Жамила Эргашева. Меҳмондорчилик (ҳикоя)

Жалолиддин оилада кенжа фарзанд. Бироз соддалигини айтмаса, жуда қўли очиқ, хокисор йигит. Бир ака, тўрт опа-сингилнинг бири қў­йиб-бири кексаларни кўргани ота уйига келади, кўпинча қуруқ қўл билан… Лекин ҳаммаси зўр, ака шаҳарда, амалдор, машина олиб юради. Ўша ёқда ўқиб, уй-жой қилиб қолиб кетган. Опа-сингиллар ҳам бору бардам жойларга тушган, ҳамиша зебу зийнатларга бурканиб юришади, катта-катта гапиришади. Улар келишса, Жалолиддин борини бозор қилиб, дастурхонга тўкади. Чўнтагида бир мириси қолмаган эса-да, меҳмонларнинг ёнида аския айтиб, кулиб-кулдириб ўтираверади. Бу нарса хотинига сира ҳам ёқмайди: “Ота-онани кўргани келган мардум бундоғ тўрттагина нон билан икки килогина гўшт кўтариб келмайдими? Буларингиз фақат еб-ичиб кетиш учун келишади. Уялишмайди”. Жалолиддин хушомад тарзида хотинининг елкаларини силаб қўяди: “Булар бизни бобо билан момонинг нафақасини еб ётибди, жуда бой деб ўйлашади-да, хотин. Қўявер, бой бўп юрайлик”. “Ҳа, е-еб ётибмиз ботмонлаб. Кекса одамлар, бири қўйиб, бири касал бўлади, дейишмайди. Ҳамма келди-кетдини биз кузатсак”. Хотинининг ростакамига қаҳри келса, Жалолиддин ёш боладек иложсиз шумшайиб қолади: “Э-э, хотин, мени уялтирма, илтимос!..”. Аммо-лекин, хотини унга ҳар қанча заҳрини сочса ҳам меҳмонларнинг ёнида гўё унга ҳеч нарса малол келмаётгандек ҳамиша кулиб тураверади. Айниқса, шаҳарда яшайдиган акаси аёли билан келганда жуда қийналишади. Меҳмонларни зиёрат қилиб кетайлик, деб, ҳамма опа-сингил бола-чақаси билан уларникига жамланишади. Бу меҳмоннавозлик кўпинча ҳафта-ўн кун давом этади. Яна кетишаётганда “Қўй гўшти, мол гўшти, тандир гўшти, думба, сузма, қоринёғ, олма, анор, хурмо…”, хуллас, ўзлари йилда бир марта дастурхонига қўймайдиган ноз-неъматларга сумкаларини тўлдириб кузатиб қолишади. Улар кетишгач, хотини ҳафталаб Жалолиддин билан гаплашмай юради. “Кенжа фарзанд бўлгач, шу-да, хотин. Ота-онам тирик экан, шу ерга келаверишади, нима қилай ахир? Мен уларни чақириб олаётганим йўқ-ку!”, деб неча бор ялинса ҳам то ўзи очилмагунча, тумтайиб юраверади. Аммо ота-она ўтиб кетгач ҳам, уларнинг уйлари “машваратхона”лигича қолаверди. “Ота-онамиздан қолган уй, шу ерга келсак, уларни кўргандек, овозларини эшитгандек бўламиз”, дейишади келганлар.
Хотини ҳисоб-китобни, сайру саёҳатни жуда яхши кўради. “Уларни шунча йилдан бери меҳмон қиламиз, биз ҳам бир бориб, меҳмон бўлиб келайлик. Шаҳар жуда гўзаллашиб, ўзгариб кетган дейишади. Жондек жигарингиз бўла туриб, бир марта боролмаймизми?” деб сира ҳоли жонига қўймади. Шу йил болалар ёзги таътилга чиқишгач, ниҳоят йўл тадоригига тушишди. Шаҳарлик янга яхши кўрадиган гўштлардан олиб, музхонада икки кун музлатиб, бир сумкага солишди. Иккинчи сумкага ҳўл мева, қанд-қурс, нон-патир олишди. Беш-олти кун қолиб кетсак, оғиримиз тушмасин, дейишди-да. Ўзи йўлга чиқаётгани учун хотини ҳам бу харажатлардан малолланмади.
Неча довонлардан ўтиб, тонгга яқин шаҳарга кириб боришганда мудроқ кўчалар ҳувуллаб ётарди. Биринчи бўлиб акаси телефон қилди: “Яхши келяпсиларми? Қаерларга етиб қолдинг­лар?”. Сал ўтиб хотинининг телефони жиринг­лади, янгаси экан: “Келай деб қолдингларми? Таксистдан сўранг-чи, бизникигача қанча юраркансизлар? Яна бир соат, дейдими? Эҳ-ҳе, айтинг, тезроқ ҳайдасин”. Хуллас, эр-хотин то уйга кириб боргунларича бири қўйиб, бири қўнғироқ қилар, унга сари Жалолиддин хотини билан таксистнинг олдида уларнинг безовталиклари ва меҳрибонликларидан ғурурланар, атрофга аланг-жаланг қараб, терисига сиғмай борарди: “Биззи ака билан янгага гап йўқ-да. Янга дўхтир. Жуда кўнгли очиқ, меҳрибон аёл. Кўришмаганимизга ҳам бир йил бўлди. Ҳар йили ёзда ўзлари бизни кўргани боришар эди. Бу йил биз сизларни кўргани борамиз, дедик. Роса севинишди”.
Бу жойларда интизомга жуда қаттиқ амал қилинар экан. Улар уйга киришлари билан янга сумкадагиларни совутгучга жойлаб, тандир гўшт билан думба ва хўл мевалардан “Йўлда онамга ташлаб ўтаман”, дея бир салафан халтачага олди-да, “Энди хафа бўлиш йўқ, иш вақтимиз бўлиб қолди. Чарчаган бўлсанглар, ётиб дам олинглар. Чой ичаман, десанглар, газда чой қайнаб турибди, совутгичда овқат ҳам бор. Тушдан сўнг Санобар дарсдан келиб, ош-пош қилади”, дея улардан узр сўраган бўлди-да, сўнг эрига “Бўлинг. Бўлинг, тезроқ”, деб шоша-пиша жўнаб кетишди. Шунча харажат қилиб, ўзларича ишни дўндиргандек бўлиб келган эр-хотин болалари билан эгасиз уйнинг ўртасида анқайиб туриб қолишди. Биринчи бўлиб хотини ёрилди: “Ҳурматимизни кўрдингизми, отажониси? Саҳардан буён юз марта қўнғироқ қилишди, шунинг ўрнига дастурхон ёзиб, тўрт тақсимчага қанд-қурс қўйиб, бир четга бир чойнаккина чойни сочиққа ўраб қўйса бўларди-ку! Булар борадиган бўлса, биз бечоралар икки кун олдин пишир-куйдир қилиб бошлаймиз. Иш деган нарсани буткул унутамиз”.
Жалолиддин иштонини булғаб қўйган боладек кўзлари жовдираб қолди. Хотини заҳрини сочмаса ҳам бўлари бўлиб турган эди. Буники қўшимча бўлди. Хотинига жавобан бир нарсалар деб ғулдиради, аммо нима деганини ўзи ҳам тушунмади. Тахмондан кўрпача олиб, хонанинг бир четига тўшади-да, чўзилиб ола қолди: “Э-ээ, бор-е, мен чарчадим”. У ростдан ҳам жуда чарчаган эди. Хотини эса болаларни етаклаб хонадан чиқиб кетди. Бироз ётиб, у ҳам болаларининг изидан ошхонага ўтди. Уни кўриб, хотини истеҳзо билан жилмайди: “Илон чаққан ухлаши мумкин, аммо оч одам ухлай олмайди. Келинг, янгажонингиз ажойиб мошхўрда қолдириб кетган экан, иситдим”. Жалолиддин индамай ошхона столининг бир четига ўтирди. Дастурхонга ўзлари олиб келган тандир кабоб, қатлама патир, қанд-қурслардан ҳам қўйилган эди. Унинг кўнглидан кечганларини ҳис қилди шекилли, хотини андишасизларча изоҳ бериб қўя қолди: “Буларнинг кечадан қолган мошхўрдасига қараб ўтирамизми, ҳеч бўлмаса, ўзимиз олиб келган нарсалар билан ўзимизни сийлайлик”. Жалолиддин дастурхондан нигоҳини олмай, бош ирғади: “Менга мошхўрда бера қол”. Хотини бир коса овқатни олдига қўяётиб, яна чақиб олди: “Уларга ҳам қолсин, деяпсизми? Мўл-кўл қилиб олганмиз-у, ҳаммага етади, ейверсангиз бўларди”. Жалолиддин бош чайқади: “Шарт эмас”.
Асрдан сўнг етиб келган Санобар – опасининг шу ерда ўқийдиган талаба қизи – бозорга отланди: “Тоға, онам пул бериб юбордими?”. Унинг ўша пулга бозорлик қилмоқчи эканлигини тушунган Жалолиддин жиянига эргашиб, бозорга чиқди: “Бозорлигингни кўтаришиб юбораман”. Хотинининг кўзлари олайиб кетди, итининг қилиғи эгасига маълум, аммо индамади. Хотини адашмаган эди, Санобар керакли нарсаларни олиб кетаверди, пулини у тўлади.
Акаси ошнинг устида “яримта” очди: “Келишларингни бир ювмасак бўлмайди”. Янга ижирғанди: “Шусиз бўлмайдими?”. Ака унга жавоб қайтармасдан Жалолиддин иккиси учун қадаҳ тўлдирди: “Қани, ол, ука! Сендай жигарим борлиги учун ва сенинг соғлиғинг учун!”. Жалолиддин кун бўйи хотинининг минғирлайверишидан юраги бироз сиқилиб турган эди. Қадаҳни бир кўтаришда сипқориб юборди. Жалолиддиннинг назарида негадир акасининг ҳам кайфияти йўққа ўхшаб кўринди. Кейин жуфт қилишди: “Аканинг соғлиғи учун”, “Болаларнинг келажаги учун”… Хуллас, ака-ука бир шишани думалатишди. Сўнг бироз шамоллаб, оёқнинг чигилини ёзиб олиш учун айвонга чиқишди. Акаси ташқарига олиб чиқадиган эшикнинг ёнида ўтириб, узоқ чекди. Унинг ич-ичига ботиб кетган кўзлари алланечук ғамгин эди. Сўнг қаердандир нарда олиб чиқди. Ўйин уларнинг кайфиятини кўтариб юборди. Худди болалик пайтларидагидек тошларни ёғоч доскага уриб, озроқ кайфлари бор эмасми, қий-чув қилиб ўйнай бошлашди. Кўп ўтмай танбеҳ эшитишди: “Муҳтарам эркаклар! Бу уйда ягона мавжудот сизлармассизлар-ку! Секин, болалар ухлаб қолишди”. Кейин улар ҳовлига чиқишди. Ҳовли четидаги чоққина чорпояга ўтириб, яна чекишди. Аллақачон элнинг ётар пайти бўлган эса-да, ҳаво иссиқ ва дим эди. Ака қўлидаги папирос қолдиғини бир четга улоқтириб юборди-да, бир қўли билан унинг елкасидан қучди. “Кичкиналигингда ҳам доим шундай ўтирардик. Шундай юмшоқ, шундай ширин бола эдингки!.. Лекин туғилган пайтинг сени роса ёмон кўрганман. Ўшанда мен саккиз ёшда эдим. Сен – уч қиздан кейин туғилган ўғил, эҳ-ҳе, ҳамма атрофингда парвона, отам тинмай сенга ҳали кийимча, ҳали ўйинчоқ ташийди. Менинг эса ичим ёнади. Сени ўлдириб қўйгим келади. Отамдан қўрққаним учун индамайман”. Ака хўнграб йиғлаб юборди: “Мени кечир, ука, ана шу ёмон хаёлларим учун. Мени кечир!”
Орқадан янганинг овози эшитилди: “Бўлди-да энди, дадаси! Бир камимиз қўшниларга гап бўлишимиз қолувди. Эрталаб ишга боришингиз керак, уйга кириб ётсангиз бўлмайдими?!”
Ака кўзларини енгига артиб ўрнидан турди: “Ростдан ҳам… Энди ётиш керак. Яхши ётиб тур, ука”.
Эртаси куни ҳам улар шошиб ишга кетишди: “Кечирасизлар-да, раҳбарларимиз жуда қаттиққўл. Овсиним келган, икки кунгина жавоб беринг, десам, унда жойингизга янги ходим олишга тўғри келади, шунга чидасангиз, истаганча қолаверинг, деди. Кўчага чиқсанглар, такси кўп, истаган жойларингга олиб бориб қўяди. Бозорга борасизларми, истироҳат боғини айланасизларми, кўча тўла машина. Худо хоҳласа, кечқурун кўришамиз” – янга остонада туриб узрини айтди. “Совутгичда ҳамма нарса бор, Санобар дарсдан қайтгач, истаган нарсангизни пишириб беради”.
Хотини яна жавраб-жавраб кийинди, болаларни кийинтирди: “Ҳозир бозор айланайлик. Ке­йин паркка бориб, болаларни ҳалинчак-палинчак учиртирамиз. Мен бу ерда узоқ қола олмайман. Сира керак эмас”.
Кечки пайт Жалолиддин зерикди. Акаси ҳам “ҳа” деганда келавермади, хотини ошхонада Санобар билан пишир-куйдир қилиб ётибди. Ётган хонасининг тўрида турган компьютерни олди. Ишхонасидаги компьютерларда баъзан карта-парта ўйнаб турарди. Компьютерни ёққан эди, экранда ғалати ёзувлар пайдо бўлди. Ҳайрон бўлиб, ўчириб, қайта ёқди. Яна шу аҳвол. Сўнг акасининг ўғлини чақирди: “Аҳрор, манавига бир қара, негадир ишламаяпти”. У ҳам ўчирди-ёқди, ёқди-ўчирди, кейин “Бузилибди, шекилли”, деб хонасига чиқиб кетди.
Онаси келиши билан суюнчилаган шекилли, янга уст-бошини ҳам алмаштирмаёқ компьютерга ёпишиб кетди. Кейин дарҳол уста қўшнисига қўнғироқ қилиб, компьютерни уникига чиқариб юборди. У ёқда компьютернинг венчестрими, алламбало қиммат нарсаси куйибди, деган жавоб келгач, янга тутаб кетди: “Уф, ўзи тушунмаган нарсасига тегинган одамни ёмон кўраман-да. Ахир венчестр куйди дегани компьютер тамом бўлди, дегани-ку. У компьютердан қиммат туради. Бугун компьютерсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу қурғур ҳаммамизга керак, дадасига ҳам, менга ҳам, болаларга ҳам…”
Хуллас, не бир ҳафсала билан қилинган овқат ҳам, меҳмондорчилик ҳам заҳар-заққум бўлди. Янганинг қовоғи очилмади. Унга қараб ака ҳам мум тишлагандек жим ўтирди. Кейин эру хотин меҳмонларни дастурхон бошида қолдириб, анча вақт йўқ бўлиб кетишди. Ўзлари дастурхонга фотиҳа ўқишди, Санобар идиш-товоқларни йиғиштириб олди. Бир вақт акаси хонасидан чиқиб, индамай ҳовлига ўтиб кетди. Каттаю кичик ноқулай аҳволда қолди. Хотини Жалолиддинни ёзғирди: “Компьютер ковламай ўлинг-да сиз, ишкалчи. Қўлингиз теккан нарса бузилмаса, ҳисобмас. Палакат”. Бу индамай акасининг изидан ҳовлига чиқди. Ака ҳовлида кўринмади. Дарвоза ортидаги ўриндиқда чекиб ўтирган экан. Укасини кўриб, нарироқ сурилиб жой берди. Улар анча вақтгача жим ўтиришди. Ниҳоят ака ёрилди: “Ҳе, уккасини!.. Шу компьютерига тегинмасанг бўлар экан. Балога қолдик энди”. У индамади. Ака туриб-туриб яна ўзига ўзи гапираётгандек сўзланди: “Шундай камтар, камсуқум, меҳрибон қиз эди бир вақтлари, энди эса жодугарнинг худди ўзи. Э-э, бор-е, деб кетворай дейман баъзан, болалар бор… Бу аёл менга қисматнинг жуда қўпол ҳазили бўлди”. “Э-э, ака, буларнинг ҳаммасиям бир гўр”, ўзича акасини қўллаб қувватламоқчи бўлди. “Энди уни созлаш учун камида миллион сўм пул зарур. Агар пулинг бўлса, бирон 500 бериб туролмайсанми, қолган беш юз мингни ўзим қарз ҳавола қилиб топардим. Созлатмасам, қўймайди бу”. У ичкарига кириб, акаси айтган пулни олиб чиқиб берди: “Мана, ака, сиқилманг. Уйга борсам кейинги ойликдан яна беш юз жўнатаман”. Ака пулни олиб, чўнтагига солди: “Бўлади, ука”.
Ўша кеча Жалолиддиннинг тоби қочди, ухлаёлмади. Эртаси куни йўлга чиқишди. Улар чиққан машина тоғлар орасидан ўтган асфальт йўл узра елиб бораркан, эрталабки қуёшнинг майин нурлари юзларини оҳиста силаб-сийпалар, хиёл очиқ деразадан анвойи гиёҳларнинг хушбўй ҳидлари димоққа урилар, сўзамолгина ҳайдовчи йигит зерикканиданми, у ёқ бу ёқдан гап ташлар, аммо боргунларича ҳеч кимга гап бермаган Жалолиддиннинг бир сўз айтишга-да ҳоли йўқ, бошини орқага ташлаганча, кўзларини юмиб, жим кетиб борарди.
Уйга етиб келишгач, кечки дастурхон устида хотини яна бир чақиб олди: “Дунёда сиздек бўшанг, ношуд одам бўлмаса керак. Нимага пул берасиз, ахир? Балки сиз тегингунча ўша компьютер ўлгурнинг ўзи бузилиб тургандир! Эҳ, тавба-ей!.. Худо кўрсатмасин, ўғлимиз сизга ўхшамасин-да, ишқилиб!”
Жалолиддин ҳам тўлиб турган эди: “Қизимиз сенга ўхшамасин, ишқилиб. Эрини куйдириб адо қилади”, деди.
Хотини кулиб юборди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон