Ҳусан Эрматов. Уста (ҳикоя)

Бугун ишхонада ҳаммадан олдинроқ пайдо бўлдим. Бунга ўзим сабабчи. Кейинги вақтларда қандайдир эсим жойидамас. Билмадим, бу бир ҳафта олдин кучли даволаниб чиққанимдан, яъни баданимга сингишаётган антибиотиклар таъсирими, ё ўзи асабларимнинг чарчаганиданми, кунда-кун ора нимадир эсимдан чиққан, қайсидир бир масалани ёдимдан чиқарган бўлиб қолаяпман. Кечаям бир дунё ёзганларим, қанчадан қанча мусиқаларни ўзида жамлаган флешкани компьютерда қолдирибман. Бу флешка деганлари фойдали нарса. Ёқтирган қўшиқ, ашулалардан бир икки юздан ошиғини ёздириб олганман унга. Машинада ҳузур қилиб эшитиб юраман. Ишхонада қилинадиган таржималар, сценарийлар, унда-мунда фойдаси бор-йўқ матнлару, ҳужжатлар ҳам шунинг ичида жам. Агар йўқолса, ўзим айбдор бўламан. Ахир хонага эрталабдан қанча одам кириб чиқмайди, дейсиз? Шунақа гаплар. Келиб унинг компьютерга тиқилганича турганини кўриб кўнглим таскинланди. Хўш, бугун қандай ишларни режа қилганман. Шуни ўйлай бошладим. Энг аввало, кеча уйда миямга муҳрланган иш – Уста билан учрашиш.
Ҳа, айтганча, у ишга соат тўққизда келади. Роппа-роса тўққизда. Бир дақиқа ҳам олдин ёки кеч эмас, тўғри вақтида пайдо бўлади. Худди ниҳоятда муҳим лавозимда ўтирган амалдор-у, унга одамлар умид билан кўз тикиб ўтиришадигандек. Киноя эмас бу, у ростдан ҳам худди шундай ўйлайди. Ўзи бир ўртача уста. Одамлар бошқа жойга бориб келишга эриниб унга мурожаат қилади. Нимаям қилсин. Мисол учун, энг яқин бошқа жой Чорсу бозорида. Бозорга бориш-келишга камида бирон соат вақт кетади. Агар у жойда ҳам одам кўп бўлса кутиб қолишга, бўлмаса, ташлаб кетиб кейин яна бориб-келишга тўғри келади. Шу кичкина матоҳни деб икки марта бир соат- дан вақт кетказиш кимга ёқарди дейсиз? Унинг олдига кўп “мижоз” келишига асосий сабаб шу.
У эса… Тавбангдан кетай. Одам ҳам шунақа бўладими-а? Аввало у ўтирадиган хона, унинг тили билан айтадиган бўлсак, “кабинет” ҳақида. Бу ерга кирсанг, димоғинг ачишиб кетади, чангнинг, яна бу ерда тахланиб ётган алламбало – ҳам ёзги, ҳам қишки, узоқ йиллар аввал урф бўлган, таги тешилган, усти йиртилган, чокидан ажраб кетган, оғзи очилган, товони тушиб қолган, таги олиб ташланган, тасмаси бузуқ ва ҳоказо “диагноз”лар билан бу ерга етказиб келинган пойабзаллардан қандай ҳид чиқиши мумкин? Улар ҳам гўё бу пойабзалхонанинг ўзига мос бўлиб, кир-чир, яқин орада мой кўрмаган, буришган, туришган, хулласи калом афтода бир ҳолда қалашиб ётибди. Бир пойи тепа қисмда, бошқаси яна қаердадир, бетартиб, пала-партиш бу оёқ кийимлари йиғиндисини кўриб, нима, одамлар янгисини олмай қўйганми, деган хаёлга ҳам борасан. Турли тоифа, хилма-хил. Уларга қараб бу матоҳларнинг эгалари ҳақида ҳам муайян тасаввурга келиш мумкин…
Баъзи аёллар пойабзалларини кўриб бу қайси бир хурилиқога хизмат қилар экан, дея унинг эгасини ўзингизча хаёлингизга келтирасиз, парти кетиб-шарти қолган бошқасини кўриб тавба, ахир шуни ҳам эпақага келтириб бўлармикан, дея ажабланасиз. Ҳамкасблардан бири келиб оёқяланг кутиб таранг қилади, шошиляпман, объектда кутишаяпти, тезлатинг, дейди. Бу устанинг парвойига ҳам келмайди. У ишини бироз тезлатиб ҳам қўймайди. Кимдир келдими, келмадими, гапирдими, савол бердими, жавоб истаяптими, э борингки, ўляптими–қоляптими унга барибир. Бечоранинг қўлида товони ажраб кетган туфли. Ўзи янгигина, бугун мойлангани ундан келаётган Хитой мойининг ҳидидан маълум. Аммо, ажраб кетган. Шундай ҳолатда турган касбимиз “юлдузча”ларидан бири бўлган бу йигитга қараб ўйга толаман. Яқин олти ой ичида “яралганлардан” бу “юлдуз”. Ёниб-ёнмай ўчиб кетадиган хилидан менимча. Муомаласи ўзига яраша. Димоғига хода етмайди, деган баҳога лойиқ бола.. Бу ерда одам бор-йўқлигига қараб ҳам ўтиргани йўқ. Салом-палом дегани ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Тўғри келиб, мана буни тўғрилаб юборинг, эмиш. Оласан! Уста сендан ўн беш марта кўп кўйлак йиртганларга, “юлдуз”дан юлдузга айланиб кетганларга парво қилгани йўғу, сенга йўл бўлсин. Бу этикдўзи тушмагур нуқул уйида бола-чақасига фалончидек ғўддайганини бунча куттирдим, бошқасини яна фисмадонча ялинтирдим, деб мақтанмаса эди, дейман.
Ўзи ишхонамиз ғалати. Ҳеч “простой” одамни топа олмайсан. Ҳаммаси авлиё. Фақат Ўрол жўра айтмоқчи, биттагина камчилиги бор. Ҳеч пастга тушишмайди. Нима энди, эфирда икки марта кўринган бўлсанг, шунақа ўзгарасанми, дейдиган мард йўқ. Телевизорга чиқиб бировни қойил қилган бўлса бир нави эди. Бошловчи-да. Бошловчи ким, мана сиз айтинг. Бошловчи биров ёзиб берган матнни ўқиб берувчи ярим техник, ярим артист бир одамда. Хафа бўлманг-у, мен бу билан бировга паст назар билан қараётганим йўқ. Сира ҳам. Бошловчи қачонки, муаллифнинг муддаосини англаса, нима демоқчи эканини англаб, ҳис қилиб етсагина уни томошабинга яхши етказа олади. Матнни ўқишни ҳамма билади. Гап қандай ўқишда. Илгариги дикторлар матнни ўқишдан олдин ўзлари учун сўзларга белги қўйиб чиқишар эди. Қайси сўзнинг қайси ҳарфига урғу бериш маъносида. Интонацияси жойида эди уларнинг. Бугунгиларчи? Қизларнинг аксарияти бўяниш, безаниш билан овора, йигитлари ҳам кам эмас улардан. Сочини причёска қилиб сарсон. Имиж экан бу. Имиж касбий маҳоратдан пайдо бўлса эди. Бу қаҳрамон ҳам ўшалар қаторидаги “замонавий” тўтилардан. Аммо буларнинг халқ ичидаги гапларини эшитсанг, тавбангдан ёқа ушлайсан. Нима эмиш улар, ўзларидан чиқариб гапиришар эмиш, шунинг учун бошловчиликка айнан уни танлашганмиш. Ол-а, аслида суфлёрдан фойдаланиб уч-тўрт марталаб ёзиб монтаждан қолгани эфир юзини кўрган бўлади. Баъзи содда кишилар бунга ишонишлари ҳам мумкин. Аммо зукко томошабин бошловчининг кўзидан, уларнинг матннинг юришига қараб ҳаракатланишидан сезиб ўтиради.
Чалғиб кетдим. Мен устахонадаман-ку. Бу ердаги оёқ кийимларни кўриб уларнинг эгаларига асл баҳони берса бўлади. Халқимизда мақол бор: Дўст бошингга, душман оёғингга қарайди, деган. Менимча, бу ҳикматли гапни одамлар пойабзалининг ҳолатига боғлаб айтишмаса керак. Ие, нима деяпман ўзи, демоқчиманки, пойабзали эскироқ, бирон қисми ейилганроқ бўлса у ёмон, агар янги туфли кийган бўлса у яхши маъносини бермайдику, демоқчиман-да. Мен пойабзалларнинг сифати, “савияси”, ижтимоий келиб чиқишига қараб, бу қандай иқтисодий аҳволда яшайдиган одамники эканини билса бўлар экан, деган хулосага келдим. Агар шу томондан қарасангиз, ишхонамиздаги кўпчиликнинг аҳволи ўзига яраша экани маълум бўлади. Қараб чиқсам, пойабзал отлиқ нимарсаларнинг аксариятида эгаларининг ҳаққи аслида қолмаган ҳам. Боя парти кетиб-шарти қолган иборасини айтдим. Шунга моси кўп. Аёлларга хос бўлган туфлилар, шиппаклар(улар кўпроқ) ҳам хизмат муддатини асосан ўтаб бўлганлардан иборат. Эркакларимиз, яъни ишхонамизнинг йигитлари аксарият ҳолларда хитойлик пойабзалчиларнинг маҳсулотларидан фойдаланишаяпти экан. Энг муҳим афзаллиги арзон бўлган бу мамлакат маҳсулотларининг фойдалилик коэффициенти ҳақида ижлбий сўз топиш қийин, албатта. Аммо бу пойабзалгоҳда ўзга бир жўғрофий нуқтадан келтирилганларини кўрмадим.
Энди устага қарайман. Бугун олтинчи кун келишим. Э, бунақанги ланж этикдўз бўлган сени, деб кетворган бўларди мендан бошқа бўлганида. Аммо буниям ўзига яраша бир гаштими, қизиғими борга ўхшайди. Нимагадир ҳар қандай жойда асабим чақнаб кетадиган мендек тажанг одам олтинчи бор келишимга қарамай миқ этмай ўтирибман. Уни боя айтганимдай эпчил, қўли енгил, ишини сифатли бажарадиган усталар сафига сира ҳам қўшиб бўлмайди. Қўллари бигиз билан ишлашда жуда нўноқ, мисол учун, пойабзални таги билан тикса чоки шундоқ билиниб қолади, ёки ташриф буюраётган аёлларнинг ҳар учинчиси олиб келаётган пойабзалларини икки-уч кун илгари унга тузатдирган-у, бирови чоки сўкилиб кетганидан, бирови оёғини сиқаётганидан, яна бирови товонининг баландлиги икки хил бўлиб қолганидан нолиб қайтиб келаяпти. Аммо ноилож шу ерга келади. Қаёққаям боради. Бу одам эса… Устанинг ўзига хосликларидан бири унинг ниҳоятда ҳазм қилиб бўлмайдиган муомаласи ва ўзига бино қўйгани билан боғлиқ. У кириб келган кишининг саломига алик ё олади ёки йўқ. Унинг кулиб турганини эса шунча вақт давомида кўрмадим. Умид билан қадам ранжида қилган одам даъфатан бундай муомаладан ғалати аҳволга тушиб қолиши тайин. Мен ҳам нечоғли хушмуомала бўлмайин, бундай вазиятда ташаббус кўрсата олмаяпман. Ўзи ишим тушиб келиб ўтирган бўлсам, нима ҳам дейман ахир. Ўтирибман хона хўжайинининг қовоғидан умидвор бўлиб. Бир-икки ҳамкасбимиз бирон жўяли жавоб берилмагач қайтиб ҳам кетди. Мен эса устанинг ишини томоша қиляпман. У миқ этмай ишлаяпти. Мана, келганимга бир ярим соат ўтди. У қилаётган ишини тугатди, чамаси, бошқа бир шиппакни қўлига олаяпти. Жаҳлим чиқиб кетди.
– Оғайни(овозим ўзимга ҳам ёқимсиз чиқди, ғўлдираб гапирдиммией), мен қарийб икки соатдан бери кутиб ўтирибман. Олтинчи марта келишим. Ўзи икки дақиқалик иш. Мени жўнатиб юбора қолинг…
У менга бирон сўз айтмади. Қўлимдагини олиб, у ёқ-бё ёғига кўз югуртирди.
– Эртага келинг, – деди кейин. Энди тутаб кетдим.
– Нима деяпсиз ўзи. Ахир шунақа ҳам бўладими? Шу дардингиз бор экан, боя айтақолмайсизми куттириб ўтирмай. Ахир қанча ишдан қолиб кутиб ўтирибманку сизни… – Барибир оҳангида дўқ йўқ эди бу тутоқишнинг ҳам. Чунки унга ишим тушиб турибди. Қолаверса, шунча кутиб, яна қайтиб кетиш…
Ниҳоят у туфлининг орқа томонида сўкилиб кетган бир сантиметрча чок ўрнини янгитдан тикишга киришди.
– Бизда ҳам режа бор, – дейди бир маҳал. Мен қилаётган ишига пулини тўламасмидимки…
– Ака, эл қатори ҳақингизни оласизку.
– Гап сиз берадиган уч-тўрт сўм устида эмас. Менинг ҳам раҳбарим бор. Булар(шиппакка қўлини нуқиб)нинг эгалари ҳам чакана одамлар эмас. Уларга ваъда бериб қўйганман. Улар сиздан баландроқ одамлар бўлиши ҳам мумкин ака.
Агар унинг қўлидаги туфли меники бўлмаганида чаккасига солиб юборардимку-я.
– Рўйхат қилиб қўйсангиз бўлар экан. Навбат билан келардик.
– Энди шундай қилмасак бўлмайди. Бу масалани директорга қўймоқчиман. Битта бўлсам. Бунинг устига “шеф” ҳам у ер- бу ерга фақат мени юр қилади. Яна ярим соатдан кейин ошга кетишимиз керак, маданият вазирлигидаги бир каттаконникига.
– Индамай қўя қолдим. Ҳолингни кўрган одам афтингга қарагиси келмайди-ю. Тавба. Бир сантиметрга ҳозиргина тайёрлаган ипи етмасая. Бояги пала-партишга аралашиб кетган ипни топиб яна озгина узиб ишини давом эттира бошлаган устанинг ёнидаги стол устида турган унинг тушлик овқатини кўриб қолдим. Овқат устанинг қўлидан ўтган тайёр “маҳсулотлар” орасида эски сочиққа ўраб қўйилган. Ишини тугатар-тугатмас, этикдўз бояги сочиқни очиб ичидан шиша банкани олди. Унда суюқ бир овқат бор эди. Сочиққа ўралган нон ҳам бор экан. На қўлни ювиш бор, на артиш, банканинг қопқоғини очганча совиб қолган шўрвани ҳўплаб нонни тишлаб тушликни бошлади бизнинг қаҳрамон. Буни расмга олиб ҳам бировни ишонтириш қийин эди. Қўлига беш юз сўм бериб кам эмасми, деб сўрадим. Бўлади, у пулга қарагани ҳам йўқ.
Шу бир ой ичида мўлжаллаган энг катта ишлардан бирини дўндириб, елкамдаги оғир юкдан қутулгандек хурсанд бўлиб, енгил тортиб ишимга кетдим. Мен хонага келганимда соат миллари ўн иккига яқинлашарди. Шу билан бугунги куннинг ярим иш вақти ўз поёнига етаётган, режадаги ишларга эса на ҳафсалам ва на иштиёқим қолмаганди. Кимга раҳмат дейишимни билмай тушликка отландим…

2010.