Исажон Султон. Боғи Эрам (ҳикоя)

Биринчи ҳикоя: “ҚИСМАТ ДАРАХТИ”

Уйимизнинг орқа томонидаги бедазорда иссиқда ўт-ўланлар орасига тушиб қолган асаларилар бўғиқ ғўнғиллар эди. Бедазорнинг ниҳоясидан зилол сувли ариқ оқиб ўтган эди. Ўртоғим иккаламиз онам ёпган нонлардан бирини олиб қочиб, ариққа оқизаётган эдик. Шундоққина ёнимиздаги томорқа девори бир маҳаллар ағанаб тушган эди, ҳосил боиган каттакон дарвозадан тупроғи ўйнаб кетган кўчамиз кўриниб турар, кўча четидан оқ яктакли, оппоқ соқолли бир чол ҳассасига таяна-таяна шу ёққа қараб имиллаб қадам ташлаб келаётганди.
Адашмасам, ўшанда мен саккизми-тўққизми яшар эдим. Ёки етти яшармикинман… хуллас, эсимда йўқ. Аммо чолнинг кимлиги аниқ эсимда – кўчанинг бошида, лойсувоқ уйининг олдида доим қуёшда исиниб ўтирадиган Холмуҳаммад бува эди у. Бизлар ўйинга овора бўлиб, унинг яқинлашганини сезмабмиз ҳам. Чои ёнимизга келиб ўйинимизга пича термулиб турди. Салдан кейин эса унинг кўзларининг ёшланганлигини кўрдик.
– Нимага йиғлаяпсиз, бува? — деб сўрадим мен.
Чол, соқоли титраб:
– Бир маҳаллар мен ҳам онам ёпган нонни шунақа оқизиб ер эдим, ўшани эслаб йиғлаяпман, болам. Эвоҳ, ўзим ҳам шу ариқдаги нондай оқдим-кетдим… – деди. Нон егиси келяпти, деб ўйладимми, ҳар ҳолда, ўзимнинг сувга бўккан нонимни олиб, унга узатганим эсимда. Чои бўлса нонни олди-ю, ҳеч уялиб-нетмасдан ҳўнграб йиғлаб юборди.
Бизлар анграйиб қолдик.
Чои қўлида бирбурда нон, кўзида ёш, яна имиллаб йўлида давом этди.
Унинг ортидан қарайман деб ариқдан ҳатладиму, чол ҳам эсимдан чиқиб, кўзларим бақрайганча қотиб қолдим. Нимани кўрдинг денг? Қопқалари тилладан, тутқичлари биллурдан бўлган бир боғнинг қаршисида кўрдим ўзимни! Қопқа ёнида биллур ҳалқани тутиб турган мен қатори бир болакай менга қараб кулар ва ичкарига имлар эди.
Олдинга икки қадам босиб, боққа мўраладим. У ерда нималарни кўрганимни айтолмайман, айтганим билан қанақадир заминий нарсаларга ўхшаб қолаверади. У ердаги дарахтлар, бизнинг кўрганимиз одатдаги дарахтларга ўхшаб кетгани билан, мутлақо бошқача эди. У ердаги қушлар, сувлар… Бу боғ самовий эди! Ғоятда гўзал эди! Бу гўзалликка мос таъриф тополмай ўртанаман.
Боғ мени ўзига шу қадар мафтун этдики, олдинга беихтиёр яна бир қадам қўйдим. Тағин бир қадам қўйсам, боғ ичкарисидаман. Ҳилпираб учаётган олтин ниначиларни тутиб олишим, ҳув анави зар қанотли Семурғ билан суҳбатлашишим ҳеч гап эмас…
Қопқанинг шундоқ ёнгинасида жудаям улкан бир яшил дарахт бор экан. Шохлари булутлар орасида кўзга кўринмай кетган. Ҳар замон-ҳар замонда унинг шохларидан япроқлар узилиб тушаётир. Мана, шундоққина оёғим остига сарғайган бирбарг келиб қўнди. Мен эгилиб қараб, баргда ёзув борлигини кўрдим. Сарғиш томирчалари бўртиб турган япроқ сиртига “Холмуҳаммад Зиё ўғли” деб битилган эди.
– ля? – дедим мен ҳайрон бўлиб. Дарбон болакай кулиб бош чайқади. Ундан бир нимани сўрамоқчи бўлиб турганимда ортимдан, негадир узоқ-узоқлардан онамнинг мени чақирган ташвишли овози эшитилди-ю, худди уйқудан уйғонгандек бўлдим. Кўзимни очсам, ранги оппоқ оқариб кетган онамнинг тиззасидаман. Тепамда ўртоғим ҳам ҳиқиллаб турипти. Онам йиғлаганча мени бағрига босди:
– Вқй болажоним, нима бўлди сенга? Қўрқитиб юбординг-ку, жоним болам?!
– Кўрдингизми, сиз ҳам кўрдингизми? – дедим ҳаяжон-да, тилим зўрға айланиб. – Боғни кўрдингларми?
– Қанақа боғ? – деди онам ранги яна ўзгариб. – Қанақа боғ, ўғлим?
Кўрганларимнинг барини онамга айтиб бердим. Онам ҳеч нима демади, лекин ўша куни кечга яқин оппоқ соқолли бир қария уйимизга келиб, менга дам солди.
Мен ҳайрон эдим – ўша ажойиб боғ ва баҳайбат дарахт ҳақида гапиришим билан наинки ота-онам, балки бошқа катта ёшли кишилар ҳам қўрқишар, ёқаларига туфлаб тавба қилишар, баъзилари йиғлар эдилар. Онам-ку, жуда ҳам қўрқоқ бўлиб қолди: ҳадеб “Сени ўша боққа ҳеч ким чақирмадими? Кўрганингда боғнинг ичкарисига кирдингми-йўқми?” – деб сўрагани сўраган эди.
Кейин билишимча, ўшанда мен ариқдан ҳатлабману, турган жойимда анграйиб қотиб қолибман. Ўртоғим келиб турткиласа ҳам, чақирса ҳам қимир этмасмишман. Шунда у жонҳолатда югуриб онамни чақириб келипти. Шундаям ҳолатим ўзгармай, ўша жойимда турганмишман… Онамнинг ортидан дадам ҳам етиб келипти, улар мени кўтаришиб айвонга обориб ётқизишипти. Анчадан кейин ўзимга келибман…
Ота-онамнинг ваҳимага тушганининг яна бир боисини ҳам кейин англадим: ўша куни, бизлар бедазор адоғида кўрганимиз Холмуҳаммад бува вафот этган экан…

* * *

Йиллар ўтди, улғайдим. Худо насиб этиб, ўғилли бўлдим. Ўғлимнинг чулдирашларини, алпанг-талпанг юришларини кўриб, ўзимни еттинчи осмонда юргандай сезаман. Гўё оламда мендан бошқа бахтиёр ота йўқдай. Онам-ку, боламни мендан баттар авайлайди. Бир нималар деб қалдирғочдай чуғиллаганида, яшнаб кетади.
Уйимиз ортидаги бедазор ҳалиям бор. Аммо у кичкинагина бўлиб қолган. Бедазор ниҳоясидаги ариқ эса кўмилаёзган.
Баҳор келиб, гилослар қоп-қорайиб пишди. Ўғлимнинг ҳали тили чиққани йўқ, аммо гилосхўр бўлиб қолди. Қишлоғимизнинг кунботар тарафида катта бир боғ бор эди, у ерда гилослар кўп эди. Ўғлимни елкамга миндириб ўша боққа бордим. Бир гилоснинг шохини эгиб, дўпписига тўлдириб солиб бердим. Тепароқдаги шохчанинг гилослари янаям шира боғлаб пишгандай кўринди кўзимга. Интилиб, ўша шохчани ушлаганимни биламан…
Гилос шохлари орасидан яна ўша сирли боғ намоён бўлган эди. Ўша-ўша! Қопқалари тилладан, тутқичлари биллурдан… Эшик олдида қоп-қора соқол-мўйловли ёшгина дарбон менга кулиб қараб турар эди. У мени таниган эди, мен ҳам уни танидим. У имо қилиб, ичкарига чорлар эди.
Боғ қопқасининг иккала табақаси ҳам ланг очиқ! Ичкарида ўша мен кўрган манзара барқ уриб турибди. Кўз ўнгимда гуллар ғунчалаб, ўша заҳоти очилаётир, бу гуллар аслми ёки тилладанми – фарқлаш қийин. Дарвоза ёнида баҳайбат бир дарахт юксалиб турибди, япроқлари чирт-чирт узилаётир. Кўнглимдаги бир сас “бу Тубо дарахти эмасмикин”, дея уқтираётир. Узоқ-узоқларда бир нима кўзни олгудай бўлиб ярақлаб-жилваланяпти. Жилваси шу қадар гўзал ва нафиски, унга бир боққан одам умр бўйи кўз узолмай қолиши аниқ.
Шундоққина оёғим остига узилиб тушган япроққа қарадиму… унинг сиртида падари бузрукворимнинг исми битилганини кўрдим!
Шу маҳал қулоғимга ўғлимнинг чириллаб йиғлаган товуши урилди.
Ҳушим дарров ўзимга келди. Жонҳолатда ўгирилдим, қарасам, эмаклаб бориб сал наридаги саёзгина ариқчага тушиб кетипти, сувнинг муздайлигидан қўрқиб йигиаётган экан. Уни қўлимга олдиму, маҳкам бағримга босдим.
Сезганимдек, қайтиб қараганимда боғ яна ғойиб бўлган эди. Ўғилчам жажжи қўлчалари билан боғ ғойиб бўлган томонни кўрсатиб, ўзининг тилида алланималар деб чуғурлар эди.
Кейин ёдимга боғдаги дарахт, ундан узилиб тушган япроқ келди. Шоша-пиша уйга югурдим. Юрагим бир нимани сезгандай потирлаб урарди. Муюлишдан кўчамизга бурилдиму, тиззаларим бўшашиб кетди. Дарвозамиз олдида маҳалламиз кишилари тўпланган эдилар.
Отам… Белининг қувватини, умрининг энг масъуд дамларини, ёшлигини бизларга бахш этган, бизларнинг соғлом ва хушбахт бўлиб улғайишимиз учун ўзини ўту чўққа урган отам… оламдан ўтипти!
Шундан кейин бу боғдан чўчийдиган бўлиб қолдим.
Тушларимга кириб чиқарди бу синоат боғи! Эшик олдидаги дарбон мулойим нигоҳини менга тикибжим турарди. “Яна нима керак сенга?” — деб қичқирардим мен унга тушимда. “Мендан нима истайсан ўзи? Тинч қўй мени, истамайман сенинг боғингга киришни!!!” Алаҳсираб уйғонганимда ҳам тушимдаги манзаралар кўз ўнгимдан сира кетмас эди.
Лекин умр ҳам бир маромда ўтар, аста-секин бу боғ қўрқуви дилдан чекиниб борар эди.

* * *

Боғни учинчи даф а кўрганимда ёш анчага борган, соч-соқол оқарган эди. Унинг бу галги зуҳуротидан ғалати бир ҳикмат туйдимки, бу ҳикматнинг тубига ҳали-ҳали етолмайман.
Ахир, умр… умр ўтиб бормоқда эди.
Осмонга булут чиқса суякларим симиллаб оғрийди. Кўзим ёшланади. Кўпинча дарвозам олдидаги супада қуёшда исиниб ўтираман. Олтин куз офтоби вужудимга хуш ёқади. Қалбим ҳам куз сувлари каби тиниқ, сокин…
Бу сафар ҳам супага чиқаётган эдим, пастак девордан қўшнимнинг томорқасига кўзим тушиб қолди. Қўшним бу йил томорқасига беда экибди.
Бедазорнинг адоғида эса яна ўша манзара.
Бу сафар эшикдаги дарбоннинг ҳам сочларига оқ оралаган эди. Боғ ичи куз эди, эрта куз. Кузнинг бунақа гўзаллигини ҳеч қачон кўрмаганман. Дарвоза қаршисидаги дарахтдан олтин япроқлар мунгли бир жаранг билан бандидан узилиб, ерга соллана-соллана қўнар эдилар. Узилиб тушаётганлари сонсиз-саноқсиз эди, ернинг бети кўз етгунига қадар япроқлар билан қопланган эди.
Ахир ҳар бир япроқда бир исм ёзилган эмасмиди?
Бу сафар оёғим остига келиб тушган япроқда дўстимнинг исми ёзилган эди. Бизлар тенгдош эдик, болаликдан бирга ўйнаб катта бўлган эдик. Бир вақтда уйланган эдик, кўп жиҳатдан тақдиримиз ҳам бир-биримизникига ўхшаб кетар эди.

* * *

Бу саодат боғини тўртинчи даф а кўрганимда…
Бедазор. Сал нарида иккита болакай ариқда нон оқизишяпти. Шу икки болакайга қараб турибману, кўз ўнгимдан болалигим… отам… онам… қайноқ нонлар лип-лип ўтаётир… Кўздан эса милт-милт ёш оқаётир… Қандайин қайноқ, ҳовурли эди у нонлар. Онагинамнинг бағридай тафтли эди-я… Қандай эдим-а… Қандай эдик-а, биродарлар…
Қараб турибману, ҳеч нари кетолмайман. Болакайларнинг бири мени кўриб қолди. Бу бобой нега йиғлаяпти, деб ҳайрон бўлгандек кўзларини пирпиратиб қараб турди-да:
– Нимага йиғлаяпсиз, бува? — деб сўради.
Воҳ болам-а! Нега йиғламайин, кўнглимдан ўтганини қандай қилиб айтмайин? Ахир мен ҳам бир маҳаллар онам ёпган нонларни сизлар каби ариқда оқизиб ер эдим… Эвоҳ, ўзим ҳам шу ариқдаги нондай оқдим-кетдим-ку!!!
Шууримда ўша – болалигим, бизларга қараб йигиаган Холмуҳаммад буванинг қиёфаси… тилимда эса ўша жавоб… дилимда эса бу ғалати чархпалакнинг ҳайбатидан қўрқув…
Болакай узатган нонни олдиму, ҳеч ўзимни тўхтатолмайман. Кўзимдан тинмай ёш оқади, умримнинг нурли ва армонли лаҳзалари лип-лип ўтади.
Анашунда…
Ана шунда… мен у боғни яна кўрдим. Эшиколдидаги дарбон ҳам мен каби қартайибди. Асосига суяниб, ҳорғин термулиб турипти. Боғнинг қопқалари ланг очиқ. Ичкарида эса ўша — шохлари булутлар орасида кўзга кўринмай кетган баҳайбат дарахт. Шохлардан ҳануз япроқлар узилиб тушаётирлар…
Ажабо, бу сафар узилиб тушадиган япроқда кимнинг исми ёзилган экан? Менинг исмимми?
Дарбон иккимиз бир-биримизга узоқ термилиб қолдик. Ниҳоят, у ҳассасига таянган кўйи, ҳорғин овозда:
– Энди кира қол, етар… – деди.
Ортимга қарадим. Аммо ҳеч нарсани кўрмадим — ёш пардаси кўзларимни тўсиб қўйган эди. Қадам қўярканман, кафтимда бир нарсанинг тафтли ҳароратини ҳис қилдим. Қарадим — боягина бедазордаги раҳмдил болакай қоиимга тутқазган, сувга бўккан бўлса-да, тафтини йўқотмаган бир бурда нон…

Иккинчи ҳикоя: “АВЛИЁ”

Ёғиб ўтган ёмғир ортидан эсган шамол бултурги хазонларни учириб олиб келиб, лойга қориштирган эди. Бу шамол кеча кечқурун тинган, энди эса Авлиёота тоғининг чўққилари томондан совуқ шабада эсаётганди. У одамнинг этини жунжиктирса-да, бироқ қайдадир музлаган тошларни ёриб чиққан бойчечак ифорини олиб келиб димоққа тутар, кишининг кўнглига тоза ҳисларни солар эди.
Тоғ ёиидан кетаётган, сочларига оқ оралаган кишининг исми Абдулқодир эди. Олтмиш учга кирган бу одам Авлиёота ғоридаги авлиёнинг ёнига бораётган эди.
Авлиё салкам юз йилдан буён шу ғорда яшар эди. Унинг ёнига зиёратга келганлар Авлиё ота кулбасининг ёзда салқин, қишда илиқ бўлишини айтиб, буни авлиёнинг зоти мубораклигига, комил ва худонинг суйган бандаси эканлигига йўяр эдилар. Қишда бу ер яланг бўлганлиги учун аксарият изғирин шамол ҳуштак чалиб, совуқда муз қотган оппоқ, тоза қор зарраларини учириб, кулба девори ҳамда арчаларнинг тагига уйиб ўйнар эди.
Қишда одамлар Авлиё отанинг ёнига деярли бормас эдилар. Йўл хатарли, совуқ, музлаган эди. Қаҳратонда Авлиё ота кузда ўриб олган буғдойидан ун қилиб, хамир қориб, нон ёпади, шу ёи билан тирикчилик қилади, дер эдилар.
Авлиё отанинг қўйлари ҳам бор бўлиб, бу қўйларда-да бир ҳикмат борлиги аён: уларга касаллик ҳеч яқин йўламасди, ҳар йили бехато эгиз туғарди, ўтлаб арчазорлар орасига кириб кетсаям биронта йиртқич даф қилмас эди. Ҳар совлиқ бир кўза тўла серқаймоқ сут берар эди – буям худонинг суйган бандасига кўрсатган бир марҳамати эканига барча ишонар эди.
Авлиё ота салкам юз йилдан бери бу ғорда ибодат билан машғул эди. Қалбида заррача дунёвий ғубор йўқ эди – ойнадай тоза ва тиниқ, нурафшон эди. Теварак-атрофдаги қишлоқлар ўрамида жами юз минг киши яшаса-да, аммо ҳеч бири Авииё отачалик бўлолмагандилар – уларнинг орасида ибодат йўлига кирганлари қанча, доимо ҳақ хизматида бўламан, деганлари қанча? Бироқ баннинг дилини дунёнинг қандайдир бир ташвиши хира торттиргандики, иймон нурининг бор бўйича аксланишига айнан шу гардлар монелик қилаётган бўлса не ажаб?
Кишилар бошларига бир ташвиш тушганида, асосан хасталикка йўлиққанларида Авииё ота қошига келар эдилар. Отанинг дуоси билан хасталик чекинар эди. Шу маҳалда балки кўпчилик ҳақиқий ибодат ёиидаги бу одамнинг яшаш тарзидаги, ибодатидаги улуғворлик ва соддалик ҳикматини ҳис этиб, бундан буёғига охиратни ҳам ўйлашни дилига тугса, мен ҳам энди ибодат билан машғул бўламан, Худонинг айтган йўриғидан чиқмайман, деб кўз ёшлари ила ният қилса ҳам эҳтимол. Аммо рўзғор деган ёв нақадар қудратли! Нақадар улуғ шахсларни, балки янада тақводорроқ бўлиши мумкин бўлган, балки улуғ лашкарбошилар, олимларни синдирмаган у! Одамлар уйларига қайтиб, яна ўзлари билан ўзлари овора бўлиб кетардилар: бола-чақа, тирикчилик ташвишлари яна ўз домига тортиб кетар эди…
Фақат, Авииё отагина эътиқодда собит эди. Фақат Авииё отагина илоҳий муборакликка муяссар бўла олган эди!
Ёши олтмиш учга қараб кетган Абдулқодир ака ана шу Авииё отанинг қошига бормоқда эди. Бу бежиз эмасди — уч-тўрт кун аввал у ваҳимали бир туш кўрган, бу тушни у ёруғ дунёдан кетишнинг ишорати деб англаган эди. Боз устига, йиллар давомида орттирган хасталиклари ҳам бот-бот хуруж қилаётганди. Аммо Абдулқодир ака Авииё отадан хасталикларига шифо сўрамоқчи эмас эди. Зотан, тузалмас хасталик – кексалик аллақачон етиб келгач, соғ аъзойи баданга не ҳожат? Кийилавергани сайин кийим ҳам эскиради. Вужуд деб аталган бу либос ҳам кун келиб жулдурлашгач, албатта ечиб отилади.
Авииё ота ёнига асосан кекса одамлар кўпроқ келар эдилар. Булар турли-туман нафсоний ишлар билан имонларини хиралаштирган, умрларини зое кетказган кишилар бўлиб, мана энди қачондир кимгадир ноҳақ айтилган сўзнинг жазосидан, бировнинг ҳақининг гуноҳидан қўрқиб, Авииё отанинг худодан бу гуноҳларни афв этишини сўраб дуо этишини илтимос қилиш учун келардилар. Бироқ, эҳтимолки, зиёратдан сўнг ҳам уларнинг қалблари тинчланмас эди – зотан, адолатли ажр яқинлашаётганини руҳлари сезиб, титраб-қақшар, бир имдод, бир илинж истагида ҳаётда сўнгги кунларини яшаётган эгасини ҳар тарафга йўллар эди!
Аммо Авииё отанинг қошига бораётган олтмиш уч ёшли бу одамнинг истаги содир этган гуноҳларининг мағфирати ҳам эмас эди.
Ҳозир теваракдаги ҳар бир тошга, ҳар бир харсангга боқаркан, унинг кўзларидан ёш оқар эди. У йиғлар эди! Бу йўллардан кўп йиллар аввал бобоси билан ўтган, ўша маҳаллар у ёш бир болакай эди. Теваракка боқаркан, бу йўл умр йўлига айлангандек, умр йўлини қайта босиб ўтаётгандек эди.
Ҳув анави, пастда қолиб кетган қишлоқ чеккасидаги тоғтераклар остидаги булоқ ёнида у ўн саккиз ёшида севгилисини ҳар оқшом ҳаяжонланиб кутган эди. Қиз қурмағур ҳам шумгина эди — шорн маҳалидагина сувга чиқар эди. Уч-тўрт дақиқалик висол эди бу. Абдулқодирнинг қишлоғи бу ердан уч чақирим узоқда эди, аммо қурмағур қизгинанинг кўйлагига тақилган қалампирмунчоқ исидан боши айланиб, зумда уйига етиб келганини ҳам сезмай қоларди у. Кейин эса ҳовлидаги сўрига чалқанча ётиб олиб, юлдузларга термулганча ширин ўйлар сурарди. Наздида, ҳатто гуллаган жийда ҳам қалампирмунчоқ исини таратаётгандай туюлар эди.
Бироқ, ё алҳазар, исми нима эди у илк муҳаббат санамининг?!
Нақадар узоқ ўтмиш… Бироқ қирқ беш йил олисдан-да ҳануз ўша таниш бўй анқиётгандай…
Ҳув узоқдаги тошдан эса, Абдулқодир қиз кўрган куни, сурувдаги қора қўчқорни тутаман деб йиқилиб, оёғини синдирган, аммо оталик шавқи билан нақ бир чақиримгача судралиб борган эди — кейин уни одамлар кўриб қолиб, олиб кетишганди. Ўшанда севгидан-да улуғроқ, нажиброқ ва юксакроқ туйғу — оталик туйғуси Абдулқодирнинг кўксини тўлдирган эди.
Ўша вақтлар, бир-икки ой юраги санчиб оғриганида, қизчасини бағрига олиб, шундоққина қалбига босар эди – не ажабки, қучоғидаги мурғак, фариштамонанд, ишонувчан ва пок вужуднинг ҳароратидан юракдаги санчиқ ҳам босилгандай бўлар эди.
Хотиралар… хотиралар шамол каби ёпирилар, узоқ-узоқлардан, йилларнинг музлаган қатламлари орасидан бойчечак ифори каби уфураётган ёқимли ва армонли кечинмаламинг ёдини олиб келиб, шуурига тақар эди…
Агар шу топда ёнида бир қадрдони бўлганида, балки Абдулқодир уни қучоқлаб, елкасига бошини қўйиб: “Воҳ, биродар, умр ўтиб кетипти-ку!” – деяйиғлаган бўлармиди? Аммо ҳозир у Авлиё ота қошига ёлғиз кетиб бормоқда эди, шунга қарамай, кўзидан оққан ёшни баҳорий чечак ифорини таратган шабада сийпалаб-қуритиб, гўё бу одамни юпатар эди. Гўё дер эдики: ” Мен қадимдан бери бу кўҳна олам узра эсиб ўйнайман. Сулаймон пайғамбарнинг суякларидан бино бўлган қумларни атрофга сочаман, Одам Ато билан Момо Ҳаво ер юзида илк бир-бирларини топган жойга олиб бориб сепаман… Оламга сенинг каби қанча одамлар келиб-кетмадилар. Бари ўзининг орзу-ниятлари, ташвишлари, қувончлари билан яшаб ўтди-кетди… Тангрининг ўзи пешанангга туғилиб-қартайиш ёзуғини ёзганидан кейин кимга шикоят этасану, бу тақдирдан қутулиб қайга бора оласан…”

* * *

Абдулқодир ака Авлиё отанинг зиёратига бир маҳаллар, болалигида бобоси билан келган эди. Ичкарига кирганларида, Авлиё дарча олдида, бўйрада чордана қуриб ўтирар, олдида катта бир китоб очиқ турар эди.
Ўшанда… бобоси Авлиёнинг қаршисига ўтириб, ёнига Абдулқодирни чақирди. Абдулқодир бобосининг Авлиё ота билан нималами гаплашганини эслай олмайди.
Аммо, қолганлари ёдида.
Бобоси Абдулқодирнинг елкасидан тутиб, титраган ва бўғиқ товушда:
— Пирим, шу боламнинг ҳаққига ҳам бир дуо қилинг! — деб ўтинди.
Авлиё ота Абдулқодирга кулимсираб қараган эди, тегра мулойим бир ёғдуга тўлгандек бўлди. Абдулқодир беихтиёр ўрнидан туриб, Авлиё отанинг ёнига борди. Авлиё ота кафтини Абдулқодирнинг бошига қўйди-да:
— Ўғлим, кўзларингизни юмиб-очинг, — деди.
Абдулқодир кўзларини юмиб-очиб, ўзини қадимий ва нақшли бир эшик олдида кўрди.
— Эшикни очиб, ичкарига киринг, ўгиим, — қаердандир Авлиё отанинг далда берувчи овози келди.
Абдулқодир эшикни итарган эди, у осонгина очилиб кетди. Болакай ичкарига қадам босди ва ўзини бир боғда кўрди.
Не боғки, гўзаллигига ва фаровонлигига таъриф йўқ эди. Бунақа гўзал дарахтлами, қушларни Абдулқодир ҳеч ерда кўрмаган эди. Боғнинг ҳар ер-ҳар ерида одамлар ҳам кўзга ташланар, улар нур билан ўралган эдилар. Нарироқда эса ҳавода ҳилпираганча парилар учиб юрардилар.
… Кўзларини очганида, у яна Авлиё отанинг нуроний чеҳрасини кўрди. Авлиё ота дуога қўлларини очиб турар, бобоси эса “пирим, пирим” дея йиғлар эди.
– Неварангиз ҳозир жаннатнинг Боғи Эрамини кўрди, — деди шунда Авлиё ота…
Кейинчаликжуда кўп маротаба бобоси Абдулқодирдан у боғда нималами кўрганини сўради. Аммо Абдулқодир боғда кўрганларини баён қилиб бера олмас эди. Бобоси одамларга “Менинг неварам жаннати”, дея гапириб юрди. Бир сафар ҳатто: “Ўша боғдаги одамлар орасида мениям кўрдингизми, ўғлим?” — деб сўради. Абдулқодир кўрмаганини айтгач эса, хомушланиб қолди. Шу куни кечаси эса болакай ғалати овоздан уйғониб кетиб, бобосининг жойнамоз устида мук тушганча: “Жаннатингдан маҳрум этмагин, парвардигор”, — дея юм-юм йиғлаётганини кўрди.
Бобоси бирйилдан сўнгжонини Ҳаққа топширди. Хаста ётганида Абдулқодирни ёнига чақириб, деди:
— Ўғлим, худойимнинг марҳаматидан айланай, сизжаннатисиз. Қочмай туринг, мен сизни тавоф қилиб олай, — дея, эмаклаб ўрнидан тушиб, болакайнинг оёқларини  қучоқлашга уринди. Табиийки, Абдулқодир қочиб кетди. Чои эса: “Воҳ, художоним-а!” — дея нола қилганича қолаверди.
Бобосининг нима учун йигиаганини Абдулқодир кейин, эсини танигач тушунди. Аммо одамзод қизиқ экан: йигирма ёшингда ўйлаган нарсангга қирқ ёшингда бошқача қараркансан.
Бобоси, унинг ортидан ота-онаси ҳам йўқликка қараб кетдилар. Ота-онасидан айрилганида, Абдулқодир ўзини ёруғ оламда танҳо қолиб кетгандай ҳис қилган эди. Аммо ҳикматни кўрингки, бунақа пайтларда одамга фарзанд таянч бўлар экан. Ота-она меҳри ўмини фарзанд меҳри эгаллади.
Кейинчалик эса буларнинг бари унут бўлди. Замонлар алмашди. Бошдан ҳархил кунлар кечди. Гоҳо қийналдилар, гоҳо севиндилар. Аммо Абдулқодир ҳалол яшади, бировнинг ҳақини емади, ўзганинг дилини оғритмади. Куч-қувватга тўлганида, болалигида кечган ўша воқеани эслаб кулгиси қистаган пайтлар ҳам бўлди. Вақтида улфатчилик ҳам қилди, аммо булар ҳар бир одамнинг ҳаётида бўладиган нарсалар — муҳими, у ҳалол яшади.
Болаликдаги нарсалар ёдда барибир қолаверар эканми, ўшанда кўргани боғ уч-тўрт марта тушига кирди. Ҳар сафар тўрт тарафи қоронғилик бўлган тушунарсиз бир макон ичида, яшил нур оғушида товланиб кўринаверди. Боғ тарафга ип каби ингичкава ёруғ нур толаси бир йўл монанд чўзилиб кетган эди.
Бироқ одамзод қанақанги тушларни кўрмайди дейсиз? Бир куни Абдулқодир бозорда бир одамнинг: “Қизим туш кўрипти, мен бошимдан-оёғимгача ахлатга булғанган эмишман. Худо хоҳласа, бундан буёғига ишим юришиб, бойиб кетсам ажабмас”, – деб гапираётганини кўрган эди. Аммо Абдулқодир ака ўз тушининг раҳмоний туш эканлигига ишонар, кунлар ўтиб, ёши улғайиб боргани сайин ўша жаннат боғи қалбининг туб-тубида худди тушидаги цингари жилваланиб, ниҳига ором бахш этар ва: “Балки худойим менгажаннатини насиб этар?” – деган илинж гоҳо ишончга ҳам айланар эди.
Кеча эса Абдулқодир бобо ўзининг кўрган тушидан ростакамига қўрқиб кетди.
Қоп-қоронғи бир жой эмиш. Бу қоронғиликнинг на остию на усти, на чапи, на ўнги бор эмиш. Шу қоронғилик ичра у ўзининг юзини кўриб турган эмиш. Юзи нимагадир тишланган, тиш изларидан қон оқармиш. Ортида бир қутурган туя турганмиш, у оғзидан кўпиги оққанча, ҳадеб Абдулқодирнинг юзини тишлар эмиш…
Вақт шомга яқинлашиб қолган, Абдулқодир бобо ана шу тушидан ваҳимага тушиб, Авлиё отанинг ёнига бормоқда эди. Мақсади – Авлиё отадан яна бир бор ўзининг борадиган манзилини кўрсатишини сўраш эди. Ёши олтмишдан ошганидан сўнг, у бот-бот шу ҳақда ўйлайдиган бўлди. Чунки тенгдош биродарлар ҳам бирин-кетин йўқлик сари кетмоқда эдилар. Нима қилганида ҳам, навбат яқин, фурсат оз қолган эди. Аммо Абдулқодир бобонинг кўнглига бир нарса — ёшлигидаги Авлиё бобонинг кароматию кейинчалик кўрган тушлари доимо таскин берар эди. Шундай бўлса-да, сафар вақти яқинлашаётганини идрок этган руҳи нима учундир ваҳимага тушаётган эди. Балки… балки билиб-билмай айтилган бир сўз… бир нигоҳ… бир ҳаракат уни абадий ҳалокат сари етаклаб кетса-чи?
Фурсат бой берилди, энди ортга қайтиб боиармиди? Олтмиш уч йиллик умр ҳам худди бир лаҳзадай – ёруғ, шитоб билан кечган бир лаҳзадай ўтди-кетди.
Ана шунинг учун ҳам Авлиё отанинг қошига бораётган бу одам, ёнида бир дўсту қадрдони боиганида: “Воҳ, дўсти азиз, умр ўтиб кетипти-ку”, — дея ўксиниб-ўксиниб йиғлаган бўлур эди. Аммо азиз дўстларнинг бир қисми ҳозир дунёда йўқ, қолганлари ҳам ёнида эмас, фақат, баҳор чечагининг билинар-билинмас исини димоққа тутганча шабада эсар, у шарқ томондан қорамтир булутларни тоғ бошига ҳайдаб олиб келар эди.

* * *

Абдулқодир бобо Авлиё ота ёнига етиб келганида шорн қўнган эди. Арчазорда авлиёнинг қўйлари бултурги хазонларни титиб ўтлаб юрар эдилар. Шамол қишда қор зарраларига қўшиб хазонларни ҳам арчалар остига уйган экан, ҳозир булар қорайиб кўринар, кузнинг намчил исини таратар эди. Кеч бўлгани учунми, зиёратчилар йўқ эди.
Абдулқодир бобо йўталиб олиб, бир оз ҳаяжонланиб, кулба эшигини очди ва бўғиқ овоз билан чақирди:
– Авлиё ота?!
Жавоб бўлмагач, у ичкарига қадам босди ва Авлиё отани кўрди.
Авлиё ҳануз дарча ёнида, бўйрада ўтирар, олдида ҳануз очиқ китоб турар эди. Кулба ҳавоси ёқимли, илиқ, қизиғи шундаки, бу ердан ҳам бойчечак иси анқирди. Абдулқодир бобо салом берди. Авлиё алик олганида, Абдулқодир бобо унинг ҳам жуда кексайганини, вужуди пардай бўлиб қолганини, нигоҳининг янада тиниқлашганини кўрди. Гўё Авлиёнинг теграсини қуршаб турган нур эрта-индин бир ҳукми илоҳий ила бу ҳафиф вужудни кўкларга учириб олиб кетадигандай кўринар эди.
Абдулқодир бобо бўйрага тиз чўкди-да, зиёратдан мақсадини баён қилди. Болалигида бу ерга келганини, Авлиё ота унинг бошига муборак қўлларини қўйганини, жаннати олийни кўрсатганини айтди. Кейин иккилана-иккилана сўрадики, кўп қатори, қўлдан келганича умр кечирдим, ажабо, у макон ростдан ҳам менга насиб қилармикин?..
Авлиё ота жим, балки янада чуқурроқ ўйга чўмган эди. Бу сукунатда Абдулқодир бобо бир нарсанинг гурс-гурс этиб ураётганини эшитди. Бу — унинг олтмиш уч йил давомида садоқат билан хизмат қилган кекса юраги эди.
Ниҳоят, Авлиё “Яқинроқ келинг, ўғлим”, дегач, бобо энтикиб, зоти муборакнинг ёнига яқинлашди. Авлиё унинг бошига қўлларини қўйди.
– Кўзингизни юмиб-очинг, ўғлим!
Абдулқодир бобо дилида: “Ё худо, марҳаматингни аяма!” – дея илтижо қилганча кўзларини юмиб-очди.
Алҳазар, у яна ўзини ўша эшик ёнида кўрди. Бу ердан ҳам юрагининг гурсиллаб уриши эшитилиб турар эди. Узоқ-узоқлардан:
– Эшикни очинг, ўғлим! – деган таниш овоз келди.
Абдулқодир бобо титраётган қўллари билан эшик тавақасини оҳиста итарди.
Эшик очилди…
Аммо, ё алҳазар, ичкари… қаҳратон қиш эди! Шамол қор зарраларини учириб ўйнар эди. Баргсиз дарахтлар қоп-қора, яланғоч шохларини тунд самога чўзган эдилар. Ҳар тараф муз, жаҳаннамий совуқ чор тарафни ях каби қотирган эди. Қор узра бир қабр кўринар, қабр тупроқлари ҳам музлаган – тош қотган эди.
Фақат шугина! Қиш… Совуқ… лзғиринда ёлғиз бир қабр!.. Бошқа ҳеч нима йўқ эди.

* * *

Авлиё ота рўпарасидаги эзилиб-букчайиб қолган бандага ачиниб қараганида, хаёлидан кечган фикрлар нигоҳида нурланиб кетди.
Шу тариқа, икки қария бир-бирларининг қаршисида жим қолдилар. Иккиси ҳам бир-бирларига сўз қотмас эдилар.
Зотан, сўз қотишга ҳожат ҳам йўқ эди: фақат кеч куз шамолигина кулба эшигига гувиллаб ўзини уриб ўйнар, бу икки кишини гўё узоқ-узоқларга – балки Одам Ато билан Момо Ҳаво ер юзида илк бор топишган жойларига олиб кетмоқчидай эпкин урар, бироқ, энди у бойчечак ифорини таратмас эди…

Учинчи ҳикоя: “БОҒИ ЭРАМ”

Қишлоғимиз адоғида улкан бир боғ бор. Боғнинг нарёғи эса қабристон. Боғбонлик ҳам, қабристоннинг шайхлиги ҳам Юнус буванинг зиммасида. Кексаларайтадиларки, Юнус бувани болалигида дарёда катта бир балиқ ютиб юборган экан. Ўша атрофда юрган кишилар кўриб қолишиб, балиқни тутиб, қорнини ёриб, уни қутқариб олишган экан. Юнус буванинг юзида тиш изларига ўхшаган чандиқлари бор эди, буни кўриб бизлар уни ростдан ҳам балиқ ютиб юборганига ишонар эдик.
Қишлоғимизда кимдир оламдан ўтса, уни лаҳадга қўйганларидан сўнг, қабр бошига албатта бир дарахт кўчати ўтқазиш одати бор эди. Юнус бува мени к ўпинча боққа олиб кирарди, кейин ҳар бир дарахтни кўрсатиб, изоҳлардики: “Мана бу қўшнинг Мамадали бувангнинг ўриги, ўғлим. Қара, қандай катта бўлган. Сал нарироқдагиси эса Зулфи кампирнинг беҳиси… Анови қийшайиб ўсгани эса Мамажон бувангнинг олмаси…
Бобомнинг, Зулфи кампирнинг, Миржон буванинг, Лаззат холанинг дарахтлари… Улар шу қадар кўп мева қилган эдики, қараб кўз тўймасди, шохлари эгилиб-синиб ётарди.
Боғнинг кираверишида, чап томонда митти навниҳоллар, худди эгалари каби, сал шабадада ҳам қалтирабгина турар эдилар. Юнус бувам дер эдики, “Мана бу ниҳол – Асрор муаллимнинг сувга чўкиб ўлган ўн икки яшар қизчасининг ниҳоли… Буниси эса Садир сўфининг норасида неварасиники…”
Боғ ичкарисига қараб кетилгани сайин дарахтлар ҳам қариб борареди, мен ўзим кўрмаганим инсонламинг дарахтларини кўрар эдим — Тошбуви энамнинг, Исмоил бобомнинг, Зиё бувамнинг дарахтлари… Менга ҳар бир дарахт бир одамнинг ҳаётидан ҳикоя қилар эди, ғунчалигида хазон бўлганларнинг навниҳоллари соҳибларининг орзуларидан сўйлаб, мени қон-қон йиғлатар эди. Боғ ичкарисига қараб кетганим сайин худди мозийга қараб кетаётгандай туюлар эди. Назаримда, боғнинг нарёғига Юнус бува ҳам киролмаган эди, нарёғида жуда қадимий чинорлар, садалар, ёнғоқлар чангалзор каби шовуллаб ётар эди.
Назаримда, бир журъат қилсаму, боғ ичкарисига қараб йўлга чиқсам, унинг адоғида Одам Ато билан Момо Ҳавога ўз япроғидан берган анжирни-да кўрадигандек эдим.
Буламинг бари менинг қошимда тилга кирар, ўз ўтмишидан, қувончларидан, армонларидан ҳикоятлар сўйлагудек бўлареди.
Раҳматлик Юнус бувам дер эдики: “Той болам, мен ўлганимда сен катта йигит бўласан. Ўшанда болаларинг билан келиб мениям зиёрат қилинглар, ўша дарахтни кўрганда мени кўргандай бўласизлар, хўпми, ўғлим…” Мен “Хўп, бобожон”, дер эдим. Юнус бувам менинг жавобимдан ёш боладай севиниб кетар эди, белбоғининг қатидан попукқанд олиб тутар эди.
Еттинчи синфда эканимда, эрта баҳорда бобом вафот қилдилар. Шунда мен кейинчалик ўзим англаб етган ҳақиқатнинг тамали деса бўладиган бир воқеанинг гувоҳи бўлдим.
Бобом ётган тобутни кўтариб, қабристонга кетдик. Бобомни тупроққа топширдик. Эртасига дадам уйимизда ўсиб турган ўриклардан бирини кўчирди, машинага ўтириб, бобомнинг қабрига бордик. Дадам чуқур қазди, кўчатни экдик, мен пақирчада сув опкелиб қуйдим. Бу кўчат баҳорда гуллади, тутиб кетди, мен унга ўзимча “Бобомнинг ўриги” деб ном бердим.
Кунлар ўтди.
Вояга етдим, туйғуларим ўзгарди. Қишлоқ кўзимга торлик қилиб қолди. Муҳаббат саболари кўнглимни жимирлатиб эсди. Талаба бўлдим, узоқ ва бегона шаҳарлар сари талпиндим.
Мен ўтқазган дарахтлар улғайди. Мен кўрган дарахтлар қартайди.
Талабалигимнинг сўнгги йилларида Юнус буванинг ёнига бордим. Юнус бува ҳам қариган, юзи, қўллари, гавдаси бир тутам бўлиб қолган, қошлари ўсиб кетган эди. Кўрдиму, юрагим бирувишди.
Юнус бува мени яна боққа олиб кирди.
“Қара, болам, — деди. — Баҳорда Муҳаммадамин буванг оламдан ўтди. Мана, болалари кўчат экишибди”.
Нарироққа бордик.
“Бу Миржон бувангнинг гилоси, — деди Юнус бува. — Ўтганига беш йил бўлди. Рамазон эди”.
Янаям ичкарироққа кирдик.
Бобомнинг ўриги-ку!
Энамнинг ноки.
Холжўра бувамнинг олчаси…
Юнус бувага ялт этиб қарадим. Шууримда бир нима ярқ этиб очилиб кетгандай бўлди. Жудаям улкан бир қонуниятни тушуниб етгандай бўлдим.
“Мана бу эса дадангнинг ойисининг олмаси, — деб давом этди Юнус бува. — Сен туғилган йили вафот этган эди раҳматлик. Бу ерларга тез-тез келиб тур, эсингдан чиқариб қўйма…”
Мен эса… Болалик хотираларим шууримда бўрон каби ўйнар, чеҳралар, қиёфалар, айтилган сўзлар, жилмайишлар, кимларнингдир қўлларининг азиз тафтлари… бари-бари юрагимда мислсиз бир ларза бунёд этар ва кўзларимдан оққан армонларнинг, хотираларнинг қайноқ томчилари юзимни куйдирар эди…
“Энди етар, – деди Юнус бува сокин овозда. — Сен озми-кўпми китоб ўқиб, узоққа кетдинг. Билки, бу ердаям ақлию илми билан дунёни ўзгартиришга қодир одамлар бўлган. Аммо кетишмаган. Билиб қўйки, сенинг вазифанг — ўз оилангдан кимдир ўтса, дарахт қадаш. Яна билки, ўғлим, вақти-соати келиб бу ерда сенинг ҳам ўз дарахтинг бўлиши керак…”
Яна айтдики: “Бу боғнинг ҳикматини энди англагандирсан, ўғлим? Сен болалигингдан билганинг шу боғнинг қандай бунёд бўлганини энди тушунгандирсан?”
Яна умр деган шамолнинг гирдоблари ақлу ҳушни шошириб эсди, ойлару йиллар зув этиб ўтди.
Ҳозир мен туғилиб ўсган юртда ҳўв ўша — олис болали-гимнинг нуроний қарияларидан ҳеч ким қолмаган. (Уларни фақат фарзандларининг юз-кўзларию қабристондаги дарахтлар эслатиб туради, холос.)
Ўша маҳаллар навқирон ва азамат бўлган кишилар энди кексайганлар. Энди улар ўша маҳалдагидай кўчани тўлдириб юрмайдилар, қаҳқаҳалари оламни бузмайди.
Уларнинг армонлари ҳам бўлакча. Масалан, Рўзимат ҳожи бу йил етмишни қоралади. Баҳорда хасталаниб ётиб қолди. Бизлар у кишини кўргани кирдик. Гап айланиб, унинг ҳаж сафарида вафот этган дўсти Собир ҳожига бориб тақалди. Шунда Рўзимат буванинг айтганлари менинг шууримда ўйилиб қолди:
– Ҳа-а, Собир боплади, – деди у ҳавас билан. — Ҳаммани доғда қолдириб, ўша ёқда омонатини топширволди, баччағар…
Кечаги болакайлар, яъни бизлар бугун шу қишлоқнинг олди эркакларимиз. Бугун кўчаларни бизлар тўлдирамиз, бизнинг қаҳқаҳаларимиз оламни бузади. Ортимиздан улғайиб келаётган болакайлар бизларга ҳавас билан қараб қоладилар…
Бизлар-чи, эрта бир кун келиб, қай биримизга ҳавас қиларканмиз?
Қай биримизнинг дарахтимиз олдин гулларкан?..
Қишлоғимизнинг адоғидаги боғ ҳозир ҳам бор. У тобора кенгайиб бораётир.
Қишлоқ одамлари бу боғни кўз қорачиғидек асраб-авайлайдилар.
Бу боққа одамлар Боғи Эрам деб ном берганлар.
Биламанки, бир кун келиб, мана шу боғда менинг ҳам ўз дарахтим бўлади. Уни менинг пуштикамаримдан бўлган зурёдим — ҳозирда эндигина бийрон-бийрон гапиришни ўрганган ўғлим қадайди.
Бу кўчатнинг тутиб кетишидан, гуллаб мева беришидан ҳамда меваларидан турли-туман қушларнинг, қурту қумурсқаларнинг баҳраманд бўлишларидан мен ҳам умидворман…

ХОТИМА

Болалик худди узоқдаги бир салтанат цингари кўнглимизда жилваланиб-товланиб яшайди. У митти бир оламга ўхшайди – теграси Искандар девори билан ўралган, адолат ва ростгўйлик, ҳалоллик ва софлик-соддадиллик доимо устун бўлган, ёзлари қайноқ, қишлари илиқ, фусункор бир олам…
Энг ардоқли хотираларимизни ва кечинмаларимизни бизлар ўша ерда сақлаймиз.
Бу ер худди тилсимлангандай — менинг болалигимнинг тилсимлари фақат менгагина очилади. Гўё умрнинг дашту саҳролари аро мен тилсим қоясига етиб бораман, у ердаги софдил ва садоқатли дев “Исминг нима?” деб сўрайди. Мен ўз исмимни айтсамгина очилади. У ерга мендан бошқа ҳеч кимса дахл эта олмайди.
Бу юртнинг қушларию ҳайвонлари одамзод тилида гапира олади. Дарахтлар, тошлару қумлар бўлиб ўтган воқеалардан шаҳодат берадилар.
Бу ерда олтин ниначилар парвоз қиладилар, Семурғ қуш суҳбатга муштоқ туради. Софдил девлар истагингизни бажаришга ҳар доим шай.
Фақат бир нарса етишмайди у ерда. Шу салтанатнинг соҳиби ва қаҳрамони, яъни сизу биз йўқмиз у ерда…
Бу дунёда ўша маҳаллар ёш ва навқирон бўлган ота-онамизу бобо-момоларимиз яшайдилар. Ҳозирда кексалик ёшига етган, қартайган оталаримиз у ерда “ҳеч кимдан қўрқ-майдиган, дунёдаги энг кучли ва энгжасур” қиёфада гавдала-надилар. Бир тутамгина бўлиб қолган онамиз у ерда ғоятда бағрикенг, қуёштафтли қиёфада қолган.
Қай бирини айтай? У ерда хасталиклар йўқ, у ерда ёзғириш, нафрат йўқ, ёмонлик йўқ, қайғу йўқ, ғам йўқ…
Аксинча, у ерда маъсумона аразлашлар ва шудрингдай тиниқ орзулар бор. Бу орзулар ҳали ҳам ажойиб орзу дарахтларининг япроқларида худди шудрингдай товланиб-аксланиб турипти.
Афсонавий шаҳарлар, жаннатмакон гўшалар у ерда ҳамон бизларни кутади. Болалик чоғларимизнинг сеҳрли боғи бўлган Боғи Эрам ҳам шу салтанатда жойлашган.
Боғи Эрамнинг ичкарисига кириб бораркансиз, хотиралар… хотиралар қуюн бўлиб ёпирилиб келади. Оёқ остида тўдалашган хазонларнинг ҳар бид бир инсон кечмишини сўйлайди. Боғ сокин, жимжит. Битта япроқ узилиб тушса ҳам эшитилади.
Кишиларнинг оламдан ўтганини билдириб, япроқлари тўкиладиган дарахт эсга тушганида эса юрак увишиб кетади…
Ажабо, дейман ўзимча, сизу бизнинг Боғи Эрамимиз ҳам аслида шу эмасмикин? Туманларга чулғанган мислсиз тарихию болалигимиздан бери шууримизга нақш бўлиб тушган урфу одатлари билан, барча сиру синоатлари ва сал аввал тилга олганимиз ҳикмат тўлуғ боғлари билан, ҳар бири бир тарихга гувоҳ қум зарраларию сон-саноқсиз, мунгли-ҳазин қўшиқлари билан… Оламда юрганларга ва оламдан ўтганларга бўлган муносабатимиз билан, эҳтиромимиз билан… Тупроқ устидаги ва тупроқ остидаги барча азизу қадрдонларимиз билан…
Билмадим… Аммо, Бобил салтанати даврида бунёд этилган ва кейинчалик самога кўтарилиб кетган афсонавий Боғи Эрамнинг айнан шу – бизнинг кечинмаларимизда, бизнинг кўнгилларимизда, бизнинг тупроғимизда ниҳон эканига ишонгим келади…

1999-2003