Қурбон Эшматни танийсиз. Ҳа, ўша машҳур журналист, ҳозирда “Солиқлар ва дунё” деган газетанинг муҳаррири. Бизларга устозлиги ҳам бор. Одамнинг жони дейишадику, шу одамларга ўхшаганларга айтилган гап шу.
Энди агар тўғрисини айтсам, ҳозир сизга айтмоқчи бўлаётган воқеани бир кун ҳаммага ўзим айтишим керак, деб юрганим учун қоғозга туширяпман. Азбаройи бошқача одамларнинг қанақалигини айтмоқчи бўлиб бошланган бу ҳикоялар аслида ҳаётда бор одамлар ва уларнинг турли кундалик воқеаларга муносабатларидан ҳайратланганимиз, ундан хурсанд бўлганимиз, бошқаларга ҳам қизиқ ва билиб қўйса ёмон бўлмаслиги каби мулоҳазалардан келиб чиқиб ёзилган. Қолаверса, бу ҳикоянинг яна бир алоҳидалиги бор, буни кейин ўзингиз фаҳмлаб оларсиз.
1996 йил эди чамаси. “Ўзбекистон овози” газетасида Қурбон ака билан бирга ишлаймиз. Эшматов (Бу одамни кўпчилик фамилияси билан атайди, бу ҳам ўзига хослик) бўлим бошлиғи, мен ходим, катта кабинетда Норқобил Жалил учаламиз бирга ўтирамиз. Норқобил ака яхши қаламкаш, ҳозирги кунда “Оила ва жамият”ни гуркиратаётган журналист. Ҳазиллари ўткир, гап келганда, отасини ҳам аямайдиганлардан. Ўшанда жума куни эди. Таътилга рухсат олганман, аниқроғи, жумада буйруқ чиққан, душанбадан ҳисоб. Ўзи одатда шунақа қилинади, ўзингиз ҳам шундай қилгансиз чиқар. Шанба куни қандайдир бир юмуш билан ишхонага келиб кетдим. Душанба яна келдим, ишхонаям магнити борми, кунига бир келиб кетмаса, худди бирон нарсангни йўқотадигандекмией ҳисланиб юрадида одам, ўзи таътилда бўлсанг бало бормиди, дейдиган одам йўқ.
Келиб хонага кирсам, Қурбон Эшмат ўзининг “молтопар” сейфини ағдар-тўнтар қилиб тинтиб ўтирибди. Келинг, аввал сейф ўлгур ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтай. Бошқа бирон жойда кўрмаганман, бир темир яшик, оғирлиги ҳам ўн беш-йигирма кило чиқар, дейман. Кейин қишлоқларда бўлади – катта қулф, шунақа зорманда билан ёпилади. Акамиз бир оғайнисининг икки минг доллар пулини чўнтагида кўтариб юради, айтадики, ўша дўстига уй олиб бериш керак. Эътибор беринг, икки минг долларга ўша пайтда икки хонали уй олиш мумкин эди. Жума куни кечқурун бир жойда улфатчилик режалаштирилиб Қурбон ака шу пулни кўтариб юрмай, деган фикрда уни сейфига солиб қўяди. Сейфнинг калити ҳам чўнтагига “оғир”ми, “қўпол”ликми қилади шекиллида, столининг тортмасига қўйиб кетади. Эртаси, яъни шанба куни ҳам ишга келган, лекин зарурати бўлмаган шекилли сейфни очиб кўрмаган. Душанба куни бир нимани излаб сейфини очса… Пул йўқ, ўша долларлар йўқ. Мен ўтирибман хонада, ўзимни қўярга жой тополмайман, худди ҳақиқатдан ҳам, йўқ энди ўзингиз ўйланг, ҳар қандай одамнинг кўнглига биринчи бўлиб шу хаёл келадида, тўғри эмасми, ўзимга ҳам шу фикр келаяпти ўша топда, ростиям ўзим ўғирлагандай ҳижолатдаман, нима деб гапириш керак, қандай сўзларни айтиш жоиз бундай ҳолатда – билмайман.
Хуллас, икки мингдан бир минг саккиз юз доллар олинган, қанчадир Россия рублига тегинишмаган. Бироз карахт бўлиб турдида, э онангни, деди Қурбон ака, яна бир нималар деди. Кейин кулади, Ҳусанбой, отам (у ҳаммага, ҳатто аёл кишига мурожаат қилса ҳам “отам” деб гапиради) нима қиламиз?
Мен нима дейишим керак, нима қилсам, нима десам тўғри гапирган бўламан. Тилим айланмайди. Хуллас, ўша куни алламаҳалгача отамлашдик. Бир маслаҳатга келдик. Устоз(шундай деб айтсам у одамнинг ҳақи бор)нинг Ички ишлар вазирлигида каттакон амалдор ошнаси бор. Шунга мурожаат қиладиган ва текширтирадиган бўлдик. Менга ҳам шу керакда, барибир ичида нималар хаёлига келмайди дейсиз. Бунинг устига, юристлар тили билан айтганда, менда “алиби” йўқ, ҳамма фактлар менга “антиалиби” бўлиб турибди. Шундан сешанба ё чоршанба куни ўша амалдор дўсти келди идорамизга.
Сўраб-суриштириб нима воқеа бўлгани, қандай ҳолатда бўлганини билиб меҳмон кулиб юборди. Ҳақиқатда ҳам кулгили. Ўзи ҳуқуқий мавзуда ижод қиладиган журналист, қанча суд очерклари муаллифи, жиноий ишлар бўйича адолатсизликларга барҳам берган изқувар ижодкор Қурбон Эшмат ўзига келганда, кўп хатоларга йўл қўйган, яъни бундай ўйлаб қараса, ҳамма жойда ўзларининг бармоқ излари, ушламаган жойи қолмаган сейфини, калити, тортмаси ва ҳоказоларни.
Эшматовнинг ўртоғи мен ишхонангиз олдига бармоқ изларини текширувчи катта автобус шаклидаги машина олиб келиб иш бошлатаман, билиб қўйинг, бинога кириб ишлайдиган ҳар бир одамнинг бармоқ изларини оламиз, кейин сейфингиздаги билан солиштириб кўрилади, суриштирув, қидирув ва тергов олиб борамиз, балким топилиб қолиши мумкин, деди. Кимдан шубҳангиз бўлса, уларни биринчи бўлиб текширамиз. Ҳе , Жабборқулда жон қолади, дейсизми? Тасаввур қилинг, “Матбуотчилар” кўчасидаги етти қаватли газета таҳририятлари биносида энг камида икки минг одам ишласа керак, дейман. Ўнлаб газета таҳририятлари, “Шарқ” нашриёти ходимлари, техник ва муҳандислар, фаррошлардан тортиб киоска, ошхона ишчиларигача анча одамда энди. Шуларни пастга автобус қўйиб бармоқларини текширтиришаяпти, тасаввур қилингда, нима бўлади, энг биринчидан, гап-сўз урчийди, нима эмиш, Қурбон Эшматнинг икки минг доллари йўқолибди, ие, ўзи бир журналист бўлса, шунча пул, яна долларни қаердан олган у, ҳа, пора бўлса керак – биринчи гап шу тахлитда пайдо бўлади.
Ҳеч ким Қурбон Эшмат оғайнисининг қистови билан унга икки хонали уй олиш учун икки минг доллар пулини бир ойдан буён олиб юргани, унинг ниҳоятда покиза ва ҳалол одам эканлигини, камтаргина яшаши, қолаверса, чўнтагида ҳар доим ҳам пули бўлавермаслиги, баъзан тушликка чиқаётганида ё ҳисобчи Холмуроддан, ё бўлмаса ходими Ҳусан Эрматдан беш-олти юз қарз сўраб туришини гапирарми эди дейсиз.
Йўқ, биламиз, олдиндан биламиз, нима деб гапиришини бу касбдошларнинг-у, дўсту-душманнинг. Рост-да, қанча кўп дўсти бўлмасин, душмани ундан ҳам кўп, деб айтаверинг Эшматовнинг. Бу шу одамнинг ёнида юриб, озгина ҳаёти ва ташвишларидан хабардор бўлганим учун, ёйинки мингта оғайнисидан бири бўлган менинг кўнглимдан ўтганлари, Қурбон Эшмат ўзини мендан анча яхши билади, қанча дўст-душмани бор, яна қандай антиқа ва ифлос гаплар пайдо бўлишини у ҳаммадан ҳам кўра яхшироқ ва аниқроқ тасаввур қилади-ку. Қолаверса, яна муҳим жиҳати, шунча гап-сўздан кейин ҳам ўша пул топилса… Мана, муаммо.
Хуллас, шу одам бирон кун қош-қовоқ солмади, бирон марта муомаласи ўзгармади, энди-энди ҳазиллашиб қўямиз, ака ўша пулни бир ўзим емаганман, Норқобил дўстингиз билан бирга олган эдик, деб. Дарров ҳазилга ҳазил улайди, биламан, “Норқобил уйини ремонт қилди, сан томингни ёпдинг. Шуни шундай, ўзимдан сўрасаларинг ҳам берардим, карнайчидан бир суф-да”, деб қўяди. Бундай воқеалар албатта беиз кетиши қийин. Одамга таъсири бўлмай қолмайди.
Билдирмади, деймизу, яқинда микроинфаркт бўлганини эшитиб ўйланиб қолдим, ташқарисига чиқармаган билан ичидан зил кетмайди, дейсизми.
Яқинда ўғил уйлантирди, ҳамма журналист ўша ерда. Тўй эгаси бой бобо бўлиб тўёна олиб турибди. Мен ҳам қўлимдагини ҳеч кимга кўрсатмай секингина бердим. Қарасам, кўйлагининг чўнтагида долларлар, мана Жаббор Раззоқов, кейин яна бир қатор амалдорлар, уларнинг отини айтиб бўлмайди, уларнинг тўёналари ўша манзилга етказиб қўйилмоқда. Бироз туриб секин ёнига бордим, устоз, дедим ўзигагина эшитадиган овозда , ҳа отам дейди у. Бу сейфнинг калити ҳалиям ўша адресда турадими, “қайси сейфнинг”,- сўрайди айёрона боқиб. Мен айтаман, ўша молтопарнингда, “э, уни сотганман”, кимга? “Норқобилга текинга сотилиб кетган у сейф”. Мана кўрдингизми, айбдор эмаслигим шу ерданам маълум, дейман кулимсираб. “Йўқ, дейди Устоз, – сенларнинг икковингаям ишонч йўқ, шунинг учун пулни сейфга солмай қўйганман”. Қаерда туради бўлмаса, десам у шундай дейди кўкрагини кўрсатиб , мана шу жойда, камбағалнинг моли кўзининг олдида туриши керак.
Ишқилиб, ўша адресда тўй харажатларига ундан-бундан олинган қарзлардан ортиб бир нима қолган бўлсинда…