Тўра буванинг таъзиясига тўпланган издиҳом орасига сал кечикиб қўшилган одамга ҳамма ажабсиниб қаради.
– Қаранг, Ҳоди қориннинг боласи келди, – деди ёнимизда кимдир.
– Бугинанинг ҳам қорни қаппайиб, оёғи алчанглаб, лаби осилиб, қўли қорнига етмай қолибди-ку, – деди Темир домла. – Анча ўсибди-да. Лекин мелисани бошлаб келгани ғалати бўпти. Тўй-азага унча-мунчага мелиса келмагич эди. Тинчликмикан? Ё ошна-оғайнисимикан?
– Йўғ-ей, отаси тенги мелиса-ку, – деди бояги кимдир. – Ҳозиргина машинада ўтиб кетаётиб кўрдим, мелиса пиёда келаётувди, Режабой уни қўярда-қўймай машинасига миндирди…
– Режабой деганлариям отасига тортибди-да, – деди яна Темир домла. – Ҳоди қорин ҳам ўзидан бир бош баланд, ярим поғона юқори мартабали одамни кўрса, дарров этагига ёпишарди. Ялтоқланиб, айланиб-ўргиларди. Ўзига оғдириб олмагунча тинчимасди, қурғур!
Қишлоқда ҳамма билади, Ҳоди қорин номи чиққан одамни «Фалончи менинг тутинган акам бўлади», «Э, у менинг жон дўстим-ку», «Нималар деяпсиз, ака, ўша қадрдоним ҳозир фалон жойда ишлайди, эл сўраб турибди», дея мақтанарди. Бир пиёла чойини ичиб, Ҳоди қориннинг дўстига айланган «катта»лар сон мингта эди. – Олманинг тагига олма тушади. Кимдир Режабой етаклаб келган манави мелиса ҳам, эҳтимол, ўша «катта»лардан бирортасининг «акаси»дир! Темир домла кулимсираб қўйди.
Издиҳомга чорловчи Режабойни, унга ҳамроҳ мелисани ҳам тўрга – қари-қартанглар ўтирган, устига кўрпача тўшалган узун-узун темир стуллар томон бошлади. Стул икки қатор терилган, уларда кексалар, оёғидан мадори кетган мўйсафидлар бир-бирига қунишиб ўтирган эди. Режабой қовоқ солиб, ўтирғичнинг ўртасини мўлжал олиб, ерга тикилганча, оғир-оғир қадам ташлаб борди. Чоллар бир-бирига қараб қолишди ва… ўртароқда ўтирган икки бобой ошкора зарда билан туриб кетди. Режабой ожизона ҳурмат кўрсатиб, «Қўяверинг, ўтираверинг, бува, мен шунчаки, ёнларингизда тик турмоқчи эдим», деди. Туриб кетган чоллар унга гап қўшмади. Кимсан-нимасан, демади.
Ҳамманинг кўзи унда бўлди. Режабой ноилож ўтирмиш чоллар орасига чўкди. Мелиса ҳам сал хижолат тортиб ўтирғичдан жой олди.
Томоша! Бу ҳолни кўрган ўрта яшарлар мийиғида кулди. «Ўл, бу кунингдан, Режабой», деди. «Сен тенгилар маъракада хизматда турибди, қара», деди. «Қари-қартангнинг орасида пишириб қўйибдими сенга. Раис бўлсанг, сидирға бўл-да», деди.
Боя ўтирғичдан туриб кетганлардан бири Муродилла тегирмончи эди. Нарироққа, ерга тўшалган гиламга – ёш-яланг орасига тизза қоқди. Ёнидагилар шивирлашиб қолди.
– Ҳеч бўлмаса, таъзияда иззатталаблик қилмаса ўлармикан?! – деди бирови.
Тегирмончи жамоатга эшиттириб, ғазабини сочди:
– Итни сийласанг, тўрга ўтар, деганлар. Бори шу бўлса, нимаям қилардик!?
Жаноза ўқилишига ҳали вақт бор эди. Бу ёқда азадор хонадон қариндош-уруғи марҳумни йўқлаб, овоз бериб турибди. У ёқда кўнгил сўраб келган издиҳом, ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Пичир-пичир, шивир-шивир. Режабой ундай экан, Режабой бундай экан…
Азага борган одамнинг гап қопи тўлиб кетади. Тўра буванинг таъзиясида ўтгану тирикнинг гурунгидан кўра, Режабойнинг «қилмиши» муҳимроқ мавзуга айланди.
– Бало экан бу бола, – деди бизга ёндош ўтирган Азимшер домла. – Туманга чой ташийвериб, охири ниятига етди. Иягида бир туки йўқ тирранча оқсоқол-раис бўлиб олди-я…
– Ҳали сал ёшроқ эмасмиди оқсоқолликка? – дея ўсмоқчилади қорамағиз бир одам.
– Гап ёшдами? – дейди мийиғида кулиб домла. – Ол қулим деса, оқсоқол бўлиш нима деган гап, ука. Кимга қачон чой ташишни ўргансанг бўлди…
* * *
Маъракадан келиб, уйда дастурхон ёнига ўтиргандик. Отам таъзия ҳақида гапира туриб, Режабойни эслаб кулди.
– Ер ютсин у оқсоқолни! – деди энам.
Мен ҳайрон бўлиб турувдим, отам изоҳ берди:
– Режабой каттамсиб кетган. Энанг ундан озроқ хафа бўлган.
Энам овқат сузиб келди. Жаҳли чиққани шундоқ кўриниб турибди.
– Бу Режабой дегани одаммас экан, – деди. – Яқинда шаҳарга борувдим. Уйга кеч тушган пайт қайтишимга тўғри келди. Қаҳратон. Қор этигимни кўмди. Изғиринда тургандим, қишлоққа қайтадиган улов келавермади. Бир пайт эски «Жигули» тўхтади. Ичида уч киши: икки йигитча ва болали аёл бор экан. Баъзиларини танийман. Олдинда ўтирган йигит тушиб, менга жой бўшатиб берди. Аёлнинг қўлидаги бола биғиллаб йиғлаб ётибди, совуқдан ранги кўкариб кетган. Ўриндиққа энди ўрнашгандим, ер ютгур ўша Режабой келиб қолди. Бир кулгили, бир кулгили кийиниб олган. Алламбало костюм-шим, шими калта, костюмининг енги учидан қўли кўринмайди. Бошида отам замонидан қолиб кетган шляпа. Бир қарич чиқар-чиқмас калта галстук тақиб олган. Ўлгин-а сен. Министрмидинг галстук тақиб. Ғирт масхарабознинг ўзи-да. Илгари колхоз раислари шундай кийинарди.
Мен Режабойнинг афт-ангорига қараб, ичимда бир кулдим, бир кулдим.
Шопир Режабой билан қўшқўллаб кўришди. Бир нималарни гаплашди. Ҳайдовчи эътироз билдиргандай бўлиб унга ўқрайиб қолди. Режабой дўқ урган бўлди, қовоғини баттар солиб, ўзича ғўдранди. Режабой энкайиб, музлаб қолаёзган ойнадан бизга қаради. Мени аниқ таниди. Имлаб салом берсам, алик олмади, пинагини ҳам бузмади-я. Бўлмаса, танимай ўлибдими мени. Ҳамсоя бўлсак, яна…
Шуни ўйлаб тургандим, шопир келиб қолди.
– Опа, илтимос, тушсангиз, – деди.
– Нимага? – дедим ҳайрон бўлиб.
– Узр, опа, тушинг. Сизни опкетолмайман… – дейди.
– Ия, нега опкетолмас экансиз? Тинчликми ўзи?
– Тинчлик, опа, тинчлик. У ёғини сўраманг, илтимос.
У берган йўл пулимни узатди. Жаҳлим чиқиб кетди.
– Ука, – дедим қаҳрим келиб. – Ўзи зўрға юрибман. Ҳолим йўқ. Кеч тушди, уловдан қолсам, шу совуқда нима қиламан? Энди бу туришда бошқа мошин келмайди-ку.
– Мениям тушунинг, опа…
– Ўзи нимага айнан менга тушинг деяпсиз? – дедим жаҳлим чиқиб, зардам қайнаб кетди-да. Ўлай агар, бошқа пайт бўлганда, мошининг билан қўшмозор бўл, деб тушиб кетардим. Лекин кун адоғига етган, совуқ этимдан ўтиб кетаётганди.
Шопир индамади. Бир менга, бир Режабойга қаради. Режабой қовоғини очмай, жим турибди.
Шу пайт орқада ўтирган аёл ҳайдовчига ялинди:
– Ака, кўриб турибсиз-ку, опанинг ранги рўйини. Тоби йўқ, жони яримта экан-ку.
Аёл ёнидаги йигитга бир нималар деди. Йигит машинадан тушиб, шопирнинг ёнига бориб, қайтиб келди.
– Опа, қўяверинг, мен қоламан. Жойимга ўтиб олинг, опам билан бирга кетасиз.
Ҳеч нарсага тушунмадим. Шопирга зарда қилиб, йигит айтган орқа ўриндиққа ўтдим. Ана шунда Режабой келиб, олдинги ўриндиққа ўтирди-ю, ҳаммаси равшан бўлди. Бу ўтакетган писмиқ, паст одам экан. Билмай юрган эканман. Худодан пиёда қочган экан.
Йўл-йўлакай анча вақт ҳеч ким гапирмади. Менинг зардам қайнаб, «давлениям» кўтарилиб кетди. Охири чидаб туролмадим.
– Ишларингиз яхшими, Режабой ука? – дедим.
У томоқ қирди.
– Яхши! – деди. Сўрашгисиям келмади. Мен эса борган сари жаҳлим чиқиб кетяпти.
– Бу томонларда нима қилиб юрибсиз? Башанг кийиниб?
– Ай, катталарнинг суҳбатини олиб кетяпмиз.
– Қайси катталар?
– Элнинг катталари-да… Бизам ўсадиган бўляпмиз-да энди.
У шундан сўнг яна анча вақт оғзига талқон солиб олди. Менинг эса кўнглим жойига тушмаётганди.
– Ўзи болалигингиздан аълочи эдингиз-да, ука, – дея гап билан чимчилаб олдим. – Мактабда ўқиб юрган пайтларингиздаёқ ўсадиган одам бўлишингизни сезгандим…
Режабой орқасига қараб, «Раҳмат, раҳмат», деди. Кейин билсам, ўша куни у оқсоқол-раис бўламан деб чопиб юрган экан. Одам деган махлуқ бир кундаям шунчалик ўзгарадими, а? Раис бўлдим, оқсоқол бўла туриб мошиннинг орқасига ўтирмайман, деган-да у наймут.
– Ҳа… Қўлидан бит ўлмаган одамга амал бер-да, кейин томоша қил, – деди отам. – Сен-ку, сен экансан, тунов куни Чўлли бувани нима қилганини эшитдингми?
– Йўқ. Нима қипти?
* * *
Хуллас, ўша куни ажиб иш бўлди. Чўлли бува қишлоқнинг чапани чолларидан. Оқилнинг олдида оқил, тентакнинг олдида ўзини меровга солиб олади. Чолнинг жини бор дейишади. Бировга ҳақини бермайди. Манаман деган катталарнинг олдида эшакдан тушмай гаплашган. Шу одам идорага борибди. «Қуллуқ бўлсин, қуллуқ бўлсин!» деди эшикдан кира солиб. Чол ҳассасини қўлтиғига қистирганча, қўшқўллаб кўришгани яқинлашди.
– Келинг, бува! – деди тўрдаги столда ялпайиб, керилиб ўтирган Режабой.
– Болам, неварамга битта ҳужжат керак бўп қопти, ёзиб берасанми? – деди Чўлли бува.
Режабой биринчи марта одамзотни кўраётгандай, чолга тикилди. Ўрнидан ҳам турмади.
– Бува, пешиндан кейин кела қолинг, опкетасиз, – деди Режабой. – Мен ҳозир туманга кетаман. Жуда шошиб турибман.
– Ие, ие, Режабой ука, бир минутда ёзсанг бўлади-ку? Қанчаям вақт кетарди бунга?
Режабой қовоғини уйди. Чўлли буванинг мардлигини эшитган бўлса керак. Гапини бериб қўядиган чол эмас-да у. Раъйини қайтарганни тавбасига таянтиради. Шуни ўйладими, ноилож кўнди.
– Майли, бува, – деди у. – Фақат билиб қўйинг: ҳурматингиз учун! Кечиксак, кечикибмиз-да туманга…
– Ие, яшанг, раис! – деди Чўлли бува. – Барака топинг!
Чол бир парча қоғозчани қўлига олгач, қўзғалди. Хайрлашиб, эшик томонга юраётганда Режабой:
– Чўлли бува! – деди.
– Ҳа, раис?
Режабой бош бармоғини кўрсаткич бармоғига ишқалаганча:
– Озроқ чўзмайсизми? – деди гарангсираб.
– Нимани чўзаман? – деди чол ҳам талмовсираб.
– Атаганингиз йўқми? Сизники табаррук-да, бува! Қоғоз ҳам пулга келади. Ўз киссамдан олмайман-ку…
– Ия-ия, ҳа… Шундай демайсизми, раис бува! – деди чол ва чўнтагини ковлаб, эски қўлрўмолчага ўралган, увадаси чиққан икки юз сўмликни чиқариб, раиснинг столига тантанавор ташлади: – Биздан ёрдам!
Чол раис тушмагур яна у-бу нарса сўраб қолмасин, дедими, ҳартугул, хайрни ҳам насия қилиб, илдамлаб чиқиб кетди.
«Эҳ, табаррук бўлмай ўл! – дея ўйлади Режабой. – Қурумсоқ… Тўрт юз минг пенсия олади-я… Ҳа, майли. Биринчиси-ку бу…»
Режабой пулни авайлаб олиб, мамнун ҳолда кўйлагининг чўнтагига солиб, устидан секингина уриб-уриб қўяр экан, ўзига-ўзи ғудранибди: «Тишинг борида е, эгнинг борида кий!»
Мевани пўсти сақлар, дейдилар. Режабой раисликка ўтирганига кўп ўтмай, пўсти заха еди. Бир куни Маҳмуд жандачининг беваси Режабойнинг олдига тўполон қилиб кирди.
– Раис бува, инсофингиз борми ўзи?! – деди йиғламсираб. – Боламнинг ҳақидан уриб қолмасангиз, кунингиз ўтмай қолдими?
Режабой илкис қалқиб тушди:
– Ишингизни битирдим, тўғрими, янга? – деди. – Бола пули оляпсизми?
Маҳмуд жандачининг беваси шўрлик кўзёшини артиб, саволга тасдиқ маъносида бошини қимирлатар экан, ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
– Ана! – деди Режабой. – Мен одамларга яхшилик қилай дейман! Лекин одамлар шуйтиб хизматга туҳмат қилади! Ахир мениям тушунинглар! Ҳар икки куннинг бирида комиссия келади. Уларга едир-ичирни ўз киссамдан қиламанми? У ёққа бор, бу ёққа бор, буларнинг ҳаммаси харажат, агар билсангиз…
Режабой кўп гапирди. Охирида қизишиб кетиб, «дард»ини тўкиб солди. «Икки йил туманга қатнадим. Берган чойларимни чиқариб олишим керакми? А, айтинг, керакми-йўқми? Бўлмаса, бу ерда ўтиришимдан, бу бошоғриқлардан менга нима наф?»
Эшик орқасида навбат кутиб турганларнинг кўпи Режабойнинг хонасига кирмасдан, дардини айтмасдан, «Элимизнинг пушти куйганмиди, ё тухуми палағда бўлганми? Шунга қолган кунимиз қурсин», дея жимгина чиқиб кетди.
Бу гап қишлоқни бир зумда айланиб чиқди. Тўрт одам йиғилса, мавзу – Режабой! Кечки овқат маҳалиям, тўй-маъракадаям оқсоқол «муҳокама»си. Эмишки, Режабой раис бўлгач, бутига тарвуз боғлаб олганмиш, ғоз юриш қилармиш. Янги бўлмасаям, хизмат машинасида юрганмиш. Ҳар куни идоранинг орқасига – кунгай жойга машинада келади. Бу пайтда раиснинг югурдаги – қирқдан ошган, юзи заҳил котиби уни кутиб турган бўлади. Машина тўхташи билан эшигини очади-ю, раис тушади, котиб билан қўл учида кўришиб, қўлтиққа папкани қистиради ва пишқирганча идорага кириб кетади. Қишлоқ бекорчилари ҳар куни уни томоша қилиб, эрмаклайди. Биров кулади, биров пичинг қилади: «Отангнинг кети эшакнинг белини яғир қилган, сенинг бу юришинг нимаси», дейди.
Кулги бекорга эмас, албатта. Тунов куни Режабой ҳушидан кетиб қолгани ҳам бу кулгини авж олдирди.
Ҳар куни эрталаб машина тўхтагач, эшикни очадиган котиб кўринмади. Режабой кутди. «Бу гаранг одам бўлмади, бўлмади-да…» Хийла тажанглаб турди. Ҳайдовчининг ҳам сабри тугади. Ўзи тушиб эшикни очди. Режабой қўймади. «Ёпинг! – деди. – Ҳамма ўзининг ишини қилиши керак бу ерда!»
Ҳайдовчи ҳайрон қолиб, нари кетди. Очиқ осмон остидаги хобхонаси – идоранинг серсоя боғидаги каравотига бориб ётди.
Режабойнинг жони ҳалқумига келди. «Бетамиз», «гаранг» котибдан дарак йўқ!
Бу маҳалда кун қизигандан қизиб, қуёш олов пуркар, машина ойналари иссиқни икки баравар зиёда этиб, одамни жизғанак қилаётганди. Қайсар раис худди ўзини ўзи синаётгандай, дами қайтсаям машинадан тушмай ўтираверди! Йўлдан ўтган-қайтган ҳайрон, «Қизиқ, Режабойнинг томи кетганми, «ҳаммом»да терлаб-пишиб нима қилиб ўтирибди?».
Хуллас, котиб келмади – Режабой тушмади. Иссиқда лоҳас бўлиб, ҳушидан кетди. Кимдир кўриб қолиб, югуриб борди. Боғдан ҳайдовчи ҳаллослаб келди, юзига сув пуркашди. Ўзига келган Режабойни қўлтиғидан тутиб, идорага олиб киришди. Кира солиб ўз хонасида ўтирган юзи заҳил котибни кўрди.
– Нимага жойингда эмассан? – дея ўшқириб юборди.
Сенсирашга ўрганмаган котиб, сапчиб турди:
– Жойимдаман!
– Нимага эшикни очмайсан?!
– Мен сенинг малайинг эмасман, Режа! Бундан кейин, керак бўлса, ўзинг тушасан!
– …
Режабойнинг кўзи ола-кула бўп кетди-ю, ўзига келди. Лекин латифаси қишлоққа тарқалди. Кейинчалик чоллар тўй-пўйга борса, эшагидан тушаётиб, бир-бирига: «Мулла Лапас! Нўхтани ушланг, тушиб олай», дея тегиштириб гапирадиган бўлди.
* * *
– …Кўрмаганнинг кўргани шу-да, – деди энам бўшаган косаларни йиғиштирар экан. – Тўрт кунда босар-тусарини билмай, одамларни оёқ учида кўрсатиб қолди ўзи.
– Боя Тўра буванинг таъзиясида яна бир қизиқ томоша бўлди, – деди отам чойдан ҳўплаб.
– Қандай?
– Буванинг жанозаси бошланаётган маҳал тумандан бир катта ҳаллослаб келиб қолди. Бир қарасам, Режабой тизилаётган сафдан отилиб чиқиб, югуриб кетди боягига қараб. Каттанинг машинасига етай деганда оёғи қоқилиб, қорни билан гурсиллаб йиқилди. Саф тортиб турганлар, азаниям унутиб, пиқиллаб кулдик. Режабой сакраб туриб, уст-бошини қоқиб, машина эшигини очди. Катта ўнғайсизланиб тушиб келди. Ҳамманинг кўзи ўзида эканини кўриб, илдамлашди. Режабой орқасидан диконглаб эргашди. Катта сафнинг энг кейинига турди. У ерда асосан ёшлар бор эди. Шунда Режабой уни тирсагидан ушлаб, олдинга бошлади. Шунда Муродилла тегирмончи жеркиб ташлади:
– Ҳой Режабой! Нима бало, тувагингда сув ичганмисан? Таъзия – бу. Иззатингни билиб, жойингда тур қани! – деди.
– Эшак маслаҳатлашиб ҳанграмайди-да! – деди энам асабийлашиб. – Тегирмончи боплабди! Баттар бўлсин! Ўзиям унингиз бой бўлиб болтаси йўқ, гадой бўлиб – халтаси.
– Ай, қўявер. Бу дунё Режабойга ўхшаганларни кўп кўрган. Буям шу кетишда Хива хони Сориғ Айғирхондай бўлади-ёв. Эшитганмисан ўзи шу хон ҳақида?
– Йўқ, у нима каромат кўрсатган экан?
Отам мийиғида кулди.
– Эрталаб Хива тахтига ўтириб, кечқурун тахтдан ағдарилган, – деди.
– Нега?
– Уям Режабойга ўхшаб «оқсоқол»лик қилгандир-да.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 12-сон