Исмоил Шомуродов. Култепада кечган ҳангомалар (қисса)

1

Ўролбой тракторчининг нашавандликка мубтало бўлиб, қорни ёрилишига аслида Ўроқ даллол сабабчи эди. Бировнинг бахти, бировнинг кўзини чиқарибди дейишгандай, бундан анча даромад ҳам қилган у. Наша эмас, албатта, темир-терсак сотган… Аниқроғи, бу ишда воситачилик қилган.
Нашавандлик билан темир-терсакнинг қандай ало­қаси бор?
Бор экан! Жудаям яқин. Ахир Ўрол тракторчи бу жабҳага трактори билан тўғридан-тўғри девор бузиб кириб борган эди-да.
Ҳаммаси бир бошдан…
Қишлоқдаги ягона жиноятчи Нурмон – “Шил­лиқ­қурт” бешинчи марта қамалиб чиққач, тинч ҳаёт бошини тутмоқчи бўлди, ҳалол яшашни ният қилди. Бироқ тутдим деб ўйлагани аслида бош эмас, бошқа нарса эканини кейин англади… Қолаверса, унинг “ҳалол яшаш” тушунчаси жамоа қарашлари билан айро экан.
Умумий ҳисобда ўн беш йил қамоқда ўтирган эмасми, “у ёқ” жонига теккан. Энди аввалги шижоати ҳам қолмаган, илгарилари кўзини юмиб бажарадиган арзимас жиноятларда ҳам қўлга тушиб, таёқ еб, ур калтак-сур калтак бўлиб юрибди. Нормат подачининг ҳар йили қўша-қўша туғадиган қанжиғи – Рексга ўхшаб ундаям обрў қолмади.
Бир пайтлар – илк бор “ўтириб” чиққанида бутун қишлоқ кўргани келувди, тўйларнинг тўри, таомнинг зўри уники эди. Энди қишлоқдошлари дуч келса тес­кари ўгирилиб кетишади. Рекс эса илк болалаганда Норматнинг ҳовлисидан 48-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларининг, зотдор кучук боқиб олиш дардидаги тоға-ю, поччаларнинг бир ойгача оёғи узилмаган. Кейин-кейин Рекс аслида хашаки қанжиқлиги билиниб, кучукваччаларини уйига элтиб берсанг ҳам биров олмайдиган бўлган.
Шиллиққурт дастлаб бундан кўп ранжиди (Рекс­нинг болалари дала тўлдириб, уйсиз қолганидан эмас, ўзи обрўсизланганидан) ва учраган кимсага айтиб юрдики: “Бутун дунёда қонундаги ўғриларни ҳурмат қилишади. Мана, Ал Каппон, қандай машҳур… Океаннинг нариёғида у бўлса, буёғида биз… Ҳа, энди икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди, деганлари чин-да. Бироқ мана шу Худо урган Култепада бизни менсишмайди… Қишлоқ… ғирт қишлоқ… ҳа-ю, ҳайт, деб катта шаҳарга кетиб қолай дейман-у, яна кўнгил бўлмайди. Ҳамма обрўмандлар шаҳарга кетаверса, қишлоқни ким кўтаради?”
Албатта, унинг ўзини “биз” деб гапириши тез барҳам топди, кўча-кўйда ёш ялангдан дакки эшитиб, калтак еб, ўзи “сиз”лашга арзимай қолганини билиб, буни бас қилди.
Юк оғир бўлса эшакни, эшак оғир бўлса, юкни келтириш тўғрисидаги қоидага мувофиқ Шиллиққурт қишлоқ одатларига бўйсунди. Шу ўринда уни юк эмас, эшакка менгзаш ўринлироқ бўлади. Ҳар ҳолда жонли махлуқот, ҳар ҳолда боши бор… Эшакнинг, албатта.
Ҳалол яшай бошлаганини нишонлаб, қамоқдан қайтганига шукрона учун қўни-қўшни, оқсоқоллар ва маҳалла фаолларининг маслаҳати билан бир-икки чолни чақириб, қон чиқармоқни ният қилди. Бу сафар бутун ирим-сирими билан… “У ёқ”дан учинчи марта қайтганида Машраб луччакнинг бурнини ёриб, қон чиқарувди. Лекин бу ҳисобга ўтмади. Тўртинчи марта қўлга тушиб, яна қамалди. Ўша хатодан хулоса қилиб, тадбир учун жонлиқ маъқуллигини тушунди (ҳар ҳолда ариза кўтариб у-бу жойга югурмайди). Жонлиқсиз худойи худойими? Шу мақсадда қўшниларнинг товуғига “тушиб”, калтакланди-ю, бу ишга (хайр-эҳсонга, албатта, ўғриликка эмас-ку) уқувсизлигини тушунди.
Гап худойида эмас, чамаси. Кейин ҳам иши юришмай, кўп шаллоқ еди. Бир сафар кўчада турган велосипедни миниб, “катайса” қилмоқчи бўлгани учун, кейинги дафъа далада юрган ёввойи эчкини ушлаб келаётганида (қайдан билсин, кўп йил “ўтирган”, тоғдан ёввойи эчкилар улоқиб келгандир, деб ўйлабди-да, қўшниси Ўроқ даллолники эканини кейин, қўлга тушиб билди), бир марта эса шунчаки – дўстона суҳбат учун калтакланди. Эски синфдоши – Нор полвонга қамоқнинг гаплари билан муомала қилмоқчи бўлувди, у тушунмай, муштлаб қолди. Бу ур-сурдан ягона хулосага келди: озодликдаги одамлар ваҳшийлашибди. Муомалани тушунмайди.
Аслида ҳар қандай касбда ҳам вақт ва тажриба муҳим. Борган сари маҳорат чархланади. Унда негадир бундай бўлмади (Рекснинг туғруқ тажрибасидаги каби). Шуни ўйлаб, Шиллиққурт жиноятчилик ҳам спортга яқинроқ соҳа экан, деган тўхтамга борди. Бироқ ич-ичидан ўзини кекса фоҳишадай ҳис қиляпти. Одамлар етти маҳалла наридан айланиб ўтади. Биров даврага қўшмайди. Касби касодга учраган…
Шуларни ўйлаб, ҳалол кун кечирмоқни ният қилган эди. Лекин айтишга осон. Шунча йил давлат берганини еб ўрганиб қолган…
Айни баҳор!
Отасидан қолган эски кулбаси қаровсиз, харобага айланган. Деворлар ёмғиру қордан уваланган, лой том неча йиллардан буён сувалмайди (шиферни эса тўртинчи марта қамоқдан қайтганда сотиб еган). Чим босган. Уй ичи зах, оғилни эслатади.
Нурмон ишни томорқани чопиб, бирор экин экишдан бошламоқчи. Қўшнисидан капча сўраб чиқди. Даллол эчкисига тажовуз қилганидан буён аразлашиб юрувди… Шиллиққурт эса хафагарчилик, уят, андишани билмайди. Ҳолбуки, шу эчки можаросида унинг ўзи кўпроқ жабр кўрган. Бурни синган. Даллолни ва унинг бақироқ эчкисини биров ҳатто чертмаган ҳам.
Шунга қарамай, Шиллиққурт минг йиллик қадр­дони ёнига боргандай тиржайди.
– Капчангизни бериб туринг.
– Нима ташвиш? – деб сўради ғижиниб Ўроқ.
Унинг хавотири капчадан – бу нобоп қўшни бирортага сотиб, пулини ишлатиб қўйиши мумкин. Би­лади-да. Ўзиям темир-терсак оламан, деб неча-неча болаларни алдаб, бобо-момоларининг обдастаю, дастшўйларигача музқаймоққа алмаштирган. Бу-ку бола эмас, музқаймоққа учмайди, лекин капчани бир-икки ютим носга алишиб юбориши мумкин.
– Томорқани беллаб, деҳқончилик қилмоқчи эдим, – деди Нурмон ориқ, заҳил бармоқларини ўйнатиб.
Ўроқ даллол буларнинг “деҳқончилиги”ниям, жаргониниям билади. Шу боис қизиқсиниб сўради.
– Кўкнорими?!
– Биласизми?! – Шиллиққурт ҳам ажабланди.
– Нимани?
– Етиштиришни-да?
– Билмайман…
– Унда… мен ҳам билмадим, – деди Нурмоннинг ҳафсаласи қайтиб. – Бирор даромадлироқ нарса экарман… Кўкнорни қўйишмас, деб ўйлайман… Мен яна икки йил участкавой назоратида бўламан… Қамоқда бунақа деҳқончиликка қўл урганлар кўп эди. Шундан биламанки, кечиришмайди… Уйни созлаш, мошин олиш керак… Охирги марта қамалар пайтимда тамаки пул эди, икки той тамаки сотаман, деб қўлга тушувдим.
– Тамаки сотганни қамашмайди, – аниқлик киритди қўшни.
– Бировники эди… – Шиллиққурт жимиб қолди. Қанчалар фахрланмасин, ўғрилик қилганини тан олгиси келмайди. – Шундан эксамми, деб турибман.
– Нима? Тамакими? Эсинг жойидами? Ҳозир унга итам қарамаяпти-ку…
– Нега? – ҳайрон бўлди Шиллиққурт. – Ана бир пачка сигарет неча пул туради.
– Қандай тушунтирсам экан… Буям Тиркаш алкашнинг ишига ўхшаб кетади. Бир шиша ароқ қанча туради? Унча қиммат эмас, лекин уни ичган Тиркаш юз баробарга қимматроқ ғалвани бошламаса, кайфи тарқамайди… Ҳозир егулик пул бўлган… Картошка эк.
Ўроқ даллол ўйда қолган. Кўнгли айтяпти – бунга капча берса қайтмайди. Нимадир баҳона топиш керак. Аксига олгандай бу матоҳ ана, кўз ўнгида қадалиб турибди.
– Қизиқ гапларни айтасиз-ку! Уйда егулик бўлса, қорним тўйиб юрмасмиди… Картишкам бўлса, қовуриб емасмидим… Капчани бераверинг-чи, олдин ерни юмшатиб қўяй, кейин бир гап бўлар.
Қўшни ўйланди, баҳона қидирди. Ўзим ишлатаман деса, гапини исботлаш, буни шубҳалантирмаслик учун кечгача томорқада куймаланиш керак. Ахир кўзи тушади-ку. Телевизорда эса сериал бераётувди. Нурмоннинг заҳил, суяклари бўртиқ юзига бир қур назар солиб, бу одам капчани кўтара олишига ҳам шубҳаланди.
– Сенга бир яхши маслаҳат, – деди Даллол гап топиб, – у ёққа кетганингга анча йил бўлди, замондан бехабарсан, ҳозир ҳеч ким капча билан ер белламайди. Ўролнинг трактори бор, шунга айтиб ҳайдаттиради.
– Йўғ-э, – Нурмон саросималаниб қолгандай бўл­ди. Эшитганлари унга хўб ёқди. Ўзиям томорқага қараб, буни қачон чопиб чиқаман, қўшни капчасини бермаса яхши бўларди, деган ўйда бу ёққа чиққанди.
Нурмон ўз-ўзича ғудранган кўйи Ўролникига жўнади.

2

Умар чиноқ туман газетида ишлайди. Шундан ўзини қишлоқнинг олд зиёлиси санайди. Лекин кейинги пайтлар омади юришмагандан юришмаяпти.
Бугун ҳам ишга бормади. Мана, икки ҳафтадан буён қишлоқдан чиқмайди. Муҳаррирдан ранжиган. “Сен чаласаводни ишдан ҳайдаб, ўрнингга бирор ҳарф танийдиганни оламан”, деб дағдаға қилганди у.
Ҳамма ўпка-гина кичкина бир англашилмовчиликдан бошланди. Газетада маҳаллий шоирнинг “Мулла Холий юрма энди сиқилиб”, деган мисрасида хато кетган. Арзимас! Қайсидир ҳарфнинг бир чети учган, биров пайқаши душвор. Инжиқ шоирнинг ўзи “одамларнинг кулгисидан кейин сиқилиб кетдим”, деб жанжал қилиб келганидан кейингина муҳаррир ҳам хатога эътибор берган экан. Шу арзимас хатони деб Умарнинг ойлик маошини қирққан эди, араз ўшандан. Адолатсизлик бўлган-да! Ярим миллиметрлик думчага юз минг сўм! Ойлик тўлашда ўлчов бошқача бўлади – ҳисоблаб чиқди, ўртача битта ҳарфга икки сўмдан тўларкан. Ўша икки сўмлик ҳарфнинг ярим миллиметри “учиб” кетса юз минг сўм жарима соладими? Қани адолат?!
Энди ўзига келиб, арази ариди. Бошлиқдан ранжиш мумкин эмаслиги, нафақат маошдан, балки буткул ишдан айрилиб қолиш мумкинлигини ўйлаб, юзига бирор нима тутиб, муҳаррир ёнига бош эгиб бормоқчи. Ахир шусиз ҳам жойида зўрға илашиб турган бўлса… Муҳаррир ялиниб келар, деб кутганди, адашибди. Орада усиз иккита сон чиқиб кетди, ҳеч кимдан дарак йўқ.
Ижодкорнинг олдига нима кўтариб бориш мумкин? Албатта, бир-икки қоғозлик мақола-да. Зора эски гиналар унутилса. Аслида юзига икки шиша ароқ тутиб келганда хўп иш бўларди-ку, Носир носфуруш бу матоҳни пластик карточкага сотмайди. Бунда эса нақд пул йўқ.
Ҳозир Чори сорининг уйига келиб турибди. Маошгача озроқ қарз олса иш жўнашиб кетади. Бироқ…
– Ҳа, – деди Чори сори уни дарвозада қарши оларкан. – Сўфи кетини ювмасдан нима қилиб юрибсан?
Бу одам кайфияти яхши бўлганда сўфини эсламайди. Унинг айрим аъзоларини-ку инчунин. Умар чиноқ тушунди – бундан ёрдам кутиш фойдасиз.
– Сиз ҳақингизда газетага мақола қилмоқчи эдим, – деди шошиб, – кўпни кўрган, тажрибали одамсиз, сизларни кўтарадиган вақт келди. Қачонгача пана-пастқамда юрасиз?
– Газетада?! – Чорининг капалаги учди. – “Уришган”, бир сафар яхшилаб “уришган”. Муроднинг ҳозир Тошкентда ишлайдиган боласи қаттиқ танқид қилган. Шу сабаб бўлганми, раисликдан олиб ташлашган. Ўшандан бери газетани кўрсам кўнглим айнийди… Ҳозир ҳам сенга қараб, яхши нарсаларни ўйлаётга­ним йўқ.
– Биляппан… Лекин бизнинг газетада фақат яхши гап бўлади. Танқид билан ғаламисликни билмаймиз. Ана, олдинги сонда бир артисни ёмонламоқчи эдик, минг айлантириб ёзсак ҳам мақтов чиқаверди.
Чори ака олайди. Ҳали остонасини ҳатлаб бирор журналист келмаган. Тўғри, буни журналист деб бўлмайди, лекин, тан олиш керак, ўзиям Майкл Жексон эмас. “Шу акамга шу чечам ҳам бўлаверади”, деган гап ўтди кўнглидан.
– Хўш, – деди салмоқланиб. – Нимамни мақта­моқчисан?
Умар шошди. Нимасини мақташ мумкин бунинг? Қандай гап айтса, ҳеч иккиланмай қарз бериб юборади?
– Масалан… ҳоббингизни мақтаса бўлади… Кучук боқасиз-ку, тўғрими?
“Ўзингизга ўхшаган”, деган гапни айтиб юборишдан шу жойда аранг тийилди. Албатта, ити ва Чорининг сариқлиги учун Умар айбдор эмас, лекин ҳақиқат йўқ-да дунёда, мабодо Худо уриб, оғзидан чиқиб кетса, ҳаммасига ўзи гуноҳкор бўлади.
– Рексми? – деди Чори аввалига севингандай. – Рекс зўр кучук… Қишлоқнинг олди… Ўзимизнинг гап-ку, шу Сувоннинг ули Қувондан кўра ақллироқ… Тунов кун қўй боқиб юрсам, сўррайиб олдимдан ўтиб кетди. Қўйларни қайтариб юбор, десам, унамади. Рексга бир оғиз айтувдим, чопқиллаб бажариб келди, оғринмадиям.
Шу ерга келганда Чори бир оз ўйга чўмди, сўнг ҳаяжон билан давом этди:
– Ўйласам, шу жонивор болаларимдан ҳам ақллироқ экан. Бирор марта уларга ўхшаб “ҳаммасига менми” демайди-я… Ҳеч қачон кўзимга тик қарамайди. Қанча сўк, қанча уриш, бошини эгиб тураверади. Ёки думини қисиб нари кетади… Болаларга шунақа қилай-чи… Шулар думини қисадими? Эҳ-ҳэй, ўзимни еб қўйгудай чақчаяди… Рекс бошқа-да… Ана фаҳм, ана фаросат, ана тарбия!
Шу ерга келганда Чори “Одобнома”дан дарс берадиган Салим малимдай кўзларини ним юмиб, бошини сарак-сарак қилди.
Бироқ бу қилиғи узоққа бормади, бирдан бошининг маънили силкиниши тўхтади, сўнг кўзлари ярқ этиб очилди, унда қандайдир айёрликка ўхшаш бир нима йилтиллаб турарди.
– Шошма, – деди хезланиб Чори, – бу билан ни­ма демоқчисан? Мен олтмиш йил яшаб, шу олти ёшлик Рексчалик ҳурматга лойиқ бўлмадимми? Рекс­ни мақташ учун келдингми бу ерга? Биз энди газетга бир тийинга қиммат сариқ кўппакнинг орқасидан чиқамизми? Ўзимизнинг мақтаса бўладиган ишимиз йўқми?
Умар шаталоқ отиб қочишни ўйлади, лекин шаштидан қайтди. Пул ололмаслигига-ку кўзи етди, лекин материал сўраб яна кимнинг олдига боради? Бу газетаси қурғур япалоқдай бўлсаям, рўзғоридан ёмон – тўлатиб бўлмайди.
– Қандай фарқи бор? – деди Умар ҳар эҳтимолга қарши ўзини бир оз ортга тортиб. – Сиз нима-ю, Рекс нима?
– Ие, сен мени кучукка тенглаяпсанми?
– Ўша кучукни шунчалар билимдон қилиб тар­биялагансиз-ки, одам адашади, – деди Умар шошиб. У яна қандай хушомад қилишни билмай каловланди. – Ўзингиз ҳам тан олиб турибсиз-ку ақл­лилигини.
Шу гапдан Чорининг шашти пасайди.
– Рексга тил теккизма, – деди ниҳоят гап топган бўлиб, юмшаб, – биз тарбия беришни биламиз!
– Ўзи аслида ҳаёт йўлингизни мақола қилмоқчи эдим, сермазмун, сермаҳсул ва ғоятда бой ҳаёт йўлингизни… – гапини тўғрилади Умар.
Кейинги сўзлар Чори акага мойдек ёқди. Ўқийди, эшитади, бунақа гаплар фақат газетада, радиода, телевизорда ишлатилади. Мана унинг ўзигаям насиб этиб турибди-я?!
– Мана бу ерга чўк-чи, – буйруқ берди мухбирга дарвоза ёнидаги катта харсангга имо қилиб. – Бир бош­дан айтиб бераман.
Улар шу ердаги, усти силлиқланиб, оқариб қолган тошга ўтиришди.
– Нимани айтай? – сўради мезбон.
– Ўқишдан бошланг, – деди бақрайиб мухбир.
– Биринчи синфданми?
– Институтдан бошлайқолинг, – қисқароқ ва қизи­қарлироқ бўлади.
Ўқиш зўр бўлган, беш йил ўқиганман… Кириш им­тиҳонида иккита уч, иккита тўрт олганман. Битиришда ҳам зўр топширганман. Икки уч, икки тўртга… Шундай қилиб, диплом қўлга теккан.
– Шошманг, – Умар ҳайрон. – Киришдаям шу ба­ҳо, битиришдаям шу, беш йил нима иш қилдингиз?
– Ўқидим, – деди мезбон.
– Баҳо ўзгармабди-ку?!
Чори сори унга олайиб боқди. Лекин газетда чи­қиш истаги алангаланиб, яна мулойим тортди, оғ­риниброқ бошқа мавзуга ўтди.
– Ўқишни қўй, майли, тушунмас экансан, биладиганингни ёз. Мана, яқинда зўр иш қилдик. Ўролга айтиб, қишлоқнинг атрофини ёнғинга, селга қарши чегара билан ўрадик. Ана энди, сел келсаям, ўт кетсаям лип этиб, қишлоқни айланиб ўтаверади.
– Ўтиб кетади, – ҳайрон бўлди Умар. – Куни кеча тепа қишлоқдан тушган оқова селга айланиб Ғойиб аканинг ҳовлисини босиб кетибди-ку!
– Қўйсанг-чи, – деди Чори. – Ғойиб иғво сув йўқ­лигидан уч ойдан буён ғусул қилолмайди-ку, уйини сел босармиди?.. Бунинг устига қишлоқда гап ётмайди? Нариги чеккасидан икки оғиз гапни қўйиб юбориб, бериги томонига келиб турсанг, икки соатдан кейин минг оғиз бўлиб етиб келади… Иғвонинг уйини сув босса эшитардим.
– Мана эшитиб турибсиз-ку, – Умар оҳиста сўзлади.
Чорининг кўнглига ғулғула тушди: Ғойиб иғво шунақа нарсаларни кутиб юради-ку! Хат-қалам қилиб, тумангами, ундан юқорироққами югуриб қолмаса гўр­гайди.
– Ахир мен бу ишлар бажарилди деб туманга ҳисобот бериб юборганман, – деди Чори тумшайиб. – Наҳотки Ўрол уч шиша ароқни олиб, ишни бажармаган?

3

Армияга бир юз олтмиш саккиз сантиметрлик бўй билан кетиб, шу билан қайтган, ҳозир сал-пал чўккан, тепакал Ўрол қоронғи уйга кириб, сериал кўряпти. Ёнида уч кун бурун Чори сори “Қишлоқ атрофини ҳайдайсан”, деб хизмат ҳақига бериб кетган уч шиша ароқнинг сўнгги, яримлаб қолганди.
Уям қизиқ, бўлмаса айтди, “трактор ароқ эмас, соляркада юради” деб. Кўнмади. “Бир амаллайсан”, эмиш. Мана, уч кундан бери ёлғиз ўзи юз-юз қилиб, амаллаяпти.
Нурмон бақириб кирганида Ўролнинг кайфияти бузилди. Қандай аҳмоқ шу маҳалда бировнинг эшигига боради-я?! Ташқарига чиққиси келмай ётган жойида овоз берди:
– Қўрқмай кираверинг, ит йўқ.
– Ит бўлганда дурустроқ эди, келишса бўларди, – тўнғиллади Нурмон ва эшикдан бош суқди. – Пуф-ффф, намунча сассиқ?
– Ие… – Ўрол довдиради, буни кўрмаганига ўн йил бўлдиёв, пешвоз чиқар экан, қучоқлашиб кў­ришишниям, кўришмасликниям билмади. – Келинг!
Ниҳоят Ўрол қўл узатиб кўришди. Шуниси маъ­қулроқ. Афт-ангоридан ўпка касалга ўхшайди, юқмасин.
– Уй, дейман, сасиб кетибди-ку, а?
Нурмон нописандлик билан гапирди. Унинг азалдан қўрс эканлигини Ўрол яхши билади, лекин бунчалар оғир ботар даражада деб ўйламовди.
– Озроқ ароқ ичувдим, – деди Ўрол айбдордай.
– Молнинг иси келяпти, – баттар дағал гапирди Нурмон.
– Ҳа, уми… Отам оғилини бузиб, ёғочидан шу уйни солиб берган, шунга сал ҳид бўлиши мумкин… Лекин биз ўрганиб кетганмиз, сезилмайди.
– Жўра, мен иш билан келдим, ўтиришга эмас. Тракторинг бор экан, шуни қўшсанг, бизнинг томорқани ҳайдаб берсанг, экин-тикин қилмоқчийдим.
Ўролнинг оғзи ланг очилди. Бу нима деяпти? Қанақа экин-тикин? Бир умр қамоқда ўтирган одам деҳқончиликнинг фаҳмига борармиди?
“Биламиз сенинг деҳқончилигингни, – деди ичида. – Кўкнор экмоқчи бўлсанг керак-да. Сен ўйлаган андилардан эмасман…”
– Ака, биласиз, колхоз йўқолиб кетганига неча йил бўлди… – деди овоз чиқариб. – Колхоздан қишлоққа Раим раис мерос қолган бўлса, менга шу трактор… Ҳозир у ўзимники, ёқилғи йўқ. Неча кундан буён занг босиб ётибди. Тунов куни Темир фермер ҳам йигирма гектар еримни ҳайдаб бер, деб илтимос қилиб келди. Кўнмадим, гектарига йигирма мингдан тўламоқчи бўлди… Бу дунёда пул билан битмайдиган ишлар ҳам бор-да.
Шиллиққуртнинг ҳафсаласи қайтди. Ўзича ғуд­ранди:
– Гектарига йигирма минг?! Менинг томорқамни ҳайдаш учун қанча пул керак бўлади?.. Ҳозир…
Нурмон бошини осмонга қаратиб, нималарнидир пичирлаб санади.
– Икки минг сўмми, икки юз минг сўмми?.. Билмадим… Отам раҳматли “ҳовлимиз ўн сотих” дерди. – Шиллиққурт Ўролга боқди. – Бир гектар каттами, ўн сотих?
– Буларни бир-бири билан солиштириб бўлмайди, – деди ақллилик билан Ўрол. – Мана, сизнингча, бир кило тош оғирми, бир кило пахта?
– Тош-да, – тиржайди Нурмон Шиллиққурт. – Шуниям билмайсанми?
– Шундайликка шундай, – маъқуллади Ўрол, – лекин буларни бир бирига солиштириш керак эмас… Одамни адаштиради.
– Майли-да, – деди Шиллиққурт. – Барибир тоза иш қилишнинг ҳеч имкони йўқ экан-да, а? Бу аҳволда ҳалол одам нашага пулни қайдан топади, шуни тушунасанми, ўзи?
Ўрол оғзини ланг очиб тураверди. У ўйлагандики, гиёҳванд моддалар етиштириш билан шуғулланиш қонунга хилоф, ҳатто бу ҳақда гап қўзғаган заҳоти одамни дарҳол қамоққа олишади. Бироқ не ажабки, уларнинг ёнида на Ражаббой мелиса ва на яқиндагина Академияни тугаллаб келган ёш лейтенант пайдо бўлди. Атроф боз-бояги, бобомнинг таёғи – сув қуйгандай жим-жит. Ёни-берига ўғринча қаради, ҳеч нима ва ҳеч ким йўқ! Наҳотки?!
– Менинг уйимда бунақа гапни гапирманг, ғалвага тоқатим йўқ, – гўё огоҳлантирди Ўрол.
– Тушунмадим, ҳалоллик тўғрисида гапириш мумкин эмасми? – деб Нурмон Шиллиққурт тумшайди. – Замон ўзгариб кетибди-да, а?
Ўрол нимани назарда тутаётганини тушун­тир­моқчи бўлди-ку, лекин кўп вақт кетишини ўйлаб шаштидан қайтди. Ичкарида сериалнинг энг қайноқ нуқтаси бошлаган, пиёлага қуйилган сўнгги томчи ароқнинг спирти ҳам ҳавога сингиб бормоқда. Тезроқ қайтмаса қуруқ сув қолади. Бу сўтак эса остонада турибди: на кетади, на ичкарига киради.
– Сериал зўр бўляпти, кўрмаяпсизми?
– Телевизор йўқ… – Нурмон Шиллиқурт хона ичкарисига олазарак боқди. – Болалар қани?
– Далага ҳайдадим, ўт юлиб келишади… ўзимман. Нима эди?
Нурмон ниманидир ўйладими, ўз-ўзидан мезбонни чеккага суриб ичкарига кирди.
– Кирсак кирайлик-чи, гугуртинг борми?
– Ароқ қолмовди, – деди иккиланиб Ўрол.
– Гугурт дейман… Меники ўзим билан…
Ўрол икки кўзи телевизорда, токчадаги чироқ ёнидан гугуртни олиб, меҳмонга узатди-да томошада давом этди.
Нурмон эски костюми чўнтагидан ялтироқ оқиш-кулранг қоғоз чиқарди, сўнг шу ерда думалаб ётган нос солинган шиша оғзига босиб, ундан чўмиччага ўхшаш матоҳ ясаб, ёнига қўйди. Кўйлаги чўнтагини ковлаб, пластмасса трубкача ва тўртбурчак қилиб ўралган, дорихоналарда сотиладиган қўлбола антигриппин дорисига ўхшаш, кичик оқ қоғоз олди. Очиб, ичидаги майда тузсифат, сарғиштоб нарсани бояги “чўмичча”га солди ва остидан гугурт чақиб, оҳиста қиздирди.
– Манавини ушла, – деди у икки кўзи телевизорга термулган Ўролни туртиб.
Ўрол “чўмичча”ни олиб, анқайиб қолди. Остидан ёқилган оловдан “туз” тутаётган эди. Шиллиққурт трубкачадан чиқаётган тутунни ичига тортиб, нафас олмай турди, сўнг ҳаво чиқарди. Кўзлари ўйнаб, уй эгасига қаради:
– Ҳавасинг келяптими?
– Йўқ.
– Ўларсан… Майли, манавини ушла, тутунни бекорга кетказмай, ичингга торт… Тез бўл, бунинг бир грамми ўнта ароқдан қиммат… Тозасидан… Дарё ортидан эски танишлар жўнатган.
Ўрол рад қилмоқчи эди, меҳмоннинг қатъий гапи ўрин қолдирмади. Ноилож трубкани олиб, тутунни ичига тортган эди, ўпкасига югуриб, ўқчиб йўталди.
– Намунча аччиқ…
– Сафар жўранинг ичида бир суткадан ортиқ бўлиб чиққан… Аччиқ бўлмай, асал бўлиши керакми?
– Ичида? Нима деганингиз… Жаргон гапми бу?
– Жаргон-паргонни билмайман, ичида олиб ўтган-да. Сув билан ютган.
– Ютган бўлса, ичидан чиқариб бўлмайди-ку?!
– Вой, қишлоқи, шуниям билмайсанми! – Нурмон кўзини сузиб, лабини маймуннинг оғзидай чўзиб, бекорга ҳавога сингиб бораётган тутунни ичига тортмоқчи бўлди. – Шу бўлишингга дунёга келдим, одам бўлдим, деб юрибсан-да. Эссиз… Бошқатдан бошлаймиз…
– Бўлди, керакмас, – томоғи қичиб бораётган Ўрол рад этди. – Ҳаммасини тушундим… Иштаҳам қайт­ди.
– Ҳали менга раҳмат дейсан… Секин, совуқ сувни сипқиргандай торт, тутун товонгача тушиб борсин… Ичкарида озроқ ушлаб тур, ҳамма кайфи шунда.
– Кўнглим айнияпти, керакмас…
Орадан озроқ вақт ўтиб, Ўрол ўзини ва атрофни англамай қолди – ҳаёт ўзгармоқда, ўзини космонавтдай ҳис қилди, бир пасда Ньютоннинг бутун олам тортишиш қонуни бузилгандай бўлди. “Бекорга бу ярамас Шиллиққуртни “қонунбузар” дейишмас экан, – деган ўй ўтди кўнглидан. – Физик ўн йилдан бери ўқитаётган бутун олам тортишиш қонуниниям бир деганда бузиб юборди-ку!”
– Ер қимирлаяпти, уй бузиладиёв, ўзим осмонга учиб кетаман… – хавотир билан ёнидаги, аллақачон деворга орқаси билан суяниб, боши хом ошкадидай осилган Шиллиққуртга қаради.
– Ваҳима қилма, тутиб қоламан… Оғилнинг тўртта балорини ушлаб қололмасам, нима қилиб шунча йил ўтириб чиқдим.
Ўрол гапга эътибор бермади, атрофда ғалати воқеалар бўлмоқда, ҳаёт тез ўзгармоқда. Хона вертолёт паррагидай айланди, сўнг пуфакдай шишдики, ичига бутун қишлоқ жо бўларлик, ўрнидан туриб, кўчага қочиб чиқмоқчи бўлди, бироқ эринди, хона эшиги ҳозир Хўжа тўпнинг узумзоридан бир чақирим узоқда.
“Энди хонага эртаги картишка эксам бўлади, – деб ўйлади у. – Худога шукур, ер мўл. Фермерларга ер сўраб ялинмайман!”
– Ўрол, тур, тракторни қўш, бизнинг томорқани ҳайдаймиз, – тилга кирди Нурмон.
– Эртага, – деди Ўрол. – Бугун чарчадим, эшикни кўряпсизми, қайга қочиб кетди. Етиб борганча кеч бўлади. Эртага келинг, Шиллиққурт ака.
– Бунақа номардлик қилма, икки кунликни чакиб қўйдинг-ку, “эртага” дейсан.
– Бўлмаса улов топиб келинг, миниб олмасам, оёғимда жон йўқ.
Шиллиққурт кўчага чиқди, атрофга аланг-жаланг боқди. Узоқдан бир эшак, арқонини судраб, нўхтасини силтаб, шаталоқ отиб югуриб келиб, ариқ лабидан ажриқ кемираверди. Нурмон пойлаб бориб, арқонидан ушлаб, хона томон судради. Эшак анча бамаъни экан, эшикдан ўтишда тихирлик қилди, Нурмон зўрға тортиб кирди.
Ўрол Шиллиққурт билан келаётган алламбало махлуқни кўриб, қочмоқчи эди, оёғида ҳамон жон йўқ, ҳолсизланиб ўтириб қолди.
– Бу нима?!
– Эшак…
– Шу эшакми?! – негадир Ўролнинг ич-ичидан кулги келаверди. – Ҳе-ҳэ-ҳэ, эшак… Эшакмиш… Шу эшак бўлса, мен ҳўкиз эканман-да…
– Сиз нима десангиз – шу…
– Бу… бу… – Ўрол ўзини тўсатдан уй тўрига, кўр­пачага таклиф қилишларининг сабабини тушунмай, кўз­лари жўлайиб турган жониқорга бармоқ нуқтаб, нима дейишини билмади. – Бу… Динозавр… Бу, аждар!
Ўрол қиқирлаб кулди.
– Аждар бўлса, аждар-да. Ўзиям менга ўхшаб қиш бўйи овқат емаганми, тери билан қовурғаси қолибди, учиб кетаман деяпти, қаноти йўқ, холос. Мин, кетдик!
Шиллиққурт эшакни туртиб, уй соҳибига яқин­лаш­тирди. Бироқ мезбон бирдан чўчиб ўзини ортга ташлади.
– Минмайман, – деди кўзлари олайиб. – Қўр­қаман…
У шундай деб Шиллиққуртга боқди. Уни илк бор кўриб тургандай бир сесканиб олди.
– Шиллиққурт ака, бу ерда нима қиляпсиз?
Меҳмоннинг тоқати тоқ бўлмоқда. Бироқ уй соҳи­би негадир тиржайди, сўнг бир маромда кулди. Кулги орасида тиззасига шапатлай-шапатлай, қийқириб гапирди:
– Шу исмни отангиз қўйганми?! Шиллиққурт!! Вэ-ҳэй!!! Чиройлилигини!!!
– Энам қўйган!
Нурмоннинг жаҳли чиқди, эшакни итариб юбориб, Ўролнинг қўлтиғидан олиб, ташқарига судради.
Тоза ҳавода Ўрол бир оз ўзига келди, барибир, трактори турган кўча қочиб бораётган эди. Етишлари қийин бўлди.
Бора-бора Ўрол қорни темир бочкадай бўлиб бораётганини ҳис қилди. Бўм-бўш, оғзи катта, армияда чўчқаларга ювинди ташийдиган бочкадай, бироқ бўш. Кўнгилда уни тўлдириш истаги уйғонди.
– Нон-пон борми, – деди у Шиллиққуртни туртиб. – Қорним оч.
– Уйда еймиз, тракторни қўш, тезроқ борайлик, ер кутяпти.
Шиллиққурт анча ҳушёр, эски нашаванд эмасми, унча-мунчаси таъсир қилмайди. Нияти манави овсар ўзига келгунча, тракторни ҳовлисига олиб бориш, ке­йин бир гап бўлар.

4

Умар чиноқ шу кун яна ишдан қолишга рози бўлди. Барибир қуруқ қўл билан борганда муҳаррир унинг шаккоклигини кечирмайди. Чори раис иккаласи қишлоқ четидаги селга ва ёнғинга қарши ариқни кўргани кетмоқда.
Раис Ғойиб иғвогардан хавотирда, бошини хам қилиб боряпти. Тўғриси, туманга қилинмаган ишни “бажарилди”, деб ахборот юбориб ўрганган. Шу одати бир кун панд бериши мумкин. Ҳойнаҳой Ғойиб устидан ёзганга ўхшайди…
Ўрол тракторчига бекор ишонган экан. Уч шиша ароқ билан алдадим, деб ўйловди. Мана, ким-кимни алдагани энди маълум бўлмоқда.
Чори раис Умарга ўхшаган мухбирлардан қўрқ­майди. Э-ҳе, у оқсоқол бўлганидан бери маҳаллага қанча текширувчилар келиб кетди, айбини тополгани йўқ. Топгандаям, ё йиғлаб беради, ёки “ишдан бўшайман, чарчадим”, деб нолийди. Текширувчининг раҳми келиб, уялиб бир сўз демай қайтади. Лекин ёзиш-чизиш бўлса ёмон-да.
Бу ёғи сайлов ҳам яқинлашиб қолган, Райим анчадан буён унинг ўрнига кўз олайтиряпти…
Уф-ф, ана, қишлоқ атрофи теп-текис. Ўрол бир қадам ҳам шудгор қилмаган. Норматнинг эшаги ўн кунча бурун бўшалиб, тоққа қочган, шунинг ипидан қолган из ҳам ҳамон чўзилиб ётибди.
– Мана, мен нима девдим, – хитоб қилди Умар хурсанд. – Ҳеч бало йўқ. Энди юринг, Ғойиб аканинг олдига борамиз.
Чори раис ўз ихтиёри билан бошини арқонга суқмоқчи эмас. Нима қилишини билмай турганда шу томонга Ўрол тар-тарнинг аёли, ориқ бир эшакни суд­раб келаётганига кўзи тушди. Қувонди. Ўзи бўлмаса, хотинини уришиб хумордан чиқади.
– Биз томон келяпти, – деди Умар. – Бир гапи борга ўхшайди.
Аёл ҳаллослаб етиб келди, эшакнинг ҳам бўйни чўзилиб қолган. Нўхталанган иягини чўзиб турибди.
– Раис бова, – мурожаат қилди у қўлидаги арқонни силтаб, эшакни яқинроқ тортар экан. – Эрим йўқ.
Чори унга синчиклаб разм солди, сўнг эшакка боқди.
– Шунга нима? – Ёлғончи эринг, уч шиша ароқни ичиб, бир гўрда думалаб ётгандир.
– Эрим йўқолиб қопти, – ҳиқиллаб гапида давом этди аёл. – Ароқни олдин ичувди… Қайси уйинг куйгур уч шиша ташлаб кетган экан. Уч кун оғзи сасиб юрди.
– Қайга йўқолади? – Уни биз ҳам қидираётувдик…
– Биз даштга кетувдик, ярим шиша ароғини қучоқлаб, кино кўргани уйда қолувди, келсак йўқ, – куйинди аёл.
– Шунга шунчами, – Чори раиснинг жаҳли чиқди. – Ғойиб иғвонинг қизи бешинчи эрини ташлаб, ким биландир қочганига олти ой бўляпти, шикоятгўй бўлишига қарамай Ғойиб бир оғиз ҳам бу ҳақда бизга гапирмади… Ана, Норқул. Сигири икки кун йўқолиб кетсаям “ғиқ” дегани йўқ… Эринг шулардан ортиқ бўп кетдими?
– Йўқ, унгамас, – уялди аёл. – Биз келсак эримнинг ўрнида уйда манави турибди. Телевизор ёниқ… Дастурхонда битта бўш шиша… Ҳаммаёқ тезак…
Чори раис ва Умар унга савол аломати билан боққан эди, аёл гапига аниқлик киритди:
– Эшакнинг тезаги…
– Йўғ-э! – дея бош чайқади Чори, – отам раҳматли “шуни ичма, эшак бўп қоласан”, деб кўп айтарди, қулоғимга олмасдим. Рост чиқди… Лекин ароққа дуо солдирганим йўқ. Мендан кўрма. Хоҳлаган такдиримдаям, ҳозир унақа, одамни эшакка айлантирадиган муллалар йўқ. Мулла Маъмурнинг кенжаси бўлса “корелни ворд қилиб бераман”, деб мақтаниб юрибди. Нималигини билмайман-ку, лекин қўлидан келмаса керак. Отасиям бир нарсани ёлчитмаган.
– Эрим эшакка айланиб қолибди, демоқчимисиз? – Умар ҳам ҳайратини билдирди, мақола учун ғаройиб мавзу топганидан хурсанд. – Наҳотки?!
– Ҳеч нарса демоқчимасман, лекин эримнинг ўрнида эшак телевизор томоша қилиб турибди…
– Тавба, ростдан ҳам Худо борми дейман! – эски атеист Чори ҳайратланишда давом этди. – Эринг аввалдан эш-шак эди, бир илтимос қилганимга ўзини товоққа солди… Яхши бўпти, ўз ҳолига қайтибди. Бу иш учун уч шиша ароққа розиман.
Шу жойда эшак ҳанграб берди, ҳамма чўчиб тушди.
– Сенга буям кам, – деди Чори унга боқиб. – Кўп додлама! Ароқни нима қилдинг?
– Нима деяпсиз, раис бова, эсингиз жойидами? Эрим бошқа!
– Бўлмаса нега буни судраб юрибсан? – сўради Чори жаҳл билан.
Умарга суҳбатнинг бундай кетиши ёқмади. У ёлғон бўлса ҳам бу иккови Ўролнинг эшакка айланганига ишонишини истаётувди. Ахир зўр мақола чиқади, бунақасини ҳатто интернетда ҳам топиб бўлмайди. Хотини билан маҳалла раиси бир инсоннинг эшакка айланиб қолганини гапириб турса! Бундан ортиқ сенсация бўладими?! Бунақа сенсация учун шундан ортиқ ишончли манба топиб бўладими?! Шундайин ишончли далиллар билан битилган мақолага шубҳа билдирган муҳаррирни ишдан ҳайдаб, ўқувчининг қулоғини кесиш керак эмасми?!
– Балки ростдан ҳам эшакка айлангандир, – ўтга керосин сепмоқчи бўлди корректор. – Нима дедингиз, Чори ака? Илгаритдан бор нарса бу, одамнинг махлуққа айланиши… Бир ривоятда болакай кўлдан сув ичиб, эчкига айланади. Бир мультфильмда қиз кечаси тролл бўп қолади… Ҳа, энди бизда троллар йўқ, эшак бўлса, марҳамат, оппа осон. Эшак деҳқончилик-да… Кўп демоқчиман… – бақрайиб турган Чори раисга изоҳ беради. – Ўғлингизни ҳисобга қўшаётганим йўқ, олайманг… – Сўнг аёлга юзланди. – Мен энтомолог­ликка ўқиганман, жониворлар ҳақида билимим етарли, домламиз айтардики, жуда зарур бўп қолса, бир турнинг иккинчисига айланишига фан йўл беради.
– Эй, қўйсангиз-чи, бўлмаган гапни, – деди аёл. – Нимага фанингиз эримга келганда шундай қилади? Бошқаларга бўлса, индамайди… Ўргилдим сизнинг кўнгилчан фанингиздан… Кимдир эримни ўғирлаб, ўрнига манавини ташлаб кетган. Бу билан нима демоқчи ўзи… Раис бова, олдингизга келаётувдим, энди нима қилай?
Аёлнинг гапи Умарга ёқмади. Шундайин мистик воқеа оддий оилавий машмашага айланмоқда, ахир. Энди буни ортга қайтариш имкони йўққа ўхшайди. Аёл ўқимишли чиқиб қолди. Ҳеч ким ўйламайди, Ўрол тракторчининг хотини шунақа нарсаларга тушунади деб.
– “Бошма бош” бўпти-да эмасам, – масхара қилди у. – Ютқазмабсиз, янга. Буниям боқса, трактор ҳайдашни ўрганолмасаям, сув-пув ташиб туради. Лекин Ўрол акаям тракторни ёлчитиб ҳайдагани йўқ. Бир кун соз бўлса, бир ҳафта бузуқ. А, нима дедингиз, Чори ака?
Раис эса ўйга чўмган. Унга кўплар турли масалаларда ёрдам сўраб келади, лекин бунақасига илк дуч келиши, нима дейишниям билмайди. Шу эшак сенинг эринг, дейин деса расмий одам, тўғри келмайди. Бу сеннинг эринг эмас деса, Ўролни топиш керак!
– Эрингни ким ўғирлайди? – деди ниҳоят. – Маст бўлиб, кўчага чиқиб кетгандир?
– Сериал пайтида уйдан трактор билан ҳам суд­раб чиқариб бўлмасди, – аёл куйинди, – эй, эсим қурсин… Яна бир гап, бир ойдан бери жойидан жилмаган трактор ҳам йўқ.
– Ҳа, энди тушунарли, – гапга суқилди Умар. – Эшакни тракторнинг ўрнига ташлаб кетишган… Эрингизга буни алмаштиришмасди. Кўзига қаранг, анча ақлли экан…
Чори ака “сен жим тур”, дегандай олайди.
– Хат-пат қолдирмабдими? – деди аёлга боқиб.
– Хат ёзишни билмайди, – деди аёл. – Ўзи мактабдаям ёлчитиб ўқимаган. Менга “яхши кўраман”нинг ўрнига “яхши хўраман” деб ёзган. Бунинг устига ҳозир ҳаммаёқ лотинча бўлса… Лекин “хўра”лиги хато бўлсаям тўғри экан, буни тўйдан кейин билдим.
– Ҳозир кимни гапирдингиз? – тиржайди Умар. – Эшак ҳақидами ё эрингиз ҳақида?
Аёл унга еб қўйгудай олайди.
– Ёзишни билмагани дуруст. Бундайлар қанча кам бўлса, шунча яхши, – гапга суқилди Чори раис. – Битта Ғойиб иғвогардан қандай қутулишни билмай турибмиз… Буям унга шогирд тушаман деб куйдирарди.
У негадир Умар мухбирга олайиб боқди.

5

Икковлон трактор соясида қанча ўтиргани номаълум, биринчи бўлиб Нурмон гап бошлади:
– Бўлди, Ўрол, тур, трактирингни тириллат, бориб ҳовли ҳайдаймиз.
Ўрол кўзини очиб, ёнига боқди.
– Ҳалиям шу ердамисиз? – Бир йилдан бери ўтирибсизми?
– Ўтирибман, ўтирибман, – тур, тириллат!
– Ёқилғи йўқ, солярка қуйиш керак, – деди Ўрол.
– Қуй, – Шиллиққуртни муаммо қизиқтирмади.
– Солярка йўқ, олиш учун пул керак.
– Ҳозир бориб, Рамазон акадан қарзга оламиз… Ҳосилни бозорга солсак, узилишиб кетармиз.
Нурмон амаллаб Ўролни ўрнидан турғизди.
– Ўзингиз бориб келинг, оёғимда жон йўқ, – деди Ўрол.
– Шу қишлоқнинг одамлари менга бирор нарсани қарзга берганида, сарсон бўлиб, ер ҳайдаб, нимадир экиб юрмаган бўлардим, – деди Нурмон.
Иккаласи довдираб йўлга тушди.
Рамазоннинг уйи ёнида, кичик ўтирғич устида бир елим идиш сарғиш-қўнғиртоб суюқлиги билан ялтиллаб турибди. Буни кўриб, Шиллиққуртнинг феъли бузилди. Атрофга олазарак боқди. Ўролни туртди.
– Овозингни чиқарма, – пул тўлаб нима қиламиз, ана бир баклашка солярка, секин гум қиламиз.
– Керак эмас, – деди Ўрол. – Фойдаси йўқ.
– Фойдаси бор-да… Мен бир умр шундай яшаганман… Икки минг сўм чўнтакда қолади… Ё талантимга ишонмайсанми, шундай ўмараманки, ҳеч ким ҳеч балони пайқамайди. Туяни ютсам думини кўрсатмайман… Сен мени билмасакансан. Ўн беш йил бекорга ўтирганим йўқ.
– Албатта, бекорга эмас, эплай олмаганингиздан ўтиргансиз…
Бу гап Шиллиққуртнинг иззат-нафсига тегди:
– Нега эплолмасканман? Ҳозир кўрасан, баклашка кўз очиб юмгунингча гум бўлади.
– Бир баклашка билан тракторим Чори раиснинг ҳовлисигаям етиб бормайди.
– Нима бўлсаям-да, буни қўйнимга яшираман, яна бир баклашка сотиб оламиз, какраз ҳовлигача етади.
– Муаммо бошқа жойда, – деди бамайлихотир Ўрол. – Бу солярка эмас.
– Бензинми? – Шиллиққурт баклашкага синчик­лаб разм солди. – Ўхшамаяпти… Жуда қуюқдай, ранги ҳам қўнғиртоб.
– Кеча Рамазон Носир носфурушнинг сув аралаштириб, нос қўшган пивосидан ўлардай ичган, бу шундан…
– Бунга Рамазон билан пивонинг нима алоқаси бор? – тушунмади Шиллиққурт. – Ёки қолган пивони олиб чиқиб қўйганми? Демак, ўғирласак, барибир зарар қилмасканмиз… Ичиб олсак, “Алтай” тракторингни итариб кетсак ҳам бўлади.
– Бу ўғирлайдиган нарса эмас… Нималигини айтолмайман, – деди Ўрол. – Рамазон ака қилиб юрган ишини айтишга тил бормайди…
Шиллиққурт ҳеч вақони тушунмагандай анграйди.
– Одамлар бунчалар шум бўлмаса… Менга ўх­шаган бечораларга нон йўқ экан-да энди…
Шу пайт дарвозадан Рамазоннинг боши кўринди. Заҳил тус, қоқсуяк Нурмонга кўзи тушиб, таъби тирриқ бўлди.
– Солярка керак, – деди Шиллиққурт. – Ер ҳайда­моқчиман…
– Солярка йўқ, – деди Рамазон ака. – Сен ҳали ер ҳайдайдиган бўлдингми? Ўзингни ҳайдамасимдан бурун, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол-чи.
Шиллиққурт Ўролни туртди.
– Йўқ деманг, – деди Ўрол. – Ростдан ҳам бу кишининг ҳовлисини ҳайдаймиз… Икки баклашка сол­ярка қарз бериб туринг. Эртага ўзим ҳовлингизни ҳай­даб бераман.
Рамазон ака ҳушёр тортди. Ўрол доимий мижози, унга ўзининг ҳам иши тушади. Бир сўз демай, ортга қайтиб, қўлида икки баклашка солярка билан чиқди.
– Аммо, манави қилган ишингиз яхшимас, – деди Шиллиққурт “реклама”ни кўрсатиб. – Ҳеч бўл­маса ўғ­лингизникини қўйсангиз бўлмайдими, ҳар ҳолда тозароқ, уятсизроқ эди. Бу нима шармандагарчилик?
– Ўғилча биздай бўлганча, эҳ-ҳэй, қанча қовун пишиғи бор, – деди мақтаниб Рамазон ака ва мағрур нигоҳини идишга қадади. – Буни ярим қилиш учун ортидан икки кун ялиниб юриш керак…
Шиллиққурт эса бунинг нимаси мақтангулик эканини тушунмади.

6

Чори раис эшак, Ўрол ва трактор можаросига ара­лашишни истамади. Уйига қайтмоқчи бўлди.
– Менинг масаламни ҳал қилиб бермайсизми? – сўради аёл.
– Қанақа масала, – Чори ҳайрон. – Эринг бир-ик­ки мушт урганда ёрдам берардим, эшак тепсаям, майли, аралашардим, лекин ҳеч нима бўлмаган-ку! Эринг йўқолган бўлса, ана Ражаббой мелисага бор! Агар ростдан ҳам Ўрол эшак бўп қолган деб ўйласанг, мана Умар, айтасан, мақола ёзади, газетага чиқиб, сен ҳам, эринг ҳам, эшак ҳам машҳур бўп кетасанлар.
– Эй, нима дейсиз? Артис бўппанми, газетга чиқиб?.. Мен ўламан десам, сиз куламан, дейсиз, – жувонга гап ёқмади.
– Унда, эрингни эшакбозорга солиб, пулла, менга уч шиша ароқнинг пулини қайтарасан… Бунгаям кўнглинг бўлмаса, мулла Маъмурга борсанг дуо билан уни одамга айлантириб беради. Шу билан ҳамма хурсанд, ҳамма рози.
Умар ортга лаллайиб қайтишни истамаётган эди. Аёлни тезлади:
– Бизга фарқи йўқ, артис топмасак эшакниям чиқараверамиз… “Эрим эшакка айланди”, деб бир оғиз айтсангиз бас, эртага газетада чиқариб юбораман. Ёзаверайми?
Аёлнинг жаҳли чиқди, қўл силтади, мавзунинг нишони бошқа томонга кўчганини пайқагани ҳамоноқ, оёғини қўлига олиб, қишлоқ томон кетиб бораётган Чори аканинг ортидан бақирди:
– Ҳеч бўлмаса, бу кимнинг эшагилигини айтиб кетинг. Буни нима қилай?
– Уйингга элтиб бойлаб қўй, эгасининг ўзи боради, – деди Чори раис йўлида давом этиб. – Жуда бўлмаса эрингга алмаштириб оласан.
Аёл эшакни судраб ортга қайтди, Умар эса жойида ўйланиб қолаверди. Омад қуши бошга қўндим деганда, учиб кетди. Учгандаям тезак қилиб, сўнг учди. Шундай ажойиб, мақола қилса бўладиган материал бўлаётувди-да. Бунақаси мухбирнинг умрида бир марта ё учрайди, ёки йўқ. Муҳаррир ҳам ўн беш кунлик аразини бир ўқишда унутиб юборарди…
Умар қишлоқ хўжалик коллежини битирган, олий маълумоти бўлмаса, газета чиқаришни тушунмаса-да, муҳаррирнинг кайфиятини нима билан кўтариш мумкинлигини билади. Энтомолог-да! Икки шиша ароқ бўлса бас! Жуда бўлмаса, шов-шувли мақола керак!
Умар шу ҳолича бу ерда кўп қолмади. Боя Чори сори айтган гапни эслаб, калласига ғаройиб фикр келди – демак-ки, мақола қилишга арзигулик воқеа йўқ экан, уни яратса ҳам бўлади. Ўзи чеккада турган ҳолда, албатта… Мана, масалан, Дўлан дўхтир қишлоқда ҳеч кимнинг тиши оғримай қўйса, ишсиз зерикса, кўчада учраган одамни ушлаб, “тишинг қуртлабди”, деб суғуриб ташлайверади. Жуман Жомов эса, мижозсиз қолса, қишлоқ кўчасига мих сочиб чиқади. Вулканизация юритишнинг ўзи бўладими?
Буям шунга ўхшаш бир гап-да.
Ғоя оддий ва доҳиёна – Умар йўлида учраган одамга Ўрол тракторчининг эшакка айланганини айтиб, қишлоқнинг бу томонидан гап қўйиб юборади, ўзи нариги чеккага бориб кутади. Орадан икки соат ўтиб, Чори раиснинг тамойили тўғри чиқса, у ёққа шундайин миш-мишлар етиб борадики, бемалол олиб, мақола қилаверади. Буям ов тактикасига ўхшаш гап. Бир томондан ёрдамчилар ўлжани чўчитади, нариги ёқда эса ҳақиқий овчи, милтиғини ўқлаб уларни кутиб олади.
Умар шуларни ўйлаб, ўзига-ўзи қойил қолди. Кейин­ги пайтлар анча-мунча ақлли бўлиб бораётганини ўзиям сезяпти, ҳар нарсани кенгроқ, ақллироқ ва илмийроқ ўйламоқда.
Тўғри, одамлардан миш-миш кутиб ўтирмай, ма­қолани тўғридан тўғри ёзиб юбораверса ҳам бў­лади, лекин “ёш мухбир”нинг бунга ҳадди сиғ­майди. Муҳаррир ишга борган вақтида “Мақола ёзадиган бўлсанг, фақат ҳақиқатни ёз, халқдан эшит, улардан олиб ёз”, деб ўгит берган.
Бошлиғининг гапига амал қилиб, халқдан олиб мақола битишни режалаштирган эди. Бироқ, халқда нима бор? Ҳеч вақо йўқ! Халқнинг нимага ақли етади? Ҳеч нимага! Шундай бўлгач, бу томондан озроқ кўмаклашиб, туртки бериб юбормаса бўлмайди. Халқ кўмакка муҳтож!
Қаршисидан коллежнинг учинчи курсида ўқий­диган Қувон чиқди. Умар уни тўхтатиб, гапни узоқдан бошлади.
– Ҳеч замонда одамнинг эшакка айланганини эшитганмисан?
Қувон мухбирнинг гапига тушунмагандай елка учирди.
– Мана, масалан, Ўрол тракторчи эшакка айланиб, ароқ ичиб, сериал томоша қилиши мумкинми? – мавзуни яқинлаштирди Умар.
– Мумкин эмас, – деди Қувон таажжубланган тарз­да. – Туёғи билан пиёлани қандай кўтаради?
– Сериал томоша қилишига нима дейсан? – ўс­моқчилади Умар.
– Билмадим… менимча бунинг учун одам бўлиш шарт эмас.
– Тўғри… Лекин Ўрол эшакка айланиб қолибди-да.
– Э, бўлиши мумкин эмас…
– Нима, сени алдайманми? Газетда редактор ўрин­босари бўла туриб, ёлғон гапираманми? – Умар атрофга олазарак боқиб қўйди. – Ана, хотини зор қақ­шаб судраб юрибди. Чори раиснинг олдига етаклаб келибди, “қайтадан одам қилинг”, деб.
– Ростми? – анграйди Қувон.
– Рост, рост…
– Қизиқ экан-ку, бунда маҳалланинг қўлидан нима иш келади? Битта ўпса, одамга айланади қўяди, ўзим китобда ўқиганман.
Умар анграйди. Топилма ўзи ўйлаганидан-да қим­­­матлироқ, чамаси. Бу бандаи ғофилда бировнинг гапига шубҳа-гумон билан қараш деган ўй йўқ экан, на­фақат ишонди, балки ўзи ҳам афсонага қўшилиб кетди!
– Буни қаердан биласан? Ўқиганман дедингми?
– Ҳа, адабиёт деган китобдан, адашмасам… – Қувон шундай дедию, лекин гапига ўзиям ишонмади, шу ёшга кириб “Алифбе”дан бошқа китоб ўқимагани ёдига тушди-да. – Балки муаллимимиз айтгандир… Балки мультфильмда кўргандирман… Ишқилиб биламан.
– Адабиёт китобида бўлса рост, – Умар ўртада гумон пайдо бўлишидан манфаатдор эмас. – Кап-катта ёзувчилар ёлғон ёзмайди… Ана, биттаси “Қуёш қораймас” деб ёзган… Яна биттаси “Қуёш барибир чиқаверади” деган. Бошқаси “Соялар чошгоҳда йў­қолади” деган… Шуларнинг бариси рост-да, ахир… Энди… биздай журналистларга чиройли чиқиши учун ҳақиқатга сал-пал қўшимча қўшишга рухсат бор.
– Лекин эшакни ўпишнинг ўзи бўлмайди, тишлаб олиши мумкин, – суҳбатдош сўзларидан руҳланиб, фикрини давом эттирди Қувон. – Энди эсладим, муаллимимиз қурбақани ўпиб одам қилишганини айтувди.
Умар сесканди.
– Лекин буни сенга яқин олганимдан гапирдим, бу сир. Унга-бунга айтиб юрма, – Умар сўз таъсирини очиш ва унинг ёйилишини тезлатиш учун тайин қилди. – Хотини хоҳласа ўпиб, одам қилиб олар, хоҳламаса тўқимлаб, умрининг қолган қисминиям устига миниб ўтказар, ўзи билади-да.
Умар уйига жўнади.

7

Ўрол қўй кўрмаган бўлса-да, қий кўрган – бакига икки баклашка солярка қуйилган трактор Нурмоннинг ҳовлисига аранг етиб, ўчди.
Аввал “Алтай” тракторини тариллатиб, дарвоза томондан келишди, бироқ бу уй неча йиллар бурун қурилган, у пайтда ҳеч ким ҳовлига “Алтай” олиб келиб, ер ҳайдамаган, ўз томорқасини ўзи беллаган. Трактор дарвозадан сиғмаслиги маълум бўлди.
– Сен нима деб ўйлайсан? – сўради Нурмон. – Дарвозани бузиб ўтганимиз дурустми, деворни?
– Ҳайронман, – деди Ўрол кўзлари қизариб. – Шокир шопир айтадики, “қачон ўлишимни биламан, лекин трактор қайга бурилишини билмайман…” Мен ҳам билмаяпман… Девордан ўтсак бўлади… Бизнинг трактор учун бу ҳеч нарса эмас. Дарвозани эса ўз ҳолига қўямиз.
Ўрол кўчани ўйиб, тракторини бурди. Ортида осилган плуг эса силтаниб, чеккадаги тут дарахтини синдирди. Трактор илкис силтаниб, пахсани текислаб ўтди ва ҳовли ўртасига бориб тўхтади, овози ўчиб, атрофга сув қуйгандай бўлди.
– Бор экансан-ку, – деди қулоғини қашлаб Шил­лиққурт. – Кар бўлай дедим… Бунингни ер ҳай­даш­га келганда Ўроқ даллолга ўхшаб овози чиқмай қо­ларкан… Уям бир иш қилишдан бурун икки соат хо­тини билан уришади, кейин нафасини чиқармай ишлайди… Бўлмаса сен мана шу туришда, овозини чиқармай ҳовлини ҳайдайвер. Мен бориб, бирор егулик тайёрлайман.
– Нимани ҳайдайман, – деди Ўрол. – Солярка тамом бўлди.
Нурмон унга олайиб қаради.
– Бўлиши мумкин эмас, мен болалигимда мопед минардим. Бир шиша бензин ярим йилга етарди. Яна бир ой бакнинг оғзидан ҳидлаб, кайф қилиб юрардим… Ҳазиллашма.
– Мен болалигимда велосипед минганман, – деди Ўрол. – Унга умуман бензин қуймасдим, лекин шуни пеш қилиб, тракторни судраб, ер ҳайдамайман-ку.
Шиллиққурт индамади. Кабинадан тушиб, уйи томонга юрди. Ўрол унга эргашди.
Трактор ҳовли ўртасида, плугини осилтириб турарди.
– Энди нима қиламиз? – деди Ўрол теваракка аланглаб.
Унинг хавотири тракторидан. Кайфи тарқаб, қил­ган ишини ўйлаб, ўйига етолмаяпти. Эсида бор эди, қарзга солярка олди, бу ёққа келишди. Ҳаммаси ёди-да. Лекин шу ишларни қайси ақли билан қилди – тушунмаяпти. Шу пайтга қадар ҳеч қачон пули нақд бўлмаган ишга остона ҳатлаб чиқмаган. Ҳозир эса… Бу кўнгилчанлик, бу бағрикенглик, бу сахийлик қай гўрдан ёпишди? Наҳотки бунинг ҳаммаси ўша – тузга ўхшаб кетадиган сассиқ тутайдиган нарсадан бўлса? Шу тутун уни шунчалар ўзгартириб юбордими?
Энди ҳуши жойига қайтиб, ўзини ёмон кўриб кетди. Ахир тракторни олиб кетиш учун яна шунча солярка қарз олиш керак. Хотини ўла қолса пул бермас.
– Нурмон ака, – деди Ўрол. – Яна озроқ солярка топиб келмасангиз бўлмайди… Ҳеч бўлмаса ўн литр.
– Ўн литр! Қайдан топаман?! – Шиллиққуртнинг капалаги учди. Боя уч литрни қанча машмаша билан олишгани ҳали ёдида-ку! – Ўзи тутатишга зўрға пул топяпман-ку!
Ўролнинг ранги оқариб, атрофга олазарак боқди. Яна ҳеч ким кўринмади, биров Нурмоннинг қўлига кишан солмади.
– Ўзи бекорга ўша тутунингиздан тортган эканман… Шуни ҳидладим-у, кўнглим юмшаб, бу ёққа қандай келиб қўйганимни билмай қолдим.
Нурмон қаровсиз уй айвони чеккасига ўтирди.
– Ҳозир яна бир қўр олов қиламиз, қарабсанки тракторинг отдай юриб кетади.
У шундай деб ёнидан бояги қоғозни олиб, авайлаб очди.
– Ёки сенга укол ёқадими? Бошга тезроқ боради…
Ўролнинг капалаги учди:
– Уколни ёқтирмайман. Болалигимда беш кун пенциллин олганман, шундан бери игнани кўрсам оёғим қалтирайди…
– Унда йигит бўладиган вақтинг келибди…
– Лекин шу ишни бекор қиляпсиз, ёнилғисиз оти­миз жойидан бир сантиметр ҳам қимирламайди, – Ўролнинг афти бужмайди.
Нурмон ёнида турган обдастадан лаби учган сопол пиёлага озроқ сув қуйди. Сув ариқдан олинган эканми, лойқа. Устидан авайлаб ҳалиги сарғиштоб, тузсимон нарсадан тўкди.
– Шундан укол ясаймиз, – деди Шиллиққурт ва ўрнидан туриб, хонага кириб, бир қўлида бир марта ишлатиладиган шприц ва сигарета фильтрини олиб чиқди.
– Дунёдаги энг бетайин нарса – бир марталик шприц, – деди унинг игнаси учига сигарета фильтрини қўндирар экан. – Беш-олти марта санчар-санчмасингдан ишдан чиқади.
Ўрол унга олайиб, нима қилаётганини тушунмади.
– Укол ясаяпман, – деди нигоҳидан саволини анг­лаган Нурмон.
– Шу лойқа сувдан-а?
– Манави нимага керак? Ўз оти билан фильтр, тозалаб беради, – деди Нурмон. – Ҳозир битта-битта “уриб” оламиз иш юришиб кетади… Дунёда бу ҳал қилмайдиган иш йўқ.
– Тилла балиқча бўптимики, айтганингизни бажарадиган. Барибир солярка топиб беролмайди, – тўнғиллаб гапирди Ўрол.
– Солярка топмайди, тўғри, – деди Шиллиққурт. – Тилла балиқча ҳам эмас. Лекин муаммони ҳал қилади. Буниси аниқ.
Ўрол ҳамсуҳбатининг гапига ишонмади. Буни Шиллиққуртнинг ўзиям сезди.
– Бир умр ҳамма муаммоларимни шу ҳал қилиб берган, – деди мақтаниб.
– Масалан нимани? – сўради Ўрол.
– Масалан… – Нурмон ўйланди, тополмади. – Ҳаммасини-да, қай бирини айтаман?
– Бўлмаган гап, – деди Ўрол. – Сизга, ҳовлингизга боқиб, туғилганингиздан бери бирорта муаммонгиз ҳал бўлганига ишониш қийин.
Бундан Нурмоннинг жаҳли чиқди. Гапига шу жин­қарча ишонмаётгани унга ёқмади.
– Мана, масалан, бир ҳовуч тутун билан сенинг шундай катта тракторинг шу ергача тариллаб келди… Бу ҳисобмасми?
– Трактор менинг илтимосим ва солярканинг кучи билан келди, – деди Ўрол керилиб.
– Шошма, – деди Нурмон. – Ҳозир манави уколдан уриб олайлик, кейин баҳслашамиз… Зўр келса иккаламиз тракторингни судраб, ҳовлини ҳайдаймиз. Мана кўрасан… Лекин бу сафар ҳам қорним очқади, деб куйдирма. Уйда, ана, ярим халта кепакдан бошқа ҳеч бало йўқ.

8

– Эшитдингми, анави Қувон новча тентак бўп қопти, – деди Навфал ариқ лабига, ажриқ устига ўтирар экан.
Умар қишлоқ четидаги суви қуриб, қатқалоқ босган ариқ ёнидаги тошга ўтириб, чанг кўча бўйлаб далага ўтиб кетаётган битта-яримтага умидвор боқаётган эди, ахир қишлоқнинг нариги томонидан қўйиб юборилган маълумот ғилдираб чиқмайди-ку, оёғи йўқ, кимнингдир оғзида келади. Иқтидорли журналист сифатида Умар буни яхши билади.
Бироқ шунга қарамай, у ёқдан миш-мишлар оқими Ғойиб иғвогарнинг уйини босган оқова сувдай отилмаяпти. Барча ҳиссиз ва мудраб боради. Пешинги уйқудан кейин уларнинг биров эшакка айланган-айланмагани билан неча пуллик иши бор?
Ниҳоят, мана, Навфал ялтираб қолган бошини силаб, унинг ёнида шу гапни айтиб турибди.
– Нега тентак бўлади? – Умар ўзини ҳайрон кўр­сатди.
– Гапига қара, Ўрол эшакка айланиб қолган эмиш, хотини бир марта ўпса, қайта одам бўлармиш… Шуям гапми? Шу Ўролни ўпиш эмас, тўрт кун оч қўйиб, халачўп билан саваласанг ҳам одам бўлмайди.
– Бўлса бордир, – мужмал гапирди Умар.
– Сен қолганини эшитмадинг, – давом этди Нав­фал. – Эмишки, у бориб, Ўролнинг хотинига шу гап­ларни айтса, эшакни атай “энди бу ёғига тўқимлаб минаман”, деб ўпмаганмиш.
Умар шошиб, қўлига уйдан тайёрлаб келган дафтар қаламини олиб, алламбалоларни ёзишга киришди.
– Нима қиляпсан? – сўради Навфал.
– Зўр мавзу экан, мақола ёзаман, – деди Умар. – Газетда босиб чиқамиз.
– Лўлидан ботир чиқса, капасига ўт қўяркан… – Навфал ранжиди. – Ишга кирдим деб қишлоқнинг бор эси оққан, жинниларини топиб, газетга ёзасанми энди. Сендан кўра Ғойиб акаям яхши, ёзса биров билади, биров билмайди.
– Жиннилар ҳақида эмас, одамнинг эшакка айлангани тўғрисида тайёрлайман… Қизиқ-ку!
– Бу сафсатага ким ишонади? Бўладиган нарсани ёз, мана мен кеча ярим соатда ҳовлини суғориб бўлдим… Илгари ҳеч шунақа бўлганми? Ярим соатда ўн икки сотихлик ҳовлини суғориш!
Умар эътиборсиз, уни Навфалнинг шахсий рекорди қизиқтирмади.
– Қувон яна нима деди?
– Ҳеч нима!
Чанг кўча бўйлаб, ҳали пешинги уйқудан тўлиқ уйғонмаган Ўроқ даллол ўтиб қолди. Елкасида кетмон, уст-боши чанг.
– Йўл пўстак? – савол ташлади Навфал.
Ўроқ буларга боқиб, кўзларини каттароқ очди. Негадир жаҳли чиқди.
– Уялмайсанми? – деди зарда билан Навфалга. – Куппа кундузи…
– Нимадан уялишим керак, ғарлик қиляпманми, ўғрилик қиляпманми? – Навфал тушунмади.
– Бошингга қара, – деди Ўроқ. – Бирор нарса ки­йиб олсанг бўлмайдими? Кўчадан хотин-халаж ўтади, ўтиришинг бу…
Навфал кал бошини силади:
– Калланг қурсин, – деди. – Фикринг тоза эмас, нимага қарасанг каллангдаги шум нарсаларни кўра­сан… Бошингда бундайин бўлмағур хаёллар билан қайга кетяпсан?
– Далага, ер чопишга, – деди Ўроқ. – Сотишга темир йўқ… Хотин кўчага ҳайдади.
– Ота-бованг ер чопиб гўр қилмаган, сен ёлчитармидинг. Ундан кўра, ке, бир оз дам ол, – деди Навфал.
– Иш кўп, – деди Ўроқ, бироқ ҳаракатидан далага боргиси келмаётгани билинди, жойида тек туриб қолган. – Бизда Ўролнинг трактори бўлса экан, бирпасда ҳайдаб ташласак. Ёки йигирма литр солярка бўлсайди, Ўролни ёллардик.
– Энди ёллолмайсан, – деди Навфал. – Қувон уни эшакка айланиб қолибди, деган гап тарқатиб юрибди.
– Қайтанга энди осон бўпти, бир боғ беда билан ҳамма ишни қилдириш, қорнига тепиш ва хоҳлаганча сўкиш мумкин, – ҳазил қилди Умар.
– Тўғри, – деди Ўроқ ҳорғин. – У эшак бўлгани аниқ.
Умар ортига биров игна санчгандай сапчиди. Бу нима деяпти? Мана яна битта анқов гувоҳ! Шартта тилидан ёзиб олади, тамом, икки кишининг гапи ҳақиқат ўрнида ўтаверади.
– Ўз кўзингиз билан кўрдингизми? – сўради у.
– Кўрдим, кўрдим, – деди Ўроқ. – Аҳмоқ, трактори билан туппа тузук деворни босиб, эзғилаб кетди.
– Ў-ҳў, трактор билан! – хурсанд бўлди Умар. – Яхши… Лекин у кабинага қандай сиғибди? Ахир эшак бўлса!
Ўроқ Умарга синчиклаб разм солди.
– Носир носфуруш яна вино сотяптими? – деди ва икки одим яқинлашди. – Ёки нос қўшилган пивога шунча маст бўлдингми?
У синчиклаб разм солиб, мухбирнинг кайфи жойи­­далигини тушунди. Лекин ҳуши тўғрисида бундай деёлмайди.
– Ростданам эшак деб ўйлаяпсанми? – ҳайрон бўлиб сўради.
– Шунақа дедингиз-ку, – ўтга ўтин қаламоқчи бўл­ди Умар.
– Бу шунчаки гап-да… Мана, Навфални йигитлигида, ҳали сочи жингалак пайтларда ҳамма ҳўкиз дерди. Тўғрими?! Лекин ҳеч ким унга омоч боғлаб, ер ҳайдагани йўқ, тем более, қушхонага топширвормаган… Ёки, масалан Ғойиб аканинг қизини ёшлигида одамлар эчки дерди, лекин ҳеч ким улоқ талаб қилиб, ҳар кун соғаётгани йўқ-ку!..
– Ўрол Шиллиққуртга қўшилдими, энди уларнинг олди-да ҳар қандай эшак ҳам номаъқул еб қолади. Ана, иккаласиям уйда ётибди, мастми, насми, билиб бўлмайди, – деди Ўроқ.

9

Эрталаб Нурмон аллақандай овоздан кўз очди. Атрофга боқди. Айвонда, олача устида думалаб ётибди экан. Ёнида Ўрол, ўнг қўлини бошига ёстиқ қилиб, пишиллаб ухлаяпти. Дастлаб ўзи қаерда, бу ёнида нима қиляпти – тушунмади. Сал ўйлаб, кечаги воқеалар ёдига тушди. Шошиб ён чўнтагини ковлаб, қоғозчасини очди. Озгина кукун қолибди. Бошини чангаллади. Ўролга боқиб, “текинхўр” деб қўйди. Сўнг ҳовли ўртасида турган тракторга кўзи тушиб, кўнгли таскин топди. Кўча томонда эса овоз ҳамон келмоқда. Ўрнидан туриб дарвозага чиқди.
Кеча трактор текислаб ўтган девор ёнида Темир фермер жонсарак турибди.
– Шилл… эй, Нурмон, Ўролнинг трактори сеникида экан. Ўзини тополмаяпмиз… – деди фермер унга кўзи тушиши билан.
– Ўзи ана, уйимда ётибди, ўрнидан туролмайди…
– Ер ҳайдаётувдик. Битта форсунка ишдан чиқ­қан. Шуникини сўрамоқчи эдик. Ҳоким келадиган, трактор бузилиб турганини кўрса, бошимни юлиб олади.
– Иложи йўқ, – деди Шиллиққурт. – Ҳоким-ку, кулмайди, лекин бизнинг участкаям ҳайдалиши керак.
– Бир иложини қил, – ялинди Темир.
– Меники эмас, қандайсига бераман? – ҳайрон бўлди Нурмон.
Қўшнининг уйида гап-сўз бўлаётганини эшитиб, девордан Ўроқ даллол бўйлади.
– Ҳа, бахай-бахай. Ижарага бериш керак, бировда бор, лекин бекор турган нарсани бошқага бериб туриш савоб бўлади… Фақат ҳақини олиб. Охират ҳам, тижорат ҳам зарар кўрмасин.
Бу гапдан Нурмон ҳайрон бўлди, Темирнинг эса юзига қизиллик югурди, жаҳли чиқдими, севиндими, англаш мушкул.
– Бозор шароити шуни тақозо қилади, – деди Ўроқ ва Темирга юзланди. – Ўн минг сўм беринг, беш минги ғоя эгасига, яъни менга, беш минги эса Нурмонга.
– Ўрол уйғонганча келтириб берасиз… – деди Нурмон Темирга, пулнинг дараги уни шоширган, бу эса розилигини билдирар эди.
Унга Ўролнинг текинхўрлиги алам қилмоқда эди.
– Бўпти, бўпти… Ҳоким бова кетиши билан келтириб бераман.
Фермернинг ўзга чораси йўқ, рози бўлди. Кўчанинг ўзида икки қўшни пулни бўлишиб олди. Бир ишсиз шунча даромад қилган Ўроқ жойида қолаверди. Булар иккиси ҳовлига юрди.
Шиллиққурт трактор форсункаси қайда жойлаш­гапи­ни билмайди, бахтга қарши Темир фермер ҳам бу­нақа матоҳни кўрмаган. Иккаласи тракторга термилди.
– Биз мопед миниб юрган пайтда форсунка деган гаплар бўлмасди, – деди Нурмон, – замоннинг тезлигини қаранг…
– Менинг “Тико”мда ҳам йўқ экан бунақа нарса, – деди Темир. – Эмасам шу мошин чиққанига ҳали ўн йил бўлгани йўқ.
– Замон тез-да, жуда тез… Бугунги гап эртага тўғ­ри келмаяпти…
Нурмон шундай деганча Ўролни уйғотгани кетди. Бироқ у қулоғига гап кирадиган аҳволда эмас.
Темир Ўроқни чақирди:
– Йўқ ердан беш минг сўм ишлаб, у ёқда нима қиляпсан, баққа ке, бунинг форсункасини биласанми?
– Биламан-ку, лекин менинг ишим одамларни келиштириб қўйиш, холос, – деди Ўроқ уларга яқин­лашар экан. – Унда бир Нор полвон тракторини металломга пуллаганда мижоз топиб берганман, шунда ҳамма запчастларини билиб олганман… Анави эшак қани?
– Ўролми? – Шиллиққурт гап ким ҳақидалигини дарров пайқади. – Ана, айвонда ётибди, ўрнидан туролмайди, нуқул овқат сўрайди. Боя озроқ кепак капалади.
– Шунга ўн минг сўмми, – деди ҳайрон бўлиб Темир қўлига форсункани олгач. – Таг-туги билан бўлса ҳам майли эди… Ижарасига шунча пул… Сен, Шилл… Нурмон, Ўроқ икковинг мени алдадинг…
– Хоҳламасангиз катта кўча, – деди Нурмон. – Ўзингиз илтимос қилиб келдингиз…
Темир форсункани олиб кетди. Ўроқ ортидан тиржайиб қолаверди.
– Яхши бизнес экан, – деди ниҳоят тамшаниб. – Ўрол билан келишиб, тракторининг запчастларини ижарага бериб, пул ишлаб олса бўларкан. Шундай кичик темирга қанча пул! Сезяпсанми, занжирини ижарага берсак қанча бўп кетади?
Шиллиққурт ҳам хаёл қилиб, капалаги учди.
– Агар… мабодо… Мен мижоз топиб келишим мумкин, Худога шукур, тажриба бор. Нор полвоннинг тракторини икки кунда темир-тақага бўлиб, сотиб берганман, – деди даллол. – Фақат тушумнинг эллик фои­зи менга, эллиги сенга.
Нурмон ўйланди.
– Ўрол-чи?
– Уни ҳамма эшак бўп кетган, деб юрибди. Пулнинг нима кераги бор унга?
– Уйда ётибди-да, одамдай бўп, – деди Нурмон. – Ҳақини бермасак бўлмас… Яхшиси, келиша қолайлик. Сизга эллик, менга эллик, Ўролга эллик…
– Бунақаси кетмайди, – деди Ўроқ. – Йигирма йилдан бери даллоллик қиламан, учта эллик фоиз бўлишини эшитмаганман.
– Хасислик қилманг, – деди Нурмон. – Йўқ жойдан кеп турган пул, беравермайсизми? Ёнингиздан тўлаяпсизми? Инсоф ҳам керак-да одамга.
Ўроқ ноилож бош ирғади.

10

Умар ўйлагани чиқмаганидан хафа. Тактика иш бермади. Ҳа, ундан катта стратег чиқмас экан. Бироқ осонликча таслим бўладиганлардан эмас. Бошлаган ишини охиригача етказиб қўйиш керак. Шиллиққуртнинг уйига бормоқчи, Ўролнинг ўзи билан шахсан гаплашади. Балки янги ғоя чиқиб қолар.
Ўроқ тўғри айтибди – ҳовли ўртасида трактор турибди, девор бузилган, атроф эса жим-жит, жон зоти борга ўхшамайди.
Умар бақирди:
– Шиллиққурт ака, ҳов Шиллиққурт ака!
Уйчадан бировнинг боши кўриниши билан Умарнинг кўзи ярқ этиб очилгандай бўлди, хатосини англади – ахир манави жиноятчига ота-онаси шунақа совуқ ва хунук исм қўймагандир? Оти бошқача бўлгандир?! У эсини таниганидан бери бу одам қамоқдан бери келмайди, отини эшитмаган, ҳамма орқаворотдан Шиллиққурт дейди-да.
У онгининг пучмоқ-пучмоқларида бекиниб ётган хотираларини-да титкилаб ўйлади. Бироқ улар иссиқда қолган қўйлар каби ҳаракатсиз эди, бирор исмни тополмади. Қайтанга ўз номини ҳам йўқотиб қўйди-ку!
– Нима дейсан? – ўшқирди яқинлашиб келаётган ранги совуқ Шиллиққурт.
– Эй, ака, бормисиз? – деди баланд овозда Умар. – Сизни кўрай, деб келувдим… омонмисиз?
Юракда хавотир, юзда тиржайиш билан қучоқ очиб, Шиллиққуртга пешвоз бораверди. Нурмон эса илк бор қамоқдан қайтган, омонлик кунларни ёдга олиб, тўлқинланди, кўзига нам олди. Ўшанда мана шу ҳовлига одам сиғмай кетувди, отаси раҳматлик шошиб шафтолига боғланган совлиқни сўйиб юборган. Ҳа, зўр давр­лар бўлган, илк “ўтириши”нинг ўша совлиқдан бошқа ҳеч кимга зарари тегмаган. Иккинчи мартасида отасининг ўзи бандаликни бажо келтириб юборди… Кейингисига онаси… Мана, ёш бўлсаям, оқибатни тушунадиганлар бор экан бу қишлоқда. Одам шунча йил қамоқда “ўтириб” келди, булар эса ҳол сўрашгаям ярамади.
– Кел, – деди Нурмон қучоқлашиб кўришгач. – Аҳволларинг яхшими? Чой ич дердим-ку, дастурхон йўқ, нон йўқ, озроқ кепак бор, униям бир меҳмоним капалаб бўлдиёв…
– Йўқ, раҳмат, қорним тўқ, – деди Умар сесканиб. – Шу… Шу…
Унинг баданига яна титроқ кирди, негадир “ш”ни айтди дегунча тиззаси қалтираяпти. Тўғри, манави қаршисидаги ранг-рўйи заҳил, қоқсуяк одамга уришса кучи етса керак, лекин қўрқинчли-да. Кўзлари олайгани ёмон. Бунинг устига, кепак таклиф қилаётгани нимаси?! Ё шунақа жаргон борми? Бу “кепаги” нима бўлса экан?
– Мен Ўрол акани сўраб келувдим, – деди ниҳоят Умар. – Чори ака, “бориб сўраб, билиб кел-чи, Ўрол шуникидамикин” деди. Одамлар у киши эшак бўп қолганини гап қилиб юрибди…
Нурмон нима деярини билмай, бир пас анграйди. Дастлаб, “бу бола чекиб олганми”, деган ўй келди калласига. Сўнг боя Ўроқ даллол ҳам шунга ўхшаш гап айтгани ёдига тушиб, унинг кўзига қараб, фикридан қайтди.
– Эшак бўлса, меникига келармиди? – сўради.
– Йўқ, эшак какраз уйида турибди, Ўрол ака йўқ. Янга Ражаббой мелисага шикоят қилгани бормоқчи.
Мелисани эшитиб, Нурмоннинг капалаги учди, ахир чектириб, маст қилиб, уйида ётқизиб қўйиб­ди-ку. Ражаббой келса, ҳаммасини бирпасда аниқ­лайди.
– Йўқ, – деди шошиб. – Ўрол меникида нима қила­ди? Тракторини шу ерга қўйди-ю, ўзи қайгадир кетди.
Умарга нима, йўқ бўлса йўқ-да, индамай бурилиб, жўнамоқчи бўлди.
– Чекасанми? – ортидан сўради Нурмон.
– Носми? – деди ўгирилиб Умар.
– Замонавий бўлиш керак, қишлоқдаям маданиятни кўтариш вақти келган, – деди Нурмон тантанавор руҳда. – Сигарет тутатадиган ёшдасан-ку, нос дейсан. Ма, манавини ол, йўлда чекиб кетарсан.
Нурмон қулоғига қистирилган сигаретни унга узатди. Чўнтагидан гугурт ҳам чиқарди ва чақди.
Умар еттинчи синфдан буён қўшни болаларга қўшилиб, нос чекиб юради, бироқ сигаретгача етиб келолмаган, анча қиммат. Ҳозир имконият туғилганда фойдаланмоқчи бўлди. Шарт ўгирилиб, сигаретни олди ва гугуртдаги оловга тутди.
Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас Умар қишлоқ кўчаси бўйлаб кетиб бормоқда эди. Бошида эса ғалати-ғалати ўйлар, ҳаётдан хурсанд, кулгиси келади. Ўзича қўшиқ айтмоқчи бўлиб, бир сатрини эсга олувди, кулгидан ўзини тўхтатолмади. Илгари эътибор бермаган экан, бунча кулгили бўлмаса.
Шу кетишда кўчада Чори акага дуч келди.
– Ҳа, Чори ака, – деди у овозини баланд қўйиб, сўнг бу одамнинг исми қизиқ эканини англаб, қий­қириб юборди. – Отангизга раҳмат, шу исмни ўз­лари қўй­ган­ми?
Чори бу жинқарчадан кутмаган эди, тахтадай қотди. Унга ҳеч ким очиқдан очиқ бундай демаган. Аччиқ-аччиқ гапирмоқчи эди-ку, бироқ чўчиди. Ўйладики, бу бола шунчалар мард бўлиб гапиряптими, бир балоси бор. Шу кетишда ё ҳокимга ёрдамчи бўлган, ёки бунга қарши катта далил тўплаган.
– Ҳа, Умар, тинчликми, хурсандсан? Қисир сигиринг эгиз туғдими? – деди ялтоқланиб.
– Мени алдамоқчи бўлдингиз-а? – Умар тиржа­йиб кўрсаткич бармоғини силкитди. – Шундай катта мухбирни, бош муҳаррир ўринбосарини…
– Тунов кун кўрректирми, карректирми деё­тув­динг-ку, лавозиминг ошдими? – Чори раис барибир эҳ­тиёткорликни унутмади.
– Ошди, – деди мақтаниб Умар. – Яқинда муҳар­рир ҳам бўламан… Лекин гап бунда эмас, гап шундаки, сиз мени алдамоқчи бўлдингиз… Ўрол эса эшакка айланди… Мен буларни роман қиламан. Катта роман… Худди “Микробдан чаён”дай машҳур бўлади.
– Ўрол ҳалиям топилмадими? – қизиқди раис.
Унга романчиликнинг қизиғи йўқ.
– Бир эшак билан намунча қизиқмасангиз? – Умар ҳоҳолаб кулди.
– Хотинига ачинаман-да, – деди Чори нима де­­­йиш­­­­­­ни билмай.
У суҳбатдошига синчиклаб разм солди. Умарнинг муомаласи ёқмаяпти, очиқ эътироз билдиришга эса чўчияпти. Ғойиб иғвогар бир-икки шикоят хати ёзиб, анча-мунча сарсон қилгандан буён икки сўзни тўқиштириб, нимадир қоралай олган, қоғозга ошнолардан чўчийди.
– Уни қўйинг, гап нимадалигини сиз биласиз, мен биламан, манавилар, – у ўгирилиб, йўл четидаги қатор уйларга ишора қилди. – Балониям билмайди. Яхшиси манави сигаретдан чекинг, бошқача экан. Шиллиққурт берди.
Умар унга қўлидаги тутаб турган сигаретани узатди. Чори ишқибоз эмас, бироқ рад қилолмади, корректорнинг қарашлари ўктам эди.
Сигаретни бир-икки тортиб, Чорининг кўзлари олай­ди.
– Ҳақиқатан бошқача-ку, – деди ва қўлларини ҳаволатиб юборди. – Ие, ушла, кўзимдан юлдузчалар учиб, оёғимнинг остидан ер қочиб кетяпти.

11

Ўролни уйғотиш қийин бўлди. Ниҳоят Нурмон туртавергач, кўзини очди.
– Тур, – деди у меҳмонни қўлидан тортиб. – Жуда обрўйинг катта экан-ку. Неча одам сўраб келди. Ҳаммасига йўқ, деб юбордим.
– Менинг эмас, тракторнинг обрўйи зўр, шусиз итгаям керагим йўқ, – деди инқиллаб Ўрол ва ўрнидан туришга ҳаракат қилди, бўлмади, ҳолсиз кир-чир кўрпачага чўзилди. – Ё кечаги тутун билан укол бўл­мас экан ёки Чори раис алдаб, ёмон ароқни ташлаб кетган, ҳаммаёғим оғрияпти. Қорним ёрилгудай…
– Қирқ ёшдан ошгандан кейин эрталаб ҳеч еринг оғримай уйғонсанг, демак ўлган бўласан… – дея ақллилик қилди Нурмон. – Мижознинг кўричаги ўрнига буйрагини кесиб, беш йилга қамалиб келган бир таниш дўхтир шундай девди…
– Ҳали қирққа етганим йўқ, – деди Ўрол.
– Шу кетишингда етишинг ҳам гумон, – деди Нурмон. – Сен еганни сигирга бергандаям, дамлаб ўларди.
Кўчадан Ўроқнинг овози эшитилди. Нурмон чиқди.
– Клиент олиб келдим, – деди у шошиб ёнидаги пўрим кишига ишора қилиб. – Тракторнинг радиатори керак экан… Ўттиз минг бермоқчи.
Пулнинг дарагини эшитиб, Нурмон шошди, уларни ичкарига таклиф қилди. Ўроқ қўлида асбоблар билан келибди, дарров ишга ундади.
– Ижарагами? – сўради Нурмон.
– Қанақа ижара? – тушунмади Пўрим.
– Қўяверинг, ўзимизнинг гап, – деди Ўроқ ва Шиллиққуртга “жим тур”, дегандай қараш қилди.
Ичкаридан Ўролнинг овози эшитилди. Нурмон унинг ёнига кетди.
– Ташқарида нима гап? – ўрнидан туролмай ин­қиллаб, бошини чангаллаб сўради Ўрол. – Биров тракторга тегиняптими?
– Пул ишлаяпмиз, – деди Нурмон. – Радиаторингни ижарага беряпмиз.
Ўролнинг кўзи косасидан чиққудай бўлди. Болахонадор қилиб сўкинди. Унга Нурмоннинг “ўттиз минг сўм, тенг ярми сенга тегади!” – деган гапи ҳам кор қилмади. Текинхўрларнинг бу қилиғи ёқмади, бироқ ўрнидан туролмади, боши ёрилгудай оғримоқда, аъзои бадани майдалаб ташлангандай, қорни халтадай осилган.
– Боринг, айтинг, тракторга тегинмасин… Бирор нарсаси йўқолса, мендан хафа бўлманг!
Нурмон пулдан кўра тракторини яхшироқ кў­радиган бу одамни тушунмай, ташқарига чиқди.
– Қизиқ гапиради-ку, – ҳайрон бўлди Ўроқ даллол. – Нор полвоннинг тоғда думалаб кетган тракторини металломга сотиб берганимда хурсанд бўлган. Бу ношукур нега бақиради? Келишувни бузиб бўлмайди. Бор, уни тинчлантир. Бўлмаса бизнесни расво қилади.
Нурмон тушунди: Ўрол уларга барибир пул қи­лишга йўл бермайди. Ўзининг бир парча темирини бизнесдан афзал билади! Шундай экан, уни вақтинча тинчлантириш лозим.
“Дардингга даво бор”, деб кечаги кукуннинг қол­ганини дуд қилиб берди, Ўрол ҳидлаб, яна жойига чўзилди, кўнгли яна овқат талаб қилаётган эди. Нурмон қўшниникидан иккита кўпкан нон олиб келди. У олд-орқасига қарамай, ямлашга киришди. Трактори ҳам ёдидан кўтарилган эди.
Ўроқнинг эса иштаҳаси очилган. Пешиндан кейин бутун бошли КамАЗ ва тўрт барзангини бошлаб келди. Улар бу ишнинг ҳадисини олган эканми, бир соат ичида “Алтай” тракторини “ечинтириб”, қуруқ занжири ва суягини қолдирди.
Улар кетгач, икки ҳамкасбнинг қўлларига жарақ-жарақ пул тушди, лекин негадир ҳар доимгидай пул билан бирга хасислик ҳам бўй кўрсатди – Нурмон ҳам, Ўроқ ҳам буларни Ўрол билан бўлишишни истамади.
– Унга бермасак ҳам бўлади, – деди Ўроқ. – Озига кўнмайди, кўпи эса бизда йўқ.
– Тўғри, – гапни маъқуллади Нурмон. – Биз иккаламиз шунча ишладик, тер тўкдик, у бўлса кайф қилиб, хонада ётди, энди пулга эга чиқадими? Бунақаси кетмайди. Ишламаган тишламайди…
– Лекин эртага ўзига келса, ҳақини талаб қилиши мумкин.
Нурмон қўлидаги бир тутам пулни маҳкам сиқди.
– Нега?! Ахир буни биз ҳалол топдик-ку! Нимага у бурнини суқади?
– Трактор уники-да, – деди Ўроқ. – Колхоздан мерос қолган.
Нурмон ўйланиб, тушунмади. Трактор колхоз­ники…
– Колхоз ҳозир йўқ дейишаётувди-ку!?
– Лекин Ўрол бор-да!
– Унда нима қилиш керак?
– Билмасам, – Ўроқ елка қисди ва ҳовли ўртасида чўзилиб ётган икки занжир билан трактор рамасига боқди. – Балки тракторингни шу ҳолда ҳайдаб келувдинг, дермиз.
Бу фикр Нурмонга ёқмади. Эътирозини ҳеч қандай транспорт воситаси (велосипед ва Носир носфурушнинг “Запорож”идан ташқари) моторсиз юрмаслиги билан исботламоқчи бўлди. Ўроқ миясининг энг кичик ҳужайрасидан тортиб ҳар иккала яримшаригача даллолликка бахшида бўлиб кетган онгини қитиқлаб ҳам ақллироқ ғоя тополмагач, қўлини кўтаришга мажбур бўлди. Нурмон эса муаммонинг осон ечимини топди:
– Яна озроқ кайф қилдирамиз, кейин бу ерга пиё­да келгансан, тракторингни кўрганимиз йўқ деймиз, қутуламиз.
– Ишонармикин? – шубҳа билдирди Ўроқ.
– Ҳозир унга “сен динозаврнинг тўнғич ўғлисан”, десангиз ҳам шубҳаланмайди. Фақат, анави ҳовлидаги қолган темир-тақани ҳам йўқотиш керак. Далил бўл­маслиги керак, далил!
– Буниси осон, эски мижозлар бор, килолаб металломга олади, – хурсанд бўлди Ўроқ.
Кечга яқин, ҳовли ўртасидаги занжир ҳам, қолган темир-тақалар ҳам кўтара савдо бўлиб, юк машинасига ортилиб, олиб кетилганда, ҳайдалиши ва экин экилиши лозим бўлган тупроқда узун издан ўзга ҳеч вақо қолмаганида Ўрол ўзига келди, бошини кўтариб, ярим соат анқайиб, ниҳоят қайда ётганини аниқлаб, бураб оғриётган қорнини чангаллаб, уйига кетмоқчи бўлди. Бироқ ўрнидан туролмади.
– Ҳа, – деди унинг инқиллаган овозини эшитиб, хонага кирган Шиллиққурт. – Нима бўляпти?
– Қорним ёрилиб кетгудай… бошимга ҳам биров болға билан ураётганга ўхшайди, – шикоят қилди Ўрол. – Уйга кетмасам бўлмайди.
– Бу аҳволингда қандай борасан, оёққа турол­маяпсан-ку!
– Тракторда кетаман, – деди Ўрол. – Озгина сол­ярка топиб берсангиз бас. Ерни эртага ҳайдаймиз.
– Қайси трактор билан? – Нурмон ўзини ҳайрон кўрсатди. – Ҳеч қанақа трактор йўқ.
Ўрол дастлаб тушунмади, сўнг жаҳли чиқди. Шил­лиққурт зўр бериб, иккаласи пиёда келганини уқтирди.
– Наҳотки пиёда келдик? – ниҳоят Ўрол тириша-тириша, ўшанда бу ёққа қандай келганини эслолмай, афтини бужмайтириб сўради. – Иккаламиз деворни бузиб ўтмадикми? Ёки тушимда бўлдими?
– Тушда эмас, ростдан бузганмиз, лекин трактор билан эмас. Оёқ билан тепиб, деворни ағдариб, шу ерга келдик. Энди кайфчилик экан-да, билмасдан қилиб қўй­динг, тушунаман, хафа эмасман… Ўзингга келсанг, икки-уч кун келиб, пахса уриб, тиклаб берарсан.
Ўрол ўйга чўмди.

12

Умарнинг илҳоми келгандан келди. Чори раисни кузатиб, уйига етиб келгунча, зўрға чидади. Унда бир, туршак еб, устидан сув ичганда қорни кўп бе­зовта қилган, ўшандаям мана шундай – уйга тезроқ бориш орзусида бўлган. Ҳозир ҳам бу истак ҳар недан устун. Лекин бу сафар бора солиб, бурчакка чопишни эмас, энаси баҳорда йиғиштириб қўйган эски сандалга етиб олишни орзу қиляпти. У ижодини ўша сандалда қилади. Албатта, шу пайтгача ёзганлари ўша жиҳоздан нарироққа кетолмаган, лекин бугун бошқача.
Илҳом парилари боши атрофида шунчалар тез айланмоқдаки, улар айтаётган сўзларни тушириш учун қоғоз йўқ. Шошиб, куйиб-ёниб ёзмоқда. Нафақат қоғоз йўқ, балки ручканинг сиёҳи ҳам тамом бўлган, барибир ёзяпти. Бунақа илҳом юз йилда бир келиши мумкин, ахир.
Сандал устидаги катта патнисни қиртишлаб ташладиямки, илҳом парилари тарк этмаяпти.
У шу ҳолда ўтирганда кўчадан Чори раиснинг овози эшитилди. Чопиб чиқмоқчи эди-ку, ижодини қизғанди. Ҳар дақиқа ғанимат, ақли ишлаб турганда қуйилиб келаётган ҳар бир сўз, ҳар бир гапни қоғозга, йўғ-э, патнисга тушириб қолиш керак.
Чори акани Умарнинг отаси кутиб олди ва тў­сатдан ташриф буюрган ҳурматли меҳмонни ўғ­лининг ёнига бошлаб келди. Фарзанди бирор ақлли иш билан бандлигига ишонган ота, унинг аҳволини кўриб, донг қотди. У сиёҳи тугаган ручка билан патнис бўёғини қиртишламоқда. Бу патнисни кўп йиллар бурун, атай Тошкентдан олиб келган. Сандалининг устига қуйиб-қўйгандай мос келади. Устида дастурхон текис туради.
– Нима қиляпсан, овсар? – уришиб берди ўғлини.
– Шеър ёзяпман, – деди Умар ортига ўгирилмай, ишини давом эттириб. – Бит қарамай очимга, ялло этар сочимда, шампун унга кайф бўлар, кўп пулларим ҳайф бўлар.
Ота меҳмоннинг ёнида уялди. Жаҳли чиқди.
– Шуми шеър? Шу шеър бўлса, мен ҳўкиз эканим…
Умар отасига ўгирилиб, синчиклаб разм солди. Қироат билан гапирди:
– Сув остида ғоввосми, отам ҳўкиз-новвосми, шеър келади қуйилиб, мен зўр шоир – шоввозман.
– Шеър ёзаётганинг йўқ, – жаҳли чиқиб, дўқида давом этди отаси. – Момонгдан қолган патнисни расво қиляпсан… Сандалга ўтирволганинг нимаси, ёз чилласида?
– Қочинг, ота, – деди Умар ва қироат билан шеър ўқиди. – “Совпласт”га алданиб, булбул бўлар андалиб, шеъриятни гуллатар, бул момомнинг сандали… Қаранг қандай қуйма сатрлар… Шеъриятни тушунмасангиз нима қиласиз бурнингизни суқиб. Сизникисиз ҳам адабиётда ортиқча бурунлар кўп.
– Ҳа, – деди шу ерда турган Чори раис кесатиб. – У ерда сен билан момонгнинг сандали, яна Ғойиб иғвогар етишмаяпти.
Умар ноилож ўрнидан турди. Илҳом қаталоқ чаққан сигир каби шаталоқ отиб қочган эди.
– Ижод зўр кетаётган эди, – деди энтикиб. – Ҳали бунақаси бўлмаган, шу кетишда “Қутлуғ хон”дан ҳам зўр роман ёзворардим.
– Чингизхон ҳақидаги китобми? – Чори раис фурсат келганида мақтанмоқчи бўлди. – Болалигимда ўқиганман, унча зўр эмас… Лекин сен адабиётингни йиғиштир, боя сигарет деб менга нима берувдинг?
– Сигарет, – деди Умар.
– Бошим ёрилиб кетгудай бўляпти, ичимга илон кириб олгандай, нимадир қимирлаяпти… Оёқ-қўлим қалтирайди, ўлиб қоладиганга ўхшайман. Бир пайтлар кўричакни олиш учун наркоз беришувди, ўшанда шунга ўхшаш бир гап бўлувди… Тушунмайман.
Умар елка қисди ва бирдан ўзининг ҳам бошига нимадир бўлганини ҳис қилди. Кўнгли айниди. Бирдан кўнгли ва мияси бўшаб қолди. Анқайиб, боя ёзяпман деб ўйлаган – сандалга боқди, ручканинг учи билан қиртишланган патнисга кўзи тушиб, ҳеч балони тушунмади. Нега бундай қилганини ўзиям билмади.
– Менгаям бир гап бўлган, – деди ўйланиб. – Ҳаммаси шу сигаретдан. Мулла Маъмурга куф-суф қилиб, бизга чектириб юборган.
Бу гапдан Чори раиснинг капалаги учди, бир нарса топгандай кўзлари чақнади.
– Во! – деди ҳовлиқиб. – Масала бу ёқда-ку! Нега калламга шу фикр келмади? Сен иккала ярамас келишиб, мени бир бало қилмоқчи бўлгансанлар.
– Мен нима. – деди Умар. – Ўзим ҳам сизга ўхшаб жабрланувчи бўп ўтирибман-ку!
– Муллага ўқитгани рост, – шаштидан бироз тушиб давом этди Чори ака. – Ўша палакат хизмат кўр­сатган муллаям анқов, жинни қилиб қўядиган дуо­ларини ўқиб, дам солган бўлса-ку, майли, лекин ўлдирадиганини айтган бўлса-чи? Иккаламиз ҳам қўшилишиб кетиб қолмайлик…
– Буни ўзимизнинг мулла қилмаган, – деди Умар. – У одамнинг дуоси бизга таъсир қилмайди.
– Тўғри, – дарров фикридан қайтди Чори ака. – Ҳа, энди “Сиёсий иқтисод” факультетини битирган мулланинг дуоси қайга борарди? У ерда фақат атеизмни ўқиган-да! Лекин ўша сигаретга кимдир дам солгани рост… Чеккандан билувдим… Носир носфурушдан сўраб чекаётганларимга ўхшамасди! Бекорга Носирни “ярамас текинлиги учун шунча пайтдан бери менга товуқнинг тезагини қуритиб, чектирган экан”, деб ичимда роса сўкибман.
– Нимага товуқнинг тезаги? – ҳайрон бўлди Умарнинг отаси.
– У нос тамакини толқон қилиш учун тегирмонга солганда озроқ шундан аралаштириб юбораркан, таъми ўткирроқ бўлармиш, носнинг таъсирини оширармиш. Аслида текинлиги учун шундай қилса керак.
Умарнинг отаси эски носкашлардан, кўнгли бузилиб, чеккага туфлади.
– Ўлиб қолмасимиздан бурун дуонинг олдини олиш керак, – деди Чори ака гапини давом эттириб. – Юр, Шиллиққуртникига! Айбини бўйнига қўйиб, қайси муллага ўқитганини билиб, олдига бориб, дуосини кесадиган бирор дуоми, дуоибадми қилишини сўраймиз.
– Дуоибад эмас, антивирус… – деди Умар билимдонлик қилиб. – Замонавий тилда шунақа нарса бор. Аъзайимхонлар ҳақида мақола ёзганимизда, дуо­га дош бермай, компьютеримиз бузилган, муҳаррир антивирус опкелиб, ўнглаб олган… Дуони шу кесса керак…
Умар ва Чори раис шаҳд билан йўлга чиқди.

13

Ўролнинг хотини эшакни дарахтга бойлаб, ҳов­лининг юмуши билан банд бўлди.
Шу куни на эри ва на трактордан дарак бўлди. Анави махлуқнинг эгаси ҳам йўқлаб келмади. Унда-бунда ким чиндан, ким ҳазиллашиб Ўролни эшакка айланганини айтиб юрибди.
Эрталаб кўчага чиққанида Ўролнинг ўрнига қол­ган жонивор ҳали ҳам нўхтасини тортганча ўша жой­да турганига кўзи тушди. Боши қотди. Эри тракторни эшакка алмаштирган тақдирда ҳам ўртадаги фарқ учун берилган пулни картада Машраб луччакка ютқазиб, тонгга яқин уйга қайтиб келиши керак эди. Бироқ ундан дарак йўқ. Қишлоқнинг бир маслаҳатгўйи Чори ака бўлса, уям тайинли гап айтмади. Қайтанга масхара қилди.
Жувон шуларни ўйлаб турганда кўча бошида қайнотаси – Доли бова кўринди. Бобой ёш хотинга уйланиб, икки ҳафта хотиндорлик қилиб, қочириб юборгандан буён ёлғиз. Бугун эрталаб кўчага чиқиб, ўғли эшакка айлангани ҳақидаги ярим ёлғон, ярим чин гапни эшитиб (ёлғонлиги – одам барибир эшакка айланмаслигини билади, чинлиги – Ўролнинг феъли ўша махлуқникига ўхшаб-ўхшаб кетарди гоҳида), шу томонга келмоқда.
Доли бова келинига савол беришдан бурун, кў­ча четидаги елкалари яғир эшакка синчиклаб разм солди.
– Шуми? – деди орқасига ўгирилмай.
Келини тасдиқлади. Бобой эшакни текширишда давом этди.
Уни чеккадан кузатаётган келини, “бу киши бирор ўхшашлик қидиряпти, чамаси”, деган хаёлга борди. Ростдан Доли бованинг эшакдан бирор таниш белги кўриш илинжи борга ўхшайди.
– Нотаниш, – деди ниҳоят чол келинига юзланиб.
– Ҳа, ўғлингиз эмас, – гапини маъқуллади келини. – Бунинг елкаси ишдан яғир бўп кетган.
– Нима? – бобойнинг жаҳли чиқди. – Калланг борми? Нимага “ўғлингиз эмас” дейсан?
Жувон қайнотасини тушунмади. Нега бунча жаҳл, нега бунча ғазаб?
– Мен нима деппан, – гапирди секин, – “Шу сизнинг ўғлингиз”, дейишим керакмиди? Бирор таниш белгисини кўрдингизми?
Чолнинг бурун катаклари катталашиб, кўзлари ўйнади, қўлини бир-икки ҳаволатиб, нимадир демоққа оғиз жуфтлади, ғазабдан гапини тополмади.
– Бова, бирор нима бўлдими?
– Эй, сен овсар бўлганмисан? Нимага туппа-тузук эрингни эшакка тенг қиласан? Энди билдим, қишлоқ оралаб юрган сассиқ гапнинг ҳаммаси сендан чиққан. Одам деган болаларининг отаси ҳақида шундай гап қиладими? Эшакми, кучукми, шу сенинг эринг…
Шошганда Доли бованинг қўли эшак томонни кўрсатиб юборган эди. Тўғри-да, қаёқни кўрсатсин, Ўрол қай томонга кетганини билмаса. Бироқ бундан жувоннинг капалаги учди:
– Э, нима деяпсиз?! Бу у киши эмас!
Доли бова шошди, гапини тушунтирмоқ учун бир-икки оғиз жуфтлаб, ақлли гап тополмади.
– Нима деяпсан? Ўғлимни эшакка тенг қиляп­санми? – деди ниҳоят ўдағайлаб.
– Нима деппан, – йиғламоқдан бери бўлди жувон. – Ўғлингиз эмас дедим-ку?
Чол келинига шу гапи билан эрининг шаънини ерга урганини тушунтиролмай, қийналди. Азалдан гапга чечан эмас.
– Шундай ҳам дема, – деди зўрға.
– Ўзингиз-ку, кела солиб, эшакнинг белгисини қи­дириб кетган.
– Мен кимники экан, деб қарадим. Нотаниш экан… – чол ниҳоят мақсадга кўчди. – Ўрол қани?
– Ўғлингиз йўқолиб қолган. Ўрнига шу эшакни ташлаб, қайгадир кетган.
Чол воқеа тафсилотини сўради, жим тинглагач, ўз фикрини баён қилди:
– Бир-иккитаси Нурмон билан қўшилиб кетганини айтаётувди. Агар рост бўлса ҳали эринг эшакка айланмаганига пушаймон ҳам қиласан… Мен уникига бориб, хабарлашиб келаман.
Чол Нурмонникига жўнади. Йўлда унга Чори раис билан Умар йўлиқди. Салом-аликдан кейин маълум бўлдики, йўллари бир.
– Ўрол ўша ярамасга қўшилган бўлса, энди ўғил­дан воз кечсангиз ҳам бўлади, – деди Чори раис. – У билан икки соат гаплашган қайтиб одам бўлмайди… Мана, биз, бор-йўғи бир дона сигаретини чекиб, на у ёқлик, на бу ёқлик бўп турибмиз.
Ўрол Нурмоннинг уйи айвонидаги устунга суяниб, бошини осилтириб ўтирибди. Шиллиққуртнинг ўзи нариги устунга суянган.
– Ўғлингизни уйига олиб бормоқчи эдим, кўта­ролмадим, – деди Доли бовага кўзи тушиб, жаҳли чиққанини сезган Шиллиққурт. – Ўзи юролмаяпти. Нимагадир оёғи бўйсунмаяпти, қорни кажавадай шишиб кетган.
– Тамом, – деди Чори раис. – Бунгаям дуо едириб, расво қипсан.
– Нимага дуо едираман, нон бердим, – деди мезбон. – Икки кунда саккизта кўпкан нон еди.
– Саккизта?! – Доли бованинг капалаги учди. – Бултур Дўланнинг ҳўкизи тўртта нон еб, дамлаб ўлувди!
– Бу ҳўкиз эмас-ку! – деди Шиллиққурт.
Доли бова бу фикрга қўшилишдан ўзга чора тополмади.
– Лекин, – гапини давом эттирди Нурмон, – бунингиз мен нон излаб чиққанда очликка чидолмай, товуқ боқаман, деб олиб келиб қўйган кепакниям капалаб қўйибди.
Чол ўғлига ачиниб боқди:
– Қанча эди?
– Беш кило…
– Олти кило! – деб юборди, Умар ва Шил­лиқ­қуртнинг ёқасига ёпишди. – Бизнинг кепакни сен ўғир­лаганмидинг, ярамас. Қаматтириб юбораман, сен ўғрини!
Чори ака уларни ажратди, Умарни тинчлантиришга уринди:
– Ўзингни бос, олдинги жиноятлари олдида олти кило кепак ўғирлаш бунга ҳеч нарсамас, савоб ишдай гап…
Чол эса нима қилишини билмай, Нурмонни койиди:
– Калла борми ўзи, ҳеч замонда кепак ҳам ўғирлайсанми? Ун-пун олсанг ўлармидинг, энди буни нима қиламиз?
– Ўзимам ун бўлса керак, деб ўйловдим, – деди Шиллиққурт бош эгиб. – Кепаклигини уйга келиб билдим.
– Бунингизни дўхтирга олиб бориш керак, – деди Чори ака Ўролга ишора қилиб. – Кепак ичакларига тиқилиб қолган. Операция қилмаса шунча нарсани ўзи эплолмайди, эшак бўлганда бошқа гап эди.
– “Афсус”, деди кимдир.
Чори ака чолнинг капалагини учириб, Умарни чеккага суриб, Шиллиққуртга ўдағайлади:
– Сен ярамас, одамларга баҳо бергунча, бизни қандай дуо билан йўқ қилмоқчи бўлганингни айт!
Шиллиққуртга дўқ ёқмади, дастлаб ўзидан нима исташаётганини тушунишга ҳаракат қилди.
– Ие, – деди ниҳоят гап нимадалигини тушуниб. – Наша чекиволиб, нимага олдимга жанжал қилиб келасиз?
Чори аканинг капалаги учиб, анграйди ва шошиб, чеккага туфлади. Оғзида қолган наша юқларидан қутилмоқчи. Доли бова эса моховдан чўчигандай, ўзини ундан чеккага олди. Умар чиноқ ҳам бир одим ортга сурилди.
– Нимага менга бундай қарайсанлар? – Чори ака ҳайрон. – Бунинг гапига ишонманглар, умримда наша чеккан одам эмасман. Ароқниям ташлаганимга ўн йил бўлди… Бу бизни дуо билан бузган.
Шиллиққурт сигаретнинг сирини очди, Умарнинг хаёли учди.
– Нима, энди мен ҳам нашаванд бўлиб қолдимми?! Нашавандлар ичбурма бўлади, деб эшитганман.
Шундай деб негадир Умар жойида сакради.
– Бўп қопсан, – деди Доли бова. – Эссиз шундай йигит, шундай шоир! Жуда замласанг Ғойиб иғвогарнинг ўрнига қолардинг… Энди бўлса, – чол Шиллиққуртга ишора қилди. – Манавининг укасисан, холос. Эссиз…
Албатта, Умарни бунақа истиқбол қониқтирмайди, тушкун кайфиятда қолди.
Чол энгашиб, ўғлига қаради. Унинг кўзлари ола­йиб, бири шарққа, бошқаси ғарбга қадалган.
– Ҳа, бобой, – деди аранг. – Нима қилиб юрибсиз?
– Одамлар эшак бўп қопти, деса ишонмабман. Рост экан, кепак ейишга бало борми?
Ўрол индамади, қорнини силади, холос.
– Трактор қани? – сўради чол ўғли мастлигига ишонгач.
– Уйда, – деди Ўрол тар-тар.
– Уйда эшакдан бошқа нарса йўқ, – деди чол.
– Трактор шу ерда-ку! – Умар тез ўгирилиб, қўли билан ҳовлини кўрсатди. У ерда эса узун чўзилиб иккита из қолган, холос. Анграйди. – Ростданам нашаванд бўп қоппан. Изини кўряппан, тракторни кўрмаяппан! Боя, чекмасимдан бурун шу ерда эди.
– У ерда ҳеч бало йўқ, – деди чол. – Ростданам нашаванд бўп қопсан.
Шиллиққурт шошди. Нима дейишни билмади.
– Трактор бўлмаган, – деди. – Иккаламиз пиёда келувдик.
Унинг гапига ҳеч ким ишонмади. Ҳаммаси аён-ку.
– Ижарага олиб кетишди, – деди ниҳоят Шил­лиққурт. У билади, ёлғон гап билан узоққа кетиб бўл­майди. Демакки, қўлга тушдингми, ростини айтган дуруст, фақат ўз фойдангга оғдириб. – Темир фермер келиб, “менга керак, бериб туринглар” деди, бердик. Нима, одамларга яхшилик қилиб бўлмайдими?
Нурмон фермерни бекорга эслаган экан, бўрининг қулоғидай унинг семиз танаси девор ортидан бўй кўрсатди. У Нурмонни излаб келибди. Айвонда тўрт-беш кишини кўриб, шу томон юрди. Кўзи ҳовлига тушиб, ҳайратини яширолмади.
– Трактор қани?.. Ҳа, ярамаслар, бўларкан-ку! Ана, форсункасиз ҳам юриб кетибди, бекорга мени ўн минг сўмга туширишди.
У келиб, устунга ғалати ҳолда суяниб ўтирган Ўролга форсункани узатди:
– Мана, моторингни ол, – деди. – Ижарани вақтида қайтарган дуруст. Шунга тезгина олиб келдим, эмасам бўйнимга катта пул осиб қўйманглар.
Шиллиққурт унга олайди:
– Келардингиз, – деди дўқлагандай.
– Бу бир парча темир, тракторнинг ўзи қани? – сўради чол ҳеч балони тушунмай.
– Сизни деб бутун бошли трактор йўқ бўлиб кетди, – чолнинг гапига эътибор бермай фермерга гапирди Шиллиққурт.
– Қайга йўқ бўлади? – ҳайрон сўради Темир.
– Форсункасиз трактор тракторми? Тарқатиб юбор­­­дик… – Нурмон шу гапни айтиб, Доли бовага ўги­рилиб боқди. – Қўрқманг, ўғлингизнинг улуши турибди.
– Ие, калла борми? Мана, опкелдим, йиғиб олсаларинг бўлади.
– Энди кеч… Ишга Ўроқ даллол аралашган.
Ўрол инқиллаб бошини аранг кўтарди.

14

Шу кун Ўролни касалхонага олиб кетишди, трактор муаммоси билан эса шуғулланадиган одам бўлмади. Ҳамма ўзи билан бўлиб қолган. Доли бова ўғлини жойлаб, операция қилдириб, ўзига келгач, Ўроқнинг уйига келди. Трактор тақдири билан қизиқди.
– Менга нима дейсиз? – деди даллол. – Болалигимда техникумда ўқиганимда “товар-пул-товар” деган бизнес қоидани ўргатишган. Шу қоида билан ишладим, ҳаммаси ҳалол, ҳаммаси тўғри! Ана, тўртта эчки олдим.
– Сенинг пул топар бизнесинг билан нима ишим бор, ўғлимнинг трактори қани? – чолнинг ғазаби қай­наган.
– Айтяппан-ку, товар-пул-товар… Ўзаро келишиб, майдалаб сотишди. Чакана савдо дейишади бу­ни. Мен даллоллик қилдим, холос. Ишонмасангиз ана, Нурмондан сўранг. Ўғлингизнинг трактори, Шиллиққуртнинг фирибгарлиги учун мен жавоб бермайман.
– Ўролнинг ўзи рози бўлдими шунга? – чол ҳай­рон.
– Уни нима биламан, биз Нурмон билан келишдик, – деди Ўроқ.
– Трактор ўғлимники-ку!
– Бунисини билмайман, – деди Ўроқ бамайлихотир. – Балки Нурмон сўрагандир, мен ўғлингизни кўрганим ҳам йўқ. Нурмон “сотамиз, келишганмиз” деди, мижоз топиб бердим. Мен сотувчи билан харидор ўртасидаги одамман…
Чол бунга ҳеч нарса деёлмади, лекин енгидан тортиб, Шиллиққуртнинг ёнига етаклади.
Ҳовли сув қуйгандек жим-жит. Иккаласи оҳиста айвонга ўтди, хонага кирди. Бир бурчакда узала тушиб, Нурмон ётибди. Қимирламайди, ёнида икки ойдан буён ишлатилаётган бир марталик шприц.
– Ўлиб қолибди, – деди унинг устига энгашиб, у ёқ-бу ёғини ушлаб Доли бова. – Энди тракторни кимдан сўраймиз?
Ўроқ даллол эса елка қисди.
– Сирниям, тракторниям ўзи билан гўрга олиб кетди, – деди ғамгин оҳангда, лекин негадир унинг кўзлари чақнаётган эди.
… Машмашалар якун топиб, Ўролнинг трактори ном-нишонсиз йўқолиб, ундан фақат иккита чуқур излар қолган, Шиллиққуртнинг номи унутилган, тракторли бойваччанинг ўзи қорни кесилиб, касалхонада инқиллаб ётган пайтда Ўроқ хотинига мақтанди:
– Ана кўрдингми, қанчалар ақллиман… Эсингдами, бундан бир ҳафта олдин Шиллиққурт капчамизни сўраб келувди, бермовдим. Хўп иш қилган эканим, ўшандаям каллам ишлаган. Покка капчадан ажралиб қолувдик-а! Ўролнинг шундай катта тракторини ҳазм қилиб юборган Нурмонга бизнинг капча нима бўпди…
– Тракторни ҳазм қилолмай ўлиб кетди у шўрлик, – деди хотини.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.