– Ассалому алайкум, Малика опа! Яхшимисиз?
Бозор айланавериб, силласи қуриёзган Малика шошиб у ёқ-бу ёққа қаради. Бир аёл унга тикилиб турарди. “Менга гапиряптими ё бошқа бировгами?” деб ўйлади-да, жим тураверди. Нотаниш аёл унга қараб яна салом берди. Бу сафар у алик олди.
– Тузалиб қолдингизми, опа? – меҳрибонлик билан сўради нотаниш аёл.
– Ҳа, раҳмат… – деди Малика.
– Ўзи ҳамма тумов бўлиб ётибди, – деди нотаниш аёл. – Қор ёғмаяпти-да, опа, ёғса, ҳамма касалликни бир босиб кетарди…
– Тўғри айтасиз, – деди Малика.
У нотаниш аёлнинг кимлиги, қаерда кўрганини эслашга уринса-да, ҳеч эслолмади. Меҳрибонлик қилиб, ҳол сўраб турган одамдан кимсан, деб сўраш эса ноқулай.
– Ишга чиқиб кетдингизми? – сўради нотаниш аёл.
– Ҳа, раҳмат, чиқдим.
– Худбин, кал бошлиғингиз уришмадиларми? – кулди у.
– Йўқ, нега уришарди…
– Анави дугонангиз-чи, Гуля? Куала-Лумпурдан қайтиб келдими ё ҳалиям ялло қилиб юрибдими ўша ёқда?
– Келди, ўтган ҳафта келганди… – Малика нотаниш аёлнинг кимлигига тобора қизиқиб борарди. Ахир, унинг бошлиғи кал эканини қаердан билади? Дугонаси Малайзияда ялло қилиб юрганини-чи? Бу ерда бир гап бор. Ёки у…
– Сўраш ноқулай-ку, лекин ичим ачиб кетяпти, опа, – деди нотаниш аёл узрхоҳлик билан. – Қизингиз уйига қайтиб бордими ё ҳалиям аразлаб, ёнингизда ўтирибдими?
“Оббо, бу нимаси бўлди энди? Бу хотин ким бўлди экан-а? Ё янги кўчиб келган қўшниларданмикин? Йўғ-ей, маҳаллага янги одам келса, бирпасда ҳамма билади. Ёки эримнинг таниш-панишимикин? Қайдам… Кимлигини сўрасаммикин? Шошмай турай-чи, нима бўларкин”.
Малика жавоб беришга шошилмай, аёлни зимдан кузатди, танишлари орасидан эслашга ҳаракат қилди, лекин хотира ўлгур бу қиёфани ҳеч тополмади.
– Куёвимиз олиб кетди, – деди сўнг синиқ овозда.
– Ҳа, яхши қилибди, опа, – деди нотаниш аёл нимтабассум билан. – Шунча ўтирди, куёвингизнинг кўзи очилиб, энди аввалгидай оёқости қилмайди қизингизни. Қадрига етадиган бўлади.
“Вой, ўлай, бу хотин куёвимни ҳам танийдими ҳали? Ундан чиқди, қизимни неча марта калтаклаб, онаси иккови хор қилганини ҳам эшитган чиқар?”
Нотаниш аёл эса тинмай савол берарди:
– Ўҳ-ҳў, саккизинчи мартда хўжайинингиз совға қилган кўйлак шуми?
– Йўқ, буни ўзим олганман ойлигимга.
– Ия, совға қилмаганмидилар?
– Гул билан пайпоқ обергандилар…
– Ҳа, айтганча, пальтони нима қилдингиз?
– Қайси пальтони?
– Тимсоҳ терисидан тикилган пальтони-да? Кирхонага қайтариб олиб бориб, нотўғри дазмол қилиб, яроқсиз қилиб ташлашгани учун пулини ундириб олдингизми?
– Ҳа, уми?.. Йўқ, ундиролмадим. Пальтонинг чекини сўрашди. Уни қўшнимиз Салимахон Дубайдан олиб келган, чеки йўқ, дегандим, унда ундиролмайсиз, дейишди…
– Чакки бўпти-да, опа, шундай қимматбаҳо пальто-я… Эсиз-эсиз, ичгинам ачиб кетди-я…
– Вой, нимасини айтасиз, уларнинг аҳмоқона дазмоллашидан кейин пальто расво бўлди…
Нотаниш аёл тин олди. Қўлидаги сумкани ерга қўйиб, қаддини тиклади. Кейин яна сўради:
– Малика опа, яна бир гапни анчадан бери ўйлайман, лекин сизга ҳеч айтолмай юргандим…
– Нима экан? – деди Малика қулоғи динг бўлиб.
– Шу… Ўзингиз биласиз-ку, ҳозир ғийбатчилар ҳам кўпайиб кетган-да. Ҳалиги… Муродхон деган одам билан ростдан ҳам… учрашиб юрибсизми?..
– Вой, ўлай, бу нима деганингиз? – деди Малика аччиғи чиқиб. – Ким у Муродхон?
– Ие, Муродхон ака-чи, сочи узун бухгалтер одам…
– Ҳа-а-а… Уми? Сиз уни қаердан танийсиз?
– Айтдим-ку, шундай гап юрибди экан. Ғийбатчилар-да…
– Ишонманг, ғийбатга. Мен уни умуман билмайман.
Маликанинг юзи ловуллаб қизимоқда эди. “Одамларга ҳам ҳайронсан, ер тагида илон қимирласа билади-я…”
– Майли, буларни қўяверинг, опа, – деди нотаниш аёл жилмайиб. – Қалай, янги олган оқ шимингиз қулаймикин?
– Қулай экан, – деди Малика. – Тўй оқшомларига киймоқчиман.
– Қулупнайли торт пиширишни ўрганволдингизми?
– Зўрға ўргандим. Рецептини билсангиз, қийин эмас экан…
– Ҳалиги, ғилай қўшнингиз Зебо сатанг билан ярашдингизми?
– Ҳа… бир ойча гаплашмадик. Ҳозир апоқ-чапоқ бўп кетганмиз.
– Яна бир нарсага ҳеч ишонгим келмаяпти-да, опа. Ўша куни эрингиз ростдан ҳам майкасини тескари кийиб келибдими уйга? Лаббўёғингизни неварангиз еб қўйгани-чи? У ҳам ростми?
Уҳ! Малика ҳайрону лол қолди. Ахир бу аёл ким ўзи? Нега у бунча нарсани билади? Бутун сир-синоатидан хабардор экан-ку? У ёқда ишхонаю дугоналари, бу ёқда Муродхон ака-ю, оқ шим, ҳатто, эрининг майкасини тескари кийиб келгани-ю неварасининг лаббўёқни еб қўйганигача биларкан-а! Жосус деса, жосус деганлари бундай аҳмоқ одам бўлмайди. Таниш деса, таниш эмас…
– Ростликка-ку, рост, – дея чайналди Малика. – Лекин сиз буларни қаердан биласиз?
– Ҳа энди, опа, биламиз-да…
Маликанинг сабри тугади. Унинг кимлигини билгиси, “шпион” ёки ғийбатчилигини аниқлаб, шармандасини чиқармоқчи бўлди. Ахир, унинг бутун сирини билиб, кимларгадир гап тарқатиб юрган ҳам шу хотин бўлиб чиқар? Айтди-я, боядан бери тинимсиз савол беряпти. “Ўзи ҳақида ҳеч нарса демадиям. Бу бекорга эмас. Гап ўғирлаб, яна қўшиб-чатиб, бўрттириб, бошқаларга сасиб юрадиган хотинлар тоифасидан бўлса керак… Шошмай тур сен…”
Малика шундай ўйлаб, секин сўради:
– Узр-ку, ҳурматингизни қилиб, боядан бери шунча саволингизга жавоб бериб ётибман. Мен сизни таниёлмадим? Кимлигингизни билолмадим ҳам…
– Вой, опа, нега ундай дейсиз? – деди нотаниш аёл оғзини ушлаб кулар экан. – Мен Турсунойман. Бўриева. “Фесбукда” дўстмиз-ку, ахир?! “Друзья”нгизда борман-ку…
Маликанинг юраги “шиғ” этди ва тилини тишлаб қолди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 8-сон