Одам эрта тонгни қандай қарши олган бўлса у куни билан шунга яқин кайфият билан юради. Сиз бугун тонгни қандай кутиб олдингиз? Тушуниш мумкин, кеча туғилган кунда бўлган эдингиз, кўнглингиз бўш, ўзингиз айтмоқчи, озгинадан бошланган қултамитсин бора-бора… охири қандай ҳолатда уйга келганингиз ёдингизда йўқ. Ана холос, ўзингиз ўзингизга куни кеча энди оғзимга олмайман, бу гал ҳозирги сўзим, энди бошқа ичмайман, ўзим учун, деган сизми эдингиз?
Э, яшасинлар мавлоно. Сизни ўзининг ўзига дўстлиги йўқ одам, деса бўлади. Яна бошқалардан гина қилиб қўямиз. Валлоҳи аълам, аввал ўзларидан бошласинлар. Ўзларидан, ҳа , кейин бошқа масалалар, бошқалар, яъни дўстман деганлар-у, дўстим деб юрганларидан гина айлагайлар.
Ўзи зўрға ётибман-у, яна шунақа хаёллар билан бандман. Ўзингизни менинг ҳолимга солиб кўринг, сиз кечаси билан мижжа қоқмай беҳузур ётсангиз, шунақа мавлоно, савлоно деган гаплар келадими каллангизга. Бу ғирт ўзининг устидан кулишга ўхшайди. Хотин овора. Буям, мана йигирма йилдан бери ҳаётнинг мен кўрмаган қизиқлари шулар экан-да деб ўйласа керак болапақир. Болалар кап-катта бўлиб, қизинг бўй етиб, ўғлинг эр етиб турса, эрта-индин ҳовлингга қулликка келадиганлар шай турса-ю, яна бу кишимнинг аҳволлари бу бўлса. Қайси куни ишхонада катта мажлисда муҳаррир ҳам шақшайиб олиб нима дейди денг, биламиз баъзиларни кечаси билан ичиб, эртасига идорада куни билан ароқ сасиб юришади, бу билан қанақа меҳнат самарадорлиги бўлиши мумкин деб. Ундай-мундай деймиз-у, ҳақиқатан ҳам қанақа меҳнат самарадорлиги ҳақида гап бўлиши мумкин.
Вой, бош ҳам шунақа бўладими, қимирлатсанг лўқ-лўқ. Ажабо, шунча балоларга дори топган дўхтирлар бу бош оғриғига ҳеч бир малҳам топа олмайдилар. Шуларга беш кетмадим. Агар ичгандан пайдо бўладиган бош оғриғини тўхтатадиган дори ўйлаб топилса, энг катта фойда шундан келса эҳтимол.
Шу кетишда пешин оққанда сал қўйворади чамаси-да. Буёғи кутиш керак. Кечаси неча марта ташқарига чиққан бўлсам шунча марта уйғониш машаққатини бошидан кечирган хотин мени умуман тушунишни ҳохламайди, ичганча бугун бозорга тушиб манави товуқларга дон олиб келишингиз кераклигини ўйламадингизми, тўрт кундан бери шу аҳвол, эрталаб тайинлайман, кечқурун, чалажон бўлиб келасиз. Манаву Ориф қўшнидан кунига бир қўшивучдан олти марта маккайи олдим. Одамда бет ҳам қолмади. Буларди биласизку, бир нарсани икки марта сўраб бўлмайди. Бетим ҳам қолмади, бўлмаса товуқларнинг ўзини қуритиб келинг, менга мисол учун керак эмас.
Ҳой барака топгур, мен ҳозир сенга ҳатто гапиришга ҳолим йўқ. Гапириш тугул, айтаётган ҳар бир сўзинг миямга ҳанжар санчгандай урилаяпти, овозингни ўчиргин, овозинг ўчгир дейсиз, албатта ичингизда. Мен мана ҳозир шундай қиляпман ҳам. Бу албатта хотинга умуман кор қилмайди. У дийдиёсини давом эттираверади. Агар отам(қайнотаси, яъни менинг отамни назарда тутяпти) кечаги гал қишлоққа борганингизда айтганакан-ку бу ичкилик обрў опкемайди, сенга нима етишмайди, деб, отамнинг гапини ҳам олмасакансиз-да. Уф, энам(яна менинг онам ҳақида кетяпти гап) ўзи айтади бу отангнинг уруғида ичмагичи йўқ деб. Товба, сал инсоп биланда. Ўзиям бир яшик ичган чиқасизов кечаги ўкиришларингиздан. Қўшнилар ҳам аниқ эшитган бўлса керак.
Азоб, азоб, шу қани ҳолинг бўлса-ю, туриб хотинингнинг чакагини ўчирсанг, шунақанги туширсангки, ўчса, уни ўчса. Қани ўша куч, мадор йўқ-да шу. Ҳозир бош, мия оғриқларидан ҳам унинг сўзлари, ҳа гаплари эмас, ҳар бир сўзи алоҳида-алоҳида қонимга ташна қилмоқда. Гап унинг нима ҳақида, қандай маънодалигида, йўналиши, дийдиёси, муҳим-номуҳимлигида эмас. Ишонинг, хотинларнинг чакаги тўғрисида ҳикоя ёзган, қисса-ю шеър ёзган, ёки аския қиладиганлар менимча аниқ ҳозир мен қандай ҳолатда бўлсам шу ҳолатни бошларидан кечиришган. Аниқ. Мен бунга юз фоиз аминман, мингдан минг марта. Ҳожибой айтмоқчи “чакагагин” деган дори шунақанги керак дори эканки, раҳматли бу аскиясини бирон роса зўр маишатнинг эртаси куни ижод қилган бўлса эҳтимол.
Бу томонда телефон, баъзан куни билан биров сўрамайдиган Шоймановни бугун тонг азондан сўрашгани сўрашган. Биринчи бўлиб Миша телефон қилди. Ассалому алайкум, дейди у бақириб – ҳар гал шундай. Саломдан ёқимли сўз бўладими бўлмаса. Лекин шу боланинг саломи бирам ёқимсизки, тавба ўз ҳолингча, тўғриликча гаплашавер, ўзим айтиб юрадиган гапларни тахлаб ташлайди, журипсиз кўрчичқоннинг кўзини ўйғандай.
– Ҳа, энди, – зўрға чиқади овоз.
– Бизам мана хотиннинг олдида ётиппиз Худо деб. Бугун куннинг авзойи бузилиб турибди.
Сенам нимадир дейишинг керак. Бунинг кўнгли бир нозикки, сал бошқача муомалани сезса, дарров тўнқиллаб бошлайди, балоларга қолишинг аниқ.
– Ҳа, дарвоқе, Тошкендаям шунақа шекилли, ҳа ҳали жотипсан шекилли, ҳа мундай эрта туради, бомдодга турсангам ҳақинг кетмайди, – дейди у. У ҳақ, энди инсоф юзасидан айтганда, мен қаторилар ишқилиб инсофга кириб, бирови номоз ўқиган, яна бирови рўза тутган, ҳарқалай, кексалик бўлмаса ҳам бошида дўппи, нуқси уриб қолган шунақа монанд авлоднинг. Уф, бу ҳали давом этаяпти,
– Мана бу Аҳматни кўрган эдим кеча, шу тўй бошламоқчи экан, бир нормальний артист қанчага келаракан, шуни бир сўранг деяпти, нима дейин жўра?
Нима деган бўлардингиз?
– Билмасам, эрта-перта гаплашайлик, ҳозир бироз маза йўқ эди ошна, бир маслаҳатлашиб кўриб айтаман, хўпми?
У қўйса қани:
– Уни биласан-ку, бир беш-олти юз минг беради, ундан кўп беролмайди, шунга яраша, шунга рози бўладиган ўзингнинг ошналарингдан бировини об келади деб қўйдим, Анварминан Собир кемайдику энди бу пулга туврими?
-Кўрамиз, жўра, кўрамиз сенга ўзим айтаман, давай, – телефонни диваннинг устига ташлаб югуриб ташқарига отиламан .- Падарига лаънат шу ароқни ўйлаб топганнинг.
Ростдан ҳам булут бор экан ҳавода. Ўқчиб-ўқчиб бироз енгил тортгандай бўламанда яна ётоғимга қайтаман. Э жонингдан ўтиб кетгандан сўнг бировдан уялмай ҳам қолар экансан, менинг уйдан отилиб чиққанимни қўшни кузатиб турибди, мен унга эътибор ҳам қилмабман. Кўрдим, бироқ қарамадим, ҳеч нарса демадим ҳам. Дейдиган эмасиди аҳволим. Ўл бу кунингдан дердик жўраларга ҳазил қилиб ёшликда. Бу ундан беш баттар ҳолат. Телефонда қандайдир овозлар, э бу Миша ҳали ўчирмапти занғар, жуда малол келади яна гаплашиш, начора.
– Жўра, илтимос ўзим телефон қиламан, кейин гаплашайлик.
– Эй, менга қара, уйингда тинчликми, хотининг билан уришиб-нетиб ётганинг йўқми? – шу гап кам бўлиб турибдида менга.
– -Эй онангди эмгир, қўясанми йўқми, айтдим-ку, ўзим телефон қиламан, деб – телефон трубкасининг қизил нуқтасини алам билан босаман.
Калланинг ичида нимадир отилиб чиқиб кетадигандай азоб бераяпти. Билмадим, бу мия пишиб кетиб қайнаб чиқмоқчими ёки қон томирларга сиғмай қолаётирми, билмадим, ишқилиб сўз билан тиниқ тасвирлаб бўлмайдиган оғриқ.
– Кўзимни юмаман, озгина кўзим илинса бироз ўзгарармидим дейман. Кичик қизим киради, дада, менга устозим икки минг етти юз сўм олиб келинглар деди. Бу энди кўзимга илинган уйқуни бузаётган гаплар. Барака топ қизим, мактабга кетаётганинг йўқми, – алам қилаётгани гап оҳангимдан сезилади.
– -Соат ўн иккида кетаман,- англамагани сезилиб турибди.
– Ўзим кетишингдан аввал бераман, хўпми?
– Хўп.
Устимга кўрпани тортаман, қаҳратон совуқ бўлганда ҳам бошимни кўрпага тиқиб ётолмайдиган жигит икки қават кўрпага шундай ўрандимки, нафас олиш учун етарли бўлган кислород қайси тешик ё тирқишдан киради деб ўйлаганим, бу масала хаёлимга келгани ҳам йўқ. Хуллас, бир соатлар чамаси “ширин” уйқудан сўнг туришга тўғри келди. Ишхонадан хабар келди. Қаранг хабар эмиш, бугун иш куни бўлса, ўзинг кимсан, сени ишхонага вақтида бормайсан, дейдиган одам йўқ, бир нарсани дўндириб отгул қиладиган ҳаққинг бўлса ҳам майли эди, яна маданият билан сўрашибди, хотинқулнинг айтишича, иложи бўлса борар эканман, Самарқанддан бир киши келиб кутиб турганмиш.
Эрталабки тозаланиш тадбирларидан сўнг ишга отландик. Бош оғриғи тарқаб кетгани йўқ. Автобус ё метрода юриш хавфли, бирдан кўнгил айниб қолса нима бўлади. Такси тўхтатамиз. Келишган жойда тўхтаган такси ҳайдовчисига икки минг сўм узатдим, у менга ғалати қараш қилди, камми дегандай имо қилсам:
– Ака, договор дороже денег. Бу нима қилганингиз, дейди. Тавба, калланинг жойида эмаслигидан бошида келишганимиз ҳам эсдан чиқибди. Ишқилиб, ўзинг шарманда қилмагин илоҳим деб ишхона кириш жойига борсам, ҳар сафар жанжал қилиб кетадиган шикоятчи чол турибди. Албатта, мен мени кутаётган одам у эмасдир, деган хаёлда, аниқ айтсам шу маҳалдаги шу энг катта орзу билан милиция постига яқинлашганим ҳамоно менга ниҳоятда таниш ва ниҳоятда ёқимсиз овоз, гапини тушуниш анчайин, соғ одамнинг тушунишини назарда тутяпман, оғир бўлган қаҳрамонимиз, бугун эса менинг “персоналний геройим” бухоролик чол, исмини эсда сақламабман, ўзини таништирганда бу чол исмини айтмайди, барча қаҳрамонликларини айтади, шу исмига келганда, назаримда эшитаётган одам бунга қизиқмайди ҳам шекилли-да. Чунки, бунга ҳожат қолмаса керак…
…Биринчи учрашувимиз хонада кечган эди. Бу кишини бир-икки кўрганман шунгача ҳам, қандайдир бошқа газеталарга кириб, кимлар биландир гаплашиб юрар эди-да. Ўша куни, тушликка яқинроқ, хонада ўзим ўтирган эдим. Биз уч киши бир хонада ишлаймиз. Эшманов деган ҳуқуқ бўйича ёзадиган бўлим бошлиғи, Маҳмуджон ва мен – мухбирлар. Шу эшик очилиб, секин-аста бир одам мўралаб бошини кўрсатди. Ғалати жиҳати, айни кузнинг охирлари, ҳаво совуққина бўлиб, ғалатилиги кираётган бошда ёзги шляпа, янгироқ, ҳали оҳори тўқилмаган, мўралаган бошнинг навбатдаги ташриф қоғозини тақдим қилган бўйин қисмида футболкадан юқоридаги ниҳоятда покизалиги шундоққина рангидан “сезилиб” турган бўйинда бўйинбоғ, эгнида фуфайка, албатта тозалиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин бўлмаган алфоздаги, тананинг қуйи қисмида жинсилигини тусмол қилиш мумкин даражадаги шим ва резина этик. Албатта тасаввурингиздаги одамни гуллар ўсиб турган шинамгина хонага киргазиб кўринг, ҳаводаги ўтакетган бадбин ҳидлар димоғингизга урилаётгандек бўлмаса мен кафил. Биз буни реал ҳаётда кўрганмиз, бошимиздан ўтказганмиз.
Салом, – ушбу муборак меҳмон оғзидан “с” ҳарфи “с” билан ”ш”нинг орасидаги бир овоз сифатида чиқди, мен бу мавжудотни албатта ўттиз фоиз ҳам тарифлай билмадим. Агар тарифлай билганимда ҳали тирриқ бўлмаган таъбингиз албатта тирриқлашиб, менга нисбатан қандайдир ёвқараш пайдо бўлар эди. Балким шуниси ҳам дурустдир. Лекин мен бу одамсимон тананинг юз тузилиши ҳақида бир оғиз гап айтмасам бўлмас. Бу азбаройи мабодо кўча-кўйда кўзингиз тушиб қолса, эътибор қиларсиз, деган маънода айтилаяпти. Бошдаги шляпа агар жони бўлса ўзига ўзи ўт қўйган бўлар эди, бундай бошлар устида туриш учун нақадар бахтсиз экан бу кийим-а… Мен, мисол учун шу шляпага жуда ҳам раҳмим келди. Ёши олтмишдан ошганлардай кўринадиган бу ифлос маҳлуқнинг сочлари тўзиб кетган, яқин икки ойда сувнинг яқинига йўламаганига кафолат бераверса бўлади. Соқолларнинг бетартиб ва ярашиқсиз ўсганидан, биз одатда соқол қўйган кишиларнинг юзида топадиган қандайдир маъно, нур, қандайдир илиқлик йўқ эди бу юзда. Энди унинг муддаосига келсак. У ўзини мустақиллик билан боғлаб ўн беш дақиқа маъруза қилди, лекин мен унинг мазмунига етмадим. Айтишига қараганда, у ойга парвоз қилиши, у томондан қандайдир режаларини тайёрлаши, негадир ўғли ва қизи унга қарши эканлиги, қолаверса колхоз(ўша пайтда хўжаликлар эди, дарвоқе, бу чолга бунинг нима фарқи бор ўзи) раиси ҳам унинг оламшумул режаларига тўғаноқлик қилаётгани, у газетада мақолалар, ҳа айнан мақолалар чиқариши кераклигини билдирган эди. Мен ўта реалист одамман. Бу мақтаниш эмас, бироқ бир нарсанинг амалга ошишига ўзим ишонмасам бировга ваъда бермайман. Қолаверса, бу махлуқот қаршисида бундай ваъда бериш учун ақлинг ҳам жойида бўлмаслиги керак. Нима қилмоқ керак? Калла ишласа вазиятдан чиқиш мумкин. Хатлар ва шикоятлар бўлимида ишлайдиган Шаҳобиддин яхши йигит, бироз мақтанчоқлигини ҳисобга олмаганда албатта. Шу ижодкорлигидан фирибгарлиги кўпроқ тарози босадиган ҳамкасбимиз бир “оламшумул мақола” битаётгани(бу унинг ўз ибораси) ҳақида бундан ярим соат аввал мақтанган, агар қишлоқлардан истеъдоди баланд бўлган кишилар ҳақида маълумотлар бўлса беришимизни сўраган эди. Қарасам, мавзуга жуда мос. “Истеъдоди” барқ уриб турибди. Отахонга мурувват кўрсатиб ўтиришга чорладим ва сўз қотдим:
– Мен бу ерда янги одамман, сиз кўтараётган масалага ақлим етмас дейман, айни шу масалада бир устозимиз иш олиб бораётган эдилар, шу киши билан бир гаплашиб кўрсангиз, – десам унинг кимлигини сўради. Менга шу керак эди ўзи. Тарифига зўр бердим.
– Пойтахтдаги барча муҳим масалалар шу одамнинг қўлидан ўтади. Бизнинг устозимиз бўлади.
– Қани гаплашчи, – деган жавоб бўлди. Шаҳобиддин рўпарадаги хонада ўтиради, ҳозир жойида, мен ички телефондан унга қўнғироқ қилиб гапни узоқдан ва албатта у ёқтирадиган мулозаматлардан бошладим.
– Устоз, дедим чўзиб, бу унга мойдек ёқади. Энди амалда у қандай қилиб менга устоз бўлсин. Йўлигада. – Бошлаган оламшумул асардин яқин ойлар ичинда биз фиқр-у ғураболар-да баҳраманд ўлғайларму?
– Эй, мавлоно, сиздек укаларнинг қувваи ҳофизаси учун уни тез кунлар ичинда еткармоқ истагинда ёнурмиз, муродингиз ҳосил бўлодурғон кунлар яқиндур бўтам.
Менинг муродим ундан-да тезроқ ҳосил бўлмоғи ўзимга аён эди албатта. Усталик билан унга бояги гапини эслатиб қўшимча қилдим:
– Олдимда бир улуғ инсон ўтирибдилар. Сиз у кишини албатта танийдурсиз, кўргансиз(аминман, албатта кўрган, танийди), шу инсоннинг бутун олам билиши жоиз бўлган бебаҳо ғоялари бор экан, мен ушбу топилмани сизга илиндим, менда ҳозир яна бир ўзимнинг бўйимга мос топшириқча бор эди, шунинг учун бундай улуғ ишлар фақат улуғлар қўлидан келур, деб сизга бермоққа қарор айладим, мавлоно. Қаранг гапларни ҳам маржондек тизиб ташладимми, ортида катта манфааатим бор, шу мавжудотдан қутулиш, мана менга “илҳом париси».
– Ким экан ул зот, – гўшакдан жуда мулойим овоз келади.
-Ҳозир ул устодни олдингизга ўзим бошлаб борурмен. Сиз бир пиёла чой қўйиб турингиз.
-Бош устига.
Ҳис ҳаяжонларни жиловлаган ҳолда меҳмонни хонадан кузатиб чиқиб эшикни илиб, унга Шаҳобиддиннинг эшигини очиб марҳамат қилинг, дея ичкарига таклиф қилдим. Эшикни ёпиб қандай тезлик билан зинапояга етганимни билмайман, пастга тушиб, тушликка кетатуриб ортимга бир ўн марталаб қараган бўлсам керак, бу одам қувиб келмаяптимикан, деган ҳадикда.
Тушлик узоқроқ нуқталарда ижро этилгач, бирон икки соатларда ҳалиги ҳадикларни йўқотиб, озгина тўлишиб, озгина салобатли юришлар ва кекириб қўйишлар ила тўйинган қадам олишлар билан хонага яқинлашар эканман, Шаҳобиддиннинг хонасидаги жимликдан хотиржам тортдим. Ҳарқалай, ҳеч ким йўқ. Эшикка калит солсам, очиқ экан, бамайлихотирлик билан уни очиб… Не кўз билан кўрайки, ҳалиги норасо Эшманов билан қучоқлашиб турибди-да. Эшманов, э номард шу мавжудотни ҳам “отам” деб турибди. Э отанг ўлиб, отасиз қол-е, Эшманов, – дедим ичимда. Отахон еттинчи осмонда, менга ёмон гап айтмади. Эшмановни икки юзидан икки марталаб ўпти. Кейин мен билан қўлларимни сиқиб хайр-хўш қилди. Уни бир бало қилиб кузатдик. Хонанинг ҳамма очилиши мумкин бўлган жойларини очиб, ҳидини кўп ёмон кўришимизни яширмайдиган ҳисобхона ходимаси Маржона қизнинг кооператив духисини олиб келиб роса пуфлатиб ҳалиги одамсимон нимарсанинг исларини ҳайдаган бўлгандик. Мана шу одам мени чақиряпти, мен билан гаплашмоқчи, мени балким қучоқлаб ўпмоқчи ҳамдир. Расвои раддибало.
Бошимдаги оғриқ … эсимга тушди. Бу ундан беш баттар оғирроқ оғриқ эди.
2007