Навқирон граф Албер де Ренар, ниҳоят, латофатли Жозефинанинг ўз-ўзидан нафратланиш сабабидан воқиф бўлди.
Жозефина ҳақида бундан икки ой муқаддам графнинг ишратпараст дўсти Шарл сўзлаб берганди.
«Дўстим Ги, шу кеча қайси жононнинг қўйнида кайфу сафо қилганимни биласанми?» – дея мамнун керишди у. – Бир нозанинки, бунақаси Париж у ёқда турсин, бутун оламда йўқ, ҳа, ишонавер. Мисоли эндигина очила бошлаган муаттар бир ғунча!»
Граф Албер машҳур ёзувчи Ги де Мопассанга жудаям ўхшаб кетарди. Бунинг устига граф ёзувчига чинакам ихлос қўйган, унинг ҳар бир асарини қўлдан қўймай мутолаа қилиб борувчи самимий мухлисларидан эди. Шу боис бўлса керак, айрим дўстлари ҳазиллашиб уни ёзувчининг номи билан чақирар эдилар. Бу эса графга жудаям ёқиб тушарди, албатта.
Граф дўстининг гапига унчалик эътибор қилмай – у фаҳшона саргузаштларни унча хуш кўрмасди – суюкли адибининг «Ҳаёт» романини берилиб ўқиб ўтирарди.
«Шу китобингни бирпас қўйсанг-чи а, ошна! Мопассанни минг марта ўқигансан-ку, бадинг-га урмадими, ахир?!» – дўстининг гапига эътибор қилмаганидан жиғибийрони чиқди Шарлнинг. – «Ҳай, инсон! Мен сенга Жозефинанинг қандоғлигини гапириб бермоқчиман-а!»
«Сўзлайвер, Шарл, сўзлайвер.Кўзим китобда бўлгани билан қулоғим сенда», – деди осонликча дўстининг чакагини ёпиб бўлмаслигини яхши англаб турган граф енгил хўрсиниб.
«Оҳ, Жозефина! – дея ҳузурбахш тин олди Шарл. – Офатижон қизгина!Эндигина ўн еттига кирган экан-а, билсанг! Шунақанги ийманчоқ ва ҳуркак нозанин эканки, асти қўяверасан. Муродингни ҳосил қилгач, гўзал тиниқ чеҳрасини бирпас қўллари билан беркитганча ўксиб-ўксиб йиғлаб олар экан бечора».
«Ҳа энди янгилардан бўлса, исловатхонага кўниколмаётгандир-да, – дея ўқишдан тўхтамай минғирлаб қўйди граф бепарволик билан. – У ерга тушган ҳамма қизлар ҳам бошида шундай бўлишади: аввал уялишади ва номус қилишади. Аста-секин, вақт ўтиши билан тақдирга тан беришиб, кўникиб кетиб, қарабсанки, бир куни ажойиб фоҳишага айланишади».
«Ҳа, гапинг тўғри, ошна, аммо мен бунақасини авваллари ҳеч учратмаганман-да. «Нега йиғлаяпсан? Бирор жойинг оғрияптими ё сенга қўполлик қилиб, қийнаб қўйдимми?» – дедим сал чўчиб.У бўлса, кўз ёшларини енги билан тезгина артиб, чуқур хўрсинди-да, «Ўзим шунчаки» дея жилмайиб қўйди.
Жозефина ташқарига чиққанида, ёстиғи тагидан унинг кундалигини топиб олдим. Дафтарда ғалати-ғалати гапларни ёзиб ташлабди: «Ўзимни-ўзим ёмон кўриб кетяпман. Ҳар куни шу ифлос ишдан кейин ўзимдан нафратланиб, дунёга сиғмай қоламан. Ҳамма-ҳаммасига ўша сабабчи. Уни қанчалар севар эдим-а! Уни бамисоли покдомон бир фаришта деб ўйлаб юрардим. Кейин билсам, у тамоман бошқача одам бўлиб чиқди! Орзуларимни чил-чил синдирди! Ундан ўч олиш ниятида шу йўлга кириб қолдим. Шу ифлос ишни қилиб, расво бўлдим! Ё раббий! Қандоғ улуғ гуноҳга ботдим-а?! Ўзинг кечир мени?!»
Биласанми, бу гапларни ўқиб, бироз ғалати бўлиб кетдим, дўстим.
Қиз бечоранинг нима учун бундай гапларни ёзганини суриштирсам, эски ярасини янгилаб қўяманми деб истиҳола қилдим.
«Ғалати қиз экан-ку, а?!» – эшитилар-эшитилмас шивирлади кўзлари толиққан граф ўқишдан тўхтаб.
Шарл кетгач, Жозефина графнинг хаёлидан кетмай қолди. У бундайин бебахт, бева-бечораларга бепарво эмас эди.Уларга дилдан ачинар, кези келганда қўлидан келган кўмагини аямас эди.
Граф Жозефинани ҳам иложсиз бебахтлар қаторига киритганди.
Бахтиқаро бечора қиз! У кимни бунчалар покдомон фаришта деб ўйлаб, қаттиқ севиб қолди экан-а?! Севгилиси унга нима ёмонликни раво кўрдийкин-а? Ундан ўч олиш учун шу ифлос ишга қўл урдим деб ўзидан нафратланибди. Ишонтириб алдаб, ташлаб кетдимикин? Ё хиёнат кўчасига кирдимикин? Қизгина ўзидан нафратланибдими, демак, ҳали виждони бор экан-да?!
Мутаассир граф ҳали зикр қилганимиздек, дийдаси юмшоқ, куйинчак инсон бўлгани боис туйғулари эрта хазон бўлган, бироқ виждони уйғоқ бу бахтиқаро қизга ич-ичидан ачиниб кетди. Кимдан, нима учун бунчалар аёвсиз нафратланиши сабабини билишга жуда ҳам қизиқиб қолди. Ўйлай-ўйлай, Жозефина билан танишиб, у билан бироз бўлса-да, суҳбатлашиб кўнглига қўл солиш истаги туғилди графда.
Орадан уч кунлар ўтиб, буни қаранг, кутилмаганда графнинг нияти ўз-ўзидан амалга ошса бўладими?!
Ўша оқшом граф Елисей майдонида айланиб юрганида кетворган бир дўндиқча билан қўлтиқлашиб юрган Шарлга дуч келиб қолди.
– Ана, ана у! – дея айёрона нигоҳ ила секин ишора қилиб графнинг қулоғига шивирлади Шарл четдаги ўриндиқларнинг бирида ёлғизгина хаёл суриб ўтирган, яхшигина кийинган қизгинани кўрсатиб.
– Ким у? – ҳайрон бўлди граф.
– Тунов куни сенга гапириб берганим ўша офатижон Жозефина-да! Нима бало, дарров эсингдан чиқиб кетдими? Мопассанни ўқийвериб, хаёлинг паришон бўлиб қолганми дейман? – ажабланган бўлди Шарл.
– Э, ҳа, бу ўша қизми?
Шарлнинг бетоқат янги хуштори икки ошнанинг гаплашиб олишига изн бермади. «Йигити»нинг енгидан секин тортиб, айни чоғда қаерга шошиб турганларини эсига солди шекилли, Шарл ноилож графдан узр сўраб, дўндиқчаси билан тезда бу ердан жўнаб қолди.
Граф нима қилиш кераклигини бирпас ўйлаб турди-да, сўнг йўлнинг у бетига ўтиб, олти-этти қа-дам беридаги Жозефинага қарама-қарши қўйилган ўриндиққа бориб ўтириб, оёқларини чалиштирганча сигара тутатиб, қизни шу ердан кузата бошлади.
Жозефина тунлари кўпроқ хизмат кўрсатар, ёш ва гўзал бўлгани боис ундан мижоз аримас, исловатхона бекаси бунинг ортидан мўмай пул ишлаб олаётгани учун кундузлари унинг раъйига қараб сал эркин қўярди. Жозефина ғала-ғовур Парижни бир айланиб чиққач, оқшом чўкар маҳали бир соатгина шу ерга келиб дам олиб кетарди. Боя у бу ёққа келишда китоб дўконидан Балзакнинг «Горио ота» романини харид қилганди. Елисей даласининг бир чеккасида эман остидаги ўриндиққа чўкиб, ҳар хил ўйларни бошидан қувиш мақсадида китоб мутолаасига киришганди.
«Бу қизгина ўзини гўё оқсуяк киборлардек одоб-ахлоқли китобсевар қилиб кўрсатмоқчими ё чинданам китоб ўқишга ишқибозмикин?» – дея хаёлидан ўтказди граф.
Ўқишдан кўзи толиқдими ё бироз зерикдими, Жозефина китобни ёпиб, бошини кўтарди. Шунда граф қизнинг қайрилма киприкли шаҳло кўзларида, кулгичли латиф, тиниқ чеҳрасида болаларга хос ҳайрат ва маъсумлик мавжудлигини пайқаб қолди.Граф қизнинг китобни ўзини кўрсатиш учун эмас,чиндан мутолаа қилаётганига инонди. «Наҳотки, шундай маъсума фоҳиша бўлса-я?!» – дея унга ачиниб кўнглидан ўтказди у. Нима мажбур қилдийкин уни шу йўлга киришга? Нафрат! Ўч олмоқ! Кимдан?Ни-ма учун?» Бу мавҳум саволларга жавоб топиш ёш граф учун бошқа юмушлардан кўра муҳимроқ бўлиб қолганди бугун.
У аста ўрнидан туриб, секин одимлаб, бошгинасини экканча тағин мутолаага шўнғиган қиз томон юрди.
– Ёнингизда бирпас ўтирсам майлими, мадмуазел?
Жозефина китобга берилгани боис нотаниш жанобнинг ёнига яқинлашганини сезмай, унинг кутилмаган ижозатидан бир чўчиб тушгандай бўлди. У кўзларини пирпиратганча бир ютиниб олиб:
– Марҳамат, марҳамат, мсе! – деди ўрнидан туриб кетишга чоғланаркан.
– Э-э, ўтиринг-ўтиринг, – дея узрнамо кулимсиради граф. – Халал берганим-чун кечиргайсиз?
– Йўқ-йўқ, узр сўрашнинг ҳожати йўқ, жаноб, – деди Жозефина овози сал титраб графга бошдан-оёқ бир разм ташларкан. Қочиб юрган ёки таъқиб қилиб юрган кишисига тўсатдан дуч келиб қолгандек Жозефинанинг юзи бироз оқаринқираб кетгандай бўлди. «Наҳотки бу ўша бўлса?!» – дея яшин тезлигида хаёлидан ўтказди у. – Йўғ-э, нималар деяпман ўзи? У сал тўлароқ эди. Бу эса озғинроқ, бўйи ҳам бироз узун экан. Фақат унга жудаям ўхшаб кетар экан.
Жозефина графни адиб Мопассанга ўхшатган эди.
– Ижозатингиз билан ўзимни таништирсам, мадмуазел, – деди йигит киборона одат бўйича самимийлик билан, – Граф Албер де Ренар.
«Мадемуазел, – дея ичида маҳзун хўрсиниб шивирлади Жозефина. – Қанийди шундоқ бўлса? Бу жаноб аллақачонлар мадамга айланиб бўлганимни билармикин? Қанийди билмаса!»
– Ижозатлари билан билсак бўладими: мадемуазел қандай китоб ўқияптилар? – дея ним табассум ила сўради граф қизни суҳбатга тортиш мақсадида.
Жозефина китоб муқовасини кўрсатган эди, граф воажаб дегандай қошларини кўтариб:
– О! Оноре де Балзак-ку! – деди ҳайратланган оҳангда. Жозефина унга жавобан ана шунақа дегандай жилмайиб қўйди.
– Нима, сиз жаноб Балзакнинг мухлисларимисиз?
– Жаноб Балзакнинг мухлисалари бўлмасам-да, ёзувчининг уч-тўртта китобини ўқиб чиққанман, – камтарона жавоб қилди Жозефина.
– Ҳа, дуруст-дуруст, – дея бош чайқаб қўйди граф.
Граф Албер гўё дидига мос суҳбатдош топгандек, ўз-ўзидан завқу шавққа тўлиб, Балзак ижоди, асарлари ҳақида мамнуният билан сўзлаб қизнинг оғзини очириб қўймоқчи бўлганди, у гапини энди тугатган ҳамоно билганингиз шуми халос дегандай Жозефина адибнинг «Евгиния Гранде» асарини билимдон адабиётшунослардек шунақанги чиройли таҳлил этиб бердики, сира кутилмаган бундай ажабтовур ҳолдан қайтанга графнинг оғзи очилиб қолаёзди.
Шу пайт уларнинг олдидан пўрим кийинган бир жонон Жозефинага қандайдир имо-ишоралар қилиб ўтиб кетди. Буни граф сезмай қолди. Бу жувон исловатхона бекасининг исковучларидан бўлиб, сайрга чиқиб кетган фоҳишаларнинг қадамини кузатиб, ҳар кеч бекага махфий хабар етказиб турарди.
Бу имо-ишораларнинг маъноси қуйидагича эди: «Пулдорроқ мижоз топган бўлсанг, уни қўлдан чиқарма! Чўнтагида бир мири йўқ мирқуриқлардан бўлса, у билан кўп валақлашмай, тезда ишратхонага бор. У ерда сени бошқа пулдор мижоз кутаяпти».
– Минг бора узр, граф, бир дугонамникига туғилган кунга зиёфатга айтилган эдим, – дея ўрнидан қўзғалди Жозефина кўзларини йигитдан олиб қочиб.
– Майли-майли, ҳеч бир узр сўрайдиган жойи йўқ, хоним. Айтилган жойга, албатта, вақтида бориш лозим, – илтифот қилди граф. – Сиз билан тузукроқ танишмадик ҳам. Исмингизни ҳам айтмадингиз. Шундоқ дилбар қизнинг исмини билмай кетиш мен учун катта муваффақиятсизликдек бир гап.
Ўзига берилган таърифдан ёноқлари бироз қизарган қизгина овози сал титраб, уялганнамо оҳангда исмини айтди.
– Жозефинами?! О, нақадар чиройли исм! Жисминггизга жудаям мос экан! – иқрор бўлди граф.
– Ташаккур, миннатдорман, жаноб, – енгил таъзим қилди Жозефина.
– Сиз билан эртага кўришармиканмиз? – деди граф умидвор оҳангда.
– Балким, насиб қилса, учрашармиз, – синиқ жилмайди қиз.
– Биласизми, эртага худди шу вақтда мен сизни шу жойда кутаман, Жозефина, – Келасиз-а?
Жозефина хўп дегандай кулимсираб, граф билан хайрлашди.
Яқин келажакда яхшигина адабиётшунос ёки муаллима бўлиши мумкин бўлган, баъзи оқсуяк нозик хонимчаларга қараганда теран фикрли, фасоҳатли қизнинг манфур фоҳишахонага тушиб, ёш умрини ифлос тўшакда хазон этаётганининг боиси нимада эканлиги графни қаттиқ ўйлантириб, диққатини ошириб қўйган эди.
Жозефина исловатхонага қайтгач, овқатланди-да, кетидан пайдар-пай икки қадаҳ май сипқорди. Бирпасдан сўнг ширакайф ҳолда ўзини тунги мижози оғушига топширар экан, кўзларини чирт юмганча унинг ўрнида граф Алберни тасаввур қилди… Мижози туриб кетгач эса ҳар кунгидек ўзидан нафратланиб, аччиқ-аччиқ йиғлади.
Граф Албер бугун оқшом Парижнинг таниқли аслзодаларидан бириникига балга таклиф этилган эди. У ерда таниш-билишлар билан кўнгил қонганча чақ-чақлашиб,пайдар-пай шампан ичишиб, роса маза қилишди. Нафис либосларда гул-гул ёниб турган нозик бадан хонимчалар билан рақсга тушавериб, Жозефинани ҳам, у билан бўлган бугунги учрашувни ҳам унутаёзди.Балдан кейин дўстлари уни каретада уйига элтиб қўяётганларида йўлда кўзлари юмила-юмила мудраб келди. Графнинг яхши хислати: ичса, бошқаларга ўхшаб эзмалик ёки тўполон қилмас, дарров ухлаб қоларди.Уйга кўп ичиб, кеч қайтгани боисми, эртасига тушга довур донг қотиб ухлади.
Жозефина йиғлаб ғуссага ботганлиги учун боши оғриб, то тунги соат учгача кўзига уйқу илинмади. Уйқу дори ичганди, бошининг оғриғи босилиб, қизариб толиққан кўзлари пинакка кетди. У ҳам худди граф цингари то пешингача донг қотиб ухлади.
Эртасига кеч соат бешларда Жозефина юраккинасини ҳовучлаганча Елисей майдонига етиб келса граф Албер ўз ваъдасида туриб, кечаги жойга ундан сал олдинрок келиб, «Франтсуз ҳаёти»нинг янги сонини ўқиб ўтирган экан.
Жозефина ўзининг нима иш билан шуғулланишини графдан қатъий сир тутишга аҳд қилганди. Граф ҳам ўзини соддаликка олиб, унинг ким эканлигини, то кўнглига қўл солиб, сирларидан тўлиқ воқиф бўлмагунча юзига солмасликка қарор қилди.
Самимий кўришувдан сўнг суҳбат бугун ҳам адабиёт ва санъат хусусида кечди.
Граф Жозефинани ресторанга тамадди қилишга таклиф этди. У ерда ҳам яхшигина суҳбатлашиб ўтиришди.
Шундан кейин улар ҳар куни бўлмаса-да, кун ора учрашиб турадиган бўлиб қолишди. Кун ўтиб, бир-бирларига нисбатан аста-секин илиқлик ва меҳр уйғона борди.Икки ойлик учрашув-у, суҳбатлар дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, ўзлари кутмаган ҳолда бир-бирларига кўнгил қўйишларига сабаб бўлди. Айниқса, граф қизнинг фоҳишалигини ҳам тамоман унутгандек, унга қаттиқ боғланиб қолганди.
Бир гал граф уйингиз қаерда деганида, эртасига Жозефина уни беш ой муқаддам вафот этган холасининг кимсасиз уйига бошлаб борди.
У қишлоқдан келганида, бир йилдан сал ошиқ муддат бева холасиникида яшаган эди. Бола-чақаси бўлмагани-чун холаси вафотидан сал олдин уй-жойи ва мол-мулкини жияни Жозефинага мерос қилиб қолдирганди. Жозефина ишратхонада истиқомат қилса-да, кун аро уйдан хабар олиб турар, оқсоч ёллаб, уйни одам яшайдигандек қилиб қўйганди. Ҳамма ёқ чиннидек ярқираб турган саранжом-саришта бу хонадон Жозефинага тегишли эканлигига граф бироз шубҳа ҳам қилди. Ичкари хонадаги уч жавондан иборат кутубхона графнинг гумонини тарқатгандай бўлди. У ерда Гюго дейсизми, Флобер дейсизми, Балзак дейсизми, Дюма дейсизми, Стендал дейсизми, Золя дейсизми яна қанча таниқли ва машҳур франтсуз адибларининг том-том китоблари дид ила терилган эди. Фақат негадир у жойда Мопассаннинг асарлари йўқ эди холос. Шуниси графни сал ажаблантиргандай бўлди. Шу тўғрида сўраганди, Жозефина уч-тўртта китоби бор эди, бир дугонам ўқийман деганида бериб юборгандим дея истамай жавоб қилди.
Шу кеч улар қаҳва ичишиб, аввалгидек ширин суҳбат қилишди. Кетар чоғи граф қизни эртага шаҳар ташқарисидаги қасрмонанд уйига боришга кўндирди.
Эртасига эрталаб, ҳали Жозефина ширин тушлар кўриб ётган маҳал граф исловатхона бекаси ҳузурида бўлиб, қизгинанинг бир кечалик ҳақини икки баробар қилиб тўлаб, бу кеча у меникида бўлади, менинг келиб-кетганимни у билмасин дея тайинлади. У дилбар Жозефинанинг висолини жуда ҳам қўмсаган эди! Оқшомги сайр ва ресторандаги кайфу сафодан сўнг сархуш Жозефинани каретага ўтқазиб, уйига олиб кетди. Граф уни баланд зинапояли сароймонанд муҳташам уйига не сабабдан кечқурун етаклаб келганини Жозефина сархуш бўлса-да, яхши фаҳмлаб турарди.
Кенг ва ёруғ меҳмонхонага киришгач,граф Албер Жозефинанинг етти ухлаб тушига кирмаган ва бутун умр ёдидан чиқмайдиган нозик юмушни адо этиб, қизни ҳайрон-у лол қолдираёзди.
– Биласизми, Жозефина, энди шу оқшом иқрор бўлишга мажбурман: сизни жуда-жуда ҳам яхши кўриб қолганман! – деди у эҳтирос ила чақнаган кўзлари умидвор боққанча. – Сиз ким ва қандай қиз бўлишингиздан қатъий назар, – у фоҳиша бўлишингиздан қатъий назар дейишга тили бормади, – мен учун фариштадек покдомонсиз, азизам!
Ҳали зикр қилганимиздек, Жозефинанинг ҳам графга кўнгли бор эди. Аммо бир ёмон ҳис – графдек олижаноб инсонни севишга арзирмикинман, ҳаққим бормикин бунга, деган истиҳола шу кунгача нозик кўнглининг бир четини аёвсиз кемириб ётар эди.
Энди эса, ҳеч хаёлига келмаган мискин, ғариб кўнгилни ўртаб юборгувчи ишқ изҳоридан сўнг Жозефина графни бурунгидан юз чандон яхши кўриб кетди! У графнинг кўксига бош қўйганча кўзларидан севинч ёшлари тирқираб йигитнинг бўйнидан маҳкам қучиб олди.
– Оҳ, Албергинам! Мен ҳам,мен ҳам сизни жонимдан ортиқ кўраман, ҳа! Аммо сиз мени билмайсиз.Сизнинг пок севгингизга арзирмикинман, деб қўрқаман!
– Нега арзимас экансиз, арзиганда қандоқ, – деди ишонч билан унга жавобан граф. – Ўтган ишга саловат…
– Ростданми, унда шу тундан эътиборан, сизникиман, жоним! – дея графнинг бўйнидан ўпди Жозефина.
Навқирон жононнинг қайноқ қучоғида вужуди жунбушга келган граф энтиккан кўйи уни даст кўтариб, ётоқхонага шаҳдам одим ташлади…
– Тонг саҳардан нималарни мутолаа қилаяптилар, жанобим? – дея эркакларнинг юрагини ўйнатиб юборадиган нозли карашма билан оппоқ билакларини графнинг елкаларига ташлади Жозефина.
Граф мармардек силлиқ билаклардан енгил ўпиб қўйиб, масрур жилмайганча ўқиб турган китоби муқовасини Жозефинага кўрсатди ва:
– Дунёдаги энг севимли ёзувчим! – деди энтикиш ила. – Барча ёзганларини битта қўймай ўқиб чиққанман. Соғиниб, тағин қайта ўқияпман.
Граф Жозефина билан энди танишиб, учрашиб юрган кезларида бир-икки гал шу китоб муаллифи ҳақида сўз очиб, оғзидан бол томиб гапира бошлаганда, шу мавзу ёқмайми, қизгина унинг гапини бўлиб, суҳбатни бошқа ёққа буриб юборганди.
Жозефина қизғиш муқовали китобни қўлига оларкан, гўё нохуш хабар эшитгандай афти бужмайиб бояги шўхчан кайфиятидан асар ҳам қолмай, аъзои бадани титраб кетди. Кутилмаганда мафтункор шаҳло кўзларидан икки томчи қайноқ ёш тирқираб чиқиб, қизғиш ёноқларига аста қуйилди. Бу ҳолдан ажабланган граф:
– Рангингиз намунча оқариб кетди? Тинчликми ўзи? – дея сўради бироз хавотирланиб.
Жозефина графнинг саволини жавобсиз қолдириб, ёноғидаги ёшни халати енги билан артди ва ўнг қўлидаги ҳалиги китобни каминда паст ёниб турган олов устига индамай, совуққонлик ила отиб юборди!
– Э, э, эсингиз жойидами ўзи?! – дея ҳовлиқиб ўрнидан туриб, энди четларига олов туташган китобни чаққонлик билан каминдан олди граф.
– Ёмон кўраман уни! – деди Жозефина аламли паст товушда. – Аблаҳ одам у!
Ялтироқ, силлиқ муқова четидаги чўғни пуфлаб ўчираётган граф одам ҳавас қиларли даражадаги шундоқ мулойим табиатли зебо санамнинг хаёлга келмаган қалтис ҳаракати-ю, ҳозиргина оғзидан чиққан нафратомуз ғалати гапларига тушунмай анграйганча унга тикилиб қолди.
Лаҳзада ёш хонимнинг латиф чеҳрасида алам ва нафрат ифодаси қалқиди.
Жозефина ғунча мисол чиройли лабларининг четлари пирпираганча, ҳансираш-у ҳаяжон ила ётоқхона сари югурди. Э, муни нима жин урдийкин деган хавотирда граф унинг ортидан кирди.
Жозефина момиқ тўшакка узала тушганча юзларини ёстиққа босиб, елкалари силкинганча ўксиб-ўксиб йиғлаб ётарди. Граф унинг билакларидан ушлаб секин тортди-да,ўзига қаратди. Ёш хонимнинг юзлари сув билан ювилгандек ҳўл бўлиб кетганди. Жозефина шу тобда бир меҳрибон таскин-тасаллига муҳтождек, графнинг бўйнидан қаттиқ қучоқлаганча баттар ҳўнграб юборди.
– Жозефина, жонгинам, қани, бўлди энди, ўзингни бос-чи, – деди граф юпатувчи оҳангда, ҳалиям ҳеч нарсага ақли етмай.
Жозефина бир зумдан сўнг йиғидан тўхтаб, кўксидаги бор-йўқ барча алам-у армонларини чиқариб юборгудек энтикиб чуқур хўрсиниб юборди. Кейин графнинг бўйнидан қўлларини олиб, кўзларига термилганча:
– Мен уни қанчалар яхши кўрганимни билсангиз эди?! – деди лаблари пирпираб. – Уни фариштадек покдомон бир инсон деб эъзозлаб юрардим.Кейин билсам, у ўйлаганимдек эмас экан. Мен эҳтирос-у ҳою ҳавасга берилиб, қаттиқ янглишибман. У тамоман бошқача одам бўлиб чиқди.
Ундан ўч олиш-чун гулдай ёшлигим-у, бокиралигимни поймол қилиб қўйдим! Ё парвардигор, ўзинг кечир мени?! Қандоқ улуғ гуноҳга ботганман-а !
Граф ҳалиям Жозефинанинг гапларига тушунолмай ўйланиб турарди.
– Сиз унга жудаям ўхшаб кетасиз, азизим Албер! Билсангиз: унга ўхшаб кетганингиз-чун меҳр қўйганим йўқ, сизга, – дея ютиниб гапини давом этди Жозефина. – Яхши одам бўлганингиз-чун, юрагингиз болаларникидек беғубор, самимий, меҳрибон бўлганингиз-чун сизни ёқтириб қолганман, рост. Ё гапларимга ишонмайсизми?
– Нега ишонмас эканман, жоним! – дея Жозефинанинг тўзғиган сочларини силади граф унга таскин бера туриб.
Албер графиндаги сувдан қадаҳга яримлатиб қуйди-да, ма, ичиб ол, ўзингга келасан, ҳовуринг босилади дегандай имо билан биллур идишни хонимга узатди. Жозефина чанқоқ кишидек сувни қултиллатиб энтика-энтика ичиб юборди.
– Сени мундай ўч олишга мажбур қилган одам ким ўзи, билсам бўладими? – сўради граф қизиқиши ортиб мулойимлик билан.
Жозефина ҳали ҳам фаҳмламадингми деган маънода графга маҳзун нигоҳ ташлади-да:
– Боя мен оловга ташлаган китоб муаллифи-да! – деди ғамгин овозда.
– Ги де Мопассан-а?! – ҳайратдан ёқа ушлагудек ҳолатда ўрнидан туриб кетди граф.
Ҳа ўша сенинг севимли ёзувчинг деган имо билан гўё айбдордек бошгинасини эгди Жозефина.
Сал туриб, яна бир марта энтикиш аралаш чуқур хўрсиниб олди-да, бир йил бурун айни кўклам кезларида бошидан ўтган аянчли савдони қимтина-қимтина сўзлай кетди.
…Жозефина кўнгли беғубор қишлоқ муаллимининг соддагина гўзал қизи эди. Дадаси франтсуз тили ва адабиётидан дарс берар эди.
У онасини унчалик яхши эслай олмасди. У уч яшарлик чоғида онаси бевақт дунёдан ўтганди.
Аёлига чинакам вафодор бўлган отаси бошқа хотинга уйланмай, қизини бировга бермай ўзи катта қилди. Мактабда ҳам ўзи ўқитиб, бадиий адабиётга ҳам ўзи меҳр уйғотди. Жозефина мактаб давридаёқ кўзга кўринган барча франтсуз адибларининг асарларини битта қўймай ўқиб чиқди.Айниқса, шуларга замондош бўлган Ги де Мопассаннинг ёзганларини қизгина жуда ҳам яхши кўрар, уларни қайта-қайта ўқийвериб, ёзувчига ғойибона меҳри тушиб қолган эди.
У ўн бешга кирган чоғида сил касаллиги авж олган отаси вафот этиб, қизини мусибат гирдобига ташлаб кетди. Бу айрилиқ Жозефинага қаттиқ таъсир қилиб, уни одамови қилиб қўйди. Уззу кун кўчага чиқмас, ғамгин хаёлларга берилганча дадасининг китоблар билан лиқ тўла хонасида ўтиргани-ўтирган эди. Дунёда китобдан яхшироқ дўст экан аслида. Айрилиқ ва ёлғизлик азобларини китоб мутолааси билан енгди у. Айниқса, Мопассан асарлари унга таскин -тасалли бериб, унда ҳаётга қайта муҳаббат ато қилгандай бўлди.
Бир йил ўтгач, Жозефина отасидан қолган китобларни икки катта қутига жойлаб, бефарзанд бева холасини қора тортиб, Парижга келиб қолди. Тикувчиликдан кун кўрадиган кекса холасига юк бўлмаслик учун тўқимачилик фабрикасига ишга кирди.
Бир куни ишдан кейин тсех бошлиғи жаноб Ранбалнинг китоб дўконидан Мопассаннинг янги китобини харид қилаётганини кўриб қолди. Ўша куни Жозефина ҳам маош олганди. У ҳам китоб сотиб олмоқчи бўлиб дўконга кирганди. «Ие, сиз ҳам мсе Мопассаннинг мухлисларимисиз?» – дея сўради Жозефина чеҳраси ёришиб. Жаноб Ранбал, ҳа, тўғри топдингиз дегандай жилмайиб жавоб қилгач, Жозефина уни ўзига яқин олгандай, йўл-йўлакай раҳбари билан Мопассан асарлари ҳақида берилиб суҳбатлашиб кетди. Жаноб Ранбал Жозефинанинг Мопассан асарлари ҳақида худди адабиётшунослардек тўлқинланиб сўзлашидан ҳайратланиб, мен ўзимни унинг мухлисиман деб юрсам, бу қишлоқи қизча мендан ўн чандон кучли мухлис экан-ку унга дея тан олди ичида.
– Қанийди, жаноб Мопассанни бир мартагина кўрсам! Китобларидан олган таассуротларимни ўз-ларига айтсам, армоним қолмасди! – дея орзиқиш билан энтикиб қўйди Жозефина суҳбат охирида.
Жаноб Ранбалнинг мактабдош ўртоқларидан бири – журналист Монтен Мопассаннинг яқин ошнаси эди. У Мопассан ҳақидаги турли гап-сўзларни шу Монтендан эшитиб қоларди. «Мопассанни ишчилар билан учрашувга таклиф қилсаммикин?» – деб ўйлади у Жозефина билан хайрлашиб уйига қайтар экан. «Шунда ҳалиги қишлоқи қизгинанинг орзу-армонлари ушалишига ёрдамлашган бўлармидим?» Монтенга бир оғиз айтса бас, келаси ой қай йўл билан бўлса ҳам ёзувчини фабрикага эргаштириб келиши тайин. Аслида ёзувчини учрашувга таклиф қилишдан осони йўқ. Бироқ, минг афсуслар бўлсинким, бу учрашувга ишчи қизлар ҳали тайёр эмас-да. Уларнинг тўқсон фоизи Мопассан у ёқда турсин, оддий бошқа бир китобни қўлларига ушлаб кўришмаган ахир! Бундай оми, саводсиз жамоа орасида машҳур ёзувчи билан учрашув ўтказмоқликнинг ўзи гумроҳлик эмасми? Нима қилиш керак энди? Бу мушкул юмушда унга фақат Жозефина кўмаклашиши мумкин. Қизларни учрашувга у тайёрлайди. Эртасига жаноб Ранбал бу фикрни Жозефинага ай
тганди, қизгинанинг ҳайратдан оғзи очилиб қолаёзди. У суюкли адиби билан бўладиган учрашувга жон-жон деб қизларни тайёрлашга рози бўлди. Индинига у уйидан ёзувчининг ўн бешта китобини фабрикага олиб келиб, қизларга тарқатиб чиқди.
Шу баҳонада қизлар ҳам ҳали ўзларига нотаниш бўлган Мопассан асарларидан баҳраманд бўлишиб, дугоналаридан жудаям мамнун бўлдилар. Жозефина тушлик ва ишдан қайтар пайтлари ўқиган асарлари бўйича олган таассуротлари ҳақида қизлар билан тинимсиз суҳбатлар ўтказиб, уларни учрашувга пухта тайёрлаб борар эди. Бироқ, минг таассуфлар бўлсинким, жаноб Мопассан бир ойдан кейин ҳам, икки ойдан кейин ҳам, уч ойдан кейин ҳам баъзан ижодий иш билан қаттиқ машғул бўлиб, баъзан чет элларга саёҳатга кетиб интикиб кутилган бу адабий кечага келолмади. Ҳа, энди келмаса керак деб, Жозефинанинг ҳам, қизларнинг ҳам ҳафсалари пир бўлишиб, ўқиш-у, китоб ҳақидаги суҳбатларни йиғиштириб, ўзларининг кунлик ташвишлари билан андармон бўлишиб, ёзувчини ҳам, унинг асарларини ҳам бир муддат эсларидан чиқазишди. Аммо жаноб Ранбал бўш кетмади. Монтенникига қатнайвериб, уни безор қилишдан чарчамади. Ёзувчининг қачон бўш бўлишини эринмай кутаверди, кутаверди. Нақ олти ой деганда, ишчи қизлар
га Мопассан билан учрашиш насиб қилди! Бу хушхабарни эшитган Жозефина гўё узоқ кутган суюкли ёри келаётган интизор ошиқдай ухламай, юраги орзиқиб, ёзувчининг китобларини тағин бир карра кўздан кечириб чиқди.
Мопассан эртасига соат тўртларга яқин бир-иккита ёзувчи дўстлари билан – буларнинг ичида Монтен ҳам бор эди – тўқимачилик фабрикасига қизлар билан учрашувга келди.
Юраккинаси дукиллаб, кўзлари жовдираб турган Жозефина биринчи қатордан жой олган эди.
У икки соатлик учрашув давомида ёзувчидан кўз узмай ўтирди.У ёзувчи билан юзма-юз бўлганда бир неча саволлар беришни кўнглига тугиб қўйганди. Аммо Мопассанга кўзи тушиши билан тили гўё танглайига ёпишиб қолгандек, ёзувчининг ўткир нигоҳи гўё уни сеҳрлаб қўйгандек, ҳаяжон оғушида бир оғиз ҳам гапиролмади. Жозефина индамай ўтиргани билан қизлар жим ўтиришмади. Худди у беш ой бурун ўргатгандек қилиб, ёзувчига асарлари ҳақида бурро-бурро саволлар ёғдиришди. Кеча охирида Сюзанна деган шаддодроқ бир қиз: «Хотинингиз чиройли ва бахтли аёл бўлсалар керак, а?» – деб савол берса бўладими?! Бу антиқа саволдан залда ўтирган қизлар ҳам, ёзувчининг ҳамроҳлари ҳам кулиб юборишди. Мопассан эса худди гуноҳкордек хижолатомуз жилмайиб қўйди. Жозефена қани у хотини ҳақида нималар деркин дея нафасини ичига ютганча вужуди қулоққа айланиб, бетоқат кутар эди. Мопассан жавоб беришга шошмай, ёш йигитчалар цингари уялинқираб ерга қарар эди. Унинг ўрнида Монтен: «Сизнин
г севимли адибингиз сўққабош, у бўйдоқлар сафидадир. Сизларга ўхшаган китобсевар, қувноқ ва чиройли қизлар учраб қолса, уни, албатта, яна уйлантириб қўямиз деган ниятдамиз», – дея ҳазил аралаш кулиб жавоб қилди.
Нима-нима? Шундоқ машҳур ёзувчи Мопассан ҳалигача сўққабош, бўйдоқ бўлса-я?!
Жозефина қулоқларига ишонгиси келмас эди. «Наҳотки, наҳотки шу гаплар рост бўлса-я», – дея шивирларди ичида у.
Жаноб Монтен учрашувга якун ясар экан: «Ушбу ажойиб, қизиқарли кечани ташкиллаштиришда беқиёс жонбозлик кўрсатган Жозефина қизимизга чин юракдан қизғин миннатдорчилик билдирамиз», – деганида Жозефинанинг юраги ҳапқириб кетди. Монтенга Жозефина ҳақида жаноб Ранбал гапириб берганди.
Залда гулдурос қарсаклар янграган пайтда Мопассан қизлар тақдим этган гулдасталар ичидан қип-қизил чиройлисини танлаб олиб, саҳнадан тушган заҳоти ним табассум билан Жозефинага пешвоз чиқиб, гулларни эҳтиром ила унга узатди. Бундай ажиб ҳолдан Жозефинанинг оғзи очилиб қолаёзди. Кимсан Мопассандек машҳур адиб шунча қизнинг ичидан келиб-келиб унга гул берса-я! Бундан-да ҳаяжонли ва ҳайратланарли ҳодиса бормикан ўзи бу дунёда?!
Қувончи дунёга сиғмаган Жозефина шу куни уйига гўё оёғи тегмай учиб келгандай бўлди. Алламаҳалга довур уйқуси келмай, Мопассаннинг китобларини варақлаб, биринчи саҳифадаги ёзувчининг суратига кўзлари қувнаганча термилиб ўтирди. Енгил хўрсинганча тўшакка чўзиларкан, ёзувчининг ўзига гул тақдим этганини масрур ҳолда кўз олдига келтириб, кўнгилгинаси орзиқиб кетди. Шу кундан эътиборан, Мопассан унинг хаёлидан сира кетмай қолди. Қиз ёзувчини қаттиқ севиб қолган эди! Усиз кейинги ҳаётини тасаввур қилолмасди. Қиз ёзувчининг ёлғиз яшашини эшитгандан бери оромини йўқотган эди. Агар Мопассан истаса, унга бир умрлик садоқатли ёр бўлиб, ҳаётига файзу шукуҳ олиб киришни орзу қиларди. У эртасигаёқ ёзувчининг ҳузурига бориб, қиз болага номуносиб бўлса-да, унга дилидагини изҳор қилишга тайёр эди. Аммо аллақачонлар урфдан қолган шу эскигина уст-бош билан Мопассанга рўбарў бўлишга ор қиларди. Оқсуяк киборлар сулоласига мансуб ёзувчи уни шу туришда кўриб, худди
эслолмаётгандек: «Бу ким ўзи, ҳалиги фабрикада ишлайдиган қизми?» – дея писанд қилмай қарши олишидан қаттиқ чўчирди.
Мопассаннинг эътиборини тортиш учун кўзни яшнатувчи бежирим либослар кийиб, графинялардек мафтункор бўлиши лозимлигини Жозефина яхши тушуниб турарди, албатта.
Парижнинг сўнгги модасидаги қимматбаҳо гўзал либосларни бир мартагина кийиш қашшоқ ишчи қизларнинг бир умрлик ушалмас орзулари эди ўшанда! Шўрлик қиз-жувонлар орзу қилар эдилар-у, аммо шу орзуларига етиш учун интилиб ҳаракат қилмас эдилар. Шул боис ушалмаган орзулари бора-бора аччиқ армонга айланиб, дилларида тугун бўлиб қолар эди. Бироқ Жозефина э, ҳаёт шунақа экан-да дея хўрсиниб, қашшоқлик ва иложсизликка тез кўникиб кетувчи қизлар тоифасидан эмасди. У орзу- истаклари бекаму кўст ушалишига катта умид билан қаровчи ва бу йўлда қатъий интилувчи қизлардан эди.
У Парижга келганида, ишдан сўнг ҳар кеч вақтини нуқул китобга термилиб ўтказмай, кекса тикувчи холасидан олти-этти ойнинг ичида бичиш-тикиш сирларини қунт билан бинойидек ўрганиб олганди. Шу ҳунари бугун унинг орзулари амалга ошишида асқотиб қолди. У фабрикадан оладиган маошини йиғишга киришди. Ишдан ташқари тикувчилик меҳнатидан топганлари кичкина рўзғорни бир амаллаб тебратишга етиб турар эди.
Ниҳоят, саккиз ой деганда тинимсиз заҳматлар ўз поёнига етиб, орзу қилинган кўркам либослар учун мўлжалланган пул йиғилди! Шу либосларни мато олиб ўзи тикса ҳам бўларди-ку дерсиз. Қизгина графинялар киядиган гўзал кўйлакларни тикадиган моҳир тикувчи бўлиб етишмаганди-да ҳали. Шул боис уларни дўкондан ҳарид қилишга мажбур эди бечора қиз. Жозефинанинг кўзлари қувнаб либос ҳарид қилаётгандаги қувончини бир кўрсангиз эди: «О! Келажакда ўзини нималар кутаётганидан бехабар, маъсум кўнгли ҳисларга тўлиб-тошган бечора заҳматкаш қиз!» – дермидингиз. Бу унинг ҳаётидаги энг бахтли кунлардан эди-да,ахир! Йўқ,йўқ, нималар деяпмиз ўзи? Орзиқиб, интиқиб кутилаётган энг олий бахт ҳали олдинда-ку! Мопассаннинг муҳаббатини қозониб, унинг ғариб ҳаётига нур олиб кириб, хаёлидаги фариштасифат инсоннинг кўнглини олиб хурсанд қилолсагина, ана ўшандагина энг катта бахтга эришган ҳисоблайди ўзини у.
Уйга келиб, кўзни яшнатувчи оҳанжама бежирим либосларни кийиб, бошига шляпа қўндириб, ойнага қаради-ю, ўзини танимай қолди! Кўзгудан ҳусну жамолининг тенги йўқ, кўзлари чақнаган, латофатли, мафтункор бир графиня термилиб турарди! «Наҳотки шу ўзим бўлсам-а?!» дея юраккинаси дукиллаб кетди.
Мана энди жаноб Мопассаннинг ҳузурларига боришнинг фурсати етган эди!
Жудаям ажойиб туш кўрди у шу кеча. Қордек оппок кўйлаги устидан яп-янги чиройли фрак кийиб олган ёзувчи уни дарвоза олдида бир қучоқ ранго-ранг гуллар билан кўзлари чақнаганча интизорлик ила кутиб турганмиш… Жозефина мана мен келдим дегандай, уялинқираш ила жилмайиб унга яқинлашганмиш…
Ширин туш таъсирида қалби қувончга тўлиб уйғонган Жозефина юз-қўлини совуқ сувга ювиб, нонушта ҳам қилмай, тезгина кийинди-да, биринчи учраган кебга ўтириб, ёзувчининг шаҳар ташқарисидаги уйига қараб жўнади. Мопассаннинг яшаш манзилини жаноб Ранбалдан сўраб билган эди у.
Хўш, ёш қизгина номдор адибга қай йўсин рўбарў бўларкин-а? Унга нималар деб арзи ҳол этаркин-а? Жозефина ёзувчига айтадиган гапларини бир неча кун илгари кўнглида пишитиб қўйган эди.
«Мана, ўн йилдирки, мен сизнинг чин мухлисингизман. Ҳамма ёзганларингизни битта қўймай қайта-қайта, ҳатто ўн-ўн беш мартадан ўқиб чиққанман ва ҳозир ҳам ҳар куни уйқуга ётиш олдидан битта ҳикоянгизни ўқиб, кейин ухлайман. Мен сизнинг уйингизга хизматингизни қилгани келдим», – дейди у сал ўнғайсизланиб. «Оқсочим бор, бекорга овора бў-либсиз-да, хоним», – дейди унга жавобан Мопассан сўнгги модада кийинган бундай сулув қизнинг оқсочлик қилмоқчи бўлганидан сал ажабланиб. Шу тобда ёзувчининг кўнглидан ўтганини яхши фаҳмлаган Жозефина бир ютиниб олади-да: «Менинг мундай кийиниб олганимдан графинялардан деб ўйладингиз чоғи, жаноб. Йўқ, мен аслзода зодагонлардан эмас, оддий қишлоқ ўқитувчисининг қизиман. Фабрикада оддий ишчи бўлиб ишлайман. Эслайсизми, тўқувчилар фабрикасидаги учрашувни? Кеча охирида сиз менга қизил гул тақдим этгандингиз!
Бу ерга келишимнинг асосий сабаби: бу гапни қиз бола нотаниш одамнинг олдида айтиш қанчалик одобсизлик бўлса-да, мени тўғри тушунасиз деган ниятдаман, мен сизга бир умрлик тан маҳрам бўлиб, чўрилик қилмоқчиман! Мен сизни жудаям-жудаям яхши кўриб қолганман! Истасангиз ҳозироқ ўзимни сизга бағишлашга тайёрман, жаноб…»
Бечора Жозефина бу гапларни уятдан юзлари ловуллаб, кўзларини адибдан олиб қочганча ерга қараб айтади. Ёзувчи соддадил қизнинг эҳтиросли кўнгил изҳорига дарров ишонади ва уни бағрига босиб оғир хўрсиниш ила: «Азизам, бечорагинам, қаёқларда эдинг, шу пайтгача? Сени қанчалар кутганимни билсанг эдинг?! Сенинг мана шундай кутилмаганда, бир кун эмас бир кун албатта келишингни кўнглим сезиб юрар эди. Файзсиз ҳаётимга чўри, оқсоч бўлиб эмас, йўқ-йўқ, тенгсиз малика-ю, малак бўлиб кириб, уни нурафшон эт!» – дея эҳтиросли хитоб қилади. Изтиробли дил изҳоридан кўзлари жиққа ёшга тўлган Жозефина Мопассаннинг бағрига отилади.Икки қайноқ қалб эртаклардагидек барча алам-у изтиробларни унутишиб, муродлари ҳосил бўлганча саодатли ҳаётга қадам қўядилар…
Кебмен уни шундоқ ёзувчининг дарвозаси олдида тушириб кетди. Жозефина нафасини сал ростлаб олиб,аммо юраги ҳали ҳам қушчадек питирлаганча эшик қўнғироқчасининг арқончасини икки марта тортди.
Бирпасдан кейин ичкаридан сариқ жингалак сочли, мовий кўз,чўзиқ юзли бўйчан бир йигит чиқиб, эшикни очди.Жозефинага бошдан оёқ бир кўз югуртириб олди-да: «Хўш, хизмат, сизга ким керак?» – дегандай қошларини кўтариб имо қилди.
– Кечирасиз, жаноб, эрталабдан ҳаловатингизни буздим, – деди узрона оҳангда Жозефина. – Мен мсе Мопассанни излаб келувдим. У кишининг уйларини адаштириб юбордим шекилли?
– Адашмай, тўғри топиб келибсиз, мадмуазел, ҳа бу мсе Мопассаннинг уйлари, – дея қўлларини кўксига чалиштирганча эшик кесакисига суяниб илжайди йигит.
Бу жавобдан Жозефина қониқиш ҳосил этиб, юзлари янада ёришиб, лабларида ним табассум жилва қилди.
– Мсе Мопассанда жудаям зарур ишим бор эди-да, икки дақиқага чақириб қўёлмайсизми? – дея овози сал титраб ўтинди қиз.
– Мухлислариданмисиз дейман-а? – дея иягини силаб, унга зинокорона нигоҳ юритди йигит.
– Ҳа, тўғри топдингиз, жаноб, чинданам у кишининг мухлислариман, – дея қизаринди Жозефина.
– Ёзувчи жанобларида қандай гапингиз бор эди, яхши қиз?Биз ҳам билсак бўладими? Ўта муҳим сирлар эмасми ишқилиб?
Жозефина уялинқираб бошгинасини эгганча:
– Бир нозик гапим бор эди-да.Уни сизга айтиб бўлмайди-да. Фақат у кишига тааллуқли гаплар-да, – дея жавоб қилди.
– Демак, қулоққа айтиладиган гаплар денг? – айёрона бошини сарак-сарак қилди йигит. – Менга қаранг, мабодо, Мопассанга ғойибона ошиқ бўлиб қолганингиз йўқми, ишқилиб?
Жозефина бу қалтис саволга жавоб беролмай, юзлари бадтар қизарганча ер чизиб қолди. Ишратпараст, айёр йигит қизнинг бу ҳолатидан унинг ўта содда ва ишонувчан эканлигини дарров пайқади.
– Мсе уйда бўлсалар, чақириб берсангиз, илтимос! – дея кўзлари жовдираганча тоқатсизланди қиз.
Йигит ёзувчи уйда йўқлар, бошқа пайт келинг деб юборса ҳам булар эди-ю,бироқ у бу гал бундай қилмади.Шундай офатижон, соддадил қизнинг қалбида ёзувчига нисбатан салгина нафрат уйғотмоқчи бўлди.Синалган шу йўлни тутса, қизни тезда кўлга киритиш осон кечишини бу ишратбоз олчоқ яхши билар эди.
– Ги сиз хаёл қилганчалик покдомон фариштасифат эмас-да, – деди у бу гапни айтганидан гўё хижолат чекаётганидек у ёқ-бу ёққа аланглаб. – У аёлларга муккасидан кетган гуноҳкор бир банда-да, ахир, хоним.
– А? Нима дедингиз? – хаёли бошидан учганча чимирилиб сўради Жозефина.
– Хўп, майли, гапни чўзиб нима қилдим, сизга тўғрисини айта қолай бўлмаса, – деди йигит хотиржам ишонтирувчи оҳангда. – Сиз ғойибона кўнгил қўйган мсе Мопассан ўйнаши Эртет билан кеча кечқурун кўнгил ёзгани каёққадир кетган эди. Ким билади дейсиз, у Эртетнинг иссиқ қучоғидан уйғондими, йўқми ҳали?
Сира хаёлига келмаган бу аёвсиз совуқ ҳақиқат Жозефинанинг бошига гўё чақмоқдай урилиб, бутун вужудини титратиб юборди.
Шундай ҳаётий, гўзал асарлар муаллифи, ўзича покдомон, фариштасифат деб қалбининг тўрида эъзозлаб юрган азиз инсони наҳотки қаердаги бузуқи, ишратпараст хотинбоз бўлиб чиқса-я?! О, қандоқ разолат бу! Бу гапларни эшитгандан кўра қизгина кар бўлиб қолса бўлмасмиди!
Маъсума Жозефинанинг булоқ сувидай тиниқ, беғубор туйғу ва орзулари шу тобда гўё нафис ва шаффоф чиннидек ерга тушиб чил-чил бўлган эди.
Бечора қиз аламли оҳ тортганча ўзини тутолмай йиғлаб, гўё йиқилиб тушишдан қўрққандек темир панжараларни оқ қўлқопли нозик қўллари билан ушлаб-ушлаб қоча бошлади. Бор гўзал орзулари поймол бўлган бу остонада бир сония бўлса-да қолишни истамас эди у!
Адибнинг олчоқ ошнаси айни дамда фурсатни қўлдан бой бермаслик-чун дарҳол уйга югуриб кирди-да, фраки-ю, цилиндрини эгнига илиб, кўчага отилиб, Жозефинанинг кетидан югурди.
Пер – йигитнинг исми шундай эди – етиб келганида, Жозефина хўрланган ва ҳақоратлангандек дунё кўзларига қоронғи кўриниб, ҳиқиллаганча, изтиробли аччиқ кўз ёшларини тўкмоқда эди.
Пер бундайин содда ва ишонувчан ёш қизларнинг кўнглига қўл суқиб, уларни тезгина йўлдан уриб, бирон-бир овлоқ гўшада маст қилиб, тўшагида тонг оттиришга жудаям устамон, пихини ёрган учар йигитлардан эди. Бугун ҳам унинг ошиғи олчи бўлиб, ўз ифлос ниятига осонликча эришиш илинжида турарди.У Жозефинанинг титраб турган елкаларидан ушлаб ўзига қаратди-да, уни таскин-тасалли берувчи ширин сўзлар билан юпата бошлади. Мопассаннинг шундоқ бетайин бир хотинбоз эканлигини айтиб, уни шу қилиғи учун унчалик хуш кўрмаслигини изҳор қилди. Чил-чил цинган кўнгил айни тобда шундайин хайрихоҳнинг муруввати-ю, таскинига муҳтож эди. Жозефина ўзини қўлга ололмай бадтар ҳиққиллаганча Пернинг кўксига бош қўйди.
Шу пайтда кўчадан бўш фойтун ўтиб қолди. Пер уни тўхтатиб, Жозефинани чиқарди-да, Парижга томон жўнади. Йўлда қизнинг кўнглига шайтон шундай васваса солдики, оқибатда аста-секин унинг йўриғига кириб кетаётганини сезмай қолди.То манзилга етгунларича аламли чуқур-чуқур хўрсингача: «Ҳали кўради у мендан: ундан ўч оламан, ўч оламан! Нима, у қилган ишратпарстлик нима, менинг қўлимдан келмайдими?!» – дея шивирлаб борарди.
Деярли ҳар куни жононлар билан кайфу сафо қилишга ўрганиб қолган Пер Жозефинанинг титроқ елкаларидан аста қучганча момиқ билакларидан силаб-сийпалаб, тиниқ чеҳрасидан энтикиб ўпганида, қиз унга монелик қилмади.
Пер уни пойтахт четидаги овлоқ гўшалардан бирида жойлашган икки қаватли ҳашамдор уйга бошлаб келганида, қиз бу ер қанақа жой эканлигининг фаҳмига етган эди.
Уйнинг биринчи қавати киришдан худди ресторанларникидек кенг зал бўлиб, унда чиройли кийиниб, бўяниб олган дўндиқ жононлар мижозларининг тиззаларига ўтиришиб, кулишиб, ичишиб, чекишиб уларнинг кўнгилларини олиш билан овора эдилар.
Эрталабдан туз тотмай, роса очиққан Жозефина ҳали умрида кўрмаган таомлардан еяркан, Перни ҳайрон қолдирганча пайдар-пай май сипқорди ва тезда сархуш бўлиб, ҳалиги дилисиёҳликларни эсдан чиқарганча, йигитнинг ичак узди латифаларидан завқланганча қийқириб кулар эди.
Ишрат учун фурсат етганлигини англаган Пер қизни иккинчи қаватдаги хос хонага олиб кириб, аста ечинтиришга киришди. Айни чоғда Жозефинанинг қулоғига иблис: «Ундан ўч олиш вақти етди, бардам бўл», – дея шивирлаб тургани учун йигитнинг ҳаракатига ҳеч бир қаршилик қилмай, кўзларини чирт юмганча ихтиёрини унга топширди…
Эрталаб боши сал оғриб кўзни очса, Пер ўрнида йўқ эди. У муҳим юмуши борлиги сабаб эртароқ туриб жўнаб қолганди. Жозефина ёстиғини кўтарган эди, анча-мунча яп-янги пулларга кўзи тушди.
Буларни Пер унга тунги хизмати эвазига ташлаб кетганини дарров пайқади ва титроқ кафтлари билан юзларини яширганча йиғлаб юборди.
Сал ўтиб эшик секин тиқиллади ва беканинг: «Мумкинми кирсам?» – деган овози эшитилди. Жозефина кўз ёшларини апил-тапил артганча пуллар устига ёстиқни ташлаб, киришга ижозат этди. Бека илжайганча Перни қўли очиқ бойвачча деб мақтади. Бу ерга келган қизлар дастлабки пайтларда бироз кўникишолмай қийналишади, кейин вақт ўтиши билан секин-секин ҳамма нарсага ўрганиб кетишади. Сиз ҳам, жонгинам, ҳаммасига кўникиб кетасиз. Бу ҳусни-малоҳатингиз билан кам бўлмайсиз.
Пул оёғингиз остига баргдек тўкилади, азизам. Ҳали шундай бахтиёр яшайсизки, муҳтожлик кунларингиз худди тушдек унут бўлиб кетади,» – дея вайсаб чиқиб кетди.
Бирпасдан кейин Жозефина ювиниб, тараниб бояги пулларни чўнтакка урганча кўчага чиқди. Шаҳарнинг асл моллар билан савдо қилувчи дўконлари жойлашган кўчаларини ҳеч нарсани ўйламай бамайлихотир сайр қилди. Эскигина кийиниб, қашшоқликнинг тошдан қаттиқ кунларини бошдан кечирган кезлари аслзодалар юрадиган бу обод кўчаларга келишга ийманар, негадир ҳадди сиғмасди.Энди-чи? Энди эгнида графиняларникидек бежирим либослари, ёнида эса бир даста яп-янги пуллари бор. Мана ман деган аслзода билан басма-бас савдолашиши мумкин энди. Икки-уч кечада топган пулига истаган нарсасини оппа-осон сотиб олиши муқаррар. Фабрикада ярим йил бели букчайиб ишлаганида ҳам бунча пул тополмаслигини Жозефина яхши фаҳмлаб етганди. Ўзларини зоҳиран одоб-ахлоқли, иффат-у, ор-номусли қилиб кўрсатиб юрган шу оқсуяк хонимчаларга нисбатан унинг қалбида нафрат ҳисси уйғона бошлади. Бир пайтлар ночорликда кун кечирган дамларида ўзига ирганиб қараган бу хонимчаларга нисбатан эндиликда қасдма-қасд
яшашни кўнглига тугди.
Бир ярим йилдан ортиқ яшаган қадрдон кўчасидан ичида юраги дириллаб турса-да, ҳеч гуноҳсиздай кўкрагини кериб, бошини ғоз тутиб ўтиб кетар, маҳалладошлари ким бўлдийкин бу хоним дегандай бирданига уни танимай ҳайрон бўлишиб ортидан қараб қолишар эди. Баъзи таниганлар оддийгина ишчи қизнинг бир кунда киши танимас даражада бундай ўзгариб кетганига ҳеч ишонгилари келмай, оғзилари очилганча анграйиб қолишаверарди.
Жозефина уйни бир сидра йиғиштириб чиққач, негадир юраги сиқилиб кўчага чиққиси келаверди. Хонасида столда очиқ қолган Мопассаннинг ҳикоялар тўпламига кўзи тушгач, жазаваси қўзғаб, китобни жавон томон улоқтириб юборди. Китобнинг илк саҳифасида адибнинг кулиб тушган сурати бор эди. Шу тобда ёзувчи унинг устидан кулаётгандек туюлиб кетди унга. Адибнинг ҳамма китобларини йиғиштириб, қўшни қизга «чин кўнгилдан” тақдим қилди.
Оқшом маҳали шоҳона ҳаётни давом эттириш ҳамда Мопассандан ўзича ўч олишни давом эттириш мақсадида Жозефина исловатхонага йўл олди ва бир йил ичида у Париждаги энг ёш, офатижон жонон деб ном қозонди.
Граф Албер Жозефинанинг аянчли саргузаштларини тинглаб бўлгач:
– Энди у ерга сира қайтиб борма, – деди ўйчан оғир овозда. – Етар шунча азоб чекканларинг. Шу ерда қол. Истасанг, шу уйни шу бугуноқ номингга хатлаб бераман.
– Нима, мендайин эркакларнинг эрмаги бўлган бир жувонни, – у фоҳишани демоқчи бўлди-ю, аммо бундай дейишга тили бормади, – уйингизга қўймоқчимисиз? – дея сўради Жозефина қулоқларига ишонмай. – Балким, менга уйланмоқчи ҳам бўларсиз, ҳали?
– Бу тўғрида ҳали ўйлаб кўрганим йўқ, – дея жавоб қилди граф ўрнидан тураркан. – Нима, уйлансам арзимайсанми?
– Биламан, сиз менга икки дунёда ҳам уйланмайсиз, уйланолмайсиз. Бу гапни кўнглим учун айтдингиз, – деди Жозефина тушкун овозда. – Бунга аввало ота-онангиз, кейин эса мансаб, мавқе, насабингиз асло йўл қўймайди.Сизни кўнсангиз, кўнмасангиз ўз табақангиз тоифасидаги графиняларнинг бирига уйлантиришади. Ўшангача мен сизнинг маъшуқангиз бўлиб туришимни истайсиз, биламан. Кейин эса мени унутиб юборасиз. Мен бировга бир умрлик маъшуқа бўлишга ярамасам керак. Шунинг учун мен бировга жудаям кўп боғланиб қолишни хоҳламайман. Эркин қуш бўлишни истайман. Бундан кейин биз аввалгидек дўст бўлиб қоламиз деган умиддаман. Бироқ битта шартим бор: уйингизда Мопассаннинг китобларига кўзим тушмасин, у хақда менга бир оғиз ҳам гапирманг, хўпми?
Граф оқила Жозефинанинг шартига ноилож кўнди.
У Жозефинани кузатиб қўйгач, ҳақиқатни очиқ-ойдин билиш мақсади-да Мопассаннинг ошнаси бўлмиш ўша Пер деган кимсани ахтариб топишга аҳд қилди. Бу юмушда унга дўсти Шарл кўмаклашди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, дўсти уни ресторанларнинг бирида Пер билан таништириб қўйди. Аввалига ўзини сипо тутиб, гаплари қовушмай турган Пер икки шиша ўткир майни пайдар-пай сипқоргандан кейин жағининг қулфи калити очилиб кетди. Графнинг Жозефина ҳа-қида сўраганларини битта қўймай, оғзининг суви оққанча оқизмай- томизмай сўзлаб берди.
– Бу тўғрида эртасига Мопассанга айтганмисиз? – дея сўради граф ўзини аранг тутиб, ичида бу кимсадан қаттиқ нафратланганча.
– Бўлмасам-чи, бизнинг орамизда сир йўқ, граф, – дея кекириб жавоб қилди Пер.
– Хўш, Мопассан сизга нима деб жавоб қайтарди? – муштларини қисиб қизиқиш ила сўради граф.
– Нима ҳам дерди, – дея иршайганча қўлига қадаҳни олди Пер. – У ҳам каминадек кулди-да: «Бу янги ҳикоям учун яхши сюжет бўлиши табиий», деб қўйди халос.
– Ёш бир қизнинг номусини булғаб, уни исловатхонага ташлаб келганингиз-чун бир оғиз уришмай юзингизга тарсаки тортмай, бепарволик билан илжайиб қўя қолдими, а? – деди жиғи бийрони чиқиб граф.
– Мен уни мажбурлаганим йўқ, жаноб, – деди Пер ҳиққичоғи тутиб. – Қизнинг ўзи Гидан ўч оламан деб шу ишга розилик билдирди-да, ахир.
– Эҳ, афсус, Мопассаннинг ўрнида бўлганимдами, ўша куниёқ сизни дуелга чақириб, пешонангиздан отиб ташлаган бўлар эдим! – дея жаҳд билан ўрнидан туриб, ресторанни тарк этди граф. Граф Албернинг шу кеч улуғ Мопассандан кўнгли қолди.
* * *
Мопассан ҳаётининг сўнгги кунларини «Азиз дўст» деб номланган севимли яхтасида ўтказди.
Умрининг охирида адиб кучли асабий толиқиш ва қаттиқ бош оғриғи хасталигидан кўп азият чекди. У яхтасида хизмат қилувчи икки матросдан бошқа кимса билан учрашишни ҳам, гаплашишни ҳам истамас эди. Ҳатто яқин ўртоқларини ҳам ёнига яқинлаштирмай, ич-этини еб ётган адибнинг аянчли аҳволидан қаттиқ хавотир олган дўстлари зора ёрдами тегса деган ниятда унинг ҳузурига тажрибали руҳшуносни юборишди. У руҳшуносни хушламайгина базўр қабул қилди. У билан атиги бир соатгина суҳбатлашди холос.
– Агар менга кўнглингизни очиб сўзламасангиз, сизга ҳеч қандай маслаҳат ҳам, ёрдам ҳам беролмайман, – деди руҳшунос гапни майдалаштириб ўтирмай. – Айтинг, сизни қандай дард бунчалар қийнаб, безовта қилмоқда ўзи?
Адиб руҳшуносга бирпас ўйчан тикилиб турди-да, мана неча ойлардан бери ич-этини кемириб келаётган дардини айни чоғда унга тўкиб солмасдан бошқа иложи йўқлигини идрок этди.
– Биламан, умримнинг шоми яқинлашиб бормоқда, – дея оғир хўрсинди адиб. – Мени чин дилдан севиб, мухлисам бўлган бир қизгинанинг ҳаёти барбод бўлишида ўзимни қаттиқ айбдор деб биламан!
Бечора ишчи қиз! Мен уни фабрикага учрашувга борганимизда атиги бир мартагина кўргандим халос.Ҳозир унинг чеҳрасини ҳам, исмини ҳам эслолмайман, ҳатто.
Ўша қизгина менга қаттиқ ошиқ бўлиб, бир куни тонгда, мен уйда йўқ маҳалим, мени кўргани келибди. Аёлларга ўч бир дўстим уни авраб, бошини айлантириб, исловатхонага олиб бориб…
Мопассан у ёғини ўзингиз тушунасиз-ку дегандай қолган тафсилотларни сўзлашни истамади.
Эртасига у кеча ўша қизни нима аҳволга солганини мақтаниб айтганида, мен нодон уни бир оғиз койимай, янги ҳикоям учун қизиқарли сюжет дебман-а!
Умрида бундай воқеани ҳеч эшитмаган руҳшунос нима деярини билмай, кўзойнагини туширганча анграйиб қолганди.
– Нимага ўша куниёқ исловатхонага бориб, оёқларига йиқилиб ундан кечирим сўрамадим-а?! Уни ўша ифлос макондан уйимга олиб келиб, бутун ҳаётимни ўша муштипарга бағишласам бўлар эди-ку?! Менга умрини бағишлаб, садоқатли ёр бўлмоқчи бўлган қизгинага нега бунчалар бепарво бўлдим-а?! Агар вақтида уни топиб, кўнглини ололсайдим, қолган ҳаётим бошқача ўтган бўлармиди? Эски тузалмас дардлар бугунгидек аччиқ армонга айланиб, мени абгор қилиб ўтирмасмиди?! Мен осий бандангни ўзинг кечир, эй Худойим!
Бу буюк адибнинг умри сўнггидаги дилдан чиққан аламли истиғфори эди.
* * *
Мопассан вафот этган вақтда Граф Албер Америкада савдо ишлари билан банд эди. Шу боис севимли ёзувчисининг дафн маросимига қатнашолмади.
Орадан икки ойлар ўтиб, Парижга қайтганининг эртасига граф севимли ёзувчисининг қабрини зиёрат қилгани тонгда қабристонга йўл олди.
Ҳувиллаган қабристон кимсасиз деб ўйлаган эди граф. Аммо у ўйлаганчалик бўлиб чиқмади. Мопассаннинг қабри олдида қоп-қора мотам либосли бир аёл пичирлаганча дуо ўқиб турар эди. Оёқ остидаги хазонларнинг шитирлашидан сергак тортган нотаниш аёл секин ортга бурилди. Граф дарҳол уни таниб, сокин юраги гурсиллаганча хушнуд ҳолда унга интилди. Бу аёл – унинг Жозефинаси эди.
Қабр тошига ёзувчининг кулиб тушган чиройли сурати ўрнатилганди.
Улар суратга тикилганча анча вақт туриб қолишди. Улуғ адиб ҳақиқий икки мухлисининг қайта топишганидан мамнундек эди гўё.