Исажон Султон. Юсуф ва Зулайҳо (ҳикоя)

Инсонлар яшайдиган манзиллардан олисдаги тоғлар бошига ёққан қорларни сарсари шамол тўзғитади. Зарраларини тўзон қилиб ўйнайди, қишнинг оқиш самосига тўнғоқ қуёш кўтарилиб, оч қизил алангалар ҳосил қилади.
Кимдир у тоғларда қор тўзонига, шамолга ё эгасиз бир қабрга айланиб кетишни орзулайди. Оппоқ ёлғизлик аро хор бўлишни, йиғлай-йиғлай бир тошга айланиб қолишни, биров келиб суянишини илтижо қилади.
“Бу дунёда ўрним йўқмиш, ахир… Кошки, борлигим-мавжудлигим ёлғон бўлсайди” дея бўзлайди…
* * *
Юсуф деган озғин, бўй-басти узун, вужудию уст-боши анчайин хароб йигит, қишлоқдан хийла олисдаги шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган Зулайҳо деган жувонни яхши кўрарди.
– Тавба, – дейишарди қишлоқ ҳаётининг билимдонлари, терак тагидаги кўримсиз чойхонанинг кунда-шундалари. – Устида йиртиқ кўйлагидан бошқа ҳеч вақоси йўқ етим, шундай зебони суйиб қоптими?
– Уям майли, бўйдоқ-ку? Орияти бор одам эрдан чиққан хотинга ошиқ бўладими?
– Э, сиз ниманиям билардингиз? Ишқ шундайки, сиз айтган нарсаларни биронтасигаям қараб ўтирмайди. Билиб қўйинг, у – қулликнинг, маҳкумликнинг нақ ўзгинаси!
Зулайҳо – аввалги турмушидан нимадир сабаб бўлиб ажрашган, кўзлари қийиққа мойил, лўппи юзли, кичкинагина жамалаксоч қизалоғи бор кўҳлик жувон эди. Шундай кўркли қиз, ҳар ҳолда, бекордан-бекорга ажрашмагандир, бир сабаби бордиру уйидагилар ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин деб элга ошкор қилишмагандир? Лекин, қарашида ёмон ўти бор, дейишарди кўча-кўйнинг такасалтанг бекорчилари. Ҳа-а, ёндириб юборадиган қараши бор. Шундай санамнинг тул қолиши ғалати эмасми? Бир оиланинг гулдай бекаси бўлиб юришга бир эмас, минг марта арзийди. Нега тул қолди экан-а? Ким билсин, гоҳида Худо чиройдан мўл-кўл берса, бахтини кемтик қилади дейишади, балки ростдир?
Қашшоқми, бўйдоқми… ёқтирса ёқтирибди, эл қатори рўзғор қилиб, умрини яшаб юраверсин. Ҳаёт ҳикматлари турмушнинг ўзи каби оддий. Ёқтириб қолган бўлса, ана, одам жўнатсин, қиз ҳам хоҳиши бўлса хўп десину ўз ҳолларича, кўзга ташланиб-ташланмай ҳаёт кечираётган сон-саноқсиз оилалар қаторига қўшилиб кетақолишсин. Маликалар қулларга турмушга чиққан, шаҳзодалар чўрига ошиқ бўлган. Эркагу аёл жуфт бўлиб яшаши шарт, бу ҳам ҳаётнинг ўзгармас қонуниятларидан бири эмасми?
Ҳа-а… Сон-саноқсиз бахтли оилалар бор, уларнинг бахти не экани кўзга ташланавермайди. Гоҳо кўча-кўйда уст-боши юпун, аммо кўзларида бахт учқунлари чақнаб турган кишиларни кўриб қоласиз. Гўё ўзларидан эзгулик таратиб юришгандай, ҳавасингиз уйғонади. Гоҳида ҳашамларга бурканган кимсалар ҳам учрайди, кўзига қарасангиз, тубсиз бўшлиққа ёки ҳирсу ҳавас йилтираган оч нигоҳга дуч келасиз. Ҳайиқиб, юрагингиз орқага тортиб кетади.
Юсуф жувонни телбаларча севармиш. Шифохона ёнида теракдай қаққайиб, чиқишини кутармиш. Жувон гоҳ гаплашармиш, гоҳ гаплашмай кетворармиш. “Жувонни-я?” ҳайратланишарди чойхонадагилар. Жувон бўлса нима қипти? Тарихда Юсуф деган бир киши яшаган, Зулайҳо деган бевага уйланган. Ёки пайғамбаримиз-чи? Ахир, оламда у билмайдиган сир йўқ эди, Тангри таоло истаса унинг учун ўхшаши йўқ бир ҳурни пайдо қилиб қўя оларди, аммо Хадича деган бир бева аёл тақдирига рўпара қилинди… Тангрининг пайғамбарига-ки раво кўрилибди, Юсуфни қандай маломат қила оласиз?
Лекин, чойхона шунақа. У ерда боя айтганимиздай, кўзларида бахт-саодат учқуни чақнаган киши кўринмайди. Улфатчиликда бўлар-бўлмас гапларни бир-бирига маъқуллатиб, шундан лаззатланадиганлар анча-мунча.
Ҳар турли гап-сўзлар аро ниҳоят, кўримсизгина тўй бўлиб ўтди. Гўшанга кўрмаган бўйдоқ йигит жувонга уйланди.
Зулайҳо деган шу аёл қисматига тақдир қалами қора сиёҳда балою қазо битикларини битган экан. Ким рози, ким норози… нима бўлса ҳам келин-куёв бахтли яшай бошлашди-ю, бироқ, йил ўтиб-ўтмай, ўша терак тагидаги чойхонада турли-туман бўлмағур гаплар оралаб қолди. Нима эмиш, Зулайҳони қоп-қора ажабтовур аробада кимдир опкетиб-опкелиб юрганмиш.
Теваракда одам кўп, биров бўлмаса бошқасини кўзи тушади. Кўп ўтмай у гаплардан ҳамма хабар топди. Кўчадаям шу гап, уйдаям. Булардан бир Юсуфгина бехабар. Қўли юпқа эди шўрликни, кун ботиб қош қорайганида йўл ёқалаб, қўлида рўзғорга деб у-бу солинган халтаси, уйига бораётганида кўчада ўйнаб юрган болалардан бири ўша эски, хароба чойхонадаги шинавандаларнинг қитмирона гапи билан чопиб келиб:
– Юсуф ака! Чопинг, ўзингиз кўринг! – деди ҳовлиқиб.
Юсуф аввалига нима гаплигини англамади, кейин оёқлари беихтиёр уни бола кўрсатган тарафга сургади.
Не кўз ила кўрсинки, суюкли Зулайҳоси қоп-қора ўша ароба олдида жингалак сочли, башанг бир олифта билан кулишиб-сўзлашиб турибди!
Э тавба! Бу бахтсизлик манзарасига не дейсиз? Оламнинг муҳташам ҳаёти вакили бўлмиш хўроздай кеккайган, Тангри таолонинг Зулайҳоси тугул, Юсуфини ҳам бир пулга олмайдиган кас бир ён, қуюқ дарахтзор кўланкасида, қўлида рўзғорхалтасини осилтириб турган, жуфти ҳалолини бениҳоя яхши кўрадиган Юсуф бир ён!
Мана, улар хайрлашишди. Зулайҳо тарс-тарс юриб кетар чоғи олифтага бир табассум ҳадя этди. Сўнг Юсуфни кўрмай, ўша шахдам юриши билан уйига йўл олди.
Юсуфнинг миясининг ичида ўша чоғ бир нима қаттиқ чирсиллади. Нимадир сурилди, кулранг ғўддали бўртиқлардан бирида ғалати, оғир силжиш рўй берди.
Айтишларича, Юсуф ўша куниёқ суйимли аёли билан ора очди қилиб гаплашибди. Аҳволига қараб бўлмасмиш. Бир гангиб тек қолар, бир ғазаби қўзғаб бақирар, қўлига тушган нарсани уриб-синдирар, сира ўзига келолмасмиш.
Жувон Юсуфнинг оёқларига йиқилиб, Худони ўртага қўйиб қасамлар ичибди.
– Жон Юсуф ака! Турмуши ўнгланмаган, бахтсиз хотин эдим. Биров одам ўрнида кўрмасди. Ҳеч нимага қарамай мени бахтли қилдингиз. Сизга хиёнат қилган бўлсам, Худо урсин, кўр бўлиб ўлиб кетай!
Юсуф:
– Бу дунёда бир Худони, бир сени яхши кўрардим… Нима қилиб қўйдинг?
– Ахир, бор-йўғи мошинасига чиқдим, холос.
Юсуф эса кўзлари олайиб, бургутдай ҳурпайиб:
– Ҳой, ахир, жилмайиб қарадинг-ку?
– Ахир, у жилмайиш… меники эди-ку!
Шундай деб, боши оққан томонга кетворибди. Бировга лом-мим демасмиш, қаерлардадир адашиб-улоқиб юраверармиш. Ҳуши келса уйига келар, бўлмаса келмасмиш. Шу тариқа бир неча кун ўтибди.
Бир куни шом маҳали кириб келибди. Афтода, абгор ҳолда аёлига дебди:
– Ақлим “Кечирма, бир тойган одам умрини охиригача тояди”, деяпти. Кўнглим эса “Кечир” деб фарёд уряпти… Нима қилишимни билмайман.
Эзилиб-эзилиб, овозида бемисл дарду ҳасрат билан:
– Кўнглимни сенга берган эдим-ку, нима қилдинг уни? Бир ярамаснинг оёғи остига ташлаб қўйдинг-ку? – депти.
– Шаъну шарафимни, ғуруримни лой-балчиққа қориштириб юбординг-ку?
– Сен ахир, бору йўғим, ор-номусим эдинг-ку? Энди нима қиламан? – дермиш.
– Одамлар оёғи тагида хор-зор бўлсам ҳам, ўз уйимда хон эдим-ку? Ер билан битта қилиб қўйдинг-ку?
Хотин ҳўнг-ҳўнг йиғлабди. “Жон Юсуф ака, ахир, ҳеч нима бўлмаган” деб Худонинг зорини қилибди. “У олифтани отаси касалхонада ётувди, йўлим шу томонда деса, анграйиб мошинасига чиқиб келаверибман”.
– Тўғри айтасиз, ўйламай иш қилдим, аммо қошингизда тозаман! – деб ёлворибди.
Бу тазаррудан Юсуфнинг ҳам кўзларида ёш ҳалқаланар экану аммо охири кўринмас азоб ичида қолгандай, ўт ичида лов-лов ёнар экан.
“Тавба, ишқ-муҳаббатнинг ҳам рисоладагиси тузук. Йўқса одамни одамликдан чиқариб қўяр экан”, дейишибди шарҳловчилар.
Ҳамма томошабин. Гап чиқарганлар ҳам, масхара қилиб кулганлар ҳам, ичида шодланганлар ҳам, буларнинг тақдирига қайғурганлар ҳам бор. Ҳамманинг кўзи шуларнинг рўзғорида, қани, энди нима бўлар экан деб туришганмиш. Пасткашлар, эзмалар, ғийбатчилар оғзида шу гап айланиб қолди. Юсуф-Зулайҳо исми турли давраларга чиқиб кетди.
Олифта-чи? Ўша бўйи ғойиб бўлибди. Азозилдай башараси бир-икки кўриниб, шу билан бадар кетибди. Ҳа, Иблиснинг иши шунақа: қутқу-ғулув солиб, кейин аччиқ тутундай тарқаб-йўқолиб кетади. Нима бўлганида ҳам у шайтони лаъин Юсуфнинг рўзғорини расвои жаҳон қилиб кетди. Булар авваллари қизалоқни етаклаб кечқурунлари бирга сайр қилишарди. Гоҳ Зулайҳо гапирарди, гоҳ Юсуф. Гаплари сира тугамасди. Бир қарашдаёқ юз-кўзларидан бахтиёрлиги билинарди. Энди ҳаммаси барҳам топди.
Юсуф кўча-кўйда кўринмай қолди. Гоҳида Зулайҳо пайдо бўларди: афтодаҳол, сўлғин, аввалги оройишлари йўқ, чақноқ эмас, шаъни топталган, назардан қолган эди-да. Унча-мунча киши у билан саломлашмай ўтар бўлди. Кўча-кўйда ўсмирлар гоҳ ҳуштак чалиб, гоҳ атай қийқириб мазахлашарди.
* * *
“Хотин хиёнат қилибдими, қилмабдими?”
“Эр номусли эканми-йўқми?”
“Ҳой, катта-катта давлатларда ҳатто қотилларга ҳам ўлим жазоси берилавермайди. Аммо хиёнатчи ўлимга ҳукм қилинади. Хиёнат шунчалик ёмон, билиб қўйинглар!”
Муҳокамалар шу тарз давом этар экан, ўша кунларда Юсуфнинг ҳолатида бир ўзгариш содир бўлди.
Юриш-туриши ўша-ўша, сўник, руҳсиз… Бир куни уйи олдига кичикроқ юк аробаси келиб тўхтади. Юсуф ундан каттакон музлаткич, совуткич, япалоқ телевизор, яна анча-мунча алламбалоларни тушириб, уйига таший бошлади. Эртасига эса хотинига бир дунё қимматбаҳо тақинчоқлар олиб келди!
Унақа тақинчоқлар манаман деган боёнларнинг хотинларидагина бўлармиш. Қўли юпқа эди-ку, пулни қайдан олибди? Ҳеч ким билмасмиш. Аёли эса аёллигига бориб суюниб, таққанида Юсуфнинг кўзи бир чақнабди, эски ҳолига қайтиб, юзида хиёл жилмайиш пайдо бўлибди. Бир лаҳза, атиги бир лаҳза, холос! Кейин у учқун яна сўнибди. Яна ўз ўйларига ғарқ бўлиб кетибди.
Буларни кўриб Зулайҳо на суюнишини, на куйинишини билармиш. Суюнай деса, бу ишларда ғалати бир жунун бор. Куйинай деса, гўё Юсуф ҳамма ишни унутгандай, кечиргандай…
– Нимага бунақа қиляпсиз? – дермиш жувон. – Бунча нарсани нега опкеляпсиз?
Юсуф жавоб қилмасмиш. Фақат хотинининг кўзининг ич-ичига қараб қўярмишу яна дарду изтиробига ғарқ бўлиб кетармиш.
Вақт ҳар нарсани даволайди, дейишади. Бир куни қайлардадир санқиб-санқиб, ярим кечаси уйига кириб келиб, хотинига:
– Зулайҳо, сени кечирдим, – дебди бўғиқ овозда. – Сен ҳам мени кечир. Гапларингга ишонолмай қийналиб кетдим, жоним бўғзимга келди. Кўзимга дунё тор бўлиб қолди…
Хотин шўрликни кўрсангиз. Бир йиғлаб бир кулармиш. Тиз чўкиб, эрининг қўлларини тутиб юзига босармиш, “мен аҳмоқни кечиринг” деб зор-зор йиғлармиш.
Рисолага кўра, ҳаёт шу билан ўзанига тушиши керак эди. Лекин, Юсуфга ҳақиқатан ҳам бир нима бўлди.
Айтмадикми, ўша кеч миясининг ичида бир нима жуда қаттиқ чирс этди деб? Чирс этиш – синишдан дарак. Гоҳида чўғ ҳам чирсиллашини кўргансиз-ку?
– Ахир, сени сезмаяпманку? – дебди Юсуф, дарду дунёси бир тараф, ўзи бир тараф бўлиб. – Кўзимни олдида бўлсанг ҳам… йўқсан-ку?
– Қани менинг Зулайҳом? – дебди одамларга гапиргиси келмай, гўё ўз-ўзига айтгандай қилиб. – Ҳой Худойимнинг фаришталари, ўнгу сўлимда, тепамда сиз борсиз, аммо у йўқ-ку?
“Йўқ-ку?” – деб такрорлабди у сўзни теваракнинг акс-садоси.
“Йўқ-ку” деб қаҳ-қаҳ урибди даввора шамоли еру кўкни энлаб эсиб…
“Йўқ-ку” дебди табиат фасллари ўзгариб, жазирамалар ҳарсиллаб, куз ёмғирлари эзилиб-эзилиб, қиш қировлари худди ўлим даракчиси каби ясланиб-ясланиб…
Ҳа, йўқ эмиш…
Юсуф қишлоққа келмай қўйди.
Нега ишқ-муҳаббат савдосига йўлиққанлар узоқларга бош олиб кетишар экан? Мажнуннинг бошига ишқ савдоси тушганида даштга кетворган эди. Анчадан кейин топиб бориб қарашса, теграсида қурту қушлар тўпланиб, қўлидан кийиклар дон еб турган экан. Не ҳикмати бор бу ғалати савдонинг?
Афсус, оломон орасида билгич бирон киши йўқ эди. Ҳаммаси оддий, миш-мишни, молу дунёни, сарвату ҳашамни ёқтирадиган, майда-чуйда ашёлари билан билан мақтанишни яхши кўрадиган жўн кимсалар эдилар.
Кечириш… Кечирмаслик… Бағрикенглик… Мурувват… Ҳой биродар, умр шамолдай елиб ўтиб кетади, оламда садоқатдан, меҳру муҳаббатдан қийматлироқ ҳеч нима йўқ, ахир! То тил сўзга айланар экан, бир кулиш, бир жилмайиш ила бир оғиз ширин сўзингизни айтиб қолсангиз-чи? Қаранг, туғилганингиздан бу ёнга ўтган йиллар атиги бир неча сониядай. Қолгани ҳам шундай ўтади. Ахир, ҳаммамиз ҳам одам болаларимиз, келамиз-кетамиз, бу ёруғ оламда қадр-қиммат не, эзгулик не – мулоҳаза қилсангиз-чи?
* * *
– Юсуф болалигида кўп шафқатсизликларга дуч келган эди, – дейишибди чойхонадагилар. – Отаси барвақт ўтиб кетиб, ҳаётда бир она-ю бир ака билан қолган, жуда қашшоқ яшашарди. Онаси одамларнинг уйларини супуриб-сидириб, кир-чирини ювиб, болаларини катта қиларди. Кейин у ҳам ўтиб кетди… Юсуф акасининг титилиб-ситилиб кетган кийимларини кийиб юрарди, кўпинча қорни оч бўларди. Терак тагидаги чойхона ўша пайтда ҳам бор эди, у ерда мастона ҳиринглашиб ўтирган ёвуз кишилар ёш болани аямай масхара қилишар, шунда у лабини қаттиқ тишлаб, кўзидан ёш чиқармасликка уриниб дала-даштга кетворарди.
У ёқда нима қиларди?
Қуш полапонларининг бошини аямай узиб ташларди. Мушукни ёқиб юборарди. Сигирни қорнига паншаха тиқиб оларди. Илонни арғамчидай тутиб, тутга уриб ўлдирарди.
Тушуняпсизми? Бола ёвуз эди… Ёвуз бўлиб улғаярди.
Йўқ, кейинчалик ақли кириб, туппа-тузук йигитга айланди. Ростини айтсак, уни Зулайҳо одам қилди. Оқила хотин бўлиб рўзғорини-ю уст-бошини тартиблади, кирларини ювди, кечагина қаровсиз юрган йигит бип-бинойи одам бўлиб қолди. Шу Зулайҳога дуч келди-ю ҳаёти яхшиликлар томон ўзгариб кетди.
Чойхонадаги шўринг қурғурлар уйларига қайтишгач, ҳамма гапни хотинларига етказишибди. Уларнинг ғаройиб жиҳати – эрман дея кўкрак кергани, ор-номусдан жаврагани билан, уйда, хилватда ўзларини покдомон кўрсатиб, кўзларини маъсумона йилтиллатиб, кўча-кўйнинг гапларини маликаи давронларига оқизмай-томизмай айтиб беришаркан-да. Хуллас, теваракдаги хотинлардан бир-иккитаси Юсуфни инсофга чақиришга уриниб кўришибди. Қайда? Йигит ўзи билан ўзи курашарди. Турмушнинг паст-баландини кўрган кексалар “Бунақа ишлар ҳаётда бўлиб туради, гулдай рўзғорингни бузма, болам” деб насиҳат қилишса, Юсуф бўғиқ овозда, узуқ-юлуқ қилиб:
– Сиз нимани билардингиз… Ишингизни қилинг! – дерди.
Даштига кетворарди.
Даштда нима қиларди?
Қуш полапонларини тутиб, бошини аямай узиб ташларди. Ёввойи мушукка ўт қўйиб ёқиб юборарди. Илонни арғамчидай тутиб, дарахтга уриб ўлдирарди…
У машмашадан кейин Зулайҳо қизалоғини бағрига босиб, ота уйига жўнади. Юсуф ўз хонадонига қайтиб оёқ босмади. Олинган ашёлар ўшандайлигича қолиб кетди.
Яна бир-икки кун ўтиб, кимдир чойхонани ёқиб юборди.
Ўзи, ҳеч кимга керак эмас эди у чойхона. Эски, гувалакдан тикланган икки-уч ҳужраси бор, титилиб чанг босган шолча солинган, бекорчи шинавандалар кир-чир тўшакларда ғарибона еб-ичиб ўтирадиган кўримсиз овлоқ, маст-аласт беш-олти кишининг такяси-да. Хароба тунда ёнди, ким ўт қўйганини биров билмаса-да, Юсуфнинг иши бўлса керак деб тусмоллашди. Йигитнинг аҳволи барчага маълум эди, шу сабаб ўзларича марҳамат қилган бўлишиб, миршаб-пиршаб чақиришмади, ўзи ёниб кетибди деб қўяқолишди.
Тавба… Ақлдан эмас эди бу ишлар!
Юсуф даштда чайла қуриб яшади.
Бир куни чўпонлардан кимдир уни кўрибди. Феъли тузукроқ пайти экан, у билан бир-икки оғиз гаплашибди. Ҳамқишлоқлардан бирон кишини сўрайдими деса, ҳеч кимни, ҳатто қавму қариндошларини ҳам сўрамабди.
– Мен кимман? – депти.
– Бу оламда бир Худойим, бир Зулайҳом бор эди. Шулар мени одам қилиб турарди. Дунё худди бир тутам хашакка айланиб кетди. Одамларни хасчалик қадр-қиммати қолмади. Бировни бетига қарагим келмайди.
– Ўшанда.. – дебди хаёлчан. – Икки ё уч ўт орасида қолиб кетдим. Ориятим Зулайҳодан воз кеч дерди-ю, аммо уни яхши кўрардим, воз кечолмасдим.
– Бош олиб кетай десам кетолмасдим, шунчалик боғланиб қолган эдим. Не қиларимни билмай тентирардим, холос. Бир куни бир дўконга кириб қолибман. Қарасам, тилла тақинчоқ сотаётган экан. Одам кўрса ҳаваси келадиган ёш келин-куёв. Келинчак эри олиб берган узукни қўлига тақиб, яшнаб-яшнаб “Ярашдими” деб сўраяпти. Эри эса кўзи тўла меҳр билан “Ярашди” деяпти. Нигоҳи гапиряпти! Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Бир пайтлар Зулайҳомга бир узук олиб берган эдим. У маҳалда бизлар фариштадай пок эдик. Ўшанда кўзлари чунон чақнаган, нигоҳи “Бахтлиман, бахтимнинг сабабчиси сенсан!“ деб миннатдор термилган эди.
Ақлим ишламай қолди. Бармоғимда никоҳ узугим ҳалиям бор, отиб юбормаган эдим. Уни бериб, ўрнига анави бахтиёр жуфт олганга ўхшаш тақинчоқ олдим. Миям “Ундай қилма” деса, кўнглим “Қил” деб ҳайқиряпти… Тиллани олдиму тўсатдан… ўзимни бир он, бир лаҳза бахтлидай сездим. Зулмат босган онгим ёришгандай бўлди, қалбимдаги даҳшатли оғриқ камайди. Зулайҳом қошига юрибмас, учиб бордим. Уйда экан, кириб келганимни кўриб кўзини олиб қочди. Меҳрим товланди, раҳмим келди. Юзини кафтим орасига олдим. Кўзларининг ичига термилиб-термилиб қарадим, ўша, аввал билганим меҳрибон фариштамни кўргандай бўлдим. Ҳамма нарса эсдан чиқди, ахир, шунақанги рўй-рост, ишонувчан қараб турарди-ки! Йўқ, алдамаяпти, деб ўйладим. “Кўзингни юм” дедим, итоат билан юмди. Тақинчоқни олиб “Энди оч”, дедим. Очди-ю… Бир жилмаяди, бир ҳўнграб йиғлайди. Йиғлашини кўриб юрак-бағрим эзилиб кетди, ичим осмондай кенгайди. Елкаларидан тутиб, бағримга босардим, аммо ичимда шафқатсиз бир шарпа ҳингир-ҳингир кулиб, онгим устига чиқиб олди. Бир нима демасдан ташқарига чиққанимда тоғдай булутлар дилимни қоплаб, дарду ҳасратим тошиб келди. Елкам яна чўкиб, бошим яна эгилиб қолди.
Кейин ўша туйғуни қўмсадим. Ҳаётимда шундан бошқа қувонч келтирадиган ҳеч нима қолмагандай. Пулим йўқ эди. Ёр-биродарга бош эгиб бориб, қарз сўрадим. Худди қўйнимда пул эмас, хас-хашак олиб юргандай эдим. Яна тилла олдим. Кейин яна, яна… Чўнқайиб олиб, кўйлакларимни ишқалаб-ишқалаб ювганлари, қўллари буришиб-қаварганлари эсимга келарди. Эй Худойим! Ўшанда бахтли эдимми? Шуми бахт, аёлинг қўллари қизариб-қизариб кир ювса, уй супурса, қизиган ёғлари сачраганида билаклари доғ бўлиб ош пиширса, кўзидан ёши тирқираб пиёз тўғраса… Кир ювадиган мошина олсак деб орзуларди, яна бир дунё нарсалар олгиси келарди. Барини кўтарасига уйга обориб ташладим. Қарасам, яна озроқ пул ортибди. Шу нарса менинг қора тақдиримнинг афсус-аламларини кеткизадигандай, униям сарфлаб юбориб, дунёдаги энг қашшоқ одамга айлангим келарди. Ўзимни-ўзим қийнармидим? Йўқ, қилаётган ишимни ўйламасдим ҳам. Фақат ўша, бир лаҳза ҳис қилганим оний бахтга интилардим, холос…
Шуларни айтибди.
Ҳамқишлоқнинг оғзи очилиб қолибди. “Э тавба, бизни қишлоқни одамидан ҳам шунақа гаплар чиқар экан-да” депти.
– Ўзимча ўйлайман, – дебди Юсуф. – Ўшанда миямда бир нима чирс этди, бир нима оғриқли сурилди. Ўша нарса мени шу ишларни қилишга ундади. Ақлу ихтиёрим бошимдан учган, бари ўз-ўзидан бўлаётгандай эди. Аламимни зўридан одамларнинг уйларини ёқворишим ҳеч гап эмасди.
– Ҳой одамлар, хотин эркакни ор-номуси бўлар экан, – дебди. – Ҳозиргача ўйласам, ўтдай туташиб ёнаман. Ҳой йигитлар! Ҳозир ёшсизлар, уйлансангиз, аёлингизни эҳтиёт қилинг! – дермиш. – У Худонинг шундай неъматики, гапиришлари, қарашлари, кулишлари – бари сизники. Асранг-авайланг, фақат ва фақат сизники бўлиб қолсин!.
– Эй Худойим, даштга ҳам сиғмаяпман-ку, – дермиш. – Дунё йўқ бўлиб кетса, биронта тирик жон қолмаса деб орзу қиламан. Бари нобуд бўлиб кетса дейман!
Айтишларича, Юсуф янада олисларга бош олиб кетибди. Узоқларда таскину ором топдимикин? Билганлар чўлга кетган дейишибди. Сабаби, у ерлар бепоён, одам озмиш. Юсуфнинг бир акаси бўларди, сўраб-суриштириб, укасини излаб борибди. Лекин, у билан ҳам тузук-қуруқ гаплашмабди. Қишлоққа ортиқ қадам босмайман, депти…
Дарҳақиқат, қайтиб оёқ босмади. Бу гаплар эса айтила-айтила, қизиқ воқеа тарзида бир қанча вақт одамлар оғзида юрди, кейин аста-секин унутилди. Янги насл вояга етди, улар на Юсуф деган номусли кишини, на Зулайҳо деган бахтиқарони билишарди…
* * *
Шамол пайдар-пай забт уриб, олисдаги тоғларнинг оқ қорларини тўзғитади. “Оппоқ қорларга, ё дайди шамолларга, ё эгасиз мозорга айланиб кетсам, мени излаб келармикинсан, эй жонимнинг мадори?” деб йиғлайди биров.
У ким?
Айтсангиз, одамнинг юраги ачишади. Зулайҳо эмиш!
Орадан аллақанча вақт ўтиб, паҳлавондай ўғил туғибди. Бўй-басти, гавдаси, суяклари, елкалари, қош-кўзи Юсуфнинг худди ўзимиш. Шўрлик, бошқа турмуш қилмабди. Бешикдаги қорақош, қоракўз ўғлон бошида ўтириб, кўзларидан ёшлари дув-дув оқиб, алла айтар бўлибди. Алласи ҳам ажойиб экан:
Шу тоғларда қор бўлсайдим, алла,
Бир дайди сарсор бўлсайдим, алла,
Излаб топармидинг мени, мени,
Эгасиз мозор бўлсайдим, алла?
Ҳа-а… шунақа эмиш:
Шу ярада қон бўлсайдим, алла,
Тўкилиб зиён бўлсайдим, алла,
Бу дунёда ўрним йўқмиш, йўқмиш,
Кошки бир ёлғон бўлсайдим, алла…
Шу тариқа Худонинг икки бандаси бир диёнатсиз такасалтангнинг бўлмағур ҳирс-ҳаваси-ю бефаҳм кишилар гап-сўзларининг қурбони бўлиб кетаверишибди.
“Ҳай аттанг, гулдай оила барбод бўлди-я” дейишибди оқил кишилар.
“Номусли йигит экан, отасига раҳмат” дейишибди гувалакдан янги такяхона қуриб олиш орзусида юрган, эндиликда кўчадаги хира сариқ чироқли симёғоч остида тўпланадиган шинавандалар.
“Асли хотинда имон суст экан! Имони кучли бўлса биров билан гаплашармиди?”
“Қўяверинг, эр йигитга хотин нима, йўлда, оёқ остида-да! Униси бўлмаса, буниси! Битта хотинни деб шунақа қилиш ақлданми?..”
“Қани, овмин, номусли эр ҳаққига дуо қилинглар”, деб, маст-аласт ҳолда дуо ҳам қилишибди.
Ҳой биродар, нималар деяпсиз? Ор не, номус не… Ҳукм Парвардигордан, бу тақдирни ўзи сарҳисоб қилса ажабмас. Ҳаётда баъзан шундай ишлар бўладики, ечишга бандасининг ақли етавермайди…
* * *
Ҳа, шамол кимсасиз масканлардаги оқ қорларнинг тўзонини супуриб ўйнайди. “Тоғдаги қорларга, ё дайди шамолларга, ё эгасиз мозорга айланиб кетсам, мени излаб келармикинсан, эй қалбимнинг эгаси?” деб йиғлайди биров.
Хаёлда ўша йигитнинг ғалати муҳаббати, Зулайҳонинг “Жон Юсуф ака! Кечиринг, ахир қошингизда шабнамдай тозаман!” дея ёлворишлари, Юсуфнинг “Қандай қилай? Ахир, жилмайишларинг, овозинг, қарашларинг меники эди-ку?” деган алам тўла фарёди… тоза қорлар устида ўйнаган кумуш тўзонлар, кенгликлар узра ҳур-ҳур елган сарсари шамол… ҳамда у маъвода пайдо бўлган эгасиз мозор тоши жонланади, холос:
Шу ёнғинда хор бўлсайдим, алла,
Йиқиқ, паришон бўлсайдим, алла,
Яна севармидинг мени, мени?
Сим-сиёҳ туман бўлсайдим, алла…[1]
(2018)
[1] Юсуф Хаёл ўғлидан.