Ҳошим ака бу сафар дарвоза зулфинини қаттиқроқ шақирлатган эди, ичкаридан “ҳув-в, ҳозир” деган аёл кишининг овози эшитилди.
— Келин, Қулсоатни буёққа чақиринг!
— Вой, уйда йўқ эдилар-а… — Қулсоат овоз эгасини таниб, хотинига “ўзинг бир нима деб жўнатиб юбор” маъносида им қоқиб, ичкари уйга кириб кетди. Малика бироз каловланди ва яна гапини такрорлади:
— Бирпас бўлувди, қаёққадир чиқиб кетдилар…
Ҳошим аканинг зардаси қайнади.
— Ҳозиргина у билан кетма-кет келдим-ку! Уялмасдан “эрим уйда йўқ” дейсиз-а, келин! Чақиринг буёққа!
— Йўқ одамни йўқ дейман-да! Ишонмасангиз, ана уйга кириб қараб кўринг…
— Яна қочирибмиз-да, — деди Ҳошим ака остона ҳатлаб ичкариларкан. Сўнг Маликага зардасини тўкди. — Бу нечанчи бор келишим?
— Санаганим йўқ, — деди Малика пинагини бузмай.
— Саноғиям йўқ-да! Қачон келсам, уйда йўқ. Сизларга қарз бериб муттаҳам бўлдимми? Икки йилдан бери рангимни сарғайтирдинглар-ку! “Тижорат қиламиз, қарз бериб туринг, фоизи билан қайтарамиз”, демаганмидинглар? Менга фоизларинг керак эмас, ўзимникини беринглар, мен розиман, келин!..
— Берадилар, Ҳошим тоға, қочиб кетаётганлари йўқ-ку. Ўзлари ҳам ҳар куни “Ҳошим тоғадан уят бўлди-да”, дея истиҳола қиладилар. Шу қарзларни узаман деб, каллаи саҳар кетиб, ярим кечаси кириб келадилар.
— Қарз берганларнинг кўзига кўринмай, дейди-да.
— Нега унақа дейсиз?
— Ҳай, бўлди. Энди гап бундай… Мен битта одам олиб келганман. — Ҳошим ака дарвозадан ташқарида қўл қовуштириб турган қорамағиз кишига им қоқди. — Бектурсун ака, киринг буёққа!
Бектурсун деганлари лўкиллаб кириб келди ва Маликанинг саломига бош қимирлатиб, овозсиз алик олди. Ҳошим ака эса мақсадга кўчди.
— Бектурсун ака — митончалик. Кенжа қизларини яқинда куёвга берганлар. Шу қизнинг “кўрди”сига битта жавон қидириб юрган эканлар…
Малика “ялт” этиб меҳмонга қараган эди, меҳмон бошини сал эгиб:
— Шундоқ, янга, — деди.
— Бизани ҳовли магазинми? — деди Малика ўзидан катта киши уни “янга” деганига ғаши келиб. Сўнг этагига ёпишиб олган ўғилчасини бир силтаб ташлади. — Кўп ғиншима, тек тур!
Вазият борган сари нозиклашиб борарди.
— Келин, — деди Ҳошим ака истиҳола билан, — мениям олдимда тўй-маракам бор. Сизлар эса қарзни қайтармаяпсизлар…
— Нима қил дейсиз?!
— Уйларингдаги жавонни ана шу акамга сотамиз. Сиз қўрқманг, бу ишимиз Қулсоатга ҳам маъқул тушади. Ўзим унга тушунтириб қўяман, хайми… Ичида бирор нарсаси бўлса, бўшатиб олинг.
Қарзини сўраб келувчиларнинг ҳар кунги ташрифидан безор бўлган Малика учун энди барибир эди.
— Латта-путтадан бошқа нима ҳам бўларди! — деди қўл силтаб.
— Унда, жавоннинг калитини беринг-чи!
— Калитини укангиз олиб кетганлар.
— Эй, қаерга олиб кетади?
— Мен қаердан билай, ҳамма калитлар у кишининг чўнтагида юради.
— Бўлди, бўлди, нервничит қилманг! Унда, акам ҳозир жавонни олиб кетаверсинлар. Дав-даска қилиб, катта мошина олиб келганлар, ахир. Яна овора бўлиб юрмасинлар. Эрта-пертага жавоннинг ичидаги лаш-лушларингизни олиб келиб берадилар.
— Мен бир нима деяпманми? Олиб кетсалар, олиб кетаверсинлар! Ичидаги нарсаларни ҳам ўша кишига бахшида қилдик!
— Пичинг қилманг, келин! Мен бўладиган гапни гапиряпман.
— Мен ҳам тўғрисини айтяпман… Ана, киринглар, жавон керак бўлса, олиб кетаверинглар, қаршилигим йўқ…
Ҳошим ака, Бектурсун ака ва яна икки киши жавонни уйдан ҳовлига олиб чиқиб, савдосини Маликанинг кўз ўнгида пишитишди.
— Келин, қарзларингнинг ярмидан қутилдинглар, — деди Ҳошим ака харидор берган пулни чўнтагига соларкан. — Қулсоат ҳам бу ишимизни маъқуллайди, ана кўрасиз…
Жавонни кўплашиб машинага ортишди. Бектурсун ака букчайган гавдасини тиклаб, белини силаган бўлди.
— Асл ёғочдан ясалганми дейман, — деди у Ҳошим акага қараб. — Оғирлигини қаранг…
— Мен сизга ёмон молни олиб бераманми, Бектурсун ака. Бу жавон ҳали набираю чевараларингизга хизмат қилади.
Машина ўрнидан қўзғаларкан, Ҳошим ака қилган ишидан мамнун қиёфада Маликага тайинлаган бўлди:
— Қулсоатга айтинг, келин, қарзнинг қолганини ҳам тезлаштирсин!
Бу гап молидан ажралган Маликага кўплик қилган эди.
— Ҳошим тоға! Энди қарзнинг қолганини жавонни сотиб олган жўрайиздан оласиз, хайми!..
— Нимага у кишидан оларканман энди?
— Негаки, жавон, жавоннинг ичига яшириниб олган Қулсоат акам ҳам сотилиб кетдилар. Бизлар эса тамоман қарзлардан қутилдик. Ҳи-ҳи-ҳи…
Дарвоза тарақлаб ёпилди. Ҳошим аканинг эса томоғига бир нима тиқилгандек йўтала бошлади.