I
Қизғалдоқ иссиғи этни куйдирди. Кун тиккага келди.
Бу маҳал уч отлиқ адир адоғидаги қишлоққа ҳориб кириб келмоқда эди. Ҳаво дим, худди жазирамада ойналари очилмайдиган автобусда кетаётгандай ҳис қилади одам ўзини. Бурун катаклари кенгайиб-торайиб нафас олаётган отлар узун-қисқа кишнаб қўяди. Қишлоқнинг аллақаеридан жавоб келади: чўзиқ кишнаш овози эшитилади.
Қора отлиқ – қирқ беш-эллик ёш атрофидаги қорамағиз, пешонаси аралаш чаккаларигача ажин туша бошлаган одам бир ҳовли дарвозаси олдида жиловни тортади. Ортдаги иккиси ҳам тўхтайди. Қизил байтал минган киши шошилмай, полвонларга ўхшаб виқор билан узангидан оёғини узади. Учинчи одам – озғин, эти-устихони аниқ кўриниб турган жиккаккина киши илдам юриб, қора отлиққа бир нималар дейди. Қора отлиқ унга қулоқ солмайди. Бир нималар деб тўнғиллайди. Тортишади. Қора отлиқ норози кайфиятда тулпорининг юганини тортади, от депсинади. Жиккак киши эса елкасини қисиб, қайтади ва ҳовли дарвозасини тақиллатади.
Бир зумда дарвоза оҳиста очилиб, шойи рўмол ўраган аёлнинг қораси кўринади. Отлиқлар у билан саломлашади. Аёл очиқ чеҳра ва хушҳоллик билан ичкарига манзират қилади:
– Келинг, меҳмон, сизни домла жуда интиқ кутиб ётибдилар…
– Янга, мен шеригим билан келдим, – дейди полвонкелбат одам.
– Вой, бемалол кираверинглар, меҳмон, қани у киши? – аёл шундай деб бошини дарвозадан чиқариб, ён-атрофга аланглайди.
– Ҳув, ана! – дейди меҳмон икки кўзи ортида, нари кетаётган қора отлиқни кўрсатиб.
Аёлнинг авзойи ўзгариб кетади. Юз-кўзи нафратга тўлади.
– Йўқ, у қадамини босмасин бу ерга! – дейди. – У дунё-бу дунё уйимга кирмайди…
Полвонкелбат одам сесканиб кетади. Танг қолади. Қовоғи осилади.
– Унда хайр! Мен ҳам кетаман… – дейди ва ортга қайта бошлайди. Жиккак одам иккиланиб, у ҳам эргашади…
II
Аёзнинг қаттол қамчиси ситилиб, дастасидан ҳовур кўтарила бошлаган, осмону фалак тиниқлашиб, парқут булут сузаётган маҳалда Абдул Носирнинг илҳоми келди. Баҳор – унинг учун элкезар палласи. Ҳар йили воҳанинг қишлоқларини айланиб, полвону чавандоз, чўпонлар билан гурунгни кўнгли тусаб қолади. Таътилда, соғлиқни бир тиклаб келайлик, дея баҳона тўқийди-да, қўшни туманларга қараб кетади. Одамлар ортмоқлаб олган тўрвахалтасини кўриб, санаторий-панаторийга кетяпти, деб ўйлайди. Қайда, Абдул Носир хастамидики, санаторий борса… Шунчаки, даштни, кенгликларни, полвонлар гурунгини хумор қилади.
Гурунг ҳам оддийгина бўлмайди. Абдул Носир полвонлар турса туради, ётса ётади. Тўйга деса, эргашади. Қадрдон бўлиб қолган чўпонлар ҳам унинг гурунгини яхши кўради. Бор-будини олдига тўкиб, меҳмон қилади. Чўпонлар билан ҳафталаб адирдан бери келмайди. Чўпоновқат ейди. Кундузлари оғзига толқонни солиб, сўриб юраверади.
Чавандозлар билан кўпкарига бориб қолса, ҳеч қурса, қоқмада от чопади.
Абдул Носир уйга қайтгач, ҳафта, ўн кун мук тушиб, кўрган-кечирганларини қоғозга тўкади. Шу кўйи навбатдаги гўзал асарлар дунёга келади: бири ҳикоя, бири қисса бўлади. Эл уни ютоқиб ўқийди. Кўзига суртиб мутолаа қилади. Абдул Носирнинг гурунгида бўлишни орзулаб юради.
Мана, куни кеча тоғли туманлардан бирига эндигина етиб бориб, кўп йиллик қадрдонининг уйига қўноқ тушганди. Ҳали полвонлар билан кўришиб улгурмасидан узоқ йиллар аввал бирга ишлаган, ўзидан ёши кичикроқ бир олим – Жовли Лапасов дараклаб келди.
– Абдул Носир ака! – деди у муддаога кўчиб. – Тоғамиз ижодингиз ишқибози. Анча йилдан бери бетоб, ана кетаман, мана кетаман деб ётибди. Уч-тўрт марта менга илтимос қилганди. Кеча туманимизга келганингизни қишлоқдошлардан эшитиб, яна тайинлаб сўраттирибди. Шу кишини бир зиёрат қилиб ўтсангиз, кўнгли кўтариларди…
Абдул Носир йўқ деёлмади. Ҳамма режасини ўзгартирди-да, розилик бериб юборди. Ташқарига чиқишса, Жовли Лапасов ёлғиз эмас, ёнида бир шериги, жиккаккина одам ҳам кутиб турибди. Уйдан чиқишаётганда Жовли Лапасов ўзининг қора оти юганини меҳмонга тутқазмоқчи бўлганди, мезбон ҳайҳайлаб қолди:
– Қўйинг, ака, ҳар келганда менинг қизил байталимни минади бу киши. Ўзиникидай бўлиб қолган, – деди.
Лапасов тортишиб ўтирмади. Учови уч отда йўлга тушди. Масофа олис, отлар бир маромда туёқ ташлайди. Худди гўдакни аллалаётгандай одамни мудроқ босади.
– Жовлибой, тоғангиз нега бетоб? Қаери оғрийди? – деди Абдул Носир эгарнинг қошига қамчининг қулоғи билан силгиб, эрмаклар экан.
Лапасов олис-олисларга тикилганча, хомуш тортди. Чуқур хўрсиниб олди.
– Икки марта инфарктни ўтказди, – деди сўнг. – Юраги чарчаган, ака, юраги.
У бу гапни жуда чуқур қайғу оҳангида айтди.
– Оғир ишда ишлаганми? – сўради Абдул Носир.
– Иши-ку, унчалик оғир эмас эди… – деди Лапасов. – Ҳаёти оғир, ака, ҳаёти.
– Хўш?
– Ие, ака, минг йиллик гап, – истар-истамас ҳикоясини бошлади Жовли Лапасов, қамчисини отнинг жабдуғига бепарво сермаб қўяр экан. – Тоғамиз адабиёт ўқитувчиси эди. Кўп йиллар аввал эди, у пайт мен эндигина илмий иш бошлаган, бўйдоқ эдим. Нимадир бўлди-ю, шаҳар кетаман, университетда дарс бераман, деб қолди. Хурсанд бўлдим, энди косаси оқариб, биз жиянларга ҳам эпкини тегиб, елкамиз шамол кўрар, деб қувондим.
Шаҳарда ижарада яшай бошлади. Оиласи қишлоқда қолди. Тез-тез қишлоққа қатнаб турди. Орадан йил ўтиб, ҳар икки ҳафта, сўнг уч, кейин ойда бир келадиган бўлди. Янгамиз хавотир билдирса, иш кўп, хотин, юмуш ортиб, бош қашлагани вақт қолмаяпти, дерди. Аёли содда эди, чиппа-чин ишонар, давлат иши тугайдими, отажониси, кўп ишлаб, ўзингизни олдириб қўйманг, деб авайларди.
Янгамиз кўп меҳрибон эди. Тоғамиз бундан ўзини ўнғайсиз сезарди. Лекин начора, эркак дегани ҳамма гапни ҳам аёлига айтавермайди-да… Лекин тоғамизнинг қочгани қишгача бўлди.
Ҳамсоя аёллардан биттаси шаҳарда тоғамизнинг хушбичим бир аёл билан юрганини кўриб қолиб, янгамизга чаққан. Янгамиз шаҳарга қараб ўқдай учган. Тўғри университетга бориб, қиёмат қойим кўтарган, тоғамизни дарс ўтиб турган жойидан етаклаганча, қишлоққа олиб келган. Тоғамиз фош бўлгач, ҳам севимли ишидан, ҳам обрўйидан айрилган. Қариган чоғида муҳаббат қўйиб, яширинча яшаб юрган шаҳарлик аёл ҳам ундан юз ўгирган. Лекин тоғамиз… Жуда оркаш одам-да. Элнинг гап-сўзини оғир олди. Кўча-кўйга кам чиқадиган, ошна-оғайнига ҳам қўшилмайдиган бўлди. Кун узоғи тўрт девор орасида тимирскиланиб, шундоғам обод ҳовлини яна обод қилиб юрди. Кечаси билан мижжа қоқмай китоб варақлайди… Кўп кўрганман: тоғамиз сизнинг ҳикояларингизни алоҳида эҳтиром билан ўқийди. Бир папка қилиб йиғиб қўйганини биламан. Лекин…
Жовли Лапасов бошини қуйи эгганча, бир нафас тин олди. Абдул Носир ва жиккак жўраси жим тинглаб келаётганини фаҳмлагач, давом этди:
– Барибир дунёнинг ишлари қизиқ экан-да, ака, – деди. – Ҳеч ким индамаса ҳам, айбини юзига солмаса ҳам, одам ўзини ўзи еб битирар экан. Одамнинг ихтиёридан ташқарида бир нарса бор, у сизнинг истак-майлларингизга бўйсунмайди ҳам, буйруғингизни бажармайди ҳам. Бу – Виждон экан, ака. Ана шу нарса тоғамизни адо қилди. Бора-бора юрагига жабр қилди…
– Унда савобини тезроқ олайлик, Жовлибой! – деди Абдул Носир меҳрибонлик билан.
Жовли Лапасов бош ирғаб маъқуллади ва отнинг биқинига ниқтади.
III
…Бизга таниш ҳовли. Уч отлиқ. Абдул Носир қизил байталдан тушгач, Жовли Лапасов энтикди. Сўнг оҳиста шундай деди:
– Абдул ака, мана шу уй тоғамизники. Сафар ошнам билан гурунг қилиб чиқаверасизлар, мен сизларни уйимда кутиб тураман. Сафар, – деди у сўнг жиккак одамга юзланиб, – меҳмонни ўзинг бошлайсан…
Домла бу ҳолга лол қолди:
– Ие, Жовлибой ука, бу ёғи неча пулдан тушди? Ўзингиз бошлаб кирмайсизми? Мезбон ўзингиз-ку? – деди таажжубланиб.
– Йўқ, ака, хафа бўлманг, мен киролмайман… – деди Лапасов узрхоҳлик билан.
– Нега?
Лапасов сукут сақлади. Бу пайтда унинг ичини ит тирнаётган эди. Жиккак одам – Сафар отдан тушиб, олдига борди, ундай қилма, ошна, шарт кириб борсанг, меҳмон атойи Худо, сени ҳеч ким кўкрагингдан итармас, деди. Лапасов кўнмади. Сафар қайтиб келиб, Абдул Носирнинг ўнгиридан ушлаб, секин чеккага тортди.
– Ака, уни кўп қичаманг. Барибир кирмайди. Йигирма беш йилдан бери тоғасининг остонасини ҳатлаб ўтмаган.
– Нима учун ахир, ука?
– Янга қўймайди…
– Нимага қўймайди?
– Ие, сўраманг, ака! Аёл зотининг қаҳри келса, шуйтиб-шуйтиб дунёни чаппа қилвораркан-да. Асал заҳарга, кун зулматга айланар экан. Жовли тоғанинг энг яхши кўрган, оқибатли жияни эди. У ўша қиёматдан кейин тоғанинг шаҳарда қолган иккинчи оиласи билан ёлғиз ўғилчасидан хабар олиб турар эди. Янга буни ҳам билиб қолиб, хонадонидан унинг оёғини бутунлай узган.
– Шунча йилдан бери қариндош-уруғнинг кўзи қаерда? Буларни яраштириб қўйса бўлмайдими?
– Қанийди, ака. Қариндош-уруғ, хешлар қанча уринди. Янгага ялинишган. Ҳеч фикридан қайтмаган. Эҳ-ҳе, қишлоқ кайвонилари, бутун элимиз гапига сўзсиз қулоқ осадиган эшонлар, ҳатто пирларимиз ҳам ўртага тушган. Фойда бермаган. Янга қасамига жуда қаттиқ турган.
Абдул Носир бу гапни эшитгач, қалби қаттиқ ларзага келади. Вазият у ўйлаганидан ҳам мураккаб эди.
– Худо урган хотин экан-ку, унда, – деди ўзига-ўзи пичирлаб. – Бу ерда иззатимиз йўққа ўхшайди…
Иккиланиб турди-турди. Бу маҳал Сафар дарвозани тақиллатди. Дарвоза шошилинч очилиб, таниш аёл кўринди…
IV
– Унда хайр! Мен ҳам кетаман… – деди Абдул Носир ва шаҳд билан ортга қайта бошлади…
Шунда… шунда янга саросимага тушиб, икки ўт орасида қолди: кирсин деса, йигирма беш йиллик адоват ҳали тарқамаган, кирмасин деса, эри ўлим тўшагида. Ахир, у неча вақтдан бери полвонлар ҳақида ёзиб юрган адиб Абдул Носир билан кўришиш истагида илҳақ бўлиб ётибди. Ҳозир шунча жойдан қадами етган, кимсан эл таниган адибни, тағин меҳмонни остонадан қайтарса, айби чорак асрлик иснод – одамларнинг ғийбати-ю улуғларнинг қаҳрига қўшилиб, елкасидан зил-замбил бўлиб босишини ўйлади. Бу юкни бир муддат ҳис қилиб кўрди. Шу жиянни деб элга яна гап бўлиш, ёмонотлиқ бўлиш нақадар оғир. Энг ёмони эри боягина: “Меҳмон ёлғиз келмайди… Яхши кутиб олинглар”, деганди. Гап якунида иҳраниб, паст овозда: “Сўнгги илтимосим”, дегандай ҳам бўлувди-ю, негадир эътибор бермаган экан: хаста одамнинг одатдаги инжиқлиги деб тушунган экан… Ҳа, эрининг кўнгли сезган, сеза туриб шундай деган. Эҳтимол, у эрининг энг сўнгги истагини бажараётгандир? Йигирма беш йилдан бери сўзида қатъий туриб, ичдан ғолиблик туйган бўлса-да, эрининг бундан қанчалик эзилиб, азоб тортиб яшаётганини ўз кўзи билан кўриб келяпти-ку?! Эртага элда меҳмонга шарт қўйибди, деган гап тарқалса, нима деган одам бўлади? Шунчаси етмайдими?
Аёлнинг саросимаси ортди. Кўзини чирт юмди, бир томчи ёш қалқиб чиқди. Сўнг:
– Қайтинг, меҳмон!.. – деди. – Майли, уям кира қолсин…
Бу гап худди адирлар бағридан, ҳув олисдаги тоғлар тўшидан отилиб чиққандай бўлди!
Бу пайтда кўча бошига – муюлишга етай деб қолган қора от тақа-тақ тўхтади. Жовли сувлиқни қўйиб юбориб, илҳақ ортга қайтди.
V
Икки табақали деразанинг бир кўзи қия очилган, дарпардаси икки ёнга илиниб, баҳорий ҳаво кириб турган хонанинг тўрида пастак ёғоч каравотда тоға ётибди. Эндигина олтмишдан ошгану етмишга етмаган тоғанинг ҳолига ҳаваси қилиб бўлмайди: кўзининг суви қочган, нурсиз. Мажолсиз танасини аранг қимирлатади.
Хонага биринчи бўлиб Абдул Носир кирди. Тоға ўмганини сал кўтариб, чиройи очилиб қўл узатиб кўришди.
Сўнг… жияни кирди-ю, тоғанинг дийдаси юмшаб кетди, лаби титраб, кемшайиб кетди. Жиян кела солиб, тоғани бағрига босди. Тоға-жиян каравотда ўтирган кўйи қучоқлашиб, йиғлашиб, бир-бирини узоқ вақт бағридан бўшатмай омонлашди…
Кўзидан икки томчи ёш сизиб чиққан Абдул Носир не-не давраларни кўрмаган, не-не воқеаларга гувоҳ бўлмаган эди. Лекин бундай қувончни, дийдорни илк бор кўриб, ичида бир нима чирт узилгандай бўлди.
Сафар ҳам кўзини дастрўмоли билан артди. Нариги хонада аёл кишининг ҳиқиллаб йиғлаётгани эшитилди.
…Намозшом маҳали янга жиккак одамни чақирди:
– Сафарбой, ука, бир совлиқ бор, шуни сўйиб беринг, қозонга босайлик. Акангиз айтганди, эсимдан чиқай дебди шу…
Сафар тоғанинг ишораси билан токчада – қинини чанг босган қассоб пичоқни олганча чиқиб кетди.
У кетгач, тоға ичикиб гапирди:
– Абдулжон ука, келиб яхши қипсиз. Анчадан бери бир кўришишни орзу қилардим. Қаранг, дардим енгиллашгандай бўлди, ука. Шунча кайвони, ҳатто пирларимиз қилолмаган ишни сиздай полвон ёзувчи уддасидан чиқишингизни билгандим… Янгангиз бир умр мени кечирмаса керак деб ўйлагандим. Бу хотин темирдан ўтган экан. Темирниям эритса бўлади… Отангизга раҳмат, ука, келганингизга бошим кўкка етди. Жияним… Қадамини етказганига шукр. Умрим узайгандай бўлди.
…Дастурхон қуюқ тузалиб, товоқларда қовурдоқ олиб кирилди. Суҳбат ярим тунгача давом этди.
Абдул Носир кетар чоғида тоға бир эскироқ китобни узатди:
– Шунга бир дастхат ёзиб беринг, ука. Эсдаликка…
Абдул Носир китобни қўлга олиб қаради: ўзиники. Полвонлар ҳақида изтироб билан битган қиссаси. Китобнинг у ер-бу ерига қалам билан чизилган, эҳтимол, энг муҳим деб билган жойлари белгиланган эди. Абдул Носир дастхат қўйиб бўлиб, тагига чизилган бир гапни ўқиди. Унда: “Эл манаман деган мансабдор ёки кайвонини тан олмаслиги, менсимаслиги, йўриғига юрмаслиги мумкин. Лекин полвонининг гапини олади. Ҳеч қачон полвоннинг гапини ерда қолдирмайди”, деган битик битилган эди.
Жилмайди: “Эҳ, домла, домла… Ичингиз тўла дард экан-ку!..”
Абдул Носир тоға билан хайрлашаётиб, кўзига қаради: бу нигоҳда тушунтириб бўлмас маъно, илтижоми, йўқ, илтижо ҳам эмас, мунг бор эди. Бу нигоҳ худди ёруғ дунёга эндигина келиб, ҳали тириклик нималигини ҳис қилмасдан бўғзига бўрининг сўйлоғи ботган оҳу боласининг кўзидаги мунгга ўхшарди. Абдул Носир буни кейинчалик, ўша тоға ҳақида дардга тўла қиссасини эндигина бошлаган чоғда Жовли Лапасов қўнғироқ қилиб айтган шумхабардан сўнг билди: бир ойлик умри қолган одамнинг кўзида ўзи ана шундай маъно бўлар экан, шекилли…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 8-сон