«Бугун дунёдаги энг «кекса» ит йигирма олти ёшида вафот этди…»
Деразаси жанубга қараган пастқам томи олдида, кундага чопонини тўшаб, ўнг қўлини манглайига тираганча, ковушининг учига тикилиб, офтобрўяда тобланибгина ўтирган Етмишев айвонда осиғлиқ радиога ярқ этиб қаради. Мийиғида кулди.
«Оббо, хумпар-ей! «Вафот этди» эмиш. Иззат-икромни қаранг! «Марҳум» йигирма олти ёшда экан. Табаррук ёш-да! Дунёнинг тўрт томонидан одамлар отамлаб келгандир?»
Етмишев истеҳзоли кулди: демак, «марҳум»нинг бир каромати бордир-да…
Етмишев кейинги пайтлар уйда ёлғиз қолса, радионинг қулоғини бураб, шу кунда устида ўтирганча бот-бот хаёлга чўмадиган, ўзига ўзи ғудраниб, бир нималар дейдиган одат чиқарган. Ўйлайди. Фақат бир нималарни ўйлайди. Бор – сўзлайди, йўқ – ўйлайди-да… Бироқ қани нафи тегса! Ўйлаб ўйига етган борми. Тағин фикрлари чувалашиб кетади, бошига оғриқ кириб, девордаги матоҳни ўчирганча, аччиқ чойдан ҳўплайди-да, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олади…
«Қачон булардан пешонам терларкин ўзи…» – дейди димоғи куйиб.
Бошоғриғи бошоғриқ бўлади.
Лекин бироз ўтиб, «кекса ит»нинг ўлими ҳақидаги хабар унга негадир нашъа қилди. Бу гапнинг тагида одамзотнинг майдалашиб кетаётганига ишора ҳам йўқ эмасдай эди. Кейин беўхшов илжайди: «Гапни қаранг, калтакдай. Ҳе, одам бўлмай кет…» – деди.
Етмишев ўрнидан туриб, чопонини қоқиб, даҳлизга кирди. Тўнини пахтаси титилиб, ичи пўла бўлиб қолган ёстиқ устига ташлади-да, узала тушиб ётди. Сўнг шифтга – орасидан қовжираган қамиш барглари чиқиб турган болорларга бемақсад термулиб ётди. Хаёлларга эрк бергиси, бемаъни ўйлардан халос бўлгиси, ташвишларни бир дам унутгиси келди. Хаёллар ҳам, Етмишевнинг устидан кулгандай, ҳадеганда жонланавермади.
Ҳозир унга оғир. Бу орада кўнглини очиб, яйраб гаплашадигани йўқ. Тенг-тўшларининг кўпи ўзи билан ўзи бўлиб кетди. Бирови билан гапи келишмади, бировлари бу ёшларга етмади. Не жафоки, кампири ҳам ёлғизлатиб кетди.
Пенсияга чиққан одам тез қарийди. Етмишев ўйлаб қолдики, шундай пайтда одам ишдан чиққан матоҳдай гап экан: ўтган ҳам, кетган ҳам бир тепиб ўтади-ю, ҳеч ким мундай бир азизроқ жойга олиб қўймайди…
Чолга шуниси алам қилади. Наздида, бола-чақаси, неваралариям фақат кечқурун йиғилгандагина гўё унинг борлигини эслаб қолишади…
Етмишев минг йилдан бери ёд бўлиб кетган шифтдаги болорни хаёлан қайта санайди: бир, икки, уч… Унинг назарида, болор худди камайиб қоладигандай. Ана, бешинчиси. Энг ингичкаси шу. Бир зум ўзини ўша болорнинг ўрнига қўйиб кўради. «Синиб тушса, у-бу кимни том босиб қолса-я. Э, қўйсанг-чи, қариётиб бунча ваҳимачи бўлиб қолдинг. Ана, қолганлари жойида қолади-ку, шулар кўтаради-да…»
Эллик йил мактабда бола ўқитган Етмишевдай одамга бу болаларча хаёллар қанчалик ғалати, аҳмоқона туюлмасин, ҳозир айни чоғда кўнглида кечаётган қандайдир зардобли, тушуниксиз кайфиятни тарқатиш учун зарурдай эди шу. Юзга яқинлашиб ўтган отаси бир гапни айтгич эди: «Кечқурунлариям, кундузи ёлғиз қолсам ҳам қўрқиб кетяпман, болам. Жуда қўрқоқ бўлиб қолдим…» Етмишев шу гапни эсларкан, гўё, ингичка болор бир синиб тушадигандай, бир синиб тушмайдигандай, қайтанга қалинлашиб, кучга тўладигандай туюлди… Ўйлаб-ўйлаб, аросатда қолди: ҳар икки фаразнинг турган-битгани хомхаёл эканини билса-да, икковига ҳам ишонгиси келди. «Ишқилиб, том босгулик қилмасин-да…» – деди пичирлаб.
Етмишев кўзини бир-икки пирпиратиб, юмиб-очди. Ёнбошига ағанади. Шунда ёстиғининг тагидан чиқиб турган кўҳна белбоғига кўзи тушди. Уни пийпалабгина қўйди ва ярим йилча аввал бўлган воқеани эслаб, ожизгина кулимсиради.
… Ўша куни ўртанча келини эртароқ ишдан қайтган эди. Бир пайт қайнотасининг чой-нонига қарайман деб, у ётган томга кирди. Кирди-ю, тарашадай қотиб қолди. Тўрда, узунгина болишда Етмишев, ияги белбоғ билан боғлиқ, кўзлари юмуқ, тепага қараб тарашадай қотиб ётарди. Келинининг ранги докадай оқариб, бирпас тили калимага келмай қолди. Сўнг дод солиб, ташқарига югуриб чиқди. «Бувам кетиб қопти…» дея ҳаммани бошига йиғди.
Чоп-чоп бошланди. Катта ўғилнинг лойсувоқ уйига туташ қурилган узун томнинг айвони ковушга тўлди. Ўғил-қизнинг бари йиғилган. Бола-бақра, неваралар пойгакдан жой олган.
Уй тўрида Етмишев бува ётибди. Ёнида тўнғич ўғил – Отаёр пешонасига нам сочиқ босиб турибди. Хона диққинафас. Шу топда чивиннинг ғўнғиллаши ҳам асабга тегиб кетади.
– Ота, гапиринг, энди, – дея ялинди Отаёр. – Одамни қўрқитманг-да, мундай…
– Ҳа, ота, бўлди, гапиринг энди, – деди бўғзи куяётган қизлар ҳиқилламоқдан бери бўлиб.
– Биздан нима айб ўтди, бува? – сўради катта келин.
Етмишевдан садо чиқмади. Шифтга термулиб, тек ётаверди. Отаёр янаям хавотирланди. Тикилиб қаради. Отанинг танаси буткул мажолсиз. Воажаб! Қоқсуяк қўлларида ғалати қорамтир доғлар пайдо бўлганини кўрди. Юраги, кимдир арралаётгандек, оғриқ ҳис қилди. Отасининг қаншарида ҳам билинар-билинмас қорамтир доғларга кўз тушди-ю, ичидан зил кетди.
«Эҳ, отам-а, бола бўлиб, юзингизга мундоқ… қарамаганимгаям анча бўлибди-я… Суякларингиз терингизни шимиб олганини нега сезмадим экан-а? Манави доғлар қачон пайдо бўлди, ота?!»
Тўнғич ўғилнинг кўнгли қақшади. Отасининг манглайини нам сочиқ билан артди. Елпиган бўлди.
Шу пайт ташқарида мотоциклнинг «пат-пат»и эшитилди. Нима қиларини билмай, дам Етмишевнинг сўлғин юзига, дам уйга йиғилганларнинг ташвишли нигоҳларига даҳлиздан мўралаб боқиб, ҳеч нимани англолмай, диққати ошиб ўтирган неваралар, худди бу кўргиликнинг тезроқ ўнгланиб кетишини кутиб, нажот истаб, дарров чувиллашиб, овоз келган томонга югургилаб кетишди.
– Дўхтир поччам келди-ёв, ака? – деди иккинчи ўғил Нурбек.
– Бор, қара-чи. Тезроқ келсин, – деди Отаёр.
Нурбек дўхтир поччасини бошлаб келди. Почча ўтирганлар билан салом-алик ҳам қилиб ўтирмай, тўғри буванинг бошига борди. Қўлини пешонасига қўйиб, дарров ашқол-дашқолини олиб, текшира кетди.
– Ҳеч қандай хавф йўққа ўхшайди-ку, – деди почча. – Лекин барибир яхшилаб бир текширтириш керак бувани.
– Текширтирамиз, текширтирамиз… – деди Отаёр. – Шаҳарга оборсак ҳам бўларди, а, почча?
Почча ғинг демади. Секин жойлашиб ўтириб, қайнотасидан сўради.
– Бува, яхшимисиз? Нима бўлди ўзи сизга?
Етмишевдан жавоб бўлмади.
Отаёр ўзи гапириб берди:
– Отам гапирмаяпти, – деди. – Салима келин ишдан келиб қараса, ияги бойланган эмиш. Отам… кетиб қопти деб, қўрқиб кетдик ҳаммамиз. Шукрки, мана…
Почча ажабланди. Етмишевнинг тўнини тескари киядиган одатини кўрмаган, шу боис қайнотасининг ит орқа бўлиб қолганига унча тушунмади. Яна ҳол сўради. Етмишев ингранди. Кўзидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Атрофига секин кўз югуртириб, хонани тўлдириб ўтирган бола-бақраси, невараларини ғира-шира тусмоллаб, худди гўдакка ўхшаб, оғзи кемшайиб кетди. Анчадан бери болаларини бундайин тус-тугал кўрмаган эди…
Бутун уй буванинг оғзига тикилган. Етмишев қараб турди-турди-да, кейинчалик бутун қишлоққа тарқаб кетган латифанамо гапни айтди:
– Мен… – деб иҳранди Етмишев. – … мазам бўлмай қолди бугун. Мабодо уйқумдами, ўнгимдаги ўлиб-нетиб қолсам… буларни бировининг ҳам хабари бўлмай қолади, деб ўйладим. Ҳаммаси ишли-да, омон бўлгурларнинг…
Ўтирганларнинг юраги ачишди. Тилини тишлаб қолгани қанча. Отаёр эса йиғлаб юборди. Почча Отаёрни туртиб, оғирроқ бўл, деди. Кейин қайнотасидан сўради:
– Иягингизни ким бойлади, бува? – деди вазиятни юмшатиш учун кулимсираб.
– Ўзим… ўзим бойладим… – деди Етмишев.
– Оббо, бува-ей… – деди дўхтир почча.
– Ухлаб қопман-да… булар ияк бойлай олармиди…
– Ўзиям ҳамманинг ўтакасини ёрибсиз-ку. Қўрқманг, ҳали кўп яшайсиз.
– Шуни айтинг, почча, – гапга қўшилди келинлар. – Бувам одамни ёмон қўрқитди. Юрагимиз қинидан чиқай деди. Энди Салима келинниям бир қараб қўйинг, почча, мазаси қочиб ётибди нариги уйда.
Ўғил-қизлар Етмишевнинг тилга кирганига чуқур тин олишди.
Етмишев ўша воқеани эслар экан, юзига табассумга ўхшаш алланечук мавҳум бир ифода ёйилди. Бу худди боягина радиодан эшитган хабар – йигирма олти ёшида вафот этган энг «кекса» ит ҳақида ўйлаганида юзига балққан истеҳзога ўхшаб кетар эди.
Етмишев белбоғини силади. Сўнг ўша қилиғини эслаб, бола-чақаю неваралари олдида бошқа ўнғайсизланмаслик учун «далил»ни йўқотишни истаб қолди. Ўша қилиғини хотирдан чиқармоқчи бўлди. Белбоғни айириб, узиб отмоқчидек, икки ёнга тортди. Бироқ у кўҳна бўлса-да, ҳали пишиқ, маҳкамгина экан. Назарида, бу белбоғи ҳўв шифтдаги ингичка болорга боғлаб, невараларига арғимчоқ ясаса ҳам узилмайдигандек эди…