Муҳаббатнинг кўзи кўр, деган ақида ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборишини билмасдим. Бошга тушганини кўз кўрар, деганлари шу, шекилли? Феъл-атворимда қандайдир ўзгариш бўлаётганини ён-атрофимдагилар ҳам сеза бошлашди. Шўх-шаддод, шеър-қўшиқ айтиб даврани гуллатадиган қиз бирданига камгап, сипо бўлиб қоладими? Менга нималар бўляпти ўзи? Тикувчилик цехида ишлайдиган катта-кичик ҳамкасбларим олдида айб иш қилган одамдек ўзимни четга оламан. Ўта сергап қизнинг одамови бўлиб қолгани, айниқса, онамдек яқиним — Аширой опани қизиқтиргани боис илмоқли гап ташлайдиган бўлди:
— Абдужаббор, сенда бир гап бор…
Аширой опа тикув машинасини ғириллатиб ҳаракатга келтирар, тикаётган кийимининг дам у, дам бу ёғини ағдариб чоклар, баъзан кўнгилдагидек чиқмаса, бошқатдан сўкиб тикишдан сира эринмасди. Менинг қўлим ишга бормаётганини, нигоҳларим кимнидир излаётганини Аширой опа дарров илғар, кўзойнак тагидан синчковлик билан қарар, “Сенга ўзи нима бўлди, тушунмайман, бутунлай бошқача қиз бўлиб қолдинг”, дея мени ноқулай аҳволга соларди.
— Сизга шундай туюляпти, ҳеч нима бўлгани йўқ, қизиқмисиз? — дея Аширой опага сездирмасдан эшикка қараб қўяман. Назаримда, шу лаҳзада уста йигит кириб келадию ёнимда пайдо бўлиб, ҳол-аҳвол сўрайди, ана шунда мендан бахтиёр одам бўлмайди. Аммо эшик очилмайди. Хонада эса тикув машиналарининг бир маромдаги “ғир-ғири”. Чеварлар ўз иши билан андармон.
Кимнингки, дастгоҳи бузилиб қолса, жингалак сочлари осилиб пешанасига тушиб турадиган, кулгичлари ёқимли, торгина жинси шимда эпчил ҳаракат қиладиган уста йигит созлаб берар, негадир чеварларнинг барчаси уни ёқтириб қолганидан гап отишар, мен ич-ичимдан уни қизғанардим. Уста йигитнинг индамаслиги, мўмин-қобил қиёфаси, ораста, дид билан кийиниши, мулойим жилмайиб қўйиши ҳар қандай кишини унга хайрихоҳ қилиб қўярди. Эркин афтидан, ўзига муносиб жуфт ахтариб юрар, аммо буни ўзгалар сезиб қолишини истамасди. Унинг шаҳарни тарк этиб, қишлоқни ихтиёр этганига ажабланмадим, киндик қони томган юртнинг сеҳру жозибаси кимни ҳам ўзига тортмайди. Аширой опа -Эркиннинг қишлоғи беш чақирим нарида эканини айтиб қолувди.
Одамни баъзан шайтон йўлдан уради, мен дастгоҳим ишдан чиқиб қолишини ва шу ондаёқ Эркин ёнимда ҳозиру нозир бўлишини истайвераман. Аксига олиб машинам бекаму кўст ишлар, чокланадиган кийимлар уюлиб хирмон бўлиб турарди. Чеварликнинг паст-баландини унча-мунча ўзлаштирган бўлсам ҳам тажрибасизлиги туфайли дастгоҳини бузиб қўйган тикувчи қиёфасига кириш мен учун осонгина ишга айланди. Машина айланишини маромида таъминлайдиган “қулоқ”ни жўрттага бўшатдим. Энди дастгоҳ айланмай қўйди, нинаси ҳам чок ҳосил қилмасди. Югуриб пастки қаватга тушдим. Бу ерда соатсоз, телевизор устаси, сартарош, сураткаш, этикдўз учун алоҳида бўлмалар очилган, юқорига нисбатан мижозлар кўпроқ бўлишарди.
Уста ўтирадиган хона эшигини журъатсиз тақиллатдим. Икки йилдан бери узлуксиз ишлаб келаётган қиз туппа-тузук тикувчига айланиб, усталарга иши тушмаганди. Юзи чўтир бўлгани боис кишида ёқимсиз таассурот қолдирадиган Сувонқул уста мени кўрди-да, таъмирлаётган ботинкасини тиззаси устига қўйди:
— Ҳа, чевар қиз, нима гап?
— Машинам бузилиб қолувди…
— Мен косиблик қиламан-ку, қизим. Сен анув хонага киргин, Эркин деган бола бор, шу тузатади.
Мен у кўрсатган хона томон одимладим. Юрагим “дук-дук” урмоқда, у хонасидамикан? “Бузилиб” қолган дастгоҳимни тузатиб бериб, мен ҳақимда қандай хаёлга борар экан? Мен ички овозга дам бўйсуниб, дам бўйсунмай Эркиннинг хонаси эшигини оҳиста чертдим. Ичкаридан садо бўлмади, яна тақиллатдим, жавоб йўқ. Шундан сўнггина ички ҳадик чекиниб, эшикни ўзимга тортдим, берк эди. Ўйлаган режам амалга ошмаганидан бўшашиб изимга қайтдим. Энди уни қачон кўришим мумкин? Наҳотки, у билан бир бора гаплашиш бахтига муяссар бўлолмасам? Топган баҳонайи-сабабим ҳам иш бермади. Келбатию одоби рисоладагидек бундай йигитларнинг кетидан суқ билан қарайдиганлар озми? Менинг шулардан бири эканимни Эркин билмаса ҳам керак.
Қўлим ишга бормас, дастгоҳим ёнида ўтиргим йўқ эди. Аширой опа мендаги безовталикни сезди, шекилли, далда бериш маъносида илмоқли савол ташлаб қўйди:
— Усталар йўқ эканми, Гуландом? Ҳа қизгинам-а…
Мен сир бой бермасликка интилиб, ўрнимга чўкдим. Начора, оромимни ўғирлаган билан бугун учрашиш насиб қилмаган экан. Иш вақти тугашига ярим соат қолганда Комиланинг теграсида таъмирга шўнғиган устага кўзим тушди-ю, қизғаниш ҳиссидан ўртаниб кетдим. Эркин бу ерга қачон келди экан? Ҳамкасабам уни ўз ёнига чақириш учун ҳийла ишлатмадимикан? Миямга келган бўлмағур фикрнинг тўғри эканига заррача ҳам шубҳам йўқ. Ахир, бир соат олдин ўзим ҳам шундай макрни ўйлаб топган эдим-ку. Балки Комиланинг дастгоҳи ҳам носоз эмасдир? Кошкийди, Эркин Комиланинг ёнида бўлмаса… Шуниси аниқки, Эркинга нисбатан менда пайдо бўлган туйғу ҳали Аширой опадан бошқа ҳеч кимга маълум эмас. Ҳамкасабамдан рашк қилишим асослимикан? Комиланинг нималарнидир куйиб-пишиб уқтириши мени баттар ўнғайсиз аҳволга солмоқда. Буни сезган Аширой опа кўз қири билан мени кузатаркан, кесатиб деди:
— Комила йигитчанинг бошини айлантиряпти…
— Менинг нима ишим бор…
— Уста бола гунг эмишми, эшитдингми? Қара, Комилаям имо-ишора билан гаплашаяпти.
— Йўғ-е, — ишонгим келмай Аширой опага юзландим.
— Гаплашсанг биласан!
Эркин билан ҳали мулоқот қила олмаганимиз боисми, биз унинг сўзлаш бахтидан бенасиб эканини билмасдик. Киши одатда ўзида тузалмас дард борлигини эшитса, бир сесканиб тушади. Хаёлан сен билан яшаётган киши ҳақида тасодифан нохуш гап эшитиш ҳам ҳар қандай ҳолатда одамни мушкул вазиятга солади. Эркиннинг нуқсони борлигини била туриб, нега Комила унинг атрофида парвона, дея ўзимга савол берарканман, жавоб топишга ожизлик қиламан. Ҳамкасабам томон қарайман-у, у ердан аллақачон ғойиб бўлган Эркиннинг рафторини кўз ўнгимда гавдалантиришга уринаман. Нега? Тушунарсиз бир ҳолат, ахир мен — ҳусни ҳам, одоби ҳам барчага манзур, қўни-қўшнилар келин қилиш орзусида юрган қиз нотаниш йигитни ўйлаб, бунчалар қалтираяпман? Унинг сўзлаш-сўзламаслиги мен учун қанчалик даражада аҳамиятли? Осмон йироқ, ер қаттиқ, юлдузлар мангу шуъла сочади, денгиз ва дарёлар тўхтовсиз оқади, ер юзида ҳаёт деб аталган улкан уммонда кимдир бир йил аввал, кимдир ўн йил кейин туғилиб, умргузаронлик қилаверади. Тақдири азал ҳукмига бўйсунмасдан яшашнинг иложи йўқ, Эркиннинг кутилмаган бир пайтда қалб даричамга мўралаши, ҳаётимни остин-устун қилиб юборди. Ахир, шу пайтгача йўлимда учраган йигитлар каммиди? Наҳотки, тақдир менга шу йигитни раво кўрган бўлса? Уни ўз жуфтим сифатида тасаввур этиш менга осон бўлмаяпти, айниқса, забонсиз эканлигини билгач… Аслида уни деб ўртанишимдан Эркин хабардормикан? Кошкийди, шундай бўлса…
Маиший хизмат уйининг тартиб-интизоми ҳамиша ўрнида бўлишини талаб қиладиган директори Бойбўта Зуфаров кечга яқин цехга кириб келди-да, тикувчиларга кўрсатма берди:
— Машиналаринг бузилиб қолган тақдирда бир эмас, икки уста хизматларингга мунтазир, Эркин деганимиз янги, тикув дастгоҳининг пири десаям бўлади.
— Ҳалиги гунг болами? — дея чеварлардан бири луқма ташлади.
— Соқовлар сал-пал гапиради ю, у умуман сўзлаёлмайди, — дея унинг хатосини тўғрилаган бўлди иккинчиси.
— Гунг бўлсаям ҳар қандай тилли-забонли устадан аъло. Сизлар одамга юзаки баҳо берманглар-да, — дея раҳбаримиз танбеҳ берганида Комила қўшиб қўйди:
— У киши тўғри айтяпти, ҳали замон машинамни ўша Эркин тузатиб берувди. Қўли гул экан чинданам…
Мен Комиланинг мақтовига эътибор бермасликка ҳаракат қилсам-да, ич-ичимда қизғаниш туйғуси бош кўтараётганини ҳис этдим. Ёқтирса ёқтирар, аммо шуни кўпчиликка ошкор этиш шартмикан? Ахир, қиз бола ўз кечинмаларини пинҳон тутгани маъқул эмасми? Айниқса, эркак одамнинг олдида кайвони аёлларга ўхшаб салмоқлаб гап ташлашини қаранг…
Шу куни ишдан кеч чиқдим. Тунги чироқлар ёнган, кўчалар ёп-ёруғ. Машиналар кўзларини олдинга тикканча ғизиллаб ўтар, шаҳар ажиб бир завқ ичра сархуш эди. Трамвай бекатига ер ости йўлидан ўтишим керак. Болалигимдан шундайман: қуёш нури тушмайдиган жойлардан қўрқаман. Ер ости йўлида, гарчи чироқлар бўлса-да, қўрқдим. Миямга келган фикр ҳам қўрқинчли ҳам, ёқимли эди: Эркин ёнимда бўлса… Бу хаёл. Қадамимни тезлатдим. Қулоғимга майин, нафис мусиқа эшитилди. Тўхтаб қолибман. Ўгирилиб қарасам, ўрта ёшдаги бир одам най чалаяпти. Қизиқ, бу йўлдан неча йилдан бери ўтаман, нега бу овозни эшитмадим-а? Беихтиёр жилмайиб, унга тикилиб қолдим. Ахир, мен севиб қолибман-ку. Бир дугонам айтганди: севган одамга ҳар бир овоз оҳангдай эшитилади… Ҳа, мен мана энди, севиб қолганимни чин юракдан ҳис этдим. Бу иқрор қанчалик ёқимли бўлса, шунча азобли эдики, ўзимни қаерга қўйишни билмасдим. Аросатда қолишдан қўрқардим, ваҳоланки, мен худди шу кўйга тушганга ўхшайман. Инсон шундайин ҳилқатки, баъзан ўзини-ўзи бошқара олмайди, юрак нимагадир ундайди, мияда эса бунга қарши фикрлар ғужғон ўйнайди, қатъий қарорга келолмай қийналасан. Одам ўз кўнгли билан ҳисоблашиб яшашга маҳкумми ёки… у ёғини ўйлашдан ҳам қўрқаман. Эрталаб ишга бордиму, атайин машинамни бузиб ташладим. Мен гўё бор аламимни шу матоҳдан олаётгандим. Йўқ бўлсин, даф бўлсин. Ҳеч нарсани истамайман. Керакмас. Нега энди менга қолганда, якуни йўқ муҳаббат берди. Нега? Ахир, айбим нима? Истамайман…
Ярим соатдан кейин ўзим бузиб ташлаган матоҳни қучоқлаб ўтирардим. Энди нима қиламан? Нима қилиб қўйдим? Мен кимга жаҳл қиляпман? У менга ваъда бериб, бевафолик қилдими? Қачон севаман деганди, қачон? Йўқ, телба бўлиб қолаяпман. Ҳа, телба бўлаяпман. Ўрнимдан ирғиб турдим-да, ички ғалаённинг таъсиридан чиқолмай, усталар ўтирадиган бўлмага йўл олдим. Унинг олдига бориб хумордан чиққунча юзига тарсаки тушираман, кейин… кейин, кўксига муштлаб тўйиб-тўйиб йиғлайман. У учун, ўзим учун, изҳорсиз муҳаббатим учун йиғлайман, йиғлайман. Майли, у мени юпатмасин, майли, сочимни силамасин, майли биттаям гапимни эшитмасин, лекин мен уни севиб қолганимни айтаман. Айтаман. Айтмасам, юрагим тарс ёрилиб кетади. Барибир гапирмайди-ку. Айтаман-да, кетаман. Ишдан, Эркиндан, ҳамма-ҳаммасидан…
Ахир, ҳеч бўлмаса имо-ишорасидан, кўз қарашидан мени қийнаган туйғуларга жавоб олишим зарур. Шундагина юрагимнинг бежо уришидан халос бўламан. Эшик олдига етганимда тиззаларим қалтираб, юрагим ҳилвираб қолди. Менда на журъат, на мажол қолганди. Негаки, кеча ер ости йўлидан ўтаётганимда эшитганим най ноласи тараларди. Ким бўлди бу? Ўша одамми? Бунча маҳзун чалмаса? Шу чоғ эшик очилиб, рўпарамда қуюқ қора қошлари бир-бирига туташган, хиёл қисиқ кўзлари қорачиғида чексиз мунг акс этган Эркин турарди. Уста менинг қай мақсадда бу ерга келганимни ўзича англади, шекилли “Ҳозир, бир дақиқага”, дегандек икки қўлини кўтариб, хонасига кириб кетди. Хиёл ўтмай, қўлида сумка билан қайтиб чиқди. Шу дамда, бир туйғу онгу шууримни чақмоқдай ёриб ўтди.
— Машинам бузилиб қолувди-да, шунга… — дедим бор кучимни тилимга жамлаб.
Эркин бармоқлари билан имо-ишораларни шу қадар қалаштириб ташладики, шошганимдан “Нималар деяпсиз ўзи?”, деб юбордим. Яна имо-ишорага шўнғир экан, ичимдан зил кетдим. Демак, эшитганларимнинг барчаси ҳақиқат экан-да?! Миямни бир-бирига зид фикрлар эгаллаб олди: мен унга муносибми, у-чи? Эҳтимол, шаҳар кўрган бу йигитнинг кўнглидан жой олган маъшуқаси бордир? Балки… бу ёғи менга қоронғи.
Иккимиз — мен аввал, у ортимдан цехга кўтарилдик. Иккинчи қаторнинг бошига ўрнатилган тикув машинам ёнига Эркинни бошлаб борарканман, Аширой опа тагдор қараб қўйди. Эркин айланма стулчамга жойлашиб, машинамни созлашга киришди. Қизларникидек узун-узун, нозик бармоқлари дастгоҳнинг гоҳ устки, гоҳ таг қисмида ҳаракатланар, қорамағиз юзидан ялтираб тер оқарди. Ниҳоят, дастгоҳ ғириллаб ишлай бошлади. Ўзимни ўзим тушунмасдим. Ўн дақиқа олдин бошқача эдим. Энди бўлса… ростданам ақлдан озибман. Машинамни ўзим бузиб, ўзим йиғладим. Яна ўзим тузатмоқчи бўлиб унинг олдига бордим. Мана тузалди, лекин яна йиғлагим келаяпти. Эркин жинси шимининг орқа чўнтагидан тахлоғлиқ рўмолчасини чиқариб, юзини артди, менга қараб мамнун жилмайди. “Мана, бўлди”, дегандек елкасини қисиб эшик томон йўналди.
Эшикдан чиқиши билан яна ўша най садоси қулоғимга чалинди. Ким у? Югуриб ташқарига чиқдим. Ташқарида… Шундоқ кекса қарағайга суянганча Эркин най чаларди. Қачон ўрганди экан? Унга яқинлашар эканман, елкалари силкинаётганини кўриб, ичимдан нимадир чирт этиб узилгандек бўлди. Қаршисига борганимда шошиб найни лабидан олиб, “Яна бузилдими”, дегандек ажабланиб қаради. Мен найни кўрсатиб, “Зўр чалаяпсан”, деганимда кўзларидан ёш сизиб чиқди. У менга кўзларини тикканча яна най чала бошлади. У менинг ҳатти-ҳаракатимга қараб қандай чалаётганини билмоқчи бўларди. Шунда мен ҳаммасини тушундим. У ҳам мени севаркан. Севиб қолган экан. У мени кузатиб юраркан. Кеча ер ости йўлида мен най чалган одамга термулиб қолганимни кўргану, най сотиб олган. Менга севишини шундай изҳор қилмоқчи бўлган. Ҳа, шундай. Севинчимдан қичқириб юбордим. У найни лабидан олганча тикилиб қолди. Чўнтагидан дастрўмолини олдим-да, кўзёшларини артиб қўйдим. У ҳаяжонланар, энтикар, севинчини қандай ифода этишни билмай, кўзларини катта-катта очарди. Шу тоб у қўлимни олиб чап кўксига босди. Унинг ҳам юраги севинчдан дук-дук урарди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 4-сон