Гул деганинг нима сенинг?
Уч-тўрт тикон, бироз япроқ,
Недур сен севган бу ҳаёт?
Уч-тўрт нафас, сўнгра тупроқ…
Жалолиддин Румий
Илёс онам яна минг йил яшайди, бутунлай иш топмай бекор қолган куним йўқлаб борарман, деб юрганмиди, хизмат сафаридан қайтиб эшитган хабардан кўз олди қоронғулашиб кетди, кутилмаганда бошига осмон қулаб тушгандек бўлди. Ичида нимадир ёнди. Танглайи қотиб, хонасига ўтиб кетди. Шу топда на аёлини, на икки ҳафтадан буён ҳар кун қўнғироқ қилиб, уни жуда соғинишганини айтиб чарчамаган фарзандларини кўришни истамади. Қўлидаги пальтосини каравот устига ташлаб, дераза ёнига ўтди. Сўнгги баргларини ҳам тўкиб бўлган дарахтларнинг маҳзун ҳолати, осмоннинг иркит ранги юрагини эзди, дунё кўзига тор ва биқиқ, кўчада юрган одамларнинг юзи совуқ ва бегона бўлиб кўринди. Аллақаерларга бош олиб кетгиси келди. Дунёга сиғмай бораётган эди. Аммо қаерга боради?! Бемалол бориши мумкин бўлган биттагина остона бор эди, бу ҳам ота уйининг остонаси. Бу остонадан зарда билан чиқиб кетганига ўн уч йил бўлди. Ўн уч йил!.. Бешафқат шаҳарнинг талатўп кўчаларида дийдираб юриб, ҳар сафар боши деворга урилган дамда шу остонани, ўша қадрдон уйни, унда ёлғиз қолган мушфиқ онасини эслади. Дунёдаги ҳеч бир кошона ўша уйдек кўнглига осойишталик, ҳеч ким онасидек бетама меҳр бера олмаслигини билди. Ҳар сафар бошига тушган муаммолари ҳал бўлгандан сўнг биринчи қиладиган иши – онасини йўқлаш эканлигини ўзига уқтирарди. Аммо ҳар сафар бошидаги қорлар куралиб, ҳаёти изга тушиб кетгач, ўзига берган ваъдасини унутарди: «Эҳ, анов иш, манов ишни бир ёқли қилиб олай… Ўзи бир мавриди кеп қолади, ўшанда бораман», дерди. Доим кўнгли тўқ эди: «Онам мени тушунади, ишим кўп, иложсизман, онам ҳамиша кечирган, яна кечираверади», дер эди.
Мана, зап мавриди келди. Энди бормаса бўлмайди. Аммо қайси юз билан, қандай қилиб боради? Сўнгги дақиқаларда бошида бўла олмаган, сўнгги манзилга кузатиб, қабрига бир ҳовуч тупроқ ташлай олмаган олим ўғил!..
Шу кеча у сира ухлай олмади. Охирги марта, кўчиб кетишаётганда дарвоза олдидаги шотутга суяниб қолган онаси кўз олдидан кетмади. Нонушта пайти қарорини айтди: «Мен болалар билан қишлоққа кетаман». Аёлининг ранги учди: «Менчи?», «Сен кейинроқ, бир тўғри келганда ўзинг борарсан». «Нега ундай деяпсиз? Қишлоқдагилар нима дейди, ахир? Болалар кейин борса ҳам бўлаверадику», жиғиллади аёл. «Йўқ, мен болалар билан кетаман», кесиб гапирди у. «Онам сени нима қилади? Хўжакўрсинга тўкиладиган кўз ёшларинг, ҳамдардлигинг кимга керак? Набиралари зиёратига борса, онагинамнинг руҳи шод бўлади. Мен гумроҳ, ҳеч бўлмаса, шуни қилай! Ўзимдан, сендан, сенинг орзу-ҳавасларингдан орттириб онам учун нима қилдим, нима қила олдим, ахир?» деб айта олмади. Айтгиси ҳам келмади.
Шу кайфият билан узоқ йўлда машина бошқара олмаслигини билар эди, бу ёғи вақт тиғиз, аллақачон асосий маъракалар ўтиб кетган бўлсада, негадир тезроқ, тезроқ бориб, онасининг қабрини қучоқлаб бўлсада, ўкириб-ўкириб йиғлагиси келаётган эди. Тўғри аэропортга борди, одам жуда кўп экан, бир амаллаб чипта олди. Чиқиш йўлагида уч-тўрт қишлоқдошини учратиб қолди. Гарчи улар Илёсга ҳеч нарса дейишмаган бўлсада, унга қандайдир ачинибми, нафратланибми қараётганга ўхшаб туйилди. Хижолат тортиб, улар билан дурустроқ сўрашмади ҳам, дарров нарироққа бориб турди. Самолётдан тушгандан кейин ҳам улар билан бирга кетишга тўғри келмасин, деб биринчи дуч келган машинага ўтириб жўнади.
Машинага ўтиргач, кўнглидаги ғубор бироз тарқагандек бўлди. Ютоқиб атрофга қаради, у қанчалар соғинган эди бу йўлларни! Бироқ сочлари тўзғиган дарвешдек ҳавода бесунақай бир ҳолатда муаллақ қотган дарахтлар, осмонларга туташиб кетган йўллар, унда юрган одамлар, бири ўтиб, бири қайтаётган машиналар – барча-барчаси қандайдир бегона, бутун борлиқ хира ва совуқ рангга бурканган. У атрофга боқиб, ўзига жуда ҳам таниш ва қадрдон нималарнидир излар, хаёлидан шу йўлларга боғлиқ хотираларни титкилар, аммо излаганини тополмай, ҳафсаласи пир бўлар, ҳамма нарса унга бегонадек хомуш ва хўмрайиб қараб турарди.
Ўн уч йил!.. Ўн уч йил илгари муштипар онасини катта ҳовлида ёлғиз қолдириб, бола-чақаси билан шаҳарга йўл олганда ҳам, эҳтимол, бутун борлиқ айнан бугунгидан ҳам совуқроқ, хўмрайиброқ боққандир. Аммо ўшанда у буни ҳис қиладиган ҳолатда эмасди. «Беш кунлик дунё», деган иборани «Умрнинг ҳар дақиқаси, атрофингдаги ҳар бир яқининг ғанимат», деб эмас, «Дунёга бир марта келасан, роҳат-фароғатда яшаб қол», деб якунлашни маъқул кўрарди. У болаликдан яхши еб-ичиб, яхши кийинишни, чўнтагида ҳамиша пул бўлишини, янги дўстлар орттиришни, шўх-шодон давраларда юришни, саёҳатларни жуда яхши кўрарди. Онаси ҳам, опаси ҳам нима топсалар, унинг оғзига тутар, эгнига илар, қўлига берар, уйда унинг айтгани айтган, дегани деган, эди. Аммо у одамлардан ҳам, яшаб турган муҳитдан ҳам жуда тез зерикарди. Ўрни келганда мактабда ишлайдиган онасини ҳам бошқаргиси келиб турар, мудом «Уни кийманг, буни кийманг, бу жуда одми. Синфдошларим устингиздан кулишларини истамайман», деб онасининг кийим-бошига, юриш-туришига ҳам аралашаверарди. Ота-онасининг камтарона турмушидан уялгани учун уйга ҳеч қачон дўстларини олиб келмас, ўзи қанча қайсар бўлса, шунча аразкаш эди – сал гапга араз уриб, еб ўтирган ризқидан ҳам, қадрдон дўстидан ҳам бир лаҳзада воз кечиб кетаверарди. Шунинг учунми, оғир дамларда ён-атрофида суянса бўладиган бирон дўст топа олмай қоларди. Энг ёмони, у ҳамиша ҳамма нарсадан норози бўлиб юрар, камбағал, мискин одамларга ачиниб эмас, ғаши келиб, ғижиниб қарарди.
Болалигида отаси билан мактабда ҳам, институтда бирга ўқиган «шаҳарлик амаки»га ҳавас билан қарарди. Бу одам институтни битиргач, шаҳарда қолиб ишлаган, бола-чақа қилган, йўлини топиб, кейинроқ алоҳида ҳовли-жой қилиб, ота-онаси, укаларини ҳам олиб кетган эди. Хизмат сафари билан вилоятга келганда, албатта, уларнинг уйига ҳам кириб ўтар, онаси тайёрлаган ошни еб ўтириб, кўпинча отасидан гина қиларди: «Э-эе-э, Шукурбой, шаҳарда қолмадингда… Сенинг босган изингга арзимайдиган аллакимлар портфель кўтариб, профессор бўли-и-иб, ғўддайиб юрибди. Сен бўлсанг!.. Ғазна топгандек шу қишлоққа ёпишдинг-қолдинг! Шундай истеъдодинг билан ўрта мактабда ишлаб юрибсан. Эсиз!..» Отаси беозоргина жилмайиб бош ирғайди: «Ошна, шаҳарнинг нони қаттиқ, униям эплаган ейди. У нонларга бизнинг тишимиз ўтмайди». Меҳмон норози чимирилади: «Бу нима деганинг? Мана, юрибмизку очдан ўлмасдан. Сен ҳам оч қолмасдинг». Отаси яна жилмайган кўйи бош ирғайди: «Ошна, сенинг йўриғинг бўлак. Сен омадли йигитсан. Қандингни ур. Сенинг бўлганинг бизнинг бўлганимиз».
Илёс дастурхоннинг бир четида ўтириб, пешона сочлари буткул тўкилиб кетган, овқат устида ҳам кўзойнагини ечмайдиган қориндор меҳмонга қизиқиш ва ҳавас билан қарар, отаси «ташлаб келган» шаҳардаги ҳашаматли ҳаётни кўз олдига келтирар, сўнг ўзича отасидан хафа бўлиб кетарди: «Шаҳарнинг нони қаттиқ эмиш!..»
Илёс мактабни битириб, институтга ҳужжат топшириш учун отаси билан шаҳарга боришганда, ўша жўрасининг уйида ҳам бир кеча меҳмон бўлишди. Ана уй, мана уй! Нақ қасрнинг ўзи! Бу уйни кўриб, отасидан астойдил хафа бўлди. Ўзларининг уйи ғарибхоналардек бефайз ва совуқ кўринди. Беихтиёр камбағаллигидан уялди, елкаларини қисди. Ўшанда у «шаҳарлик амаки» бу ҳашаматларга бир амалдорнинг ёлғизгина қизига уйланиб эришганлигидан, отаси «Сенинг йўриғинг бўлак, сен омадли йигитсан», деган сўзларида бир чимдим пичинг ҳам борлигидан у, албатта, бехабар эди.
Қайтишаётганда амаки қайта-қайта тайинлади: «Йўқ бўп кетма. Отанг сени менга топшириб кетяпти. Истасанг, бизникида тур, кўп эмас, бештагина қизим бор, бешта шақилдоқ, онаси билан олтита. Тўғриси, улар дарс қилишингга қўйишмайдиёв, шуниси бор. Лекин ётоқхонада турсанг ҳам, ҳар якшанба келиб, бир кўриниб кет».
Илёс уларнинг уйига бормади. Нима деб, нима учун борсин? Шақилдоқ ойпопукларга томоша бўлиш учунми? Аммо кун келиб, мана шу катта шаҳарнинг ўртасидан уларникидан ҳам ҳашаматлироқ уйга эга бўлишни ният қилди… Қабул эълон қилинган куни тумонат ичида тасодифан «шаҳарлик амаки»ни кўриб қолди. Унинг ёнида «шақилдоқ»ларидан бири нимагадир қошларини норози чимириб, тумтайиб турарди. Амаки уни кўриб, кўринмай кетганлиги учун бироз танбеҳ берган бўлди, кейин натижани суриштирди. Унинг энг юқори балл билан кирганлигини эшитиб, қўлини сиқиб табриклади, сўнг хомуш тортиб, «Бизники эса бўлмади», деб қўйди.
Уни ўқишга киргизган юқори балл тақдирига фатво бўлганини ўшанда билмаган эди. Уйга боргач, отаси «Амакингнинг қизига репититорлик қиласан, уларнинг уйида яшайверсанг ҳам бўлади, амакинг шундай деди», деб тайинлади. Илёс ҳафтада уч кун дарсдан сўнг бориб, амакининг «шақилдоғи»га сабоқ берди. Буниси ўқишга киргач, кейинги йили яна икки қизига репититорлик қилди…
Ўқишни битираётган йили қандайдир юмуш билан вилоятга келган амаки отаси билан онасига қуда бўлишни таклиф қилди: «Шаҳарда мен билан қуда бўламан, деган одамлар жуда кўп. Шаҳарнинг талаби даражасида сарпо-суруқ қилиш ҳам қўлимдан келади, ошна. Аммо у ерларда қайноналарнинг тутуми жуда қаттиқ. Икки қиз узатиб, кўриб ўтирибман. Қизларим эзилиб кетди. Сен сўрама, мен айтмай, ошна. Қайноналари ўлмагунча уларга кун йўқ. Қайноналар эса ҳали яна минг йил яшайди… Шууу, учинчисини сизлар олиб қўя қолинглар. Нима дейсана? Илёс жуда ажойиб йигит, киройи куёвинг бўлса, шундай бўлиши керак. Камтар-камсуқум, иқтидорли. Уни ҳаммамиз яхши кўрамиз».
Илёс шунча йилдан бери уларнинг уйига кириб-чиқиб юрган бўлса ҳам, бу қизларга ола қараш эмас, улар ҳақида ўйлашга ҳам журъат қилмаган эди. Бутун аъзойи баданидан олов чиқиб кетгандай бўлди. Ўрнидан сапчиб туриб, олдидаги чойнакни кўтарганча, эшикка йўналди. Аммо узоқроққа кетиш учун на мажоли, ва на хоҳиши йўқ эди. Очиқ эшик ортида бутун вужуди қулоққа айланиб, деворга елка берди. Аммо бўғзига тиқилганча, гупиллаб ураётган юрак зарбларидан бўлак ҳеч қандай садо эшитилмади. Анчадан сўнг онаси бир томоқ қириб, гап бошлади: «Энди, ака, бизники ёлғиз ўғил, ўлгунимизча ёнимизда бўлиши керак. Уй-жойимизни ҳам кўриб турибсиз, камтаргина турмушимиз бор. Шаҳарда яшаган қиз бизнинг шароитларга кўникиши жуда қийин. Бўлмаса, сиздай одам билан қуда бўлишдан қочармидик?». «Э-эе, келин, шароитни инсоннинг ўзи яратади. Яхши шароит керак бўлса, ёшларнинг ўзи, меҳнатлари билан яратиб олаверишади. Мана, биз ҳам қараб турмаймиз. Яримта нон – ҳузури жон, дейишади. Қанийди, нариги қизларим ҳам шундай оддийгина зиёли хонадонга келин бўлиб тушишганда эди!.. Э-эе, менинг ярамни тирнаманг», «Билмасам, эртага қизингиз шаҳарни қўмсаб қийналмаса…», «Бехавотир бўлинг, сиз билан биз қаерни маъқул кўрсак, шу ерда яшайди».
Шундай деган одам «шаҳарга кўчиш» машмашасини биринчи бўлиб ўзи бошлади: «Э-эе, қойил-е, на свет, на газ, на сув бор. Жаҳаннамнинг ўзи-ей! Воҳ-воҳ, ёзда терлаб, қишда музлаб ўлади-е одам. Ҳаммадан ҳам манави болагиналарга ичи ачийди одамнинг». Бу гаплар ошкор айтила бошланганда отаси юрак хуружидан вафот этган, нафақа ёшига етган бўлса ҳам ишлаб юрган онасининг тоби қочиб, уйда ўтириб қолган, ўзлари икки фарзандли бўлган эди. Онаси бу хил иддаоларни кўпинча эшитиб, меҳмоннинг юзидан олмаслик учунми, эшитмаганга олар, қуда эса минғир-минғир қилиб, гапни чувалатаверарди: «Энди-и-и, қудағай, ёшлар – бизнинг келажагимиз. Уларга шароит яратиб бериш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Манави набираларингиз ҳам шаҳарда ўсса, бир аломат одамлар бўлиб улғаярди, дейманда».
Бундай иддаолар бошланган пайт отасининг дўндириб қўйишидан кўнгли тўқлигиданми, келин индамай ҳовлига чиқиб кетарди. Илёс эса аросатда жиғибийрон бўларди. Гарчи қайнотаси у бир умр орзу қилган «жаннат»ни тарғиб қилаётган бўлса ҳам, касалманд онасига ҳадеб иддао қилаверишидан нафсонияти оғрир, шунинг баробарида онасининг қайсарлик билан «келган давлатга кесак отиб», менга ҳеч қандай шаҳарнинг кераги йўқ, ота-бобом саксовул ёқиб, қора чироқнинг ёруғида яшаб ўтган, лекин ҳифзу тиловатда уларнинг олдига тушадигани бўлмаган, бизнинг шароитимиз уларникидан минг марта афзал, деб ўтириши баттар асабини бузар эди. Она-ўғил андиша қилгани сайин хотинининг минғир-синғирлари, «уф-уф»лари кўпайиб борар, бу уни қанча безор қилган бўлса, онасининг дилига шунча озор бераётганини кўриб, баъзан оҳанрабодек чорлаб турган шаҳар ҳаётидан ҳам, хотинидан ҳам воз кечиб юборгиси келар, аммо кундан кунга бўй етиб келаётган болаларини ўйлаб, яна нафасини ичига ютар, яна ва яна онасини айблай бошларди: «Қайсарки, на қопга келади, на ипга! Менинг қизиқишларим, менинг кўнглим онам учун сира аҳамиятсиз!»
Қайнотаси охирги марта келганда Наврўз арафаси эди. Кутилмаганда ёққан қор ҳаммани бесаришта қилиб қўйди. Бутун оила яна ғиштин печли уйга тиқилишди. Илгари бу сира ҳам ғайритабиий туюлмасди. Хонанинг бир бурчида опаси онаси билан, иккинчи томонда эса у отаси билан ётар, онаси то улар ухлаб қолгунларича эртаклар айтиб берар, улғайишгандан кейин ҳам улар печь устида човгум бозиллаб турадиган эртакли қиш кечаларини соғинч билан эслаб юришарди. Бу, табиийки, хотинига сира ёқмади. Ош-овқати шу хонада бўлса ҳам, болаларни момоси билан қолдириб, ўзлари ухлаш учун музлаб ётган ётоқларига чиқиб кетадиган бўлишди. Қуда келганда болалар дарсдан келиб, эндигина овқатланиб бўлишган, ўртада дастурхон, папкалар, устки кийимлари хона юзида ёйилиб ётар, шамоллаб қолган келин эса бурнини тортиб, тинимсиз йўталиб ўтирар эди.
Уйдаги бесаришталик ва келинининг бетоблигидан онаси шўрлик айб устида қўлга тушган боладек мулзам бўлди: «Қишнинг куни шуда, ҳаммамиз бир хонада уймалашиб ўтказамиз, қудажон. Узрда энди. Келинга ҳам шу хонада ётавер, дейман. Муздек хонага чиқиб ётишади. Кейин шамоллаб…»
Қайнотаси иззати учун тўшалган янги кўрпанинг бир четига омонатгина ўтириб, юзига фотиҳа тортди. Унинг кайфияти йўқ эди. Онаси билан беписандлик билан хушламайгина тил учида сўрашди. Дастурхон ҳам ёздирмади: «Ҳожати йўқ. Хизмат сафарида эдим. Бирровга кирдим. Шошиб турибман», дея қовоғини ҳам очмади.
Ўйчан ҳолда ерга бироз тикилиб ўтириб, сўнг илкис бошини кўтардида, кўнглидаги гапларни шарт-шурт айтиб ташлади: «Энди-и, қудағай, гап бундай. Бекор турган бир уйимиз бор. Шуни аввал бошдан Илёсбой билан қизимизга атаганмиз. Кунлар исигач, шунга кўчиб ўтинглар. Истасангиз, бу ҳовли ҳам тураверсин, биров-яримни ижарага қўйиб қўясизми, қулфлаб кетасизми, у ёғи ўзингизга ҳавола. Қишлоқни соғинганда келиб, беш-олти кун дам олиб кетаверасиз. Хафа бўлмангу, энди болаларни қийнашингизга қараб туролмайман. Илёсбой жуда иқтидорли йигит, шаҳарда унга иш гаплашиб қўйганман, неча йилдан бери кутиб ётишибди, икки йилда олим бўлади. Уни коллежда оддий ўқитувчи қилиб қўйиш увол».
Илёснинг шўрлик онасига жуда раҳми келди, лекин на қайнотасига ва на хотинига «Бизнинг шахсий ҳаётимизга аралашманглар», деб айта олмади. Қайнотасининг ҳеч қандай хизмат сафари билан келмагани ҳам, хотини онасига арзи-ҳол қилиб, шароит йўқлигидан шамоллаб қолганини айтгани ҳам, қайнона қўярда-қўймай эрини жўнатгани ҳам аниқ эди. Онасининг юзига қарашга уялди. Қайнотасини кузатган кўйи ҳовлида қолиб кетди. Ҳаво жуда совуқ эди. Бирпасда ич-ичидан музлаб кетди. Шу аҳволда қор босган бостирманинг тагида анча ўтирди. Аъзойи бадани увиша бошлагач, ҳовлидан ҳам совуқроқ ётоқхонасига кирди…
Онаси кечки овқат маҳали гўё орадан ҳеч гап ўтмагандай уларга очиқ чеҳра билан изн берди: «Болалар йилни тугатиб, китобларини топшириб олсин. Сизлар ҳам бирваракайига таътил пулларингни оласизлар. «Бир кунга ҳўкиз ўлмайди, икки кунга эгаси бермайди». Ўқув йили тугашига икки ойгина вақт қолди. Шу ўтсин. Кейин бемалол кўчаверинглар». Бу узил-кесил «Мен кўчмайман, ҳовли ҳам сотилмайди, ўзларинг кетаверинглар», деган гап эди. Унга жавобан ҳеч ким, ҳатто набиралари ҳам ҳеч нарса демади.
Илёс онасидан жуда хафа бўлди. Ҳаммасини бошқача ҳал қилишнинг иложи бор эди. Қайнотаси бермоқчи бўлган уйга тиқилмасдан, ҳовлиларини сотиб, ўзлари уй олишлари, қайнотасининг кўмагисиз ҳам ишга жойлашиб, беминнат, беғалва, елка қисмасдан яшашлари мумкин эди. Шундай имконият бўла туриб, онаси… Шундан сўнг она-бола «салом ва хайр»ларни айтмаганда, таътилгача деярли гаплашишмади. Кетадиган кунини ҳам жўрттага онасининг деразаси олдида кимнингдир қўнғироғига жавоб бераётган киши бўлиб, маълум қилди: «Ҳаа, ошна, кўчиб кетяпмиз. Эртага юк машинаси чақиртирганман. Юк-ёпимизни жўнатиб юборсак, кейинги кун болаларни олиб, ўзимиз енгил машина билан йўлга тушамиз».
* * *
Айни шу дақиқаларда Фотима деразанинг бу томонида нафис пардадан тўкилаётган оқиш нурга тикилганча хаёл суриб ётганди. Ўғлининг гапини эшитиб, ичига муздек илон кириб олгандек сесканиб, ўрнидан сапчиб туриб кетди. Илёс телефонга гапира-гапира деразадан нари кетди…
Ўзи рози-ризолик билан, «таътилга чиқиб олинглар», деб муддат белгилаб қўйган бўлса ҳам, кўнглининг қайсидир бурчагида Худонинг адолатига, ўғлининг инсофига умид бор эди. «Бир ҳовлига бойўғлидек ёлғиз ўзимни ташлаб кета олмайди», дерди. Мана, машина айтибди, эртага юки кетади, индин ўзи, болалари билан… Лекин энди Фотима қандай яшайди? Эрталаб ишга кетса, кечгача соғиниб қоладиган боласини минг чақирим олис жойларга юбориб қўйиб, қандай яшайди?! Невараларичи? Уларсиз қандай яшайди?! Кўзларидан дувуллаб ёш қуйилди. Бўкириб юбормаслик учун оғзига кафтини босди. Хонага неваралари кириб, йиғлаётганини кўриб қолишларидан чўчиб, тўшакни очиб, ичига кирди ва бошигача бурканиб олди. Кўз ёшлари тугагунча йиғлади. Сўнг ўзига келиб олиши учун бошини кўрпадан чиқариб, анча вақт тек ётди. Ҳаа, энди бу ёғига тақдирда борини кўради. Ўғли, тўққиз ой юрагининг тубида кўтариб, жонидан жон, кўксидан сут берган ўғли онасининг кўнглидан шаҳар ҳаётини афзал кўрди. На илож!..
У ўрнидан туриб, кўчалик кийимларини кийди. Ҳовлига чиқиб, ошхонада куймаланиб ётган келинига «Бир дугонамнинг тўйи бор эди. Маслаҳатли гаплари бор экан, шунга чақиряпти. Келмасам, хавотирланманглар», деди. Келин ошхона эшигидан мўралаб, «Яхши бориб келинг», деганида, у аллақачон дарвозага етай деб қолган эди. Келинга йиғидан қизарган кўзларини кўрсатгиси келмади.
Бозор жуда гавжум эди. Ҳамма қаёққадир шошган, катта дарвоза кириб-чиқаётган одамлару пўш-пўшлаган аравакашлар билан тирбанд. Ичкарига кириб олгунча, кўнгли беҳузур бўлди. У ҳўл мевалар сотиладиган расталар томон юрди. Уйиб қўйилган гилослар, ҳар донаси бошбармоқдек келадиган қулупнайлар, қорамтир қизил шотутлар, бултурги, бу йилги олмалардан таралаётган тотли ҳидлар кўнглига хуш ёқди. Биронтасидан курси сўраб, шу расталарнинг бир четида бироз ўтиргиси келди. Аммо шу заҳоти ниятидан қайтди. Одамлар эрта-индин ўғли кўчиб кетганини эшитса, унинг хаёлга чўмиб ўтирганини кўрган биров-ярим, «Ҳаа, бозорда ўтирган эди. Хаёлиям жойида эмасди. Уйига сиғмай қолганда, шўрлик», дейиши аниқ. Чиройли гилос, қулупнай олди. Бу меваларни у ҳамиша яхши кўрган, айниқса, қулупнайга шакар сепиб ейишни яхши кўрарди. Лекин у бир умр пулни тежаб-тергаб ишлатган, масалан, ё гилос, ёки қулупнай олган. Бугун иккаласини ҳам олди. «Нима учун, ким учун тежайман?»
Кейин гўшт растага ўтиб, юмшоққина қўй гўшти харид қилди. Сал нарида сузмалар сотилаётган экан, танлаб-танлаб қаймоқдек ширин сузма ҳам олди. Гуруч, сабзи-пиёз, картошка, кўкатлар, янги помидор билан бодринг, хуллас, харидларини аравага ортмаса, дарвозадан соғ-омон чиқа олмайдиган даражада бозорлик қилди. Туманнинг нариги бошида бир қадрдон дугонаси бор. Машъум қирқ тўртинчи йили Қримдан бирга келишган. Бир поездда. Онаси тикув машинасини ҳам олиб олган эди, иккаласи шу машина қопқоғининг устига ўтириб келишган. Ўшанда Фотима беш ёшда, Зийнат тўрт ярим ёшда эди. Иккаласининг ҳам оналарининг қўли ёш бола билан банд. Вагон одамлар билан тирбанд, иссиқ ва дим. Бадбўй ҳиддан нафас бўғилади. Ким йиғлаган, ким бақирган, сўкинган. Унинг укаси эндигина икки ёшга тўлган, йўлга чиққунларича иситмалаб ётди. Онаси тикув машинани ҳам олишни истади. «Ахир, бегона жойларда нима билан тирикчилик қиламиз? Уйимда эркагим бўлмаса… Биров-яримнинг кийимини тикаман, жуда бўлмаса, сотаман, пул бўлади», – деди Зийнатнинг онасига. «Бечора эркакларимиз уруш тугагач, бизни қандай топишаркин?»– хўрсинди Зийнатнинг онаси. Биров-бировга ёрдамлашадиган пайт эмас эди, ҳамма ўзи билан овора, онаси ҳам бир қўлига укасини, иккинчи қўли билан тикув машинасини кўтариб олди.
Аввал усти ёпиқ машинада, кейин поездда, сўнг яна усти брезент билан ёпилган машинада неча кеча-кундуз оч-наҳор йўл юришди. Ва ниҳоят кечки пайт эшик-деразаси йўқ, ҳамма жойи гўнг бўлиб ётган бир ташландиқ бинога келтириб ташлашди. Отхонага ўхшаш бу бинонинг орти шовуллаган дарахтлар ичидаги қандайдир нотаниш қишлоқ, олди бепоён қумлоқ, унда диккайган бирон чўп кўринмасди. Узоқ давом этган йўл машаққатларидан тинкаси қуриган одамлар энди гўнг сочилиб ётган хоналарга кириб, йиғлаб-сиқтаб, тақдирларини қарғаб-қарғаб, ўзларига бошпана ҳозирлашга тушиб кетишди. Уларга ҳам кичкинагина бир хона тегди. Онаси укасини бир четга ётқизиб қўйиб, ташқаридан териб келган уч-тўрт чўпни бирлаштириб, супирги ясадида, хонани супирган киши бўлди. Сўнг хонанинг тўрига тикув машинасини қўйиб, қўшни хонага жойлашган бир кампирни чақириб келди: «Жоним опам, мен шеригим билан ҳозир қишлоққа бориб келишим керак. Болам поездда келаётганимизда ўлиб қолди. Миршаблар билса, деразадан улоқтириб юборишади, деб бағримга босиб келавердим. Ҳеч кимга билдирмадим. Манави қумлоққа кўмиб бўлмайди. Қишлоқнинг қабристонини топиб, ерга қўйиб келайлик, уни жуда қийнаб юбордим. Сиз қизчаларимиз билан мана бу машинкамизга қараб туринг, илтимос». Кампир қоқсуяк қўли билан оғзи-бурнини беркитиб, бош чайқади: «Ай, шўрлика!.. Бор, боравер! Болаларингга ўзим қараб ўтираман». Сўнг онаси укасини кўтариб олганча, йиғлаб чиқиб кетди. Унинг изидан Зийнатнинг онаси чиқди…
Кампир хонасидан юпқагина кўрпа олиб чиқди. Унинг кўзлари ҳам жиққа ёш эди. Кўрпани бир четга ёзиб, қизларни икки ёнига олиб, чўзилди. Анча вақтгача кўзларини артиб, бурунларини тортиб ётди.
Фотима Зийнат билан ўша кунлардан буён бирга. Бирга яшашди, бирга кўчишди, бирга ўқишди, то турмуш уларни ўзга-ўзга оилаларга ажратиб юбормагунча бирга бўлишди. Аммо турмушга чиққанларидан кейин ҳам борди-келдилари узилмади, оналари эса опа-сингилдек умрларининг охиригача бир уйда яшашди, биргаликда эрларини кутишди, биргаликда излашди, биргаликда аза очишди.
Зийнат унга ана шундай дўст. Зийнатнинг ёлғиз қолганига анча бўлган. Эри автоҳалокатдан вафот этганда қизига ҳомиладор эди. Ўғли чет элга ўқишга кетиб, ўша юртларда бола-чақа қилиб, қолиб кетди. Қизи Украинага ўқишга кетиб, у ҳам ўша ерда бировни яхши кўриб… Аммо Зийнат на болаларидан, на турмушидан ҳеч қачон нолимасди. «Бу ҳаёт қонуни, жонгинам! Ёшлар ҳеч қачон сен чизиб берган чизиқдан юрмайди. Улар сен билан мендан кўра кўпроқ нарсани билишади. Уларнинг қонлари гупириб турибди, дунё кўргилари келади. Уларни ғарибона кулбангда яшашга мажбур қилишинг номардликдир. Индама, юрсин, кўрсин, ҳаётдан завқланиб яшасин», дер эди доим. «Йўқ. Мен бунга чидай олмайман. Болаларим ҳамиша ёнимда, кўз олдимда бўлишлари керак. Соғинч билан хавотир мени адойи тамом қилади», бош чайқарди Фотима.
Уларнинг феъл-атворлари, ҳаётга муносабатлари, қарашлари ҳар хил бўлса ҳам бир-бириларисиз яшай олишмасди. Фотиманинг онаси ҳам ўзига ўхшаган жуда таъсирчан, ҳар нарсани юрагига яқин оладиган куйди-пишди аёл эди. Зийнатнинг онаси эса ортига қарайвермайдиган, борини борича қабул қиладиган, гапга чечан, бир гапириб ўн куладиган шўх-хандон хотин эди. Фотиманинг онасига «Биз плюс-минуслармиз. Бир-бирини суяб юрсин, деб Худо бизни шундай яратган», дерди доим. Улар бирга бўлган дамлар кўпинча Фотиманинг онаси «О-о-о, Қрим! Бизнинг нима гуноҳимиз бор эдики, киндик қонимиз томган юртдан, қондошларимиздан, меҳр қўйган уй-жойимиздан, жонбахш меваю соя берадиган дарахтларимиздан, қўшиқ айтиб оқадиган сувларимиздан, ота-боболаримизнинг хоки ётган мозоримиздан ажратдилар? Бизнинг осмонимиз, ою қуёшларимиз ҳам жуда бошқача эди. Ҳар доим тушларимга киради улар. Бизларни овораю сарсон қилишди, хўрлашди, булар ҳаммаси менга жуда алам қилади. Балки, эрларимиз дунё бўйлаб бизни излаб юришгандир. Биз бечоралар эса қилмаган гуноҳларимизга товон тўлаб ўтдик», деб йиғларди баъзан. Зийнатнинг онаси эса мижжаларини артиб-артиб, ўзича уни уришарди: «Тавбааа! Бошқача осмон, бошқача ой-қуёш эмиш. Бундай гапни биринчи марта эшитишим. Эй ношукр! Кўзинг кўриб, юрагинг уриб, оёқларинг юриб турганлиги учун Аллоҳга ҳамду сано айт. Бу ерда биров сени туртаётган, ҳайдаётган бўлмаса! Қримни соғинган бўлсанг, ёзда йўлланма олиб, бир айланиб келамиз. Бозорига ҳам, мозорига ҳам борамиз». Аслида, Фотима билан Зийнат айнан плюс-минус эдилар. Гоҳ униси, гоҳ буниси бир-бирининг эшигини қоқиб келаверар, баъзан кулиб, баъзан йиғлаб тонготари гурунг қилишарди.
…У машинани дарвозанинг ёнига тўхтатди. Ҳайдовчи йигит унинг юкларини олиб, дарвоза ёнига қўйди. Эски машина шалдираб жўнаб кетгандан кейин ҳам Фотима бир муддат дарвоза олдида туриб қолди. У ўзини қўлга олиб кирмоқчи эди. Нима бўлганда ҳам қадрдон дугонасини кўрганда йиғлаб юбормаслиги керак… У ҳолда гап эшитиши аниқ. Шундай, бироз тобим бўлмади, сени соғиндим, дейди. У ҳали хаёлларини йиғиб олмасидан кичкинагина дарича ғийқ этиб очилиб, ичкаридан Зийнат чиқиб келди. Ҳовличасида ғимир-симир қилиб юрган, шекилли, чанг қўлларини пешбандига артиб, унга қучоқ очди: «Вооой, мен кимни кўряпман? Эрталабдан буён қовоқларим пир-пир учади. Ҳайрон бўламан. Ким мени суюнтирар экан, дейман. Бу сенмидинг қовоқларимдан тортқилаётган, Фотима? Фотимам менинг!..» Фотима ўйлаб турган гапларини айтиб чайналди: «Тобим бўлмади, сени соғиндим» ва бирдан хўрлиги келди, овози титраб, кўзларида ёш қалқди. «Оббо, яна қандай бурга тепа қолди менинг эркагина дугонамни? Қани, ичкарига кирчи! Вой-бў, нималар кўтариб юрибсан? Бозорни кўчириб келибсанку.»
Фотиманинг ростдан ҳам тоби йўқ эди: «Менга қизингнинг хонасидан жой қилиб бер. Бугун сен билан ётолмасам керак, жуда мазам йўқ. Бир чойнак чой билан, бир ликопчага шакар сепиб, қулупнай олиб кел. Нимагадир кўнглим беҳузур бўляпти. Бир ўраниб ётай. Сен юмшоққина, аччиққина бир овқат қил».
Зийнат уни масхаралади: «Бу кишим касал эканлар, лекин қулупнайни шакар сепиб ейдилар. Эркалик ҳам эви билан дептида».
Кулиб, эркалаб, кўчалик кийимларининг ўрнига юмшоққина уй кийимлари келтириб берди. Сўнг патнисни тўлдириб ликопчаларга шакар сепилган қулупнай, гилос, оқ-қизил аралаш тутмайиз, ўрик келтириб қўйди: «Сен ёти-и-иб еявер. Мана, қошиқча ҳам обкелдим. Мен овқатни осиб қўяманда, сўнг ёнингга келаман».
Овқат тайёр бўлгач, Зийнат шу хонага дастурхон ёзиб қўя қолди. У жуда пазанда эди, шўрва жуда ширин бўлибди. Фотима одатдагидек қошиқ ҳам уриб ўтирмади, косани кўтариб, ҳўплаб-ҳўплаб ичиб қўйди. Сўнг лаганда ялтираб турган гўштга қўл узатди. Зийнат кулди: «Неча кун бўлди овқатдан қолганингга?» Фотима ичига кирган иссиқдан пешонасига тепчиган терни сидириб кулди: «Анча бўлди. Йўл озуқасини сенинг қўлингдан еб кетай, дегандим», «Ҳе, нафасингни ел учирсин сенинг! Қизим узоқда, ўғлим узоқда, ишонганим бир сенсан. Йўқ жойдан баҳона топиб, унақа қийшаяверма!»
Овқатдан сўнг Зийнат дугонасига қизининг каравотига гулдор чойшаблар тўшаб, жойни ҳозирлаб берди. Унинг жуда толиққанини кўриб, «Энди бир ухлаб ол, эрталабгача отдек бўлиб кетасан», дея хонадан чиқиб кетди. Фотима ичи тўлиб турган бўлсада, дугонасига ҳеч нарса демади. Шўрлик кулиб-кулиб юрса ҳам, болаларини жуда соғинишини, ёлғизлик азоби суяк-суягидан ўтиб кетганини у яхши биларди. Фотима ҳам ёлғиз қолаётганини эшитса, «Шунинг нимасига хафа бўласан? Ўғлингнинг келажагини ўйласангчи!» деб уришиб, ич-ичидан йиғлаши аниқ.
Шомдан сўнг бошланган шамол туни билан боласини йўқотган бўридек увуллаб чиқди. Зим-зиё тун қаъридан гоҳ йиртқич ҳайвон бўкираётгандек, гоҳ гўдак йиғлаётгандек ваҳимали товушлар эшитилар, Фотима эски каравотнинг бир четида деразадан тушиб турган кўча чироғининг хирагина ёғдусига термилганча қунишиб ўтирарди. Аслида у ҳеч нарсани кўрмас, ҳеч нарсани эшитмас, ич-ичида увуллаб ётган бўроннинг заҳридан аъзойи бадани тобора музлаб борар, буни ҳам деярли ҳис этмас эди.
Ўйлаб қараса, унинг бутун умри йўқотишлар билан ўтди. Отаси урушга кетганда у жуда кичкина бўлган, отасини эслай олмайди, аммо ҳаётида бирон муаммога дуч келса, қийналса, ҳамиша отасиз эканлиги ёдига тушди. «Отам бўлгандами…», деб армон қилди. У Қримни ҳам онасининг армонли ҳикоялари орқали таниган, лекин кимдандир ноҳақ жабр кўрса, она қишлоқларидан ноҳақ ҳайдалганларини, дим ва иссиқ, бадбўй вагонни, онасининг аллақачон жони узилган боласини уч кун бағрига босиб келганини эслади. «Нима гуноҳимиз бор эди?», деб юраги куйди ўша дамлар. Қизи жуда чиройли эди. Сарви сановвар!.. Синфдошлари билан битирув кечасидан қайтиб келаётганда… Қизнинг ўзидек навқирон ғуссаси кўнглидаги бор армонларни сиқиб чиқарди. Бу дунёда Фотима учун қизининг ғамидан катта ғам-армон қолмади. Ўнгга боқиб ҳам, сўлга боқиб ҳам, осмонларга тикилиб ҳам, ерга, поёнсиз йўлларга термулиб ҳам кўзлари фақат қизини кўрди. Кеча-кундуз жувонмарг кетган қизига қилолмаганларининг камини тўлдириш йўлини излади. Катта-катта маъракалар ўтказди, садақалар берди, эри билан Самарқандга бориб, эшикдай келадиган қора мармартошга суратини ўйдириб, қабртоши ясатиб келди: «Қизим бечора бу дунёда нима кўрди? Борадиган жойи фақат мактаб бўлди, энг қиммат либоси мактаб формаси бўлди… Ҳеч бўлмаса, арзийдиган тош қўяйлик».
Эри уста билан ўғлини олиб қабристонга кетган кун сира вақт ўтмади. Ётди-турди, уйга кириб соатга қаради, ҳовлига чиқиб қуёшга қаради, назарида соат миллари ҳам, қуёш ҳам унинг сабрини синаш учун бир жойда қотиб қолгандек эди. Ниҳоят қуёш мағрибга қараб оға бошлади, соялар икки ҳисса узайди. Қишлоқ масжидида аср азони айтилди. Шу пайт ҳориб-толиб, усти-боши чанг-ғубор ота-ўғил кириб келишди. Фотима ишни тугатиб қайтишса, мен ҳам бориб келаман, деб ўтирганди. Аввалига эри рози бўлмади: «Икки намозшомнинг орасида қабристонда нима қиласан? Эртага эрталаб обориб келаман». Аммо Фотима «Беш дақиқага борамизу, келамиз. Илтимос», деб ялинавергач, рози бўлди.
Қабристон қоровули жуда савобталаб меҳнаткаш одам эди. Катта қабристоннинг атрофига айлантириб арча экилган, чиннидек сип-силлиқ йўлаклар гирдида атиргуллар яшнаб ётибди. Яқиндагина сув қўйилган садарайҳонлар шабадада майин тебраниб, атрофга хушбўй ифор таратади. Фотима ҳаёти бардавом бу яшилликни кўрганда ҳамиша эзилиб кетади: «Менинг қизим бир арчачалик яшай олмади. Атиргуллар ҳам ундан бахтиёр. Райҳонлар ҳар йил гуллаб, уруғ тугади, кейинги йил янги ҳаёт бошлайди. Менинг қизим эса шу райҳончалик ҳам бўла олмади».
Аммо бугун на гулларга ва на райҳонларга қарамади. Қабр оралаб ётқизилган тор йўлаклар бўйлаб қизининг бошига югурди, худди ҳашаматли қабртошидан сўнг уни қизи миннатдор кутиб оладигандай… Аммо қабр бошида савлат тўкиб турган қоратошдан бўлак ҳеч нарса ўзгармаган эди у ерда. Йиғлаб-йиғлаб Қуръон тиловат қилди, кўз ёшларидан нам бўлган кафтлари билан қоратошда жилмайиб турган суратнинг юзларини силади. Секин қабр бошидаги ёғоч ўриндиққа ўтирдию, дунёни унутди. Аёлининг аҳволидан диққат бўлган эри ниҳоят елкасига оҳиста туртиб, «Бўла қол, кетдик», деганида аллақачон уфқнинг ранги учган, қош қорая бошлаган эди. У яна бир марта тиловат қилиб, юзига фотиҳа тортди. Бор-йўғини бой берган бечорадек ўзини беҳол, бемадор ҳис қилди. Ўзига ишонмай, беихтиёр эрига қўл узатди. У ҳам бир сўз демасдан, билагидан ушлаб ўрнидан турғазди. Кетаётиб, ортига бурилиб, қизининг суратига қаради: «Яхши қол, қизим…» Унга қизининг кулиб турган кўзларида қандайдир қўрқув, ваҳима ҳисси қалқиб турганга ўхшаб кўринди. Тўхтаб, атрофга қаради. Арчалар соясида қолган қабристонга аллақачон қоронғулик чўккан эди. Асрдан буён тинмасдан чағиллаб ётган қушлар ҳам сукутга чўмган. Кимсасиз қабристон қандайдир ваҳимали бўлиб кўринди. Ана шу қўрқинчли борлиқ ичра кечаси ўз ҳовлисига чиқишдан ҳам қўрқадиган қизи қабртоши юзида кўзлари пирпираб ёлғиз қолаётган эди… Унинг юраги сесканиб кетди.
Шу кеча умуман ухлай олмади. Қоратошнинг юзига чизилгани шунчаки сурат эканлигига ҳеч ўзини ишонтира олмади. Ҳар кеча, қорда ҳам, ёмғирда ҳам, момоқалдироқ гулдираб, чақмоқ чаққанда ҳам кимсасиз қабристонда қизгинаси кўзларини жовдиратиб, ваҳима билан атрофга тикилиб туришини тасаввур қилиб, ўзини еб-ютиб қўйди. Энди бу тошни олиб, кўмиб ташласа, қизини қайта кўмгандек бўлади. Суратни қирдириб ташласа, яна қизининг жони озор топадигандек туюлади. Хуллас, шу ҳашамни ният қилган кунга минг-минг лаънатлар ўқиди.
Кейин эрини йўқотди… Эри шўрлик қизини жуда яхши кўрарди. Бир марта «оҳ-уф» демади, ҳеч кимга кўз ёшини кўрсатмади, аммо ич-ичидан куйиб, ўзини адойи тамом қилди.
Бу йўқотишларини Аллоҳдан кўрди. Тақдир-пешона, деди. Аммо навбатдаги йўқотишни кимдан кўрсин? Она ризолиги ва дуосидан шаҳардаги оҳанжама турмушни афзал кўрган ўғлининг худбинлигиданми? Аммо Фотима ўзини ҳам оқлай олмайди. Ўғли қанча ялиниб-ёлворди: «Онажон, шу ҳовлини сотиб, пулига шаҳардан бир уй олайлик. Мени қайнотамнинг уйига тиқилишга, ўшаларнинг олдида елка қисиб юришга мажбур қилманг. Қариган чоғингизда сизга ҳам шароит керак». У ўзини мажбурлай олмади. Онаси, эри, қизи шу ерда… Умри ўтган ҳовли-ҳарами, кўчалари, ўзанги йўлдош ёру биродарлари… Қандай ҳам ташлаб кетсин?! Одамзот ўн кун ётиб даволанган шифохонанинг ёнидан ўтаётиб, шу ерда нимасидир қолиб кетгандек беихтиёр ортига бурилиб қарайди. Бутун умри ўтган бу жойлардан кетар бўлса, қолган умри йўл қараб ўтса керак. Йў-ўқ, у кетмайди, кетолмайди.
Зийнатни ҳам ўғли юз марта Америкага таклиф қилди. «Ҳеч бўлмаса, бориб, бир кўриб келинг. Ёқса қоласиз, ёқмаса, яна уйингизга олиб келиб қўйиб кетаман», деб олиб ҳам кетди. Ўша ёқларда юриб ҳам, Фотимага ҳар оқшом қўнғироқ қиларди, ҳовлиқиб таассуротларини бўлишарди: «Зўўр!». У билан гаплашиб туриб, Фотиманинг юрагига ваҳима тушиб кетарди: «Наҳотки, у Америкада қолиб кетса?!» Аммо у икки ойда қайтиб келди. Келишидан уч кун аввал унга қўнғироқ қилди: «Мен қайтяпман. Ўғлим хафа бўлди. Мен унга, мени қариган чоғимда сарсон қилмагин. Қишлоқда яшасам ҳам, Америкада яшасам ҳам, менга тегишли нарса – битта каравот билан биттагина дераза, деразадан кўриниб турадиган бир парча осмон. Бир марта юртдан айрилиб кўрганман, энди бундай зулмни кўтара олмайман, дедим. Ўғлим барибир мени тушунмади. Лекин сен хафа бўлмагин, сенга ҳеч нарса ололмадим. Дўконларида шортик билан майкадан бошқа нарса йўқ. Сен шортик киймасанг… Ҳа, айтмоқчи, икковимизга бир хил қилиб олмос кўзли исирға олдим. Бирга-бирга тақиб юрамиз. Қилган бор-йўқ харидим шу бўлди». Ўшанда Фотима сўнгги икки ой ҳисобига биринчи марта ўпкасини тўлдириб нафас олди. Елкасидан юк ағдарилгандек енгил тортди.
Бугун Илёснинг уни ташлаб шаҳарга кўчиб кетаётганини айтса, «Ёшларнинг йўлига тўғоноқ бўлма», деб уришса ҳам, ич-ичидан эзилишини билади. Шунинг учун индамай қўя қолди. Беш-олти кун ўтиб уйига борса, ўзи кўради. Шуниси маъқул.
Келинига ҳам индамади. Фақат ҳар бирини не бир орзу-ҳавас билан қилган жиҳозларнинг бўлинишини кўрмаслик учун эмас, ўғил билан келиннинг бемалол, бехижолат, кўнгилларига нимани мулк қилган бўлишса, шуни юклаб кетаверишлари учун шароит яратиб бергиси келди. «Нимани хоҳлашса, олиб кетаверишсин, менга ҳеч нарса керак эмас!..» Шамолда саланглаб чайқалаётган дарахт шохларига қараб, ўз-ўзига гапирди, дувуллаб кўзларига ёш келди. Зийнат аллақачон пинакка кетгандир, келганидан бери тингани йўқ, ошхонасини чиқарган экан, чарчади шўрлик. Бутун борлиқ шамолнинг измида. Доим уни излаб юргувчи изтиробларга ўхшаб, ўзини тўрт томонга уриб, топа олмаганидан «дод» солади. У яна кўзларига эрк берди.
Фотиманинг қайсарлиги туфайли ўғил ичкуёвликни бўйнига олиб кўчиб кетмоқда. У онасидан қаттиқ ранжиган эди. Фотимани икки кун давомида бир марта ҳам изламади. Учинчи куни чошгоҳ пайти қўнғироқ қилди: «Онажон, биттагина дуоингизни биздан қизғонманг. Уйга келинг, биз кетяпмиз». Фотиманинг гўшакни тутган қўллари қалтираб кетди: «Хўп, болам. Ҳозир етиб бораман». Гўёки, улар ношукрлик қилиб, онани ёлғиз ташлаб кетаётган эмас, Фотима ота уйини сотиб, уларга эргашмаганлиги учун ичкуёв бўлишга мажбур бўлиб кетаётгандек, бир иддао бор эди ўғилнинг овозида.
Фотима келганида ҳамма нарса тахт, машина дарвоза олдида турар, ҳовли супурилиб, сувлар сепилган, гўё ҳамма нарсани чирпирак қилиб учирган кечаги шамол бу ҳовлида умуман бўлмагандек эди. «Ёшда… Супургини тўрт сермаса, ҳамма ёқ чиннидек ярақлаб қолади», ўйлади у. Илёс болалари билан кираверишдаги ёғоч супада уни кутиб ўтиришган экан. Набиралари югуриб келиб уни қучоқлаб олишди: «Моможон, биз кетяпмиз. Тошкентга кетяпмиз! Сиз ҳам биз билан юринг». Фотима уларни узоқ бағрига босиб турди. Бу болаларни ҳар куни мактабдан қайтгунларича соғиниб қолар эди… Энди қандай қилади?
Илёс ўрнидан туриб, унга салом берди. Сўнг ёнидан жой кўрсатди: «Келингчи, онажон». Шу орада келин ҳам келиб, уларнинг даврасига қўшилди.
– Қани, – кафтларини очди ўғли – бизга бир дуо беринг, онажон. Вақт кетяпти. Қоронғи тушмасдан етиб олайлик дегандим.
Фотима ҳам кафтларини очди. Унинг томоғига нимадир тиқилиб, димоғи ачишди. Бир муддат гапира олмай қолди, сўнг бир ютиниб, дуо берди:
– Йўлларинг бехатар бўлсин. Эсон-омон етиб олинглар.
Илёс чаққонлик билан ўрнидан турдида, унинг елкасидан олиб, юзларидан ўпди:
– Онажон, биз урушга кетаётганимиз йўқ. Фожиа ясаш умуман шарт эмас. Ўйлайманки, беш-олти кундан сўнг мени соғинмасангиз ҳам, набираларингизни соғиниб, изимиздан етиб борасиз.
Фотима нимтабассум билан ҳорғин бош ирғади:
– Қаерда бўлсанглар ҳам, Худо боқсин…
– Раҳмат.
Илёс шошиб машина томон юрди. «Бўл! Эй, тез!» деб болаларини ҳам шоширди. Фотима уларнинг ортидан изма-из юриб, дарвозадан чиққанида машина аллақачон ғириллаб, ўт олиб турарди. Ўғил машинани буриб олаётиб, унга қарамасдан хўшлашгандек бош силкиб қўйди. Фотиманинг кўксидан юраги узилиб тушгандек, ўзини тўкилиб кетаётгандек ҳис қилди, йиқилиб кетмаслик учун дарвоза олдидаги кекса тут дарахтига оҳистагина суянди. Дарахт танасидек қуруқ ва серажин қўлларини юзига босди: «Эй карами кенг Аллоҳ, мен ранжисам ҳам, сен ранжимагин боламдан. Йўлларини бехатар қилгин. Бошларида ўзинг паноҳ бўл».
Сўнг машина оёқларидан кўтарилган чанг секин-аста босилаётган кўчага бироз термилиб турдида, судралиб ҳовлига кирди. Яқиндагина сув сепиб, супурилган саришта ҳовлиси ҳувуллаб қолганди. Судралиб ошхонага кирди. Димоғига янги пишган таомнинг тотли ҳиди урилди. Беихтиёр газ ўчоқ устида турган қозончанинг қопқоғини кўтариб кўрди. Овқатнинг таги яқиндагина ўчирилган, шекилли, қозон иссиққина эди. Қозонни яримлатиб турган таомнинг масаллиқлари сувига сиғмасдан овқатнинг юзини тўлдириб турарди. Фотима овқатга қараб, беихтиёр ютинди. Токчадан коса билан қошиқ олиб, овқат сузди. Хона ўртасидаги хонтахта ёнига ўтириб, овқатлана бошлади. Азалдан шундай одати бор, кайфияти бузилганда, иштаҳаси очилиб кетади. Таом жуда мазали бўлган эди. Ўзининг қозон-ўчоққа уринмаганига кўп йиллар бўлиб кетган. Энди… келин йўқ, ҳаммасини ўзи қилиши керак.
Келин ҳамиша ишга кетишдан олдин кечки овқатни тайёрлаб кетар, лекин у ҳеч қачон ёлғиз овқатланмас, ўғлини, набираларини кутиб ўтирарди. Бугун… ошхонанинг очиқ қолган эшигига қараб, беихтиёр қароқлари намланди. Оғзига олган луқмани зўрға ютди. Энди у ёлғиз овқатланади, ҳар кун, ҳар доим… Ҳар қанча кутмасин, на ўғли, на набираларининг бу эшикдан кириб, унга ҳамтовоқ бўлишлари кўп қийин.
Ўғли «кўчамиз»га тушгандан буён онасини ташлаб, тенгдошлари билан Бухорога кетган ёлғиз ўғил ҳақидаги ривоят қайта-қайта ёдига тушади. Ўғил онасига «Ҳамма жўраларим илм олиш учун Бухоройи шарифга кетишяпти. Улар ҳали замон Ҳофизи Қуръон бўлиб қайтишади. Мен эса саводсиз бўлиб қоламан», дея ялиниб-ёлвориб рухсат олади, йўлда бир жойга етиб, таҳорат олаётганда устига нажосат тегиб, шусиз ҳам хижил бўлиб турган кўнглини хит қилади. Кейин у йўлдошларига «Кечирасизлар, мен изимга қайтмасам бўлмайди. Кекса ва ёлғиз онамнинг якка ўзини ташлаб қайтгандим. Бу ишим Худога маъқул келмаяпти, шекилли. Устимга нажосат юқди, балки нотўғри йўлдалигим ишоратдир», деб ортига қайтади.
Шўрлик онаизор ўғлини кузатиш учун кўчага чиққанича уйга қайтиб кирмасдан дарвоза олдидаги катта тош устида ўтириб, ўғли кетган томондан келаётган ҳар бир одамдан «Ўғлимни кўрмадингизми?», деб сўраб ўтираверибди. Ўғил уйига етиб келганида тун ярим бўлган эди, дарвоза олдидаги тош устида оқиш шарпага қараб ҳайрон бўлибди. Шарпа эса уни кўриб, тилга кирибди: «Ҳай, яхши одам! Менинг ўғлимни кўрмадингизми?» Ўғил онасини шунчалар изтиробга солганлиги учун қайта-қайта узр сўрайди ва онасини ташлаб, ҳеч қачон ҳеч қаерга кетмаслигини айтади. Тонг пайти йигитнинг тушига Хизр алайҳиссалом киради: «Она ризолиги учун йўлдан қайтган ўғлон сенмисан? Аллоҳ таолонинг изни билан энди мен сенга сабоқ бераман», дейди. Йигит Хизр алайҳиссаломдан ўн икки йил илм ўрганади ва Аллоҳнинг олдида мартабаси ошиб, илмли инсон бўлиб етишади.
Фотима ошхонада ўтириб, яна шу ривоятни эслади, кўзлари жиққа ёшга тўлди: «Ҳаа, уларнинг вазияти бутунлай бошқача. Унинг ўғли ривоятдагидек илм истаб, вақтинчалик сафарга кетгани йўқ, яхши шароит излаб, жонига роҳат-фароғат излаб, бир умрга кетди. Ўзи ҳам ривоятдагидек ярим тунгача кўчада ўтган-қайтгандан ўғлини сўроқлаб ўтиргани йўқ, мана, ичкарига кириб, қорин ғамини еб ўтирибди».
Фотима аслида ўғли билан баб-баравар ўзини ҳам ёзғириб ўтирган бўлсада, айни дамда аҳволи ярим тунгача тош устида ўтирган ўша муштипар онанинг аҳволидан тузук эмас эди. Овқатланиб бўлгач, савқи табиий одат юзасидан дастурхонини йиғиштириб, косасини ювиб қўйди. Сўнг судралиб ичкарилади, ҳамма хонага бир-бир бош суқди. Худди кимдир уни деб, уни ёлғиз қолдиргиси келмай, уйнинг бир бурчагига яшириниб қолиб кетгандек… Ҳамма хонага бирма-бир кириб чиқди. Аммо уйда ҳеч ким йўқ эди. Улар уйни гўё ҳеч нарса олинмагандек қолдиришга анча уринишган, шекилли. Лекин бир эмас, тўрт кишига зарур ашё чиққан уйда бунга эришиш мумкин эмас эди, албатта. Эр-хотиннинг, болаларнинг хоналари буткул яланғочланган, меҳмонхонадаги идишлари… Хуллас, бир рўзғордан иккинчи бир рўзғор чиққани шундайгина сезилиб турарди.
Фотима энг охирида шарпадек судралиб, ўзининг хонасига кирди, албатта, бу хонадан ҳеч нарса олинмаган, ҳеч нарса ўзгармаган. Фақат жуда ҳафсала билан йиғиштирилган. «Ҳа, келин роса кўнглимни олишга ҳаракат қилибди… Ёки рўзғордаги ўрнимни билиб қўйинг, қадримга етмасдингиз, демоқчи бўлганми бу ҳаракатлар билан… Балки раҳми келгандир, бечора куч-қувватдан қолган кекса аёл, охирги марта йиғиштириб кетайин, кейин кунини кўраверади, дегандир. Нима бўлганда ҳам кўксимдаги жон томиримни юлиб кетди. Писмиқ… Шайтоннинг урғочиси!..»
Илгари «кўча кўрмагангинасидан келин қил», дейишарди. Унинг келини эса шаҳар кўрган қиз. У қаттиқ адашди. Китоб кўрган одамларнинг боласи диёнатли бўлади, деган эди. Келин эса шаҳарни, шаҳарда қолган онасини, опа-сингилларини қумсади, бу уйга ҳеч меҳр қўймади, истамади, ўғлини ҳам йўлдан урди. Тоғагинасининг қизини олиб қўйганда, ўғлига ҳам, ўзига ҳам авлиёга сиғингандек сиғиниб, бор шароитдан миннатдор бўлиб, шукур қилиб яшарди.
Лекин ўғли ҳам… Ношукрлик қилди. Номардлик қилди. Онасини ўйламади. Ўзи эса… Уларга эргашиб кета олмади. Ўғли «Онажон, одамзот ўтмиш билан эмас, бугуни билан яшаши керак. Шу ҳовлида эмас, қабристонга бориб ётсангиз ҳам, энди қиёматгача отам билан опамни кўра олмайсиз. У дунёда эса биримиз қишлоқда, биримиз шаҳарда бош кўтармаймиз, у жойда шаҳар-қишлоқ деган гап йўқ, чегара деган нарсалар йўқ, она, ҳаммамиз бир жойда бўламиз, Худо хоҳласа», деб қанча жиғибийрон бўлди. Бу эса ҳамиша қўл силтади: «Сен кетавер, мендан алағда бўлма». Мана, ке-э-этди…
* * *
Ўша куни ҳар қанча ҳаракат қилишса ҳам, чошгоҳгача йиғиштириб улгурисмади. Бунинг устига онасини озроқ кутишга тўғри келди. Йўл-йўлакай таниш устага машинасини кўрсатди, ҳарқалай узоқ йўл. Устанинг ҳам иши кўп экан. У ёқ бу ёғини кўрган бўлди, «Ёғи камайибди, бира-тўла фильтрини алмаштирайин» деб, фильтрни алмаштириб, ёғ қуйди. Сўнг қоп-қора дастпанжаларини ёғ юқи ўрнаб кетган латтага артиб, «оқ йўл» тиладида, яна чала қолдирган ишига уннаб кетди. Улар «Пачкамар»га бориб, овқатланиш учун тўхташди. Илёснинг болаликдан ҳамма нарсадан тез зерикадиган одати бор, ишидан ҳам, шароитидан ҳам, ҳатто атрофидаги одамлардан ҳам. Йўлга чиқишни, янги танишувларни, саргузаштларни яхши кўради. Институтни битириб, иш бошлашни роса орзиқиб кутган эди. Аммо мактабдан жуда тез зерикди. Атрофи тўла ғийбатчи аёллар, майда-чуйда гап. Турганни ҳам гапиришади, юрганни ҳам… Директор хонимнинг югур-югури сира тугамади: «Илёсжон, юринг, сизга бир иш бор», «Илёсжон, бир ҳокимиятга бориб келсангиз, хафа бўлманг яна, ишонганим, ўзимга яқин олганим учун сизга буюраман», хуллас, у директорнинг норасмий ҳайдовчисига айланган эди. Отасининг эскироқ машинасини ҳеч тиндирмади. У аввалига эртаю кеч директорнинг ёнида бўлганидан суюниб-фахрланиб юрди, аммо боши-адоғи йўқ бир хил машғулот уни тезда зериктирди. Бора-бора директорнинг топшириқларини юзинг-кўзинг демай, рад қиладиган бўлди. Ишидан бирон камчилик топсалар, директорга югурдаклик қилмаганим учун сиқишяпти, деган хаёлда асабийлашадиган бўлди. Шундай қилиб мактаб унинг учун фақат асабини бузадиган азоб-уқубат масканига айланди. Кейин коллежга ўтди. Коллеждан ҳам тез зерикди. Агар Тошкентга жўнаса ҳам, коллеждан аллақачон кетиши керак эди. Аммо ён-атрофда тўртта коллеж, тўртта мактаб, тўртта боғчадан бошқа ҳеч қандай ташкилот йўқ, ҳамма рўзғор тебратиш учун шуларга ёпишган. Коллежда ишламаса, бошқа иш топиши душвор эди. Шу боис онаси қовоқ-тумшуғини осиб олган бўлсада, йўлга чиқишаётганлиги учун ич-ичидан хурсанд, куйди-пишди онаси Илёс ва набираларсиз бу катта ҳовлида узоқ вақт ёлғиз қолиб кетмаслигига ишончи комил эди. Жўрттага ўзини онасидан гинадордек тутди, муштипарининг афтода ҳолатини кўриб туриб, кўрмасликка олди. Аммо кўнглининг туб-тубида чўкиб ётган хижилликка ўхшаш бир туйғуга эътибор бермасликка ҳар қанча уринса ҳам, бунинг ҳеч иложини топа олмас, тўғрисини айтганда, дунёнинг юзига парда тортилгандек кўз олдида бир хиралик соя солиб турарди.
Улар машиналарини тўхтатган жойдаги бўш столларнинг бирига ўтиришди. Йўл анчагина толиқтирган, қоринлари очиб кетган эди. Илёс тез-тез овқатланиб, нафси ором топгач, болаларининг овқатланишини бироз томоша қилди, сўнг ён-атрофини кузатаётиб, беихтиёр машинасининг тагидаги қорамтир доғга кўзи тушди. Ўрнидан туриб, машина ёнига борди, эгилиб машинанинг остига қаради, энгашган пайти доғ устига яна бир томчи қорамтир суюқлик томганини кўрди. Шошиб машинани орқага ҳайдаб, доғга яхшилаб қаради, битта бармоғини тегизиб, ҳидлаб ҳам кўрди. Унинг ёғ эканлигига амин бўлгач, капотни очиб, ёғнинг миқдорини кўрсатадиган симни тортиб кўрди. Узун темир симнинг учгинасида ёғ йилтиллаб турарди, холос. Бир четда турган латта билан симни артиб, яна ёғ миқдорини текширди. Яна ўша ҳолат. У ҳайрон бўлди, ахир, йўлга чиққунларича фильтр билан ёғини алмаштирган эдику. Ташвишланиб, шу ерда юрган хизматчи йигитлардан, яқин ўртада ёғ алмаштириш мумкин бўлган бирон устахона бор-йўқлигини суриштирди. Бири елка қисди, бирови «Энди Қаршига бормасангиз…», деди, яна бирови «Довонда ҳам бор, лекин кун ботиб бораяпти, тезроқ ҳаракат қилмасангиз ёпиб кетишади», деди. Аммо ўлчагичнинг учида йилтиллаб турган ёғ билан довонга чиқиш ақлдан эмас эди. Унинг ташвишланиб қолганини кўрган хизматчи йигитлардан бири оҳиста енгидан тортди: «Ака, хўжайин тандир-ўчоққа тутантириқ учун устахоналардан ишлатилган ёғлардан олиб келиб қўядилар. Агар рухсат сўрасангиз, шундан озроқ беришимиз мумкин. Бутунлай ёғсиз юриб, моторни эритиб қўйгунча, ҳарқалай ишлатилган бўлса ҳам ёғда». «Хўжайин» роса зиқна одам экан, ўзини тарозига солиб, тракторнинг ёғига ўхшаш ишлатилган қоп-қора ёғни янги ёғдан ҳам қимматроқ нархда сотди. «Ихтиёр сизда. Бизга ҳам шу нархда олиб келиб беришади. Сизга раҳмим келганидан бераяпман, машинаси эриб кетмасин, деб. Бўлмаса турган нарса эди…» Илёс айни пайтда бу одамни бўғиб қўйишга тайёр эди, катта шаҳарга ҳисобли пул билан йўлга чиққан, қайнотаси «Ҳа-ҳув» деб турган бўлсада, қачон ишга жойлашадию, қачон қўлига маош тегади номаълум. Бу ёғи онаси ҳам ҳовлини сотиб, бирга юра қолмади. Онаси бирга бўлганида ишга жойлашгунича, унинг нафақаси билан амаллаб кун кечириб туришарди. Энди бўлса, тупуклаб юз марта санаб, чўнтагининг тубига солиб қўйган пули ҳеч режада бўлмаган нарсаларга ишлатилиб кетмоқда. «Ҳали устахонага боришгач, яна чиқим бўлади. Уфф!..»
Аммо устахона ёпилиб бўлган экан. Тўхтаб машинанинг ёғини ўлчаб кўриб, кайфияти баттар бузилди: ёғ яна камайиб кетган, кун эса ботиб борарди. Йўл четидаги устахоналарнинг биридан тракторга қуйиладиган ёғ олиб, қуйиб олди. Уста йигит Самарқандда кеча-кундуз ишлайдиган эҳтиёт қисмлари сотиладиган «24 соат» деган икки қаватли дўкон борлигини айтди. Аммо бу дўкондан ҳам қоровулдан бошқа ҳеч кимни топа олишмади. Қоровул қўшни кўчада яхши бир уста борлигини, унча-мунча эҳтиёт қисмлар ўша устанинг ўзидан топилиши айтди. Устанинг уйини бир амаллаб топишди. Уста машинани чуқурга ҳайдатиб, фильтрни ечиб кўрдида, «Қандай аҳмоқ бу фильтрни қўйган, бу бутунлай бошқа машинаникику. Яхши қотира олмагани учун ёғ оқиб кетаверган», деди. «Энди бориб, бояги дўкондан фильтр олиб келинг. Ёғ ўзимда бор. Шу билан муаммоларингиз ҳал бўлади», деди. Илёс иккиланиб қолди, пиёда борса, дўконгача анча йўл, вақт ярим тундан ошган, бегона жой. Машинани бу аҳволда ҳайдаб бўлмайди… Уста унинг кўнглидан кечаётганларини тушунди, шекилли, «Ака, бу бўлмайдиган иш эмас, сизлар ичкарига кириб, бироз мизғиб олинглар. Ҳали замон тонг отади. Эрталаб машинани тузатиб, бемалол йўлга чиқасиз. Жуда чарчаганингиз кўриниб турибди, бу аҳволда кечаси машина бошқариш дуруст эмас. Олдинда қанча паст-баланд йўллар бор», деб қолди. Болалар аллақачон машинада ухлаб қолишган эди. Савол назари билан хотинига қаради. У эса елка қисди. Ўзининг бўлса «Ҳа» демоққа ҳоли йўқ, асаблари бузилган, жуда чарчаган эди…
Уста уларни дарвоза олдидаги чоққина хонага киргизди, у ерда тўрдаги кичкина телевизору, тахмонда турган тўртта кўрпадан бўлак ҳеч қандай жиҳоз йўқ эди. Уй эгаси, «Янгангизни безовта қилиб ўтирмайлик. Келин жой ташлаб ола қолсин», деб чиқиб кетди. Илёс ҳар қанча толиққан бўлсада, негадир ухлай олмади. Кўзларини катта-катта очганча пишиллаб ухлаётган хотини ва болаларига қараб ётаверди, ҳар замонда деразадан ой шуъласида оқариб турган машинасига ҳам қараб-қараб қўярди. Тонгга яқин кўзи илинган экан, хотини туртиб уйғотди. «Туринг энди, машинани тузатиб йўлга чиқа қолайлик. Онам билан дадам ҳам хавотир олиб ўтиришгандир. Бу ерларда антенна йўқ эканми, ҳеч телефон қила олмадим». Унинг бутун аъзойи баданини ёқимсиз лоҳаслик эгаллаб олганди. Кўзини йиртгандек очиб, зўрға ўрнидан турди. Уста дўкондан керакли нарсаларни келтириб қўйган экан, у юз-қўлини ювгунча, фильтрни қўйиб, ёғ қуйиб берди. Уларнинг отланаётганини кўрган уста, «Бир пиёла чой ичиб кетинглар», деб манзират ҳам қилди. Аммо чойга ўтирадиган кайфиятда эмас эдилар, раҳмат айтиб, уста билан ҳисоб-китоб қилдида, йўлга тушишди. Гўё энди ҳамма муаммолар ечимини топгандек эди, таҳликали тун ортда қолди, қаршиларида офтоб майингина нур таратмоқда, ҳамма ёқ ёп-ёруғ, ҳадемай бир умрлик орзуси бўлган азим шаҳарга кириб боришади, лекин Илёснинг кўнгли ҳеч ёришай, демасди.
– Энди чойни Тошкентга бориб ичамиз, – деди минғирлаб худди ўзига гапираётгандек. – Кутилмаган харажатлар кўпайиб кетди.
Ҳамманинг қорни оч бўлса ҳам, унга ҳеч ким эътироз билдирмади: «Тезроқ етиб олишса бўлди».
Қайнонаси уларни бир аҳволда кутиб олди: «Шундай ҳам қиласизларми? Кечаси билан киприк қоққаним йўқ. Кўнглим қаерларга бориб келмади. Бир оғиз телефон қилиб қўйсанглар бўлмайдими?» Илёс индамади, аёлининг ҳам узоқ изоҳ бериб ўтиришга ҳоли йўқ эди. Қайнона ёрдамчи чақирганми, юборилган жиҳозларни икки кунда жойлаштириб, уйни кириб дам олса бўладиган ҳолатга келтириб қўйган эди.
– Овқат тайёр, кеча қайнатма осиб қўйгандим, қайта-қайта қайнайвериб, гўштлари ҳил-ҳил бўлиб кетди. Бир ювиниб, уст-бошларингни алмаштириб чиқсанглар, иссиққина ичиб олардинглар.
Илёс тоза кийимларини олиб, ювинишга кириб кетди. Илиққина сув толиққан вужудига хуш ёқди. Сувнинг тагидан чиққиси келмай анча қолиб кетди. Кийинаётиб беихтиёр машинага қўйган пуллари ёдига тушди: «Шуни олиб қўйишим керак. Биров-ярим машинага кириб қолса, бор-йўғимиздан ажралиб, бегона шаҳарда бир сўмсиз қолиб кетмайлик яна». Ҳаммомдан чиқиб, тўғри ташқарига йўл олди. Пул машинада йўқ эди. «Хотин олиб қўйибдида», деган хаёлга борган бўлсада, негадир кўнглига нотинчлик оралади. Ичкарига кириб, ҳаммомнинг эшигини қоқди: «Манзура, бардачокдаги пулни уйга олиб кирдингми?» Ичкаридаги сувнинг овози пасайиб, хотинининг хавотирли овози эшитилди: «Қандай пул? Мен ҳеч қандай пулни кўрганим йўқ». Илёснинг жони чиқиб кетгандек бўлди: «Қандай пул бўларди? Бардачокка қўйилган пулда. Ҳамма пулимиз!». Хотин бир зум жим қолди, сувнинг овози ҳам батамом тинди: «Бу нима деганингиз? Қўйган жойингизни яхшилаб қарадингизми?»
«Э-э!..», Илёс қўл силтаб, яна ташқарига чиқиб кетди. Эр-хотин рўзғордан қисиб-қимтиб анчадан буён йиғиб қўйган пулларини кетиш олдидан йириклатиб, йўлга чиқиш чоғи ўз қўли билан машинанинг олд қутичасига солиб қўйган эди. Мана энди!.. У машинанинг ичига кириб, қутичадаги ҳамма нарсани чиқариб ташлаб, бир бошдан кўриб чиқди. Пул солинган салафон халтаси билан йўқ эди. Унинг оғзи қуриб, танглайи қотиб қолди. Энди уйга киришга мажоли йўқ. Оғир судралиб, кираверишдаги узун ўриндиққа ўтирди. Бирпасда ичкаридан бошига пахмоқ сочиқ ўраб олган хотини чиқиб келди: «Ҳа, нима бўлди? Рангингиз оқариб кетибди, топилмадими?». У ҳорғин бош чайқади: «Йўқ». Манзуранинг ҳам ранги оқариб кетди: «Воой, ким олган бўлиши мумкин?» Илёс унга қарамасдан жавоб қайтарди: «Ёғ қуйдирамиз деб, неча кишини машинага айлантирдик. Қайси бири ҳалоллаб кетганини қаердан биламиз энди?» Улар анча вақт жим қолишди. Қишлоқда пульсиз қолишса ҳам, бир-икки ой бемалол яшашлари мумкин, ишга пиёда боришса, бир халта унни дўкондан қарз олиб туришса ҳам бўлади, картошка-пиёз, гўшт ҳам шундай – ҳамма таниш. Бу ерда кимдан қарз сўрашади? Пул топиб келай деб, ишга бориш учун ҳам йўлкира керак. Ҳали ўша ишни топиш керак. Аммо пульсиз бир қадам ташлашнинг иложи йўқ.
Кечга яқин қайнотаси келди. Пул йўқотишганлиги ҳақидаги совуқ хабарни у аллақачон эшитган экан. Бу хабар малол келганини яшириб ҳам ўтирмади: «Э, қанақа одамсилар ўзи? Йўлга чиқишдан олдин машинани ишончлироқ устага кўрсатмайсиларми? Ҳа, шундай бўпти, майли, шунча катта пулни ҳам бардачокка солиб қўядими одам? Юзага пул қўйган экансилар, биров-ярим машинага айланганда, ўша пулдан бохабар бўлиб турмайсиларми? Одам ҳам шундай ландавур бўладими? Оғзидаги ошини олдириб, шалпайиб юрганнинг шаҳарда яшаши осон эмас». Илёснинг ранги оқариб кетди. Қайнотасининг гапи шусиз ҳам мунғайиб турган кўнглини тилка-пора қилиб ташлади. Шартта ўрнидан туриб, «Рост айтасиз, менга ўхшаганлар шаҳарда яшай олмаслиги аниқ», деб елкасига костюмини илганча чиқиб кетгиси келди. Бир амаллаб ўзини босди. Аммо қайнотасининг олдида ортиқ ўтира олмади. Бир сўз демай ўрнидан туриб кетди. У азалдан қанча жиззаки бўлса, шунча иродасиз эди. Унинг сумалак мисол синиб, парчаланиб кетиши учун жуда кўп нарса керак эмас. Катта шаҳарда ҳали ишга жойлашмасдан пульсиз қолиб, ўзича орқа қилиб келган, ягона суянчиғи ҳисоблаган қайнотадан гап эшитишку, катта фожиа эди унинг учун. «Аҳмоқ, келиб-келиб хотиннинг уруғига суянаманми? Ундан кўра, ўша қишлоқда қишда музлаб, ёзда терлаб, ириб-чириб юраверсам бўлмасмиди? Мол боқсаям куни ўтарди. Бу эса орзуларга берилди. Ўзича фан доктори бўлиб, профессорлик портфелини кўтарди. Ҳе-э!..» Дераза олдида туриб, кўчани кузатди. Одамлар тинмай у ёқдан бу ёққа юради, ҳамма қандайдир хаёлга берилган, ташвишли, бир-бирига бепарво кўринди кўзига. Қишлоқда биров ташвишли кўринса, ҳеч бўлмаса аҳвол сўрашади: «Нима бўлди? Тинчмисиз?» деб. Оёқлари толиб энди каравотга чўзилган эди, хотини кирди: «Сизни отам чақиряпти». У минг малол билан, бор заҳар-заққумини ичига ютиб ўрнидан турди. Меҳмонхонанинг остонасида туриб, қайнотага савол назарида қаради. Қайнота ҳам ошиқча гапириб юборганини тушунган шекилли, Илёсни ёнига чақирди:
– Қани, мундай келингчи, Илёсбой. Ҳа, дуруст. Лекин сиз сал нарсага бундай аразлашни йиғиштиринг. Нимага гапирдим? Сизни болам ўрнида кўрганим учун, ичим ачигани учун гапирдимку.
– Энди… Мен ҳам бир амаллаб йиққан пулимдан айрилайин деб йўқотганим йўқку. Биров «ма, ол» деб қўш қўллаб бериб турган пулдан кўра ўзимнинг пулимни чўнтакдан олиб ишлатганим яхшимасмиди?
Қайнота унинг елкасига қоқди:
– Майли, ўғлим. Кетган молга ачинманг. Ҳали бу ўртада сиздан бой одам бўлмайди. Унгача мана биз бор, ўзимиз қарашиб турамиз. Хў-ўш, эртага эрталаб менинг ёнимга ўтасиз. Биргаликда ректорнинг ёнига кирамиз. Гаплашиб қўйилган. Бир кўришиб, танишиб чиқасиз.
Ўртадаги ғубор тарқагандек бўлса ҳам, Илёснинг кўнглида зилдай оғир бир тош қолди. Кимсасиз дашту биёбонда ёлғиз қолиб кетгандек абгор ҳис қилди ўзини. Отаси, опаси бевақт ўлиб кетишганини ўкинч билан эслади. Улар ҳаёт бўлишганда уни ҳеч қачон қайнотанинг ёрдамига муҳтож қилиб қўймас эди. Отаси жуда ғайратли инсон эди. Онасининг ҳам қўлидан келмайдиган иш йўқ. Шаҳарга интилиш табиий ҳолат эканлигини ҳам тушунади. Агар отаси билан опаси ҳаёт бўлганида онасининг ўзи кўчмаса ҳам, унинг олдига тушиб, шаҳарга жойлаштириб кетган бўларди. Ҳозир гўдакларча қайсарлик қилиб, отанг билан опангни ташлаб кета олмайман, деб оёғини тираб туриб олган. Бу қайсарлик унинг бутун онгини шунчалик қамраб олганки, ёлғиз ўғлини қайнотанинг қўлига муҳтож қилиб қўяётганлигини ҳам ўйламаяпти.
* * *
Ўша йили қиш эрта келди. Фотима биринчи қор ёққан кеча ғалати тушь кўрди. Эмишки, унинг уйи бир тепаликда жойлашган, атроф оппоқ қор эмиш, уйдан кўчага олиб чиқадиган ягона йўлни қор қоплагани етмагандек, қандайдир бульдозер келиб, ён-атрофдаги қорларни ҳам суриб, унинг ҳовлиси атрофига уйиб ташлаётганмиш. У эса остонада йўл ахтариб ҳайрон турармиш. Эрталаб туриб қараса, ҳақиқатан ҳам, остонасида оёқ босгудек жой йўқ, ҳамма жой оппоқ қор, ҳатто эшик олдида турадиган ковуши ҳам қорга кўмилиб қолган эди. Қорга қараб, беихтиёр кўрган тушини эслади. Ич-ичида қайсарлик ҳиссини туйди. Ичкарига қайтиб, қалин кийимларини кийиб чиқди. Қўнжи баланд этигини ҳам унутмади, бостирма тагидан белкуракни олиб, қор курашга тушиб кетди. Қор тўхтамай ёғаётган бўлсада, бир соатлардан сўнг ҳовлининг юзи очилиб қолди.
Қор тинимсиз ўн кун ёғди. Фотима ҳали хурмо, анорларини узмаган эди. Ҳаммасини совуқ уриб кетди. Бурушиб қолган хурмоларга, тарс-тарс ёрилиб, аёздан қорайиб кетган анорларга қараб, ичи ачишди. Набиралари уйда бўлганда, шунча ризқ ҳеч қачон увол бўлиб қолмасди. Ейишарди, ортганини болаларга тердириб, қишга ғамлаб қўйишарди, баъзан бозорчилар олиб кетишарди. Бу йил, аввалига набираларим келиб қолар, дарахтнинг ўзидан узиб ейишнинг гашти ўзгача, деб набираларини кутди, улар келавермагач, кўнгли ўксиди. Сотиш нари турсин, уч-тўрттани ўзи учун ҳам узиб қўймади. Энди эса бутоқларда қолиб кетган шунча ризққа қараб, аразкашлигидан надомат чекиб ўтирибди. Лекин у қор билан мардларча курашди. Остонадан дарвозагача, бу ёғи бостирмагача кунига икки маҳал кураб ташлайверди. Куралган қорлар худди тушида кўргандек тоғ бўлиб уйилиб кетди, фақат йўлида эмас, дов-дарахтларнинг тагига йиғилди.
Эрта келган қиш Наврўзгача чўзилди. Йилт этиб чиққан қуёшни кўриб, январдаёқ гуллаб юборадиган бодомлар ҳам анча кеч гулга кирди. Аммо кейин кунлар бирдан юмшаб қолди. Фотима не бир ҳаваслар билан ҳовлисидаги мўъжазгина боғга ҳар дарахт туридан икки тупдан ўтқазганди. Улар ҳам қишдан соғ-омон чиқиб олган бекаларини қутлаб, бирин-кетин гулга бурканди. Аввал бодомлари, сўнг нок, ўрик ва шафтолилар, кейин эртапишар олмалари, кейин кузги олмалар, беҳилари… Хуллас, уларга қараб, Фотима чуқур хўрсиниб қўярди баъзан: «Ҳа, ҳаёт давом этяпти. Сен нима деб ўйлагандинг? Ўғлим кетса, ҳаёт тўхтаб қолади, мен яшай олмайман, деб ўйлаганмидинг? Шундай меҳрибон қизинг ўлиб кетди, ўлмадинг, ўлолмадинг. Эринг ўлди, сен йиғлаб-сиқтаб юрсанг ҳам, иссиқ ошингни ичдинг, совуқ нонингни единг, тирик одам тирикчилигингни қилавердинг. Ўғлингку, худога шукр, катта шаҳарда, бой қайнотанинг соясида соппа-соғ юрибди. Ҳа, сен ёлғизликдан қўрққандинг. Бунга ҳам кўникдинг. Кўникмай нима ҳам қилардинг, бу ўзинг танлаган қисмат эмасми ахир? Ёлғизгина ўғлингни бир чақасиз бегона шаҳарга жўнатдинг. Сўнг ундан хафа бўлдинг. Лекин ундан ўпка-гина қилишга ҳаққинг борми сенинг?»
Ҳаа, бирга кетиши керак эди, ўғлини жуда яхши кўрарди, эри ва қизидан кейин бу ёруғ оламини ёритиб турган ягона шамчироғи шу ўғли эди. Аммо у кетмади, кета олмади. Ўғлининг шаҳарга интилишини айбламагани баробарида, ичидаги гинагами, норозиликками ўхшаш бир нарса унинг изидан боришга, ҳеч бўлмаса қўнғироқ қилишга ҳам изн бермайди. Бўғзига тошдек бўлиб тиқилиб, на нари, на бери келгувчи соғинч баъзан кўзларидан жола бўлиб тўкилади… Шундай пайтда эшик-деразалари ичкарида бўлган қоронғи хонага кириб бўкириб-бўкириб йиғлаб олади. Бироз енгил тортиб, ўтирадиган хонасига чиққанда, биринчи бўлиб телефонга қарайди. Лекин телефон қилмайди: «Ўзи изламаяптику». Билади, катта шаҳарнинг ташвишлари ҳам кўп. Янги иш. Илмий ишини ҳам бошлаб юборгандир. Бу ёғи эрка хотинию қайнопаю, қайнсингилнинг ташвишлари ҳам бечора бўшанг боламнинг бошидадир… Уларнинг орзу-ҳаваси ҳеч битмайди. Борадиган жойлари бўлмаса, бирон ресторанда чой ташкил қилишади. Бир-бирини йўқлайди. Хуллас, уйларида тинчгина ўтира олишмайди. Юриб, пул сарфлаб туришмаса, ҳисобмас. Бўш-баёв Илёс уларга текин шофёр бўлиб қолгандир. Оталари уй бериб қўйибди, ишга жойлаб қўйган. Қизларининг хизматини қилмай иложи борми? Шуларни ҳисоб-китоб қила туриб ҳам Фотиманинг кўнгли юмшамайди: «У мени тушунмади. Икки фарзанднинг бири бўлса ҳам, отаси ҳаёт бўлганида ҳам майли эди. У ўзининг ҳою ҳавасларини мендан яхши кўрди, менга нисбатан бешафқатлик қилди».
* * *
Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайт Сабоҳат ҳамиша момонинг назоратида бўларди. Момоси ҳамма ишини қўйиб, фақат шунинг томоғини парваришлаш билан банд бўларди. Шу қиз учун ҳар йили ҳовлида сумалак қайнатилар, сўнг Сабоҳат ейди, деб анча-мунчаси банкаларга солиниб, совуткичга тиқиб ташланарди. Ҳали кўк сомса, ҳали кўк чучвара, асал, ёнғоқ, сояки майиз… Момо «Манавини емапсанку», деб доим унинг изидан юрарди. Ҳеч қачон у билан на отанинг, на онанинг иши бўлмаган, ётиб қолса, дўхтир чақириб, дори ташиган, бошида туриб, муолажа қилган ҳам шу момо эди. Ота-она боласи қачон оғриди, қандай дори ичиб, қачон тузалди, билмай ҳам қоларди. Шаҳарга кўчиб келишган йили Сабоҳат қишнинг адоғида қаттиқ шамоллаб қолди, аслида бутун оила шамоллаганди, ҳамма беш-олти кун ётиб, енгил-елпи муолажа билан туриб кетди. Сабоҳат эса ётиб қолди. Туни билан йўталиб чиқар, у йўталганда уйнинг бетон деворлари зириллаб кетгандек бўлар, деярли ҳеч нарса емас, бора-бора кундузлари ҳам ўрнидан турмай ётадиган бўлиб қолди. Кечалари йўтала-йўтала бўғилиб қолган дамлар Илёс ётоғидан чиқиб, қизининг бошига келар, уйқусини очолмасдан бўғилиб йўталаётган қизига қараб, юраклари ачишиб кетар, ошхонадан иссиқ сув олиб келиб, йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олганча, сувни қизининг оғзига тутар, йўтал эса шунда ҳам тўхтамас, у иложсиз каравотга ўтириб, қизини бағрига босар, шу билан қизалоқнинг дардини енгиллатишга уринар эди. Аммо қизгина кўзларини ҳам очмасдан бўғриққанча қув-қув йўталаверарди. Шундай пайтлар Илёснинг ёдига онаси тушарди. Сабоҳат бошдан жуда нимжон бўлиб улғайди, тез-тез шамоллаб қолар, ҳамиша қийин тузаларди. Илгари шамоллаб, йўталиб қолса, тунлари Илёс боласига ичи ачишса ҳам ўз хонасида индамай ётаверарди. Чунки унда онаси бор эди. Хотини учун эри оворагарчиликдан эринмай, болаларини донғи кетган дўхтирларга олиб борса, пулига қизғанмасдан қиммат-қиммат дориларни олиб келиб берса, бўлди. Бола бу дориларни ичяптими-йўқми, улар ўзи қандай дори экан, қандай фойда-зиёни бор, бу билан қизиқиб ҳам ўтирмасди. Баъзан Илёс жиғибийрон бўлиб, хотинини уришиб ташларди: «Ҳей, онасанку сен ҳам, дориларини вақтида ичяптими-йўқми, қарасанг бўлмайдими? Боланг ичаётган дориларнинг номини ҳам билмайсан ҳатто!» Хотини эса тўнғиллаб уни қайтариб ташларди: «Дадаси, бунингиз ёш бола эмас, ўн иккига кирди. Бир марта тушунтиргандан кейин ўзи билиб-билиб ичаверсинда. Мен бекорчимасманку, мен ҳам сиз билан баравар ишга бориб келяпман», «Менга сенинг ишинг умуман керак эмас. Болага қара, сенинг ишинг – шуларни соғ-саломат катта қилиш». Хотин шаҳарга келгандан бери жуда ўзгарган, баъзан эрининг танбеҳларига жавоб ҳам беришни истамай, қўл силтаб қўя қоларди. Дори, муолажа ҳақида гап кетганда ҳам, жеркиб ташлаб, нари кетарди: «Подумаеш, мен сизга духтирманми? Ана, касалхонага ётқизинг» Ўйлаб кўрса, аёли ҳеч қачон болаларга жони ачиб қарамаган экан. Ишга борган-келган. Келиб, қора қозонини қайнатган. Сўнг сериалларига термулган, сериаллар бўлмаётган пайт бирон одам йўқ жойни топиб, масалан, меҳмонхона ёки оғилхонагами бориб, соатлаб ўтириб, онаси, опа-сингиллари билан гаплашган. Унинг ҳар бир куни, Илёс билан бирга кечган, кечаётган бутун умри шундай ўтган. Болаларга эса ҳамиша онаси, фақат онаси қараган. Мактабга кузатган, кутиб олган, овқатлантирган, дарсини қилдирган, гурунгларини эшитган, касал бўлса, даволаган. Аммо бу сафар кун ўтган сайин боланинг аҳволи оғирлашиб борарди. Шифохонага ётқизиб даволатмаса бўлмайдиган бўлди. Аёли «Бир болага икки киши сарсон бўлиб юрамизми? Ўзингиз олиб борингчи, нима дейишаркин? Шунга қараб, ҳаракатимизни қилаверамиз. Сиз билан етаклашиб юришга ҳозир сира вақтим йўқ, яқинда аттестация бўлади, ҳужжатларимни тахлаб чиқишим керак», деб ишига кетди. Вилоятда саводи ўзига яраша духтир бўлса ҳам ҳамиша «Э-эе, фалончи устознинг набирасими бу қизалоқ?» деб ҳурматини ўрнига қўяр, елиб-югуриб, қўлларидан келганча хизматларини қилишар эди. Аммо шаҳарнинг чиройли духтирхоналарида эса, ҳамма қандайдир жиддий ва тунд, худди ялтиллаган темир одамдек дарду аҳволингизга буткул бефарқ ва бепарво, қизининг бош кўтара олмай ўтирганини кўриб туриб ҳам, қўлига бир даста қоғоз тутқазишди: «Мана шу анализларни топшириб келинг. Натижасига қараб ётқизамиз». «Ахир, бола юра олмайдику. Шу анализларни ётқизгандан кейин бафуржа духтир назоратида олса бўлмайдими?», «Йўқ, болангизда бирон юқумли касаллик бўлса, бошқаларга юқиб қолиши мумкин. Кутиб туринг, арава бўшаса, арава билан олиб юрасиз», ҳамшира қошларини чимириб кейинги беморга юзланди. Арава ўлгур ҳам ҳадеганда бўшайвермагач, Илёс қизини опичлаб юриб, қон, сийдик анализлари топширди, остонасида одам уймалашиб ётган текширув аппаратларидан ўтказди. Қовоғидан қор ёғиб турган семиз духтир аёл, таҳлил натижаларига қараб, уларни «гемоглобини тушиб кетибди», деб гемотология бўлимига юборди. Хотинига қўнғироқ қилган эди: «Дадаси, ўзингиз бир иложини қилмасангиз бўлмайди. Мен ҳозир ишдан кета олмайман», деди. У «Онанг қарасачи?» деган эди, «Биласизку, дадам жуда инжиқ бўлиб қолган, онам уйда бўлмаса, қийналиб қолади», деган жавобни олди. Илёснинг кўзига дунё тор кўриниб кетди. Иши бир гап бўлар, касаллик варақаси олиб борса, ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Кечки пайт сабоқ берадиган ўнта абутуриенти бор, иккита нашриётдан таржима учун иш олган. Ахир булар оила учун ош-нон, қизи учун дори-дармон эдику. Хотини бўлса!.. Аммо хотини ҳисоб-китобдан янглишадиганлар тоифасидан эмас эди: «Ҳозир таксига чиқиб, зинғиллаб уйга борингда, чойнак-пиёла, коса-ликопча дегандек, керакли нарсаларни олиб келинг. Дорихоналар касалхонанинг олдида. Биратўла таржимангизни ҳам олволинг, бола ётганда ишингизни қилаверасиз. Кечки пайт овқат олиб борганимда, мен ўтириб тураман, сиз бирон икки соатга репититорлигингизга бориб келарсиз». Илёс сўкиниб юборишдан ўзини зўрға тутиб қолди. Олдида мунчоқдек кўзлари жовдираб қизи ётибди. Хонада яна бир бемор бор. Шуларнинг олдида ўзидан ўтганни ўзи билди. «Майли, қизи соғайиб кетса бўлди». Аввал бошда бир кўнгли шу қизни онасига қарашиб юриши учун қишлоққа ташлаб келмоқчи эди. Худбинлик қилди. Соғиниб қоламан, деди. Ташлаб келгандаку, онаси роса хурсанд бўларди, ўзи ҳам савобга қоларди. Шу қиз момоси билан бўлганда бундай ҳолга тушиб қолмасди…
Шифохонада қизчанинг аҳволи яна ҳам оғирлашди. Уч-тўрт кун ўтиб ранглари сарғайиб кетди. Духтирлар «Бола нимадандир заҳарланган бўлса керак, бу гемоглобини билан бунчалик сарғайиб кетиши мумкин эмас», деб юқумли касалликлар шифохонасига юборишди. Бу шифохона шаҳарнинг олис бир чеккасида экан, етиб боргунларича бола инқиллаб, инграб борди. У ерда ҳам бошқатдан таҳлил учун қон-пешоб олишди, бир бошдан текширув аппаратларидан ўтказишди, нимадан заҳарланганини аниқлай олмаган бўлсалар ҳам қонини ювамиз, деб томчи укол улаб қўйишди. Илёснинг қўлига ҳам икки варақ дорилар рўйхати берди. Орадан уч кун ўтиб, қизнинг аҳволи ўнгланавермагач, сарғайиш заҳарланиш аломати эмас, буйрак фаолияти бузилганлигидан, яъни буйрак пешоб ҳайдай олмаётганлиги туфайли, пешоб баданга тарқалиб, уни заҳарлаяпти, деган хулоса билан буйрак касалликлари бўйича мутахассис чақиришди, у ҳам бир дунё дори-дармон ёзиб берди… Илёснинг чўнтагида эса бир чақа ҳам қолмаган эди. Катта шаҳарда қайнотасидан бўлак қарз олиб туриши мумкин бўлган бирон яқини ҳам йўқ. Қайнотадан сўраш эса ўлимдан ҳам оғир. Эҳ, қишлоқда яшаётганидами!.. Дорихоналарга бориб, дунё-дунё дориларни қарзга ёздириб олса ҳам бўларди. Аммо бу ер шаҳар… Шаҳарнинг ўз қонунлари бор. Бу бешафқат қонунларга дош бера олмаганларнинг бели синиб кетади.
– Отангдан озроқ қарз олиб турмасак бўлмайди, шекилли, – умид билан кечки пайт овқат олиб келган хотинига термилди у. – Яна қанча дори керак бўлишини билмаймиз. Сабонинг аҳволи яхши эмас. Бошқа мутахассис чақиришимизга тўғри келадими, дейман.
Хотин чуқур хўрсиниб, елка қисди:
– Ҳа, пул ҳам тугади. Бу ҳафта машинани бозорга чиқармасангиз бўлмайди. Дадамга олдин олган қарзларингизни ҳам берганингиз йўқ.
– Ҳали кўп пул керак бўладиганга ўхшаяпти. Сабодан шу темир қутини қизғонармидим? Албатта, сотаман. Лекин якшанбагача тўрт кун бор. Шу учун дори харажатларини отанг бериб турса, машинани сотишимиз билан аввалги қарзларимизни ҳам қўшиб қайтарардим.
– Сўраб кўринг, беради менимча, агар бирон каттароқ харажат қилиб қўймаган бўлса.
Боланинг аҳволи, ўзининг пульсиз қолиб кетгани устига хотинининг сансалорлик қилаётгани асабини бузиб юборди:
– Ота сеникими? Ўзинг сўрасанг ўлиб қоласанми? Ёки бермай кетади, деб ўйлаяпсанми? Бераман, ҳеч қаерга қочиб кетмайман, тўрт кунда машинани сотиб ҳамма пулини қайтараман, – нафрат билан бош чайқади. – Шу қадар бехайрсанки, болангдан ҳам бир оғиз суханингни қизғанасан. Одаммассан!
– Нималар деяпсиз? – хотинининг ранги гезариб кетди. – Эркак одамдан эркак киши сўрасин, деяпманда. Отам ҳам бизнинг пул-мулга аралашганимизни ёмон кўради. Сўра десангиз, сўрайвераман.
– Э-эе, минг ланъат сендай онага! Шу болага тузукроқ қараганингда бу аҳволга тушиб қолмаган бўларди. Онам шўрлик «Бунинг жуда заиф», деб нима топса, шунинг оғзига тиқарди. Сен эса обкеб берган дорини ичаётгани-ичмаётгани билан ҳам қизиқмадинг. Агар шу қизга бир нарса бўлсин, бу шаҳарда бир сония ҳам қолмайман. Уйингни ҳам, шароитингни ҳам, пулингни ҳам бағрингга босиб ўтираверасан кейин!
У ортига бурилиб, зарда билан палатага кириб кетди. Изидан хотини кирди. Палатадаги бегона аёл олдида отасидан пул сўраб, қўнғироқ қилмаслиги аниқ эди. У тишларини ғижирлатиб, яна хонадан чиқди. Йўлак деразаси ёнига келиб, чўнтагидан телефонини олди ва қаҳр билан қайнотасининг рақамини терди:
– Ассалому алайкум…
– Ваалайкум ассалом. Ҳа, Илёсбой, яхшимисизлар? Сабоҳат яхшими?
– Ҳа, дада, ҳозир нефролог келиб кўриб кетди. Анча дори ёзиб берди. Буйраги пешоб ҳайдамаётган экан, шунинг учун ранги сарғайиб кетибди. Шу якшанба машинани бозорга чиқараман, пулдан қийналиб қолдик. Якшанбагача дори-дармонларимизга қарашиб турасизми, дегандим. Машинани сотиб, ҳамма қарзларингизни бирдан қайтараман.
Алоқа узилиб қолгандек орада жимлик пайдо бўлди. У ҳайрон бўлиб, ўчиб қолдимикин, деб телефон аппаратига қараётган эди, қайнотасининг овозини эшитди:
– Шундайми? Майли, қанча керак ўзи?
– Анча-мунча… Биласиз, дорилар жуда қиммат, якшанбагача ҳали яна тўрт кун бор.
– Мен ҳам бир харажатни режалаштириб турган эдим. Энди тўхтатиб турамизда. Сизни бир амаллаб хорижда ўтадиган илмий симпозиумга ёздириб қўйдим. Агар маърузангиз анжуман иштирокчиларига маъқул келса, сиз уларнинг доимий иштирокчисига айланасиз. Бу дегани пулнинг тагида қолиб кетишингиз мумкин, дегани. Так что, мошин сотилаётганига кўпам сиқилманг. Мол-дунё келаверади-кетаверади. Болалар соғ бўлсин. Бир кеп кетинг, бўлмасам…
«Ўзи ваъда қилган мол-дунёга ўзи ишонмайди. Бўлмаса, мошинни сотмай тур, эрта-индин бойиб кетсанг, пулларимни қайтариб бераверасан, демайдими? Йўқ, бу кишимга шаҳарнинг нуқси уриб қолган, насияга юрмайди. Майли, мошинни сотади, пиёда юрса ҳам, қизи соғайиб кетса бўлгани».
Онаси бўлганида… Сўрашига ҳожат қолдирмасди, борини Илёснинг қўлига тутқазиб, ўзи Сабоҳатнинг ёнидан бир қадам ҳам қимирламасдан ўтирарди. Ҳамиша шундай бўлган. Шу учун хотини болаларини онасидан қизғаниб юрарди. Болалар бирон эркалик ёки тартибсизлик қилиб қўйса, «Буларни энди тартибга олишнинг сира иложи йўқ. Момоси эркалайвериб, қаттиққулоқ қилиб қўйган. Буларингиз энди одам бўлмайди», дерди андиша ҳам қилиб ўтирмай. Унинг бу андишасизлигига жавобан онаси кўпинча индамай қўяр, баъзан эса «Тавба, бувимга жун тутган ҳам ёқмайди, дейишганларидек бўлди бу ёғи. Ҳам буларнинг боласига қара, ҳам маломатга қол. Ношукрлар», деб қайириб ташларди. Мана, текинга «жун тутгувчи» хизматкор ҳам йўқ. Боласининг аҳволи эса…
У палатага кириб, қизининг ёнига ўтди. Сочларини силаб, оҳистагина пешонасидан ўпди:
– Сен бехавотир ётиб тур, қизим, ҳозир мен сенга дори олиб келаман.
Хотини унга савол назари билан қаради. У эса индамай хонадан чиқиб кетди.
Қайнотаси уйда экан. Қўлига бир даста пул тутқазиб, бирга-бирга кўчага чиқди. Кузатиш баҳонасида зимдан машинага разм солди. Унга қараб, Илёснинг ғаши келди: «Ўзи сотиб олмоқчими? Ёки машинанинг пули у харжлаши керак бўлган тўрт кунлик харажатни қоплайдими-йўқми, шуни билмоқчи бўляптими?..» Ёдига энди турмуш қурган кезлари хотинининг «Вилоятнинг духтирларига кўринмайман, шаҳарга кетамиз, отам яхши духтирларга кўрсатади» деб қилган инжиқликлари учун азза-базза Тошкентга келиб, қайнотаси билан духтирга борганлари, бой қайнотаси эса духтир ёзиб берган дорилар рўйхатини унинг қўлига тутқазгани ёдига тушди. Аслида, бу ҳеч нарса эмас, хотин ўзиники бўлгач, дори-дармонини ҳам ўзи олиши керак. Аммо дорилар рўйхатини унга берган одам бойвачча, беморнинг отаси, улар эса, кунда топганини кунлик хўракка сарфловчи оддий одамлар, шу одамни қора тортиб минг чақирим жойдан келган меҳмон эдилар. Бир кўнгли ортига шартта бурилиб, «Ё машинани ўзингиз олиб қўя қоласизми? Жуда асраб минганман. Пулингиз ўзингизда қолади. Менга қизим тузалгунча қарашиб турсангиз бўлди», деб чақиб олмоқчи бўлди. Аммо қўл силтади, бундай пичинг учун на вақти, на кучи бор эди ҳозир. У машинага ўтиргач, қайнотаси ёнига келиб, гўштдор қўллари билан елкасига қоқди: «Бугунги аҳвол сизга бир умрлик сабоқ бўлсин. Ҳар бир одамнинг қанча топишидан қатъи назар, ўзидан ҳам яшириб қўйган беш-тўрт сўм пули бўлиши керак. Ўзимнинг қизим бўлса ҳам айтай, топаётган ҳамма пулингизнинг ҳисобини аёлингизга айтишингиз шарт эмас. Аёлларнинг орзу-ҳаваси тугамайди. Бугунгидай қийин кунлар бошингизга тушса, яна ўзингиз югуришингизга тўғри келади. Шу мошин бор экан, сотаман, деяпсиз, у йўқ бўлса, нима қилардингиз? Мошинни сотиб юрманг, кунингизга яраб турибди, пулдор бўлган кунингиз узарсиз қарзингизни. Бўлмаса ҳам, розиман».
* * *
Қиш чўзилиб кетгани камдек, баҳор ҳам серёғин келди. Унча-мунча эски деворлар ағанаб кетиб, ётган жойида лойга айланиб қолди. Қуёш нури яхши тушмайдиган пана-пастқам бурчаклар, тарнов сувлари қуйилиб турадиган ариқчалар пўканак отиб, бознаб кетди. Илёс уйда бўлган пайтларда ҳам на ўғилнинг ва на келиннинг томорқа билан сира иши бўлган эмас. Фотиманинг ўзи ҳар баҳор ер чопадиган, экадиган, дарахтларга шакл берадиган одам топиб, томорқага бир бошдан зеб бериб чиқарди. У пайтлар ўғли ва келинининг ишёқмаслигидан кўнгли ранжиса ҳам, юрагида бир ҳавас, иштиёқ бор эди. Одам олиб келиб, эринмасдан ўзи бошида туриб, бошдан-оёқ ҳамма жойни тартибга олдирар, гуллар эктирар, кейин яшнаб кетган томорқасига қараб ўзи қувониб юрарди. Энди у ҳафсалалар йўқ. Қаровсизликдан хароб бўлиб ётган боғи билан гулзорига биров-ярим келганда уялмаслик учун одам ахтариб кўчага чиқди. Кўчанинг бошида қўли калтароқ бир оила яшайди. Ўғиллари ҳам меҳнаткашгина. Ота яхшигина боғбон. Икки-уч йилдан бери ўша ота-болалар келиб, ҳамма ёқни тартибга солиб яшнатиб кетишарди. Секин-секин юриб, боғбон қўшниникига борди. Уни кўриб қўшни бироз хижолат бўлди: «Опажон, йиқилиб қўлимни синдириб қўйдим. Ўзиям ўнг қўл, денг. Бўлмаса, жоним билан эди. Гулзорингизни якшанба куни ўғиллар бориб, қилиб беришади. Ўзингиз айтиб-кўрсатиб турасиз, кўнглингиздагидек қилишади. Аммо дарахт кесишни булар эплай олишмайди. Бошқа одам топмасангиз бўлмайди».
Шугина гап ҳам унинг кўнглига ботди. Худди қўли цингани учун эмас, ўғли билан келини кетиб, кераксиз буюмдек ёлғиз қолгани учун баҳона топиб, унинг ишини қилмаётгандек туюлди. Оёғини зўрға судраб, уйига йўл олди. Ҳамма жой кўзига бесаришта кўринди, беҳафсала, ишёқмас одамлардан ўзича койинди. Сўрашмаслик учун қаршисидан келаётган одамларга қарамасликка ҳаракат қилиб, ерга қараб кетаётган эди.
– Ассалому алайкум, устоз!
Овоз ниҳоятда таниш туюлган бўлсада, дафъатан унинг эгаси кимлигини англамади. Ҳатто бошини кўтариб, кулиб турган ёш йигитга қараб ҳам кимлигини эслай олмади.
– Ваалайкум ассалом, ўғлим. – У шундайгина сидирилиб йўлида давом этмоқчи эди. Бирон ўқувчисидирда. Бир умр муаллимлик қилди, қанча болага дарс берди. Ҳамма ўқувчини эслаб қолиш осон эмас.
Аммо йигит унинг индамайгина ўтиб кетишига йўл қўймади:
– Устоз, яхшигина юрибсизми? Мени танимадингиза? Мен Довудман. Довуд. Ойгул, Олимжон, Эшпўлатлар билан бирга ўқиганман.
– Э-э, ҳаа, – эслай олмаган бўлса ҳам ўзини таниганга солди. – Довуджон, яхши юрибсанми? Онанг яхшими? Сен бу ёқларда нима қилиб юрибсан?
– Ўзим, устоз, шу ердан ўтиб кетаётган эдим. Узоқдан сизни кўриб, бир саломлашай деб бурилдим.
Довуд Фотима билан дарвозагача бирга келди. Унинг нимадир демоқчи бўлиб тараддудланаётгани кўриниб турарди. Аммо Фотима шу даражада беҳафсала эдики, ҳеч кимни эшитишга куч тополмасди.
– Хўп, ўғлим, ишларингга омад тилайман. Кеп тур.
– Устоз…
Дарвоза ортида қолган Довуд устозини қайта чақирганда у аллақачон бошқа бир хаёлот дунёсига кириб бўлган эди.
– Лаббай, – ҳайрон ортига қайрилди у.
– Мен… Мен ижарага уй излаб юрган эдим…
– Нега? – бу Фотима учун ҳеч кутилмаган гап бўлди. – Ўзларингнинг уйларингчи?
– Уни сотдик. Онам сотиб, Исроилга кўчиб кетди. Мен кетмадим. – Довуд ерга қаради. – Шунга… уй олгунимча бир ижара уй излаб юрган эдим. Болалар сизникида жой борлигини айтишди.
Фотима дафъатан эшитиб турган гапларига тушунмади. Лекин йигитнинг мискин сиёғига қараб, елкасида жуда оғир юк турганини ҳис қилди:
– Қани, ичкарига кир, болам.
Уни ошхонага олиб кирди. Ҳозиргина ўраб қўйган дастурхонини қайта ёзди, токчадан иккита тақсимчага қанд-қурс олиб қўйди, пиёла тўнтарилган чойнакдан чой қуйиб узатди.
– Тинчликми, сен нега онанг билан кетмадинг?
– Кетгим келмадим, – ерга қаради Довуд. – Институтда ўқиётган эдим, шу ерда ўсиб-улғайганман. Дўстларим ҳам шу ерда. Кетмайман, десам, онам менга зарда қилибми, ёки пул кераклиги учунми, ҳовлини сотиб, синглим билан кетиб қолди. У ёқда опам бор, у тинимсиз қўнғироқ қилиб чақираверди, чақираверди. Сўнг онам кетаман, деб туриб олди. Мен кетмайман, дедим. Кетгим келмади. Институтни битиришимга оз қолганди, шунча меҳнатимни куйдириб юборгим келмади.
Фотима унинг гапларини эшитиб, тикилиб тураркан, қачон қайси синфда кимлар билан ўқиганини эслади. Синфда яхши ўқир эдию, лекин жуда бўшанг бола эди. Ўша бўшанглиги билан ёлғиз ўзи уйсиз-жойсиз қолиб, институтларни ўқиб, оила ҳам қурганлигига қойил қолди. Қатъиятли экан.
– Институтни битирдингми?
– Ҳа, ишга ҳам жойлашдим. Бу йил уйланган эдим, ижарада турган жойим оилали одам учун бироз ноқулайроқ. Шунга бошқа жой излаб юргандим. Болалар сизни айтишди, – у хижолат бўлиб ерга қаради. – Келинни ҳам танийсиз, биздан икки синф паст ўқирди, Сора. Ҳамма ишларингизга ёрдам берамиз, ижара ҳақини ҳам тўлаймиз.
Фотима иккиланиб қолди. Довуд ҳам, Сора ҳам ўзининг ўқувчилари. Мактаб пайтларида ўз фарзандидай кўриб, таълим берган, меҳр қўйган. Аммо бу дегани бутунлай бошқа диндаги одамлар билан бирга яшаш, ҳамтовоқ бўлиш дегани эмасда. Қўни-қўшни нима дейди? Йўқ деса, жовдирабгина кўзларига термулиб турган Довуддан хижолат… Умумий уйнинг қаршисидан қурилган икки хонали меҳмонхона борку. Ўша ерда яшайверишади. Ош-овқатини ёзги ошхонада пиширишади…
– Сора ҳам институтни битирган. Аста-аста пул йиғиб боряпмиз. Уч-тўрт йилда кичкинароқ бирон бошпана ҳам олиб қолармиз. Ўшангача…
– Бўпти, болам, – бош ирғади Фотима. – Анави уй бўш турибди, гиламларини йиғиштириб ташлаган эдим. Келаверинглар.
– Раҳмат, устозжон, – Довуд севиниб кетди. – Йўқ, демаслигингизни билардим. Сора жуда яхши қиз, қўлидан ҳамма иш келади, барча ишларингизни бажаради, қўлингизни совуқ сувга урдирмаймиз.
Фотима унга жавобан мийиғидан кулиб қўя қолди.
– Устозжон, шу бугуноқ кўчиб келсак, майлими? Хонамизга уй эгалари билан битта эшикдан кириб чиқамиз, денг, бирам ноқулай. Ўзи тўрттагина нарсамиз бор, ҳозир олиб келамизда, уйларни артиб-суртиб жойлашиб оламиз.
– Хўп, болам.
Севинганидан деярли учиб чиқиб кетган йигитнинг ортидан қараб беихтиёр ўғлининг кўчиб кетгунича «Жонга тегди, бу уйда бир шароит йўқ, қишда музлаб ўласан, ёзда терлаб ўласан», деб тинимсиз тўнғиллашларини эслади. Ҳа, Довуд ҳам худди менинг боламдек, ўғлим бу уйдан онасини ёлғиз ташлаб, қочиб кетди, бу ялиниб-ёлвориб, пул тўлаб, ҳам хизматимни қилиб яшашга рози. Эҳ, ношукр одамзота, ҳеч қачон олдидан оққан сувнинг қадрига етмайдиган одамзот!.. У ўғлидан койиниб туриб, уни, невараларини, ҳатто юрагининг жон томирларини юлиб кетган ўша келинни ҳам жуда-жуда соғинганини ҳис қилди. Кейинги пайтларда асаблари бўшашиб кетди, ҳатто сериал кўраётиб ҳам кўз ёшларини тия олмайдиган бўлиб қолган. Яна кўзларига дувуллаб ёш келди. Юрак-бағри ўт бўлиб ёнди. Осмон ўша, ер ўша. Уй, ҳовли-жой, боғу гулзор ўша. Тонг отяпти, кун ботяпти, ҳаммаси ўша-ўша, фақат унинг юраги ҳувуллаб ётибди. Ўғли, набиралари ёнида эмас. Кафти билан оғзини беркитиб йиғлаб юборди…
Очиқ қолган эшикдан ҳовлига қаради. Йўлак бўйлаб бир текис саф тортиб турган дарахтлар узра бир парча осмон осилиб турарди. Эшик, дарахт, осмон қаерда йўқ, шаҳарда йўқми? Бор… Лекин шу эшик, шу дарахт, шу дарахтлар узра унга термилиб турган осмон ҳеч қаерда йўқ. Фотима дунёни фақат шу эшик орқали кўришга ўрганиб қолган. Бошқа эшик ортида ўтириб, дунёни кузата олмаса керак. «Ҳа, бирга кетсам бўларди… Ўзим ёмонман, инжиқман, қайсарман. Болагинам қайнотанинг уйида қанчалар қисиниб яшаётгандир. Қайнсингилларию қайнота-қайнонаси бири қўйиб, бири «Лайлак учди, ғоз қўнди» бўлиб ётишгандир. Дастурхони кун узун йиғилмаса керак. Болалари ҳам катта бўлиб боряпти. Даромади буромадига тўғри келяптимикин? Она қум, бола тош, деганлари шуда, бу қумдай тўкилиб, соғиниб кетяпти, аммо ўғли бир қўнғироқ қилай, демайди номард!» Баъзан Фотиманинг ҳам тош каби дийдаси қотиб қолади: «Ўзингга яхши ҳаёт излаб, муштипар онангни ташлаб кетдинг, майли, лекин, унда мунда, она қандайсан, деб қўнғироқ қилиб туриш ҳам қўлингдан келмайдими?». Йўқ, қилмайдимас, уч-тўрт ойда бир-бир йўқлаб қўяди, шунда ҳам овозида кетган пайтидаги аразининг сояси кўриниб туради: «Онажон, яхшигина ўтирибсизми? Мени соғинмасангиз ҳам набираларингизни соғинмадингизми? Нима камчилигингиз бор? Бирон хизмат бўлса айтинг». Шу билан мулоқот тугайди. Бундай қўнғироқлардан кейин Фотима неча кун ўзига кела олмай юради. Уйдалигида ҳам шундай эди, она-боланинг орасида эрталаб, «Ассалом, онажон. Яхши ётиб турдингизми? Мен ишга кетаяпман», кечқурун «Ассалом, онажон. Яхши ўтирибсизми? Мен келдим. Жуда чарчаганман, овқатланиб ухламоқчиман»дан бошқа гап бўлмасди. Мабодо, ёнида икки-уч дақиқа ҳаяллаб қолса, дарҳол келин чақириб оларди: «Тезроқ келинг, дадаси, овқатингиз совуб қолади», «Тезроқ бўлинг, дадаси, ишга кечикяпмиз» каби гап-сўзлар билан. Нима бўлганда ҳам ўша кунлар дориламон кунлар экан, ҳарқалай, боласини эрта-кеч бир-бир кўрарди, ўзини кўрмаса ҳам, қадам товушларини, овозини, аксирганларини эшитиб турарди, соғ-омонлигини билиб турарди. Энди эса қўшиқдагидек: «Сойлар тошқин, сувлар шошқин, ўтолмайман-о-о, Отим ориқ, манзилимга етолмайман-о-о!».
…Сора ўқувчилик даврида жиккаккина, юзлари бир бурда, қўнғироқ сочлари ҳуснини очишдан кўра ўғил болага ўхшатиб турадиган, бурни сўппайган ориқ қиз эди. Улғайиб, жуда хушсуврат келинчакка айланибди. Келиб, Фотимани қучоқлаб, юзларидан ўпиб кўришди, уйидан жой бергани учун қайта-қайта миннатдорчилик билдирди. Кулиб турган кўзларига қараб, унинг ниҳоятда хушбахт эканлигини англаб олиш қийин эмас эди. Эр-хотин бирпасда хоналарини супуриб-сидириб, ўзлари билан олиб келган нарсаларини жойлаб олишди. Унгача Фотима қуюққина мастава қилиб қўйди, чой дамлаб, уларни уйига чақирди. Чойдан сўнг, ёшлар ер чопишга тушиб кетишди. Кечгача ўтган йилги гул поялари қуриб, чириган хазонлар тўзғиб ётган ерлар чирой очиб, жовдирабгина қолди: «Онам гулга жуда ишқибоз. Ҳовлисида қиш бўйи салафаннинг тагида турган бир дунё герань бор. Яна чиннигулга ўхшашлари… аслида улар ҳам чиннигулнинг бир тури бўлса керак. Эртага шулардан олиб келиб, ҳамма жойга экиб ташлайман», деди Сора тупроқ бўлган кафти орти билан пешонасидаги терларни сидираркан.
Довуднинг дов-дарахтларга ҳам уқуви бор экан, уста излашга ҳожат қолдирмади. Эртаси куни ишдан қайтиб келгач, ҳамма дарахтларни кесиб, шаклга солиб чиқди. Бу сафар Фотима «Катта иш бўлди, тузукроқ овқат қилай», деб сабзи тўғрай бошлаган эди, Сора келиб, пичоқни қўлидан олди: «Сиз ўғлингизга маслаҳат бериб туринг, ошни ўзим эплайман».
Фотиманинг ҳовли-жойи икки-уч кунда саранжом-саришта бўлиб, жуда ғала-ғовур бўлиб қолмаган эсада, ҳар ҳолда инсон шовури, тириклик нафасига тўлиб қолди. Ижарачилари ўз ўқувчилари бўлса ҳам, Фотима улар билан қозон-товоғи битта бўлишини сира истамаган эди. Аммо биринчи кундан йиғ-тер, супур-сидир баҳона бўлиб, битта дастурхон атрофига ўтириб қолишди. Кейинги куни Довуд «Устоз, учовгина бўлсак, қозонни алоҳида қилиб ўтирмайлик. Биз ҳам ўзбек миллий таомларини жуда яхши кўрамиз. Бозорликнинг рўйхатини берасиз, ўзим бораман. Сорага қараб, ўргатиб турсангиз бўлди, анчагина уқуви бор, кейин ўзи эплаб кетади. Бозорга бораман, овқат қиламан, идиш-товоқ юваман, деб бошингизни оғритманг», деди. Шу билан ҳаммаси ҳал бўлди-қўйди. Фотима кечки пайт телевизор кўриб ётган жойида ўзининг устида кулиб қўйди: «Фотимахон, йўқ жойдан ўғилли-келинли бойбичча ҳам бўлиб олдингиз. Фақат… уларнинг яҳудий эканлигини айтмаса, ҳаммаси ажойиб!»
Ҳа, ҳаммаси ажойиб эди. Ёш нарса барибир ёшда, Фотима инқиллаб-синқиллаб кун-узун қиладиган юмушни Сора ўйнаб-ўйнаб бирпасда қилиб ташлайди. Уй-жойига бирдан файз кирди. У ош-овқат, кир-чир, юв-чай ташвишларидан буткул қутулди. Кўпинча кечқурунларини чироқни ҳам, телевизорни ҳам ёқмай қоронғи тун қаърига тикилганча жим ўтираверарди, тунларида уйқу, кунларида ҳаловат йўқ эди. Битта нарса – соғинч ва ёлғизлик отлиғ бир азоб бемадор юрагини ғижимлайверарди, ғижимлайверарди. Ҳамон юрагида соғинч симиллаб турган бўлсада, Довуд билан Сора ҳаётига нур олиб кирди, оғриқлар, изтироблар бироз чекингандек бўлди. Ўқувчилик пайтлари бошини ердан кўтармай ўтирадиган Довуд жуда дилкаш йигит бўлиб улғайган эди, алламаҳалгача Фотима билан Соранинг ўртасига ўтириб олиб, бир-биридан қизиқ латифалар сўзлаб берар, у ёқ бу ёқдан гурунглашиб ўтирарди.
Ҳаммаси яхши эди…
Лекин бир куни кечки пайт Довуд қўлида аллақандай қоғоз билан унинг ёнига кирди. Нимадандир ташвишланиб, ҳам хижолат бўлиб тургани юз-кўзларидан сезилиб турарди.
– Ҳа, тинчликми? Нега кайфиятинг йўқ?
Довуд унга қўлидаги қоғозни узатиб, ўзи бир четга ўтиб ўтирди.
Фотима хавотир билан шошиб қоғозга кўз югуртирди: «Ўғлим Довуджон, соғ-саломат юрибсанми? Келиним, Фотима устоз яхшими? Мендан сўрасанг, анчадан бери тобим йўқ. Ўн етти кило вазн йўқотибман. Касалимнинг учи чиқмаяпти. Атрофимда ажал шарпаси изғиб юрганга ўхшайди. Ҳаётим поёнига етаётганини сезиб турибман. Минг бир истиҳола билан сендан бир нарсани илтимос қилмоқчиман. Агар Фотима устоз рози бўлса, умримнинг сўнгги кунларида Ўзбекистонга қайтиб, мен учун қондошларимдан ҳам қадрлироқ бўлиб қолган инсонлар билан кўришиб, беш-олти кун суҳбатларини олсам, дегандим. Сезиб турибман, бу ёғи жуда кам қолди. Аллоҳ ўша юртларнинг тупроғи насиб қилган бўлса, балки омонатини ҳам сенинг ёнингда олар. Худодан кеча-кундуз сўраганим ҳам шу аслида. Ўғлим, мен учун оёқларига йиқилиб, тавалло қилиб бўлсада, Фотима устознинг розилигини олиб, менга зудлик билан қўнғироқ қил. Қўнғироғингни бетоқатлик билан кутаман».
Фотима мактубни ўқиб бўлгандан сўнг ҳам анча пайт ундан кўзини уза олмай қараб қолди: «Буёғи қандай бўлди энди? Келса, касал кампир, шубҳасиз, ўғли билан келинининг ўртасига кириб ётмайди. Фотима ёнига олиши керак. Мабодо ўлиб-нетиб қолса… Яҳудийчасига кўмиш, маросимлар ўтказиш керак бўлади. Қўни-қўшни нима дер экан?» – у секин бошини кўтариб, қаршисида жовдираб турган йигитга қаради. Унга ачиниб кетди: «Ҳаа, буям тақдирида бор экан, қисматдан қочиб қаёққа ҳам борарди? Одамлар нима деса, дер. Бир бечорага бошпана бериб, ўлим олдидаги сўнгги орзусини амалга ошириш гуноҳ эмаску ахир! Яҳудий ҳам худонинг бандаси».
– Розиман, ўғлим. Келаверсин.
Довуднинг қўй кўзлари чақнаб кетди, ўрнидан сапчиб туриб, Фотиманинг ёнига келиб чўккаладида, қўлини олиб, лабларига босди, кўзларига суртди:
– Йўқ, демаслигингизни билар эдим. Раҳмат, устоз. Эҳтимол, бу онамнинг сўнгги илтимосидир. Уни бажаришимга сиз ёрдам бердингиз. Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман. Тўғри, онам хато қилди, кетмаслиги керак эди. Опам чақиравериб қўймади, у мажбур бўлди. Лекин у ўзбекларни, Ўзбекистонни жуда яхши кўрарди.
Сўнг у югуриб, ҳовлига чиқиб кетди: «Мен тезроқ онамга қўнғироқ қилайин».
Тўғрисини айтганда, Фотима устознинг уйига яҳудий аёлнинг жойлашиб олганига ҳеч ким ҳайрон бўлмади. Фотима ёшларга халал бермасин, деб кампирга ўзи яшаётган уйдан бир хонани ажратиб берган эди, бутун уйи меҳмонни излаб келувчи собиқ қўшнилари билан тўлиб кетди. Ўғли билан келинини, қўшниларини кўриб, кампирнинг ҳам чиройи очилди, ундан-бундан тотиниб, секин-аста овқатга кирди. Бири қўйиб, бир излаб келаётган қўшниларга қараб, бу аёлнинг яҳудий эканлиги Фотиманинг ҳам ёдидан кўтарилиб кетди. Бемор уч-тўрт кунда оёққа туриб, ҳовлига чиқди. Ўғлидан машина топиб, ўзлари яшаган кўчаларни айлантириб келишни илтимос қилди. Шу бўйи бир ҳафта йўқ бўлиб кетди. Довуднинг айтишича, қўшнилар қўярда-қўймай олиб қолган эмиш. Бир ҳафтадан сўнг кампир ғальтакдай бўлиб, бурушиб ётган ажиндор юзларига ранг югуриб, уйга қайтди: «Қарасам, улар сира қўймайдиган. Шошмай туринглар, икки кунгина Фотима устозникига бориб, болагинамнинг дийдорига тўйиб келайин, кейин сизларникига ўтаман, деб қочиб келдим». «Жуда ажойиб қўшниларингиз бор экан», «Э-э, нимасини айтасиз? Баҳоси йўқ инсонлар!», «Ҳаа, ўзингиз ҳам яхши аёлсиз. Хизматларини қилгандирсиз, яхшиликларингиз ўтгандир. Бўлмаса, излашармиди?», «Билмасам, шунча йил борди-келди, олди-берди қилиб, бирон марта ўртада сеники-меники, деган ҳисоб-китоблар бўлмаган».
Шу билан кампирнинг беморлиги деярли ҳамманинг ёдидан кўтарилиб кетди. Фотимага кўпам зиёни тегмади, меҳмондорчиликда юрди, уйда бўлганида гурунглари билан кўнглини олди. Бир эрта ёшларни ишга кузатиб, икки кампир чой ичиб ўтиришган эди.
– Фотима устоз, энди нима қиламан? – деб қолди кутилмаганда меҳмон.
Фотима унга қараб, кўзларида қандайдир оғриққа ўхшаш ифода кўрди:
– Нима бўлди?
– Мен… – кампирнинг кўзларига ёш қалқди. – Мен бу ерга омонатини топшириш учун келган эдим. Икки ойлик муддат тугаб бораётир, лекин мен ўлмадим, аксинча соғайиб кетдим.
Фотима кулиб юборди:
– Шунга хафа бўляпсизми? Соғайиб кетганингиз яхшику…
Кампир ғамгин бош чайқади:
– Кетиш ҳақида ўйласам, юрагим бандидан узилиб, пойимга тушаётгандек беҳол бўлиб боряпман. Боргач, ётиб қолишим… аниқ.
– Яхши ният қилинг, опа, дард чекинди, соғайиб кетдингиз. Энди соғинган пайтингиз келиб-кетиб юраверасиз.
– Қийиндир-ов…
Аёл ҳақиқатан ҳам ғамга ботган эди.
– Истаганингизча қолишингиз мумкин. Уйимнинг тўри сизники, ана, барибир бўш ётибди.
– Йўқ, элчихонадан фақат икки ойга рухсат олганман…
Икки ой тўлган куни уни аэропортгача кузатиб қўйишди. У ниҳоятда ҳорғин, ранги-рўйи бир аҳволда, ҳаво етмаётгандек, ҳарсиллаб, елкасидан нафас оларди. Онасининг аҳволига қараб, Довуднинг ҳам кайфияти тушиб кетди. Аммо унинг тасалли беришдан ўзга чораси йўқ эди: «Мам, маме, ўзингизни қўлга олсангизчи! Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, ҳали яна келасиз, ўзим сизни кўргани бораман». Кампир ўғлига жавобан серажин юзларида йилтиллаб турган ботиқ кўзларини оҳиста юмиб, розилик ишорасини билдирди, лекин гапирмади.
Орадан бир ҳафта ўтиб, совуқ хабар келди, кампир қазо қилган эди. Фотима билан Довуд дастурхон ёзиб, қўни-қўшниларга эҳсон тарқатди… Одам кўп бўлди, Фотиманинг яқинлари, Довуднинг, Соранинг ишхонасидагилар, нариги қўшнилар, бу қўшнилар… Довуд армон қилди: «Бир ҳафтагинага олиб қолсам, бўлар экан…». Фотима унга тасалли берган бўлди: «Аллоҳнинг иродаси, ўғлим. Омонатини қачон, қаерда олишни фақат ўзи билгувчидир», «Агар кетмаганларида… ҳали-вери ўлмасмидилар, дейманда», «Балки…».
Кампир келган кунлар Илёс билан бирга шаҳарга кетмай, ўзича қаҳрамонлик қилгандек ҳис қилиб юрди. Аввал ҳам мабодо ўғли шаҳардан безиб, ортига қайтмоқчи бўлса, шу уй, шу ҳовли унга тегишли мулк бўлиб туриши, ҳар қандай вазиятда уни қучоқ очиб кутиб олиши мумкинлигини жуда кўп марта кўнглидан ўтказган эди. Яҳудий кампирнинг Исроилдан келиб, ўғли ижарада турган уйга минг хижолат билан омонатгина қўнганлиги уйни Илёс учун сақлаб жуда маъқул иш қилганлигига бўлган ишончни оширди: «Ҳозир билинмайди. Ёш, елиб-югуриб ишлаб юрибди. Бугун йўқотганининг ўрнини эртага тўлдиради. Аммо вақти келиб, шаҳар шовқинлари, сохта мулозаматлари, тинка қуритар ҳашамлари, бешафқат тартиблари уни батамом бездиради, шунда кўнгли бир сокинлик, беминнат, бетама меҳр кўрсатувчи содда одамлар даврасини қумсайди. Ана ўшанда бу уй унга керак бўлади».
Маъракадан сўнг бирдан ғалати кайфиятга тушиб қолди. Шунча йилдан бери ҳар замонда бир телефон орқали йўқлаганларини айтмаса, бир марта ҳам йўқлаб келмаган ўғил сўнгги нафасини олаётган дамда етиб кела олармикин? Ўзи тупроққа қўйиб, қабрига бир кафт тупроқ ташлай олармикин, маъракаларининг бошида турармикин? Шуларни ўйларкан, ичида нимадир «чирт» этиб узилдек бўларди.
Кейинги куни эрта туриб, сангтарош устанинг дўконига борди. Дўконнинг чор тарафига тахлаб ташланган турли ўлчамдаги оқ-қора, кўкиш рангли тошларни кўрди. Ихчамгина қора тошни танлаб, сумкачасидан тўрт буклоғлик қоғоз олиб, устага узатди:
– Шу ёзувларни сиғдира оласанми тошга?
Уста йигит Фотиманинг ўқувчиси эди, ёзувни кўриб ҳайрон бўлди:
– Бу нима, устоз?
Фотима хижолатомуз жилмайди:
– Буям мусулмончиликда, ўғлим. Ўлимни бўйинга олиш яхши, дейишадику. Яна… Кўнглимдагидек, камтаргина қилиб ясатиб қўяйин, деяпман. Акангга қўйсам, Тошкентдан эшикдек келадиган қора тошга суратимни ўйдириб, бир ваҳимани ортмоқлаб келади. Менга эса бундай дабдабанинг ҳеч кераги йўқ, бир умр камтаргина яшадим, белгим ҳам камтарин бўлгани маъқул. Охирги сана ёзилмаган. Кейин… ўзинг бориб тўлдириб қайтасан. Пулини ҳозир тўлаб кетаман.
Уста қўлидаги ускунани тарақлатиб ерга ташлаб, ўрнидан туриб кетди:
– Устоз-эй, ундай қилманг, илтимос сиздан. Мен ҳеч қачон тирик одамга тош йўнмаганман. Ҳеч кимга қилмаган ишимни сизга қиламанми? Майли, кўнглингиздаги тошни танлаб, нима деб ёзишимни айтиб кетинг, ўн йил ўтадими, йигирма йил ўтадими, вақти-соати келганда ўзим ёзиб, ўзим… қўйиб келаман.
Фотима бош чайқади:
– Бўлмайди. Камбағальнинг моли ёнида турсин, дейишади. Мен ўлган пайт, ким билади, бошқа касбнинг этагидан тутиб кетган бўласанми, эрта учун ҳеч ким кафолат бера олмайди. Сен тайёрла, мен бир қопга солиб, уйга элтиб қўяман. Бир кун омонатини топширар бўлсам, уйга бориб ишингни охиригача етказасанда, аканг билан биргаликда бошимга қўйиб қайтасанлар. Маъқулми, ўғлим?
Уста қошларини чимириб, қўлидаги қоғозга қаради:
– Нима бу? Шеърми? – у ҳижжалаб ўқий бошлади. – Сув келар, оқар-кетар. Тошларни ювар кетар. Дунё бир деразадир, Ҳар келган боқар-кетар. Бу нима дегани, устоз?
– Бир шеърда, болам. Менга ёқади. Бошимга келган ҳар одам бир ўқиса, ётган жойимда эшитиб, маза қиламанда, ўғлим, – кулиб қўйди Фотима.
– Ҳаа, шундайми? – уста йигит ҳеч нарсани тушунмаган бўлса ҳам шеърнинг мағзини англагандек бош ирғаб қўя қолди. – Сизга маъқул бўлса, бўпти. Суратингизни ҳам чизайинми?
– Йўқ, шарт эмас.
Тош тайёр бўлган кун қалин матодан тикилган қоп олиб келди. Бир машина кира қилиб, уйига олиб борди. Довуд уйда экан, ҳайдовчи билан бирга майда-чуйда сақланадиган омборхонанинг бир бурчагига қўйдирди. Кечки пайт Довудни ёнига чақиртирди:
– Ўғлим, ўзимга тош тайёрлатиб келдим. Сўнгги санаси қўйилмади, хабар қилсанг, Оққўрғондаги уста бола келиб, ёзиб кетади. Уям ўзимнинг ўқувчим экан. Шундай деб келишдик.
Онаси қазо қилгандан буён паришон бўлиб юрган йигит бу гапни эшитиб, бир зум Фотимага тикилиб қолди. Омборхонага жойлаштирилган қопнинг оғзи берк бўлганлиги учун нималиги билмаган, унга қизиқмаган ҳам эди. Сўнг чуқур хўрсиниб, бош ирғади:
– Менга шуни ҳам ишонмадингизми, устоз?
– Бунинг ишониб-ишонмайдиган ҳеч нарсаси йўқ, болам. Ўғлимга, ёки сенга қўйсам, ўзларингча руҳимни шод қилиш учун дабдаба қилиб, анча пулга бир ваҳимали нарса тайёрлар эдинглар. Тош эса дабдаба учун эмас, изловчилар адашиб кетмасликлари учун бир белги, холос. Кўнглимдагидек камтаргина қилмасликларингни билганим учун ўзим тайёрлатдим.
Довуднинг нигоҳидаги норизо ифода барибир ўзгармади:
– Қаёққа шошяпсиз, устоз? Сиздан бундай гапларни эшитиш мен учун қанчалар оғир эканлигини билмайсизми? Айниқса, ҳозир…
Фотима ғамгин бош ирғади:
– Узр, ўғлим, бу нарса сенинг кўнглингга тегишини ўйламапман. Онангдан сўнг, ўлим қошу қобоқнинг орасида, деган гапга яна бир бор амин бўлдим. Ҳали бу дунёда қиладиган ишларим кўп, шундай бўлсада, тайёргарлигимни кўриб қўяйин, дедим.
Довуд унинг пойига чўккалади:
– Илтимос, онажон, иккинчи бундай ишлар қилманг. Зарурат бўлса, ўзимга айтинг. Нима хизматингиз бўлса, доим тайёрман.
Фотима унинг бошини силади:
– Шунча қилиб ўтирганларинг учун ҳам раҳмат. Бирор кун, вақтинг бемалол бўлганда нотариус билан маҳалла раисини олиб келсанг, Илёснинг номига васиятнома ёздириб қўярдим.
Довуд индамай бош ирғади.
– Менга бирон гап бўлиб қолса, ўзингни дадил тутиб, дарҳол Илёс акангга қўнғироқ қил. Сўнг Минордан келадиган Жовдат амакингга хабар қил. У киши менга тоға, ўғиллари ҳам менга тоға қавм, тоға ўрнидаги одамлар ҳисобланади. Бир тоға етти отадан улуғ ҳисобланади. Ўзлари узоқ-яқиндаги қариндош-уруғларга хабар қилишади, урф-одатларимиз бўйича дафн қилишади. Жовдат амакингдан сўнг маҳаллага, ишхонамга, дугоналаримга, қўшниларга, ўзингнинг ишхонангга хабар қиласан. Калит, пуллар қаерда туришини биласан, Жовдат амакинг билан маслаҳатлашиб, харажат қилаверасан. Илёс акангнинг қўлига қараб ўтирма, у шаҳарда яшайди, пули бўлмаслиги ҳам мумкин. Маъракаларни жуда тўкиб-сочиб ўтказмасанглар ҳам, эл қатори дастурхон тузанглар. Ортиб қолган пулларнинг учдан бирини ўзингга ол, қолганини Илёсга берасан. Бу сенга омонат васиятим. Кейин ҳовлининг эгаси Илёс бўлади, истаса, сотиб кетади. Кўзи қиймаса, сени ижарага қўйиб кетади. Бу ёғи ўзига ҳавола.
– Хўп, онажон, хизматларингиз бош устига. Лекин бу тайёргарлик, бу васиятлар эҳтиёт шарти билан қилиняпти, деб умид қиламан. Сиз ҳали Илёс акамга, невараларингизга, менга жуда кераксиз. Онамни ҳам бериб қўйдим, опам билан синглим дунёнинг нариги бурчида. Бу дунёда сиздан бўлак суянчиғим, меҳрибоним йўқ. Онамнинг ўлими сизга жуда қаттиқ таъсир қилди, шекилли. Бир-икки кун у ёқ-бу ёққа айланиб келинг. Илёс акамникига боринг, невараларингизни кўриб, кўнглингиз ёзилади. Менимча, Илёс акамнинг келмаганига хафа бўлиб юрганга ўхшайсиз. Катта шаҳар, югур-югури кўп, вақти ҳам бўлмаётгандир. Бундан ташқари, биз эркакларни биласиз, сиз аёлларга ўхшаб, майда-чуйда нарсаларга вақт ажратиб ўтиришмайди. Бекорга бели боғлиқнинг кўнгли боғлиқ, дейишмайди. Мен ҳам онамга камдан-кам ҳолларда қўнғироқ қилар эдим, қачон бўлса, онамнинг ўзи излаб турарди. Агар ўзи изламаганда ҳовлини сотиб, мени кўчада қолдириб кетди, деб аразлаб юраверардим. Мана келди, кўп бўлмаса ҳам икки ой маза қилиб, қадрдонлари билан дийдорлашиб юрди, келинини кўрди, озми-кўпми, хизматларини қилдик. Бир яхши хотиралар қолди. Бир-биримиздан араз уриб юраверганимизда нима қоларди?
– Рост… – уни маъқуллади Фотима. – Ўзимам бир бораман, деб юрибман. Набираларимни жуда соғинганман. – Ёш қалққан мижжаларини артди, кейин кулимсираб қўшимча қилди. – Агар улар мени унутиб юборишмаган бўлса…
– Қўйсангизчи? Улар ҳали кичкинада, яқин-ўртада яшашганда ота-онасидан сўраб ўтирмасдан ёнингизга учиб келишарди.
– Одамзод қизиқ мавжудотда, уни ҳайвондан фарқлайдиган жиҳати ҳам туйғулари, эзиб, азоблайдиган уқубати ҳам шу туйғулар туфайли. Мана, қушларни қара, тухум қўяди, уларга иссиқ бағрини бериб очади, бир жойлардан ҳалқумида ризқ олиб келиб боқади, улғайтиради. Учишни ўргатади. Полапонларини учирма қилганидан сўнг, онаси бизга ўхшаб сиқилмайди, болам мени ташлаб кетди-ёв, деб. Боласи ҳам хижолат бўлмайди, онамнинг ҳоли не кечди экан, мен ўз ташвишларимдан ортмаяпман, деб. Шу туйғулар бўлмаса, одамзоднинг ҳаёти ҳам анча содда, беғам-беташвиш бўлармиди, дейманда. Қуш бўлиб яратилмаганимга афсус қиляпман, ўғлим.
– Худо сақласин, устоз. Сиз қуш бўлганингизда бизга ким бошпана берарди? – кулди Довуд.
– Айтаманда, энди. Ўрни келганда қушлар биздан кўра мард экан, дейманда. Ўғлимни, набираларимни қанча соғинсам ҳам, ич-ичимдаги миннатгами, гинагами ўхшаш туйғулар уларнинг олдига боришга йўл бермайди. Ўтиравераман ўзимни еб-ютиб!..
Фотима боласидан ҳам кичик болага беихтиёр ҳасрат қилганидан хижолат тортди. Маъюс жилмайиб, бош ирғади:
– Узр, ўғлим, одам кексайгандан сўнг сергапроқ бўлиб қолади, сенинг бошингни ҳам оғритиб юбордим.
– Ундай деманг, устоз. Менга кўнглингизни очганингиздан хурсандман. Ахир, мен сизни ўз онамдек кўраман. Ҳеч нарса демасангиз ҳам, уларни соғиниб юрганингизни жуда яхши биламан. Ҳозир ҳамма нарса пишиб ётибди. Тўрт-беш қути олиб келиб, чиройли қилиб жойлаб бераман. Ўзим поездга чиқариб қўяман. Агар сюрприз қиламан, десангиз, поезддан тушгач, бир аравага орттириб, таксигача етиб оласиз. Кейин ҳақиқий Қормомо бўлиб уйларига кириб борасиз. Улар ҳам, ўзингиз ҳам мазза қиласиз.
Одам кексайгандан кейин атрофдагиларнинг оғзига қараб қоларканми ёки Довуд унинг кўнглидаги гапни айтдими, ҳарқалай бу гаплар унга маъқул тушди. Аммо кўнглида яна қандайдир бир хавотир ҳам бор эдики, ич-ичида бир ҳадик уни шошилтираётган, имкони борича барча нарсага улгуриб қолишга ундаётган эди.
Довуд шу куниёқ катта кўчадаги озиқ-овқат дўконидан тўртта қоғоз қути олиб келиб, жўнайдиган кунлари бирига узум, бирига олма, бирига хурмо, бирига эртапишар анор жойлаб, қутиларнинг оғзини елимлаб, кўтаришга қулайгина қилиб, каноп ип билан боғлаб берди. Қутиларни кўриб, Фотима кулиб юборди: «Бунча юк билан поездга чиқармайди мени, қутиларингнинг ўзи саксон кило чиқади камида, ҳали кийим-кечакларим солинган каттагина сумкам ҳам бор ”, «Ғам еманг, устоз, проводник билан ўзим гаплашаман», «Э-э, сен ҳам гапирасанда, устоз-устоз! Ахир? биз мактабда эмасмизку! Хола, де! Амма, де!», йўлга чиқаётганидан кайфияти хуш эди унинг, шарақлаб кулди. Унга қараб, Довуд билан Сора ҳам кулишди. «Йўқ, сиз мен учун бир умр, ҳамма соҳада устозсиз. Устоз! Устоз, бўлиб қолаверасиз», ўзиникини маъқуллади Довуд.
Вокзал ҳар доимдагидек ғала-ғовур, шовқин. Жўновчилардан кузатувчилар, кутиб олувчилар кўп. Довуд ҳам иккита жўрасини айтган экан, поезд келмасидан юкларни бўлиб-бўлиб олишди, бу ҳам камлик қилгандек, темир йўл ишчиларидан уларнинг вагони қаерда тўхташини ҳам аниқлаб келдида, юклар билан Фотимани ўша ерга олиб боришди. Бир эмас, уч барваста йигитнинг меҳрибонлигини кўриб, вагон хизматчиси ҳам эриб кетдими, унинг юклари кўплигига эътибор ҳам бериб ўтирмади, аксинча чойлар дамлаб бериб, йўл бўйи ҳурматини қилиб борди.
Аммо Фотима туни билан ухлай олмади. Йиллар мобайнида тишини тишига қўйиб, энг азиз инсонлари – дилбандларидан юзини буриб яшашга куч топа олган бўлсада, энди кўксидаги гинадор кишанлар парчаланган, ўғли билан набираларини бир дақиқа бўлса ҳам эртароқ кўришга ошиқар, дийдор лаҳзаларини ўзича тасаввур қилиб, ҳаяжонланар, «тақа-туқ» қилиб кетиб бораётган поезд деразаларидан «лип-лип» этиб, ортда қолаётган чироқларга термилиб, ўзича лаб-лунжини йиғиштира олмай, табассум қилар эди: «Илёсни ҳам беҳуда ҳаяжонлантирмайин. Таксига ўтиргандан кейин қўнғироқ қилиб, уй манзилингни тушунтир, деб телефонни ҳайдовчига бераман. Болагинам ўзини йўқотиб қўйса керак».
Тиқилинч вокзалдан бир амаллаб чиқиб, таксига ўтиргач, такрор-такрор эсланаверганидан ёд бўлиб кетган рақамни қайта-қайта терса ҳам, ҳеч ким жавоб бермади. Бирдан тарсаки еган боладек шумшайиб қолди: «Ия, телефони жавоб бермаяптику». Ҳайдовчи ҳам бетоқат бўлди: «Тахминан бўлса ҳам манзилини айтинг, хола». «Манзили… Чорсу бозорининг ёнгинасида, деган эди…», «Э-э, тавба, бу бозор қандай катта бозор эканлигини биласизми, хола. Ўзи катта бўлгач, унинг ёнидаги уйлар ҳам беҳисоб бўладида. Уйдан ишни пишиқ қилиб чиқмайсизми? Бегона шаҳарга келаётган бўлсангиз». «Ҳозир…», унинг ёдига қудасининг уй телефони тушиб қолди. Гўшакни хотин қуда кўтарди. Вилоятдан қўнғироқ қиляпти, деб ўйлади шекилли, узоқ сўрашди. Унинг шаҳарга келганини эшитиб, бир нафас жим бўлиб қолди: «Шунақами? Шаҳарга келганмидингиз? Илёсжон кечагина Японияга хизмат сафарига кетган эдия, катта бир илмий симпозиумда маъруза қилиши керак экан», унинг худди ўз фарзанди ҳақида гапираётгандек овозига эгалик оҳангини бериб мижғовланиши Фотиманинг энсасини қотирди: «Қудағай, ўзи кетган бўлса ҳам уйи, болалари қолгандир ахир. Уй манзилини таксистга тушунтириб юборинг, кутиб қолди», «А, хўп, хўп. Бизникига ҳам келинг, опа».
Биринчи куни набираларнинг шовқин-сурони билан сармаст бўлиб, ўғлининг уйда йўқлиги ҳам билинмади. Эртаси куни келин ишга кетди. Набиралар икки биқинига тиқилиб олишган бўлсалар ҳам, кўзлари эмас, кўнгли олазарак бўлиб ўғлини излай бошлади. Момо-набираларнинг гурунглари фақат меҳрибон, лекин қаттиққўл, ҳамма нарсани биладиган, ҳамма нарса қўлидан келадиган, қудратли, ҳимматли лекин ҳар доим банд оталари – Илёс ҳақида бўлди:
– Устозимиз болалардан пул йиғиб, 6,5 литр сув кетадиган тефал-термос олиб бермоқчи эди. Дадам, болаларни овора қилманг, деб, ўзлари олиб бердилар. Ҳамма қойил қолди.
– Биласизми, Янги йилда Қорбобо менга катта бир қутича берди, очиб қарасам, ичида чиройли қўғирчоғи бор экан. Ҳамманинг ҳаваси келди. Ҳеч ким айтмаган бўлса ҳам, бу қўғирчоқни Қорбобога дадам бериб қўйганини билдим.
– Дадам ўзи сизни жуда ҳам яхши кўради, қишлоққа момомнинг ёнига борайлик, десак, мен ҳам соғинганман момонгни, ишларимни бир жойлаштириб олай, кейин борамиз, деб юрганди. Ўзи яқинда бормоқчи эдик.
– Қанақа совғалар олишни ҳам ўйлаб қўйгандик…
Кейинги куни улар шаҳар айланишга чиқишди. Ҳаво иссиқ ва дим. Болалар мақтаган истироҳат боғига боришди, у қари эман дарахти соясига қўйилган узун ёғоч ўриндиққа ўтириб, болаларнинг арғимчоқ учишларини томоша қилди. Бу машғулот ҳар қанча зерикарли бўлмасин, кун узун гугурт қутисидек тор, диққинафас уйда телевизорга тикилиб ўтиришдан кўра афзал эди. Шу сабабли кейинги куни яна бошқа истироҳат боғига боришди. Сабоҳатнинг хонасида кейинги куннинг режасини тузишаётганди, эшик очилиб, остонада келин кўринди: «Ойи, мен ишга кетяпман. Илтимос, болаларни истироҳат боғига олиб борманг. Ҳаво жуда иссиқ, иссиқ урдириб қўймайлик яна. Биласиз, булар жуда нимжон», болалар норози хўмрайиб оналарига қарашди. Фотима бош ирғади: «Хўп, нима десанг, шу», «Агар ўзингиз зерикаётган бўлсангиз, шаҳардаги дугоналарингиз, қариндошларингизникига бориб келишингиз мумкин», Фотима беҳафсала қўл силтади: «Мен ўғлимни кутяпман. Менга ҳеч қандай дугона ҳам, қариндош ҳам керакмас. Набираларим билан уйда ўтираверамиз», «Эҳ-ҳе, ўғлингиз икки ҳафтадан кейин келадику. Шунча вақт кута оласизми? Менгаку барибир, тургингиз келса, тураверинг. Менга ҳеч оғирингиз тушаётгани йўқ. Лекин байрам арафасида милисалар уйма-уй юриб, пропискаси йўқ одамларни шаҳардан чиқариб юборади. Сарсон бўлиб қолманг яна дейманда».
Фотиманинг кўксига ханжар санчилгандек бўлди. Аммо дафъатан остонада «Бопладимми?», деб турган беандиша келинига муносиб жавоб айтишга бирон сўз топа олмади. «Хўп, яхши ўтиринглар», келин ҳеч нарса бўлмагандек нимтабассум билан бош ирғаб, эшикни ёпди. Фотима эса ўтирган жойида карахт бўлиб қолгандек анча вақт руҳсиз қотиб қолди: «Ай, осий бандая! Жонимга жон, белимга дармон бўладиган арслондек боламни олдингга солиб жўнатдим. «Шаҳар, шаҳар!», деявериб, хунобини хун қилган сен, йўлдан урган сен. Буни мен билмасмидим, билар эдим, лекин индамадим. Мен ҳам йўлларингга кўндаланг бўлиб, бор маккорлигимни ишга солиб, йиғлаб-сиқтаб, кетмайсан, кетма, болам, деб ёнимда олиб қолсам бўларди. Йўқ, ҳамма оғирликни ўзимга олдим, Аму билан Сирни кўзимнинг қароқларига жойладим, тоғлардан оғир айрилиқ юкини елкамга олдим, осмонлардек поёнсиз соғинч ўтини муштдек юрагимга тахладим. Бор, боравер, болам, дедим. Худойим, боламдан мен ранжисам ҳам, сен ранжимагин, бошида ўзинг паноҳ бўл, дедим. Ўзим соғинч ўтида куйиб кул бўлдим, қон ютиб, қон йиғладим, лекин боламнинг йўлини тўсмадим. Сен… бир ҳафта остонангдан жой бергинг келмаяпти». Бир пайт Сабоҳат келиб елкасидан қучди: «Кетиб қолманг, моможон! Сизни жуда қаттиқ соғинган эдик. Ҳали сизга сираям тўйганимиз йўқ», Сарварбек ҳам этагига ёпишди: «Сиз кетмоқчимисиз? Сизни ҳеч қаерга юбормайман. Ҳеч қачон юбормайман. Кетсангиз, бизни ҳам олиб кетинг». Уларни алдаш, кўндириш жуда қийин бўлди: «Битта дугонам жуда оғир касал, бу ёққа келишдан олдин, сени кўргани бораман, деб ваъда бергандим. Мана, сизларни кўрдим, дадаларинг келгач, яна келаман, сизлар билан бирга тураман, бирга айланишга чиқамиз. Ҳозир эса менинг йўлимни тўсманглар, кетмасам бўлмайди».
Ҳа, кетмаса бўлмас эди. Бундан ўн беш йиллар аввал мактаб томонидан малака ошириш учун келганида бир муаллима аёл билан яқин бўлиб қолганди. Аёл бефарзанд экан, эри билан катта ҳовлида ёлғиз туришаркан. Фотимани қўярда-қўймай икки марта уйига олиб бориб, меҳмон қилган эди. Ўшандан буён кўришмаган бўлишсада, ҳар байрамда қўнғироқ қилиб, бир-бирларини йўқлаб туришарди. Ўзи ўғлиникига келганидан буён дугонасини бир йўқлаб боришни кўнглига тугиб юрган эди. Ҳайдалгандан кейин… дугонани излашдан бўлак иложи қолмади: «Нима бўлганда ҳам ўғлимни бир кўриб кетмасам бўлмайди. Келинга аччиқ қилиб, уйга кетиб қолсам, кейин… ўғли билан кўришмоқ насиб қиладими, йўқми? Довуд айтганидек, бели боғликнинг кўнгли боғлик, бу ўғил юраверади, ишнинг кетидан қувиб. Қачон «онанг кетди», десалар, эҳ, деб йиғлаб йўлга тушади… Ўшанда ҳам узоқ йўл, етиб бора оладими, йўқми?»
Дугона жуда яхши кутиб олди. Айтмайман, деган эди, ўзининг бечоралиги, қайси замонда бир учрашган бегона аёлнинг илтифоти кўнглини бўшатиб юборди. Кечки пайт чорпояда аччиққина кўк чой ичиб ўтириб, аччиқ-аччиқ йиғлаб, неча йилдан буён ёлғиз ўғлини соғиниб, ёлғиз яшаётганини, бир излаб келганида ўғлини топа олмай, келинининг иддоасига учраганини, набирагиналари изидан йиғлаб қолганларини, ҳамма-ҳаммасини гапириб берди… Дугона елкасидан қучиб, унга тасалли берди: «Келиннинг гапига эътибор берманг. Агар ўзи қўнғироқ қилиб, чақирмаса, бормайсиз. Ўғлингиз келгунича, меҳмоним бўласиз».
Орадан ўн кун ўтиб, келини қўнғироқ қилди: «Ойи, нимага дом-дараксиз бўп кетдингиз? Бугун келар, дейман, йўқсиз. Эрта келар, дейман, йўқсиз. Набираларингиз дадасига «Момом келган», деб қўйишган экан, ўғлингиз ҳам ҳар кун қўнғироқ қилиб сўраб ётибди. Эртага келар экан, уйга келинг-э, меҳмондорчиликларингиз тугаган бўлса. Ёки ўзим бориб олиб келайинми?». Ўғлининг келиши ҳақидаги хабардан юраги энтикиб кетди. Келиннинг ёлғон манзиратларига ҳам эътибор бермади. Дугонасига қайта-қайта миннатдорчилик билдириб, ўзи йўлга тушди. Дунёда ундан бахтиёрроқ инсон йўқ эди айни дамда!
…Ўғли анча улғайиб қолган эди: сочларига кумуш қировлар тушиб, бироз озғинлаганиданми, юзларининг териси осилиб, рангги ҳам синиқиброқ турар, лекин овози дадил, онасини узоқ вақт бағридан бўшатмади: «Онажон, онажонгинам ўзимнинг!». Сўнг дарҳол сумкасини ковлаб, салафан халтадан бир пальто чиқариб, елкасига илди: «Қаранг, сизга жуда ярашди. Иссиққина. Қишда мазза қилиб киясиз».
Шу билан ҳамманинг нигоҳи сумкага қадалди. Илёс болаликдан қўлиочиқ, ҳаммани хурсанд қилишни яхши кўрарди. Хотинига, болаларига атаб бир дунё нарса олиб келган экан. Ҳатто қайнотаси билан қайнонасини, қайнсингилларини ҳам унутмабти. Уларга аталган совғаларни оларкан, келин норози чимирилди: «Онамгаям биттагина пальто олмапсизда». Илёс «ялт» этиб, онасига қаради, у аёлининг беандиша ва очкўзлигидан уялиб кетган эди. Кейин ғижиниб, аёлига юзланди: «Уятсиз! Ҳе-э!..». Келин бурилиб хонадан чиқиб кетди.
Шу билан Фотима юзини қаттиқ қилиб, ўғли билан набираларининг ёнида бир ҳафта қолиб кетди…
* * *
Анжуман кунларининг ҳар бир дақиқаси қатъий дастур асосида бўлиб чиқилган, иштирокчилар эртадан-кечгача ташкилотчилар ихтиёрида бўлишар, фақат кун ниҳоясидагина ҳориб-толиб, меҳмонхонага қайтишар эди. Кечки овқатдан сўнг маданий тадбирлар уюштирилар, хуллас, на зерикишга, на ғам чекишга умуман вақтлари йўқ эди. Илёс кетма-кет уч кеча онасини тушь кўрди. Онаси ўша охирги марта уни кузатганидек дарвоза олдидаги тут дарахтининг ғадир-будур танасига елкасини берганча йиғлаб турганмиш. «Нега йиғлаяпсиз?», деса, бир оғиз ҳам жавоб қайтармасмиш. Бу тушдан сўнг у ҳар сафар чўчиб уйғониб кетар, анча вақтгача ўзига кела олмай ётар, онасига қўнғироқ қилиб, аҳвол сўрай, деса, онасининг телефон рақами йўқолган телефонда қолиб кетган эди. Бир оқшом мактабда бирга ишлаган жўрасига қўнғироқ қилиб, гап орасида «Бизникига ҳам ўтиб, онамга қарашиб қўй. Юринг, десам, шаҳарга келгилари келмади. Бу ерда иш кўп, мана ҳозир ҳам Хитойда юрибман. Вақти-бевақт хабар ололмайман», деди. Гап орасида жўрасидан онаси ҳақида бирон хабар кутди, у эса «Эҳ-ҳе, мунча зўр! Хитойдамисан? Онангни ҳам унда-мунда кўриб қоламан. Яхшигина юрибдилар. Зўр қилдингда кетиб, мана, биз юрибмиз яғиримиз чиқиб» деб, унга ҳавас қилишдан нарига ўтмади. Унга онамнинг телефон рақамини билиб кел, дейишдан тортинди. «Ҳаа, юрган эканку. У кишига шу қишлоқ бўлса бўлди, ўғил ҳам, набиралар ҳам керак эмас. Шунча қийин кунлар бошимдан ўтди, неча ўлиб, неча тирилдим. Она бўлиб битта тушь ҳам кўриб, безовта бўлмади. Болаларим кунига «момом» деб неча эслайди, шуларни ҳам соғинмайди», гина қилиб қўйди ўзича.
Дераза ёнига бориб, ташқарига қаради. Унинг ўнинчи қаватдаги хонасидан турли-туман чироқлар ловуллаб турган гўзал шаҳарнинг катта қисми кўриниб турарди: «Ўҳ-ҳў, хитойлар шаҳарни ёритиш учун ҳам жуда катта маблағ сарфлашса керак». Яна беихтиёр онасини эслади. Онаси жуда тежамкор аёл эди. Кечаси ётишдан олдин ҳамма чироқларни ўчириб чиқарди, болалар «қўрқамиз», деб ғингшиса, ойга ишора қилиб, «Ана, Худойим таоло осмонга текин фонус осиб қўйибди», дерди. У замонларда ҳовлида кўпчилик эди, энди ёлғиз ўзи қолган. Бунинг устига инсон кексайганда қўрқоқ бўлиб қолади, дейишади. Энди аввалги тежамкорликларни қила олмаётгандир. Илгари битта чироқни ёниқ қолдиришга қўймасди, энди уч-тўрт чироқни ўчирмаётгандир. Илёснинг ич-ичида нимадир симиллаб азоб берди, бурунлари ачишиб, кўзларига ёш қалқди. Лабларини тишлаб, яна ранг-баранг чироқлар ичра ловуллаб ётган шаҳарга қаради: «Сафардан сўнг ҳамма ишни бир четга йиғиштириб қўйиб, онамни кўргани бораман. Ялиниб-ёлвориб бўлса ҳам, шаҳарга олиб қайтаман. Қариб қолди, Худо кўрсатмасин, бир нарса бўлиб қолсалар, ёлғиз ўзи… Кейин бош кўтариб юргилигим қолмайди».
Бу ўтган йиллар давомида ўзига берган нечанчи ваъдаси эканлигини битта Худо билади. Унинг билгани шуки, шаҳарга боргач, яна доимий югур-югурлар бошланади. Йигирма вагон тиркалган паравозга ўхшаб, ҳансираганча у томондан бу томонга, бу томондан у томонга қараб югураверади-югураверади. Бу ҳаракатни фақат хотинининг қўнғироқлари, болаларининг ташвишларигина бўлиши мумкин. Аслида, барчасини бошқарувчи ҳам хотин ва бола-чақа ташвишларидир. Шулар элдан кам бўлмасин, кўнгли ўксимасин, отам қилиб бермади, демасин деб бир умр югурди. Бу жараёнда на туғилиб ўсган қишлоғини, на шунча таваллолар билан ҳам кўчиб келишга рози бўлмаган онасини эслашга умуман вақти бўлмайди. Ҳар замонда бир марта Жовдат тоға қўнғироқ қилиб қолади: «Илёсбой, қалайсиз?» ёши анча улуғ бўлса ҳам шаҳарга кўчиб кетганидан бери унга сизлаб мурожаат қилади. Шубҳасиз, Илёснинг ҳамиша вақти тиғиз бўлади, вақти бўлган пайти ҳам тоғанинг овозини эшитиши билан энсаси қотади. Ўзидаги ҳолат учун ўзини ёзғиради: «Бечора, бир қишлоқ одамида, унга ҳеч қачон ишинг тушмайди. Шунинг учун у билан сўрашгинг ҳам келмайди». Имкон даражасида хушмуомала бўлишга ҳаракат қилади: «Ассалому алайкум, тоғажон! Аҳволингиз яхшими? Янгамлар соғ-омон юришибдими?», нариги томондан гулдураган овоз эшитилади: «Раҳмат, жиян! Ўзингиз яхшимисиз? Ишлар яхшими? Келин ҳам гуруллаб юрибдими?..», тоға бир бошдан ҳаммани номма-ном сўраб чиқади. Умуман олганда, айтадиган тайинли бир гапи бўлмайди, лекин ҳар замонда қўнғироқ қилишини сира қўймайди. Ана шундай қўнғироқлардан кейин Илёс қанча вақт ўзидан койиниб юради: «Нега бунчалар худбин, бунчалар тор бўлиб қолдим экан? Ишим тушмайдиган, бирон манфаатим бўлмаган одам билан умуман гаплашгим келмайди. Нега? Қачон бунчалар бешафқат бўлиб улгурдима?» Ўзини ёзғириб туриб, беихтиёр онасини эслайди. Онасини изламаганининг бош сабаби ҳам асли шунда эмасми? Энди… онасига ҳеч қачон иши тушмайди. Энди онасининг уйи ҳам керак эмас. Ҳамма иши йўлга тушиб кетди. Данғиллама участка олди, энг сўнгги русумдаги машинаси бор, қайнотасининг уйини қайтариб берди. Навбат – ўғли билан қизини ўқитиш, кўнгилдагидек сарполар билан узатиш, уйлантиришга. Шаҳар жойнинг борди-келдилари ҳам ўзига яраша. Бирон якшанба йўқки, қайгадир бориш зарурати бўлмаса. Боришнинг эса ўзи бўлмайди, аёли «Тоғорамиз обрўйингизга яраша бўлиши керак, дадажониси. Сиз кўчада юрган бир бечора одам эмассизку», деб қўймайди. Ҳа, ишлари яхши, даромади, обрўйи ҳам шунга яраша ёру биродарлар ҳам бор. Онаси, ўзини билса, келиб бир ёнида, дуо қилиб ўтириши керак эди. Келмади.
Илгари онасининг бирга келмаганини эсласа, юраги ачишиб кетарди. Ўшанда унга ҳам, болаларига ҳам жуда керак эди. Энди эса унинг узоқда, алоҳида яшашига кўникдими ёки ҳаёти тўкис бўлиб, онага унчалик зарурати қолмаганиданми, онасининг ўша ёқларда яшаши одатдаги ҳол бўлиб кўринар эди. Баъзан байрамларда хотини ва болаларига совға-салом олишни режалаштираётганда, онасига ҳам нималардир олиб, бирон йўловчи машинадан жўнатиб юборишни ўйлар, аммо аёли рўйхатга ўз ота-онасини, опа-сингилларини қўшиб, чўнтагини қуритиб қўяр, шундай қилиб, Илёснинг кўнглидаги режа режалигича қолиб кетаверарди.
Баъзан ҳар ойда пул жўнатиб, «Онажон, ош-овқатингизга, ҳовли-жойингизга қарашиб турадиган бир хизматкор олинг. Хизматкорнинг маошини ўзим тўлайман», демоқчи бўлар, аммо яна харажат устига харажатлар, ташвишлар устига ташвишлар қўшилиб, кўнглидаги ниятлар кўнглидан ташқарига чиқмайди.
* * *
Фотима кечга бориб, алахсирай бошлади. Довуд Фотиманинг телефонидан топган рақам бўйича Илёсга қайта-қайта қўнғироқ қилди, аммо қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермади. Иложсиз қолиб, Тошкентда яшайдиган бир дўстига қўнғироқ қилди, Илёснинг уй манзилини, иш жойини тушунтирди: «Зудлик билан етиб келсин. Онангизнинг мазаси қочиб қолибди, деб айтгин», деди. Сўнг Жовдат амакига қўнғироқ қилди. Жовдат амаки аёли, қизи, ўғиллари билан бирпасда етиб келишди. Ярим тунда дўсти қўнғироқ қилди: «Айтган одаминг у манзилдан кўчиб кетган экан. Янги манзилини топа олмадим. Сен айтган институтда бир танишим ишлайди, суриштирсам, Илёс ака Хитойга илмий симпозиумга кетган экан. Бир ҳафтадан сўнг келармиш».
Фотима туни билан алахсираб чиқди. Гоҳ эрининг, гоҳ қизининг, гоҳ ўғлининг исмини айтиб, ўзини ҳар ёнга ташлар, бошида турганлар унга нима дейишни билмай ҳайрон эдилар. Тонгга яқин Жовдат амаки Фотиманинг бошига бориб, «Жиян, мана, Илёс келди», деб ўғли Фаррухнинг қўлини беморнинг қўлига тутқазди: «Илёс келди, жиян», унинг овози титраб кетди. Фотима қизариб кетган кўзларини катта-катта очиб, атрофга қаради, нигоҳларида азобли интиқлик бор эди, нигоҳи бошида турган Фаррухга келиб тўхтади, унга бироз тикилиб туриб, чуқур «уф» тортди ва унинг қўлларини қаттиқ сиқди. Шу дамда уни алдашаётганларидан ўксиндими ёки Фаррухни ҳақиқатан ҳам ўғли деб ўйладими, бу бир худога аён эди. Сўнг кўзларини юмиб, оҳистагина шивирлади: «Мен… с…сс…сен…дан… ррозиман, ўўғғлим…». Бу гапни у ёнидаги йигитни Илёс деб ўйлагани учун айтдими, Аллоҳнинг розилиги учун айтдими, бу ҳам номаълум бўлди. Кўп ўтмай, Фаррухнинг қўлларини тутиб турган бармоқлари ўз-ўзидан очилиб қолди. Фаррух отасига қаради. Жовдат амаки бош чайқади: «Аллоҳ раҳмат қилсин жиянимни!..» Энгашиб, Фотиманинг елкаларидан қучди, пешонасидаги сийрак сочларини ҳидлади. Елкалари силкиниб, овозсиз йиғлади. Сўнг йигитларга «кетдик» ишорасини қилиб, хонадан чиқди. Энди бу ерда эркаклар қиладиган юмуш қолмаган эди. Сора Жовдат амакининг аёли билан қизларига қайси замонлар Фотима устоз жойини кўрсатиб, қайта-қайта тайинлаб қўйган тугунларни келтириб берди ва ўзи ҳовлига чиқиб кетди…
* * *
…Дарвозалари олдида иккита машина турган экан. Бошқа пайт бўлганда болалари ўзидан аввал югуриб, ҳовлига кириб кетишган бўларди. Аммо улар ҳам елкаларида оғир юк бордек энгашибгина отанинг ортидан боришарди. Ошхонадан чойнак кўтариб чиққан аммаси уни кўриб, турган жойида қотиб қолди. Илёс ёнига боргандан кейингина қўлидаги чойнакни ерга қўйиб, унинг елкасидан олди: «Оғажонимдан қолган ёдгорима!.. Энангни ҳам бериб қўйдикку, болам!.. Энди қандай қиласан, дуогўйингдан ажралиб қолдингку?..» Амманинг овозини эшитиб, ичкаридан Жовдат тоғаси билан катта аммаси чиқиб келишди. Уни бағрига босганча, сел бўлиб йиғлаб ётган аммани секин четга суриб, бирин-кетин Илёс билан кўришишди.
Онасининг хонасида ҳеч нарса ўзгармаган эди. Тўрда турган каравот устидаги ёстиқларга онаси тўқиган чиройли ёпинчиқ ташлаб қўйилган. Ёнбошдаги жавонда онаси тез-тез мутолаа қилиб турадиган китоблар. Дераза олдидаги қизил бахмал ёпилган ихчамгина столнинг бир четида қандайдир китоб устида онасининг кўзойнаги… Онаси қалампирмунчоқни яхши кўрарди, ҳар доим бозордан уч-тўрт шода қалампирмунчоқ олиб келиб, кўзга ташланмайдиган бир жойларга илиб қўярди. Ўтганига шунча вақт бўлган, бу хонага қанча одам кириб-чиққан, аммо ўша таниш ҳид худди онаси ҳаёт пайтларидагидек хонани тўлдириб турарди.
Тоға жуда узун оят ўқиди. Илёс дуойи фотиҳа ва кўнгил сўрашувлардан сўнг таънаю дашномлар эшитишга чоғланиб, бошини янада қуйироқ эгди. Ҳа, у ҳаммасига рози эди. Таъзияли уйни ёлғиз қолдирмайлик, деб унинг ўрнини билдирмай, эшик очиб ўтирган бу инсонлар ҳар нима деса, ҳақли эдилар. Аммо улар ҳеч нарса дейишмади. Қоп-қора қўнғироқ сочлари рўмол четидан чиқиб турган кўзлари катта-катта, қирра бурун қиз боя остонада аммаси қолдириб келган чойнакни кўтариб келди. Амма чой қуйиб узатди. Ҳалиги қиз уларга ярим косадан суюқ овқат сузиб келди. Жим-жит хонада Илёс қошиғини коса ичида бир-икки айлантириб, тотинган бўлди. Кейин юзига фотиҳа тортиб, Жовдат тоғасига қаради: «Бошларига бориб келсак, девдим, тоға…». Тоға унга бир қараб қўйдида, кичик аммага юзланди: «Қарачи, Довуд уйдамикин?». Амма индамай хонадан чиқиб кетди, бир пасдан кейин баланд бўйли, қотмагина йигит билан кириб келди. Йигит ўтирганларга салом бериб, остонага чўккалади. Йигитнинг қиёфаси жуда таниш кўринди, аммо хотирасининг пучмоқларини ҳар қанча титкиламасин, уни қаерда учратганини сира эслай олмади.
– Довудбой, Илёсбойни болалари билан устозингнинг бошига олиб бориб келсанг, девдим.
Йигит «ялт» этиб, Илёснинг юзига қаради, афтидан уни таъзияга келиб-кетувчилардан, деб ўйлаган, шекилли. Дарҳол қўлини кўксига қўйди:
– Хўп бўлади, амаки.
Кейин Илёсга юзланди:
– Яхши келдингизми, ака? Бандалик… Сизга одам юборган эдим, Хитойга кетган, дейишибди.
Илёс не бир хижолат ва ғам билан, қариндошлар орасида изза тортиб ўтирган бўлсада, бегона бир йигитнинг «Ака», «Одам юборган эдим», дея онасига нисбатан қандайдир яқинликками, эгаликками ўхшаш бир оҳангда гапираётганидан беихтиёр ҳушёр тортди: «Бу йигит ким ўзи? Нега шунча қариндош-уруғ туриб, у одам юборади менга?» Нафсониятига тегди, аммо ҳозир муносабат билдирадиган вақт эмас эди.
Қабристонга етгунларича бир оғиз гаплашишмади. Бегона бировнинг уларга йўлдош бўлгани Илёсга ёқмаётган эди. Кечадан буён юраги тўлиб кетди. Туни билан илондек тўлғониб чиқди, аммо кўзидан бир томчи ҳам ёш чиқмади. Ҳозир онасини излаб келиб, дўппайган бир уюм тупроққа дуч келади, ўзини тўхтата олмай, бўкириб юбориши аниқ. Аммо шу бегона биров олдидами?.. «Ҳа, шу «бегона биров» бўлмаса, қайси уюм тупроқнинг тагида онанг ётганини қандай топасан, ўғлон?»
Қабристонга киришгач, оёқлари уни беихтиёр опаси билан отаси ётган томонга бошлаб кетди. Кўнгли адашмаган экан. Опаси, отаси… Уларнинг ёнида яна бир қабр дуппайиб турар, усти янгидан сомонсувоқ қилинган, бошига кичкинагина қора тош қўйилган: «Фотима Мустафо қизи. 1938 – 2011 й.й. Сув келар, оқар-кетар. Тошларни ювар-кетар. Дунё бир деразадир. Ҳар келган боқар-кетар». У ростдан ҳам адашмаган эди, ёнидаги болаларини ҳам, «Бегона биров»ни ҳам, у бутун дунёни унутди. Бўкириб юбормаслик учун бармоқларини қаттиқ тишлаганча, дувуллаб тўкилаётган кўз ёшларига эрк берди: «Она!.. Онажон! Онажоним! Мени кечиринг! Мени кечиринг, онажон!» Чўкка тушиб, бошини тошга урди: «Мени кечиринг, онажон…» Қани, онаси ҳаёт бўлганида, тошга эмас, унинг бод чалган оғриқли оёқларига бош уриб, шу сўзларни айта олганида эди!.. Энди кеч… Минг афсус… Қаердандир қарғаларнинг ёқимсиз «қағ»иллаган овози эшитилди, унинг эти жунжикиб кетди. Чўккалаб ўтирган ҳолида билганича Фотиҳа сурасини ўқиди, дуо қилаётиб, яна йиғлаб юборди. Болаларини уйга ташлаб, кейинроқ ёлғиз ўзи яна қайтиб келишни кўнглига тугиб ўрнидан турди.
Уйда уларни бир дунё одам кутиб олди, унинг келганини эшитиб чиққан қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар. Илёснинг яраси ҳали жуда ҳам янги, уларнинг оғзига қараб, бош ирғаб ўтиришга умуман ҳоли йўқ эди. Ош қилишаётган экан. Ошдан кейин Илёснинг тунд аҳволига қараб, дуойи фотиҳа билан бирин-сирин туриб кетишди. Уйда катта аммаси, Довуд ва ҳалиги қиррабурун қиз қолди. Довуд билан қизнинг гап-сўзларидан уларнинг эр-хотинлигини, ҳовли четида сўппайиб турган меҳмонхонага эркин кириб-чиқишларидан эса шу ерда яшашларини тушунди. Иккаласи идиш-товоқларни йиғиштириб, ювиб-чайиб олишди.
Амма қоронғу; тушиши билан хуфтон намозини ўқидида, оёқларига ёпилган одеёлни устига тортиб, ўтирган жойига ёнбошлаб ухлаб қолди. Илёс қизини амманинг ёнида қолдириб, ўғли билан меҳмонхонага ўтди. Ҳовлида алоҳида меҳмонхона қургунларича, улар шу хонада меҳмон кутишарди. Эшикнинг ўнг томонига узалиб чироқни ёқди. Шипнинг ўртасидаги биллур қандил хонани ярақлатиб юборди. Онаси бу хонани жуда яхши кўрарди. Кенг, ёруғ, камдан-кам кирилганидан жиҳозлари ҳамиша оҳорли бўлиб турарди. Қўш қаватли дарпардалар, кунгурадор гулли қизил гилам, хона ўртасидаги узун хонтахта, бир четга қўйилган диван ва иккита курси, ҳаммаси ўша-ўша, қайси замонларда Илёс қандай жойлаштирган бўлса, шу ҳолида сақланган, фақат анча оҳори тўкилиб, ҳаммаси бекасига аза очгандай мунғайибгина турарди. Илёс хона четидаги тахмондан кўрпа олиб, икки кишилик жой ташлади. Йўл босиб, келди-кетди билан бўлиб яхшигина толиққан ўғли бирпасда пишиллаб ухлаб қолди. Илёс эса сира ухлай олмади. Ёнбош ётса, юраги сиқилаётгандек бўлаверди, чалқанча ётса, ўпка-жигари бўғзига тиқилаётгандай қийналди. Охири устидаги кўрпани четга суриб қўйиб, ўтириб олди. Барибир бўлмади, қанча чуқур-чуқур нафас олмасин, ўпкасининг қайсидир кунжаклари ҳавосиз қолаётгандек нафаси сиқилаверди. У елкасига камзулини илиб, ҳовлига чиқди. Юзига муздек ҳаво урилди. Бир-бир босиб, айвонча тагига қўйилган ёғоч супага бориб ўтирди. Айвоннинг бир четида ёқиғлик қолган ягона чироқ атрофга заифгина нур таратиб турар, олис осмон тоқида юлдузлар совуққина милтирар, ойнинг ўйчан сукути унинг маҳзун ҳолатига жуда мос, нимқоронғу ҳовлида кишини сескантирадиган сукунат ҳукмрон эди. Унинг бадани жунжикди, келган пайти аммаси елкасига ташлаган тўннинг енгларини кийиб, ўраниб олди. Барибир исимади. Рўпарадаги меҳмонхонанинг эшиги очилиб, остонада қора тўн кийиб олган Довуд кўринди. У келиб, Илёснинг ёнига ўтирди. Ҳар иккаласи бошларини қуйи солганча анча вақт жим ўтирдилар. Ниҳоят Довуд ўрнидан турди: «Ака, ҳаво жуда совуқ. Бу ерда шамоллаб қолишингиз мумкин. Ошхонага кирайлик. Сизга айтишим керак бўлган гапларим бор эди». Илёс унга сўзсиз эргашди.
Ошхонанинг чироғи ҳам жуда хира эди. Довуд уни тўрга ўтқазиб, ўзи газ ўчоққа чой қўйди. Стол устида турган чойнаклардан бирини олиб, қуруқ чой солди ва учта пиёла билан хонтахтахта ёнига чўкди:
– Ака, сиз мени эслай олмайсиз. Сизлар мактабни битирган йилингиз биз тўртинчи синфда ўқиганмиз. Бизнинг синфга Фотима устоз дарс берган. Ҳаммамиз устозни жуда яхши кўрардик. Мактабни битиргач, институтда ўқидим. Ётоқда, ижарада турдим, репититорлик қилдим, бир амаллаб ўқишни битириб олдим. Кейин сиз ишлаб кетган коллежга ишга жойлашдим. Бир бошим ҳар жойга сиғиб кетаверарди, лекин уйланганимдан сўнг қийин бўлиб қолди.
Човгум вижиллаб қайнай бошлади. Довуд чуқур хўрсиниб, ўрнидан турди. Чойни дамлаб, яна жойига чўкди ва Илёсга чой қуйиб узатди:
– Ижара уй ахтариб, кўп сарсон бўлдим. Ҳеч ким ёмон гапирмасди, лекин биздан қандайдир ўзларини тортишлари кўриниб турарди. Бўш уйлар ҳам учради, эгасининг бошқа ҳовли жойи бор, лекин улар биз учун жуда қимматлик қилди. Шундай пайтда Фотима устоз бизга бошпана берди. Ўн бир йил шу ерда яшадик.
Йигит пиёла тагидаги чойни ҳўплаб, томоғини қирди ва анча пайт пиёласига тикилганча жим қолди.
– Устоз ўн йиллар аввал сўнгги санани кўрсатмай ўзларига қабртоши тайёрлатди. Уйни ҳам гувоҳлар чақириб, сизнинг номингизга расмийлаштирганди. Бирон нарса бўлиб қолса, кимларни чақириш кераклигини, пуллари, калитлари қаерда туришларини ҳам ўша пайтда айтиб, тайинлаб қўйганди. Қарасангиз, соппа-соғ одамдек турарди, юрарди, лекин ҳеч ўзига ишончи йўқмиди, ҳарқалай, кўзларида, ҳаракатларида ҳамиша хавотирга ўхшаш бир нарса бор эди. У кишига қараб эзилиб кетардим. Кўнглини олишга роса ҳаракат қилардим. Мен устозни ўз онамдек яхши кўрдим, – Довуд елкалари силкиниб йиғлаб юборди. – Чинакам ўғил бўлишни истардим, ишдан ҳориб-толиб келсам ҳам олдига кириб, гурунглашиб ўтирардим, ҳовлини айтганларидек қилиб яшнатиб қўярдим, қўлимдан келганча совға-саломлар олиб келардим, лекин ҳеч қачон сизнинг ўрнингизни боса олмаганимни биламан. Кулгиларида ҳам, миннатдорчиликларида ҳам қандайдир аянч борлиги кўриниб турарди.
У бошини кўтариб, кўзини номаълум нуқтага тикканча жим ўтирган Илёсга қаради:
– Эртага уйнинг ҳужжатларини, маърака харажатларидан ортган пулларни бераман. Устоз қўярда-қўймай кредитга уй олдирган эди. Кредитни аллақачон тўлаб бўлганман, уйим тайёр. Фақат… ёлғиз ўзларини қолдириб кетишни истамаганимиз учун бу ерда тургандик. Болаларимга ҳам ўрганиб қолганди. Улар бир ёшга етар-етмас, хотинимни ишга чиқариб юбориб, фарзандларимизга ўзи ғамхўрлик қилди. Тез-тез уйга пул йиғинглар, менга ишонч йўқ, дерди доим. – У яна лабларини тишлаб йиғлаб юборди. – Агар… уйни сотаман, десангиз, биздан ҳеч хижолат бўлманг.
Илёс бир кун келиб, бу қадрдон уй унга қолишини, уни сотиб, пулини олишини биларди. Аммо айни пайтда ўзи ҳам тушунмайдиган ғалати бир ҳолатга тушиб қолди. Бу ҳовлига ўзидан ҳам кўра кўпроқ қаршисида ўтирган яҳудий йигит ҳақлироқдек туйилди. Аммо онаси, бир умр унинг йўлларига интизор бўлиб, қароқларига Аму билан Сирни беркитган, елкаларига тоғдек айрилиқ юкини ортган, юракларига осмонлардек бепоён соғинч дардини жойлаган онаизори ҳаётлигида ундан ҳар қанча ранжиган бўлса ҳам, ўзи учун ниҳоятда қимматли бўлган бу уйни сотиб, ўғли бирон-бир битмай турган ишига харжлашини истагани аниқ ва равшан эди. Илёс хонтахтани айланиб ўтиб, Довуднинг қўлларидан тутди: «Раҳмат, ука!..».
Ташқарида тийромоҳнинг этни жунжиктирувчи аёзли туни хаёлга чўмганча қотиб қолганди…
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 3-сон