Исажон Султон. Генетик (роман)

Муқаддима

Айтадиларки, бир одам дарё ёқалаб келаётиб, каттакон ёмби топиб олди. Қўйнидан ёнғоғини олиб, чақмоқчи бўлиб уринган эди, ёмби бир неча бўлакка бўлиниб кетди. “Ялтироқ бўлгани билан ҳеч нимага ярамас экан-ку”, дея афсусланиб уни отиб юборди-да, қирғоқда қалашиб ётган оддий тошлардан бири билан ёнғоғини чақиб еди ҳамда мурод-мақсадига етиб, ўз йўлига равона бўлди.

Биринчи қисм

“Тонг ота бошлади,
сўнг унинг изидан ер юзи ёришди.
Сўнг қуёш чиқди, ҳамма ёқ ёруғ бўлди.
Эр йигит эмаклаб борди, Тангрига йўлиқди…”
Қадимий туркий битиклардан

Она тупроқ
(Генетикнинг биринчи ҳикояси)

Қишлоқ. Ёз. Жазирама.
Қоқ туш маҳали бақатерак остидан заиф бир “пуф” елиб ўтади.
У – шу маконнинг митти эпкини. Терак баргларини бир чайқатади-ю, ариқ бўйига ўзини ташлайди. Яна бирини сув шабадаси дейдилар. Қайрағочдан узоққа кетолмай, камбар барглар орасида айланиб эсадиганиям бор. Қуввати кучлироқ бўлгани сабабли сал берироққа келиб, иссиқда қимир этмай турган жўхориларнинг узун, сариқ ҳошияли япроқларини чайқатиб ўйнайди.
Баъзилари йўлларда шўхлик қилишади. Қумоқ йўлдан кетаверинг-чи. Йўл ўртасида ё четида митти гирдоб ясаб, тупроқ тўзғитиб пириллаётган қуюнчани кўриб қоласиз. Бироздан кейин ўз-ўзидан тиниб, майда хас-чўпларни сочиб юборади.
Яна бир турли шабада тонгу шомда бедазор­лар томондан эсади. Саҳарлаб ўша ёққа кетиб, оқшом изига қайтса керак. Бедазорга етгунича томорқалар узра елади. Қўшнининг кўзи кўр лайчаси уни сезиб, ҳуради.
– Итга ўхшамай ўл, мунча ҳурасан? – дейди она унга.
Олислардан келадиган қудратли шамол эса теваракни кулрангга ўзгартириб юборади. Балки чанг кўтаргани учун само кул тусига кирар? Аввалига кўкларда елади, кейин пастга тушганида бениҳоя кўп товушлар ҳосил қилади. Девор бошидаги гувалаклар бўғиқ гувиллайди. Бўғотлардан ҳам шунақа сас чиқади. Дарвоза ёриқларидан кириб ҳуштак чалади. Ҳовлида валишга илиб қўйилган толсават чўплари шириллайди. Она дорга осган кирларини уйга олиб кириб кетган. Таранг тортилган чилвир дириллаган сас чиқара бошлайди.
Даладаги товушлар эса тамомила бошқа ва айқаш-уйқаш. Ердаги нўхат билан ловия пояси узун, ингичка, тинмай силтанади. Шамол забтида хинонинг қобиғи ёрилиб, ичидаги қизил уруғларини сочиб юборади. Маккалар шовуллайди. Дарахтлар остига борсангиз шитирлаган, читирлаган, зириллаган юзлаб сасларни эшитасиз. Булар орасида чийиллоқлари ҳам бор. Курмакнинг узун пояси шунақа товуш чиқаради. Дарахт шохидаги қуш полапонлари қўрқиб чийиллашади.
Ўҳ-ҳў, уни ўшанда кўрсайдингиз! Ёйиб қўйилган кирларни учиради, мўрт тераклар, шохларини бемалол ёйиб юборган тол-ўриклар қарсиллаб синади, танасининг оч-сарғиш бағри очилиб қолади.
У кўпинча ёмғир булутларини суриб келади. Булутлар ҳам турли-туман. Ораларида чақмоқлари билан келадигани бор, у шиддатли жала қуяди. Томчилари кичикроқ бўлса, ҳаммаёқ шовуллайди. Каттароқ бўлса, кўлмакларда пуфакчалар ҳосил қилади. Бўтана сувлар хасларни аралаштириб оқизади, баъзан ялпиз япроқларини узиб юборади, улар ҳам хасларга қўшилиб оқади.
Қайлардадир ёмғир қирқ кеча-кундуз ёғади дейдилар. Уммонлар узра шовуллаб қуядиган жалалар ҳам бўлармиш. Балки дунёнинг бошқа жойларига борсангиз, ёмғирлари бегона туюлар? Сабаби: тафтию ҳиди, товушлари ўзга. Бизда эса мол-қўй иси, кимнингдир боласини чақирган овози, чечак аралаш ўтлоқ ҳидлари аро ёққан ёмғир турфа товушлар билан бирга, исларни ҳам ҳосил қилади. Аввалига ер бетларида митти кулранг нуқтачалар пайдо бўлади. Унақа нуқтачаларни нафақат ер бетида, балки том устида ҳам кўрасиз. Томчилар дов-дарахт, ўт-ўлан устида туриб қолади. Дала-тузни, тупроқ йўлларнию сўқмоқларни, ўрилган пичанларни бир хилда қорайтириб-намлаб, шивалаб уради. Кейин ҳамма ёқни шалаббо қилиб ташлайди. Маккапоялар, ер бетида қолиб кетган ашёлар, қўрадаги эски ўтинлар – бари бирдай намланади. Ўрмалаб кетаётган чумоли устига тушса, чумоли қўрқиб тўхтаб қолади. Ўргимчак тўрига тушса, тўр эгаси апил-тапил қочади, ёмғир эканини билади. Ҳайвонлар бамайлихотир бош чайқаб, ризқини еяверади. Паррандалар эса бостирма остига ўтиб олади.
Ёмғир остида дарахт шохига чиқиб олиб, осмонга қараб қичқиргим келади.
Қизиқ, қушлар ёмғирда қочиб кетмайди. Қарға, зағча, қалдирғоч бемалол учади. Чумчуқ билан мусича беркиниб олади.
Ёмғир ёққанида ҳам ёқимли, ҳайбатли оҳанг яралади. Ҳар нарса айри ун чиқара бошлайди. Тол ёнига борсангиз, дарёдай шовуллашини эшитасиз. Сабаби: барглари учли, узунчоқ, қайиқчага ўхшайди, ёмғир суви улардан оқиб пастга қуйилади. Терак шитирлайди, япроқлари тиғиз бўлгани учун бир-бирига урилади. Каттароқ баргли дарахтларда дағалроқ товушлар ҳосил бўлади. Қуруқ шох-шаббалар бошқа, хаслар бошқа саслар чиқаради, хуллас, бутун борлиққа бастачисию ижрочиси табиат бўлмиш ёмғир мусиқаси таралаверади.
– Ҳой бола, бери кел! Ивиб кетибсан-ку? Нима бор ёмғир тагида?
…Мана шулар – қалбим тўридаги азиз манзаралар. У маконларга кирсам, ўзим ҳам беш-олти яшар болакайга айланиб қоламан-да. Кичкина этик кийиб, шамол қуритиб кетган лой кўчаларни кезаман. Дарахтзорларни, жингилзорларни айланаман, энг майда ҳодисаларгача назар соламан.
Одамлар эса ўша ҳодисалар билан биргаликда жонланади. Бир кечаю бир кундуз тинмасдан эсиб, еру кўкни қуритиб кетадиган шамол хаёлимда қўшнимиз Убай аканинг қичқириқлари билан бирга садоланади. Яна, мактаб синфхонасидаги олов гуриллаган қора чўян печка, дераза тирқишидан кираётган елвизакда совқотиб, қулоқчинларини тушириб сабоқ олаётган болалар, кўзга кўринмас ҳавонинг зуғумли ҳайқиришлари аро патлари юлқина-юлқина, уясидан нари кетолмай юрган паррандалар, ниҳоятда зерикарли ва ҳеч кимга кераксиз дунё фанлари намоён бўлади. Ёмғир десам, баҳор жаласида баъраб шаталоқ отган қўзилар билан бир қаторда бепоён далалар кўз олдимга келади, қалбимни ширин ҳислар чулғаб олаверади. Бол деганида бизникига меҳмон бўлиб келган, олис аждодларимизнинг қайси бир ҳалқасида қанақадир алоқаси борлиги учун қариндош деса ҳам бўлаверадиган қишлоқдошларимизни эслайман. Улар билан келган қизалоқни кўриб бир лаҳзага қотиб қолгандим гўё. Қизгина ниҳоятда чиройли эди, аммо чиройи нимада десангиз, жавоб беролмаслигим ҳам бор гап. Қариндошлар ўшандан кейин қайтиб келишмади, яшаш жойи Дашти Қипчоқ эканини билсам-да, тасаввуримда жуда олис, тушунарсиз ғалати макондай бўлиб қолаверди. Мени довдиратган – турли ифодаларни акслантирган кўк-яшил, гавҳар кўзларимиди?
У маҳаллар атлас бурмали кўйлаклар урф бўлган, тус қора сочи узун эди… Асалари тўдасини кўрсатганим, уядан оқиб тушган болни берганим, тилига текизиб кўриб: “Роса ширин экан”, деб миннатдор қарагани ҳам эсимда.
Онгим у манзарани кучайтириб, рангларини ёрқинлаштириб ўзига жо этган. Кўрилган-билинган ҳодисаларнинг тасаввурда ўзгариб жонланишидан хабар топганимдан кейин шунга диққат қиладиган бўлдим, билсам, айнан мен кўришни истаган шаклда жонлантирар экан.

* * *

Сап-сариқ қуёш самога кўтарилганида, осмон бағридаги бир нечта булут ер бетида аста силжувчи сояларни ва ҳар ер-ҳар ерда осмондан ергача инган ёрқин нур дасталарини ҳосил қилади. Нурлар дов-дарахт ва бута шохларига зар либосини кийдирса, булут кўланкалари уларни бирпасда кулрангга бўяйди. Офтоб кўтарилгани сайин буталар, кичик қирлар, оғочларнинг узун соялари қисқариб, ўзига ўхшамай қолади, кичрая-кичрая, эгалари пойида ётган хуфя аскарларга айланишади. У аскарлар ер бетида ҳар ер-ҳар ерда, худди дала-туз тинчини қўриқлаган каби, ҳар дўнг, ҳар тепа, ҳар бута остида туришади, бирининг милтиғи, бирининг камони, яна бирининг қалқони кўланка бўлиб кўзга ташланади. Теваракда эса аста-секин улуғ бир силжиш рўй беради.
Бундай манзаралар қўшнимиз Нисо холанинг қаровсиз теракзори орасида ҳам намоён бўлади. Нисо хола ёлғиз кампир эди, қўни-қўшнилар бечорага ҳар куни овқат чиқаришарди. Теракзор ости соя бўлгани учун ҳар нарса ғалати тарзда ўсиб кетган, масалан, отқулоқ барглари нақ бир қулочга етган, билсангиз, унинг япроғининг иплари бўлади, энг узун иплар ўшандан чиқади. Соя бу ерда ҳаракатланмас, турғун, шу сабабли бошқа ўт-ўланлар ҳам узайган, ёввойи қўзиқоринлар одатдагидан анча катта, ҳатто ўргимчаклар ҳам катталашиб, улкан тўрлар тўқиган.
Қайроғоч шохлари орасидаги асалари тўдасини ўша ерда тасодифан кўриб қолганман. Остидан ўтиб кетаётсам, бошимга, сочларим орасига қуюқ бир нима томчилаб, юзимга оқди. Сийпалаб кўрсам – асал! Суюқ, новвотранг, гул иси анқиб турибди. Тепага қарасам – баланд шох орасида ғуж асалари тўдаси! Қайдан келганига ақлим етмади. Ўша ерга ин қурибди, бол ҳам тўплабди.
Отамга айтсам, ўйланиб туриб: “Қайдандир ажралиб чиқиб, шу ёққа келиб қолгандир? Эгасини топмасак бўлмас, нима бўлганда ҳам бировники”, деди.
Лекин асалари сирини отамга Дашти Қипчоқдан келган меҳмонлар орасидаги қиздан сўнг айтганман. У қиз келиб-кетгунгача бир-икки кун ичимга сиғмай юрганман. Отам ёки укаларим томорқанинг ўша хилват томонига ўтишса, асалариларимни кўриб қолишмасмикин дея жон ҳовучлардим. Асаларилар кечалари қанақа ухлашар экан? Қўлимга фонар олиб тунда дарахтга тирмашиб, нима қилаётганини кўргим келади. Лекин тунда бўлса-да чақиб олиши мумкинлиги ҳайиқтиради ҳам. Чунки бир-икки кишини асалари тўдаси қувлаганини биламан, қўлларини ҳавода силкита-силкита қочишганини ҳам эслайман.
Асалари одамдан бошқа кимни чақиши мумкинлиги ҳақида ўйлайман.
Чумолини чақолмайди, чунки кичкина. Қушниям чақолмайди, пати бор. Ҳайвонларниям чақолмайди, сабаби – териси қалин. Унда, кимни?
– Айиқ асални яхши кўради, – деди отам. – Уяси билан қўпориб олиб, панжаларини ботириб, ялаб-ялаб ейди. Асалхўр айиқ бу атрофда йўқ, бўлганида ҳам чақолмаслиги аниқ.
– Унда кимни?
– Одамни-да, – кулди отам. – Асалини оламан десанг, чақади.
Душмани одаммикин? Яна ақлим етмайди.
Уя асалга лиммо-лим бўлса керак. Ҳар замонда бир чакиллаб томади. Томчисига кафтимни тутаман. Шаффоф, тиниқ, катта томчи. Қарасам, дарахт танаси чумолиларга тўлиб кетибди. Ҳаммаси бол ишқида ўрмалашяпти.
У бол қайдан келади?
Асалари қайдан топади уни?
Уларни кузатаман. Асалари зириллаб учиб келади, гулкоса ичига киради. У ерда жуда нозик, чиройли чангли жойи бор. Ўша ерда бир нималарни тўплайди. Синчиклаб қарайман-у, болни кўрмайман. Арилар бирин-кетин учаверишади.
Ўша куниёқ отам қути топиб, юз-кўзини латта билан ўраб, уяни олиб тушади. Асаларилар ғуж бўлиб эргашади. Отам уяни қути ичига солади, қўли билан асалариларни ҳайдайди. Эҳ-ҳе, улар сон-саноқсиз. Жойлагач, менга узоқдан асалини кўрсатади. Сарғиш катакчаларга жойлар экан. Онам берган косани олиб бораман, теграсида асаларилар ғужғон ўйнаган отам косага асал оқизади. Коса ярим бўлгач, у ердан узоқлашади. Асаларилар бироз қувиб келади-да, ортга қайтади.
Бармоғимни тиқиб, ялаб кўраман. Жуда лаззатли, томоғим қирилиб, овозим чиқмай қолади.
Дашти Қипчоқдан келган қиз менга ўша асални эслатади. Юзи новвотранг, ўшандай ширин бир нимадан дарак беради. Пешонасига бир-икки ҳуснбузар тошган эди, ўзига ярашгани-чи? Қўллари ҳам эсимда, аланга олдида ўтирганимизда кўрганим – одатий қаварган, меҳнаткаш қўллар эди. Уст тарафи қорайган, кафтининг ичи эса нимагадир қизғиш, яъни, хино қўйган экан. Роса гапирганим ҳам эсимда, ажабки, нималарни гапирганим ёдда йўқ. Гапимни тинглаганида хиёл жилмайишига маст бўлиб, ўзимни кўрсатгим келгани-чи? Ўшанда нима учундир теракнинг учига чиқиб чумчуқ полапонини оптушгим келган эди. Яна, катта тўнкани кўтара олишимни ҳам кўрсатганман. Булар майли, дарахту экинзорлар узра учолганимда, қўлларимни кенг ёйиб, кўкларда чарх уриб айланган бўлардим.
Кейин эркак-хотин айри-айри овқатланишди. Эркаклар сўрида, хотинлар айвонда, у ёқ-бу ёқдан жуда зерикарли гаплардан гапириб ўтиришди. Ота-боболари шу қишлоқда яшашган экан, у маҳалларда турмуш жуда хароб, шояд ўнглансак дея узоқларга кўчиб кетишганмиш. Сочига чўлпи тақиб олган кампир “Нимагаям ўша ёқларга кетган эканмиз, дарвоза тиқ этса ватанимдан биров келдимикин деб сочим оқарди” деб йиғлади. Бу гап-сўзлар ўз тўдасидан айрилиб дарахтга келиб ўрнашган асаларилар тўдасини ҳам эсимга солди. Таом ейилиб, фотиҳа қилингач, худди шу тартибда жой тўшалди, ҳамма уйқуга ётди. Тераклар ортидан сарғиш-қизғиш тусли катта ой кўкка кўтарилди. Ёғдуси айвонга тушганида, хаёлим у қизнинг сочлари ёйилиб ухлаётганини кўз олдимга рўпара қилди, ҳатто пешонасидаги бир-иккита қизғиш пўрсиллаган ҳуснбузаригача кўрсатди.
Эртасига саҳарлаб турганимда меҳмонлар йўқ, хайрлашиб жўнаб кетишган экан.
– Бир чиройли қизчаси бор экан, исми Интизор эмиш, – дейишди хотинлар.
Қизнинг исми Асал эмас, Интизор бўлиб чиққани тасаввуримни ўзгартирмади, балки дарахт шохларидан томган болни татиб кўриб кўзида қувонч ила кулган қиз билан тунда кўтарилган улкан ой бирлашиб, етиб бўлмас армонли манзарага айланиб қолди. У пайтнинг иссиқ, тиғиз ҳавоси, япроқлар орасидан тушиб турган даста қуёш нури ҳамда ўша нур дасталарида ёғдуланиб учган капалагу ниначилар, табиатнинг умумий шовқини аро кимнингдир боласини чақирган, кимнингдир кулган, кимнингдир озорли овози, ҳайвон товушлари ва қайдадир шодланиб ҳурган кучук саслари ила ўша тутаб турган нигоҳ бирлашиб, қалбимга жойланди.
Мен у қиёфа энди сира ўзгармаслигини, орадан қанча йиллар ўтса-да, бир хилда малоҳатли бўлиб қолаверишини билмаган эканман. Сафарга кетаётганлар азиз қиёфаларни энди сира кўрмайман, деб афсусланишади-ку? Орадан шунча йил ўтди, кўп кунларни бошдан кечирдим дейман-у, ичимда ҳалиям ўша болакай яшаётганини сезиб тураман. Манзараларга қараб қувонсам, у ҳам қиқирлаб кулади. Асал қиз ҳам ичимда ўша малоҳати ила ўзгармасдан қолган…

* * *

Асаларидай беозор, тартибли ҳашарот йўқ дейишади. Катталар айтишича, бол тўплашидан ташқари, гул-чечакни чанглантирар эмиш. Баҳор иссиқларида чаман бўлиб очилган гуллар орасида албатта асалари манзараси бор. “Биз ҳам асаларидай тинмаймиз, – дейди отам. – Аммо ташиб келган ризқимиз қайда-ю, асал қайда?”
Сигир деярли барча хонадонларда бор. Қайси ўтни ёқтириб ейишини, қай бири зарар эканини ҳамма яхши билади. Хотинлар даладан ғарамлаб ўт ўриб келишганини кўп кўрганман. Таом тайёрлагандаги сабзавот пўчоқларию овқатнинг қолган-қутгани берилаверади. Ўзимизнинг сигирларга нима берсангиз еяверади, курмакни, шўрани, макка поясини, ажриқни, бедани, арпани ёқтиради. Ажриқ тезда сувсатади, курмак пояси сувли бўлгани учун суғормаса­нгиз ҳам бўлаверади. Семизўт ичини ўтказиб юборади, бангидевона миясини айнитиб қўяди. Тол, беҳи, гилос, узум баргларини охурига солса бўлади, терак баргини бермагин, заҳари бор дейдилар.
– Худои таолонинг қудратини кўр, – дейишади кишилар. – Ўтлаб-семирадиган, ҳар йили ўз-ўзидан кўпаядиган гўштни қаерда кўргансан?
Мол-ҳолга бундай баҳо мени ҳайратлантиради.
– Сўймасанг, сут-қатиқ бериб юраверади. Сўйсанг – гўшт-да…
Кузда болалар мол-ҳолни дала-тузга ҳайдашади. Бизнинг сигир эсли, кеч кирган маҳал уйни ўзи топиб келади.
Сигир туғса қувонишади, оқлик дейишади. Сутининг ранги оқ бўлгани учунми? Бузоқ оёқлари титраб-титраб, майишиб-майишиб сигирга интилади. Сигир уни роса ялаб-юлқайди, шунда чиройли юнгида палахса-палахса, қорамтир ҳўл излар қолади. Мана шу ҳолат хотинларнинг раҳмини келтиради. “Вой бечора, эна-да” деб, кўзларига ёш ҳам олишади.
Сигир фақат туққанидан кейингина сут бера бошлашини ўшанда билиб олганман. Унгача ҳар доим сут бераверса керак деб ўйлаган эканман.
Бузоқча кўзларини бир нуқтадан узмай, тумшуғи билан туртиб-туртиб эмади. Гоҳо қаттиқроқ туртса, сигир бечора мункиб кетади, озорланиб, бошини буриб мўърайди, аммо тепмайди.
Илк сути бурда-бурда, тахир таъмли бўлади, уни ёш болаларга беришади.
Кейин ҳар тонг сут соғилаверади.
Челакдаги сут устига дока ёпиб, осиб қўйи­шади. Анча тургач, устини қаймоқ бойлайди. Болалар қаймоқни сидириб олиб ейишади.
Аввалроқ ивитилган қатиқдан озгина солиб, устини ўраб қўйса, қатиқ бўлади. Уни матога ўраб қуёшга қўйса, пишлоққа айланади.
Сут табиатнинг ҳамма жойида мавжуд. Масалан, асалари сути. Асли қанақа эканини билмайман, отам олиб келади. Лекин таъми тахир бўлади. Гўдаклар, болалар шамолласа, қошиқ учида беришади.
Ўт-ўлану дарахтларнинг ҳам сути бор. Момақаймоқнинг оч-яшил пояси найчага ўхшайди, иккига бўлсангиз, аччиқ таъмли оппоқ суюқлик тошиб чиқади.
Қўй, туя сутиниям ичиш мумкин. Эчки сутини касалларга ичиришади. Мол, қўй, эчки сутидан қурут ясашади. Мушук-кучукларнинг ҳам сути бор, албатта. Гоҳо далаларнинг четларида, салқинроқ жойда болалаган ит ёнбошлаб ётганини, кўзи эндигина очилган уч-тўртта кучуквачча қаторасига эмиб ётганини кўриб қоласиз.
Ёз жазирамаларида қорни қаппайиб, зўрға юрган ҳайвонларни кўргансиз-ку? Хотинларнинг раҳми келиб, олдига товоқда егулик қўйишади. Кечагина ириллаб юрган итнинг зуғуми ғойиб бўлган, болалар яқинига борса ҳам мўлтираб қарайди. “Менга тегма, аҳволимни кўрмаяпсанми деяпти”, дейишади хотинлар. Егуликни еб, кейин лапанглаганича ўз жойига қараб кетади.
Умуман, сут муқаддас нарса. Ерга сут тўкилса, айниқса, хотинларнинг жони чиқади, сутни тўккан боласини аямай уришади:
– Нега тўкдинг, бола бўлмай ўл! Кўзинг кўр бўлиб қолади-я!
Қайсарроқ кимнингдир феълидан сўз кетса, “Сут билан кирган жон билан чиқади” деб ҳам қўйишади.
Қўшнининг боласининг қулоғи оғриб қолади.
– Қулоғига сут томиз!
– Уни қайдан оламан?
– Нариги қўшнининг келини кўзи ёриган, ўшанга айтсанг беради.
Сут томизилса, қулоқ оғриғи барҳам топади.
Қўшни хотинни “Кўкал хола” деб чақиргин, дейишади. Чунки қўни-қўшнининг боласи очқаб йиғласа, эмизиб қўяверар, сутини қизғанмас экан. Теградаги уч-тўрт хонадоннинг болалари шу тариқа кўкалдош бўлиб қолишган. Кўкал хола буюрган ишини адо этган болаларга “Эмизган сутим ҳалол бўлсин” дейди, шўхроқларини эса “Берган сутимга рози бўлмайман” деб қўрқитади.
Ёши каттароқ болаларга хотинлар “Ҳозир эмизиб қўяман” деб пўписа қилиши-чи? “Э, бор-э” деб тўнғиллаб нари қочишади болалар. Чунки эмизиб қўйса, мазахга қолади.
Чақалоқчалар қўлчалари билан онасининг кўйлагига тирмашиб олиб, эмиб ётишади. У маҳалда нигоҳлари сокин бўлиб қолади, ияклари титраб, оқи хиёл кўкимтир, қорачиғи катта кўзларини бир нуқтага тикиб, миқ-миқ эмаверишади.

* * *

Мана шу тарз, ёмғирдан кейинги кўчаларнинг лойлари аро уйга кирамиз. Юмушлар барҳам топиб, кеч маҳали сандал атрофига тизиламиз. Бениҳоя қизиқарли маталлар вақти келади.
Сандал атрофида қариялар эртак бошлашади, шулардан бири – Нуҳ алайҳиссалом ҳақида.
…Бир куни Нуҳ алайҳиссаломнинг хотини нон ёпибди. Нонлари қип-қизариб, пўрсиллаб пишибди. Тандирдан узиб саватга солаётса, қўли куйиб, биттаси ерга тушибди.
– Енгчаси йўғаканми?
Енгча – билаккача етадиган, қалинроқ матодан ичига пахта солиб тикилган узун қўлқоп. Бир тарафи қорайиб-куйиб кетган бўлади, ёмғирда намланса, куйик иси анқийди. Хотинлар янги пишган иссиқ нонларни ўша енгча билан узишади.
– Боракан-у, аммо қўлига кийволиш эсидан чиққан экан. Ёки нон ёпаверганидан илма-тешик бўлиб кетганми?
Хуллас, нон ерга тушганида хотин:
– Ҳаҳ, ўлгур, – дебди
Шунда Нуҳ пайғамбар айтибдики:
– Ҳой нодон, ризқниям сўкадими одам? Қани, тавба қилиб, нонни ердан олиб кўзингга сур-чи!
Хотин шундай қилибди. Ерга тушган нон бўлагини олиб, пуф-пуфлаб кўзга суртиш одати ўшандан қолганмиш…
Маталларнинг кўпида хотинлар нодон бўлиб тасвирланишига ақлим шошади. Ташқарига чиққанимда уларга қизиқсиниб қарайман, сираям нодонга ўхшашмайди.
Пайғамбар дейишса, хаёлимга тўн кийиб, белига белбоғ боғлаган нуроний, насиҳатчи чоллар келади. Айтадиларки, Нуҳ алайҳиссаломнинг уч ўғли бўлган, тўнғичидан, яъни бош бўғинидан бизнинг ота-боболар тарқаган экан. У ривоятга одамнинг ақли бовар қилмайди – тўфон қайда-ю, биз қайда?

* * *

Одамлар ҳамма нарсани ўзгартириб, жон ато этиб олишганига яна ҳайрон қоласиз. Масалан, ноннинг жони бормидики, гапирса?
– Нонни тескари қўйма, гуноҳ бўлади.
– Нега?
– Ризқинг қийилади.
– Кучукни урма!
– Нега?
– Эрта бир кун Эгамга сендан шикоят қилади. Уни кучли, мени заиф қилиб яратувдинг, уриб жонимни оғритди, дейди.
– Қиблага қараб чоптирма.
– Нега?
– Мохов бўпқоласан.
– Кечаси ташқарига бир ўзинг чиқма.
– Нега?
– Озиқчи опкетиб қолади.
“Озиқчи” нималигини биров билмаса-да, ҳамма болалар ундан қўрқади. Бу ғалати сўз озиқ тиши билан уйқашлиги учун, назаримда, ўхшовсиз тиржайиб, ой нури тўкилган кечаларда дайдиб юрадиган, курак тиши оғзидан қозиқдай чиқиб турадиган бемаъни бир яратиқ қиёфасида гавдаланади. Болаларни нега опкетади, биров билмайди, аммо катта қозонга сув солиб, қайнатиб шўрва қилиб ичади, деб қўрқитишади.
Қиш тунлари узундан-узоқ, болалар сандал четига тиқилиб олиб, катталарнинг ваҳимали ҳикояларини қулоқ қоқмай эшитишларини ҳам айтайми? Одамларни адаштириб кетадиган ғалати кишилар, йўл ёқасидаги дев, қиз қиёфасидаги ажина, қора юзли киши ҳақида-чи?

* * *

У маскан узра тунлари ёғдуланган Оймомо – фақат шу жойларнинг момоси. Ўзга маконларда Ой бунақа кўринмайди, номиям момо эмас, дейдилар. Тоғ орасидан қалққан ёки адоқсиз саҳроларнинг Ойи бутунлай бошқа кўринишга эга эмиш. Дов-дарахт иси анқиган кечаларда, тутлару тераклар ортидан ҳаволанган ўзимизнинг ой жуда азиз.
Тавба, Ой десам, хаёлимда София холам жонланади. Ниҳоятда беозор, қалби ёруғликка тўла муштипар хотин эди. София холам десам, юксак­ларда ёғду сочган ажойиб Оймомо ёдга келади.
Тенгдошларим билан дала-тузни кезар эканман, дашт қорақушига кўп дуч келардим. Бошқа қушлардан фарқ қилиб, ҳаккалаб юрар, хаслар орасидан бир нималарни излагани излаган эди. Неча марта тош ё кесак отганмиз, лекин бирор марта ҳам текизолмаганмиз. Одамлар боравермайдиган жойларга хаслардан ўраб-чирмаб, халтача шаклида ин қурарди. Мен кўрган инлар бўм-бўш, қорақуш қачонлардир унда тухум босиб ўтирган, нар қуш емиш ташиган, сўнгра жиш полапонларини учирма қилиб, ташлаб кетган бўлса керак. Дала-туз сира ўзгармади, назаримда, минг йиллар аввал шундай эди, эндиям шундай қолаверса керак, деб ўйлайман.
Одамлар ҳаёти эса ўша-ўша тарзда давом этарди:
– Ҳой, бола бўлмай кет! Сени нимага туққанман, дала-даштда санқигин дебми? Бор, ишинг­­ни қил! Ҳамма юмуш битта ўзимгами?
Теварак нимага бунақа? Нега қуш учадиган, қумурсқа ўрмалайдиган, сигир кавш қайтарадиган, кучук ҳурадиган қилиб яратилган?
Тенгдошлар билан ҳам шу мавзуда гаплашиб қоламиз:
– Нимага Худо бизни одам қилиб яратган?
– Бир куни катта бўлиб, бола-чақа кўрсин деб.
Ҳақиқатан ҳам, ўша маҳалгача эшитганларим орасидаги энг тўғри фикр шу бўлиб туюларди. Бутун теваракнинг қилаётган иши фақат шугина, яъни дов-дарахт мева солар, кузда баргларини тўкиб уйқуга кетар, бир неча йил ўтгач қуриб, йўқлик оламига жўнарди. Ҳамма нарса яратилиш ва хазонга айланиш ҳукми остида экан, одам ҳам шуларнинг бири, деб ўйлаш ҳаётни осонлаштирарди. Қилар ишинг фақат ризқ териш, уйга емиш ташиш, бола-чақа катта қилиш, шуни эплаёлсанг, олам гулистондай туюларди. Яъни, заҳмат чекаётган бутун элнинг ҳаёти дашт қорақушиникидан ортиқ эмас эди.
Меҳнатлар эса давом этарди. Самода ўзимизнинг булутлар сузар, ёмғиру қорлар ёғар, қуёш чиқиб-ботар, қишлоқ тепасидан шамоллар елиб, тасаввурни жуда олисларга – хилват ва бепоён ўрмонларга, ажойибот ўлкаларига, уммонлару музлар маконларига олиб кетар, озод-­озод, одамни сармаст қиладиган гўзалликлар диёрига етакларди.
Дунёнинг қаерларидадир кўз кўриб қулоқ эшитмаган ажойиботлар бор, биз яшаган қишлоқ эса туссиз, зерикарли, ипидан-игнасигача ўрганиб чиқилган, кўникилган макон бўлиб туюларди-да.
– Ҳой яшшамагур! Ташла китобингни! Ўқиб одам бўлармидинг?
– Бор, молга ўт ўриб кел!
– Ерни чопиб қўймабсан-ку, аҳмоқ? Неча марта айтаман сенга?
Бундай койишлар болаларга кўп ҳам таъсир қилавермас, ими-жимида юмушларини битириб, яна ўйинга машғул бўлиб кетаверишарди.
Ўсмир ўн икки ёшида ҳалиям бола бўлади. Ўн тўртга ўтганида эса мўйлови сабза уради, юзигаю пешанасига бўжамалар тошиб, овози дўриллай бошлаганида катталар насиҳатга ўтишади:
– Кап-катта бўлиб қолдинг, энди рўзғоргаям қараш. Шу туришда юравермай, бирор ишнинг бошини тутишни ўйла.
Қанақа ишнинг бошини тутишга ақл етавермайди. Лекин катталар нима деса шу: индамай бўйин эгиб кетаверасиз. Ё томорқада етилган мева-сабзавотларни опчиқиб сотасиз, мол-қўй семиртирасиз, терак эксангиз, беш-олти йилда иморатга яраб қолади. Бунга бўйнингиз ёр бермаса, ана, сувчилик ёки тракторчилик қилинг… Отангиз тўғри айтибди, ростдан ҳам, бола эмассиз-ку?

* * *

Тавба, қуш десалар, хаёлимда уясида тухум босиб ўтирган дашт қорақушию қора чумчуқлар намоён бўлади. У манзараларнинг ҳаракатли экани ажаб.
Сигир десалар пов-пов кўпириб соғилган, кейин нимагадир ерга тўкилган сут манзарасини кўраман.
Нега айнан тўкилган сут жонланишига ақлим етмайди.
Инсонларнинг қиёфалари ҳам маълум воқеа-ҳодисалар билан бирлашиб кетган, кимни эсламай, қайсидир воқеага боғлиқ ҳолда жонланади. Убай акани шамоллар билан бирга тасаввур қиламан, София холам ой манзараси билан уйқаш, Дашти Қипчоқдан келган сулув қиз бол ва асал ҳосил қилади, онамни ялпиз, райҳон ҳамда гул очган чечаклар ёнида, отамни қўлида болта ёки арра, кесилган дарахт шохлари ёки яхшилаб ағдарилиб чиқилган майдон ўртасида кўраман. Ўзимни мана шу манзаралар ичида учиб юрган бол арисидай тасаввур қиламан, қай манзарага яқинлашсам, ўша катталашиб, майда-чуйдаларигача намоён бўлади.
Яна анча йиллар ўтгач, улғайганимдан сўнг ҳам сира ўзгармаган далалар аро бошқа уфқлар юз кўрсатиши хаёлимга келмас эди. Ҳали яна кўп воқеалар хотирага муҳрланишини, фурсат бўлганида ҳар воқеани турган жойидан олиб айлантириб томоша қила олиш мумкинлигидан хабарим йўқ эди-да. Кишилар оламдан бехабар, шу митти ҳудудда оддийгина умр кечирар эдилар. Ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди: на ҳалокатли билимлар, ҳаёт ўрнига ўлим-у, барака ўрнига фалокат келтирувчи ризқлар, на дунё бўйлаб кезиб юрган сон-саноқсиз кишилар, на ҳаволарни янгилаб, фаслларни ўзгартириб эсадиган мавсум шамоллари…

Лайлатулқадр

Ўша йили рўза кузга тўғри келган эди.
Осмон тўла қуш, чирқиллай-чирқиллай қайларгадир учиб кетишарди. Ҳар бирининг кўчишининг маълум вақти борми? Қалдирғочлар, кўкқарғалар, турналар, ўрдаклар, ғозлар, лайлаклар кўчганига гувоҳ бўлганман. Баланд тераклару симёғочларга саватдай ин қурадиган бу қуш гоҳо тумшуғида илон кўтариб учганини ҳам кўрганман. Гўё одамлар эшитмайдиган бир ҳукми илоҳий келиб, бари ёппасига жуда олисларга равона бўлишарди.
Лекин кетмайдиганлари ҳам бор-ку? Мусичаю чумчуқлар қишли-қировли кунларда ҳам учиб-қўниб дон-дун теришар, одамлар дастурхондаги увоқларни шуларга ризқ бўлсин дея атай қор устига қоқишарди. Лекин қиш қаттиқ келган маҳалларда музлаб ўлиб қолган қушларни ҳам кўрасиз.
Катталар болаларни рўза тутишга ундашар, тутишмаса кўп ҳам мажбурлайвермас эдилар. Менга ҳам бобом уч-тўрт марта пўписа қилди, қўрққанимдан “Хўп” десам ҳам, салдан кейин қорним очқаб, тахта қутидаги нонлардан бирини билдирмасдан қўйнимга солиб томорқадаги маккапоялар ортига ўтиб шоша-пиша еб олганим эсимда.
Кишилар нима учун бунчалар қийналиб рўза тутишларига ақлим етмасди. Одамлар оч юришидан Худога нима наф? Худо ҳақидаги тасаввурим ҳам йўқ, ҳамма ундан қўрқишини билардим, чунки кишилар сал нарсага “Худодан қўрқмайсанми?” деб гапиришганини кўп эшитганман. Назаримда, рўза тутиш ҳам шу қўрқув туфайли эди, мен бобомнинг кўзини шамғалат қилиб қорнимни тўйдириб олганимдан кейин қўл ёки оёғим ишламай қолишини хавотирланиб роса кутдим, аммо ҳеч нима рўй бермагач, “Катталар алдашибди” деган тўхтамга келдим.
Рўза охирлай бошлаганида одамлар орасида лайлатулқадр ва Хизр бува ҳақидаги гаплар пайдо бўлди. Хизр – ўзимизнинг оқсоқолларга ўхшаб кетадиган бир чол бўлиб, кўзга гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай, мана шундай кечаларда эл оралаб юрар, рўпара келганларнинг мушкулларини осон қилар эмиш.
Кечаси одамлар дуо қилиб ўтиришар экан, Лайлатулқадрни лайлакка ўхшаган бир қуш деб ўйлаганман. Қанотини қоқиб ўтиб кетса, одамларнинг дуоси ижобат бўлар, ҳатто ушлаб ўтирган нарсаси тиллага айланиб қолармиш.
Бу борада қўрқинчли гаплар ҳам борийди.
Бир хотин боласини эмизиб ўтирса, Лайлатулқадр кепқолибди. Суюнганидан ҳар нарсаларни тилабди, бир маҳал боласига қараса, аллақачон тиллага айланиб қолганмиш. “Войдод, бойлик сўрамай мен ўлай” дея тилла болани қучоқлаб фарёд ура-ура, ақлдан озганмиш.
Кимлардир уни кутиб томда ухлашганини ҳам айтишади. Авваллари шундай кечаларда мен ҳам ухлаб қолар эдим. Бу сафар қизиқиб ухламадим.
Тун ярмига борган маҳал, томорқа адоғидан, қўшнининг тераклари ортидан ой самога кўтарилган, Убай ака уйига чиқиб кетган, Холис аям билан София холам сўрида эдилар.
Бир маҳал кунботар тараф яллиғланиб кетди. Қип-қизил, ғалати яллиғ эди у. Йўқ, садо келмади, шунчаки яллиғланди. Осмоннинг ярмини энлаб олди. Кейин орасидан жуда ёруғ бир нима тиккасига самога кўтарилди.
– Вой, ана Лайлатулқадр! – деди София холам. Кейин қўллари қалтираганича дуога қўл очиб йиғлаб юборди:
– Эй Художон, ўзингга шукр! Ўзингга бениҳоя шукр!
Лайлатулқадр шунақа бўлар экан-да! Яллиғнинг ҳайбати ақлимни шоширди, маълум вақтдан кейин сўнса-да, одамлар ҳаяжонланиб жаврашар, кўпчилик ухламаган, ғала-ғовур тинмасди.

* * *

Орадан бир неча кун ўтгач, ўша тунда яллиғланган синоатнинг, шунча кишиларни йиғлашга, қисмат хўрликлари аро ёлворишга ундаган ҳодисанинг сири очилди.
Биздан олисда, ўша асал юзли қизалоқ яшайдиган Дашти Қипчоқ томонларда ҳарбийлар бор экан. Ер остига ракеталар жойлаштирилган экан. Ҳарбийлар истагани он ер сурилиб, тубидаги ракета самога отилармиш. Жуда баҳайбат, узоққа учадиган нарса бўлар экан. Бориб тушган жойининг кулини кўкка совуриб юборадиган қудратга эга эмиш…
Лайлатулқадр ҳамда Хизр ҳақида бундан бошқа, кулгилироқ гап-сўзлар ҳам юрарди. Шу қишлоқлик бир йигит кечаси эгатларга сув тараб юрган экан, иттифоқо бир бува сувдан хабар олгани чиқибди. Даҳана толлар остида экан. Тунда, ой ёруғида бораётса, ҳалиги йигит бувани кўриб, тили калимага келмасдан серрайиб туриб қолибди. Кейин жонҳолатда югуриб келиб, икки қўллаб бош бармоғини ушлаб олибди.
– Қанақа аҳмоқ боласан, қўйвор қўлимни! – десаям қўйвормасмиш.
– Жон бува, дуо қилинг, рўзғоримга барака кирсин. Заҳматда қийналиб кетдик. Иккита қизим бор, битта ўғил ҳам берсин! – дермиш ёлвориб.
Шу тариқа, тупроқ кўчалар, гувалак деворлар, лойсувоқ уйлар, иссиқда ҳансираган дала-туз, ҳар нарсага дарров ишонаверадиган содда одамлар аро улғаярдик тенгу тўш. Хизри Илёс, Нуҳ пайғамбар, қадр кечалари, одамлар оғзида юрадиган турли-туман ривоятлар тобора узоқлашиб, олислашиб борарди.
София холам
София холам – эсини таниб-танимасдан турмушга чиққан қишлоқ аёли эди. Данакдайлигидан онасининг ёнига кириб митти муштчалари билан хамир қорган, ҳовли супурган, томорқада ўт юлган, сигир-қўйларга қараган, қишнинг совуқларида ўтин кўтариб сандалга олов қалаган… шу меҳнатлар аро бир куни келин бўлишни, кенг-мўл, иссиқ уйда болаларини катта қилишни орзулаган бўлса ажабмас.
Мен эсимни таниганимда эса кап-катта хотинга айланган, биринчи турмуши бузилиб, эри қиз туққани учун ҳайдаб юборгач, орадан қанчадир вақт ўтиб, ёши анча катта бошқа бир одамга турмушга чиққан эди.
Турмушга чиққач, уйимизга келишлари ҳам серсилиб қолди. Авваллари кўп келарди. “Тўлпоқ, вазмин бола эдинг, даладан қайтишда сени қўмсаб уловдан тушиб қолиб, шунча йўлга пиёда келар, кўтариб бағримга босганимдан кейингина шом қоронғисида уйимга кетардим” деган эди бир пайтлар. Бу гапларнинг маъносига ўшанда ақлим етса қанийди? Унинг маъноси – шом қоронғисида, чарчаган бўлишига қарамасдан анча йўл босиб, бир-икки ёшга тўлиб тўлмаган жиянини кўришга келган холанинг иддаоси эмас, балки “Сени жудаям яхши кўрардим” деган иқрор эканини мен нодон, кейинроқ англаб етдим.
София холам диёнатли, покиза аёл эди. Уникига ўйнагани борардим. Борсам, дарров дастурхон ёзиб, қанд-қурс, туршак опчиқарди. “Жияним мени кўргани келди” деб қувониб кетарди-да. Холамнинг томорқасида катта тут бор эди, шохларига чумчуқлар ин қурган бўлиб, полапонларини олишга қизиқардик. Лекин тепага чиққани қўрқардик, чунки у ерда катта илон борийди. Илондан ҳайиқишимиз бешбаттар қизиқтирарди, тут остига яқин боролмасдан, узоқроқдан туриб шохларига ўралиб олганми-йўқми дея кузатардик. Мабодо кимдир юрак ютиб тут танасига ўрлагани он, бироз кутиб тургач, баримиз бараварига “Илон!” деб бақирсак, ботир дўстимиз ўша заҳоти ўзини пастга ташлаб тирақайлаб қочса, қотиб-қотиб кулардик. Бу ёқда илон ваҳимасидан титрасак, у ёқда холам койиб қоларди:
– Ҳой болалар, тегманглар! Бечорани Худо шунақа, судралиб юрадиган қилиб яратган. Ризқини излаб юрган бир махлуқ-да, шўрлик…
Холамнинг исми бошқа аёллар исмига ўхшамаслиги ҳайрон қолдирарди. Бизнинг қишлоқдаги аёлларнинг исмлари Ойнисо, Турғуннисо, Хосият, Назира, Ибодат… бўлиб, бегонароқ бундай исмни ҳеч нимадан хабари йўқ, умрини далада деҳқончилик билан ўтказган бувам қайдан топиб қўяқолган экан? Табиийки, маъносини ҳам билмасдим. Аёл исмига “ой” ёки “хон” қўшиб айтилгани учун, холамни ҳамма “Софияхон” ёки “Софияой” деб чақирарди, қишлоқ тилида у аллақачон “Сапия”га айланиб кетган эди. Софияой деган исм менга кўпроқ ёққани учун, тунги булутлар орасидан кўринган хаёлий тўлин ой манзарасини ёдимга солади.
Дастурхон устида гоҳо танбеҳ ҳам берарди:
– Нонни ўнг қўлинг билан е!
– Чап қўлим билан есам нима қипти?
– Чап қўлинг билан есанг, қуриб шол бўлиб қолади.
Мен эса бекитиқча чап қўлим билан нонни ушлаб кўрар, қўлим шол бўлиб қолмагач, холамнинг гапларига кулардим.
Бошқа ўгитлари ҳам шунақа эди:
– Калишни ўнг оёғингдан кий!
– Нимага?
– Оёғинг ишламай қолади!
– Чумолини ўлдирма, мени нимага ўлдирдинг, деб қарғайди!
– Ўтларни пайҳон қилма, уларнинг ҳам жони бор, худо дейди!
Табиийки, холамнинг тақиқларининг терсини қилиб кўрар ва қўрқувлари беҳуда эканига, мени алдаганига ишонардим.
Холамнинг назарида, ҳар нарсанинг жони бор ва ҳаммаси “Худо” деб униб-ўсар эди.
Мен улғайганимда холам кампир бўлиб қолган эди. У нурни, у юзларни ҳалигача соғинаман. Гоҳо тун-кечаларда бирданига кўргим келиб қолади. Майин жилмайишини, юзидаги поклик ва мусаффоликни қўмсайман.
Улғайгач, у исмнинг мазмунидан хабар топдим. “София” – юнончада “илоҳий донолик”, арабчада “мусаффолик” деган маъноларни англатишини билганимда, “Албатта холамга айтаман, эшитиб суюнади” деб ўйлаганман. У маҳал холамнинг менга меҳри янада ортган, “полвон болам” деб суяр эди. Бир куни йўқлаб борганимда шуларни ҳикоя қилиб бердим.
– Хола, исмингизнинг маъноси жудаям бўлакча экан.
– Қанақа экан?
– Қадим замонларда София деган бир қиз тушида ойнинг ерга тушганини кўрибди2. Сўнг туш ўнгидан келибди, яъни муборак бир кишига турмушга чиқибди.
– Ростданми? – холамнинг кўзлари жиққа ёшга тўлиб кетди. – Шунақа воқеа ростдан ҳам бўлган эканми?
– Ҳа, хола, бўлган экан.
– Катта китоблардан ўқидингми?
– Ҳа, катта китоблардан ўқидим.
– Эй Худойим, – деди холам, овози титраб, бирданига кўзининг ёши дув оқиб. – Мени шунақа қилиб яратган эдингми?
– Хола, нимага йиғлаяпсиз? – деб сўрадим тушунмасдан, бирор ножўя гап айтиб қўйдимми дея хавотирга тушиб.
– Мен ҳам кўрган эдим, – деди кўзлари жиққа ёш холам, юзига ғайриоддий бир нур иниб. – Кичкина қизалоқ эдим. Тушимга оппоқ соқолли бир чол кирган эди. Ўшани имоси билан ой ерга тушувди…
– Йўғ-э?
– Ҳа, болам, – деди. – У сираям катта эмас, мен тенги бир қизча экан. Иккаламиз қўл ушлашиб, шудринг босган томорқаларда роса ўйнаганмиз. Менга ўзининг ҳикоясини ҳам айтиб берган.
– Қанақа ҳикоя экан?
– Ой ҳикояси бўлади-ю, оддий бўлсинми? Жуда ажойиб эди.
– Айтиб беринг.
– Эсимда қолгани шуки, – жилмайди холам. – сен ҳам, мен ҳам бежиз яралмаганмиз, деган эди. Ундан “Бепоён осмонда бир ўзинг зерикмайсанми” деб сўраганимда, “Зерикаман, чунки сендақа ўртоғим йўқ-да” дегани эсимда. Бир куни Худонинг суйган бир бандасига турмушга чиқаман, менинг яралишимнинг ҳикмати ўша банданинг хизматини қилиш, деган эди. Яна, сен ҳам ажойиб бир кишига турмушга чиқасан, ҳаёт осмонида ойдай балқиб, бир этак болаларинг бўлади, то ҳаётинг сўнгигача инсонлар қалбини ёритиб турасан, деди. Аммо ўзи ҳақида неки айтган бўлса, кўпи унутилган. Балки унутмагандирман? Балки у айтмаган-у, ўзим шунақа хаёл қилгандирман? Шуларни айтгач, “Юр, ўйнаймиз” деганида қўшилиб чопганим, шудринг­лар оёқларимни ҳўл қилгани ҳам эсимда. У маҳал кичкинагина қизалоқ эдим-да… – хўрсинди холам. – Мана, энди қаридим…
Холамнинг гаплари у ҳақдаги тасаввурларимни буткул ўзгартириб юборди. Энди ҳар гал борганимда уни севинтирадиган майда-чуйдалар кўтариб борар, озғин қўлларини кафтимга олиб силар, юзимга сурар, кўзимга босиб тавоф қилар эдим.
София холам дейилганида бол, сут ва ой бир жойга жамлангани-чи? Сўзи болдан ширин, қалби сутдай оқ, юзи ойдай малоҳатли бўлиб қалбимнинг ичидан ўрин олгани-чи. Йўқса, буғдойранг, озғиндан келган, баланд бўйли бир хотин эди.

Убай ака

Убай ака бизнинг қўшнимиз, бақувват, елкалари кенг, овози қаттиқ киши эди.
Асли исми Убайд бўлса бордир, халқ уни ўзига мослаб “Убай” деб олган, гоҳида “Убайдин” деб ҳам чақиришарди.
Отаси иссиқ кунларда уйининг олдидаги тахта супага чиқиб ўтираверадиган индамас қария бўлиб, бизлар ундан қўрқардик. Бир маҳаллар урушга борган, танк ҳайдаган де­­йишса-да, туриш-турмуши қаҳрамонларга сира ўхшамасди-да. Кўчадан-ўтган кетганларнинг баъзилари бош лиқиллатиб салом бериб, баъзилари уловидан тушиб қўшқўллаб кўришиб ўтишларини ҳам кўрардиг-у, кейин яна ўз ўйинларимизга – тераклари ўсиб ётган қаровсиз боғларга жўнаб қолардик. Боғ теракларининг тубида улкан баргли отқулоқлар, доимо соя тушиб тургани учун ранги айниб кетган ўргимчаклар ва уларнинг катта тўрлари аро худди эртаклар мамлакатидаги каби кезардик, у ерда узоқ ўйнай олмасдан, соялар ва туссизликлар кўланкалари аро яна қуёш мўл-кўл чарақлаб турган, мевалари ғарқ пишган ўз далаларимизга чопақолардик.
Убай аканинг хотини, болалари ҳам борийди. Холис ая баланд бўйли, келишган аёл бўлиб, Убай аканинг зуғум ва тазйиқларига лом-мим демай бардош берадиган ва ўша зуғумлар аро болаларини тишида тишлаб катта қилаётган бир хотин эди.
Қисқаси, эл қатори, бола-чақа ташвишидаги бир оила. Офтобшувоқда уззукун ўтирадиган, уруш кўрган кекса ота, уй ишлари билан андармон хотин, бирин-кетин етилиб келаётган одобли болалар… кўчадан бери келмайдиган Убай ака.
Маҳалладагилар Убай ака билан айтишиб қолишдан эҳтиёт бўлар эдилар. Сабаби, жини бор дейишарди. Кўзининг оқидаги холи ўша жин бўлса керак, деган гапларни эшитганмиз. Ҳақиқатан ҳам, Убай аканинг кўзига тик қараб туриш қийин, ғалати бир жунуни борийди.
Уйимизда юмушлар билан машғул эканмиз, баъзан бақиришлари эшитилиб қоларди:
– Ҳе, турқингга сени!..
Нимага сўкинганини билмайман, салдан кейин Холис ая бизникига қочиб чиқар, қўрқиб-ҳайиқиб, ранги бўздай оқариб эрининг жаҳлдан тушишини кутарди. Бир-икки марта ҳовлисида уни қувганларини эслайман, бақувват эркак пишқириб бақирар, заиф хотини эса олдига тушиб, йиғлаб қочар эди.
Ўша шиддатию жасорати билан нимагадир онамдан ҳайиқарди. Гоҳ жанжал авжига чиққанида онам уларникига кириб:
– Ҳу, Убай бўлмай ўл! – деб қарғар, кейин Холис аяни юпатарди.
Убай акадан мен ҳам қўрқардим. Кафти ниҳоятда улкан, биров “Ҳа?” деб кўришгани қўл узатса, қўшқўллаб кўришишимиз кераклиги ақлимизга қуйилган, у одам эса биз каби болаларни қўлини қаттиқ сиқар, шунда эт эзилиб оғриса, хохолаб куларди.
Салга лов этиб ёниб, жанжал чиқараверарди-да. Оқсоқоллар бизларга уришиб-талашманглар деб насиҳат қилишар, аммо куппа-кундуз куни кўчада ёқавайрон бўғишаётган кишиларни кўрсак эсимиз оғиб, на қочиб кетишни, на яқин боришни билмасдан, ҳам қўрқув, ҳам қизиқиш билан узоқроқдан томоша қилардик. Биров инсофсизлик қилса, мисол учун, бозорда мош-гуручга тош қиринтиси қўшиб сотса ёки қўйни семиз кўрсатиш учун жониворни орқа туёғи пайининг устидан тешиб, тери остига ҳаво юборса, кимдир бошқа бировни алдаб чув тушириб кетса, қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳамманинг ичида бўралаб сўкар, кейин бошини чайқаб-чайқаб:
– Энангни кўрдинг, ҳой халқ! – деб бақирарди. – Бир-бирингни алдамайдиган бўлмагунингча, одам ўрнида кўрмагунингча одам бўлмайсан!
Ҳа, зўр эди, уришқоқ эди, унча-мунча киши бас келолмас, аммо ҳассасига таяниб зўрға юрадиган чоллардан ҳайиқарди. Чоллар койиб беришса, хўп деб бош эгиб, итоаткор бўлиб қолар, ўша бош эгганича уйига қараб жўнарди.
Бир куни бостирма остидаги буқа арқонини узиб, одамларни қува кетди. Убай ака уйда эди. Ҳамма қочса ҳам оёқларини кериб, буқага қовоқ уйиб қараб тураверди. Бир маҳал ҳайвон унга қараб интилди. Қаршисига келиб, ер тепиниб шохлашга чоғланганида, Убай ака “Ҳе, ўша турқингга” деб бақириб, олдинга ташланди-ю, улкан мушти билан пешонасига бир урган эди, буқа гангиб қолди. Бу одамдаги қудратни кўрсангиз эди! Шохидан қайириб ерга ағдарди, кейин бўйнига миниб, ҳануз қайирганича “Холис, арқон опке!” деб бақирди. Ажабки, буқа ҳам ювош тортиб қолди, шундан кейин Убай акани кўрса, ҳайиқиб ортига тисариладиган одат чиқарди.
– Бу буқа энди одам бўлмайди, – деди Убай ака, хохолаб кулиб. – Шохи қайрилди-ю? Қассобни чақириб сўйдириб, гўштини сотворсанг, савобга қоласан!
Яна эсимда қолгани: пастак валишларда етилган, нимагадир ачқимтир таъмли қора-кўкиш узумлар, мазаси тилни ёрадиган тукли шафтолилар бўлиб, Убай аканикида мевали дарахт йўқ эди, ёки бор бўлса ҳам бир-иккита бўлса керак. Балки ҳамма қўшниларнинг боғу боғчаларига бирин-сирин бош суқиб, ейишга арзигулик ширин таъмли бир нима ахтарганимизда Убай акадан қўрқиб, ҳовлисига кирмагандирмиз? У ёғи эсимда йўқ. Ҳозир ўйлаб қарасам, хаёлимда Убай аканинг бўралаб сўкинишларию Холис аянинг мумсик қиёфаси қолибди, холос.

* * *

“Убай ўзини кўрсатгиси келаверади”, дейишарди кишилар.
Ёлғиз ўғил эди-да. Холис аянинг ука-сингиллари келиб, ҳовли-дала ишларига ёрдамлашишарди. Адашмасам, аянинг бир иниси ҳам борийди, узун бўйли, озғин киши… Убай ака ерга, мол-ҳолга ҳам қарамасди, кўпинча аянинг уйида ўша укаси, синглиси ер чопишар, экин экишар, аммо уйнинг эркаги диққат қилмагач, бир нима унармиди? Ёзда томорқалар саранжом-саришта бўлгани ҳолда Убай аканики қаровсиз бўлиб чиқарди. Ёлғиз ая уларни эплай олмасди, албатта. Болалар эса ёш эди, катта ўғли синглимнинг, ўртанчаси укамнинг синф­доши бўлиб, бирга тушган суратлари ҳозиргача бор: уч яшар, иштонсиз икки болакайнинг илжайиб турган сурати.
Менинг ақлим сал аввалроқ кирган, шекилли, гоҳо Убай ака ёнига чақириб, суриштирарди:
– Ишлар қалай, укам?
– Яхши.
– Қачон энди уйланасиз?
Мана шу саволга орим келарди. Тўрсайганимни кўриб Убай ака шаштидан тушарди, қаршисидаги хивчиндай озғин болага зуғум ўтказгиси келмасмиди, ҳарқалай:
– Уйлансангиз, бурнингиз кўтарилиб кетмасин-а? – деб қўярди.
Бурун кўтарилиб кетиши нималигини билиб олган эдим. Бу жумлани илк бор қачон эшитганимни эслолмайман, аммо буруннинг кўтарилиши – одам бошини орқасига хиёл ташлаб, бошқаларга бурнининг учидан назар ташлашини, яъни кибрланишни билдирарди.
Орадан бироз вақт ўтиб, Убай ака қайгадир ишга кирди.
Энди бақиришлари камроқ эшитилар, чунки уззукун ўша ишида машғул эди. Томорқа янада қаровсиз бўлиб қолди, ота қурган уй янада чўкди. Орада бува ҳам оламдан ўтиб кетди. Ҳар баҳорда Убай аканинг ўғиллари уй деворини оҳак билан оқлашар, томорқа эса ўша аҳволда ётаверарди. Убай уй қурмади, дейишарди одамлар. Ота ўғлимга деб қургач, болаям вақти келиб иморат кўтаради. Убай ака уй қурмади-ю, тўсатдан дарвозаси олдида кўк рангли яп-янги машина пайдо бўлди.
“Убай мошина олибди!”
Қай тарз олганига ҳамма ҳайрон эди. Машина пайдо бўлгач, Убай ака бир-икки ой эҳтиётлаб миниб юрди, кейин у ҳам қаровсиз ҳолатга келди. Бир куни, ҳаммамиз кўчада эдик, шом қоронғиси тушиб улгурган, ёзнинг иссиқ оқшоми, теваракни доғ бўлган ёғ иси тутган, қалдирғочлар ер бағирлаб учган маҳал… узоқда бир машина кўринди-да, шу тарафга қараб ўқдай учиб кела бошлади.
“Маст келяпти, қоч”, деб қочдик.
Машина ёнимиздан ғувиллаб ўтиб, тўппа-тўғри симёғочга бориб урилди. Қарсиллаган овоз чиқди, эшиги очилиб, ичидан Убай ака тушди. Оёғида зўрға турарди. Қийшайиб ётган мошинага бир зум қараб турди-да, кейин қаттиқ тепди:
– Ҳе ўша, турқингга сени!..
Ўзи уйига кириб кетди.
Машина эрталабгача шу зайл турди. Эрталаб нима қилишганини билмайман, чиқиб қараганимда ерда ойна синиқлари ётар, машина эса йўқ эди.
Болалар ўзаро Убай аканинг қилиғини айтиб кулишар, ҳамма орзу қилиб юрадиган ажойиб машинани бир пулга олмаганига ҳайрон қолар эдик. Орадан яна бир-икки ой ўтиб, Убай ака яна битта машина олди. Эскиси уйининг кираверишда чанг босиб роса турди, Убай ака эса янгисини миниб юраверди.
Аммо уй-жойига яна қарамади.
Маҳалладагиларнинг кўпи насиҳатни яхши кўрадиган кишилар эди, шулардан бир-иккитаси унга насиҳат қилмоқчи бўлган экан, Убай ака шунақа бўралаб сўкибдики, нарёғи йўқ.
Маҳалламизнинг ёши улуғлари хушмуомала, оғир-вазмин, биз каби болаларга одоб-тарбиянинг ўрнаги бўлиб кўринса-да, Убай аканинг терс феълига ҳеч тушунмасдик.
Кейин олисга, ўқишга кетдим. Сўлим, кўкаламзор шу масканимдан узоқлашдим, бегона жилвалар кўзни қамаштирди. Тоғнинг виқорию гўзаллигини узоқдан кўр, дейдилар, қишлоғим кўзимга бениҳоя гўзал, одамлари бениҳоя ажойиб кўрина бошлади.
Кетаётганимда Убай ака:
– Ҳа, майли, – деди. – Дунё кўринг, аммо бурнингиз кўтарилиб кетмасин-а? Қишлоқни эсдан чиқариб қўйманг.
– Хўп.
– Яшанг, – деди у бирдан тўлқинланиб. – Мен Убайдинман, билиб олинг. Менга букилганга етти букиламан, бошини кўтарганга ўн баравар бош кўтараман. Шуниям унутмасангиз бас.
…Ўша маҳаллар Холис ая… оламдан ўтиб қолди.
Шунақанги ич-ичимдан ачиндим-ки!
Икки юзида кулгичи бор, истарали эди-я! Тандири бизнинг деворга туташ, ланғиллатиб ўт ёққанлари, иссиқ нонларидан олиб чиққанлари, онам бир нима деб ҳазиллашса шарақлаб кулганлари эсимда. Бола эканман, онам “Бор, Холисхонникига кириб хамиртуруш опчиқ” дер эди, ая хамиртурушга қўшиб туршакми-мевами берарди. Ҳазил-ҳузулни яхши кўрадиган хотин эди, бўйчан, кўркам эди. Жилмайиб гаплашарди, мен унинг қовоқ уйганини ё жаҳл билан тўрсайганини ҳеч кўрмаганман. Йўқса, биз каби болакайларга баъзи кишилар ёлғондакам пўписа ҳам қилишар эди-да.
Маросимлар ўтгач, бир куни хабар олгани кирдим. Убай ака кираверишдаги уйчада ўтирган экан. Кириб, фотиҳа қилдик. Убай ака бирдан жонланиб кетди:
– Қани туринг, анави чойнакни бу ёққа олинг-чи.
Олиб бердим.
– Нонни синдиринг, пиёладаги шамани тўкинг.
Айтганини қилгач, Убай ака менга чой қуйиб узатди-да:
– Ана, ҳалиям ўзимизни боласиз, – деди қониқиш билан.
Атай қилганини билиб турардим.
– Холис яхши хотин эди, – деди кейин, ўйланиб. – Индамайгина яшаб, индамайгина ўлди-қолди. Бошқа хотин олсаммикин?
Кўзларига қараб, бу ғалати саволни менга эмас, ўзига бераётганини сездим.
– Йўқ, энди бўлмайди, – деди кейин.
– Сизга бир гап айтайми? – деди катта бошини қуйи солинтириб, пиёлада чойни айлантириб. – Эскиларнинг бир гапи бор: хотинга зуғум ўтказсангиз, қариганингизда ўчини олади. Ўшан-чун бир қаттиқ, бир ширин гапиришингиз керак.
Ҳадеб яхши гапираверсангиз, ўзидан кетади, эрим нима десам кўнади деб ҳаволанади. Ҳадеб зуғум қилаверсангиз, тош остидаги майсадай эзилиб кетади, ҳаётдан кўнгли совийди. Мана шу иккаласининг ўртасида бўласиз.
Укам, мен Холисга кўп зуғум қилдим. Нетайки, тушуниб етганимда у йўқ. Энди яна уйланиб, шу тутумни тутай десам, барибир Холис бўлармиди?
– Яхшиси, мен ҳам кетаман, – деди кейин, бирданига кулимсираб. – Холис ҳозир жаннатда бўлса керак.
Жаннатдаги хотинлар қанақа яшашар экан, билмайман-у… аммо Холисим менга кўзи тўрт бўлиб ўтирганига ақлим етади.
Жаннат ҳам бир боғу бўстон бўлса керак-да. Ўша ерда юмушларини бажариб юргандир?
Лоп этиб бориб қолсам, суюниб кетса ажабмас. Атрофи ҳар қанча чиройли бўлсаям, барибир эри бу ёқда-ку, татирмиди?
Нима қилсаям, кўз очиб кўрганиман, бориб қолсам, юз-кўзи порлаб, питирлаб қолар? Ҳаётдалигида ишдан келсам шунақа бўларди. Ўзидан кетмасин деб ёлғондакам қовоқ уйиб, тескари қараб илжайиб қўярдим.
Эҳ, укам… Ҳозир ўйласам, ичимда аллақанча яхши гаплар бор экан, ўшаларни айтмабман-да, деб афсусланаман. Умр ўтиб кетар экан-ку?
Бориб қолсам, ўша ёқда айтарман деб ҳам ўйлайман.
Қанақа гапиришимни тасаввур қилсам, кулгим келади. Мени-ку худойим жаннатига киритмаса керак, аммо хотинимни кўргани келдим, десам-чи? Киритмасмиди? Эр-хотинни бир-бирига интизор қилиб қўярмиди? Ўртада никоҳ бор-у?
Энам ҳам жаннатда бўлса керак. Аммо Холис бошқа жойда, энам бошқа жойда. Тасаввуримда энам ўша ёқдаям нон ёпаётгандай туюлади. Тандирда қизарган иссиқ нонлар. Мен борсам, “Вой, онанг чўринг бўлсин” деб дарров йўл-йўл дастурхонини ёзиб, чой дамлаб келиб, кейин “Ҳозир сомсаям ёпиб бераман, ўтириб тургин-а” деб шоша-пиша тандир бошига кетадиганга ўхшайди.
Қайдам, ўйлайман-у, сира ақлим етмайди. Ичим тўла шиддат-у, нимага сарфлашга ҳайронман. Гоҳо бировларга ташлангим ҳам келади. Дашту саҳроларга, тоғу тошларга кетсам дейман. Бир ёни тоғ, бир ёни ўнгир яйловларда чайла қуриб яшагим, тоғларга қараб бақиргим, бўриларни тутиб, бўғзини чайнаб узгим келади.
Ҳеч қаерга сиғмайман-да.
Эҳ, укам… Бу дунёда яшар ҳолим қолмади. Болалар катта бўлди, бари рўзғорим деб уриниб юришибди. Гаплашай десам, ниманиям гаплашардим? Келинимдан тортинаман, шу уйчага кириб ўтиравераман.
– Отамдан қўрқар эдим, – деди кейин. – Урушдан қайтиб келгач, индамас бўлиб қолган эди. Ҳеч нима демасди, ўсиқ қошлари остидан хўмрайиб тикилиб тураверарди. “Ота, нимага бунақа қараяпсиз?” десам ҳам лом-мим демасди. Ҳеч нима қилмасди, уй-рўзғорга қарамасди, кўрган кунига шукр қилиб ўтираверарди. Ўзи гапирмасди, гапи бўлса энам орқали етказарди. Шу, улғайганимда “Уйлансин, бир этак бола-чақа кўрсин” дебди. Ота-ку, гапини икки қилиб бўлармиди? Уйланганимдан кейин рўзғор бошимга тушди… Худога шукр, Холис яхши хотин чиқди.
– Ўйлаб қарасам, Холисимни роса яхши кўрган эканман, – деди хўрсиниб.
– Шу ёшга кириб, энди билдингизми? – деб кулдим.
– Ҳа, қадрини кўрсатиб қўйди. Ҳаётдалигида аразлаб онасиникига кетиб қолса, бир-икки кундан кейин барибирам қайтиб келади, деб бормас эдим. Ҳақиқатан ҳам, кун ўтиб, бир қўлида тугуни, бир қўлида боласи билан кириб келаверарди. Онаси ўтганидан кейин сира кетмади. Борадиган жойи йўқ эди-да, қайгаям борсин? Мана, энди аразлаб кетган жойини қара! – деди хаёлчан. Ниманидир эслаб яна кулимсираган эди, юзи ёришиб кетди. – Барибирам изимдан келмайди деб ўтиргандир?
Бу гапга нима дейишимни билмас эдим. Йўқ, кутаётгандир, дейми? Ёки, ҳақиқатан ҳам кутмаётган бўлса керак, дейманми?
– Сизга бир гап айтайми, – деди кейин. – Шу қишлоқ тўла одам эди. Бари келишган, кўркам кишилар эдилар. Фариштадай кампирлар борийди. Ҳаммаси кетиб қолишди-я?
Кузда ўт-ўлан сарғайиб уруғларини тўкиб юборади. Кейин аста-секин сўла бошлайди. Худди биров бир чеккадан ўриб-ғарамлаб келаётгандай…
Назаримда, кетганларнинг бари ўша ёқда, бир кўчани тўлдириб яшашаётгандай.
Шу кўчамиз ўша ёқда ҳам худди шунақа бўладигандай.
Ўҳ-ҳў, бу халқ қанақа эди, сиз билмайсиз-да…
“Эҳ, Убай ака! Мен билмасмидим?” дегим келади. Дегим келади-ю… энди Убай ака ҳам йўқ-да…
Йўл бўйидаги ариқда тоза сувлар шарқираб оқарди. Тоғу тошлардан оқиб келадиган, сут каби оқ сув эди. Олтин беҳилар етилар, узумлар катта-катта бош солиб, ғарқ пишарди, узум занг­ларини кеч кузда ерга кўмардик. Оқшомлари оппоқ яхтак кийиб, белбоғларига пичоқ тақиб олган кишилар кўчаларда гаплашиб туришарди. Биров терак кесарди, товуши шу ёққача келарди, арра остидан чиққан қипиқ исигача туярдингиз. Ҳар ҳовлида, валишлар остидаги ўчоқларда овқатлар пишарди. Одамлар пиширган таомларидан бошқаларга илинишарди. Шомда уйида ўтиргиси келмасдан, бир-бириникига чиқар, хотинлар бир ён, эркаклар бир ён, то ой ҳаволаб кетгунича гаплашиб ўтиришарди.
Энди ўша одамларни тополмайман. Кўриб гаплашгим келади-ю, сира иложи йўқ.
Барини бирма-бир эслайман. Ҳовлиларнинг сувоғи тўкилган деворларидаги ҳар гувалак бир қисматдан дарак беради. Ўтиб кетган улуғларимизнинг гап-сўзлари, бобомнинг “Ҳой, бетаъсир” деб чақиришлари, отамнинг суюниб кириб келиш­лари… Қай бирини айтай, жуда кўпчилик йўқ-да.
Шу айланишда она қишлоғимга ўтаман. У ерда теграсидаги тол шохлари сувгача эгилган улкан ҳовуз бўларди. Бир четида ларзон-ларзон беҳи пишарди. Бепоён далалар аро чопиб ўйнаганларимиз эсимда. Кўчалари болалигимдан таниш, ҳар дўнги, ҳар чуқури ёд. Аммо у ердаги кишилар ҳам йўқ…

Дашти Қипчоқ

Нимасини айтай, Дашти Қипчоқдан келган у қизгина то улғайгунимга қадар хаёлимни асир этди.
Баҳор келганида гул-ғунчалар очилади. Уларнинг ҳар бири ёмғирлару шамоллар аро – юзи иссиқда пўрсиллаган, кулиб қараши билан ёдимда қолган ўша қизнинг сиймосига айланади.
Атлас кўйлаги олов ёлқинида товлангани ҳам эсимда. Қўллари дағал, меҳнатда ёрилган, қоп-қора сочи қалин эди. Вақт ўтгани сайин малоҳати ортиб боравергани-чи?
Ҳар ҳолда, бироз улғайганимдан сўнг, уни яхши кўриб қолган бўлсам керак, деган тўхтамга келдим. Ўз фикримдан ўзимнинг орим келди, йигит исмимга мос тутум эмасди бу. Қишлоқда бировни севиб қолган киши мазахга қолиши бор гап. Биров бировга кўнгил қўйиши жуда ўзига хос, маҳрам мавзу ҳисобланади.
Лекин менинг ақлу хаёлимни Дашти Қипчоқ қизи кўп йиллар банд этиб юрди. Ўша, қайрағоч шохлари орасидан оққан асал билан унинг сиймоси бирлашиб кетди. Қизарган юзи, нимагадир мовий тусда порлаган офтоб, иссиқда ранги ўзгарган осмон, кишиларни эритиб юборадигандай туюладиган ёз ҳовурлари аро балқиб тураверди. Мовий деганимнинг сабаби – қуёшга тикка қараб турсангиз, бироздан сўнг теграсида қизил аланга ловуллаб турган мовий оловга айланиб қолади. Оний у манзара хаёлимга ўша мовийлиги билан кўчиб ўрнашганига ҳайронман.
Қишнинг қаҳратонларида қалбимни иситганини айтмасам ҳам бўлар. У маҳал ишқ-муҳаб­батни англайдиган ёшда эмас эдим. Лекин уни ўйласам, қалбим ҳароратга тўларди. Совуқ уйга ўтин опкириб ёққач, кечқурун ҳамма бир дастурхон атрофига тизилиб таомлангач, уйқуга ётганимда ҳам ўшани ўйлайверардим.
Юрагимга кириб келган у номаълум туйғуларни Тангрим не учун бино қилди? Нега уни инсонликнинг энг олий, энг юксак туйғуси ўлароқ танлади? Лекин, бир томондан, муҳаб­батимни ор деб ҳисоблар, гуноҳдай туюлган ўша туйғу ичимда борлигидан тортинар, биров билиб қолишини ўйласам, юзим хижолатдан лов-лов ёнар, худди менга бениҳоя ишонган отаю онам қошида кечириб бўлмайдиган ножўя бир иш қилиб қўйгандай, ичимда улар билмайдиган ёмонликни олиб юргандай эдим. Бошқа томондан, етти пушт олисдаги қариндош бўлишса-да, улар билан ҳаддимни сақлаб гаплашишим кераклигини билардим. Қишлоқ шу эди-да, ҳатто тенгдош қизлар билан кўчада гаплашиш ножоиз саналар, чунки қиз-жувонлар оилаларнинг, эркакларнинг ор-номуси ҳисобланарди. Аёлларга эҳтиётсизлик туфайли айтилган бирор гап ёки бирор-бир ўсмирнинг ўйламасдан қилган муҳаббат изҳори учун ҳам жанжал чиқар, ўзини ўша қизалоқ шаънига алоқадор деб билган кимки бор, бири пичоқ, бири паншаха кўтариб “ора очди”га келаверишарди. Улғаяётган қизни ака-укаси, тоға-тоғаваччаси, амакию амакиваччасигача – бари бирдай эҳтиётлаб-ҳимоялаб юришар, сувга ёки бошқа юмушга бир ўзини чиқаришмас, кеч кирганида тўй-маросимга борар бўлса, албатта ёнига қўриқчи қўшиб жўнатиларди.
Худо ҳаққи айтаманки, юрагим фақат тоза туйғулар билан тўлган эди. Хаёлимда нигоҳининг ўша маҳалдагидай чақнаши, пайваста туташ қошлари остидаги чўғ кўзларининг мен билмаган ифодалари қолган, холос. Яна, у билан бениҳоя кўп гаплашгим, ўзим билган ажойиб жойларни кўрсатгим, дала ниҳоясида етилган нокнинг қир учига чиқиб, олтин меваларидан узиб тушгим келган. Катта ариқдан қандай сакраб ўта олишимни ҳам кўрсатганман. Менга миннатдор қарашининг ўзиёқ ўсмирлик мазмунимга берилган баҳо десам бўлармикин? Биргина ўша қараш учун оламдаги кўп ишларни бажаришга тайёрдай сезардим ўзимни.
У қиз ҳам менга эътибор қилганмикин? Нима учун уни етаклаб келишди экан? Қавминг, жон-жигарларинг шулар, бизлар шу элдан узилиб кетганмиз, билгину унутмагин, ришталарни маҳкам тутгин, дейиш учунмикин? Катталарнинг гапи шундай бўлса бордир, қизнинг ўзи-чи? Қаршисидаги новдадай озғин, ўзини кўрсатгиси келган бўз бола қалбида қизиқиш уйғотганмикин? Яъни, менга бир қадру қиймат берганмикин?
Яшириб нима қилдим, гоҳ-гоҳ ўша Дашти Қипчоқ томонларга боргим ҳам келарди. Назаримда, ҳар тараф ланғиллаган саҳро, пахса уйлар олдида у қиз шу тарафга бот-бот қараб, юмушларига уриниб юргандай туюларди-да. Униям, ўша қишлоқдошларимизни ҳам саҳро тутқунлигидан қутқариб, фаровон яшил боғларимизга олиб қайтгим келарди…
Бобом
Бобом – мош-гуруч соқолли, юзи ажинларга тўла, барваста қария эди.
У туғилган маҳалларда одамлар жуда қашшоқ яшашган экан. Эски замонларнинг гап-сўзларидан гапириб ўтирарди.
Ўзи новвой эди. Тўйларга нон ёпарди. Тўй нони чиройли чиқса, “Худойим, ўзингга шукр” дер, азага ёпилгани қийшиқ чиқса, “Ўзинг раҳм қилгин” деб қўярди…
Ниҳоятда қийин ҳаёт кечирганмиз, дерди. Кишилар турмуш жуда оғирлашиб кетганида ҳам қора кунларга сабр қилиб, ризқларини ердан чиқариб юраверишган. Бир кунмас-бир кун Худонинг раҳми келиб, умримизни ўнглаб қўяр деб хаёл қилишган.
Эҳ-ҳе, эл қанақа кунларни кўрмаган дейсан? Бора-бора, ҳаёт тирикчилик ғамидангина иборат бўлиб қолган. Жон-жаҳди билан рўзғорим, болам-чақам деб тиришавергач, нимаям бўларди?
Бобом мана шулардан – эски, олис, мен тушунмайдиган ғалати тарихлардан ҳикоя қилиб берарди.
– Бу дунё тўрт нарсасиз ҳеч нимага айланиб қолади, – дер эди. – Сув, ҳаво, тупроқ, олов. Ҳаво бўлмаса, ҳеч ким нафас ололмайди. Сувсиз тириклик қирилиб кетади, тупроқсиз неъмат унмайди, оловсиз бирор нарса пишмайди. Шунча махлуқотни тўрт нарсага муҳтож қилиб қўйганини кўрмайсанми?
– Раҳматини тўртта нарсага жойлаган: шамол, ёмғир, сут, асал. Шамол келмаса, ҳаво алмашармиди, дов-дарахт чангланармиди, булут келармиди? Булут келмаса, ёмғир ёғармиди, мева-чева етилармиди, ўт унармиди? Сут бўлмаса, авлод етилармиди, тириклик бўлармиди? Асал бўлмаса, шифо келармиди?
– Одам деган иморатни тўртта устунда кўтариб қўйган: соғлиқ, ризқ, шукр, барака. Соғ бўлмасанг, томоғингдан битта увоқ ўтмайди. Шукр қилмасанг, умрингга барака келмайди. Ота, она, жуфт, бола-чақа деган тўрт унсур эса тўрт томонингдан ўраб туради. Шуларни биттаси кам бўлса, оҳу зоринг осмонларга етиб зорланасан. Э, тавба…
Умрининг охирларига бориб, жаннат ҳақида гапирадиган бўлди.
– Рўза тутсанг, кечқурун ҳалвоқанд бераман, – дер эди.
– Тутсам нима бўлади?
– Жаннатга кирасан.
– У нима?
– Охири йўқ боғ-да. Қара, ҳамма рўза тутяпти. Бир кун келиб қарасанг, мана шу кишиларнинг бари худди шу қишлоқдагидай бир жойга тўпланишади.
– Тутмасам-чи?
– Гуноҳ бўлади.
– Лайлатулқадр нима?
– У сенга жуда катта қадр-қиймат беради. Шундан кейин неки олсанг, олтин бўлаверади.
– Хизр ким?
– Катта бўлганингда билиб оласан, – кейин кўзлари намланиб, соқоли титраб, ўксиниб шундай деди: – Э воҳ, ўзимнинг хизрларим бир маҳаллар шундоққина кипригим устида эди-я. Қадрига етмадим, ҳар нарсага чалғидим, энди қадрини билганимда иккаласиям кетиб қолишди. Кўргим келади-ю, кўролмайман, шунча ёшга кириб мункиллаб қолган бўлсам ҳам соғинаман…
Бобом саксон тўрт ёшида жонини Ҳаққа топширди. У маҳал мен ўн тўрт яшар бола эдим. Дунё ўзининг зуҳуротлари, воқеа-ҳодисалари билан бирга онгимга тўфондай қуюларди. Қаерлардадир мен кўрмаган-билмаган воқеалар рўй бераётганини сезиб турардим. Кишилар эски телевизорлардан кўрган, радиодан эшитган гап-сўзларни гапириб ўтиришарди. Эртагу афсоналар, урф-одатлар, Хизр алайҳиссалом ривоятлари, лайлатулқадр кечалари каби ўнлаб ҳодисаларнинг бари зеҳнимга ўчмас бўлиб ўрнашган эди.
Яъни, теграмдаги кишилар умум бир мазмунни шууримга қуйиб бўлишган, энди шу мазмун ила умр кечиришга маҳкум эдим. Бу бахтиёрликми, саодатми ёки хатоми, ақлим етмасди. Лекин ўзгартиришни истасам ҳам, ўзгартиролмаслигимни билардим.

Ҳаёт
(Генетикнинг иккинчи ҳикояси)

Бир менинг қишлоғимда эмас, минглаб қишлоқлардаги ҳаёт шундай бўлганига энди ақлим етади.
Ҳовлилар, тутумлар, маросимлар, одамларнинг яшаш тарзи бир-бирига жуда ўхшаш. Масалан, бир ҳовлига киринг. Айвон устунида михга осиғлиқ тўртбурчак радио бор. Сими қорайиб, баъзи жойлари очилиб қолган. Ундан қўшиқ таралмоқда:

Сим деган вайронага бормай десам боргим келур,
Бу шароб аччиқ шароб, ичмай десам ичгим келур…

Қўшиқ эгаси нима учун у вайронага боргиси келишини, нимага аччиқ шароб ичишини тушуниб бўлмайди. Билағонроқ бирортасидан сўрасангиз, бош ирғаб “Ҳа, Сим – ўз шаҳримиз, қадим замонларда аждодларимиз харобаларда яшашган-да” деб қўяди. Ишонмасликнинг иложи йўқ, чунки қўшиқ эгасининг ўзи айтиб турибди вайрона эканини…
Дарвозахонага яқин жойга, кираверишга меҳмонхона қурилган. Меҳмонхонага болалар кирмайди. Янги тўшаклар ўша ерга солинади. Хонадон эгаси уни қурби етганича жиҳозлайди. Ўзи эса этакроқдаги бошқа уйда кун кечиради. У иморат икки хонали, улардан бири – ошхона. Ошхона ичида ўчоғи бўлади. Қишда бутун оила мана шу ерда қишлайди. Чунки ягона иссиқ жой шу. Ўчоқда тинмай ўт ёнади, гоҳида сандал қурилади.
Айвондаги эски радио овози шу ерларгача ҳам келиб туради.
– Диққат қилинг. Сўнгги ахборот эшиттирамиз. Бугун соат олтидан ўн уч дақиқа ўтганида, халқаро экипажни ўз бағрига олган космик кема фазога парвоз қилди. Космонавтлар ўзларини яхши ҳис этмоқдалар. Халқаро космик экипаж парвоз мобайнида турли радиометрик ўлчовларни ҳамда вазнсизлик муҳитида инсон генетикаси мавзусидаги илмий изланишларни амалга оширади.
Ерда эса бир чумоли дон кўтариб ўрмалаб бормоқда. У – курмак дони. Уруғини ерга тўккани бу йилги юмушини бажариб бўлганини билдиради. Майсалар уруғ солса бас, дарров кузга тайёрланиб япроқ тўка бошлашади. Шу сабабли райҳонлар “вазифам битди” демаслиги учун уруғларини чимдиб олиб ташласангиз, янада гуркираб ўсади. Чумоли курмак донини ер тубидаги уясига ташиб кетаётгани куз эрта келишининг аломати.
Агар қишлоққа қуш учадиган баландликдан қарасангиз, тураржойлар озлигини, далалар эса кенглигини кўрасиз. Далаларда бошларини рўмол билан ўраб, этик кийиб олган кишилар кўринади. Ҳар ер-ҳар ерда шийпонлар бор, уларнинг теграси толлар билан ўралган. Туш маҳали далачилар шу жойга йиғилиб келишади. Иссиқ кучаяди.

* * *

Ҳа, иссиқ кучаяди, тупроқдан қайноқ ҳовур кўтарила бошлайди. Меҳнатчилар очқашган. Даланинг ёвғон шўрваси қорайиб кетган катта қозонларда пишади. Ичида сабзавот мўл, аммо гўшти йўқ, шилдир сувдан иборат. Ошпазни баковул дейдилар, у кўпинча кексароқ кишилардан сайланади. Тушликкача пиширса бўлди-да. Одамлар ейдиган нонларини ўзлари, уйларидан опкелишади. Улар ўртага қўйилганида, ҳар хонадон нони турлича эканини кўрасиз: бирининг чекич изи бошқа, бирининг рангию шакли… Ёвғон шўрва ичилгач, бироз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришади.
Ўша иссиқда ҳам қиз-келинчаклар шийпон ортига ўтиб, ўт ўришади. Бояқиш, кимнингдир хонадонига келин бўлиб тушган, энди хизматини қилиши шарт.
– Ҳали новдадайгина болакайсан-ку, қўй ахир, бироз дамингни олақол?!
– Йўқ, – дейди офтобда қизарган юзи янада қизариб. – Бўш қўл билан кириб борсам, айб бўлмасин…
Одамлар экин-тикиннинг ҳамма хусусиятларини билишади. Масалан, чигит баҳорда қадалади, қўшқулоқ бўлиб чиққанида ёмғир ёғса, тупроғи қатқалоқ бўлиб қолади, теша ёки кетмонча билан юмшатилади. Кейин ягана қилинади, яъни беш-олтита униб чиққан ниҳолдан битта ё иккитаси қолдирилиб, қолгани юлиб ташланади. Ўша маҳал офтобда қизиган кесак исини сезасиз, у ис димоққа қаттиқ ўрнашади.
Баъзи далаларга беда экилади. Беда иси ёқимли, кўм-кўк гуллаганида орасида асаларию капалаклар учиб юрганини кўрасиз. Гоҳида ер ариси ҳам бўлади, унинг чақиши хавфли эмас. Қовоғари қаттиқ чақади, у уч турли. Беозор учиб юрадиган сариғи, зуғумли қизили ҳамда қораси бор. Қора қовоғари чақса, одамни ўлдирармиш. Камдан-кам учрайдиган кўк туслиси ҳам бор, уни кўкйўталга даво дейишади.
Арилар деганда яна бир манзара кўз ўнгимда: куз пайтида, катта бошлари осилиб турган узумлар айни пишганида, сариқ арилар уларга худди дурдай ғуж-ғуж ёпишиб, саҳарги аёзда карахт бўлиб ётарди. Ҳамма ухлаб ётганида эрта туриб, ўша ариларни териб онамга олиб келиб берар эканман. Қанча койиш эшитсам ҳам, кафтларим ари чақишидан неча бор шишиб кетса ҳам шу ишни қўймаганим ажаб. У ғалати жонзотларни бир ушлаб кўришга интилмаган болакай йўқ бўлса керак. Айниқса, ўспиринлик пайтида қўшни болалар билан пахса деворлар тирқишидаги инларига чўп суқиб қочган, нохос чақиб олганида юз-кўзи гупчакдай шишиб кетиб, бир-бирини анчагача мазах қилиб юрган тенгдошларимни эсласам, болаликнинг нодон шўхликларидан ҳайратга тушаман.
Ундай шўхликларни бошидан ўтказмаган қишлоқ боласи бўлмаса керак деб ўйлайман. Ажабо, бу ҳам табиатни ўрганиш, сезиш, у билан мулоқотга киришиш учун дастлабки уриниш­ларнинг энг оддий кўринишимикин?
Дала шийпони – оҳак билан бўялган катта бино, бир ёнида ҳовузи, ортида сабзавот томорқаси бўлади. Ҳовуз четида толлар тиғиз ўсган, шохларида ризқ истаб ўрмалаётган ҳашаротлар гоҳо сувга қулаб тушади. Ҳовуз ёнида сўри бор, катта кишилар шу сўрида тушлик қилишади. Бошқа толлар остида беланчаклар осилган. Беланчак – иккита ингичка таёқни ёнма-ён қўйиб, қанор қопнинг матоси тортилиб, тепаю пастига кўндаланг калтаклар қўйиб ясалади. У калтаклар тутдан ё беҳидан кесиб олинади, агар тол-терак шохидан қилинса, синиб қолиши мумкин. Гўдаклар мана шу беланчакларда ухлашади, бирортаси йиғласа, боғча хотин келиб тебратади.
Ўйноқи шабадани шу кенгликларда ҳам кўрасиз. Қумлоқда бўй чўзган салом-алик ўтининг уруғларини тўкади, қақрай бошлаган ер ёриқларидан мўралаган қорақўнғизни қўрқитади, кўчанинг упадай тупроғидан пириллоқ ясайди, қайрағоч баргларини ўйнайди, қизғин далалардаги экинларнинг япроқларини ёввош чайқатиб ўтиб, ҳорғин далачилар пойига келганида майин-майин эсади. “Ҳаҳ, борингга шукр, жуда вақтида эсдинг-да” деб қўйишади кишилар унга қарата, жонлари ором олиб.
Гоҳида беланчакка тол шохларидаги қурт-қумурсқалар тушиб қолади. Бирортаси чақиб олса, гўдак чириллаб йиғлайди. Майна деган қуш бор, ҳушёр турилмаса, боланинг кўзи йилтиллагани учун келиб чўқиб кетиши мумкин. Шунингдек, бешиктерватар деган ҳашарот ҳам бор, у одамнинг кўзига ташланади, дейдилар. Олд оёқчаларидаги аррасимон тишчаларини кўрсатиб, тебрана-тебрана бир сакраганида пардасини қирқиб юборса, қорачиғи оқиб тушармиш.
Боғча хотин шуларнинг барига ҳушёр туриши керак. Чунки чопиқчи жувонлар болаларига жуда илҳақ.
Чопиқ шуки, ғўза тубидаги сув етиб борадиган жойнинг тупроғи кетмон билан юмшатилади. Шунда у бемалол сув ича олади.
– Ғўза – энг дангаса экин, у ёқ-бу ёғини чопиб, қулоғидан тортиб, илдизига ҳаво бермасанг, сира ўсгиси келмайди, – дейишади катталар.
Чопиқчи аёллар эгат ораларида ўсган ўтларни юлиб-тўплашади. Шабада ғўза барги, юлинган курмак ва печакнинг бироз ачқимтир исини атрофга таратади. Ўтлар юлинганида ёки ўрилганида нима учундир гуркираб ҳид таратади. Шом қўна бошлаганида ҳамма уйига йўл олади. Қиз-жувонлар ўрган ўтларини тугиб, бошларига қўйиб олишган. Тераклар остидан, тупроқ йўлдан қаторлашиб кетаверишади. Ариқда сув жилдираб, ялпиз бўйларини сочиб юборади. Шом қўна бошлагани маҳал турли ислар ҳар ёқни тутади, негадир тонгда ва пешинда унақа бўлмайди. Ош иси келади – зирваги қовурилмоқда. Қишлоқ томонга қарасангиз, сийрак тутун сузиб юрганини кўрасиз, у – доғланган ёғнинг тутуни. Тарқалиб-сийраклашиб кетмайди, юпқа қатлам бўлиб сузаверади.
Болалар ҳам ўйиндан чарчаб, уйларига кира бошлашади. Далачилар ҳозиргина ишдан қайтишди. Нарироққа “Т-28” деган трактор келиб тўхтайди, араваси одамга лиқ тўла. Ғарам-ғарам ўтлар ерга ташланади. Каттароқ ўсмирлар далачиларнинг келишини пойлаб туришади, ўтларни ўшалар кўтариб боришади. Қиз-жувонлар бир-бирларига ёрдамлашиб юборишади: ғарамлаган ўтларини бошларига қўйиб кетаверишади. Шундан кейин трактор тариллаб жўнайди: тракторчининг ҳам бола-чақаси бор, кўз тутиб туришибди.
Ҳа-а, худога шукр, кун ўтди. Чарчадик… Этиклар ечилади. Қўл-оёқ, бел зирқираб оғрийди. Кундуз жазирамасини ўзига сингдириб олган, ҳали иссиғи кетмаган ўтларни сигир-қўйлар талашиб-тортишиб ейди.
– Овқатга келинглару-ув!!!
Бу – ўн битта боласи бор Тўхта холанинг овози. Шунга ўхшаш чорловлар ҳар ҳовлида эшитилади.
Оилаларда бола-чақа кўп. Сабаби: вақти келиб улғайишганида бир-бирини суясин, ёрдам берсин. Тўхта холанинг болалари ўн битта бўлса, яна бир муштипар аёл – Қумри холанинг фарзандлари ўн бешта.
– Ҳой болалар, келинглару-ув! Овқат пишди-и!
Шу тариқа шом киради.
Шом қўнганида теварак сокинлашади. Ой ҳаволаганида эса бирор жон асарини сезмайсиз – ҳамма уйқуга кетади. Ахир, кун машаққатли, меҳнат заҳматли бўлди, чарчоқ ғолиб келмасинми? Эртага саҳарлаб туриш керак. Чунки қанча рўзғор иши турибди, бунинг устига, чопиқ ҳали битмади. Кўпроқ ўт ғамлаш керак. Ўтин-чўп йиғиш керак, меҳнат қилмаса бўлмайди. Сабзавотлар етилди, йиғиб олиш керак, маккаларни ўриб-саранжомлаб, донини уқалаб қопларга солиш керак. Қишга тайёргарлик-да. Қиш қаттиқ келиши мумкин, ғамламаса янаги баҳорга етиб олиш мушкул.

* * *

Болалар ўн уч-ўн тўрт ёшидан далага чиқишади. Ёшроқларга осон ишларни буюришади, масалан, ариқ тозалаш. Ариқ ичидаги ўтлар тиғиз ўсиб, сув оқимини тўсиб қўяди. Кетмон билан ариқнинг ҳам остини, ҳам икки ёнини чопиб тозалайсиз.
Далага сал-пал кўзи ўрганган ўсмир дори солишга тайинланади. “Т-28” деган тракторнинг орқасидаги, тубида тешиклари бор катта ёғоч охур дорига тўлдирилади. Трактор эгат оралаб юрганида дори темиртишлар ағдариб кетаётган тупроқ орасига бир текисда шувиллаб тўкилаверади. Бу захира даланинг у бошига икки марта бориб келишга етади. Мотор шовқинида овоз эшитилмайди, бунинг устига, тракторчи Далавой аканинг қулоғи оғир. Иккинчи бориб-келишда тракторчи пайкал четига тўхтайди. Ўсмир пастга тушиб, қоғоз қоплардаги дориларни опкелиб ўша “охур”га ағдаради, тўлганидан кейин яна эгатлар орасига кириб кетаверишади.
Дорилар бир неча тур. Селитра оппоқ, майда, юм-юмалоқ бўлади. Сувга солсангиз, муздай қилиб қўяди. Фосфор, карбамид деганлари ҳам бор. Қизил тусли, кўздан ёш оқизадиган яна бирини “калий” дейдилар. Мана шулар далага солиниши керак.
Қалдирғочлар айланиб қияламасига учади. “Уларга қарасанг, бошинг айланиб йиқилиб тушасан”, дейишади. Бултур бир бола қалдирғочларга маҳлиё бўлиб, темиртишлар орасига тушиб кетганмиш. Унинг кимлигини айтишмайди. Бир ҳафтача шу ишда ишлаган одамнинг баданига қизил тошмалар тошиб кетади.
Ҳисобчи ака шундан сўнг дори солувчи ўсмирни ишдан озод қилиб, ўрнига бошқа болани тайинлайди. Янгиси унгача ариқ тозалашда эди, дори иши янада осон, шу сабабли хурсанд бўлиб охурга сакраб чиқади-да, шодон илжаяди.
Дори солинганидан сўнг ғўзалар ҳам, ўтлар ҳам гуркираб ўсиб кетади. Ҳамма нимагадир кўсак санашга ишқивоз. Агар бир тупда саккизтадан ошиқ бўлса, ҳосил яхши. Баъзиларида ўнтадан ҳам кўп бўлади. Пайкал четларидаги ғўзалар қирқилиб, трактор бурилиб олиши учун йўл очилган, у ернинг гирдо-гирдига маккажўхори, мош, ловия экилган. Маккажўхори – сигирга емиш, вақти келганида эгаси уни ўриб-саранжомлаб, уйига олиб кетади. Маккалар ҳозир одам бўйи бўлибди, пишишига анча бор. Мош-ловия етилмабди. Эртапишар қовунлар ҳам бор, ўсмирлар баъзиларини хом-хаталалигича ёриб еб қўйишади. Ҳали пишмаган-у, аммо таъм кириб улгурибди. Этини еб, уруғларини пайкал ораларига ташлаб кетамиз.
Ғўзага тушган кўсак қурти жуда очофат бўлади. Бир куни эгат ораларига ташлаб кетилган қовун уруғларини кўсак қуртлари еб ўлиб қолганини кўрдик. Ширасини сезиб ўрмалаб келишган-у, нимасидир ёқмаган бўлса керак… Қовун таркибида кўсак қурти учун заҳар борлиги тасаввурга сиғмайди, шундай ширин нарса наҳотки заҳар бўлса? Уч-тўрт марта шу ишни такрорлаймиз, ҳар сафарида ўша яшил жонзотлар ҳалок бўлаверади. Одамзот учун лаззатли нарсалар бошқаларга емиш қилиб берилмаганини идрок қиламиз. Масалан, мол-қўй шакар емайди. Асалдай ширин нарса ҳам унга озуқа эмас… Болалар тўпланиб, қай махлуқ нимани емаслигини тажриба қилиб кўрамиз. Энг ярамаси кучук бўлиб чиқади: оққанд ёки ширинкулча еган кучуклар бор. Бошқалари эса бизга мазали туюлган нарсаларга қайрилиб ҳам қарашмайди… Ҳовлимиздаги олма пишганида баъзи мевалари ичидан каттакон қурт ўрмалаб чиқади. Болалар билан томоқ оғриганда ичиладиган суюқ дориларни у ер-бу ердан топиб, ўша қуртларга сепиб кўрамиз, жон ҳолатда билтанглаб қочса, доридан қўрқар экан-да деб хулоса ҳам қиламиз.
Идрок мана шундай барқ уриб, теваракдаги ҳодисаларни ўзига сингдираверади.
Оталар ўғилларига “Келишингда молга ўт ўриб кел” деб тайинлашади. Айтганини баъзан қилишади, баъзан қилишмайди. Жуда бўлмаса, зовур ичидаги сабзиўтларни ўриб келаверишади. Сабзиўтнинг турган-битгани сувдан иборат, офтобга қўйсангиз бир тутам бўпқолади. Азбаройи ота койимасин деб, амал-тақал ўриб келишади-да. У шумликларни ота билмас эканми? Ота-я? Гоҳида койийди, гоҳида эса индамайди.
Илмлар маскани
Қишлоқ болалари тонг саҳарлаб мактабга йўл олишади.
Синф парталари қачонлардир жигарранг, кейинчалик яшил бўёқ билан бўялган, кўчган жойларидан эски бўёғи кўриниб қолган, устида сиёҳ доғлари, пичоқча билан ўйилган белгилар кўзга ташланади. Кимдир дарс маҳали ёқтирган қизининг исмини ўйган, кейин ўчириб ташлаган. Хоналарнинг шифти баланд, фанер қоқилган, ҳар синфда то шифтгача бўй чўзган қора бақалоқ печкалар бор. Синфларнинг эшиклари ҳам баланд.
Катта синфлар тушгача, кичиклар тушдан кейин ўқишади.
Дафтарларнинг аҳволига маймунлар йиғлайди. Физика дафтари ичида қушлар, дарахтлар, қўлида камон ёки болта тутиб ҳайвонларни овлаётган азамат овчиларни кўрасиз. Улар отаётган ўқларгача чизилган бўлади. Ҳамманинг ўз қаҳрамони бор. Масалан, Расул деган бир боланинг дафтарида яхши отлиқ ёмон отлиқни қувиб кетмоқда. Табиийки, яхши отлиқ – Расулнинг ўзи.
Ер юзининг игна учича келмайдиган нуқтасида ҳаёт мана шундай давом этади. Ҳар саҳар анча-мунча бола папкасини елкасига осиб мактабга, одамлар эса далаларга йўл олишади. У болалар нима учун ўқиётганини ўзлари ҳам билишмайди. “Ўқисанг одам бўласан” дейишади катталар. Одам бўлиш қанақа, ўзи? Ҳеч ким бу болаларнинг “одам бўлиши”га ишонмайди. Ҳа, мактабни битиришса, армияга кетишади, армиядан келиб уйланишади. Кейин амакилару тоғалар каби мол-ҳол боқиб ё далада ишлаб юраверишади. Ҳаёт шундай давом этади…
Мактаб болалар онгига тарих сабоқларини қуяди:
– Ота-боболарингиз ғирт жоҳил, саводсиз, зулм остида эзилиб юришган. Кейин Давлат келган. Халқни ўқитиб, билим берган, мактаб­лар очган. Электр токи опкелиб, йўллар қурган, мошиналар, тракторлар совға қилган… Давлат бўлмаса, халқ омочда ер ҳайдаб, эшак миниб юрган бўларди.
– Давлат нима?
– У ниҳоятда қудратли, айтганини қулоқ қоқмай адо этиш керак. Йўқса, кулингни етти пуштингга қўшиб кўкка совуриб юборади. Лайлатулқадр кечасидаги осмон эсингдан чиқдими?
Давлат ҳақидаги бор-йўқ тушунча шундан иборат.
Ҳа, тарихни қайдан ҳам билардик? Физика айтадики: электр токи ихтиро қилинганига юз эллик йил бўлди. Космик кемалар фазога парвоз қилади, ток кепқолганида фазогирлар телевизордан ер юзидаги инсонларга қараб, кулиб қўл силкитишади, олис ўрмонлардаю музликлар бағрида яна нималардир содир бўлади. Биргина бизнинг қишлоқда ҳаёт тўхтаб қолгандай… Айтилаётган гаплар тасаввурдан шунчалар узоқки, худди эртакка ўхшайди.
– Тур, молга ўт сол, рўзғорга қараш! Ўқиб олим бўлармидинг?
Аслида одамлар фарзандларининг билим олишини, “катта” ўқишларда ўқишини орзу қилишади, аммо шу шароитда олган билими “катта ўқиш” остонасигачаям етмай, “Бўлмади, ота” деб қайтиб келишидан чўчишади. Шу сабабли “Сендан олим чиқармиди” деб қўяқолишади.
Ўша-ўша баҳайбат техникалар, уларнинг лойда қолдирган излари. Шамолда тарақлаётган йўл белгилари… Узундан-узоқ экин далалари, эгатлар орасида қуруқ ерга ўтириб ейилган беҳи таъми, мактабдаги дарслар… Узоқ тарих олисдан бир жилваланади-ю, ғойиб бўлади.
Нима бўлган эди, ўзи, тарихда?
Тарих жим эди. Гапирмасди, индамай тураверарди.
Катталардан сўрасангиз, улар ҳам билишмайди. Гўё одамлар жуда кўп асрлардан бери шундай яшаб келишаётгандай. Саводсиз, жоҳил ота-боболар, зулм остида эзилган тарқоқ халқ… Бегона қаҳрамонлар, сув ости кемалари, баланд учадиган стратосфера учоқлари… Елкасига беҳи новдасидан камон ясаб осиб юрган болалар… У ёшдан ўтиб, анча улғайганларига эса отаси “уйлантириб қўяман” деб пўписа қиладиган бўлган… Амал-тақал қилиб мактабни битириб олишса, нима ишнинг бошини тутиши номаълум… Ўша ҳаёт, ўша заҳматлар…
У таассуротларни, манзараларни ҳеч бир тарих тушунтириб беролмайди. Тарих қуруқ фактлардан иборат. Лекин кишилар қалбидаги манзаралар бутунлай бошқача, жонли, маъноли, инсонлар тақдиридан ҳикоя қилаверади.

Рим империяси ва “Homo Sapiens”

Мактаб болалари ўзларининг тарихларини яратиб олишган.
Шулардан бири – Рим империяси. Темир совут, учли дубулға кийган, узун найзали қиррабурун кишилар ва икки ғилдиракли жанг аравалари дарҳол кўз ўнгингизга келади. Шунингдек, оқ матога чала-ярим ўранган ҳамда бошига дафна япроғидан гулчамбар тақиб олган императорлар ҳам намоён бўлади. Улардан бири – Октавиан Август дегани нариги кўчадаги патак соқолли Сами бувага ўхшаб кетади. Фақат, Октавиан жингалак сочли, оқ юзли бўлса, Сами бува – сап-сариқ киши. Октавиан уммонни сузиб ўтиб, қадимий бир шаҳарни ишғол қилади ва унга Карфаген деб ном беради. У шаҳар ҳозир ҳам бор, фақат номи бошқа – Картахена3.
Бу фан мешларга ҳаво тўлдириб, дарёлардан сузиб ўтган ёвқур скифлар ҳақида ҳам ҳикоя қилиб беради. Ундан ҳам аввал-чи? Бир маҳаллар ер юзида маймунлар яшаган, дейди тарих. Давр ўта-ўта, улардан бир қисмига ақл кира бошлаган. Тошлардан қурол, дарахт шохидан ёй ясашни кашф қилиб олишган. Биттаси зерикиб ўтириб ёввойи буғдой донини ўтга ташласа, қовурилиб ширин бўлиб қолибди. Шу тариқа буғдойдан нон ёпишни ўрганишган.
Одам Ато-чи? Момо Ҳаво-чи?
Улар ҳақида фанда ҳеч гап йўқ. Унгача ер юзида фақат ҳайвонлар яшаган дедик-ку? Фанларнинг уқтиришича, қанақадир тасодиф туфайли турли-туман у махлуқларнинг бир тоифасида тўсатдан ақл пайдо бўлиб қолган. Бу ҳодиса қандай юз берганини биров билмайди. Маймунсимон мавжудотларнинг ўзлари ҳам одамга айланаётганлигидан бехабар юраверишган. Бир маҳал қарашса, ўзгариб қолишганмиш… Ўзларида фикр юритиш қобилияти пайдо бўлганини англаб етишгунча ҳам орадан минглаб йиллар ўтибди… Ана ўша тоифа кейинчалик ўзига Одам деб ном берган.
Қачондан бошлаб инсонга исм қўйила бошланган?
Одам насли кўпаявергач, исмга эҳтиёж пайдо бўлган-да. Узун бўйлисини узун, калтасини калта деб чақиришган. Одамзот янада кўпайган, шундан сўнг фарқлаб олиш учун янги исмлар ўйлаб топишга тўғри келган. Тошдай қаттиқ бўлсин дея Тошбой, шамолдай учқур бўлсин дея Шамолбой… Шу тариқа исмлар урф бўлган…
Лекин тарих китобидаги энг қадимги одамларнинг исми йўқ. Бизга сурат қатларидан тек қараб туришади. Бир жиҳатлари ўзимизга ўхшаб кетади, бироқ орадаги масофанинг жуда олислиги ҳам сезилади. Шулардан бири – Тешиктошдан топилган неандертал бола. У биздан кўра ёшроқ, саккиз-тўққиз яшар чамаси.

Тешиктошдан топилган бола

Ҳайвон терисидан лунги ўраб, тошболта кўтарган аждодлар овга жўнашади. Кексароқлар ғорларда тошни тошга уриб, учқун чиқариб олов ёқишмоқда…
Тешиктошдан топилган болага жуда раҳмим келади.
Нима фалокат, қачон рўй берган? Саккиз яшар бола нега ҳалок бўлган? У-ку топилақолибди, бошқалар қани?
Тасаввур унинг ўзимиз каби қўй боқиб, кечки шудринг тушган ўтлоқлардан ғорга қайтганини, оловда эт пиширишганини, кечаси юлдузлар чақнаб, ой самога кўтарилганини, ёруғида тоғу тошлар қорайиб кўринганини жонлантиради.
Ишқилиб, нимадир рўй берган-у, саккиз яшар бола муз ва тош орасида қолиб кетган. Бақувват жуссаси, кенг пешонаси, ўсиқ сочларига қараб, саккиз яшар эканига ишонмайсиз. Бизнинг болаларнинг кўпи толхивичдай озғин, соддаю ишонувчан, меҳнатга эндигина киришган. У болакайда эса меҳнат заҳмати сезилмайди. Ким билсин, тарих шунақа тасаввур уйғотади. Балки, ўтлоқларда шамол билан бирга елиб, сувларни сочиб чўмилиб ўйнагандир ҳам?
Тош қуроллар, болталар, буғдой янчилган харсанглар, тоштовоқлар… Боягина овга кетган кишилар қайтиб келишмоқда. Уларни тарих бизга “Неандертал одамлар” деб таништиради.
Тешиктошдаги ўсмир ўзимизнинг бола бўлса, неандертал ким?
– Неандертал одам ёки “Homo neanderthalensis” – инсоннинг йўқолиб ёки бошқалар билан қоришиб кетган вакили бўлиб, илк аждодлари бундан икки юз минг йил аввал Европада, Марказий Осиё ҳамда Олтой минтақасида яшашган, – деб уқтиради тарих, чўтир муаллимимиз Султон аканинг овози билан.
Тешиктошдан топилган боланинг шаҳду шиддати бошқача:
– Қор роса қаттиқ ёққанида, тоғ устидан тушиб келган оқ йўлбарс гўдаклардан бирини олиб кетди, – дейди кўзлари чақнаб. – Уруғнинг бор эркаги унинг изидан тушди. Мен ҳам отамга эргашиб бордим. Қор бўралаб урарди. Кучукларимиз оқ йўлбарс изини топишди, у гўдакни аллақачон еб бўлган экан. Кишилар аламдан бақиришганида қор кўчди. Анча-мунча одам кўчки тагида қолди…
– Одамлар кўп эди, – дейди кейин. – Амакиларим бошқа жойларда яшаймиз деб кўчиб кетишди, бизлар эса қолавердик. Яйлоқларда туман одам яшарди. Бошқаларни билмайман, – деб бош чайқайди болакай. – Ўшандан бери шу ердаман.
– Ке, ўртоқ бўламиз. Отинг нима?
– Эр Буғу.
Мен шу тариқа ўша болакай билан дўстлашиб олганман. Тенгдошлик ҳиссиёти фандан устун келган бўлса ажабмас. Эр Буғу деган у бола то еттинчи-саккизинчи синфгача биз билан ёнма-ён ўқийди. Бизлар улғаямиз, лекин у сира катта бўлолмайди, севги-муҳаббат палласи келганида майда болаларга қўшилиб қолиб кетади.

* * *

Кўчалар кузда лой бўлиб ётади. Гоҳо ғўзапоя ортиб катта тракторлар ўтади. Ғилдирагининг тишлари катта-катта, лойда палахса излари қолади, у изларга ёмғир суви тўпланиб, вақт ўтиши билан қирмизи тусга киради.
Лойгарчилик боис ҳамма этик кийиб юради. Чарм этик қиммат, шу сабабли биз кабиларга арзонбаҳо “тош этик” дейилганини олиб беришган. Тош этикнинг ранги кулранг, усти ғадир-будир, териси қаттиқ, болаларнинг оёқлари тупроқкўчаларда ялангоёқ юравериб қотиб кетгани учун “тош”лиги ҳам сезилавермайди.
Кузда ток кўпроқ келади, шунда одамларнинг уйларидаги телевизорлар ишлаб кетади. Лекин барибирам яхши кўрсатмайди. Сабаби антеннада. Бу ерларда антенналарни жуда баланд кўтариш керак. Одамлар мистовоқни тахтага маҳкамлаб, ўзлари антенна ясашади. Каттароқ йигитлар “Шиша қувурча ичига симоб қўйиб, икки томонидан сим чиқариб уласанг, бутун дунёни кўрсатади” дейишса-да, болалар симобни қайдан олишни билишмайди. Баъзи маъданларни топса бўлади, масалан, қўрғошинни эски аккумуляторлардан оласиз. Уни темир косага солиб ўтга қўйсангиз, сарёғдай эрийди. Ерга шакл чизиб, эриган маъданни ўшанга қуйсангиз, истаган шаклингизга киради. Лекин қўрғошинни антеннага ишлатиб бўлмайди.
Антенналар баланд ходаларга маҳкамланиб, томга чиқарилади. Уч-тўрт томонидан сим тортиб маҳкамланади, йўқса шамолда ағанаб тушиши ҳеч гапмас. Энди уни созлаш керак. Бир киши томда, антенна тагида, бошқаси ерда, дераза олдида, учинчиси ичкарида, телевизор қошида.
– Кўрсатдими?
– Йўқ, ўнгга бура!
– Энди-чи?
– Йўқ, чапга бура!
Бир амаллаб кўрсатадиган қилингач, маза қилиб кино томоша қилса бўлади. Шунақа маҳаллар уйларга кирсангиз, анча-мунча болакай олдига қотган нонни қўйволиб, эски шолча устида кит ови ёки тайгалар ҳақидаги киноларни кўриб ўтирганини кўрасиз.
– Нодир ўлгур, маккадан ўриб молга сол!
– Собир, ўт юлиб кел!
– Омон! Сув бермабсан-ку, бўкириб ётибди.
Қайда! Мол яна бирпас сув ичмай турса турақолсин, кинонинг зўр жойи келди ҳозир!
Энг қизиқ ерида чироқ лип этиб ўчади.
– Э-э, зўр жойи келувди-я…
– Бўлди, ётинглар! Эртага саҳар турасизлар!
Шу билан ҳамма уйқуга ётади…
Баъзан эса кичкиналарга эртаклар айтилади – ҳамма муштдайлигидан ёд биладиган, девлару аждарлар ҳақидаги эртаклар.
– Бир бор экан, бир йўқ экан… Одамлар тоғу тошлар орасидаги яйловларда яшашар экан. Бир куни уларга каттакон дев ҳужум қилибди. У кишиларни қамаб қўйиб, ишлатар экан. Очқаса, битта-яримтасини еб қўяр экан…
Минглаб йиллар аввал Эр Кенжа, яъни Кенжа ботир девни ўлдиргани йўл олади. Ой янада ҳаволаб кетади. Булутларнинг ост тарафи қорайиб кўринади, улар осмонда учиб юрган баҳайбат махлуқларни эслатади. Отасининг тафтли бағрига кириб олган кенжа ўғил уларни ҳайиқмасдан кузатади. Кенжа ботир кичкина, акалари эса катта. Лекин дев билан урушгани нимагадир Кенжа ботир боради. Сабаби – акалар вақти келиб уй-жойини бошқа қилиб чиқиб кетишади, кенжа эса ота-она билан қолади. Шу сабабли у ақлли, қўрқмас бўлиб улғайиши керак.
Болакай шуларни ўйлай-ўйлай, ота пинжида ухлаб қолади…

Уч чаноқли муҳаббат

– Қани, болалар, далага!
Тўртинчи синфдан бошлаб то кап-катта юқори синф болаларигача бирин-кетин трактор араваларига чиқишади. Тракторда одам ташиш анчагача давом этади, қачонки бир куни каналга ағдарилиб кетиб, қиз-жувонлар ҳалок бўлгунга қадар. Шундан кейин одамларни юк машиналарида ташийдиган бўлишади, трактор араваларига эса катта қилиб “Одам ташиш тақиқланади” деб ёзиб қўйишади.
Хуллас:
– Тўртинчи синфни яқинроққа олиб боринг­лар!
– Катта синф ётоққа кетсин. Баринг кап-катта бўпқолгансан-ку? Уйлантириб қўйса, бола кўрадиган! Қийинчиликни кўр, пиш!
Катта синф виқор билан, ўзининг қадрини билиб туради. Уларнинг сочлари ўсиқроқ, ёқалари очиқроқ. Уларга мумкин, чунки катта синф.
Кичкина синф потир-путир чопиб-ўйнаб юрибди.
Ке-етдик далаларга!
“Т-28” тез юрса сакраб-сакраб кетади, тиркама ҳам унга қўшилиб илкис чайқалади. Каттароқ синфлар-ку майли, лекин кичик синф болалари тушиб-нетиб кетмасин дея, симтўрли араваларга чиқаришади. Арава борти ташқаридан беркитилади, қарабсизки, тап-тайёр қафаснинг ўзи.
Ғўза қатор ораларида муҳаббат тараннуми янграганига ҳайрон қоласиз.
Ўсмирлар улғайиб, йигит-қизлар етилиб келишмоқда. Кимдир кимгадир аллақачон кўнгил қўйиб бўлган. Назорат қаттиқ: бировнинг қизига ортиқча гапириб бўлмайди. Отасига-ку етиб борақолмас, аммо бу ёқда қизнинг ака-укалари, тоға-жиянлари бор-ку? Шу сабабли муҳаббат изҳорининг бошқа усуллари ўйлаб топилади. Шулардан бири – уччаноқ.
Ғўзаларда уччаноқли кўсак камёб бўлади. Шу боис топиб олинган уччаноқ эҳтиётлаб сақланади, пайт пойлаб туриб, ён эгатдаги кимнингдир эгатига ташлаб қўйилади. Уччаноқни олса бас, “тушган” бўлади.
– Тушди, тушди!
Уччаноқни ташлаган ўсмир илжайиб туради.
– Хўп, нима қилай?
– Беҳингдан берасан.
– Беҳим ўзи битта, холос.
– Унда пахтангдан берасан.
Ва ҳоказо.
Лекин ишқ дардига гирифтор бўлганлар уччаноққа бошқа маъно юклашади. Айтайлик, ошиқу беқарор ўсмир ўзи ёқтирган қизнинг эгатига уччаноқ ташлаб қўйди. Бу энг содда усул, чунки ерда ётган уччаноқ ўз-ўзидан келиб қолмаслигини ҳамма билади. Уддабуронроғи уни лўппи пахталар ичига яширишади.
Мана, қизгина уччаноқни олди! Ҳайрон бўлиб атрофига алангласа, сал нарида қизариб-бўзариб, бемаъни илжайиб турган ошиқи беқарорни кўради.
– Афтинг қурсин, буни сен ташладингми?
– Ҳа.
– Нимага ташладинг?
– Шунчаки, ўзим…
Қизгина дарҳол бунинг мағзини чақади. Ё “Ўл, безраймай” деб теримида давом этади, ёки индамайди. Индамаса, олам гулистон. Ошиқ яна бир дунё уччаноқни қизнинг эгатига опкелиб ташлашга тайёр. Беғубор, болаларча муҳаббатнинг софдил изҳорлари мана шу тарзда поёни йўқ далаларга ёйилиб кетади. Ҳали эндигина дил изҳори қилинди. Қизнинг муносабати номаълум. Борди-ю, сал рўйхушлик билдирса ҳам, истиқболда ўнлаб-юзлаб “довон”лар турибди. Ҳали онага айтилса, бир йўлини қилиб у гапни отага етказса… Ота-она, ака-сингил… Нарёқда қизнинг ота-онаси, ака-синглиси, қавму қариндоши… Шунча баҳайбат тўсиқлар юксалиб турганида биргина уччаноқ меҳру муҳаббат тимсолига айланиб кетишини кўринг.
Ёшлик таровати жаннат маъволарига айлантирган далалардаги ўсмирларга қараб, Дашти Қипчоқдаги қизгина эсимга тушади. Энди уни яхши кўришимни ич-ичимдан тан олганман, бироқ етишиб бўлмаслигини ҳам биламан. Афсус, агар орамизда бўлганида, эгатига сездирмай уччаноқ ташлармидим? Терган пахтасини, ўрган ўтларини кўтариб шийпонга оборардим. Пайваста қошларининг, қуюқ киприк­ларининг, хаёлимни олган гавҳар кўзларининг малоҳати янада ортган бўлса керак. Бир кунмас-бир кун уни яна учратиб қолишимга ишонаман, аммо у мўъжиза қай тарз рўй беришини ақлимга сиғдиролмайман. Балки яна меҳмон бўлиб келишар? Балки ўзимиз уларникига борармиз?..
Қуёш уфққа ёнбошлаб, кун тугайди. Ҳамма уй-уйига қайта бошлайди.
Қайтишда мабодо пиёда кетилса, қизлар бир тўп, ўғилболалар бир тўп бўлиб, кўпинча қизлар олдинга ўтиб олишади. Шунда “гап ташлаш” бошланади.
Гап тўғридан-тўғри “ташланмайди”, балки қиялатиб “отилади”:
– Омон, бугун бошқачароқмисан? Гапирсам ҳам қарамайсан? – дейди ошиқу беқарор ўспиринлардан бири шеригига қарата, баланд овозда.
Табиийки, бу гап Омонга эмас, олдинда кетаётган қизалоқлардан бирига айтилмоқда. Қизгина ҳам дарров гап нимадалигини сезади.
– Заро, ўзинг кеча нима дединг?
– Нима дедим? – ҳеч нарсадан бехабар Зарофат ҳайрон.
– Э, жим кетавермайсанми? – биқинини чимчилайди “нишон” қиз. – Анови мирзатеракка гапиряпман.
“Мирзатерак” – гап отган ўсмир.
– Омон, ҳазилни ҳам тушунмайдиган бўлиб қолибсанми? – давом этади “Мирзатерак”.
Жавоб дарров келади:
– Одамга ўхшаб ҳазил қилсанг тушунаманми, Заро?
Бундай “гаплашиш”ларнинг бошқа турлари ҳам бор. Масалан, “гап ташловчи” ўзи ҳақида гапиради:
– Мен бугун бошқачароқманми? Гапирсаям индамайман?
Жавоб ҳам шунга мос:
– Мен кеча бўлмағур бир гап айтиб қўйибман-да, молга ўхшаб.
Ҳамма шарақлаб кулиб юборади. Бўлмағур гап айтадиган мол қанақа бўлиши мумкин?
– Ия, ҳазилниям тушунмайдиган бўп қолибманми?
– Мен эса одамга ўхшаб ҳазил қилолмайдиган бўпқолибман…
Қизларнинг ўз “шева”си бор, бу – ҳар бўғинга “з” ёки “б” қўшиб гапирадиган “шева”, бошқача айтганда, “шифр”.
Қизгина Зарофатга “Сен жим кетавер, у менга гапирди” демоқчи дейлик. У гап шундай бўлиб чиқади:
– Се-зе-н жи-зи-м ту-зу-р, у-зо ме-зен-газа га-за-пи-зи-р-ди-зи!
Ёки:
– Се-бо-н жи-би-м ту-бу-р, у-бо ме-бе-н-га-бо га-бо-пи-би-р-ди-би!
Бу “бидир-бидир”ни қани энди биров тушунса! Шум қизгиналар дарров англаб олишади. Қўллар қаварган, лўппи оқ пахталар бармоқларни ёриб юборган, билаклар тилинган, аммо ёшлик ҳарорати чақнатган кўзлар, нигоҳлар, кулишларнинг бари ҳали бир оғиз сўз айтилмасидан оламжаҳон маъно таший бошлайди.

Исмлар

Жуда кўп нарсаларнинг ўз исми бор.
Қишлоқларнинг, дашту чўлларнинг, боғлару кўчаларнинг, ёбонларнинг отларини айтмай қўяқолай. Далалар четида, одамлар томорқаларига туташ жойларда шохлари булутларга етгудай бўлиб ёнғоқлар ўсган. Кузда эгаси узун калтак билан мевасини қоқиб олса-да, бирибир битта-яримтаси қолиб кетади. Ўшандай ёнғоқлардан бирининг номи – “Абдуш”. Яна бирининг оти – “Қоқош”. “Абдуш” – қобиғи жуда қалин ёнғоқ, “Қоқош” эса пўсти юпқа, мағзиям кўриниб туради.
“Абдуш” ҳам, “Қоқош” ҳам қари, бужур танасининг ўйиқлари одамнинг раҳмини келтириб, шохлари ҳар томонга ёйилиб юксалган. Юз-юз эллик йил аввал шу қишлоқда яшаган ота-боболар невара-чевараларимнинг оғзи тегиб юрсин деб қадашган, дейишади.
Нафақат ёнғоқлару нокларга, балки беҳию ўрикларга ҳам одамлар от қўйиб олишган.
Уйлардаги ҳайвонларнинг ҳам исми бор. Масалан, қўшнимизнинг сигирларидан бири – Келсиной. Бошқасининг оти эса Давлатхон. Мол-ҳол эгаси уйимга барака, сарвату давлат келсин дея шундай ном берган.
Кучук-мушукларнинг ҳам исми бор. Улар ўз исмини билишади, чақирсангиз бош буриб қарашади.
Дов-дарахтни одамдай койиган кишиларни айтмайсизми?
– Ўсаверасанми лаллайиб? Сени мева бергин, болаларимга ризқ бўлган деб экканман. Сўлақмондай бўлиб ғўдайиб туришингни қара. Янаги йил мева қилсанг қилдинг, бўлмаса кесиб тандирга ёқвораман!
Гилос жавоб қилмаса-да, қўрқади. Ростдан ҳам ёқворса-я, деб ўйлайди. Янаги йили гуррос гул очади. “Хатардан чўчиб, тезроқ зурриёт қолдирай деса керак… Шунинг учун ўсимликлар қор-ёмғирли совуқ кунларгача уруғларини етилтириб, дарахтлар меваларини пишириб олишаркан-да”, деб хулоса қиламан ўзимча.
– Баъзи ўғиллар шунақа бўлишади, дўқ урмасанг буюрган ишингни бажармайди…
Ҳа, болалар улғайиб келишмоқда. Баъзиларининг мўйлови беҳи тукидай бўлиб қолган, овозлари гоҳ дўриллаб, гоҳ чийиллаб чиқади. Мактабда эса ибтидоий дарслар давом этади.
– Жўғрофия, уммон қанақа бўлади?
– Охири кўринмас, бепоён шўр сув.
– Балиқлариям бордир?
– Бўлмасинми?
Биздаги балиқлар майда, жўн. Кўзимга жуда соддадай кўринади. Энг каттаси шапалоқдай келади, шуниям болалар тутиб олгач, кўз-кўзлаб ярим кун кўтариб юришади. Бошқалари – жимчилоқдай келадиган митти балиқчалар, увилдириқдан янги чиққанига қарасангиз, ниначи боласини эслатади: игнадай келадиган жимит тананинг икки ёнида бўртиқ кўзчаси бўлади.
– Одамлар-чи, биздақами?
– Одам Худонинг бандаси, ҳамма жойда бир хил, болам. Ҳамма бир ота-онадан, яъни Одам Ато билан Момо Ҳаводан тарқаган.
– Шунча одам-а?
– Ҳа, қачонлардир дунёда фақат иккита одам бўлган, холос.
– Одам маймундан пайдо бўлмаганми?
– Тавба қилдим де! Инсон ер юзининг жонзоти эмас. У жаннатдан тушган!
…Сабзавотлар йиғиштирилади. Маккалар ўрилиб, бир-иккита поясидан арқон эшиб, белидан дасталаб бойланади. Кейин қуритиш учун қўраларга тиккамасига босилади. Ўриб олинган ерларда қолдиқ илдизлари тиғдай бўлиб чиқиб туради, уни “тукуч” дейдилар. Эҳтиёт бўлмаса­нгиз, оёқни тилиб юборади, кўчириб четга уйиш керак. Оталар томорқага гўнг солишади. Кейин ер яна чопиб чиқилади, шунда гўнг тупроққа қоришади. Ёмғирлар бошланмасидан тезроқ улгуриш керак, шу сабабли эркаклару болалар, хотинлару қизчалар – ҳамма баб-баравар ер ағдаради.
Маккапоя тиғи бир-икки марта қўлимни, оёғимни тилиб юборгани, жароҳатланган жойидан оч қизил қон сизиб чиққани ёдимда. Салдан кейин усти жигарранг тус олиб қотади, икки-уч кундан ўтгач, у қобиқ кўчиб, ўрни нозик пуштиранг тусдаги янги тери билан қопланиб қолади. “Тоза тупроқ сеп, ўз-ўзидан битиб кетади” дейишади катталар. Гоҳида шакар сепса ёки қоракуя суртса ҳам бўлади. Буни ҳамма билади, мабодо бир жойи жароҳатланса, шу айтилганларни қилишади.
…Кузда мевалар хилма-хил, бениҳоя ширин бўлиб етилади. Осмоннинг ранги тўқ мовий тусга кириб сокинлашган, ҳавода гоҳида ҳилпираб мезонлар учади. Беҳилар узиб олиниб сомон орасига жойланган, узумлар шифтга осилган. Шафтоли, олма, ўрик қоқи қилинган. Помидор ҳам қоқи қилинади, ўртасидан икки палла қилиб ёриб, офтобга қуритгани қўяверасиз. Ичидагиларини тоғорага тўкасиз, вақт ўтиб суви кетгач, уруғи қолади. У оч-сарғиш тусли, япасқи бўлади. Бодринг уруғи ҳам шу тариқа олинади. Шакли узунчоқ, оқ рангли, шилимшиқ, худди қовун уруғига ўхшайди. Барини докага ўраб осиб қўясиз, чунки янаги йил ерга қадаш керак…

Куз

Пахта мавсуми тугаганида қишлоқ енгил нафас олади.
Поёнсиз далалар жигарранг-қўнғир тусга кирган, куз ёмғирлари бир хилда ёғиб, пилчиллаган лойга айлантирган. Шийпонлар ҳувиллаган, бўм-бўш. Очиқ эшикларидан шамол кириб ўйнайди.
Айвондаги радио буни ўзича шарҳлайди:
Бунча ҳам ёмғир ёғодир биз ғарибнинг томига,
Кимни ҳам раҳми келур бечораларнинг ҳолига…

Халққа ғўзапоя бўлиб берилди. Ҳамма бола-чақаси билан ғўзапоя тўплашга чиқди.
Баъзилар трактор опкелишган. Бу сафар “Т-28”га ёнлама пичоқли мослама ўрнатилган, у ғўзапояни кесиб-қўпориб ағдариб кетаверади. Ортидан лойга бота-бота юриб, тўплаш керак.
Кимдир монтёрдан сим олган, симқирқар билан ғўзапоя боғига мослаб кесиб чиққан. Сим тополмаганлар тут новдасини эшиб, шу билан боғлашади. Новда чайир, қайишқоқ, уни болалар эшолмайди, шу сабаб катталар бақувват қўлларида бураб-бураб эшишади.
Бир оилага ўртача минг боғ ғўзапоя керак.
Гоҳида туман тушганида ҳам одамлар бола-чақаси билан далада куйманиб юришганини кўрасиз.
Улов топганлар ғўзапояни трактор аравасига баланд қилиб босишади, у келиб, дарвоза олдига ғарам қилиб ағдариб кетади. Тополмаганлар эса елкаларида уйларига ташийверишади. Эл ўн-ўн беш кун шу ташвиш билан яшайди. Кейин “жола” мавсуми келади.
“Жола” деб далаларга молларни бемалол қўйиб юборишга рухсат теккан маҳални айтишади. “Молни жолага ҳайда” деган гап сигирни ўша далаларга обориб боқиб келиш кераклигини билдиради. Бу иш ҳам ўсмирлар зиммасида. Жола маҳали совуқ тушади, уйқуга кетган дарахтлар новдаларида булдуруқлар пайдо бўлади. Болалар далаларда қолган-қутган ғўзапояларни тўплаб, ўт ёқишади, картошка ёки беҳи кўмишади, қолиб кетган чигитларни ўтга ташласангиз, чирсиллаб отилади.
Кеч куз шу тариқа ёйилиб-ястанади.
Халқ кеч кузда тўйлар қилади. Сабаби, қўли пул кўради.
Ўша сабабли жонини жабборга бериб тер тўкади. Бола-чақасини ҳам аямай, бурнини ерга ишқаб-ишқаб ишлатади. Эвазига ҳақини олади.
Ҳақини олгач, энди қишдан кўнглим тўқ, бу пул билан қишдан эсон-омон чиқиб оламан, дейди.
Тўй қиладиганларни эса машаққатлар кутиб турибди. Шўрлик, мол-қўйини сотади, қарз кўтаради. Бир амаллаб тайёргарлик кўради. Хуллас, бирин-кетин тўйлар бўлади.
Қиш совуқларида одамлар оғзидан ҳовур чиқа-чиқа тўй томоша қилишади.
Бир тарафда қиз-жувонлар тўпланишган, қарши томонда йигит-яланг. Катта чироқлар осилган, гоҳида қарс этиб ёрилиб ҳам кетади. Чироқ ўчадиган пайтлар ҳам бўлади, шунда ўртага катта гулхан ёқилади.
Тўй бошланганида ёши улуғлар ёқтирадиган қўшиқлар айтилади. Элнинг катталарига шунақаси маъқул.
Қирқ йилда бир йигит келар дунёга,
Йигит юзин ерга қаратма, фалак!
Ёки:
Номард кўпригидан ўлсам ўтмасман,
Карвон бўлсам маконига қўнмасман,
Қўлидан бир пиёла чойин ичмасман,
Мардингни номардга муҳтож қилмагин…

Одамлар бошларини чайқаб-чайқаб эшитиб ўтиришади.
– Яшавор!
Халқ тўйларда қаддини тиклайди.
Ёш-яланг даврага товоқ-товоқ палов ташишади. Эл тўйларда, маросимларда жипслашиб қолади. Ҳамма бир жойда, ўзини қавму қариндошдай тута бошлайди.
Мактабларда эса сабоқлар бошланади. Синф­хоналар совуқ. Бақалоқ печкаларга ўтин ҳамда тошкўмир ёқилади. Ҳар синфда печка ёнида бир пақирдан кўмир туради.
– Салом, фанлар! Салом, физика, кимё, жўғрофия, тарих! Биз яна келдик!

* * *

Жўғрофия бизларга вулқонлар қандай отилишини тушунтиради. Ер остида лавалар ҳосил бўлиши, уммонлардаги улкан балиқлару саккизоёқларнинг кўчиши, табиий офатлар, материклар, қитъалар, тоғлар, денгизлар ҳақида шунақанги берилиб ҳикоя қиладики, ҳайратдан кўзларимиз катта-катта очилиб эшитиб ўтирамиз. Учқур тасаввур материкларнинг юзага келишини, тоғлар ер қаъридан қай тарз бош кўтариб чиқишини, наботот ва ҳайвонот қандай пайдо бўлиб, йўқолиб кетишини жонлантиради, хаёлларни Нил дарёси бўйларига, ундан Дажла ва Фрот соҳилларига етак­лайди. Фиръавнлар маконлари, эзилиб-букилиб ишлаётган минглаб қуллар узра айланамиз.
Ҳа, фанлар мактаб мобайнида бениҳоя ажойиб ҳикояларни гоҳ қуруқ илмий, гоҳ жонли тил ила сўйлаб беради. Аммо у ҳикояларни билишимиздан не фойда эканини айтмайди. Қишлоқ узра ўйнаган нур ва соя ўйинлари бошқа элларда бошқача жилваланишини, ботаётган ёхуд чиқаётган қуёш ёғдуси денгиз долғаларида палахса-палахса, тўқ сариқдан қирмизигача ажаб жилолар ҳосил қилишини, тўлқин қарсиллаши қанақа бўлишини, икки денгиз суви сираям аралашиб кетмаслигини, қуруқлик дунёсида неки бор, сув дунёсида ҳам борлигини, қуруқликда эсадиган шамоллар сув остида оқим деб аталишини, ёллари ҳилпираб чопадиган гуррос отлар у оламда сув отлари дейилишини… барчаси ила бизларни маҳлиё айлайди-ю, аммо…
Шу қишлоқдан чиқолмаслигимизни, у билимлар ҳеч қачон керак бўлмаслигини, мактаб тугагач, бир рўзғорнинг бошига келишимизнию эл қатори бизлар ҳам гувалак қуйиб, иморатлар солиб, далаларда ишлаш билан бирга, томорқамизда етилган мева-чеваларни бозорга олиб бориб сотиш билан тирикчилик қила-қила умримиз ўтиб кетаверишини айтмайди. Айтгандаям нима ўзгарарди? Тақдир ёзуғи шу эмасми – ҳамма бир тану бир жон, баҳамжиҳат бўлиб, бир-бирини суяб-қўллаб ҳаёт кечирмоқда. Ҳали ёш-ку, руҳини чўктириб нима қилдим, катта бўлса ўзи билиб олар, дейди.
Қўшиш, айириш, кўпайтириш, бўлиш… Пифагор теоремаси қачон, кимга керак бўлақолибди? Гаусс қонуни-чи? Булар ҳам майли, каттароқ синфга ўтганингизда тамомила нотаниш, ярамас ва бўлмағур билимларга рўпара келасиз. Логарифм чексизга нима учун интилади, интилганида қиймати нима учун бирга тенг бўлиб қолади? Синус-косинуслар-чи? Ундан кўра, ўқувчиларга “Бир кило пахта оғирми, бир кило тошми?” деганга ўхшаш бошқотирма саволлар маъқулроқ бўлса-да, ҳаммамиз олий математикада бир хилда муваффақиятсиз давом этамиз. Уларни англаб олиш тугул, номига тил келишмайди-ку? Логарифм қишлоқ тилида “Лагарипм”га айлангач, Пифагор деган юнон олимининг исми Пифагўр бўлиб қолгач, нимаям кутардингиз? Сир бўлмасин, шуниям айтай, бутун бошли қишлоқдан кимдир институт ёки университетга ўқишга кириб қолса, худди мўъжиза рўй бергандай, у гап бутун қишлоққа ёйилиб кетар, “каллали бола” ҳақида афсоналар пайдо бўлар, кейинроқ у афсонавий йигит ё шаҳарларда қолиб кетар, ёки қишлоққа қайтиб келиб, эл ҳаётига қўшилиб, “ўзимизнинг” одамга айланарди.
– Сигирни кунига бир тоғорадан ем бериб емлайверсанг, бир ойда неча килога семиради?
– Ўттиз килога.
– Калланг борми?
Саволга қаранг! Ана, елканинг устида дум-думалоқ бўлиб турибди-ку? Сочиям, соч остида кўзу қулоғиям бор. Койишлар шу тарз давом этаверади:
– Калла деган нарса асло йўқ сенда!
Бир маҳаллар Дашти Қипчоқ қизи шу ко­­йишни эшитиб, таажжубланиб жилмайиб қўйгани ҳам эсимга келади.
Учқур тасаввурнинг қилмишлари ҳам қишлоқ болаларининг тутуми каби оддий ва шўх. Койиш эшитган боланинг калласи хаёлда дарров ғойиб бўлиб қолар, кейин бошини излаб юрганининг кулгили тасвири пайдо бўларди. Адабиётни айтмайсизми? “Маъно соҳибжамоли юзидан пардани очди” дейилса, ўзимиз қатори мактаб­­га бориб-келиб юрган, гулдор кўйлак кийиб рўмол ўраган синфдош қизлардан бирининг шўх илжайиб тургани кўз олдимизга келиб, шарақлаб кулиб юборардик. “Соҳибжамол” деган сўз эсимга Дашти Қипчоқ қизини ҳам солади. Лекин, унинг сиймоси дарсликдаги оқ юзли, узун киприкли нозик малакларга ўхшамайди, Дашти Қипчоқ қизининг борлиғида ҳаёт жўшқинлиги, ёшлик таровати гуркираган, офтобда қизарган юзида қизғин ҳарорат барқ уради. Ажабо, бизлар улғайганимиз сайин унинг хаёлимдаги сиймоси ҳам улғайган, ўсмирона хусусиятлари ғойиб бўлиб, бўй етган қизнинг балоғат таровати таралади. Қора сочи узун эди-ку, янада узайгандир? Сирли жилмайишининг фусункорлиги янада ортгандир?
Хуллас, бир томонда мутлақо кераксиз фанлар йиллаб болаларнинг онгига натижасиз қу­­йилган, бошқа томонда эса ўз болаларига, зурриёдларига ишончсизлик руҳияти ҳукмрон бўлган паллаларнинг ширин ва аламли ёди булар…

* * *

– Ўсимлик нимадан иборат? – деб савол берди бир куни Ботаника.
Ҳамма тушунмай ҳайрон қараб турарди. Ботаника печкага ўт қалаб, устига чойнакда сув қўйди, кейин баланд овозда яна:
– Хўш, ўсимлик нимадан иборат? – деб сўради.
– Илдиздан, танадан, япроқдан, гулдан…
– Бекорларни бештасини айтибсиз!
Бекор нима-ю, унинг бештаси қанақа бўлади?
– Хўп, нимадан?
– Ҳужайрадан!
“Ҳужайра” сўзи бизларга ёндош синфдаги қорамағиз қизалоқ – Ҳожира билан уйқаш келгани учун, тасаввурда бесўнақай, ўхшовсиз бир нимани намоён қилади.
– Билиб қўйинг, ҳар қандай тирик жон ҳужайрадан иборат.
Кейин дарсликни очиб, анжирга ўхшаган япалоқ бир нимани кўрсатди:
– Мана шу – ҳужайра! У ўзидан кўпайиш хусусиятига эга. Иккига бўлинади, кейин тўртга, саккизга… Хуллас, шу тариқа кўпаяверади.
Мантиқ буларни ҳисоблаб чиқиб, муаллимнинг гапини ёлғонга чиқаради. Сабаби, тинмай кўпаяверса, хамирдай кўпчиган бир нима пайдо бўлади.
– Хуллас, ўсимлик ҳужайраси таркибида цитоплазма бор, цитоплазма ичида эса хромосома бўлади…
Анжир, олма, нок, ёнғоқ, узум, шафтоли… буларнинг бари ҳужайралар экан. Ичида цитоплазмасию хромосомаси билан, албатта. Бизлар ҳам ҳужайрадан таркиб топган эканмиз. Қисқаси, бир тўп ҳужайра саналмиш биз бошқа тўп ҳужайрани паққос туширар эканмиз. Сигир дейилган бир тўп ҳужайра очқаса бўкирармиш, кучук дейилган яна бир ҳужайра тўпламини тепсангиз ангиллармиш ва ҳоказо.
Кулги ўз йўлига-ю, энди бизлар шу фанни ҳам ўрганишга мажбур эдик.
– Баҳорда селлар лойқаларни олиб келиб экинзорларга ёяди, – деди Ботаника. – Улар орасида турли-туман ўт уруғлари бўлади. Сўнг­­ра тупроқ борки, ундан наботот униб чиқади. Рангу туси, шаклу шамойилига ақл шошади. Бироз вақт ўтгач, теваракда гул очмаган нарса қолмайди. Бодрингу помидорлар сариқ, гилосу ўрик оқ рангда гуллайди, олма турига қараб ҳар рангда барқ уради, тиканлар мовий гул чиқаради. Оқишу қизғиш, ингичкаю қалин илдизлар тупроқ бағрига кириб бориб, маъданларни сўриб олади, ўсимлик бағрида кимёвий жараёнлар рўй беради. Шуларнинг бари қуёшга интилади. Япроқлари ёруғликни тўйиб-тўйиб, худди чақалоқ сут эмгандай эмади, офтоб уларда шавқ пайдо қилади, кечгача нурга тўйинган ўсимлик туни билан уни бошқа нарсага айлантиради. Ёнига одам келганини сезади, ўзини чоғлайди, мени бир нима қилиб қўймасин деб ҳуркади. Ахир, у ҳам сиз сингари тирик жон. Масалан, биров уриб-сўкса ёки хатар сезсангиз, бақириб-чақирасиз, қочасиз, у эса жойидан силжий олмайди, чунки илдизи ерда-ку?
Уларни шамол, асаларилар, қушлар чанг­латиши ҳақида ҳам айтди. Айниқса, мевалар ҳақидагиси қизиқарли бўлди, тасаввур улар орасидан нима учундир анорни ажратиб олди. Қишлоқ хотинларининг меҳнатда қаварган қўллари, қизарган ол ёноқлари, кампирларнинг бужур кафтларини тамсил этадиган мумсик ва ўксик бута тимсолга айланди. Бошқалари эса бундай хусусият касб этмади. Мевасиз тераклар, шамолда ларзон чайқаладиган толлар, беҳилар, олмалар, узумлар ҳам нима учундир одамларни тамсил этмай, фақат аноргина одамга ўхшаб қолди.
Муаллим муқоваси эскириб кетган бир китобни қўлимга бериб, бир саҳифасини очиб, “Ўқи” деди тантанавор оҳангда. Ўқий бошладим:
– Шак йўқки, “қувваи табиия” илҳомлантирилган ва вакил қилинган вазифаси билан бирор моддага дуч келганида уни бекор қолдирмайди. Агар у модда керагидан ортиқ бўлса, ўз ишини икки марта орттиради. Икки ҳисса орттириш баъзан бир неча марта ҳам такрорланади. Бу ҳодисаларнинг барчаси ўсимликларда учратилади. Бир-бирига ёпишган қўшалоқ мевалар, битта пўчоқ ўраб турган қўшалоқ мағизлар. Икки марта орттиришда кўпайиш ва бир-бирининг ичига кириб кетиш ҳам бўлади, ичида ўзи каби лиму мавжуд бўлган лиму бунга мисолдир.
Гоҳо “қувваи табиия” тўлиқ икки ҳисса қилиш ишини тамомлай олмайди-да, аъзоларни турган жойларига лойиқ орттириб қўяди. Чунки одатдагига ва яроқлиларга қараганда ортиқча бўлса ҳам, ўзига тегишли ўринларда туради…
– Тушундингизми?
– Ҳа.
– Нимани тушундингиз?
– Билмадик…
Биология устозимиз давом этади:
– “Қувваи табиия”нинг маъноси табиий қувват дегани! Беруний бобо айтяптики, яратиқларнинг пайдо бўлиши, ўсиши ва кўпайишини бошқариб турадиган бир куч бор. Жон ана ўшадир. Дарахтлардаги қўшалоқ меваларнинг, эгизак болаларнинг қандай пайдо бўлишини тушунтиряпти. Айтяптики, зурёд ёки мева етилиши учун моддалар етарли миқдорда бўлиши керак. Агар улар керагидан кўп бўлса, у қувват бир куртак негизида ўшанга ўхшаш яна бир ҳосил яратади. Қўшалоқ мевалар ёки эгизак­лар пайдо бўлиши сабаби шунда деяпти. Агар ўз ишини тамомлай олмаса, ошиқча бир аъзо ясайди-да, ишини тугалланган деб ҳисоблайди. Масалан, одамдаги қўшимча бармоқлар ёки ортиқлар шунга мисол.
Яна тушунмаймиз. “Қувваи табиия” ўз ишини қилса қилавермайдими?
– Беруний ким?
– Жуда катта олим, сизнинг аждодингиз! Мана шу гапларини минг йил аввал айтиб кетган!
Тўғри. Минг йил аввал яшаган бўлса, минг йил олдин айтади-да. Олдинроқ ёки кейинроқ айтишининг иложи йўқ-ку?
– У маҳалда дунё ҳали санашниям тузук-қуруқ билмас эди, гап шунда!
Бўлса бордир. Лекин биз оддий одамлармиз, унақа нарсаларга ақлимиз етавермайди.
Мана шу гап жуда кўп такрорланади. Кишилар ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида гап кетганида “Ҳа, энди биз оддий, жўн одамлармиз-да”, деб истеҳзоли илжайиб қўйишади. Буни болалар ҳам ўзлаштириб олишган.
– Шу китоб сенга! – деди Ботаника, бурушиқ қўлларини елкамга қўйиб. – Унинг номи “Осорул-боқия”2. Мен тез кунда нафақага кетаман, соғлиғимнинг мазаси йўқ. Катта бўлсанг, эслаб юрарсан…
– Раҳмат! – дедим бу тушунарсиз китобни нима қилар эканман, дея ҳайрон бўлиб.
Шундан сўнг у дарсда давом этиб, табиий танланиш деган жараён ҳақида ҳам гапирди. Ўсимликлар пайдо бўлганидан бери миллионлаб йиллар ўтганмиш. У маҳаллар одамлар яшаганми? Йўқ, яшамаган. Улар Тешиктошдан топилган неандертал одамдан сал аввалроқ пайдо бўлишибди. Теградаги кишиларга разм солсангиз, шаклу шамойили, қиёфаси ҳар турли эканига ҳайрон қоласиз. Масалан, бир синфдошимизнинг сочлари сариқ, кўзлари эса баҳор осмонидай кўм-кўк. Баъзилари қўйкўз, баъзиларнинг кўзлари эса қийиқ. “Қон суради”, дейишарди кишилар. Сариқ эканининг сабаби, етти пуштининг қай биридадир шунақа киши бўлган. Қиёфа ҳар етти авлодда бир қайтади. Етти пушти суриштирилиши шундан. Аждодининг ким экани ҳам суриштирилади. Сабаби, авлодида бир ярамас ўтган бўлса, қанчадир вақт ўтиб, юзага чиқиб қолиши мумкин, деган гапларни эшитасиз. Булар, табиийки, ўсимлик ва дарахтлар мисолида ҳам тушунтирилади. Умуман, одамлар ва дарахтлар муносабати хилма-хил ва аллақачон бир-бирига мазмунан яқинлашиб кетган. Мисол учун, келинчак ота уйига аразлаб келса, “Бир кўчат тутиб кетиши учун қанча вақт керак, сабр қилгин”, дейдилар.
Муаллимимиз нафақага кетгач ҳам, дарсларимиз яна бир муддат давом этди. Кейин ботаника ўз жойини зоологияга бўшатиб берди. Зоология ўрнини эса анатомия, сўнгра умумий биология олди. Шу тариқа бизнинг мактаб фаслимиз ниҳоя топди, шунча йил олган керагу нокерак билимларимиз билан ҳаёт бағрига йўл олақолдик.

* * *

Бир авлод болалари шу тарз улғайишади. Бу орада оталар кексайишади.
Бир ҳайқирса, овози етти қишлоққа етадиган қудратли оталар бели букчайиб, ҳасса таяниб юрадиган оқсоқолларга айланишади.
Кўнгли бўш бўлиб қолганини айтмайсизми?
Бир қарасангиз, чопқиллаб ўйнаб юрган неварасига қараб, меҳри товланиб:
– Одобингдан айланай, отам, – дейди. – Қўлингни кўксингга қўйиб, жимитдай бўлиб салом берсанг, кўзимга ёш келади-я. Бобонг қурбон бўлсин сенга, отажоним, – дейди. – Қа­­ра-я, отам ўтиб кетувди, ўрнига сен ота бўлдинг!
Яна бир қарасангиз, “Жоним онам”, дейди қиз неварасига қараб. Дастёр бўлиб қолдинг-а. Ўрим сочинг белингга етиб, челакларда сув ташийсан, ҳовлиларни супурасан, ҳамма ёқни саранжом-саришта қилиб қўядиган ажойиб қизалоқ бўлиб вояга етдинг. Онам ўтиб кетувди, чеҳрасини қўмсаб-соғинардим, ўрнига худойим сени берди. Бирингизни отам, бирингизни онам дейман-да, яна кимим бор менинг бу дунёда?
Ҳай аттанг, улуғларим бу кунларни кўришмади. Бўй-бастингизга зор бўлиб, кўзларини тика-тика ўтиб кетишди.
Болаларим, ҳаётим бўйи сизларни деб заҳмат чекдим. Ўтгаям, чўққаям сизларни деб кирдим. Камолингизни кўраман деб орзулар қилдим.
Жон болаларим, илм олинглар. Ахир, мен ҳам фазоларга, юлдузларга қизиқардим. Найлайин, турмуш оғир экан. Отамнинг ёнига киришим, белига мадор бўлишим керак деб, тупроқ ичида ўралашиб юраверибман. Қарасам, умр ўтиб кетибди.
Ўзим ҳам юлдуздай чақнаган бола эдим-ку? Э воҳ, умримни нималарга сарфладим, деб ўксинади.
Бизнинг замон шунақа эди. Илм олсанг ҳам, қишлоқда кимга керак бўларди? Энди ҳамма йўллар сизники, болалар. Ўқинглар, катта бўлинг­лар, эл бошига келиб юрт сўранглар, дейишади.
Аммо нима учун бунча армон, афсус, ўкинч, изтироб?
Болалар эса… бир-биридан ўзғир, шаддод, аммо отасининг ҳурматини билади. Ўзини иззатиниям билади, кўзларида ақл-фаросат балқиб турибди…
Ўтган йилларнинг ҳикояси мана шулардан иборат. Бу давр оралиғида улғайган минг­лаб-миллионлаб кишилар шу манзараларни ёд билишади. У ҳаёт онгларга сизиб кириб, аллақачон тошга ёзилгандай муҳрланиб улгурган.
Энди ўчармиди?
Йўқ, сира ўчмайди.

ИККИНЧИ ҚИСМ

Генетикага кириш
(Генетикнинг учинчи ҳикояси)

Бундан бир ярим аср аввал Чехия монастирларидан бирининг монахи – Грегор Мендел деган одам нўхат устида тажрибалар ўтказиб, сариқ ҳамда яшил нўхатни чатиштиришда ҳосил бўлган барча навлар сариқ бўлиб қолганига диққат қаратган эди. Икки тур ўсимликдан сариқ нав кучлилик қилгач, яшили қаёққа кетақолди? Бу ғалати ҳолат Менделни жуда ўйлантириб қўйди. Шунингдек, тириш бўртиқ ва силлиқ уруғли ўсимликларни чатиштирган эди, кейинги ҳосилдагиларнинг ҳаммаси силлиқ уруғли бўлиб қолди.
Шундан сўнг монах ғалати шу ишга бутун борлиғи билан киришиб кетди. Чатиштиришларнинг иккинчи авлодида ҳар ўнтадан еттитаси сариқ, учтаси эса яшил бўлиб чиқди. Кейинги авлодда яна кутилмаган аломат кузатилди, яъни силлиқ сариқ ва бўртиқ яшил уруғлар чатиштирилганида, яшилу сариқнинг хусусияти ўзгариб, силлиқ яшил ҳамда бўртиқ сариқ навлар юзага келди.
Мендел тасаввури кенг одам эди. Барча улкан кашфиётлар оддий ҳодисалар замирида ётишини биларди. Бундай ҳолат инсон ирсиятида ҳам учрармикин, деб бош қотирди. Инсонлар ҳам ўсимлигу дарахтлар сингари бир-бирлари билан чатишадилар, лекин баъзиларининг авлодлари бир-бирларига ўхшаса, бошқаларидан турли қиёфадаги фарзандлар туғилади. Нўхат ҳамда ловияда кучли нав фақат биринчи авлодда устунлик қилса, учинчи авлоддан кейин ажралиш юзага келди. Илк навлар кучли, бўлиқ ҳосил берса, кейингилари ота-онанинг кучсиз тарафларини олиб униб чиқди. Инсонларда-чи? Афсуски, Мендел у чалкашликларнинг қонуниятларини тополмасдан дунёдан ўтиб кетди.
Орадан анча йиллар ўтгачгина, бошқа олимлар Мендел кашфиётларига эътибор қарата бошлашди.
Бу орада фан ҳужайра деб аталган хазинани аллақачон кашф этиб бўлган эди.
Айтайлик, чўлда кетиб боряпсиз, деди у. Кафтингизга бир сиқим қум олдингиз. Унда нечта зарра бор? Мингтами, юз мингтами? Санашнинг иложи йўқ. Қумдан яратилган одам вужудида-чи, қанча бўлиши мумкин?
Ҳа, инсон танаси ҳужайра дейилган жуда майда зарралардан иборат. Улар қумдан минглаб марта кичик: фақат микроскоп остида кўра оласиз. Ҳажми, ранги, шакли бир-бирига ўхшамайди, гўё қор зарраларининг бетакрорлигини ёдга солади. Аксариятида қобиқ остида шаффоф суюқлик бўлади, унинг ичида эса ўсимлик уруғига ўхшаган янада кичик зарралар жойлашган.
Тирик жон эгаларининг бари, шу жумладан ўтлару дарахтлар ҳам ҳужайрадан таркиб топган. Уларнинг баъзилари бор-йўғи битта ҳужайрадан иборат, баъзиларида эса бир неча минг. Инсонда эса тахминан эллик триллион ҳужайра мавжуд. Ўйласангиз қўрқиб кетасиз, шуларнинг бари бир низом ва тартиб ичида ҳаёт кечириш билан бирга, вужуд тириклигини таъминлаб туради.
Кейинроқ эса ҳужайра таркибидан генлар ажратиб олинди. Хромосома деб аталадиган зарра ичида яшириниб ётган ҳукми илоҳий тўсатдан тирик жоннинг яратилиш сирлари томон йўл очиб берди. Ҳа, яралиш дейилган улкан жараён ген деб аталадиган бениҳоя митти моддалар бағридаги буйруқлар боис, ўз қонуниятларидан сира оғишмасдан давом этиб келмоқда. Микроскоп остида буралиб-чувалиб ётган у ҳукм ўрами қай тарз кўз, қулоқ, юз, соч, суяк, мушак, тана аъзолари бунёдга келишининг, ўсиб-ривожланишининг ва ҳаёт деган ажойиб жараённи такомиллаштиришининг тамал қонуниятлари бўлиб чиқди. Бу эса жон эгаларининг бор-йўғи бир ҳужайрадан пайдо бўлиши сабабларига жуда кучли исбот бўлиб қўшилди.
Мендел бениҳоя мукаммал шу меъморий салтанатга инсон аралашуви мумкинлигини исбот қилиб кетди. Билимлар оламидаги мутлақо янги бу кашфиёт ҳар қандай тирик жонзотни истаган шаклда ўзгартириш мумкинлигини, бениҳоя мураккаб тирик организмларни хоҳлаган тарзда бунёд эта олишни ваъда қиларди.
Аммо, жон-чи? Кўзга кўринмас митти зарралар йўқлик оламларидан келадиган ўша меҳмон учун мукаммал бир меҳмонхона ҳосил қилар экан, унинг ўзи қайда? Шу маҳалгача жон дейилган унсурнинг фақат аломатлари кўрилган, ўзининг не экани эса жумбоқлигича қолмоқда. У меҳмон шунчалар азизки, наслу насабининг ҳам азизлигини таъкидлаш учун ота ва она қиёфаси бахш этилиб, вужуд де­­йилган хонаи хуршидга уларнинг қош-кўзлари, юз-чеҳраси ҳам нақш этилмоқда!
Мендел илоҳиётчи файласуф ҳам эди. Унга қадар олимлардан Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино олам мукаммаллиги аро инсонгина зоти олий эканини, барча тирик яратиқларда фақат жон бор эса, инсонда ундан ташқари руҳ ҳам мавжудлигини таърифлаб кетишган. Мендел ҳам шу фикрни давом эттирди: она қорнида ҳомилага жон киргани ҳамоно яратилган у вужуд аъзолари ишга тушади ҳамда уч ой ўтгач, руҳ пуфлаб киритилади. Унинг кимлиги, яхши ёки ёмонлиги ҳозирча Тангри таологагина аён. Топ-тоза, мусаффо инсон руҳи ўша муҳташам вужудга киргачгина одам пайдо бўлади. Мана шуни “Бир инсон дунёга келди”, дейдилар.
Модомики “келган” экан, у ҳолда, қаердан?
Тана дейилган маъвода у билан бирга ўсиб-улғаяр экан, ҳар нарсани мушоҳада қилади, таққослайди, турли-туманликларни кўриб тафаккурга толади, севади, нафратланади, қувонади, изтироб чекади. Шу тариқа, фақат мазмунлар ила тўйина-тўйина, вақт-соати келгач, яна ўзга маконларга равона бўлади. Вужуддай ажойиб санъат асари эса дарахтларнинг кузги барглари каби туссизлашиб, хазонга юз тутиб, олам тупроқларига қўшилиб-қоришиб кетади. Шунда “Фалончи оламдан ўтди” ёки “Дунёдан кетди” дейдилар.
Қай тарзда, қаерга кетақолди?
Келтираётгану кеткизаётган ким?
Бундай ифодалар фақат инсонгагина қўлланиши-чи? Ҳайвонлар, қурту қушлар, дов-дарахтлар ҳам униб-ўсиб, ҳосил бериб ёки насл қолдириб хазонга айланар экан, уларга нима учун “оламга келди” ёки “абадиятга қовушди” дейилмайди?
Шу жараёнларнинг бари бирлашиб, инсон болалари оламга билим ва мазмун учун келишларини таъкидловчи рад этиб бўлмас ҳақиқатни намоён қиларди. Дунёга ташриф буюрган руҳ етарли мазмун билан тўйинмагач, шайтон измига кириши, бузғунчиликлар содир қилиши ақлга сиғадими? Мендел ер юзидаги барча бузғунчиликларнинг ва фалокатларнинг асосий сабаби жоҳиллик деган хулосага келди. Не учун яратилганини, не учун дунёга келганини билмаслик, ўзини ҳайвон наслига мансуб деб ишониш, шу ажойиб тана ичидаги руҳнинг қайдан келганини ва қайга кетишини тафаккур қилмаслик уни ҳақиқатан ҳам тубан даражага келтириб қўйиши шубҳасиз. Рўй берган юзлаб урушлар, қотилликлар, ҳақсизликлар тарих бағридан онгларга қарата қичқириб турмоқда, деди Мендел. Меҳру муҳаббат фақат инсонга хос эканини, бошқа бирор-бир жон эгаси у неъматларга ноил бўлмаганини кўрмаяпсизми? Оламдан олиб кетадиган нарсангиз ҳам ўша мазмунлар экани онгингизга етиб бормаяптими?
Шундай бўлса-да, ундан кейинги олимлар шиддат билан янги жон эгаларини яратиш шавқига берилиб кетишди.
Инсон мукаммал эмас, дейишди баъзилари. Мукаммал бўлганида қариб-қартаярмиди, ҳар турли касалликларга дучор бўлармиди? Мана, ўзингизни ўзингиз яратиб олинг, дея яратилиш тамалининг қопқалари ланг очилмоқда. Яна бироз сабр қилсангиз бас, дунёни истаган шаклга келтира оласиз. Ўз вужудингизни қайтадан яратасиз, томирларингизда доимо куч-қувват оқадиган, умр кузининг кексалик ва ажал деган офатлари кор қилмайдиган даражага етасиз.
Илк генетик тадқиқотлар шу заминда бошлангани сир эмас. Турли-туман бой-бадавлат кишилар ўз сарватларини тадқиқотлар учун аямай сарфлашарди. Ахир, яқиндагина одам боласи заиф мавжудот ҳисобланмасмиди? Ақлу тафаккури боис, ўзидан кучли яратиқлару балоларга бас кела олиш учун қуроллар ихтиро қилди, мустаҳкам уйлар, тўғонлар қурди, ҳайвонларни бўйсундирди, чақмоқлару шамоллар ҳосил қилишни ўрганди. Ҳа, энди тўла ҳукмронлик замони келди, чунки у ҳар нарсадан ғолиб чиқди.
Шунингдек, касаллик ҳосил қиладиган микроорганизмларнинг ҳам тирик жонзот экани, кўпайиб-урчиши ва ҳаёт кечириши аниқланди. Фанлар олдида яна бир муҳим вазифа кўндаланг бўлди: жонли дейилган яратиқлар генга эга бўлиши шарт деб белгиланди. Шу тариқа, ҳайвонлару ўсимликлардан тортиб то одамни ҳалокатга етаклайдиган, қуритиб-қовжиратадиган турли-туман касаллик қўзғатувчиларию таомлару меваларни ачитадиган, ер тубларида жараёнлар ҳосил қиладиган, тошларни емирадиган, хамирни кўпчитадиган бактерияларгача тириклар сафига келиб қўшилақолди.
Менделнинг ҳаёт ва ўлим қонуниятлари ҳақидаги у рисоласи бошқа тур юзлаб асарлар орасида қолиб кетди. Дунё янгиланишга юз бурмоқда, энди асрлар оша эскирган хулосалар ҳеч кимга кераксиз, аллақачон ҳамма биладиган гапларга айланиб қолган, замонавий фан эса янги уфқлар сари дадил одимларди.
Кейинги юз йил ичидаги муттасил таҳлиллар ҳамда тадқиқотлар давомида эса тўсатдан… одам боласининг яралиш қонуниятларига дахл қилиш ҳалокатли экани аён бўлди. Инсон генлари жуда мустаҳкам ҳимояланган бўлиб, ундаги салгина ўзгариш ҳам жон эгасини йўқлик сари етаклаб кетарди. Шундан сўнг инсонни генетик ўзгартириш фикридан қайтилди, кўпчилик ўлкаларда бу тур тадқиқотларни қонунан тақиқланди. Тўғри-да, инсон устида тадқиқот ўтказиб, у мукаммал тизимни ўзгартириш асносида унинг айни дамда бўлғуси ота, она ёхуд фарзанд эканлиги назарда тутилса, отадан ёки онадан ўтган мутлақ генларнинг ўзгариши натижасида бошқа шаклу қиёфа олган янги жон эгасининг “Отам қани? Онам қани?” деган саволларига ким жавоб бера олади? Жавҳаридан ўзгартирилган у мавжудотни ким одам деб тан олади? Мудҳиш тақдирларни яратиш ғоялари шу тариқа абадиян ҳибс қилинди. Фақат ирсий касалликлар ҳамда тиббий генетика изланишларига рухсат берилди, холос. Ўсимликлар генетикаси эса кутилмаганда шиддат билан ривожланди. Чунки ёруғдан баҳра оладиган ҳамда тупроқдан неъмат яратадиган шу оддий жонзотлар ген ўзгаришларига анча мослашувчан бўлиб чиқди.
Мана шу маълумотларнинг барчаси дунё генетика марказларининг илм хазиналарида жилд-жилд рисолалар ва маълумотлар кўринишида сақланмоқда эди. Оламнинг қаерларидадир тирик организмлар тузилиши устида тадқиқотлар муттасил олиб борилаётгани ва махфий тутилаётгани аён, ўсимликлар ва дарахтлар дунёсига алоқадор барча билимлар эса ошкор бўлиб, тез орада у яна бир бошқа тизимга – тижорий тизимга хизмат қила бошлагани ҳам сир бўлмай қолди.

Момақалдироқ

Момақалдироқ қандай ҳосил бўлишини кўрганмисиз?
Ёмғирга ҳомила қора булутлар қат-қат, уюр-уюр тўпланиб-пасайиб келган маҳал, ҳавода бегона шамоллар ўқтин-ўқтин забт уриб, дов-дарахтни шовуллатган кез, бир-икки ёмғир томчиси ҳар ер-ҳар ерда заиф шитир ҳосил қилган паллада кўкни ёриб чақнаган чақин шиддатидан сўнгра янграйдиган гумбурлаган садо ҳайрат, шавқу завқ ва ҳайиқиш ҳосил қилади. Чақин само қамчиси бўлса, момақалдироқ – ўша қамчи булутларга урилганининг овози.
Мен момақалдироқ олдидан бир лаҳза тек қоладиган табиат аро ёйлоқларнинг ниманидир кутаётгандай таҳликада титраган ўт-ўланларини, жонзотларини, дов-дарахтини кўп кузатганман. Момақалдироқ ҳавони ларзага келтирганида, ортидан келадиган ёмғирни сезишини, қад ростлашини, интиқлигини кўрганман.
Яна, ўтлару майсалар, бори наботот чақмоқдан қўрқиши-чи? Қурту қуш олдиндан сезиб, беркиниб олиши-чи? Ақлу тафаккури йўқ у жонзотларга бундай сезимларни ким берган?
Билганларим онгимда момақалдироқ содир қилганга ўхшарди. Аммо ҳали чақин кўринмади-ку? Билим булутлари ерга янада яқинлашганида, кўкни тиккасига ёриб юборадиган у самовий қилич қудратини ҳозирча шу гулдуросгина ифодаламоқда эди, холос.
Бир маҳаллар, сарғайган маккажўхорилари иссиқда ҳансираган, одамларию табиати бир-бирига ўхшаш маконлардан чиқиб келган қора кўз болакай, яъни мен ўзимда пайдо бўлган илм чанқоқлигини қандай қондиришни билмасдим. Йигирма уч ёшимга қадар ўзим билган дов-дарахт ва ўсимликларни илдизигача ўрганиб чиқиб, биология илмига хос неки бор, ҳаммасини сингдириб олгач, шуурим яна ва яна билим истарди.
Мактаб дарсларида қайта-қайта ўтилган “Фикр соҳибжамоли юзидан пардасини очди” деган гапнинг мазмуну моҳияти энди ақлимга етиб келаётган, ҳақиқатан ҳам, у сулувнинг ҳусну жамоли шунчалар мафтункор, инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб, ўзига тамомила маҳлиё қилар даражада жодугар, минглаб асаларилар тўплаган тоза бол каби хуштаъму шифобахш эканига ишонардим. Ичимдаги “илм шайтони”ни қандай тинчлантиришнинг йўлини тополмасдим.
Ақлу тафаккурим йилдирим тезлигида кўрган-билган воқеа ва ҳодисаларни таққослаб, хулоса чиқарар, шиддатидан ўзим ҳайратланардим. Фан чўққилари сари интилар эканман, теграмда яна одамлар ва воқеалар жонланарди.
Ўсиб-улғайиш мобайнида неки кўрган бўлсам, фанлар ёруғида улар мутлақо бошқача жилваланарди-да. Масалан, қуёшга қора шиша орқали қарасангиз, ёғдуси оқиш бўлиб қолади. Ёки ниначи кўзига ўхшатиб ишланган ойнадан боқсангиз, бир хил тусли осмон турли бўлак­ларга бўлинганини кўрасиз.
Теваракда неки тирик жон бор, бари ниҳоясиз ҳукми илоҳий ила турли-туман ақл етмас жараёнлар ичида эди. Ҳар тирик жон зарурий маъданлару кимёвий бирикмаларни ўз танаси бағридан чиқариб зурриёдига тутар экан, уларни ҳосил қилишни қай тарзда ўрганақолди? Сут дейилган, эл ниҳоятда эъзозлайдиган ва муқаддас деб биладиган неъмат таркибидаги қўшалоқ органик моддаларни, шифо, даво ва озуқа бўладиган юзлаб унсурларни қон ва эт ораларида ҳосил қиладиган қудрат нима? Шуларни ўйлаганимда оловнинг сираям олов эмаслигини, балки зарралар ҳаракати ҳаддан ташқари тезлашганида кучли энергия ажралиб чиқишини ва моддалар хусусиятини ўзгартиришини кузатардим. Булар орасида энг ажойиби сув эканига ҳайрон қолар, ҳаводаги икки зарра бирлашиб зилол ҳосил қилишини тушунолмасдим. Ҳар ҳолда, шу икковлон бирлашганида учинчи бир модда пайдо бўлиши ҳам азалдан ирода қилинган қонуният бўлиб, қудрат эгаси агар истаса, уни бузиб юборишига ва ер юзининг барча олимлари бирлашганида ҳам сув ҳосил қилолмаслигига ақлим етиб турарди.
Етилаётган буғдойлар, мева-чевалар, сабзавотлар, илдиз ёрдамида тупроқдан нотаниш маъданларни сўриб олиб, олмага, нокка, гилосга, қулупнайга айлантираётган, ер устидаю остида, шоху новдаларда, япроғу илдизларда тарам-тарам, дона-дона, ғуж-ғуж, қўша-қўша ёки тизим-тизим мевалар ҳосил қилаётган ҳукмларни кўриб, уни ҳаракатга келтирадиган, жорий қиладиган ҳамда барқ урдирадиган яна бир қудрат мавжудлигини сезиб-билиб турардим.
Назаримда, “жон” ўша эди!
Бир маҳаллар, ўриб олинган маккапояларнинг ердан чиқиб турган қолдиқлари қўл-оёқни тиғдай тилиб юборишини, жароҳатдан оч-қизил тусли қон оқиб чиқиб, тезда қотишини айтган эдим.
– Қўлингни тилиб олдингми?
– Ҳа, маккапоя илдизи тиғдай экан. Кесиб юборди.
– Эҳтиёт бўлмайсанми? Устига тоза тупроқ сеп ёки қоракуя сурт!
Фан бу ҳодисанинг қандай содир бўлишини шундай аён қилади. Қаранг, нималар рўй берар экан? Сон-саноқсиз асаб толалари узра “Бу одам қўлини кесиб олди” деган хабар вужуднинг ҳар тарафига чақмоқдай таралади. “Диққат! Баданнинг қўл қисмида жароҳат бор. Вужуднинг бир бутунлигига путур етди!” Ўша заҳоти кўмикларда, иликларда, суяк ва қон ораларида ақл бовар қилмас ишлар бошланади. “Кесилган жойни ҳимоя қилиш учун бизга мудофаа аскарлари лозим. Кесилган жойни тиклаш учун тўқувчилар, тикловчилар, бутловчилар, маъданлар керак!” Жароҳатдан кириб келиши мумкин бўлган “душман”ларга қарши курашиш учун иммун тизими аскарлари ўша заҳоти гурос-гурос жўнаб кетишади. У жойда ҳарорат ортади, чунки юқори ҳароратда бегона жон эгалари тезроқ ҳалок бўлади. Кесилган жой усти жигарранг қобиқ билан қопланади, сабаби – бегоналар кириб келолмасин! Қобиқ остида эса тиклаш ишлари муттасил давом этади. Зарарланган томирлар, узилган асаб толалари, тери қаватлари бирин-кетин янгиланади. Ниҳоят, аввалги ҳолига келгач, вужуд ораларидан яна буйруқ келади: “Тиклаш ишлари ниҳоясига етди! Барча аъзолар мўътадил ишламоқда. Ўраб олинган жойнинг ҳимоя қобиғига энди ҳожат йўқ!” Қобиқ остидаги “ишчи”лар уни тутиб турган сон-саноқсиз ипларни кесишгач, жароҳат устидаги қобиқ ўз-ўзидан кўчиб тушади… Тикланиш, яъни регенерация ҳаёт деган сирли унсур яшнатиб турган барча тирик мавжудотларда шу тарзда рўй беради. Кўз кўра-кўра ўрганиб кетган, гўё ўз-ўзи­дан рўй бераётган шу ишни, онгсиз ҳайвону ўсимликларни қўятуринг, олий тафаккур эгаси бўлмиш одам боласининг ўзи бошқар­яптими? Асло йўқ. Зоҳиран оддий, лекин моҳия­тан жуда мураккаб жараёнларнинг бари вужуд генларидаги ҳукмлар боис рўй бермаяптими?
Мен етиб келган фан чегараларидаги ўзига хос билимлар, трансгенлар3, мутациялар4, тирик жон бағрида рўй бераётган турли-туман жараёнлар, курашлар, ғалабаю мағлубиятлар… Вирус ёки бактерия кўринишида танага кириб келган сон-саноқсиз “душман” аскарлари, уларга қарши курашадиган иммун тизимининг мукаммал мудофааси… Бағрига Коинотни жо айлаган Инсон… Ҳамда шу вужудни пайдо бўлганидан то умр сўнгига қадар ипидан-игнасигача зарра-зарра бошқариб турган илоҳий бошқарув… “Мана энди истаганингни қил, – деб ҳайқирмоқда эди мен танлаган фан, шайтоний қаҳқаҳа ила. – Яратилиш қонуниятларининг тамалигача ҳукмингни ўтказа оласан. Хоҳласанг, жаҳаннам махлуқларини ярат. Сигир бошли чивин, тимсоҳ бошли қўй ёки уч бошли одам пайдо қилиш батамом изну ихтиёрингда. Ер юзидаги миллионлаб судралувчи, учувчи, ўрмаловчи, сакровчи, сузувчи жонзотларнинг яралиш қонунлари қаршингда мунтазир. Оламлар Хожаси сени Коинот сарвари деб шарафлаганига энди имон келтирасанми? Қачонлардир яратилган ва бугун таъбингга мос келмай қолган нарсаларни бемалол ўзгартиравер, йўқса бу қудрат, бу имкон сенга ўз-ўзидан, шунчаки берилибдими?
Ер юзидаги тириклик ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборишга қодир бир одам боласи мисли кўрилмаган шу низом аро минглаб йиллардан буён давом этаётган ажойиб ҳаётнинг яралиш сирлари қаршисида ортига тисарилмасинми, ҳайиқмасинми, титрамасинми? Ҳамда ижод шавқи аро яна олға интилмасинми?
Ўзгариб кетган замонавий дунёда ҳаёт кечираётган жон эгаларига “тузатиш” киритиш Тангри иродасига қарши чиқиш эмас, балки унинг ердаги элчиси ўлароқ, оламга ҳукмронлик қилиш, ўзгартириш, янгилаш деган маънони билдирмайдими?
Бир замонлар “Инсон мукаммал эмас” деб даъво қилганлар қаторида, “Бундан миллионлаб йиллар аввал яратилган яратиқларнинг баъзилари эскирди” деганлар ҳам бор. Уларнинг гаплари ҳақиқатга яқинми? Наҳотки, Оламлар Хожаси яратиқларни замонга мослаб қўйишни бандасига раво кўрган бўлса? Масалан, к е ч к у з м а ҳ а л и у з у м н о в д а л а р и н и е р г а к ў м а м и з. Шўрлик, тўсатдан келган совуқда титраб-довдираб, не қиларини билмай туради, ажалим етдимикин дея қўрқади. Ҳа, қиш қаттиқ келади шекилли, кўмилмаса, совуқ уради. Музлаган ерни ўйиб, йўғон зангларни ҳалқа-ҳалқа ўраб, устидан маккапоя ва тупроқ бостириш заҳматини бошдан ўтказганлар билишади. Таркибидаги “эскимос” деб аталадиган генларни ўзгартириш билан бу муаммо барҳам топиши мумкин. Илмнинг ўйинларини қаранг! Эскимослар – Гренландия музликларида яшовчи, муздан уйлар қуриб яшайдиган кишилар. Халқ номининг навга берилиши ҳам фандаги ғалати ҳодисалардан бири. Лекин илмда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Масалан, чойнинг бир тури “ҳинд” деб, қаҳванинг бир тури эса “африкалик” деб аталади…
Дунёнинг энг илғор лабораторияларида оламдаги узум навларининг нусхалари сақланади. Уларнинг генлари аллақачон ўрганилиб, хариталари тузиб бўлинган. Қишлоқдаги одамларнинг муаммоси ҳал бўлиши учун ўша навнинг ген харитасини топиш, “секвенсер” деган ускуна ёрдамида узум генининг ўша қисмини “кесиб” қўйиш керак. Шунда танасида оқадиган суюқлик хусусияти ўзгариб, совуққа чидамли бўлиб қолади. Бир узумгина эмас, совуқдан азият чекадиган анорлару анжирлар ҳам ёлвориб тургандай. Ажаб, “”эскимос” генлари уларда ҳам бор. Ҳужайрасининг жавҳарига ўзгартириш киритилса кифоя.
Лекин жон дейилган номаълум унсур у ҳужайрага кирармикин? Ҳаёт кечиришига, ўсиб-унишига кўмаклашармикин? Ёки яралиш ҳукмидан чиққан у заррани тарк этармикин?
Ғоялар… умидлар… орзулар ҳам илм ҳудудларидай бепоён, битмас-туганмас…
Уфқларга қадар ястаниб ётган, устида қалдирғочлар тинмай айланиб учадиган, орасига кирсангиз нафас олиш қийинлашадиган далалардаги ғўзалар-чи? Бизда иқлим тез ўзгаради, илк теримдан кейиноқ ёмғирлар ёғиши мумкин, у эса ҳосил сифатини айнитади. Дунёда ғўзачалик кўп ва чуқур ўрганилган ўсимлик бўлмаса керак. Унинг бағридаги уч миллиард кимёвий ҳарф билан ифодаланган матн сирларига термилиб ўтирарканман, одамларнинг меҳнатлари, қатор ораларидаги уччаноқлар, ейилган беҳилар кўз олдимга келади. “Б у ж у д а д а н г а с а ў с и м ­л и к — д а, – дейди улуғларимиздан бири, кетмонини ерга қўйиб, пешонасидаги терини артиб. – У ёқ-бу ёғини чопиб, қулоғидан тортиб, илдизига ҳаво бермасангиз, сира ўсгиси келмайди”. Шундай бўлақолсин, лекин уни тезроқ, толаси узунроқ бўлиб етиладиган қилишнинг усуллари борми? ”Бор, – дейди Генетика. – Қ и ш л о қ т е р а к з о — р и д а г и о т­­ қ у л о қ л а р эсингдами? У ердаги дарахтлар баланд ўсиб, нурни тўсиб қўймаганмиди? Отқулоқ барглари ва ундаги толасимон томирлар шу сабабли бўртиб, ўсиб-узайиб кетмаганмиди? Сояда қолганидан хавотирланиб тезроқ гуллаб, эрта уруғ сочмаганмиди? Эсла, эсла… Қуёш нури тикка тушадиган жойдагилари унақа эмас эди. Ахир, бари бирдай отқулоқ-ку?
Ҳа, ўсимлик нурга интилади. Уни тўсиб қўйсангиз, савқи табиий ила ёруғлик қаёқдалигини сезиб, ўша ёққа қараб ўсади. Ёруғ камайса, куз келяпти деб ўйлаб, қўрқади. Куз унга ҳаёт тамом бўлганини, ажал элчиси йўлда эканини билдиради. Узум шу сабабдан мўйловларини ҳар ёнга ёйиб тепага интилади, ҳатто дарахтларнинг қир учигача чирмашиб чиқиб боради. Қовоқ ҳам шундай, дасталаб босилган ғўзапоялар тепасигача ўсиб, катта-катта ошқовоқ солади. Кунгабоқарни-ку айтмай қўяқолай. Хуллас, ғўзани ёруғликдан тамомила мосуво қилсак, нур излаб ғовлаб кетиши мумкин. “Чилпиш” деган жараённинг моҳияти ҳам шунда, яъни ўсимлик шундай бошқарилади. Учидан чилпилган ўсимлик ўсишдан тўхтаб, кўсакка зўр беради, чунки “Кимдир келиб мени чилпиб қўйди, тезроқ ҳосилимни берақолай, куз келгунча улгурай, бўлмаса яна чилпиб ташлаши ҳеч гапмас”, деб ўйлайди…
Шошма! Мабодо, уни нурнинг ҳаммасидан эмас, маълум қисмидан жудо қилсак-чи?
– Физика!
– Лаббай.
– Қуёш нурини ёйиб бера оласанми?
– Марҳамат. Қуёш нурининг кўринадиган спектри бир қанча ранглардан иборат. Чапдан ўнгга қараб, бинафша, кўк, яшил, сариқ, қизил ва узоқ қизил нурларга бўлинади, – дейди Физика, мактабдаги кекса устозим Абдуназар аканинг овози билан.
– Биология, ғўза фотосинтези учун энг муҳим нур қайси?
Биология эса яна бир устозим – Ҳошимбой аканинг овози билан жавоб қайтаради:
– Ҳаммаси, лекин ўсимликлар қизил ҳамда узоқ қизил нурсиз яшай олмайди, у ўсимликнинг юраги ва кўзидир!
– У ҳолда, “узоқ қизил” нурни кесиб қўйсак-чи?
– Бу ҳақда маълумот йўқ. Генетикадан сўрайқол.
– Генетика, нима қилайлик?
Генетика фани бутунлай бошқа сас ила жавоб қайтаради:
– Унинг ген харитасидан “узоқ-қизил” нурга жавоб қиладиган жойини топиб, ўша ердаги генларни “ўчириб” қўйиш керак.
Генетиканинг жавоби тўғри. Аммо қанақа қилиб “ўчирса” бўлади?

Устоз

– Ассалому алайкум, устоз.
– Ваалайкум ассалом. Генлар устидаги уриниш­ларингиздан хабарим бор. Буларнинг бари яхши, лекин, сизга бир нарсани айтиб қўйишим керак.
– Марҳамат, устоз.
– Нега буюрилган тажрибаларни қўйиб, бошқа ишлар билан шуғулланиб юрибсиз? Хаёлингизда мустақил олимга айландингиз-да энди?
– Йўқ, албатта. Катта устозга бу ғояни айтгандим.
– Булардан наф йўқ — барибир ҳеч нарса чиқмайди, қийин масалалар. Хўп, катта устоз нима дедилар?
– Катта устозга маъқул бўлди. Бироқ, мен кўпчилик “ҳеч нарса чиқмайди” деганига иккиланиб турибман, десам, у киши “Биз – ўзбекмиз! Бошладингми – чиқмаса ҳам охиригача етказ!” дедилар. Яна “Билиб қўйинглар, сизлар қилаётган ишлар, сиздаги интилиш ва маънавият, кўзингизни ёниб туриши энг катта хазинадир” деб алоҳида таъкидладилар. Жуда руҳлантириб юбордилар!
– Ҳа-а… У киши албатта руҳлантирадилар-да, дарров ҳаволаниб кетаверасизми? Билиб қў­­йинг, сиздан аввал ҳам бу ерда ҳазилакам одамлар ишлашмаган. Қанчадан-қанча олимлар халқ учун тер тўккан.
– Тўғри айтасиз, устоз, лекин ҳаракат қилиш, синаб кўриш керак, деб ўйлабман. Чет элларда шундай тадқиқотлар бор экан!
– Аввал лабораториядаги ишларни бажаринг. Ҳалитдан ўзингизни чет элдаман деб ҳис қилманг!
– Тушундим.
– Халқлар пайдо бўлиши ҳақида ҳам тадқиқотлар бошлаган эмишсиз. Бу қанақаси? Бу борада дунёнинг манаман деган олимлари аллақачон ўз фаразларини эълон қилиб бўлишган, уларга қарши чиқиш нодонликдан бошқа нарса эмас. Устига устак, бир миллатни қадимий деб бошқаларини камситиш ярамайди! Чет эл… Иқлимни, сувни, ҳавони, тупроқни ҳисобга олмасдан, оламшумул ишларни бошини тутаман дейиш хомхаёл-ку? Эсингиздами, Токиода яратилган трансген ноклар Европада тупроққа қадалганида, бир неча йил ўтиб, ҳосил бермай қўйгани? Трансгенлар унчалик мақбул ғоя эмас! Дори-дармонлар-чи? Ўзга иқлим кишиларида синаб кўрилган дорилар бизнинг одамларга наф келтиришига кафолат борми? Оламда барча жонзотларга бир хилда таъсир қиладиган ёки ҳамма ҳудудларда бирдай ҳосил берадиган кашфиёт яратиб бўлмайди, шуни ёдингизда тутинг. Ҳар соҳага интилавермасдан, буюрилган ишларни бажаринг!
– Хўп бўлади, устоз.
Ичимда устозимнинг даккиларидан озорлансам-да, “Бегона ген ўрнига ўсимликнинг ўз генларини ишлатсам-чи”, деб ўйга толаман, шу фикрим тўғрироқдай кўринади. Балки устозга маъқул бўлар? Натижани кўрсатсам фикри ўзгарар? Шундай ўйлар билан ишимга шошиламан… Катта устознинг руҳлантирувчи фикрларини эслаб, бир сесканиб қайта уйғонгандек бўламан, зеҳним теранлашиб, қалбимда дарёдай тўлиб-тошаётган жўшқинлик пайдо бўлади.

Интизор

– Қайдан илмга маҳлиё бўлдим, қайдан ҳам шу жодугар сеҳрига кириб қолдим? Гоҳида бу уринишларим бесамармикин деб ўйлаб қоламан. Аммо, ниятларим, орзуларим топ-тоза, мусаффо-ку? Фан олдида инсон шахсияти нима бўпти? Мен бўлмасам, кимдир шу ишни қилиши керак-ку? Тавба, оламда баъзан мени англай оладиган ҳеч ким йўқмикин, деб ўйлайман. Балки сен менга қанот бўларсан? Ҳафсалам пир бўлиб, қилаётган ишимнинг истиқболига ишончим қолмай ёки шу ишларимнинг қадрига биров етармикин деб руҳим сусайган маҳалларда юрагимга қувват бахш этарсан?
– Қанақа қилиб сизга қанот бўлай, оддий бир аёл бўлсам?
– Эсингдами, Дашти Қипчоқдан бизникига меҳмон бўлиб келганинг? Сенга асаларилар тўдасини кўрсатганим?
– Ҳа, албатта, эсимда. Мени роса ҳайрон қолдирган эдингиз.
– Ўша маҳалларда ҳар нарсадан ҳайратланадиган жўн бир болакай эдим. Илм мени ўзгартирди. Энди худди асалари каби, тўпимдан ажралиб учгандайман, билим чечаклари узра зарра-зарра, қатра-қатра бол тўплаётгандайман. Бир мен эмас, илм йўлини танлаган ҳар қандай одам шундай ўзгариши шубҳасиз. Худди юксаклардан кенгликларга боқаётгандайман, воқеа-ҳодисаларни, ҳаётни кузатаётгандайман. Бунақа нарсаларни қишлоқ боласи етти ухлаб тушида ҳам кўрмас эди. Турмуш боис илм чанқоқлигини зўрлаб сўндириб, ҳаёт деган тегирмонга кириб кетган қанчадан-қанча зукко дўстларим эсимга келади. Ўзим бор-йўғи бир фан йўлининг бошланишидаман-у, ҳаммага илинаман. Жўшиб-жўшиб сўзлаб берсам дейман. Эҳ-ҳе, айтадиган қанча гаплар бор!
– Тўғри, аммо айтганингиздан нима наф?
– Наф дейсанми? Мен жуда ғалати билимларга рўпара келдим. Болалик ҳаётимиз ёдингдами? Одамлар заҳмат юки остида эдилар. Онглар эзилган, ҳаёт кечириш учунгина меҳнат қилишарди. Далаларда “болам-чақам” деб куйманиб юрган сувчилар, чопиқчилар, кетмончилар, тракторчилар, боғ ораларида ҳар бир дарахт шохига кўз тиккан боғбонлар… Қишлоқларда мол-ҳол боқиб, ер ағдариб, ўтин тўплаб, ўт ўриб юрган кишилар, велосипедини елдириб юрган болалар… Шуларнинг барчасига “Сиз бениҳоя улуғсиз! Хаёл етмас қадар мукаммалсиз!” дейдиган аҳволдаман.
– Нима кашфиёт қилдингизки, сизни шунчалар ҳаяжонга солибди?
– Худди йўл устида юриб келаётиб, хазина топиб олганман-у, қийматига ҳайрон бўлиб тургандайман… Озгина қолди. Сен менинг юрагимга мадор, қалбимга қувват бўлиб турақол. Бироз вақт ўтсин, шу айтган гапларимнинг ҳақиқий исботларига етиб бораман!

* * *

Сон-саноқсиз кимёвий ҳарфлар билан ифодаланган ген белгилари орасидан айнан нурга интилишни назорат қиладиган қисмини топиш, уни “ўқиш”, керакли қисмини “кесиб” олиш ҳамда ўзгартириш мушкул иш бўлиб чиқди. Ниҳоят, олти йилдан сўнг бегона ген ишлатмасдан, ғўзанинг “узоқ қизил” нурга масъул гени “ўчирилган” нав ўстиришга муваффақ бўлинди. У одатдагидан ўн кун эрта етилди, касалликларга чидамлилиги ортди, толаси эса, мен айтган каби, анча узайди. Ўз генлари ишлатилган, яъни “сопи ўзидан чиқарилган” бўлса-да, бу янги навнинг феъл-атворини ўрганиш учун яна бир неча йил кутиш керак, чунки, Мендел тажрибасидаги каби, маълум вақтдан сўнг унда аждодларидаги бирор-бир номақбул хусусият жонланиб кетмасмикин деган хавотирим бор эди…
Шунинг баробарида, ризқу рўзимиз – буғдой ҳамда анор устидаги изланишларимни ҳам тенгма-тенг олиб борардим.
Энг сифатли буғдой нави ҳам бизнинг иқлимда исталган ҳосилни бера олмайди. Сабаби, салқин ҳаво, ёмғирлардан кейин кунлар бирданига исиб кетгани учун бағридаги елимсимон моддаси тез қотиб қолади. У “қотмаслиги” учун буғдойга намроқ иқлим зарур. Демак, буғдойдаги елимсимон моддани тез қотишига жавобгар ген ўчириб қўйилса, нони анча сифатли чиқади, деган умидли ўйлар сира тинчлик бермайди.
Анор эса… Ҳар ҳовлига кўрк бўлиб турган, қалин пўст бағрида инжу доналарини туҳфа этган бу бута, назаримда, жуда заиф, ўксик, ҳуркак. Одамлар бошқа дарахту буталардан кўра анорга кўпроқ меҳр кўрсатишади, куз совуқ келса, эски-туски тўшаклар билан ўраб-чирмашади ёки авайлаб ерга кўмишади. Уни совуққа чидамли қилиш учун, Генетика айтганидай, “эскимос” генлари қайда эканини аниқлаш керак. Шунда ажойиб бу бута қувватланиб, қишнинг қировларидан соғ-омон чиқа олади, ҳар ҳовлида, ҳар хонадонда кўрк таратиб, барқ уриб яшнайди. “Эскимос” ҳар бир ўсимликда борми? Бор, албатта, бунинг учун унинг ҳужайрасига махсус ферментлар асосида ишлов бериб, ген ҳалқасини ажратиб олиш, ундаги сон-саноқсиз кимёвий тимсоллар орасидан айнан ўша қисмини топиш зарур.
Ғўза, буғдой, узум, анор… Ҳар бирининг ўз кушандаси бор. Хўш, зараркунандалар илашмаслиги учун нималар қилса бўлади?
– Эсингдами, бир куни қовун уруғларини қатор ораларига ташлаб кетган эдинг? Эртасига келиб қараганингда нимани кўрдинг?
– Келиб қараганимда, кўсак қуртлари ўша уруғни еб ўлиб қолганини кўрдим.
– Демак?
Кўсак қурти етила бошлаганида жуда очофат бўлиб кетади. Сабаби – оқсилда. У тўла етилиб, тухум қўйиши учун оқсил керак. Оқсил эса, боя айтганимдай, ҳужайра таркибидаги уч асосий макромолекуланинг бири. Генетика унинг ҳам маълумот ташишини уқтирмоқда… Майда жон эгалари ҳам куздан қўрқишади, шу сабабли жон-жаҳди билан керакли моддаларни топиб, насл қолдиришга интилишади. Биздаги қовунлар эса жуда ширин, уруғидаги оқсил кўсакдагидан анча кўп. Мана, нима учун улар ўсимликдан тушиб, қовун уруғига интилишган экан! Шошма, балки далаларга солинган заҳарли моддаларнинг айримлари қовун уруғида тўплангандир-у, ҳалок қилгандир? Йўқ, ундай бўлиши мумкин эмас. Ўсимлик ўзи заҳарланса ҳам авлодини, яъни уруғини омон сақлайди. Қолаверса, “қувваи табиия” кўсак қуртини ҳам мукаммал қилиб яратган, ўзига зарар келтирадиган нарсага дуч келса емаслиги аниқ… Бизлар лаззатли деб ҳисоблаган неъматларни емайдиган “ақлсиз” сигир-қўйлар эсимга келади. Демак, қовунда кўсак қурти бехабар қанақадир табиий модда бор!
Биокимё қовун уруғи таркибидаги “пептид” деган ўша моддани дарҳол топиб беради, молекуляр формуласини ҳам рўпара қилади. Энди ғўза таркибига уни киритсак бас, кўсак қурти ҳеч қачон яқинлашолмайди! У пептид ғўза хусусиятига салбий таъсир кўрсатмасмикан? Ўсимлик бегонасирамай қабул қилармикин? Бу ҳақда маълумотлар борми?
Маълумот дунёнинг бошқа бир четида экан: америкалик бир олим худди шу пептидни шакарқамишдан, ҳиндистонлик яна бири эса йирик патсимон папоротникдан ажратиб олиб, ғўзага пайванд қилибди!
Демак, тўғри йўлда эканман-да? Ё адашяпманми?
Фан ғўза ҳамда шоколад дарахти – какаонинг генетик тузилиши бир хиллигини таъкидламоқда. Бу дегани – какаонинг ўзига хос чидамлилик генлари киритилса, ғўза бегонасирамай қабул қилади. Қарабсизки, касалликка чидамли бутунлай бошқа нав яратилиши мумкин. Ёки табиий шоколад ифори анқиб турадиган тола олса бўлармикан? Нега аждоди какаодаги таъм берувчи генлар ғўзада ишламаяпти, ахир улар йўқолмаган, сақланиб қолган-ку? Генетика шунақа саволларни рўпара қилаверади. Қайси навнинг ҳаётий генлари қайси жайдари ғўза навига ўтказилса, муваффақиятга эришиш мумкин? Кутилмаган ҳукмлар ишга тушиб, какао сингари кўп йиллик ёки ҳозиргидек беш ойда эмас, саккиз ойда етиладиган навга айланиб қолса-чи?
Ҳар қандай ўсимлик устида мана шундай тадқиқотлар қилиш мумкин. Генетика шунақа фан. Лекин биология билан алоқадор қисми унинг жуда кичик бир бўлаги. Оламда тиббий генетика дегани ҳам бор. Афсуски, мен у йўлдан бормадим, йўқса, ирсий ёки ўлимчил касалликларни батамом йўқ қиладиган усулларни топишга уринган бўлардим. Жуда оддий қилиб айтадиган бўлсам, масалан, касаллик пайдо қиладиган вирус ҳам тирик жон. У ўзининг нима эканини билмайди, ҳайвону ўсимликдай бир нарса, қувваи табиия унга “Қулай жой топиб, урчиб-кўпайгин”, деб буйруқ берган. Инсон вужудига кирган у жонзот аслида ўз ҳаёти учун курашади, яшаш жараёнида зарарли моддалар ҳосил қилади. Аммо у ҳам озиқланиши керак-ку? Озуқани эса қондан олади… Уни ҳалок қиладиган, ген тизимларини бузадиган моддалар юборсак-чи? Албатта, ҳалок бўлади. Лекин миллионлаб фаразларни таҳлил қилиш учун дунёдаги юзлаб илмий марказларнинг қуввати ҳам етмайди…
Менинг тақдиримдаги “фикр соҳибжамоли” юзидан пардасини хиёл очганида, бор тирик махлуқотнинг яралиш сирлари тубига тушиб борадиган мана шу фан орқали модда яралишининг ҳикматлари аро янги бир йўналишни – “генларни бошқариш” деган усулни ҳадя этди.
Лекин ўзим ҳам тирик жонман-ку? Оламдаги барча тирик жонзотлар каби қулай шароитда яшашим, озиқланишим керак-ку? Наҳотки, мен каби кўпчилик олимларнинг тақдири Мендел тақдирига ўхшаш бўлиб чиқса? Етиб келган хулосаларим – шу бугуннинг хулосалари-ку? Келажак кашфиётлари эмаски, ўз халқимдан, замонамдан илгарилаб кетган бўлсам? Нега оддий кишилар орасида илм-фан моҳиятини тушунадиганлар, унинг йўлларини очиб берадиганлар кўп эмас? Ахир, бир маҳаллар олимини ардоқлаган, кўкларга кўтарган эл шу эмасмиди? Нега кишиларнинг дарду фикри кундалик ҳаётдангина иборат? Нега?

Дўст

– Салом, дўстим.
– Салом.
– Нималар қилиб юрибсан?
– Шу, ўзинг билган ишлар.
– Олимлик дегин… Хўш, фойда қалай бўляпти?
– Билмадим… Бир куни фойдаси ҳам тегиб қолар.
– Қарасам, анча ҳорғинсан, ишинг оғир бўлса керак. Ундан кўра, қўй ўша фанингни, кел қишлоққа. Ёрдам берай, бир дўкон оч. Одамларга совун, чой, гугурт каби майда-чуйдалар доимо зарур, шуларни сотиб кун ўтказақол. Қарабсанки, бир йил ичида ҳаммаси изга тушиб кетади. Нима дейсан?
– Раҳмат, маслаҳатинг учун. Лекин мен у ишни эплолмайман.
– Нега эплолмас экансан, ахир, олимсан-ку? Мактабни зўрға битирган болалар ҳам туппа-тузук кун кўриб юришибди. Ана, Фалончи олтинчи синфдан кейин дарсгаям бормаган, ҳамма уқувсиз деб устидан куларди. Бугун энг бадавлат одамлардан бири, ким кўрса қуллуқ қилиб сўрашиб кетади… Қара, озиб-тўзиб кетганингни.
– Менинг йўлим бошқа-да.
– Шунақа дейсан-у… Нариги қишлоқда бир одам университетда ишлайди, болаларни ўқишга киритиб пул топади. Тагида қўша-қўша машина, ҳашаматли иморатлар. Сен эса… Шукр, дўкон очиб кам бўлмадик, турмушимиз жойи­­да, ҳар ҳафта икки-уч кун чойхона… Айтмоқчи, қилган у-бу кашфиётларингни четга сотсанг ҳам яхши пул беради дейишади, шу гап ростми?
– Йўқ, мумкин эмас. У кашфиёт ўзимизда қолиши керак.
Бошқаларга ўтиб кетса нима бўлади?
– Унда вақти келиб ўша кашфиёт негизида яратилган янгиликни улардан сотиб олишга мажбур бўламиз.
– Эҳ, биров сенинг кашфиётингга қарармиди? Уй-жойингга, кийим-бошингга қарайди одамлар.
– Ҳамма гап шунда-да, дўст. Ахир, ўзгаришни кўрмаяпсанми? Кеча одамларнинг кўзи оч эди. Машина дединг-а, у катта орзу эди. Бугун ҳамманинг иккита-учтадан машинаси бор. Кечагина одамлар дала-даштда у-бу экиб, меҳнатини қилиб юрарди. Эсингдами, устоз­ларимиз ҳам мол-ҳол боқишарди, экин-тикин қилишарди. Энди ҳаёт ўзгариб кетди-ку? Сен дўкон очдинг, бошқа биров нималардир ишлаб чиқаряпти… Ҳали вақти келиб, одамлар илмнинг моҳиятини ҳам тушуниб қолишади. Ўшанда кўрасан ҳаётнинг гуркирашини… Мен жуда катта мақсадларнинг бошини тутганман, у йўлимдан қайтсам, умримнинг охиригача афсусланиб яшасам керак.
– Нима ўзи, қиладиган ишинг? Эшитдим, уни бунга чатиштириб, янги нав чиқарар эмишсан…
– Улар ўз йўлига. Ҳозир зўр бир ишнинг бошида турибман. Ўшани охирига етказиб олсам бас.
– Нима экан у иш?
– Сенга қанақа тушунтирсам экан? Бизнинг изланишларимизга кўра, дунёдаги энг қадимий халқлардан бири эканмиз. Эсингдами, тарих дарслигида Тешиктошдан топилган боланинг сурати бўларди…
– Ҳа, эсимда, сочлари пешонасига ўсиб тушган ибтидоий бола.
– Биз ундан ҳам қадимий эканмиз. Эҳ, айтганим билан тушунтиролмасам керак!
– Майли-ю… ундан нима наф? Масалан, мен ўша гапларни билмасам ҳам, маза қилиб яшаяп­ман-ку? Фақат, қорин қўйиб юборганим чатоқ бўлди, нега десанг, юрганимда лапанглаб қоляпман… Билсам, бундан ҳам яхши яшайманми?
– Албатта, дўст. Бундан юз баравар, минг баравар яхши яшайсан.
– Ҳа, майли, ўзинг биласан. Агар у-бу ёрдам керак бўпқолса бемалол, доим ёнингдаман, сира тортинма.
– Раҳмат, дўст.

Эр Буғу

– Эр Буғу, мен улғайдим. Сен эса ҳалиям саккиз ёшингда қолавердинг.
– Ҳа, гапинг тўғри.
– Биласанми, элимда сенга ўхшаб кетадиган жуда кўп одамларни учратдим. Ёйиқ юзли, кенг пешонали, қиррабурун… Агар катта бўлганингда, сен ҳам шу қиёфага кирган бўлардинг.
– Бизнинг уруғ шунақа-да. Амакиларим елкадор, суяклари йўғон, баланд бўйли, лекин тоғаларим бошқача, сариқ сочли, кўк кўзли кишилар эди…
– Айт-чи, қанақа яшардингиз?
– Ёзда одамлар ўтлоқларга кўчишарди. Қишлоқда, тош ўчоқларда эт пиширишарди. Эркаклару хотинлар овга чиқишарди. Арпани тош орасида янчишарди. Отларимиз, кучукларимиз бўларди. Ҳамма тўп бўлиб яшарди. Улар орасида чиройли, кўккўз бир қиз ҳам борийди.
– Қишлоқда? У маҳаллар қишлоқ бормиди?
– Бўлмасинми? Ўнгирлар орасидаги бехавотир жойга қишлагани кўчардик, уни қишлоқ дер эдик. Ёзда яйловларга жўнаб кетардик, уни ёзлоқ дейишарди. Уюрни сувлашга олиб борадиган жойимиз сувлоқ, ов қилинадиган жойлар эса овлоқ эди.
– Афсус, отанг бекор сени ўзи билан олиб кетган экан.
– Олиб кетмаганида сен билан танишармидик?
– Энди тош остидан сира чиқмайсанми?
– Йўқ, чиқолмайман.
– Бир маҳаллар ўйнагани чиқардинг-ку?
– Унда сен ҳам ёш эдинг-да. Энди катта бўлдинг.
– Қара-я, ўшанда мен қишлоқда, сен Тешиктошда, дунё эса жуда кенг экан. Яна бир гап айтайми?
– Айтақол.
– Ўша маҳаллар ер юзида одамзот жуда оз бўлган экан. Сен “Амакиларим, тоғаларим бошқа жой излаб кетишди” демаганмидинг? Мен ўша амакию тоғаларинг изини топдим. Ҳозирги дунёнинг икки олими сенинг тос суягингдаги митохондриал ген ўрамларини текширишганида, аввалроқ топилган Олтой ва Европа одамлари билан бир хиллигини аниқлашди. Сен қолиб кетган ўнгирдан эса ёввойи отларнинг, тоғ эчкиларининг, кийик ва айиқларнинг суяклари топилди.
– Айдим-ку, одамлар кўчишди деб.
– Ҳа, сенинг қабиладошларинг Тиёншондан ошиб ўтишган, Дашти Қипчоқдан ўтиб, ўрмонлар аро муз диёрларига қадар етиб боришган. Кейин у ерлардан ҳам ўтиб кетишган. Бу воқеа эллик минг йил аввал рўй берган.
– Йил нима?
– Эллик минг марта қиш, эллик минг марта баҳор келган. Сен ҳаёт ҳақидаги ҳикоянгни давом эттирақол.
– Эл доим бирга эди. Хотинлару болалар мева терар, дон тўплашарди. Тошларни қалаб ўт ёқардик. Тош қизигач, эрталабгача совимасдан тураверарди. Эркаклар овга кетишарди. Тўйлар бўларди…
– У маҳал… тўйлар ҳам бўлганми?
– Бўлмасинми? Бўз йигит билан бўй қиз эр-хотин бўлса, тўй қилмасинми? Ёйлоқда уйлар олдидан “Ҳў-ў эл, тўйга-а!” деб от чоптириб ўтадиган жарчи бўларди. Қишларда тизза бўйи чўғ қилинарди. Ҳамма шуни теграсига ўтириб оларди.
– Биздаям шунақа-ку?
– Ов мўл бўлса, барини териларга ўраб, музли ғорга олиб бориб қўйишарди. Қишда эт озайса, ўша музлаган гўштдан опкелгани борардик. Баъзиларини Кўк Тангрига қолдирардик.
– Кўк Тангри ким?
– Билмайсанми, тепада кўк осмон, пастда қўнғир ер яратилганда, иккисининг ўртасида одам болалари пайдо бўлишган… Дунёни Тангри ясаган-ку? Оталаримиз жонлиқларни ўшанга ташлаб келишарди. Тангри уларни олиб кетарди.
– Қанақа қилиб?
– Кўкдан чақмоқ тушиб куйдириб юборарди.
– Чақмоқлар кўп бўлармиди?
– Жуда кўп бўларди. Ерга санчилганларини ўзим кўрганман. Келиб урилган жойида катта-катта сариқ тошлар пайдо бўлиб қоларди. Бир-бирига урсанг, бўлиниб кетарди. Хотинлар ўша тошлардан тақинчоқлар ясаб тақиб юришарди.
– Бошқа қабилалар-чи?
– Тоғ ортида яна кимлардир бор, улар узоқ қариндошларимиз дейишарди. Гоҳида кимлардир ўша ёққа кетишар, қиш ўтгач қайтиб келишарди. Тоғ ортидаги мевалар ҳам, ҳайвонлари ҳам бошқача, дер эдилар.
– Узумлар бормиди?
– Ҳа, дарахтларга чирмашиб ўсадиган ёввойи узумлар борийди. Олмаю анорлар ҳам бўларди. Бир кучугим борийди, анор ер эди.
– Йўғ-э?
– Ҳа, анор топса, нимагадир ғажиб-ғажиб еб оларди. Уни бўри ёриб ташлади. Аммо гўштини емади. Бўри кучук гўштини емас экан.
– Қишда пўстакни тўшак қилиб солиб ўтирардик, қўй пуфагини шишириб ўйнардик. Одамлар жуда жипс эди. Бирор хотин бола кўрсаям, бирор қария ўлсаям тўпланиб олишарди.
– Э тавба, ҳаётнинг ўзгармаганини кўр… Яхшиям, тарих дарслигида сени учратиб қолганим. Сендай ўртоқни яна қайдан топардим.
– Қайдам…
– Бўпти, яхши қол. Мен жуда катта ишнинг бошидаман. Насиб қилса, энг қадимги аждодларимизни ҳам топаман, сени ер тубидан олиб ҳам чиқаман.
– Майли, яхши бор.

Ҳукми мутлақ

Ўсимликлар ва ҳайвонлар ҳаёти ўз йўлида давом этаверади, аммо энг мукаммал ҳисоб­ланган, инсоннинг ҳар бир ҳужайраси ичига жойланган генетик ҳукму ирода ақлни бениҳоя шошириб, ҳаёт дейилган, хаёлу тасаввур қамраб ололмас улкан қудратдан хабар беради.
Ахир, Африкада занжилар, Америкада ва Австралияда қизилтанлилар, Кичик Осиёда паст бўйли қорача кишилар, Узоқ Шарқда қийиқ кўзли сариқтан одамлар яшашини назарда тутсак, мен туғилиб ўсган масканларда дунё инсонларининг деярли барча қиёфалари учраши шуурда улкан савол ҳосил қилмайдими? Турли-туманликлар ақлни шоширар, Тангри таолонинг қудратидан ҳайиқишга, тадқиқот ва изланишлардан воз кечишга ундарди. Бироқ билишга бўлган тийиқсиз иштиёқдан воз кечишнинг ҳам сира иложи йўқ эди.
Юртим қишлоқларидаги қийиқ ёки қўй кўзли, юмалоқ ёки узунчоқ юзли, қорамағиз ёки оқ, япасқи ёки қиррабурун, тор ёки кенг пешонали, кенг ё тор ўмровли, майда оқ ёки катта сарғиш тишли, қалин қисқа ёки узун ингичка қошли, қора ёки сарғиш сочли, кўк ёки яшил кўзли инсонларнинг барчаси бирдай ўзини шу халққа мансуб деб билиши… жонлиқ сўйишлар, шам ёқишлар, алас қилишлар, чилдирма дўп-дўпларию от дупурига мос достон оҳанглари, эртаклару маталлар… жуда олис замонлардан хабарлар олиб келарди. Улар қатида бепоён яйловлар ифори, шамол суронлари, жала шовурию ўтлар иси борлиги-чи? Ўзим истаган маълумотларни тарихлардан тополмасдим, тарих икки-уч минг йил нари-берисидаги воқеалардан узуқ-юлуқ ҳикоя қилар ва жимиб қоларди. Бирорта солнома ундан аввалдаги аждодларимдан хабар беришга қодир эмас эди.
Шу сабабли ўсимликлар генетикаси муаммоларидан оғишган ҳолда, инсоният тарихи ёзиб қўйилган, одам гени деб аталмиш муҳташам солнома бурмаларига интилишдан ўзимни тиёлмасдим. Биология фанидан олган билимларим тарихни тўлдирганига қувонардим. Кўз ўнгимда ҳали-ҳануз иссиқда ҳансираган далалар, баҳорий ўтлоқлардаги бедаю курмак ислари, шом маҳали қишлоқ узра сузган юпқа кўк тутун қатлами, мол-қўй баърашлари, кучук вовиллашлари кабилар жуда қадимдан бери давом этиб келаётган манзараларни ҳосил қиларди.
Кўзга кўринмас зарралар бағридаги чалкаш рақам ва тимсоллар қаршисида эканман, қайси қисми не учун жавоб беришини, қай бири соч, қош, юз, қулоқ, бурун, овоз, ҳид учун масъул эканини тушунолмай қийналардим. “DNA”нинг5 вужуд тузилиши ва шакл пайдо бўлишига оид қисмларини бўлакларга бўлиб, ажратиб олгунча қанча қийналдим. Мақсадим – ўша қисмдаги маълумотлар ер юзининг қайси ҳудудларига ёйилганини излаб топиш эди.
Узундан-узоқ ҳалқалар занжири мени аждодлар қолдирган излар сари етаклаб бораверди.
Ҳар бир авлод ўзи ҳақидаги маълумотларни фарзандига жойлаб кетмоқда. Масалан, менинг генларимда ота-онамнинг, бобомнинг ҳамда унинг бобосининг тана тузилиши, қай касалликларга чалингани, вужуди қай даражада қувватли экани-ю қайси сулола ила чатишгани ҳақидаги маълумотлар сақланган. Ўша чизиқ бўйлаб илгарилаб борар эканман, кутилмаган манзарага дуч келдим! Тўсатдан бўйим бирданига ўсгандай, дунёнинг ярмини энлар қадар улканлашгандай бўлдим. Руҳим самоларга қадар юксалди. Бу менинг халқим тарихи борасидаги биринчи кашфиётим бўлди.

Биринчи кашфиёт

Дунё бўйлаб халқларнинг кўчишлари ва жойлашишлари ҳақидаги турли-туман маълумотларни ўрганар эканман, Юнон ороллари генотиплари орасида юз-кўзи София холам билан қуйиб қўйгандай ўхшаш кишилар қиёфаларини учратдим. Олтой тоғлари орасида яшаган кишилар бобом билан уйқаш, Тиёншон этакларида яшаган яна бир қадимий жанговар халқ эса Убай акага қариндош бўлиб чиқди!
Шулар ёруғида қарасам, София холамнинг, бобомнинг ҳамда ўзимнинг насл ёшимизни ҳисоблаб, натижага ақлим ишонмади: мен аниқлаган генлар сулола ёшининг эллик икки минг йил эканини кўрсатиб турарди!
Тафаккур йилдирим тезлигида мозийга шўнғиди. Яқин ўтмишдаги босқинлар, шўришу ғавғолар, империялар, истилолар, “Девони луғотит турк” зумда ортда қолиб кетди. Алп Эр Тўнга ҳайқирган, оламга Исо пайғамбар келган замонларда менинг халқим эллик минг ёшда эди! Мусо пайғамбар икки денгиз суви учрашган жойда Хизр билан суҳбат қурган, Сулаймон пайғамбар шамолни бўйсундириб олам узра кезган маҳалларда ўз Тангритоғи этакларида озод ва ҳур ҳаёт кечирган, Эр Тўнга ўлимидан шоён озорланиб, дунёнинг энг қадимий марсиясини битган, донишманд Тунюқуқ ва Билга ҳоқон ўгитларига қулоқ осган, зурриёдларига адолат ва мардлик ўгитларини бера-бера улғайтираётган доно эл эди!
Мен узун бўйли, йўғон суякли, хиёл қийиқ кўзли қорачадан келган инсон генотипига мансубман. Ўз элимнинг кишилари геномлари сари сафар қилар эканман, ўткир зеҳнли, теран нигоҳли яна бир дўстимнинг ирсияти ҳеч кутилмаганда саксон минг йил нарига бориб тақалди. Ҳа, саксон минг йил аввал бир сулоланинг чақноқ кўзли йигити билан бошқа бир сулоланинг сулув қизи чатишганида, шу силсила пайдо бўлганини билдирди.
Ген сўқмоқлари аро кезар эканман, ҳайрат ва шодликдан қичқирар даражада эдим. Ҳа, шонли Жалолиддин, Тўмарис, Широқ каби биз билган тарих жуда яқин, қўл етадиган масофада, Кайхисрав босқини, Чин истилоси кечагина рўй берган… Халқ эса Алпомишдан ҳам, Афросиёбдан ҳам улуғ, бениҳоя узоқ замонлардан бери, бўҳронлару хатарлар, офатлару ҳалокатлар аро бирдай жипс, бардам яшаб келмоқда десам, асрлар ўтгани сайин тобора навқиронлашиб, ёшариб бораётганини айтмайсизми? Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хабарлар жойланган мангу зарралар инсоният ер юзи бўйлаб тарқала бошлаган маҳаллардаёқ сулолаларимнинг мағрур қад кўтарганини, эл тузиб, давлат қуриб яшаганини, бу тупроқлар эса инсоният тараққиёти йўлида буюк шоҳбекат, олтин бешик бўлиб хизмат қилганини билдирарди!
“Тепамда Кўк осмон ёрлақагани учун, остимда қўнғир ер-сув тарбиялагани учун элимни, давлатимни вужудга келтирдим…”
“Қора халқим, маҳкам бўл! Давлатингни, қонун-қоидаларингни қўлдан берма. Йўқотма сен давлатингни, ҳоқонингни… Ажралма одатларингдан, истакларингдан, халқингдан, шон-шуҳратингдан. Йигитлик шарафинг учун, ака-укаларинг қудрати учун…”6
Бу шунчалар узун ва машаққатли зафар йўли эдики, сафар карвонлари, ҳайқирган лашкарлар, оламда адолат ва тенглик ўрнатишга аҳд қилган улуғ лашкарбошилар, алломалар, мутафаккирлар юлдузлардай чарақлаб туришар, тарих бениҳоя шон-шарафга бурканганди!
“Эй, дунё” деб ҳайқирсам арзимасмиди? Улуғларнинг авлоди ўлароқ, бунга ҳаққим йўқмиди!

Иккинчи кашфиёт

Ер юзида одам боласи бино бўлганидан сўнг, жазирама ўлкалардан Тиёншон томон буюк кўчишлар ниҳоясига етгач, кишилар бепоён яшил ўтлоқлар, сарин тоғ ўнгирлари, қизил мевали наъматаклар, теваракни ўраб олган турли-туман ёввойи ҳайвонлару йўлбарсларнинг қутқулари, бўриларнинг ҳамлалари аро турли тарафларга йўл олганлар!
Кўп йиллар давом этган бундай сафарлар мобайнида қору музликлардан ошиб ўтишган, уммонлар қаршисида чексиз сувларга термилишган, қуёши ботмайдиган маконларда олам сирларига ақли етмай, нега кеч кирмаётганига ҳайрон бўлиб, Тангри таоло ёйиб-текислаб, улкан тоғларни қозиқ каби қоқиб қўйган маконлардан ўтишган. Бир қавмнинг ака-укалари шу тариқа дунёга тарқалган.
Инсон генотипларининг олам узра ёйилиш харитасига назар ташлаб, жаҳоннинг нариги четидаги халқлар билан бу бурчидагилар бир-бирига қон-қариндошлигини, томирларидан боғланганини кўрдим.
Шундай ҳам бўлақолсин. У ҳолда қишлоғим-чи, халқим-чи? Бу ёруғ олам аро элимнинг, улусимнинг ўрни қаерда?
Шунда…
– тонг саҳардан далага чиқиб, юз-кўзларига рўмол ўраб меҳнат қилаётган далачилар,
– поёнсиз яйловларда сурувини, уюрини, отарини, подасини ёйиб юборган чўпонлар,
– чўлларда, даштларда, ўнгирларда, тоғ ораларида, ёйиқ кенгликларда, сув бўйларида, чўққилар тагида, саҳро қумларида, бир-бирига ўхшамайдиган турли иқлимларда ҳаёт кечираётган, бир тилда сўзлашадиган ва ўзини шу элга мансуб деб биладиган сон-саноқсиз одамлар,
– тол тагидаги беланчакларда ухлаб ёки йиғлаб ётган болалар,
– эл уйидан олиб келган масаллиқлардан пиширилаётган дошқозондаги кўпнинг овқати атрофида йиғилган чопиқчилар,
– тўйларда гуриллаган гулханлар, урф-одатлар, куй-қўшиқ оҳанглари…
– маросимларда гурос-гурос тўпланган кишилар,
– азаларда бир-бирини бағрига босаётган эркаклар, белини бойлаб йиғлаётган аёллар,
– томларга туршак ёяётган қизалоқлар, келиларда жўхори туяётган жувонлар,
– болаларим еса, тўйимли бўлсин дея қўй ёғи қўшиб патир қораётган хотинлар,
– уйларида халққа пичоқ, этик ясаётган усталар, дурадгорлар, сувоқчилар, том усталари,
– куёвга дея кашта тикаётган қизлар,
– ниҳолларни бир-бирига улаб янги нав яратган боғбонлар,
– отлару сигирлар, қўй-эчкилардан тортиб то дарахту ўтлар табиатини мукаммал биладиган минг-минглаб кишилар…
– тўй гулхани атрофида айланаётган ёш келин-куёвлар,
– ҳали юз-кўзидан ўсмирлик нишоналари кетмаган, аммо бағрига чақалоғини босиб даласига шошилган келинчаклар…
– “боламнинг боласига” дея бир бўлак ҳалвоқандни белбоғи қатига жойлаб, невараси қошига бораётган мункиллаган боболару момолар…
…тумонат инсонларнинг ташвишли, қувончли, эзгин, шодон, шукрли, сабру қаноатли қиёфалари – барча-барчаси сассиз ишлаб турган анализаторлар ва секвенсерлар аро авлодлару сулолаларнинг шараф тўлқинларини намоён қилаверди.
Бу топилма руҳиятимни энг юксак самоларга олиб чиқиб, юлдузлар билан тенглаштириб қўйди. Ҳамда юрагимнинг туб-тубидан отилиб чиққан шон-шараф ҳайқириқлари тафаккур осмонларини титратиб юборди:
Ҳой, далаларда, экинзорларда болам-чақам дея тер тўкаётган муборак ота!
Ҳой, “Менинг боламдан олим чиқармиди, етти аждодим меҳнат ичида ўтди, олма тагига олмадан бошқа нимаям тушарди?!” деган ўксик зот!
Эй, ота измидан чиқмасдан, тушган жо­­йимда униб-ўсиб, бола-чақали, ували-жували бўлай деб узатилиб кетаётган қизалоқ!
Ҳой, қанча болаларни вояга етказиб, ҳар бири биттадан нон кўтариб келганига шукр қилиб ўтирган муштипар она!
Эй, қошу кўзи боболаримга ўхшайдиган, бор орзуси топганини тўйларга сарфлашу элга ош тортиш бўлган дўст! Ҳой амакимнинг ўғли, укамнинг зурриёди!
Уйғон! Уйғон! Уйғон, ахир!
Қон кўпирмоқда, ҳар бир ҳужайра “Уйғон!” дея қичқирмоқда эди.
Аждодлар ёди шу қон ичра жўшиб оқмоқда, ҳар ҳужайрага, ҳар аъзога кириб, қилтомирлар бўйлаб ёйилмоқда, ҳар инсонга “Улуғсан!” деб уқтирмоқда, онг аро қачон бир чақин ярқираб кетар экан, дея илҳақ кутмоқда, “Уйғон! Уйғон! Уйғон!” дея, ҳар юрак уришида бир тўлқин бўлиб ҳайқирмоқда эди.
Эй эл, эй улус! Минглаб қишлоқлардаги минг­лаб болалардан биттасининг онгида илм чақини ярқ этди. Кел, кўр, у нималарни пайдо қилди?
Биттагина боланг, “Нонуштамда, кўзимнинг олдида тинчгина ўтир”, демаганинг учун, илм олишига йўл очиб берганинг учун олам сирлари тубига етақолди!
У бола бор-йўғи ўзининг кимлигини билиб қолди, холос. Шугина билим уни қанчалар жўштирди, юксакларга кўтарди. Эл-юрт хазиналари узра шодон жилмайди, осмондай қадди-бастини кўрсатди, бутун дунёга сармаст бўлиб назар солди…
Эй эл, эй улус! У боланг генетика деган фаннинг сас-садоларинигина тинглай олди. Сен ҳақингда кимё не дейди? Олий математика, астрономия, физика, тарих не дейди? Дунёнинг қанчадан-қанча илмлари қаршингда эҳтиром билан таъзим айлашига ишончим комил. Сабаби – ниҳоятда қадимий, ниҳоятда шарафли, улуғсан, улар эса сенинг шаъну шавкатингга хизматкор эдилар. Нечун тек қолдинг? Нега ўз қобиғингга ўралдинг? Ў з т а ф а к к у р и н г д а н ў з и н г н е у ч у н ч ў ч и й с а н ?
Эл-улус орасидан гўё Убай аканинг овози келади:
“Қиш келганида уруғлар қобиғига ўраниб олади-да. Изғиринларда, музламаларда шу тарз жон сақлайди. Баҳорда эса ҳар ёқда ҳар турли неъмат гуркирайди, эгиз-эгиз ҳосиллар етилади. Уни дунёда ҳеч нима тўхтатиб қололмайди.
Қани, баҳор келаверсин-чи…”

Қишлоқ

– Ниҳоятда қадимийсиз, тарихингиз эллик минг йилдан зиёд, дейдими?
– Ҳа, шунақа.
– Ҳамма қатори юраверса бўлмасмикин? Нима зарил бошни қотириб, тўғрими?
– Тавба, роса қариб-қартайиб кетган эканмизу билмаганимизни қаранг. Унда манави ўйнаб юрган боланинг ёши эллик мингу етти йил экан-да?
– Ҳа-ҳа-ҳа!
– Ҳе-ҳе-ҳе!
– Буни қаердан билақолибди?
– Ген деган бир нарса бўлармиш. Ўшани ичига “кирсангиз”, аждодларингизга хос барча маълумотни ўқий оларкансиз.
– Э тавба! У нарса… биздаям бор эканми?
– Ҳа, тирик жон зотининг барида бормиш.
– Хўп, нима қипти шундай бўлса? Бозорга бориб, мени тарихим жуда қадимий десангиз, одамлар оғзи қолиб, орқаси билан кулмайдими?
– Ҳа-ҳа-ҳа!
– Ҳе-ҳе-ҳе!
– Ана, шунақа ҳам дедингиз. Биров битта нонни текинга бериб қўярмиди?
– Э, нон-нон дейсиз? Нондан бошқа дардингиз йўқми?
– Йўқ-да. Ё сизнинг дардингиз борми? Буларнинг бари ҳавойи гаплар. Мингта шап-шапдан битта шафтоли яхши, дейишган машойихлар.
– Шошманг, машойих нима?
– Билмасам. Шунақа дейишади-ку…
– Ҳозиргина шафтолини гапирдингиз-а? Ўшани йилда икки марта ҳосил берадиган қилақолсин, ҳаммага фойдаси тегади. Анорни совуқ урмайдиган қипти-ку? Мана, биздан сўрасин, мингта янгиликни айтиб берамиз.
– Ҳай-ҳай, ундай деманг. Ахир, шафтолини нархи тушиб кетади-ку?
– Э, айтмоқчи, буёғи ҳам бор-а…
– Биродар, ошни дамладингизми?
– Йўқ ҳали, зирваги яна бироз қайнасин.
– Яхши, унақа гапларни кейинроқ гаплашамиз. Айтмоқчи, Генетикни ўзи қани?
– Бугун келмади.
– Ҳай аттанг… Менга унинг бир гапи таъсир қилди.
– Қайси гапи?
– Одамларнинг онги тараққиётдан орқада қолиб кетяпти, деди-ку? Бунинг маъноси нима?
– Гапираверади-да. Қанақасига тараққиётдан орқада қолар эканмиз? Мен, масалан, энг сўнгги русумли телевизордан иккитасини уйимга осиб қўйганман, томда сунъий йўлдош антеннаси дунёнинг бир юзу ўнта мамлакатини кўрсатади. Совуткич дейсизми, иситкичми, бари муҳайё. Нима, тараққиётдан орқада қоляпман деб энди “Боинг” сотволайми?
– Ҳа-ҳа-ҳа!
– Ҳе-ҳе-ҳе!
– Шошманг, “Боинг” нима?
– Жуда катта, замонавий самолёт.
– Э қойил-е, шуниям биласизми?
– Бўлмасам-чи? Дунёдан бохабар бўптурмасанг, ҳаётдан орқада қолиб кетасан-ку?

* * *

– Омон!
– Ҳа?
– Тур, молга сув бер!
– Аллақачон сувини берганман, она.
– Унда бошқа ишга урин. Нималар қиляпсан, ўзи?
– Китоб ўқияпман.
– Сен ҳаётнинг китобини ўқи! Ўқиб олим бўлармидинг? Отанг сувчи, бобонг сувчи, олмани тагига олма тушади-да!
– Унақа эмас. Отам ҳам, бобом ҳам вақтида ўқий олишмаган.
Эл бепоён, ҳар бурчида ҳар турфа одам, лекин бу Омон деганлари доимо шундай танбеҳларни эшитади.
Кишилари яйловларда мол-қўй боқиб юрадиган қишлоқларда ҳам шу гап. Омон у ерларда ҳам бор.
– Омон?
– Ҳа?
– Қўйларни ёйиб кел.
– Ёйиб келдим-ку?
– Унда қўйхонани тозала. Нима қиляпсан?
– Китоб ўқияпман.
– Сендан олим чиқармиди? Отанг чўпон, бобонг чўпон…
– Ахир, ота, юлдузларга қизиқаман. Ҳар юлдузни битта қуёш дейдилар. Ҳар қуёш атрофида сайёралар айланармиш. Балки ўша сайёраларнинг бирортасида ҳаёт бордир?
– Эҳ болам-а… Нима қиласан бошингни оғритиб? Элга қара, кўрган кунига, еган нонига шукр қилиб юрибди. Бир одамга нимаям керак бўларди, қорни тўйса, усти бут бўлса бас-да. Ҳар хил нарсаларга миянгни суюлтиргандан кўра меҳнат қил, рўзғорга қараш. Укаларинг ҳам катта бўлиб келишяпти, ҳали олдинда қанча ташвиш бор…
– Балки ўқишга кириб кетарман?
– Кирсанг киравер, аммо сенга қайдан пул топиб бераман? Шунча йил едирдим-ичирдим, етар. Қолганига ўзинг аравангни торт.

Чақин
(Генетикнинг тўртинчи мактуби)

Олимлар ёлғизликка маҳкум бўлармикинлар?
Фазо сингари совуқ ва бепоён тафаккур қоронғиликларида бир ёғду, бир шуъла излаб, тахминлар, фаразлар, муваффақиятсизликлар ва умидлар аро кезар эканлар, юракларига, қалбларига қувват излай-излай тополмасдан, билимлардан мутлақо узоқ, еб-ичиш дардидаги кимсаларнинг бўлар-бўлмас нодон гапларидан озорланиб узлатга чекиниб кетишармикин?
Ёки, бу билимлар, бу сирлар одамни ўзи билан ўзи қолишга, зулматлар аро ёлғиз дайдишга ундармикин?
Нима бўлганида ҳам, қаршимда одам ақлу хаёлини ҳайрон қолдирадиган ҳайбатли сирлар очилмоқда эди.
Эл-юртни кезар эканман, ҳар ерда илмга чанқоқ, кўзлари чақнаган, аммо кечаги қийин ва заҳматли турмушнинг шуурларда сақланиб қолган қуйқалари ҳануз ҳаёт ташвишларига айланиб, онгларига босим ўтказиб турган ўсмирларга дуч келардим.
Ёйилиб-ястанган ўлканинг қаерига борманг, одоб билан салом берадиган, катталар олдида ҳурмат сақлашга одатланган дастёрлар ҳозиру нозир, нигоҳ эса шу ингичка гавдада ниҳон истеъдод учқунларини илғаб олишга уринарди. Поёнсиз яйловларда кишилар билан бирга ўтириб, қўй гўшти қовурилганида, ораста экинзорлар адоғидаги сўриларда айрон ичилганида, болалар қир бағрида от чоптиришганида, тандирда нон ёпилганида, дашт кишиларининг “қора уй” деб атайдиган ўтовларидан гўдак йиғиси таралганида… ҳар турли қиёфаю шамойилдаги кишиларнинг барини буюк бир ўзак бирлаштириб тургани, кўзга кўринмас бир қудрат мана шу чеҳралардаю урф-одатларда яшаётгани ҳам сезиларди. Ўзимнинг ўсмирлигим билан таққослаганимда эса, онгларда ўзгариш борлигини, одамларда турмушга муносабат ўзгараётганини пайқаш қийин эмас эди. Кишиларда иштиёқ пайдо бўлган, ўспиринларда, қизалоқларда энди ҳаёт деган гирдобдан чиқишга уриниш, илм олишга қизиқиш уйғонгани сезиларди.
У уйғониш, у қалқиниш болалар онгидагина эмас, шаҳару қишлоқларда яшаётган, ҳар турли юмушлар билан кун кечираётган юзлаб-минг­лаб кишиларнинг онгида ҳам содир бўлиши, шиддатланиши, ота-оналарда келажакни кўра олиш қобилиятининг уйғониши каби шароитларни тақозо этарди. “Кўрган кунингга шукр қил, сабр-тоқатли бўл” деган азалий матал энди ўз хусусиятини ўзгартирмоқда, ўрнини “Ҳаётда ўз ўрнингни топ, қобилиятингни намоён қил” деган бошқа бир қоида эгаллаётгани кўринарди.
Генетика сирларини ўрганиб олган одам қадрига олимлардан бошқа ким ҳам етарди? Янгиликнинг жорий қилиниши нималарга олиб келишини бошқа ким ҳам тушуна оларди?

София хола қабри устида

Жоним холам, борингизда ўзингиз нур таратардингиз, дунёдан ўтдингиз-у, назаримда, энди исмингиз ҳам нур тарата бошлади.
Кичкиналигимда “Сени жуда яхши кўрардим, даладан қайтаётганимда уйимга бориш ўрнига, бир кўриб бағримга босиб кетай деб қошингга келардим”, деганларингиз шууримда жарангламоқда.
Мана, айтганингиздай, улғайдим. Олим ҳам бўлдим.
Эсингиздами, менга роса ишонардингиз. Сендан бошқача бир одам чиқади, Худодан доим шуни сўрайман, дер эдингиз. Фан йўлида маълум бир жойга етиб келганимда, “Холажон, ўша гапларингиз рўёбга чиқди”, деб, чиройли кўйлак, гулдор рўмол олиб зиёратингизга борай десам… йўқсиз!
Эсингиздами, бир тола сочингизни олиб кетган эдим. Уни ўзим билган фан ёрдамида таҳлил қилиб кўрганимда, шодлигу ўкинчимдан йиғлаб юбордим-ку?
Қонингизда дунёда энг қадимий деб ҳисоб­ланган генлар бор экан-ку?
Уни генетика “Момо Ҳаво гени” деб атайди. Қачонлардир, жуда олис замонларда, ер юзига жаннатдан тушган илк аёл – муқаддас Момо Ҳаво мероси! Фан унинг эгаларига “Момо Ҳаво қизлари” деб ном берган. Сизнинг ген бурмаларингизда ўша ажойиб ва муқаддас ҳалқалар юлдуздай чарақлаб турганини, ўрала-ўрала, Сомон йўли шаклини олганини кўрдим-ку?
Эй воҳ, қандай улуғ зотлар экансизлар! Болалигимда, қонимда не борлигини ўзим билмай ўйнаб-кулиб улғаяр эканман, у меҳр, у тафтлар доимо ёдимда. Қадоқ қўлларингиз иссиғини юзимда ҳалигача сезаман. Узлуксиз меҳнату заҳматлар ичида жуда оддий, эл-юрт орасида ҳаёт кечирибсиз-у, бағрингиздаги жуда катта хазинани менга қолдириб кетибсиз!
Генетика айтадики, боланинг барча истеъдоди унга ота-онадан мерос бўлиб ўтади. Бола онадан “Х”, отадан эса “Y” хромосомани олади. У нима? Отаю онанинг бутун борлиғи ҳақидаги хабарлардир. Фарзанд эса ўз навбатида, уни ўзи ҳақидаги маълумотлар билан тўйинтириб, боласига узатади… Халқ тилидаги “Жаннат оналар оёғи остидадир” ёки “Ота рози – Худо рози” деган ҳикматларни илм қандай шуълалантирганига қаранг! Кўз ўнгимга мактаб синфхонасига илмоқли ҳарфлар билан ёзиб қўйилган байт ҳам келди. Оч мовий мато устига тўқ қирмизи ҳарфлар билан “Бошни фидо айла ато қошиға, Жисмни қил садқа ано бошиға”7 деб битилган байт маъносининг илдизларига қарасангиз-чи! Сулолалар пайдо бўлганидан шу бугунга қадар ўз бағрида зурриёдни дунёга келтирган юзлаб ота-оналарнинг қонида, ҳомиладан ҳомилага, авлоддан авлодга ўтиб келаётган асрий хабарларни ўқисангиз-чи?
Ёдимга ўсмирлик чоғларимиз, синфдош қизларимиз, ота-онамиз ёнига кириб қилган меҳнату заҳматларимиз ҳам келди. Ахир, қиз бола нозик бўлади, уни авайла, оғир иш қилдирма дейишмасмиди? Онам, холам, укаларим, сингилларимнинг далалардаги меҳнатларини эслаганимда эса қалбимда шундай нидо ҳам тўфон урди: ҳой эл, ҳой улус, неча йиллар ўзинг етти букилиб ишлаганинг етмасдан, аёлингни, қизларингни нега далаларга юбординг? Ўт ғарамларини бошида кўтартирдинг? Гулдай қоматини майиштириб ер ағдартирдинг, кетмон урдирдинг? Билакларини қақшатиб ўтин ёрдирдинг? Ахир, бор шону шавкатинг унинг гул гавдасида ниҳон экан-ку? Кўча-кўйда ёт нигоҳлардан авайлаган ҳолингда, ўзини нега авайламадинг? Нима бўлган эди сенга, кўзингнинг оқу қорасини нечун шу кўйга солдинг?
Ақлим тўлишиб, шу сингари кўп нарсаларни англаб етганимда, афсуски, улуғларимдан айрилдим. Ҳа, отам-онам, ишонганларим дунёдан ўтишди. Бироқ, эл барҳаёт, қудратли, ҳануз бир жону бир тан бўлиб, ўз ўзаги атрофида мустаҳкам яшаб келмоқда. Ҳозир ёлғизман десам ҳам, теграмда акаларим, укаларим, сингилларим, опаларим, амакиларим, тоғаларим – бутун бошли халқ тўлқинланиб турибди. Аминманки, она наслимни таҳлил қилганимда Момо Ҳавонинг муборак изларини топганим каби, падаримнинг наслини тадқиқ қилсам, жавҳарида Одам Ато генларини кўришимга ишончим комил.
Нега эл ҳақида ёниб-тўлқинланиб сўз айтишимнинг боисини сезяпсизми? Эл нималигини ота-онамни тупроққа берганимда билдим. Аза тўнини кийиб, уйимиз олдида турар эканман, мен танигану танимаган, билгану билмаган юзлаб кишилар, кексалар, ўрта ёшлилар, йигитчалар, ўсмирлар келиб қучоқ очар, ҳамдардлик билдириб кетар эдилар. Ахир, ўшанда халқ мени бағрига босган экан-ку? Юпатган экан-ку?
Зиммамда мени улғайтирган, далда берган, ҳар кунимда ёнимда бўлган шу эл олдида яна битта улуғ вазифа қолди. Ўшани бажара олсам, қушдай енгил бўлиб, ҳаётимдан рози, умримдан қониқиб яшаган бўламан.
Қаранг, ахир:
“Йигит шошилиб қайтмоқда. У эзгу хабар олиб келмоқда. Билиб қўйинг, бу – яхши!..”8
Бир неча йил ўтгач…
Чойхона.
– Ҳой улфатлар, ақлингизни шоширадиган янгилик бор.
– Пул-мул ютиб олдингизми?
– Э йўқ… Оёғим куйиб қолди.
– Оббо, худо сақласин. Нима бўлди, ўзи?
– Кеча кечқурун дунё хабарларини кўриб ўтирувдим, денг.
– Хўш-хўш?
– Аввал Гаитидаги тўфонни, кейин дунё бўйлаб халқларнинг кўчишини кўрсатди.
– Ия, халқлар ҳозир ҳам кўчар эканми?
– Уруш бўлаётган жойларнинг одамлари бор-будини ташлаб, бошқа ёқларга кўчиб кетишяпти-ку? Э тавба, деб кўриб ётавердим.
– Унда куймаган эдингизми?
– Йўқ, кейин куйиб қолдим. Чунки хотин чой опкелди.
– Жуда чўздингиз-да? Хотинингизнинг чой опкелиши янгиликми?
– Ҳа-ҳа-ҳа!
– Ҳе-ҳе-ҳе!
– Шундай қилиб, янгиликларни кўряпман денг. Бирданига ўзимизнинг Генетикни кўрсатиб қолса-чи?
– Йўғ-э? Дунё хабарларида-я?
– Ҳа-да. Мен ўша пайт куйиб қолдим. Хотин анграйиб, қайноқ чойни оёғимга тўкиб юборди.
– Генетикни нимага кўрсатади?
– Дарров қизимни чақирдим. Ўзим чет тилини тушунмайман, қизим эса билади. Хуллас, Генетигимиз жуда катта кашфиёт яратибди. Дунё генетика мукофоти унга берилибди.
– Уни қара-я! Нима кашфиёт эмиш?
– Кейин ўзи гапирди. Мен фалон қишлоқда туғилиб-ўсганман, деди. Агар ўша ерда дунёга келмаганимда, бу кашфиётларимни қилолмаган бўлардим, деди. Ўзимизнинг далаларни, экинзорларни, одамларни айтди. Халқимнинг бениҳоя улкан бир маданияти бор, мен ўша маданиятни қалбимга сингдира-сингдира одам бўлдим, унинг бор-йўғи бир қирраси мени олим қилди, деди.
– Э тавба! Шуларни барини чет тилида гапирдими?
– Ҳа, худди ўз тилимизда гапиргандай равон, бурро. Бир марта тутилсаям майлийди. “Тавба, танимасангиз ажнабий деб ўйлайсиз”, деди қизим. Ғўза, узум, анор, буғдойнинг янги навларини яратибди. Лекин менинг асосий кашфиётим бу эмас, дейди. Асосий кашфиётим элимнинг, халқимнинг илдизларини топганимда, қанчалар ажойиб, қадимий ва қудратли эканини исботлаганимда, дейди.
– Қанақа қилиб исботлабди?
– Ўзимизнинг одамларнинг қонини таҳлил қилса, кимнингдир сулоласи эллик минг, кимникидир етмиш минг йилга тенг бўлиб чиқибди. Ўша жойдан туриб бутун дунёга “Менинг юртим инсониятнинг олтин бешиги, дунё тараққиётининг шоҳбекати”, деб гапирди!
– Демак, ҳўв бир сафар айтган гапи рост экан-да? Лекин унча тушунмадим. Халқ қадимий бўлса, қарияларга ўхшаб кексайиб, мункиллаб қолмасмикин?
– Йўқ, ундай эмасмиш. Қанчалар қадимий бўлса, шунчалар қувватли, муҳташам бўлади, дейди.
– Тавба… Мукофоти қанча эмиш?
– Билмадиму, лекин бунақа нарсаларга жуда катта пул беришса керак. Ҳали келса кўрасиз, ундан бой одам қолмайди бу атрофда.
– Дарров машина олса керак. Кейин данғиллама иморат ҳам қуради, албатта.
– Ҳа, кучайиб кетар экан-да?
– Аслида илм ҳам мол. Кимдир илм сотади, кимдир совун…
– Ҳа-ҳа-ҳа!
– Ҳе-ҳе-ҳе!
– Хабарчи айтдики, бундай кашфиётларнинг аҳамияти жуда катта. Чунки кашфиёт қайси давлатга тааллуқли бўлса, сотиб олганлар ўшанга пул тўлашармиш.
– Э, зўр экан-ку!
– Ўзи, шу болада бир нима борийди. Ҳўв бир гал айтган гаплари ёдингиздами?
– Ҳа, ҳамма гапи ғиж-ғиж ақл… Билсангиз, мен ҳам анчадан бери болаларни бир амаллаб ўқитиш керак деб ўйлаб юрибман. Кўряпсиз-ку, замон ўзгариб кетди. Бундан кейин, ўқимаган одам нон тополмайди, шекилли.
– Тўғри. Лекин яна бир гапниям айтиб қўяй: ҳамма олим бўпкетаверса, подани ким боқади?
– Мана, биз-да.
– Ҳа-ҳа-ҳа!
– Ҳе-ҳе-ҳе!..

Учинчи кашфиёт

Инсон сочи, тирноғи ёки қонини текширганингизда, аввало ҳужайра ичига кириб борасиз.
У энди менда, бир маҳаллар ўқувчи эканимдаги каби кулгили таассуротлар ҳосил қилмайди. Балки муҳташамликдан, мангу қонуниятлар ҳукм сураётган олий салтанатдан дарак бериб, ниҳоятда гўзал ва мукаммал бўлиб кўринади.
Ядро ичига кириб борсангиз, хромосомага дуч келасиз. Унинг бағридаги DNA деб аталадиган молекула ичига миллиард-миллиард маълумотлар жойланган.
Бу ажойиб санъатга одам ақли шошмасдан иложи йўқ. Ҳомила пайдо бўлишидан то умрининг охирига қадар бутун вужуд ишини мукаммал назоратда тутиб турадиган унсур мана шу!
Одамларнинг ген харитасини охиригача тузиш ҳали ҳеч кимга насиб қилмади. Ҳар инсон ҳужайрасидаги миллиардлаб тимсолларни ким ҳам ўқиб чиқа оларди? Ишончим комилки, у ҳудудда яна улкан сирлар яшириниб ётибди. Хромосома таркибидаги ипсимон бурмаларнинг инстинкт ва қобилиятларга масъул қисмлари, ҳаёт ва мамотга алоқадор бўлаклари ҳали охиригача ўрганиб чиқилмаган.
Сирларига боқар экансиз, шунчалик тенгсиз санъат ҳисобланган тириклик шами сўнганида, яъни абадият оламларининг азиз меҳмони бўлмиш жон ўз маконларига жўнаганида, вужуд парчалана-парчалана жонсиз моддаларга айланиб, тош-тупроққа беҳуда қўшилиб кетаверармикин, деб ҳам ўйлайсиз, албатта.
Менинг энг катта кашфиётим ўсимлик навлари генларининг ўзгаришида ёки халқ тарихини ўрганишимда эмас, инсонни инсон айлаган улуғ бир ҳикмат негизида бунёдга келди.
Генлар ўзидан аввалги насллар ҳақида маълумот ташишини ҳозир ҳамма билади. Бир одамнинг генини ўрганар экансиз, ота-онасидан тортиб қачонлардир оламда яшаб ўтган аждодлари ким бўлгани, неча йил умр кўргани, қай қиёфага эга эканидан то қанақа касалликлар билан оғриганигача аён қиладиган хабарлар авлоддан-авлодга шу сирли бурмалар қатида ўтиб келиши барчага аён.
Ўша тарих яширинган ҳалқалар қаршисида кўп тунларимни ўтказдим. Инстинктлар, иммун тизими жараёнлари, аждодлар ҳаёти сирларини ўзига жо айлаган турли-туман тушунарсиз тимсоллар ичида номаълумлари ҳам бор эди. Баъзи жойларида бир хилдаги маълумотларнинг қайта-қайта такрорланганини кўрдим. Ҳар авлод алмашганида уларга яна бошқа турдагилари қўшилиб қолганига, ген ҳалқаси янада узайганига шоҳид бўлдим.
Фан тилида “Олтмиш тўрт генли калит” деб номланадиган у ҳалқанинг сир-синоати нимада? Нега ҳар авлодда такрорланмоқда? Нега ўзгармас равишда наслдан-наслга ўтиб келаётир? Унинг жуда мустаҳкам ҳимояланганининг сабаби не?
Дунё олимлари бу ҳақда бош қотиришган, ҳар ким унинг бир қисмини “ўқишга” уринган, тахмин ва фаразлар кўп. Кимлардир инсон феъл-атвори, келажакка интилиш қобилияти, узоқ умр кўришининг сири мана шу калитда деб тахмин қилган.
Бениҳоя ҳайбатли ва кўзга кўринмас “қувваи табиия” жонли нарсаларда рангу тус, таъму лаззат пайдо қилишини босқичма-босқич кузатар экансиз, беихтиёр тош гулга, темир олтинга айланаётганига ҳам гувоҳ бўласиз.
Бир куни ниҳоятда чарчадим, деразани очдим. Шамол туриб, ҳазрати Берунийнинг “Осорул боқия”си варақларини очиб ўйнай бошлади. Беихтиёр китобга кўз ташладим. Не кўз билан кўрайки, қачонлардир устозим таълим берган ўша саҳифа очилиб қолибди.
У мусаффо даврларимнинг хотираси онгимда уйғониб кетди. Қандай бола эдиг-а? Қандай ажойиб даврлар эди-я?
Ҳазрат Беруний ёзар эди:
“Шак йўқки, “қувваи табиия” илҳомлантирилган ва вакил қилинган вазифаси билан бирор моддага дуч келганида уни бекор қолдирмайди. Агар модда керагидан ортиқ бўлса, у қувват ўз ишини икки марта орттиради. Икки ҳисса орттириш баъзан бир неча марта ҳам такрорланади.
Гоҳо “қувваи табиия” тўлиқ икки ҳисса қилиш ишини тамомлай олмайди-да, аъзоларни турган жойларига лойиқ орттириб қўяди. Чунки одатдагига ва яроқлиларга қараганда ортиқча бўлса ҳам, ўзига тегишли ўринларда туради…”
Бу ерда ҳам гап ҳаёт ҳақида кетмаяптими?
Ҳа, мутафаккир бобомиз сирли оламлардан келиб-кетадиган, борлиқни жўшишга, яратишга, шавқ ила юксакларга бўй чўзишга, ҳосил беришга ундайдиган “жон” дейилган унсурни “қувваи табиия” деб атамоқда. Уларни “жонли яратиқлар” деб атамоқда, пайдо бўлиш сабабларини изоҳламоқда.
Шунда онгимда бир чақин ярқираб кетди.
Кўзларимга ишонмасдан, қайта-қайта ўқир, минг йил олисдан у зотнинг овози келаётгандай, насллар ва ирсиятлар сирлари ҳақида донишмандона сўзлаётгандай эди.
“У ҳодисалардан баъзилари турли замонларда давр билан тартибсиз юзага чиқмай, тасодифий юз беради. Тасодифан юз берган ҳодиса вақти ўтгач, унинг фақат хабари қолади, холос. Бундай хабарлар ростлигига шартлар мавжуд бўлса ва уларнинг ўтган замонда юз бериши мумкин нарса бўлса, гарчи унинг қандай вужудга келиши хаёлга келтирилмаган ва сабаби билинмаган бўлса ҳам, бундай хабарни қабул этмай чора йўқ…”
Ахир, мен ҳам инсон вужудидаги хабарлар устида бош қотирмоқдаман-ку?
“…Гарчи унинг қандай вужудга келиши хаёлга келтирилмаган ва сабаби билинмаган бўлса ҳам, бундай хабарни қабул этмай чора йўқ…”
Ҳа, бағрига ота ҳақидаги маълумотларни жо айлаган юз миллионлаб ҳужайрадан биттасигина она ҳужайра билан бирлаша олади. Шунча ҳужайрадан биттасигагина, энг соғлом, энг мақбулигагина рухсат тегади. Юз миллиондан қай бири жо айланишини Беруний тасодиф деб атамоқда. Авлод мана шу тарзда пайдо бўлади.
Шошма! Авлод дедимми?
Эй Парвардигор!
Ахир, ота-она ўзи ҳақидаги буткул маълумотни – умри, ҳаёти, кўрган кунлари, чеккан дарду озорлари… ҳамма-ҳаммасини янги пайдо бўлаётган наслга шу тарз ўтказиб бермаяптими?
Бир-бирини бениҳоя эъзозлаган, севган, қанчадан-қанча кунларни бирга ўтказган, суйган, ардоқлаган ота-она ҳали игнанинг учича ҳам келмайдиган ҳомилага, никоҳ дейилган қудратли ҳукми илоҳий ила абадиян бирлашган бир заррага ўзларини шу тарз, буткул жо айлашмаяптими?
“Жоним болам! Бизлар ҳаётда тош келса кемириб, сув келса симириб яшадик. Орттирган бор истеъдодимиз, қобилиятларимизни сенга мерос қилиб бермоқдамиз. Бизлар ҳали ёшмиз, аммо ҳаётнинг ўзгармас қонунияти шуки, вақт-соати келганида албатта сендан олдин кетамиз. Кетар эканмиз, умр йўлларида қоқилиб-суқилмагин, олдингда бирор муаммо кўндаланг бўлса довдирамагин дея, топган-тутганимизни жавҳарингга жо айлаб кетмоқдамиз”, демаяптими?
Мен тушунолмай турган тимсоллар кўзимнинг ўнгида қийматли хазиналарга айлана бошлади. Ҳа, ўша номаълум ҳалқаларнинг барчаси ҳаёт мобайнида орттирилган қобилият ва истеъдод “калит”ларидан иборат, кўзимнинг ўнгида сулола-сулола тўлқинланган авлодлар биридан-бирига тобора бойиб-ортиб борувчи мерос қолдиришаётганини кўриб турардим. Уларнинг баъзилари “озорланган” генлар эди. Яъни ҳаёт қийинчиликларида эзилган, қийналган аждодлар ўша калитлар бағрида ўз заҳматларини ҳам қолдириб кетишган эди!
Бу шунчалар улкан хазина эдики, онгимда қачонлардир содир бўлган барча саволларга бирданига жавоб берарди. Нега эл орасидан истеъдодлар ҳамиша чиқавермайди? Нега барча бир хилда сабру шукр ичида яшашни маъқул кўради? Нега келажакка интилмайди, нега қатъият ва сабот билан юксакларни кўзламайди? Сулолалар алмашган даврлару юзлаб йилларнинг тарихи ҳам кўз ўнгимда шундоққина намоён бўлиб турарди.
Эл қанчалар қадимий бўлса, истеъдод ва қобилият калитлари сони ҳам шунчалар кўп эди!
Бу, демак, элнинг ҳар бир боласи юзлаб аждодларининг ўшандай меросини бағрида сақлаб келаётганини, синган ва нуқсонли генлар маълум авлодларнинг машаққатлар гирдобида яшаганини кўрсатса-да, агар маълум шароит юзага келса, у калитлар ҳар бир авлодда, ҳар болада бирдай “ишлаб” кетишини ва эл аро бениҳоя улкан қалқиниш, онг тўфони рўй беришини кўрсатиб турарди.
Мен – таниганлар “Генетик” деб ном берган, далаларида меҳнат қила-қила, дарахтлару майсаларнинг, ҳайвонлару қушларнинг хусусиятларини била-била улғайиб, ниҳоят, ота-боболаридан мерос қолган истеъдоди билим деб аталган чақмоқ туфайли очилиб кетган битта фарзанд – шу муҳташамлик ва улуғлик қаршисида лолу ҳайрон, инсонларнинг ўзига ишончини бениҳоя орттириб юборадиган, барчани жипслаштирадиган шу билим қаршисида юрагим ачиша-ачиша турардим. Ахир, не кўргиликларни кўрмади бу эл! Не шўришлар орасидан ўтиб келди бу эл! Меҳру муҳаббатим бениҳоя ортиб кетган, урф-­одатлар, маросимлар, айтиму қўшиқлар… барчаси онгимда бирваракайига айланар, аждодлар эса у хабарлар қатидан жим боқиб туришарди. Қишлоқ ҳаётида кўрган-кечирганларим, мушоҳадаларга ундаган ҳар бир воқелик, ҳаёт тарзимизу урф-одатларимиз, одоб-ахлоққа чорловчи ҳикоялару қулоққа чалинган маъноли ўгитлар, эшитган даккиларимиз, турмуш ташвишлари, заҳматлию байрамли кунлар мени илмлар сирини ўрганишга ундаган, фан тилида айтсам, “генларимни ишлашга чорлаган” улуғ ва донишманд Устозга айланди! Шубҳасиз, шундай муҳитда ўсиб-улғайган ҳар бир болада буюк имкониятлар бор эди! “Катта одам” бўлиб “катта ишлар”га қўл уриш учун эса сабр-тоқат, ҳурмат, ишонч, орзу-ҳавас, интилиш, меҳнат, ортга бир назар ташлай олиш каби хислатлар билан яшаш ва уларни ҳаёт давомида уйғотиб бориш керак экан!
Қалбим истаган улуғ билимга мана энди етиб келган эдим! Энди фақат, бу кашфиётларни шунча йиллар ўзининг кимлигидан бехабар яшаб келган, ҳаёти ёт ғоя эгалари томонидан атай оддийлаштириб-жўнлаштирилган, кўрган кунига қаноат қилиб, “Бизлар жўн одамлармиз, унақа ишларга ақлимиз етмайди”, дея, топган нонини бола-чақаси билан тинчгина еб ўтиришни саодат санаган шу кишиларга етказишгина қолган эди, холос.
Менинг саодатим ҳам шунда эди!
Энг оддий урф-одатларининг бари бирдай жилоланар, мангу ҳикматлардан сўзларди. Эсингиздами, аёллар сулоланинг ор-номуси саналиши ҳақидаги гап-сўзлар? Уни илм бутунлай ўзга ёғду ила нурлантирганига қаранг! Аждодлар мероси, ақлу заковат калитлари болага асосан онадан ўтишини, баъзан эса ҳар икки томоннинг энг яхши хусусиятларини ўзида жамлашини билсангиз, фахру ғурурга тўлмасмидингиз? Узоқ сафарга кетган кишилар қайтиб келишса, юрт тупроғини кўзга суришади. Ахир, ҳар қиз, ҳар аёл қийматли хазина, ўз бағридан анвойи неъматлар етиштирган ватан тупроғидай азиз экан-ку? Шу сабабдан ҳам эл ўз қизларини, аёлларини, оналарини эъзозлаб, шаъну шавкати учун кўксини қалқон, жонини қурбон қилар, кўз қорачиғидай авайлар экан-да?
Ана энди ич-ичимдан келган хитобни кўринг!
“Етар энди! Бас энди! Қонингизда буюклик мавж урмоқда. Бир чақнаса, дунёни титратар чақмоқлар тек турибди. Ўзингизга ишонмади­нгиз, мендан олим чиқармиди, дедингиз. Отам чўпон, бобом чўпон, ота-бободан қолган ҳаётни яшайверай, мен кўрмаганни болаларим кўрар, дедингиз. Етар, бас, ахир! Болаларингизга ишонинг! Сиздаги бу тутумлар ҳам наслдан-наслга ўтмоқда. Юзлаб асрлар аро мавжланиб оқаётган қон ҳайқириғига қулоқ тутмайсизми? Дунёнинг энг нодир, энг ноёб неъмати беҳуда оқаверсинми? Истеъдод билимдан қувват олишини биласиз-ку? Билим деган тупроқ қанчалар бўлиқ бўлса, унда ўсган дарахт меваси шунчалар мўл ва етук бўлишини ақлингиз айтиб турибди-ку? Қаранг, ахир, ҳаётингиз яхшиланди. Кеча жўхори унидан зоғора ер эдингиз, бугун буғдой деганингизнинг ўнлаб тури сизга мунтазир. Кеча болаларингиз илиги пуч, заиф эди, бугун гуркираб ўсган. Қоп-қора кўзларига бир қаранг: ишонувчанлик билан, ҳар гапингизни ҳикмат деб рўй-рост боқмоқда. Онги эса ўзи истаётган нарсага жуда муштоқ. Беринг ахир, у шуурга ўзи истаётган зилолни – илмни!
Катта мегаполисларнинг одамлари бетон орасида битта чечакниям ўстира олмайди. Бор-йўғи бир райҳон ўстириш учун биолог чақиришга мажбур, чунки табиатдан бехабар. Шунингдек, уларнинг бир-бирларига эҳтиёжи ҳам йўқ, неки истаса шундоққина кўз ўнгида муҳайё. Сиз эса бениҳоя жипссиз, руҳан бир-бирингизга жуда яқин, ҳар кун, ҳар маросимда елкадошсиз. Ўзингизга ҳам, болаларингиз шуурига ҳам инсонийлик илми, табиат илми гўдакликданоқ қуйилиб бўлган: тоғу тошда маъданлар қай тарз пайдо бўлишидан тортиб наботот феъл-атворигача – теваракнинг бор сир-асрорини билиб олгансиз. Фаросатли кишилар ниҳоятда бўлиқ бу тупроққа албатта ақл уруғини қадашмайдими?
Ҳой, юрт болалари, ҳар бирингиз бағрида бир гавҳарни жо айлаган хазинасиз. Йўқ-йўқ, гавҳарнинг ўзисиз! Бениҳоя қийматлисиз, бетак­рорсиз, нодиру ноёбсиз. Қирраларингизга эл-улус жило берган, ярқираб-товланмоқдасиз. Теварагингизда кун кечириш деган ғалати жараён шайтон қиёфасида, сизни чалғитиш учун бўй кўрсатиб турибди. Юзлаб аждодларингиз мерос қолдирган истеъдод зарралари эса саодат лаҳзасини кутиб қонингизда, томирларингизда жим кезмоқда. Бир қалқинсангиз, келажак сари учар юлдуздай отилар қувватингиз бор, қалқининг ахир!
Кимга, нима деб ҳайқирай? Ҳаёт деган улкан дарё тўлқинланиб оқмоқда. Сиз ҳам мавжлари аро оқиб кетаверасизми? У дарёни бошқариш, баракотли тупроқларга буриш, мисли кўрилмаган ҳосиллар олиш вақти келмадими?
Қаранг, болаларингизни қандай ажойиб қилиб ўстирдингиз. Шунчаларки, сиздан олдин таомга қўл узатмайдиган, кириб келсангиз дарров ўрнидан туриб салом берадиган, мабодо уй ичида ўтирган бўлсангиз, ҳурматингиз юзасидан томга чиқишга тортинадиган зуррёд тарбияладингиз. Эл ҳақи, қўни-қўшни ҳақи деган қонуниятларни онгига сингдирдингиз. Юрагида имонини, ишончини қувватлантирдингиз. Ниҳоятда бўлиқ бир замин тайёрладингиз. Ҳаёт, яъни “қувваи табиия” эса, роса кучга тўлди. Энди унга неки экилса, гуркираб эгиз-эгиз ҳосиллар беради. Олмайсизми, ахир, ҳосилингизни?

XXI-аср. Картахена. Колумбия.
(Бутунжаҳон Генетика анжуманида сўзланган нутқ)

Ҳурматли дўстлар, азиз илм кишилари!
Ўйлайманки, мазкур мукофот билан мен эмас, балки меҳнатларим тақдирланаётир. Ҳаёт давомидаги илм машаққатлари, инсон руҳининг заҳматлари, шон-шуҳрат ва сарват илинжида эмас, балки бир инсоннинг авваллари кўрилмаган янги кашфиёт яратиш йўлидаги уринишларига эътибор қаратилаётир.
Бугина эмас, умр деб аталган тириклик ҳаёти аро ўз борлиқларини бизларга мерос қилиб қолдириб кетган аждодларимиз – зарралари қонимизда ҳаёт манбаига айланган, бағримизда яшаётган улуғларимиз, ота-боболаримиз ҳам эътироф этилмоқдалар.
Бугунги дунёнинг фожиаси – кишилар ўз руҳининг илмга ва туйғуларга чанқоқлигини, фақат шундангина ором олишини унутиб қў­­йишганида, ўз-ўзига ишонмаслик ҳиссиётлари пайдо қилган билимсизлик таназзули аро турмуш деган чамбарга ўралиб қолишганида деб биламан. Ваҳоланки, Тангри таоло ҳар кимнинг фитратига бир истеъдод гавҳарини жойлаган. Умр машаққатлари аро ўз руҳияти жилваларини сўндирган, мисли кўрилмаган янгиликлар яратишга қодир зако қувватини фақатгина кун кечириш деган жўн эҳтиёжга сарфлаб юборган юзлаб-минглаб кишилар ўзларининг қандай нодир зот эканликларидан бехабар ҳаёт кечиришмоқда, турмуш тегирмонида муттасил айланишмоқда.
Шу сабабли инсониятнинг бутун куч-қуввати истеъдод юлдузларининг чақнашига йўналтирилиши шарт деб ўйлайман. Қаранг ва тафаккур қилинг. Оламда беҳикмат яратилган бирорта ўсимлик, дарахт ёки жонзот йўқ. Булар ўз ҳаётидан ташқари, бошқалар фойдаланиши учун ҳосил ҳам беради. Коинотда ягона бўлган Инсон оддий яралармиди?
Шунингдек, диққатингизни муҳтарам олимларимиздан бирининг закосига мансуб, жонсиз нарсаларнинг ҳам хотираси мавжудлиги ҳақидаги кашфиётга қаратмоқчиман. Тасмаларга ёки маъдан бағирларига ёзилган товуш, овоз ва тасвирларни барчамиз яхши биламиз. Шунинг­дек, оддий унсур ҳисобланмиш сув ўзи шоҳид бўлган нарсаларни хотирасига ёд айлашидан, яъни уммон сувлари ўз бағрида рўй берган воқеалар, ёмғирлар ўзлари бино бўлган жойдаги ҳодисалар хабарларини олиб, дунё бўйлаб кезишидан ёки музга айланиб, бағрида тарихларни сақлашидан хабардормиз. Жонсиз ҳисобланган унсурларники хотираси бор, тирик ҳисобланган набототнинг ёки жон эгаларининг хотираси бўлмасмиди? Коинот гултожи саналмиш инсон вужудининг тамал ҳужайраларига жойланган хотира эса бениҳоя улуғ, муқаддас ва бузилмас, Одам болалари ҳаётини бағрига олиб, ҳар томирда оқмоқда.
Сулолалар, насллар ўз борлиқларини мана шундай тарзда абадиятга муҳрламоқдалар.
Бизлар бениҳоя муҳташам оламда шу тарз ҳаёт кечирмоқдамиз. Бутун борлиқ – Тангри таоло инсон олдига ёзиб қўйган саховатли даргоҳ, табиат – мукаммал дастурхон эса, шуларнинг барчаси инсон ҳаёти қанчалар улкан қиймат касб этишини билдириб содир бўлмоқда.
Ҳаёт саодати эса меҳру шафқатда, Яратган Тангри қудратини доимо ҳис қилиб, моҳиятан жуда қисқа ҳисобланган шу умр аро меҳру муҳаббат, олижаноблик, покиза ниятлар ила ҳаёт кечиришдадир.
Шуни ҳам айтмоқчиманки, бизлар оталари ёнида чопқиллаб бораётган болакайларнинг митти бармоқлари падар қўлидан сира айрилмаслиги учун ҳам истеъдодларимизни рўёбга чиқаришимиз шарт.
Юзларига балоғат ҳуснбузарлари тошиб, бир-бирига кўнгил қўяётган ёшлар доимо бахт­­ли бўлишсин, бизлар уларнинг саодати учун ҳам бирлашишимиз керак.
Ҳаётда кўпни кўрган кексалар оламдан кетар чоғларида ортда қолганлардан рози бўлиб, жилмайиб видолашсинларки, тез орада барчамиз жамулжам, саодат онларида яна юз кўришгаймиз, дея. Қисматлар ўзгарсин, ўлим деган қазои қадар армон ва афсусларни эмас, жаннат оромлари ва шодликларини олиб келсин!
Қисматларнинг ўзгаришига мисоллар жуда кўп. Бизлар теграмиздаги воқеаларга ҳар доим ҳам тўғри баҳо беравермаймиз. Масалан, одамлар селни фалокат деб ўйлашади, ваҳоланки, у ширали тупроқларни далаларга олиб келиб ёяди. Дарахтларни синдириб ўтадиган шамоллар аслида ҳаволарни янгилайди, барака уруғларини учириб келади, дов-дарахтни чанглайди. Ҳамма ёқни энлаб, йўлларни тўсиб ёққан қорлар тупроққа ўғит, дастурхонга ризқ-рўз бўлади. Кучли чақинлар чақиб, момақалдироқ гумбурлаган онларда эса ер бетида ўз-ўзидан олтин ёмбилар пайдо бўлади.
Ихтиёримиздаги шу бемисл қудрат ила жаҳаннамий яратиқларни пайдо қилиш ҳам, инсонга ажал келтирувчи касалликларни батамом йўқотиш ҳам мумкин. Бу худди ядро технологиясига ўхшайди: ундан шаҳарларнинг кулини кўкларга совурадиган қуроллар ҳам, киши тана аъзоларини зарра-зарра кўра оладиган ускуналар ҳам ишлаб чиқарса бўлади. Бундай мўъжизалар Яратган Эгамнинг шафқати ва марҳамати боис ато этилган, албатта. Генетика ҳам ана шундай қудратли бир илмдир. Мисол учун, сиз ўлимчил ҳисобланган саратон касаллиги қандай келиб чиқишини яхши биласиз. Саратон – танамиздаги атиги битта ҳужайра умум ишни, яъни вужуд баркамоллиги учун бажараётган вазифасини қўйиб, ўз ҳолича яшай бошлаганидан келиб чиқади. Иммун тизими уни ўз ҳужайраси деб танийди. Бизлар ген тизимларини ўша ҳалокатли ҳужайрани таниб оладиган қилиб ўзгартирсак, дунёда бирорта киши бу касаллик билан оғримайди. Бу мисолда жуда катта ибрат бор. Инсоният – эзгу мақсад учун жипслашган яхлит вужуд, эллару улуслар унинг ҳужайраларидир. Яъни, кимдир умум мақсаддан чалғиб, ўз манфаати учунгина яшай бошласа, инсоният деб аталган улуғ организмда ҳам ўлимчил хасталик­лар рўй беради. Ақлу тафаккур қувватларимизни эзгу манзиллар сари йўналтирсак, инсонни буткул саодатга элтувчи йўлларни ҳам топа оламиз.
Лекин генетика шунча масалаларни ҳал қилгани ҳолда, қанчалар юксакка кўтарилса-да, барибирам хизматкордир. Сиз технологиянинг сўнгги ютуқлари асосида яратилган замонавий учоқларни ёки фазовий тадқиқот ускуналарини яхши биласиз, улар нақадар мураккаб бўлмасин, оддий кишиларга хизмат қилади.
Бизлар мана шуни чуқур англаб олишимиз зарур. Инсон муҳташамдир. Ҳатто сўнгги онини яшаётган пайтида, ажалнинг қирмизи шафақлари охирги бор яллиғланганида ҳам унинг бир нафаси бор. У – “Мени кечир”, “Сени яхши кўраман” ёки “Мендан рози бўлингиз” деган ажойиб сўзларни айта олиш учун қолдирилган нафасдир. Ҳа, одамзот қалби ўлмас, руҳи ҳамдардлик ва шафқат туйғуларига тўла экани билан қутлуғдир. Бизнинг барча уринишларимиз мана шу йўлга – уни улуғлашга, шарафлашга ва эъзозлашга йўналтирилиши шарт.
Гоҳо қийин, гоҳо осон туюладиган шу ажойиб ҳаёт аро умр кечирар эканмиз, зуррёдларимизнинг истиқбол йўлларини очиб беришимиз ҳам шарт. Токи уларнинг ақлу заковати эзувчи меҳнатга эмас, яратувчиликка, бунёдкорликка йўналсин. Ҳаётда ўзини намоён этсин, эл ишига ярасин, инсон деб аталмиш олий хилқат саодатига хизмат қилсин, умр осмонида қуёш бўлиб чарақласин. Ўзига, ўзлигига ишонсин, токи вақти соати етиб, бизлар ёнида бўлмаган пайт­ларида ҳам яхшини ёмондан ўз тафаккури ва билими билан ажрата олсин, табаррук аждодлар “қон”ини муносиб давом эттирсин. Булар – дунёга келиб-­кетаётган, келажакка, истиқболга, юксакларга кўз тиккан миллиардлаб инсонлардан бири ўлароқ, ўз эли бағрида етишиб чиққан бир боланинг, ўзбек Генетигининг самимий ўтинчи, ёруғ умидидир!
Менимча, бизнинг бошқа йўлимиз йўқ!
Эътиборингиз учун раҳмат.

Хотима

Дарё ҳайбат солиб оқарди.
Соҳилида турли тошлар қалашиб ётарди. Орасида тоғ чўққиларининг жигаррангу қорамтир, оқар дарёларнинг суви силлиқлаган оқу тарғил, дашту далалар бағрида пайдо бўлган чўтиру қўнғир тошлар сачроқ сув томчиларидан ҳўлланиб, йилтираб турарди.
Дарё бўйлаб келаётган бир йигитча улар орасидан олтин ёмби топиб олди.
Қизиқиб, синчиклаб разм солди. Ёмби нималигини у биларди. Бундай қийматли нарсалар момақалдироқ гумбурлаб, қаттиқ чақмоқлар ерга келиб урилганида пайдо бўлишидан, шамоллар қай тарзда жала булутларини суриб келишидану неъмат ёмғирлари қай қонуниятлар асосида ёғилишидан, бўлиқ тупроқлар устида мўл ризқлар қай тарз етилишидан хабардор эди.
Шунингдек, дарёлар қаердан бошланишини, чақмоқлар қандай бунёдга келишини, ҳамма ёқни бузиб-айқириб жўшган селлар қай сабаб­ларга кўра фалокатдан баракага айланиб қолишини, шу қимматбаҳо тош ўзи пайдо бўлган маҳалда рўй берган воқеа-ҳодисаларни хотирасида сақлашини ҳам биларди.
Шунинг учун авайлаб қўйнига солди ҳамда ўзини вояга етказган азиз манзилларига равона бўлди.
У – теваракдаги юзлаб қишлоқларда, элнинг тутумлари, одатлари, айтимлари, достонлари, қўшиқларию маталларини онгига сингдира-сингдира улғайиб, ҳаётга эндигина қадам қўяётган юз минглаб ёшлардан биттаси эди, холос.
Бор-йўғи шу.
Элнинг биттагина боласи!

* * *
“…Тонг ота бошлади, сўнг унинг изидан ер юзи ёришди.
Сўнг қуёш чиқди, ҳаммаёқ ёруғ бўлди.
Эр йигит эмаклаб борди, Тангрига йўлиқди.
Йигит бахт тилади, Тангри бахт берди. Оғилда йилқинг бўлсин, умринг узоқ бўлсин, деди.
Билиб қўйинг: бу – яхши…”

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 10-11-сон