Ҳусан Эрматов. Иқрорлик саси (эссе)

Қаёқданам ўқидим шу китобни.
Шерзод ўзи ақлли йигит-у, ҳар нарсага ҳайратланаверадиган, нимаики воқеа бўлса, шуни бўрттириб, одамга ажабтовур янгилик сифатида етказиш одати бор. Кейин гап-сўзлари, нутқ стили ҳам ўшандай ажабтовур. “Чизиш” деган расм устида ишлаяпсизми дейди соат олтига яқинлашаверса. Бу қуённинг расмини чизишга шайланяпсизми, дегани унинг. Қовоқ сомсани ҳар куни ейверсангиз, қовоғингиз осилмай иложиям йўқда, бобо, деб қўяди жаҳли чиқиб турганида бир нарса деб зам-зама қилсангиз. Шу бола, ака, шуни ўқисангиз, унча кўп куйинавермайдиган бўласиз, деб электрон нусхасини почтамга ташлади. Мана, бир ярмини варақлаб ўзим ҳам шу асарнинг руҳига тушиб, ҳеч нарсага ажабланмаслик, ҳеч нарсадан хафа бўлмаслик керак, деган мавзу билан бошимни тўлдириб ўтирибман. Толстой буюк ёзувчи бўлган. Сўзсиз. Уни ўқиб ўқидим, дейишга истиҳола қиласан киши. Худди Навоий бобомизнинг асарларини ўқиб ҳеч нарса тушунмаганимиздек. Шу боисдан феъли-хўйимда пайдо бўлаётган чала ярим тўхтамлар, ўзимни ўзим койишим ва койимаслигим кераклиги, бировдан ҳижолат тортишим-у, буларнинг бари аслида сариқ чақачалик ҳам аҳамиятли эмаслигини англаганга ўхшаш мулоҳазалар… Мулоҳазалар эмас, узуқ-юлуқ гаплар десак тўғрироқдир балки… Шунақа. “Иқрорнома” иқрор қиляпти чамаси…

II

Нималар бўлаётганини биламанми? Хўш нима экан? Билмайман. Туни билан мижжа қоқмай ўзимни еб битиришим мумкин, эртасига битта илиқроқ, ҳаттоки, ўзимча илиқроққа сал-пал яқин келадиган сўзми, қилиқми, ишора менинг кайфиятимни жойига тушириб қўйиши мумкин. Хўш, бу ўзи нима? Бу характерми? Билмадим.
Қандайдир жиннинамо руҳиятда юрибман. Ўзимни ўзим тушунмайман. Ўзимга ўзим тўғри фикрни айтиб тўғри йўлга бошқара олмайман. Атрофимдагиларни қарийб эшитмайман, кулгуларим ниҳоятда юзаки, сохта, ҳамдардлигим, бераётган маслаҳатларим ҳам охири йўқ, жўяли эмас. Нимани истаётганим ҳам аниқ эмас. Хўш, булар ўзи ҳақиқатдан ҳам нима? Менга нима бўляпти?
Охирги бир ой давомида менинг руҳиятимда кечаётган бу босилқа ҳолатни англаш, ўзимни ўзим назоратми, таҳлилми, таҳрирми қилишим керак, деган хулосага келяпман. Ажратиб олишим керак, ахир бундай яшаб бўлмайди! Абсолют ҳақиқатни излаш аҳмоқлик. Ҳар қандай аҳмоқона ва тайтувликдан дарак берувчи ишми, ҳаракатми, у ким томонидан амалга оширилган бўлмасин, эътибор бериш керак эмас, янаям аниқроғи, аксинча, эътибор берганда ҳам, жуда жиддий, тагига етиб бориб мулоҳаза қилиб кўриш лозим, назаримда, шунда ўша аҳмоқона ишдан ҳам озгина мантиқнинг, ҳеч бўлмаганда, исини излаб топса бўлади. Бўлмаса – илож йўқ.
Кейин, бировларга баҳо бериш осон – у қандай бўлмасин! Аммо, ўзимчи? Ўзим қилган гуноҳларни нега кўз олдимдан ўтказмаслигим керак экан? Ахир мен инсон сифатида ҳам, одамгарчилик, диёнат бобида ҳам издан чиқиб кетганим аниқ-ку. Хўш, кимга нима деб ақл бўлишга виждоний ҳаққим боракан? Кечирасан-у, биродар, ҳали қилган барча гуноҳларингни бир Титаник ҳам кўтара олмас, дейман. Яна нима эмиш, бу ҳаётдан рози эмасмишлар?! Сизга қанақа ҳаёт керак эди ўзи? Балким, атрофингиздаги дўстларингиздан биронтасини йўқотиб кўрарсиз? Болаларингизнинг ҳар кунги дийдорини бирон дунёвий бойликка ўлчаб бўлармикан? Нағмалар қилганингда уялмайсан-а, номард! Болаларни эрта улғайтириб қўяётган, тарбиясига салбий таъсир бераётган ишларинг камми? Ишхонадаги бор обрў-эътиборинг секин-аста сўниб бормоқда. Ахир биласан, амалинг бўлмаса, сенинг асл башаранг янада аниқроқ намоён бўлади. Чунки одам қийинчиликда очилади, кимлиги аён бўлади. Озгина қийинчилик кўрдингми, йўқми, ўзингни қаҳрамонлар, жабр кўрганлар қаторига қўша бошладинг, кўкрагингни керасанми-ей? Биродар, шошилма, сендан анча кўп ақл йиққанлар, анча улкан хизмат қилиб қўйганлар бор, сенга йўл бўлсин, сенинг бир лим меҳнатинг ё бир икки кўринган ишларинг вақт синовига бардош бериши даргумон. Ҳаётда ҳар куни ишлаш, ҳар куни интилиш, ҳар куни нимадир қилиб яшаш керак. Охирги икки йилда қилган қайси ишингдан кўнглинг тўлди, ахир Худойликка келсак, биронта жўяли иш қила олганинг йўқ-ку…
Аммо, ўринсиз ва ноҳақ, мунофиқлар даражасига яқин ҳолда, атрофингдагиларнинг сенга бўлган эътиборини жавобсиз қолдиряпсан, сенга бўлган интилишларини инкор этяпсан, Оллоҳ кўнглингга солиб турган эзгу ишлар, мақбул амалларни ижро қилмаяпсан… Сенга шундай савол беришлари мумкин: шу пайтгача ўз олдингга қўйган қайси режангни охирига етказдинг?
Эсингдами, анави сен руҳий касал деб билган раҳбаринг билан келишмай қолганингда, ўзингга оламшумул режа қилганинг. Агар ишдан кетишга тўғри келса, ундоқ қилиб ўзимни кўрсатаман, бундоқ қилиб ҳаммани қойил қиламан, фалон йўл билан ҳалол пул топаман… Ўша режанг ҳали ҳам иш столингда турибди. Ҳа, анча сувлар оқиб кетди, касалларнинг касаллигини ҳамма билди, ишларинг ҳам бир нави, бировнинг олди, бировнинг кети. Аммо ўша ўзинг ўзингдан ғурурланиб тузган режаларингни амалга оширишга нима ҳалақит беряпти? Йўқ, ҳалақит бераётгани йўқ ҳеч нарса, сабаб бошқа ёқда! Сенда ирода ҳам етишмаяпти, оддийгина қилиб айтганда, ИРОДА! Мана шунақа биродар. Аввал нинани ўзингнинг баданингга санчиб кўр. Кейин… Балким, шунда ўзингнинг асл башарангни очиқ кўрарсан. Демак, ўртахол фикрловчи, ношуд одамсан – мана сен кимсан?

III

Бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Абадийлиги у ёқда турсин, бу дунёнинг турган-битгани ёлғон, бутун борлиғи ўзи ёлғонга қурилган. Ёлғон дунё! Шундай экан, бунча интиламиз-а бу дунёнинг ўша алдамчи лаззатларига? Бир сўздан қолмайдилар, қолсалар, дунё бўғизларига келиб кетади, бир парда пастроққа тушмайдилар – тушсалар, бу дунёдан улушсиз ўтадигандек… Ахир буларнинг ҳаммаси писта пўчоғиданда арзонроқ ва арзимайдиганроқку. Нега атрофимиздаги яхши одамларга диққат қилмаймиз? Мисол учун, ана Дилфуза деган машинистка қиз. Наздимда, у ҳар куни бизларнинг асл башарамизни кўриб, томоша қилади, унда мана шундай имконият бор…
У гўё ҳар куни илиққина салом бериб сўрашадиган, шу ҳайҳотдек улкан хонага кириб чиқадиган қирқ-қирқ беш нафар ажабтовур феъл-атворли, турли-туман фикрчи, ўйли-ўйсиз, ҳаёли-ҳаёсиз, уятли-уятсиз кишининг феъли, атвори, бу ҳаётдан мақсади, кейин ўзи учун маъқул ва муносиб билган мақсадлари учун ҳеч нимадан тап тортмаслиги, тубанлиги даражасини – билиб–кўриб ўтирадигандек. Кейин сал фаросати бўлса, менимча, бу қизда фаросатдан етарли, биладики, бу даргоҳда ким нимага қодир. Ахир у ҳамманинг ёзиш истеъдодидан бохабар бўлиш имконига эга. Ҳали компьютер деган “мўъжиза”дан фойдаланишни билмайдиган ё буни кўр-кўрона “машинистканинг иши” деб ор ҳисоблайдиганларнинг ёзганларини оққа кўчиради. Автомат, дейсиз. Бир дақиқада бир қоғозни ёзиб ташлайди. Ёд бўлиб кетган ҳарфларнинг жойлашуви. Агар фаросати етса, бу ношуд “ёзғувчи” ижод аҳлининг ҳар бирига хос бўлган “услуб”(услуб эмиш, нўноқлик ва саводсизлик даражаси, деса тўғрироқ бўлади)ни ҳам ўзлаштириб олган бўлса ажабмас. Ким гапнинг эгасини қаерга қўяди, ким кесимини дегандек. Ўзи аслида эга-кесимсиз ҳам гап тузаверадиган алламбало “услуб”лар ҳам пайдо бўлган бўлса ажабланмайман …
Аммо, ҳеч қачон унда муомала ўзгариши, бемаврид луқма ташлаш, ҳазил қилиш, бировга илғар-илғамас бўлса-да, кинояли кулиш ё гапиришни кузатмайсиз. Отасига, тарбия қилган онасига раҳмат шу қизнинг. Нима, унинг ташвиши, эри, боласи, қўшниси билан ё бозорга борганда тижоратчи савдогар билан муносабатларини достон қилса бўлмасмиди? Жон қулоғи билан эшитадиган, муҳокама қилиб баҳо берадиган, керак бўлса “текин” маслаҳатини берадиган “мутахассислар” ўтирибди-ку бу ерда ахир. Дарди йўқде-гу, аслида балким унинг ичидаги дард бизларникидан оғирроқдир. Ким билади дейсиз? Менга буюкликнинг оддийликда эканига қандайдир ишорага ўхшайди шу қизнинг ўзини тутиши.
Бизлар, яъни бошқалар ўзимизни тута олмаймиз, сабрсизмиз, ўйсизмиз, фаросатсизмиз, маданиятсизмиз… шу қизнинг теграсида, унга нисбатан! Аммо буни ўлсак ҳам тан олмаймиз! Ўлсак ҳам! Шу ҳикматми, шундан бир нарса оладими одам? Шуни айтиб нима орттирардим ўзи? Ўзи шулардан нима наф? Фақат савол бериб ҳам ноҳақмиз! Ноҳақмиз, Аммо ҳеч бўлмаганда, шу ҳақиқатларни(нисбатан ҳақиқатларни) эътироф этиб лутф қилганимизни айтмайсизми?

IV

Мурод Човиш бир роман ёзибди. Қирққа кириб уйланмаган бу йигитни ёқтирмайман. Сунъий ҳаётдек кўринади унинг ҳаёт тарзи. Лекин ўйлаб кўрайликчи, балким у ҳақдир. Ахир бировни бахтли қила олишига кўзи етмаётгандир. Ахир фарзандли бўлса, уни қандай қилиб етук инсон қилишни билмаётганидандир, балким унинг бу қарори? Ёки ҳаётда ҳали бу сир-синоатларнинг тагига етмай туриб, уйланишни мантиққа зид билаётгандир у? Билмадим, аммо бизлар эл қатори яшайдиганлар нима каромат кўрсатдик. Ўзим бахтлиманми? Бахт ўзи нима? Бахтлиманми, деган саволга менинг ўрнимда бўлса бир одам дунёда армоним йўқ, деб ҳам жавоб берар балки? Аммо Мурод жўра менинг аҳволимни кўриб раҳми келса ажаб эмас. Ахир бахт, дегани ҳам шунақа – бир солиштирганда, чеки-чегараси йўқ абсурд нарсага ўхшайди. Фарзандларим, Худога беадад шукур, ўзимданда қимматлироқ бойликларим. Ота-онам – уларнинг борлигига Оллоҳга беадад шукурлар бўлғай! Рўзғоримда дастурхон, қора қозон қайнаб турибди. Аммо, шулар ва яна машина, иккита ҳовли, яна бир нималар билан мен бахтлиманми? Мурод бу жумбоққа жавоб топишни истамайди. Ахир мен у айтган йўлдан бормаганман-ку. Унга нима? Унинг йўли бошқа. Унинг йўли ҳамманикидан-да бошқа.

V

Мен ҳамма илмлардан жавоб изладим ва жавоб топа олмадимгина эмас, балки амин бўлдимки, менга ўхшаб илмдан жавоб излаган бошқа одамлар ҳам ҳеч нарса тополмаган эканлар. Тополмагангина эмас, балки очиқ-ойдин шуни эътироф қилишганки, мени тушкунликка олиб келган ўша нарса, яъни ҳаётнинг маъносизлиги инсон эришиши мумкин бўлган бирдан-бир хулосадир. Ажабо, ажабо! Толстойнинг муносабатларини кўринг-а. “Ясная поляналик” қария бу дунёсигаям тупуриб қўйибди! Юксакликдан эмас, иложсизликдан, фойдаси йўқлигидан… Бутун умр хурилиқолар эъзозида бўлган дейишади уни. У ўлганидан кейин хотини, яъни “момо” фарзандларига “отангларнинг ўлимида менинг ҳам катта ҳиссам бор” деган экан раҳматлик. Уни ўта рашкчил бўлган дейишади. Бўлса бордир. Рашк рашк қилаётган одамни қандай кемирса, рашк қилинаётган кишига ҳам шундай таъсирли куч бўлар экан-да! Бу Толстойнинг кампири айтган гапдан хулоса. Толстойки, бу дунёни бир чақага олмаётган, шунча обрў, шон-шуҳратдан кейин ҳам ҳаётидан миннатдор бўлиб, ундай қилиш керак, бундай ёзиш керак деб эмас, бу дунёинг бир тийинга қиммат деётган экан, бир нимани қойил қилолмай халқ ёзувчилигини, ёзганидан бировнинг кўнгли тўлмай туриб яна бир нималарни даъво қилаётган адибларни ҳеч ҳам тушунмайманда. Ғиштдай-ғиштдай китобларидан ўлсин агар битта янги гап топиб бўлмайдиганларнинг кўкрак керганига ўласанми?

VI

Мамадиев хонага кириб каллани қотиради: Сизларда, албатта, чой деганлари бўлиши керак, деб ўйлайман, совуган бўлсаям, жаа ҳиндча бўлмасаям, хитойчами, ўзимизнинг самарқандчами, бизга ўхшаган камбағалларга бўлаверади, қўшничилик, келаверамизда баъзан-баъзан кўнгил тортиб…
Баъзан-баъзан эмиш, кунда-шунда, денг биродар. Бирон кун хато қилганингингиз бормиди? Худдики, бир ашмишка қуруқ чой кўтариб келгандек-а. Ҳангомаси-ку, одамнинг жиғига теккани теккан.
“Жуда ижод билан қаттиқ машғулмилар, дейман, муборак бошларини қимирлатиб қўйишга ҳам имдод йўғ-а.” – Шу гаплар ҳозир шу ерда ўтирганлардан кимга ёқди? Ҳеч кимга, албатта. Тавба.
У ўзи гапиради, ўзи эшитади, ўзи чойни топиб ичиб, ўзи кетади… Бошқалар бирор белги беришмайди, на бор, демайди чойни, на йўқ. Қолган пичингми, киноями гапларга ҳам жавоб йўқ. Биров бошини қимирлатиб “келдингми”ям демайди! Лекин, қарийб ҳар куни шу аҳвол.
“Китобча чиққан экан, расм беришни унутибман. Болалар чиқаришган экан…”
Мулла йигит, нима, сиз Абдулла Орипов ё Эркин Воҳидовмидингизким, китобингизни биров чиқариб барака топса? Ўзи бир брошюранамой нарса бўлса керакки, ўша қўлбола ноширлар чиқарган, бир нима деб уларни ҳам орзулатган бўлсангиз эҳтимол. Аммо Мамадиев деган шоир, ҳа, ашъорларини ўқиб барака топиш мумкин бўлган шоир борлигини бу дунёда бирорта одам билармикан?
Менинг жиғибийроним чиқади, қоним қайнайди. Ана, кўрдингизми, яна шунақа бўлиб кетяпман, ўзимдан чиқиб кетяпман… Тавба, нега бунча асабийлашишим керак ўзи? Менга нима? Мамадиевдан беш баттар пастроқ бўлиб халқ шоирлигига даъво қилганлар қанча-ю, ҳа, ҳадди сиққандир, ҳа, бир мақтангиси келгандир, Одам бировга ичидагиси – яхшидир-ёмондир, гапини айтса, бунинг ёмон жойи борми? Нима, арпангни хом ўрганми, бунча кенаб чарчамаяпсан Мамадиевни?
Мамадиевнинг хонадоши Халимов ҳам ёқмайди менга. Бошқаларга ҳам ёқади дея олмайман уни. Носамимий. Эй ака, деб худди бир ой кўришмаган қадрдондек қучоқлашмоқчи бўлади, ҳартугул вилоятда бироз ишлаб келганидан кейин сал тортилиб қолгандай. Тавбангдан кетай, худди менга бир дарддошдек-а, кўришганида кўзида нур йўқ, кўзингга тик қарамайдиям. У хонага кираверса, дарров мазахи гап бошланади: Ҳа, Рўзиқул бу, Бўстонлиқда очган нотариусингиз Бекободдагидан ҳам гавжумку. Қандингизни уринг-а, бекорга юридическийда ўқимаган экансизда-а?
Ҳа, энди Бригад(Бу Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Дев билан пакана” фильмидан келиб чиққан сўз), бизнинг нотариуснинг иккови келтираётган даромад Ҳасанбойнинг Жиззахдаги иккита супермаркетидан бирининг даромадига ҳам етмайди. Кеча олган машинасини кўрдингизми,?
Бундай пайтда мен ҳам отни қамчилаб қоламан, акалар, одам бировнинг мошинига минса дарров қуллуқ бўлсин, дейиш керак, нархини сўраманглар, шу сизлардай акаларга хизмат қилсин, деб олдик. Дунёга бир келамизда ахир.
Бу Жиззахда ишлаганида ҳамма томонни ўпириб келганда, – қўшилади яна кимдир. Бу Халимовнинг реакция қилиши учун айтиладиган ёлғонлар. Қаёқда дейсиз, аслида бу тўртовлон тушликка пул тополмай хонада кўк чой билан Маннонжоннинг хотини тайёрлаб берадиган сухарикларни сўриб ўтирибди. Халимов реакция қилади лекин. Кўзлари нурсизланиб, у ёқ-бу ёққа аланглаб бошлайди. Унда кўролмаслик, ичи қоралик касали бор. Тузалмайдиган касалликлардан бири. Мана, у қанақа одам. Яна, эй ака, қалайсиз, деб тиркалишига ўлайми? Менга бунақа юзида ниқоби бор, бўлганда ҳам, яққол намоён бўлиб турадиган кимсалар умуман ёқмайди. Кимга ҳам ёқарди улар? Бундайлар тоифасига анави Парвозни ҳам киритса бўлади. “Эй, ака”га қўшиб “янгаларнинг ҳаммаси яхшими”, деб хи-хи қилади. Аҳмоқ, бу нима деганинг, биринчидан, ёш жиҳатдан бундай гапиришга ҳаққинг йўқ, иккинчидан, қанақа янгалар. Падарлаънат, ўзи биттасига зўрға чидаб юрибмиз-у.
Нима бўпти, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Айтса айтар, шу билан хурсанд бўладиган бўлса – икки марта айтавермайдими? Э, ўн, минг марта айтмайдими шуни? Шу билан осмон узилиб ерга тушармиди? Шу билан сенинг хотининг иккита бўлиб қолармиди? Ахир буларнинг ҳаммаси арзимайдиган, ўйлашга ҳам, гапиришга ҳам, умуман сариқ чақага ҳам қиммат гапларку!

VII

Савол қуйидагича турур: «Мен бугун қилаётган ишдан қандай самара чиқади? Эртага қиладиган ишимдан-чи? Менинг жамики ҳаётимдан нима маъно чиқади?» Бошқача қилиб ифодаласа, савол бундай бўлади: «Мен яшаб нима қиламан? Бирон нарсани исташимдан нима маъно? Бирор иш қилмоғимнинг нима кераги бор?» Яна бошқачароқ саволни бундай ифодаласа бўлади: «Ўлим ҳақ, мен, албатта, бу дунёдан ўтаман. Менинг яшашимда шундай маъно бормики, менинг ўлимим уни маҳв эта олмаса?»
Оғир саволлар, шундайми? Толстойнинг жавоб топа олмаган, аниқроғи, жавоби йўқ саволлари. Энди бунга мен жавоб излайми – ҳожати йўқ. Мен жавобни ҳаётдаги феъл-атворим ва яшаш тарзимдаги ўзига яраша ўзгаришлар билан топишим мумкин, деб ўйлайман.
Ошга кетатуриб йўлда сермасланиб турган икки аёл билан саломлашиб қўйдик, ўн йилдан ошдики, бирга ишлаймиз ва биламиз – уларнинг “ким”лигини. Очиғи, уларга нисбатан фикримиз бузилмаган ҳеч ҳам. Аммо ҳаракат бор… Уларда! Қилиқлар, кийимлардаги оттенкалар, Бўрттириб кўрсатишга уринилади баданнинг одамнинг эркакман, деганини қизиқтириши эҳтимоли бўлган нуқталарини… Либосларда. Кейин гап-сўзларда ҳам қандайдир таманноларни кузатасиз. Ажабо, ошга кетаётган йигитлардан бирига Одинанинг мени ўзингиз билан обкетмайсизми, деган гапини ҳаммамиз эшитдик.
Ажабланиш ҳисси қанча одамда бор. Йўқ, одам ўзи бировни ҳайрон қолдириш, лол қилиш, ҳайратга солишни хуш кўради, ваҳимага ўч, шов-шувнинг кетидан қувади. Эшитдингизми, ҳозиргина айтишларича, ва ҳоказо жумлалар билан бошланадиган бундай шум(асосан шум хабарларга ўчмиз) хабарни биринчи бўлиб гапираётган одамларни кўрганингда тавба, нега энди бировнинг бошига тушган кўргилик ёки биров қилган хато учун бу одам яшнаб кетаяпти, бунча кайфияти кўтарилаяпти бунинг, деб ўйлайсан бехос. Гарчи куйиниб, ўша одамга дардкашдек кўрсатиб гапирса-да, шу воқеани бўрттириши, одамларнинг янада фаолроқ, диққатларини бериб эшитишларини истаётганидан бу одамнинг кайфиятидаги ҳолатни сезмасликнинг иложи йўқ. Аммо, уч-тўрт кундан кейин бу шов-шувнинг ҳам қиймати йўқолади. Ўша одамга ҳам эътибор пасаяди, умуман, шу довдир-совдирлик билан бу тоифа одамлар барибир озми-кўпми, обрўларини ҳам йўқотиб боришади.
Энди ўйлаб кўрсам, мен ҳам худди шундай кишиларга ўхшаб кетаётгандекман… Сизчи, ажабланманг, аслида сиз ҳам шундайларнинг бирисиз… Ўзингизга холис баҳо беришга ҳаракат қилиб кўринг-а…

2010.