Исажон Султон. Офтоб чиқди оламга… (ҳикоя)

Кун чиқди, кундуз ёйилди. Ўткир қизғиш нури айвонда ухлаётган болакайнинг юзига тушиб, кўрпани бошига тортиб олди. Уйқу жуда ширин эди-да, кўзларини очгиси, шу ажойиб лаззат оғушидан чиққиси келмасди. Нур юзига тушганида қароқлари юмуқ бўлса ҳам кўз олди қизғиш-сарғиш тусда ёришди. “Қуёшга сув остидан қараса шунақа кўринади”, деб ўйлади ва уйқу ўз оғушига тортиб, ростдан ҳам ўзини сув остида кўрди. Бу бола тиниқ сувларда эмас, қишлоқ болалари “дим” деб атайдиган, катта зовурларнинг бўтана чуқурларида чўмилиб улғайган эди, ҳақиқатан ҳам, лойқа сув остидан қараса, шунақа кўринар экан. Яшил йўсинлар чайқалди. Исиган сув вужудга хуш ёқди, оламга эса ёқимли кундуз ёйила бошлади.

Кейин ўзини яна айвонда кўрди. Тушми, ҳушми, билиш қийин эди. Бўғотдаги мусича ку-кулаб тинмасди. Ғарқ пишган жухоризорлар узра пирр этиб чумчуқ галаси учиб ўтди. Оқ булутлар остида қалдирғоч еларди. Туш бўлса керак, чунки шу осмон остидаю ер устида ўзи тенги бир болакай тойчоқдай ўйноқлаб чопиб, ҳар қадамига мослаб қичқирарди:

– Офтоб… – деганида қорайган товони қумни тўзғитди.

Чиқди… – деди сакраб, бир бети сариқ, бошқа бети қизил шафтолини узиб олиб.

Кейин уни ярмигача тишлаб, даҳанидан ширали сувини оқизиб:

Оламга… – деганида, ёруғ оламни шу сўзлар тутиб кетди.

Офтоб чиқди оламга! – чириллашди узуноёқ, узунмўйлов чигирткалар сакрашиб.

Офтоб чиқди оламга! – дейишди шаффоф қанотли ниначилар дирр этиб учиб кетишар экан.

Бу жуда ажойиб, завқли манзара эди. Бироқ, уйқунинг ширин хаёлотларини кеткизиб, туйқусдан холанинг чийиллоқ овози янгради:.

– Ҳой бола, неча марта айтаман сенга? Тур, офтоб ёйилиб кетди!

Бир амаллаб кўзларини очсаям, киприклари яна ёпишиб қолаверди. Уйқусираб ўрнида бир оз ўтирди-да, кейин маккажухорилар ўсган йўлакдан этакдаги тераклар остига – ариқ бўйига йўналди. Бу ерда ўтлар қалин ўсган, тиниқ сув шарқираб оқарди. Қўлини ургиси келмай, чўнқайган ҳолида мудраб-мудраб, ниҳоят бетини ювди.

Ҳа, кундуз оламга ёйилибди.

Офтоб чиқаётганида қизил, кейин сариқ бўлади. Роса қизиб кетганида оқаради. Умуман, офтоб эрталаблари унча иссиқ бўлмайди. Тепага етгунича қизиб олади. Шомга етганида совиб, яна қора тун қаърига кириб кетади.

Кун исибди. Хаслар устида чивинлар визиллай бошлашибди. Ер қизибди. Чумолилар ризқ излагани чиқишибди.

Тупроқ йўлакдан маккажухорилар оралаб ҳовлига қайтар экан, айвонда кўк кўйлакли биров ўтирганини кўрди. Ия! Онаизор келдимикин? Онги равшанлашиб, мурғак қалбида қувонч пайдо бўлди. Қадамини тезлатди.

Йўқ, онаизор келмабди. Кўк кўйлак холаники экан. Хола, яъни сира тиним билмайдиган озғин жавроқи хотин саҳарлаб ҳовли-кўчани супуриб, мол-қўйни саранжомлаб, айвонда хамир қорибди. Муштлай-муштлай қўллари ҳорибди, думалоқлаган экан, қўзичоқ қорнидай келадиган хамир ҳосил бўлибди. Кафти билан уриб-уриб, устига эски дастурхонни ёпиб, тўшак билан ўраб қўйибди. Хамир уч-тўрт соатда кўпчийди. Кейин зувала ясаса бўлади.

Боланинг кўз олдига ҳар ер-ҳар ери қизариб-пўрсиллаб пишган, ҳидию тафти ёқимли кулчалар келди. Қайноқ маҳали сувга ботириб еса жуда мазали бўлади. Сув теккан жойлари совиган, тегмаган жойи қайноқ, тиш орасида қирсиллаб тандир чўғи, ўтин ва тутун иси аралаш ажойиб таъм ҳосил қилади… Кулча егиси келиб:

– Хола-хола, кулча бер…

Хола унга қарамасдан, ишида давом этар экан, тўнғиллади:

– Ҳамма иш битта ўзимгами, баринг нон-нон дейсан? Егинг келса, бор, ўтин териб кел!

Болакай итоат билан уй ортидаги чакалакзорга ўтди.

Бу ер қаровсиз эди. Бултурги қуруқ шохларни шамол синдириб кетибди. Ҳозир кичигию каттаси уйқашиб ётарди. Бола баъзиларини шундоқ саранжомлади, баъзилари узун, қайишқоқ экан, оёқчалари билан босиб, қўли билан қайириб синдирди. Шу тариқа бир уюм ўтин тўплади..

Ўтинларини қучоқлаб кўтариб, тандир олдига олиб келиб ташлади.

* * *

Офтоб оқаргани сайин тандир ҳам оқарди. Қип-қизил қўр устини аста-секин кул қоплади. Хола косов билан чўғларни уйди. Кейин ҳарсиллаб нон ёпа бошлади.

Холанинг ўз болалари ҳалиям ухлаб ётишарди. Боягина қўрсроқ муомила қилган хола ўз болаларини шундай уйғотди:

– Ҳув-в болажонлар! Туринглару-ув, нон пишяпти!

– Туринглар, жон болаларим!

Холанинг болалари ҳам бирин-кетин туришиб, бет-қўлини ювмасдан келиб олишди.

Остига сув ура-ура ёпилган нонлар аввал оқарди, бир оз шишди, чекич излари тезроқ қизарди, кейин ўртаси қотиб, четлари янада кўпчиди. Бети чиройли чиқсин дея хола хамирга сут қўшиб, юзига ёғ суртган экан. Нонлар куйиб ҳам кетмади, қийшайиб ҳам қолмади, бари ўз ўрнида, худди кунгабоқар каби яшнаб-яшнаб, ажойиб бўлиб пишди.

Болалар тандир олдидан кетмас эдилар. Хола ҳарсиллай-ҳарсиллай, енгча билан нонларни узиб саватга ташлайверди. Иссиққа қарамай саватдан ҳовур кўтариларди. Узиб бўлгач, ўзининг болаларига элакдай-элакдай патирларидан берди. Навбат болакайга келганида эса хўмрайиб, енгча учида тирноқдай кулча узатди.

– Ма, еб ол сен ҳам!

* * *

Бу – оқ юзли, икки бетида кулгичи бор, қоп-қора кўзлари ўйчан болакай, онасининг ёлғиз ёдгори эди. Она шўрлик, биринчи турмуши бўлмагач, кўзининг оқу қорасини синглисига қолдириб олис қишлоққа эрга тегиб кетган, ҳар замонда кўргани келганида туршак, қурут олиб келарди. Қурутлари шўр, ўриклари катта-катта, бемаза эди. Ҳар ҳолда Олисқишлоқда ҳам турмуши яхши эмас шекилли, баттар озиб-тўзиб кетган, ўтириб нолий-нолий, ниҳоят жўнаб кетарди.

Яхши бола эди-да… Онасига ичикар, келса роса суйканарди. Ёш болаларда шунақа одат бўлади. Кимдир она билагини, кимдир кафтини яхши кўради. Ич-ичидан келган тийиқсиз истак ила суйканади, шунда маза қилади. Бу болаям шунақа, онасининг меҳнатда қаварган дағал қўлларини бетига босиб, кўзларини юмиб-юмиб, роҳатланиб-роҳатланиб суйканиб оларди.

Нигоҳи жуда ўткир эди, ҳар нарсани кўрарди. Ари қанотини кўтариб кетаётган чумолининг митти кўзига тикиларди. Думини узиб қочган калтакесакнинг думи ўсиб чиқишини кутарди. Ҳавода ўлжа талашиб уришган зағчаларга куларди: ер тўла емиш-ку, нега уришасан? Гоҳида яшилликларга бурканган маъволар орасидан сариқсўфиён товуши келиб қолса, қаердалигини аниқ биларди. Қизилиштон дарахтни тўқиллатиб тешса, ўткир нигоҳи дарров топиб оларди, гоҳида чангали тепада, боши пастда бўлиб тешишига ҳайрон бўларди. Кичкина ариқча бўйига сувчумчуқ пириллаб келиб, бирон шохга қўниб олса, оқим тубидан чувалчанг топиб чўқишини кузатарди.

Янами?

Яна, ўргимчакни алдарди. Кичкина хас олиб тўрига ташласа, ҳашарот шоша-пиша ўлжа сари ўрмалашини кўриб эсипастлигидан куларди. Ўтлар орасига тушиб чириган беҳи ҳолваси ширинлигини, ўрик танасидаги шаффоф ғўддани еса бўлишини, аммо шафтоли ғўддасини еб бўлмаслигиниям биларди.

Офтоб ёйилиб олди. Ари қанотини кўтариб кетаётган чумоли уясига етиб борган эди, қанот тешикчага сиғмади. Думсиз калтакесак қочиб кетди. Зағчалар уриша-уриша бошқа экинзорлар томон учишди. Сариқсўфиён “Куёв-куёв, кимга куёв” деб сайради. Қизилиштон саси яқиндан эшитилаётган эди, бошқа дарахтга учиб ўтди шекилли, энди узоқдан кела бошлади.

Ер чўғдай қизиб, осмон ҳам тандирдай оқариб қолди.

Офтоб… Қақроқ ер… Ланғиллаган тандир, чакалакдаги ўтинлар… Бояги оҳанг ҳали хаёлида эди, шуларнинг барини бир онда кўриб тураркан, ҳозиргина рўй берган воқеалару ҳодисалар бирин-кетин сўзларга айланиб, ўша оҳангга мос тизила бошлади.

* * *

Бола боя келган йўлига қайтиб, уй ортига, чакалакзорга ўтди. Тирноқкулчаси ҳалиям қўлида эди. Жуда ширин туюлса-да, емай ўтирди. Усти қизариб пишибди, ости янада берч, жигарранг, ўртасидаги қайноқ хамири ҳали юмшоқ, тафти кетмабди.

Боя тушу ҳуш орасида янграган ёқимли овозни ким билан бўлишишни билмади. Холанинг болалари у билан ўйнашмас, “Етимча” дейишарди. Хола ҳам яхши муомила қилавермас, холанинг эри – баланд бўйли, чўтир қора киши эса ҳеч гапирмасди.

Зағчалар уришишни бас қилиб, сал наридан қинғайиб қараб туришарди. Беҳи шохига шовқин солиб узун думли олаҳакка келиб қўндию сариқ жоҳил кўзларини тикиб тек тураверди.

Олаҳакка гапга тушунади, ҳатто сўзларни ёдлаб олиши ҳам мумкин.

– Ҳой, бу ёққа кел, – деди унга.

Қуш кўзларини олайтириб ҳаккалаб келди-да, ҳайиқиб сал нарида тўхтади.

– Сенга айтаман, – деди бола. – Ёдлаб ол, бўптими?

Офтоб чиқди оламга
Югуриб бордим холамга.

Наздида олаҳакка буни ёдлаб олди-да, қанотларини тапиллатиб шовқин солиб учиб кетди.

Асаларилар визиллаб учишарди. Майда капалаклар ҳам. Қоқ тепада бир калхат қанот қоқмай айланарди. Боя эрталаб қўшни тарафга ўтган чумчуқгала яна гурр этиб қўнди.

– Хола-хола, кулча бер,
Холам айтди: “Ўтин тер!”

Чумчуқгала яна учиб кетди.

Бола кулимсиради.

Ердаги чумолилар тўхтаб, унга қараб туришарди

Чумоли уч турли бўлади. Энг майдаси қумурсқа, у қайдан чиқиб келишини билолмайсиз. Уй ичида, орасидаги кўзга кўринмас тирқишлардан ҳам чиқиб келаверади. Яна бири қизил чумоли, у баҳорда ер тубидан кавлаб чиқиб хирмон ёяди. Яна катта бошли қора чумоли ҳам бор, чақса оғритади. Уни нима қилишини биров билмайди. Буларнинг бари Худонинг лашкари, дейди она. Одамдан ортган нарсаларни ташиб, ер бетини тозалаб кетишади…

Ҳаммаси болакайга ҳайрон бўлиб қараб туришарди.

Ўтин тердим бир қучоқ…
Ҳаммага элакча берди,
Менга тирноқча берди…

Чумолилар тирноқдай-тирноқдай ғанакларини кўтариб йўлларида давом этишди.

“Ана, ҳамма билиб олди”, деб ўйлади бола, қониқиш билан. Ҳали булар ҳам болаларига ўргатишса-чи?

Нега ўргатишмасин?

Ҳакка-ю зағча, чумчуғу мусичалар полапонларига айтиб беришади. Чумолилар қиш келганида ер остида болаларига айтиб ўтиришади.

Нима дейишади?

“Бир бола бор экан. Отаси йўқ, онаси узоқда экан. Холасининг қўлига қарам бўлиб қолган экан. Холанинг болалари “Етимча” деб мазахлаб, у билан ўйнашмас, поччаси гаплашмас, хола оғир ишларга буюриб, гоҳида учи ёнган косов билан урар ҳам экан. Косов билан уриб бўлмаслигини билмас эканми? Билсаям ураверар экан-да. Овқат қилса, ўз болаларига тўлдириб-тўлдириб, буни косасига озгина солар экан. Ётгани жой солса, болаларига қават-қават тўшаклар тўшаб, бунга битта эски шолча бериб “Бор, жойингни ўзинг солиб ёт!” дер экан.

Ўзи оқ юзли, тиниқ нигоҳли болакай экану ким билан гаплашишини билмас экан.

Зурёдларига шунақа деб эртак айтиб беришса керак.

Охирида эса, ёдлаб олганларини ҳам айтишади, албатта…

* * *

Ота кириб келди.

– Етимчанг қани?

– Билмасам, қайлардадир юргандир анқайиб… Ширин-ширин нонлар ёпдим, ейсизми? – деб сўради хола эридан, меҳрибонлик билан.

– Опкелақол, қорним очди, – деди ота.

– Ун тугади, – деди хола айбдорона, елкасини қисиб.

Ота нон чайнашдан тўхтаб, қовоқ уйиб қараб қолди.

– Қанақасига? Опкелганимга бир ой ҳам бўлмади-ку?

– Тўртта бола, олтита жон, – деди хотин. – Бир еса олтита нон ейди…

Ота анча ўйланиб қолди. Кейин

– Етимчангни йўқот! – деди қисқа қилиб.

– Қаёққа йўқотаман? – деди бечора хола. – Ўзиниям турмуши яхшимас, эри баттарин чиқди. Қўли косов, сочи супурги бўлиб тиним билмайди, эри бўлса бақиргани бақирган…

– Онасини эмсин бу одамларниям! – деб тўнғиллади ота, дўпписини бир уриб текислаб қайта кияркан. – На каттасида инсоф бор, на кичигида…

Индамади, туриб кетаверди…

* * *

Бола беҳининг бир-бирига айқашиб кетган бужур танаси бўйлаб тепага чиқди-да, тирноқкулчасини рўмолчага ўраб, дарахт ковагига эҳтиётлаб солди. Кейин боя юлиб олгани ўт-ўлан билан ковакни яхшилаб бекитди.

Она… Эҳ, дийдори нондай иссиқ она… Мунча узоқлардасан? Боламга обораман деб қурут ясаётган бўлишинг ҳам мумкин. У ерда сигирлар шўраларни ейишса керак. Бошқа ўт йўқмикин? Ҳа, шўра кўп, шу сабабдан қурутлар шўр. Ҳаммаёқни оқиш туз босган бўлса керак, туршаклариям тахир-ку? Битта-иккита тут ҳам ўсгандир? Яна қамишлар ҳам бор, албатта. Она ўша ерда, қурутлари қотиб, туршаклари қуригач келса керак.

“Бу кулчани сенга опқўйдим, она”, деди бола, хаёлан унга.

“Келганингда яшириб қўйган жойимдан олиб бераман, мазза қилиб ейсан.

Бу ерда бултурги ёнғоқлар ҳам бор, уларниям сенга опқўйганман. Жийда-ю ўриклар ҳам бор…

Сал вақт ўтсин, мен катта бўламан. Катта бўлсам, уй қураман. Кейин сен келасан. Келасану сира кетмайсан. Сен яшаётган қишлоқ яхши эмас. Ёмон жойлигини туршагу қурутлари тахирлигидан билиб олганман. Ҳа, она, сира кетмайсан. Нима қилардинг ўша қишлоққа бориб, ахир, кўзингни ёши доим дувиллаб туради-ку? Мени бағрингга босиб гапирасан-йиғлайсан, гапирасан-йиғлайсан… Сен келгунча мен яхши бир уй қураман, кейин икковимиз ўша уйда яшайверамиз.

У уйга холамниям, уни эриниям, болалариниям киритмаймиз.

Мазза қилиб кулиб-қувнаб ўтирасан. Мен қопларда унлар олиб келаман, сен тандир-тандир нонлар ёпасан.

Икковимиз бир сават нонни ўртага қўйволиб мазза қилиб еймиз. Тугаб қолса, яна опкеламан, яна ёпасан.

Эҳ-ҳе, нон нима бўпти, жуда ширин нарсалар ҳам опкеламан. Сандиқларимизга тўлдириб-тўлдириб солиб қўясан. Еяверамиз-еяверамиз, ҳеч тугамайди…

Қара, бугун роса чиройли офтоб чиқди, тушимда бир қўшиқ эшитдим, уни ҳаммага айтиб ҳам бердим.

Битта сен эшитмадинг…

Офтоб чиқди-ю… сен йўқсан-да, онажон…”

* * *

Кавагига тирноқкулча яшириб қўйилган беҳини холанинг қайнатаси қадаган эди.

Қайнатанинг руҳи ҳозир шу ерда, болакай аҳволини кўриб турарди.

Умуман, уни яхши одам бўлган, дейишади. Новвой эди, нонлар ёпарди. Афсус, умри тугаб қолди. Ҳозир беш яшар шу болакай урина-урина тирноқкулчасини кавакка бекитганини кўриб озорланарди. Бола қўшиғини у ҳам ёдлаб олди. Ёдлаб олдию чирқиллай-чирқиллай, мангулик оламларига ўзи билан олиб кетди.

Офтоб чиқди оламга,
Югуриб бордим холамга…

Яна, шу ариқ бўйида бир эпкин ҳам яшар эди.

Пуф этиб ялпиз баргларини чайқатиб ўтгани маҳал чумолилар ўша оҳангга мос кетиб бораётганини кўрди. Бир ҳимраниб қўшиқни ўзига сингдириб олақолди. Кейин сув бетига ёйиб юборди. Офтоб нури барглар орасидан сув юзига тушиб кумуш жилвалар ҳосил қилган эди. Оҳанг сув билан бирга оқа-оқа, экинлар бағрига кириб борди. Экинлар у зилолни шимиб-шимиб ичишди. Қўшиқ зироат бағрига ҳам жо бўлди.

Сўнг кучлироқ шамол эсганида эпкинни ҳам ўзига қўшиб, қишлоқ узра турли-туман товушлар аро кўтариб кетди. Шиддати зўрроқ эди, бир эсганида юзлаб қишлоқлар устидан учарди. Қўшиқ ўша қишлоқлар узра ҳам ёйилаверди:

Офтоб чиқди оламга
Югуриб бордим холамга…

Шу тариқа, воқеадан ҳамма хабар топди. Буни бир холаю унинг семиз-семиз болалари билишмади. Етимча кўринмаётганидан фойдаланиб, сингиб пишган нонлардан яна еб олишди. Ҳадеб еяверишса, қоринлари тўйиб, дўмбирадай қаппайиб кетмасмикин? Ҳа, шундай бўлди. Ортиб қолган нонларни шундоққина ерга ташлаб кетишди.

Худонинг лашкари – чумолилар нон бўлакларини қуршаб, увоқларга бўлиб опкета бошлашди. Унинг жағи икки айри ўроққа ўхшаган бўлади. Нон нима экан, ўт-ўлан уруғиниям иккига бўлиб қўяди. Нега? Чунки бўлиб қўймаса, баҳор келганида ниш уриб, ўт уна бошлайди. Чумоли уясида ўт ўсса, болалари қийналишади. Чумоли эса болаларини яхши кўради, шу учун урина-урина ҳамма уруғларни иккига бўлиб чиқади… Лекин, чумолилар бунинг қанақа нон эканини билишмасди. Ачқимтирроқ эди. У тахирлик кўпчиб кетган хамир тахирлиги эмас, етимлик таъми эмасмикин? Бироқ, чумолилар таъм билармиди? Айни вақтда ширин ҳам эди, очликнинг лаззатли таъми. Бироқ, очлик нималигини ҳам билишмас? Хуллас, шу нон парчаси қатида ҳам бир олам дарду изтироб борийди:

Ҳаммага элакча берди,
Менга тирноқча берди…

Офтоб чиқди-ю…

Бир онаизор йўқлиги учун шунча нарсанинг таъми ўзгарди. Ҳа, офтоб чиқди, тиккага етиб бориб, қуйига юмалади. Қурту қушдан ҳашаротгача, жон зоти борки, Худо берган ризқини териб-териб еди, биргина болакай кўзига бениҳоя қадрли кўрина бошлаган беҳи кавагидаги тирноқкулчаси олдидан кетмай ўтираверди.

* * *

Бир куни ўз ҳовлимда ухлаб қолибман. Қуёш нури кўзимга тушганида уйқу ширинлик қилиб кўрпани бошимга тортиб олдим. Шунда менинг онгимда ҳам болалик манзаралари уйғонди. Тавба, бир маҳаллар қишлоқ ўсмирлари “дим” деб атайдиган лойқа сувларда сўмилиб ўйнаганимизда, сув остидан қуёш шунақа кўринмасмиди?

Чумчуқгала гур этиб қўшни томонга учиб ўтди.

Зағчалар емиш талашиб уришишди.

Қўшнимнинг майкачан боласи қўлида хивчинтаёғи билан йўлаклар узра елиб борар экан, ингичка овозда қўшиқ айта кетди:

Офтоб чиқди оламга
Югуриб бордим холамга.
Холам айтди…

Тавба… Бирданига юрагим ҳаяжонга тўлди.

Ҳеч ўзимни босолмайман, денг.

“Жоним онам!“ дейману ўпкам тўлади.

Мана, кимдир нон ёпди. Иси теваракни тутди.

Жоним онам! Сен доимо қошимда эдинг. Мен ҳам чопиб бориб сенга суйканишни яхши кўрардим. Қўлингни тафтини ҳалигача соғинаман, эй мадорим, қувватим, бебаҳо хазинам, оромижоним менинг!

Офтоб чиққан маҳалда, тонг пайтида янграган бир қувноқ қўшиқ шунча туйғу ҳосил қилади деб ким ўйлабди дейсан?

Ахир, дийдорингни соғиндим-ку, жоним ипига бойланганим?

Элакдай эмас, тирноқдай меҳрингга ҳам зорман-ку?

Бу қуёш, бу табиат, бу фароғату оромлар сенинг бир жилмайиб қарашинггаю рўмолинг остидан чиқиб турган бир-икки оппоқ, мулойим соч толангга арзирмиди?

Борсам… қувониб, бўйимга бўйинг етмай интилиб, “Эгилсанг-чи ахир!” дея юз-кўзимдан ўпиб-ўпиб, “Энди ўтириб тургин-а, сенга нон ёпиб берай” деб шошиб тандир бошига кетарсан? Ҳатто ўтин тер деб ҳам айтмассан, болам уринмасин деб ўзинг терарсан?

Ўшанда… дийдорингга термилиб-термилиб, дунёда сенгина ёпа оладиган бениҳоя ажойиб нонлар исидан маст бўлиб, бошим айланиб, яйраб-яйраб куларман, она!

Ахир, не саодат бу, она-боланинг ёнма-ён бўлиши!

Тонг саҳар қулоғимга урилган, хаёлимда бениҳоя кўп манзараларни ҳосил қилган у мангу қўшиқ ўзгариб, бахт оҳангларини тарата бошласа-чи?

Яна офтоб чиқади, асрдан сўнг чўғдай ланғиллаб, шом тарафга оҳиста ботади.

Аммо, сенинг меҳр қуёшинг сира ботмайди!

Сенга шу гапларимни айтсам, бағрикенглигу хушҳоллик билан:

“Ҳаёт ўзи шу-да, қўзим”, дейсан.

“Англамадингми?” дейсан.

“Қара, офтоб чиқди-ку? Наҳотки сезмадинг?”

“Нимани, жоним онам?”

“Ахир, офтобим сенсан-ку, болажон?”

Эҳ она… Дийдори нондай иссиқ она… Англамасмидим? Кўзимнинг ёшини яширишга, овозимдаги титроқни билдирмасликка уриниб, беғубор жилмаяман:

“Ҳа, офтоб чиқди…

Офтобим ўзингсан-ку, онажон!…”

Кўзимга ҳеч нима кўринмай қолади. Шошиб-пишиб дийдорингга отланаман. Хаёл ҳозир қадрдон ота уйимни, нималаргадир уриниб юрган онаизоримни яққол гавдалантиради. Олтмиш олти сўнгагим, етмиш етти томирим орасидаги муштоқ қалбим фақат сени қўмсайди!

Мана, оз қолди. Ҳозир қошингга етиб бораман, онам!

Кафтингни юзимга босиб, тўйиб-тўйиб суйканиб ҳам оламан.

Осмону фалакда, ер бетида, табиат ораларида эса ўша қўшиқ, фақат бу гал шодон оҳангларда янграб, онаизори сари чопиб бораётган боланинг қувноқ қўшиғига тўлиб кетади:

Офтоб чиқди оламга,
Югуриб бордим онамга…

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1.12.2017.)