домла, узр, шошиб турибман. Ҳозир туман фирқа қўмитасидан вакиллар келиши керак, – деди агроном.
– Э, айни муддао экан-ку! – дедилар отам жонланиб. – Сиз билан вакиллар иштирокида гаплашсак, жуда соз бўларди-да!
Қўзиев гапнинг бундай тус олишини кутмаган экан, шекилли, талмовсираб қолди.
– Сиз ўқитувчи бўлсангиз, вакилларга нима ишингиз бор? – деди у ҳадиксираб.
Отам қувлик, ғирромликдан жуда йироқ одам эдилар, шу боис гапнинг пўсткалласини айтиб қўяқолдилар.
– Вакиллар “агроном” деб бизга кимни юборганларини билиб қўйсалар, яхши бўларди!
Қўзиевнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Хўш-хўш, қани, айтинг-чи, кимни юборишибди? – отамга хезланди агроном.
Отам пинакларини ҳам бузмай, дона-дона қилиб шундай дедилар:
– Кимни бўларди? Пахта даласига қадам босмайдиган, эртаю кеч арақ ичиб, норасида синглисини ўласи қилиб дўппослайдиган, фирқа аъзоси деган номга мутлақо нолойиқ бир одамни-да!
Ноҳақлик ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз бўлган отам мўлжалга бехато урган эдилар. Кўзлари қонга тўлиб, хезланиб турган арақхўр агроном илдизига ўроқ теккан маккажўхоридек шалвираб қолди.
– Иби, домлажон, сизга нима бўлди, – деди у энди ялтоқланишга ўтиб. Мен қачон арақ ичибман? Кимни дўппослабман? Ундай деманг-э, ахир, ота- онамдан ёдгор ёлғизгина синглимни дўппослаб, девона бўлибманми? Бу гапларни вакиллар эшитса, шарманда бўламан-ку!
Қўзиев мотоциклни бир чеккага қўйиб, отамнинг атрофларида гирдикапалак бўлганича тинмай бидиллар, юз-кўзлари, тепакал боши қизариб кетган, бу уятданми, кеча ичилган арақ зарбиданми, билиш мушкул эди.
Отам унга бир муддат тикилиб турдилар-да, кейин қўлларини жаҳл билан силтаб, ичкари ҳовлига кириб кетдилар.
Қўзиев дарвоза ёнида бироз серрайиб турди. Сўнгра менга кўзи тушиб, мутеларча тиржайди. У энди, афтидан, отам вакиллар ҳузурига бормасликларига умид қиларди. Мотоциклни дарвозадан олиб чиқар экан, минғирлади:
– Э, бу ёғи кизиқ бўлди-ку! Мен ахир, Сайёрани тергасам, одам бўлсин, пўзғоп ишларини ўргансин, дейман-да… А-нима, дединг, полвон? – Қўзиев яна менга ёлборганнамо нигоҳ ташлади.
Кўзларимни яширишга мажбур бўлдим. Башараси арақдан бужмайган бу аянч кимсанинг очиқ-ойдин ёлғони мени бениҳоя таҳқирларди. Ахир, уззу кун қўли косов, сочи супурги бўлиб, пўзғоп юмушидан бўшамайдиган бечора қиз бунинг эвазига кечаси акасидан калтак еса-ю, бу зўравон калтакни “синглисини тергаш, унинг фойдаси” деб ўтирса? Эҳ, сиз катталар!.. Наҳот, бешинчи синф ўқувчиси ёлғон билан ростни ажратолмайди, деб ўйласангиз? Ахир, бечора Сайёра калтак зарбидан юз-кўзлари шишиб, кўкариб, бизнинг уйда бекиниб ўтирибди-ку!
Қўзиевга ҳеч нима демай, мен ҳам ичкари ҳовлига кирдим. Агроном бироз тараддудланиб тургач, “пат-пат”ини ўт олдирди-ю, жўнаб кетди. Ҳойнаҳой, у далага эмас, бош оғриғини босиш учун, қишлоқ магазини қоровулхонасига равона бўлган бўлса, ажаб эмас.
Отамнинг пўписалари кор қилиб, Қўзиевлар хонадонида анча вақт тинчлик ҳукм сурди.
Агроном ҳуда-беҳуда арақ ичишни бас қилди. Сайёранинг янгаси ҳам хийла инсофга келди. Лекин қизнинг хиргойилари ҳамон маҳзун, ғамгин эди. Унинг кўзлари ич-ичига ботиб кетган, отаси ва онасининг қабрлари қолиб кетган Зарафшон соҳилидаги Зарқишлоқни қўмсаб, юм-юм йиғларди:
Зарқишлоғим – зар қишлоқ,
Олма-анор мўл қишлоқ.
Зарқишлоғим – зўр қишлоқ,
Ўзим сенга зор, қишлоқ…
Қизча баъзи-баъзида шўх қўшиқларни ҳам айтиб қолар, шунда онам билан унинг хонишларини жон қулоғимиз билан тинглардик. Онамнинг дийдалари намланарди.
Бу орада ёз ўтиб кетиб, куз келди. Сунбуланинг салқин тонгларида бир муддат мактабга қатнаганимиздан сўнг, пахтага “сафарбар” этилдик.
Бир бурда қотган нонни бўз этакка ўраб олган Сайёра мен билан олис далаларда пахта терарди. Табиатан меҳнатсевар, тиришқоқ қиз ҳаммамиздан кўп пахта терар, бунинг эвазига олган бир-икки сўм пулни ҳам бир тийин қолдирмай янгасига элтиб берарди. Бир гал ҳаваси кетиб, ўзи ва Бахтиёржонга деб, магазиндан ярим сўмга тешиккулча харид қилган экан, янгасидан балога қолди. Хайрият, Қўзиев уйда йўқ эди ва бу кичик можаро онамнинг ёрдамларида ими-жимида бартараф этилди.
– Кўнглингизни кенг қилинг, келин, – дедилар онам Қўзиевнинг хотинига. – Етим бечора биттагина тешиккулча еб, қолганини Бахтиёржонингизга олиб келибди. Боз устига, ўша ярим сўмни ўзи ишлаб топган-ку!
Ҳар қалай, ўша тунда жанжал қайта аланга олмади. Биз золим янга муросага келди, деб ўйладик.
Сайёра ҳовлимизда яшай бошлаганидан буён янги кийим кийганини эслай олмайман. Қўзиев хотинига ҳар хил кийимлар, тақинчоқлар олиб берар, лекин синглисининг мудом ямоқ чит кўйлак, йиртиқ калиш кийиб юриши билан сира иши йўқ эди. Бояқиш қизчанинг бошига танғигани рўмоли ҳам йўқ, онам унга раҳмлари келиб, чит дуррачалар тикиб берардилар.
Тешиккулча можаросидан сўнг, Сайёра олган пулларини бир тийин ҳам қолдирмай, янгасига элтиб берадиган бўлди. Ҳийла баднафс янгаси бўлса, дўкондан гўшт харид қилиб, ҳамма далага кетган маҳалда тансиқ таомлар пишириб ер, бу овқатлардан шўринг қурғур Сайёрага бир қошиқ ҳам тегмасди.
Кузакнинг иссиқ чошгоҳларидан бирида Учтут аталмиш кенг пайкалда пахта терардик. Бир вақт, кажавали яшил мотоциклда чўт қўлтиқлаган ҳисобчилар келиб қолиб, беш кунлик пахта пулини тарқата бошлашди.
Сайёра олти сўм пул олди, менга эса уч сўм тегди. Тушликка қараб, дала шийпони жуда гавжумлашиб қолди. Бу ерга кўчма савдо дўкони келган экан. Ҳаммамиз ўша ёққа югурдик. Лекин Сайёра бизга қўшилмади. У бир чеккада мунғайиб ўтирганича, қўлидаги бир сўмликларни қайта-қайта санар ва яна нимчаси чўнтагига яшириб қўярди.
Охири қизча чидаёлмади, секин юриб, кўчма дўкон пештахтасига яқинлашди.
У узоқ вақт, айлантириб кўриб, танлаб қирмизи ранг дуррача харид қилди. Сотувчига икки сўму қирқ тийин тўлади. У пул санар экан, кўзлари олазарак, қўллари қалтирарди. Қиз бечора харидининг оқибатини ўйлар, лекин чиройли қирмизи дуррача унинг ихтиёрини тамоман олганди.
Сайёра дўкондан узоқлашди-ю, дуррачани дарҳол пешонасига дол танғиб, менга жилмайди.
– Яхшилаб қара-чи, ярашибдими?
– Ҳа, жуда ярашибди! – дедим унинг кўнглини кўтариб.
Сайёранинг сепкилли ёноқлари яшнаб кетди. У, эҳтимол, умрида биринчи марта янги дуррача боғлаган эди.
Ўша оқшом Қўзиевлар хонадони томондан дам Бахтиёржоннинг хархашаси эшитилар, дам Сайёранинг шодон хиргойиси қулоққа чалинарди:
Дугона, дугона, дей-о, атторга тегма дей-о,
Атторнинг нони қурсин, ўлчаб беради, дей-о…
Оққина олма пишибди, таггинасига тушибди,
Эсизгина дугонам, Бухорога тушибди…
Яна онам иккимиз қизчанинг қўнғироқдек товушига маҳлиё бўлиб тинглай бошладик.
Қишлоқ сунбула оқшомининг барқутдек мулойим қўйнига ғапқ бўлган, куз оҳанглари самони тўлдирган эди.
… Тун ярмидан оққанда дарвоза томонда “пат-пат” товуши эшитилди, сўнгра ташқи ҳовли супасида гандираклаган Қўзиев кўринди.
Орадан бир чойнак чой қайнагунчалик вақт ўтгач, Сайёранинг аянчли ноласи қулоққа чалинди.
Мен ҳеч нима гуноҳ қилганим йўқ, акажон! Фақат, пахта пулимга биттагина дуррача…
Сўнгра унинг овозини янгасининг чинқироқ товуши босиб кетди.
– Ҳеч нима қилмаган эмиш! Жувонмарг бўлгур, етимча! Сиз бунинг ашулаларига қулоқ тутиб кўринг! Мен уялиб, ерга киргим келади! “Эсизгина, дугонам, Бухорога тушибди” эмиш.
Бу киши Бухорога келин бўлмоқчи, афтидан!.. Келин бўлмай, қирчинингдан қийилгур!..
Мен Қўзиев яна Сайёрани дўппосласа керак, деб юрагимни ҳовучлаб турардим.
Йўқ, хайриятки, Қўзиевлар хонадонида тўс-тўполон бўлмади. Афтидан, агроном қаттиқ маст, бировни дўппослашга мадори йўқ эди. Хотини ҳам Сайёрани қарғай-қарғай, жимиб қолди.
Шу таҳликали оқшомдан сўнг Сайёра бутунлай ўзгариб кетди. У ҳамон ғайрат билан пахта териб, уй юмушларини бажаришда қўли-қўлига тегмаса-да, энди сира қўшиқ айтмай қўйганди.
Кунлардан бирининг оқшом маҳали, кўкда Ой кўринганда пахтазордан қайтар эканмиз, Сайёра менга шивирлаганнамо сўз қотди.
– Жамолжон, сен Зарқишлоқни кўрмагансан-а?
– Йўқ, кўрмаганман. Нима эди?
– Ҳеч нима. Ўзим, шундоқ сўрадим-да. Лекин Зарқишлоқ жуда зўр қишлоқ. Бу ердан етмиш чақирим олисда. Зарафшон соҳилида жойлашган. Ҳамма ёқ олмазор, шафтолизор… У ерда тоғаларим яшайди… Отам ва онамнинг қабрлари ҳам ўша ерда… – қизнинг овози титрар, бу титроқ андуҳ, надоматга тўла эди. Томоғимга аччиқ бир нима тиқилар, Сайёрага нима дейишимни билмасдим.
Эндигина кўтарилаётган Ойнинг хира нури атрофини сал-пал ёритар, чанги осмонга ўрлаётган қишлоқ йўли теримчию кўмакчи, ўқувчилар билан тўла, ғала-ғовур авжида, бизнинг маҳзун суҳбатимизга ҳеч ким эътибор бермасди. Лекин мен суҳбатдошимнинг юраги аламдан тилка-пора бўлаётганини сезиб турардим. Сезиб турардим-у, уни қандай юпатишни билмасдим.
Секин-аста, чанг ютганимизча қишлоқ томон одимлар эканмиз, Сайёра чуқур “уф” тортиб, шундай деди:
– Кун келиб, мен агар Зарқишлоққа кетиб қолсам, янгамнинг сўзларига ишонма. Ёмон қиз эмаслигимни ўзинг биласан-ку! Шундай эмасми?
– Шундай, – дедим ўзимни зўрға қўлга олиб.
Қизнинг овози рози-ризолик, маҳкумлик оҳанглари билан тўла, бу юрагимни ёриб юборгудек эди.
* * *
Сунбула охирлаёзган салқин саҳарларнинг бирида қишлоқ бўйлаб даҳшатли хабар тарқади. Акасининг уйидан қочиб, Зарқишлоққа бормоқчи бўлган Сайёранинг пажмурда жасадини Зарафшон қишлоқ яқинида соҳилга чиқариб ташлабди…
Мен бу хабар даҳшатидан донг қотдим, онам ўксиб, кўз ёши қилдилар.
Қўзиевлар хонадонига ҳеч ким яқинлашмас, улар ҳам гунг-соқовдек жим эдилар.
Нима қилишни билмасдим. “Ёмон қиз эмаслигимни ўзинг биласан-ку!” деган илтижолари қулоқларим остида қайта-қайта акс садо берар, кўз ёшларимни тия олмасдим.