Яйра Абдуллаева. Ёлғизим (ҳикоя)

Яна кеч қолдим. Ярим соатга… Мен хоҳлабмидим шуни… Нима, сизни уйга кеч қайтган вақтингиз бўлган эмасми?
Умуман, қачон келишимдан қатъий назар, кунимнинг тонгидан шомигача ҳисобини беришим шарт унга. Бераётган саволлари бошимни гангитса ҳам, дудама сўзлари юрагимга ботиб, кўксимни вайрон қилса ҳамҳижолаб жавоб бераман. Важ тўқисам ишонади, ростини айтсам ишонқирамай асабимни эговлайди. Қандай одам экан-а бу? Авваллари унақа эмасди-ку, қачондан бери бундай сўроқчи бўлди? Эслолмайман… Бир кун портлайман. Қачондир… Остонада турибман, ичкарига киргим келмаяпти. қаёққа ҳам бораман, кираман-да барибир…

* * *

Сўроққопи очилади меҳрибонимнинг.
— Олифтанг билан суҳбат қизигандан кеч бўлганини ҳам пайқамай қолдингми?
— Қанақа олифта?! Неча кундан бери тилингиздан тушмайди шу сўз. Ким ҳақда гапиряпсиз ўзи? — дея зорланаман, — Туҳматчи, туҳмат қилманг! — бошқа сўз айтолмайман.
— Ўзингни бос, эҳтиёт бўлгин дейман-да, меҳрибонингман-ку, ахир. Сен айтмасанг-да, ҳаммаси аста-секин маълум бўлади, барибир, —босиқлик билан киноя қилади у.
Йиғлаб, тўнғиллаб хонага кириб кетаман. Меҳрибонингман эмиш, хўш, қандай меҳрибонлик қилибди? Бетоб бўлсам укол дорига қўшиб бир дунё танбеҳни ҳам бўйнимга юклаганими? Бурчи бўлгани учун қилган буни. Ўзимча яна бир нималар деб ғудраниб ошхона томон кетаман.

* * *

— Овқат суздим, келинг, — чақираман ҳалиги кайфиятнинг кўзини ўйиб.
— Еявер, қорним тўқ, — деган сас келади қайсидир хонадан.
Овқатни дастурхонда қолдириб ёзув хонамга кириб кетаман. Қайтганимда столда доимгидек бўш коса турганини кўраман. Парчалаб ташлагим келади, қалбим парчалангани каби. Унинг аччиқ сўзлари, бемаъни саволлари ичимни тирнайди яна. ўйлайман: у мени яхши кўрмайди. Меҳрибонингман дегани ҳам ёлғон. Бўлмаса шунча азоб берармиди? Ёмон кўрса нега ҳайдаб юбормайди? Толиқдим. Руҳимда оғриқ… Бир ширин сўз йўқ, на бир табассум. Тилаб олган қорим бошимга бало, сўраб олган муҳаббатим қалбимни яро қиларми? Меҳрибонлик муҳаббатдан яралган эмасми, ахир?Ё Тангрим! Муҳаббат нима ўзи? Покиза, суягувчи юпанч. Дил ороми, кўнгил чироғи эмасми? Меҳримни, ишончимни сендан бурун бандангга берганим учун муҳаббатнинг йўлида зор этдингми? Асли сенга элтгувчи йўлнинг номи муҳаббатдир, балки? Мени мендек севсалар қанийди? Билмадим, ёлғиз қолишдан қўрқаяпман. Банданг ёлғизликни кўтара олмайди. Ҳар ёлғизнинг ёри ўзингсан. (Қадимгилар бекорга айтишмаган) Ҳа, ҳа ўзинг! Демак, у ёлғиз эмас. Мен ҳам. Фақатгина қалбимизгаёруғлик истаймиз. Унинг зулмати бизни ёлғизлик қаърига тортаяпти. Шу тоб унинг қалбига нур бўлиб ингим келди. Тўлдирсам зиёга, чароғон этсам!
Ёзув хонамнинг чироғини ёниққолдириб, у томонга мўраладим. Вақт алламаҳал бўлганига қарамай ухламабди. Лампа ёруғида қандайдир китоб ўқияпти. Муқоваси танишдек туюлди. Мени кўриб дарров ёстиғи остига беркитди ва:
— Сен қачон ухлайсан ўзи? — деди.
— Негадир уйқум келмаяпти, — мулойимлик билан жавоб бердим. — Бугун нималар қилдингиз? Чарчадингизми? — кўнглига йўл ахтараётганимни сездираман.
— Нимайди?
— Бошингиз оғримаяптими? — Салга боши оғрийдиган одати бор унинг.— Келинг…
— Кеч бўлди, ухла, — сўзимни кесди у. Кейин тескари ўгирилиб, — тушингда олифтангни кўрмагин яна, — дея қўшиб қўйди секингина. Бу гапидан жоним ҳиқилдоғимга келди. Ярим тунда уйқусини бир заҳар қилсамми? Бироқ буни эплай олармидим? Юрагим оғриди. Қалбим ўйиқлари туз тўлдирилгандек ачиштирарди.
— Барака топгур, қанақа олифта яна, — дея олдим аранг.
Хуррак товуши жавоб чекимга тушди. Бошимни эгганча бирпас ўтирдим. “Қаердасан олифта? Ўзи бормисан, бу дунёда? Сени соғиняпман-ку. Мени олиб ке-ет!..”
Бутун хонани тутган хуррак товуши хаёлимни тўзитиб юборди. Энди барибир ухлаб бўлмайди. Судралиб чироғи ёниққолган ёзув хонамга кирдим. Очиқ дераза ёнига келиб, ичкарига елаётган майин шабададан ютоқиб сипқораман. Осмондаги дам йўқолиб, дам тиниқ тортиб, ёрқинликда бир-биридан ўзишга интилаётган юлдузларга узоқ термулиб, ўйландим.
Эсимда, бобом ҳовлига чиқиб, юлдузларни томоша қилишни ёқтирар эди. Уларга қўшилиб мен ҳам осмонга термулиб ўтирардим. Бола эдим, бир хилликдан зерикиб, кетмоқчи бўлсам, “Тўхта болам, қара, бугун барча юлдузлар чиқибди. Демак, эртага ҳаво очиқ бўлади”, деганди бир сафар.
— Ия, бобо, юлдузларнинг ҳаммаси чиқмаса нима бўлади? — қизиқсиниб сўрадим.
— Унда бироз салқинроқ бўлади, — деди бобом насиҳатомуз оҳангда, томи ёпилмай қолган ошхонага қараб…
— Бобо, юлдузлар об-ҳавони билдирса… ҳмм… яна нималарни билдиради? — сўрайман кўзларим пирпираб.
— Кў-ўп нарсани, болам.
— Масалан?
— Хўў-ўб, масалан… Мавсум ўзгаришини ва яна… яна улар кўп нарсани билади, — деди оғир хўрсиниб.
— Бобожон, юлдуз бўлгим келяпти, — қўлларимни баланд кўтариб уларга талпинаман.
— Йўқ, болам ундай дема, биз инсонмиз, инсонлигимизча қолайлик. Инсонлар инсонлиги учун ҳам ҳамма нарсадан баланд бўлади.
— Во-ой, юлдузлар биздан баландда-ку, — дедим ажабланиб.
— …
Бобом худди қалтис гап айтиб қўйгандек, атрофга олазарак бўлди. Сўнг секин туриб, “кеч бўлди, юр уйга кирамиз”, — деб етаклади. Уй томон йўналдик. Ўшанда бобом “Барибир гапирганим билан ниманиям тушунарди”, деб ўйлаган бўлса керак. Бироқҳозир ҳам самовий мавжудотлар сирини англаб етмаган эсам-да, шу тоб юлдузга айлангим, само бағридан жой олгим келяпти. Балки олифта ҳам ўша ердадир. Қаерда экан-а? Қаерда? Осмонга боқаман, кўз ўнгимда юлдузларга қора парда тортилди-ю, бир лаҳзада олам зимзиёликка чўмди. Худди қалбимнинг ҳозирги ҳолатидек: қоп-қора, ҳамма ёққора. Фақат мутолааю ёзмоқ билан ёриб чиқиш мумкин эди бу зулматни…
Мана, менинг севимли китобим, ўқийвериб ёд бўлиб кетган китобим. Ҳис этяпман, ёзувчи қалбини, дардини. Недир қилмоқ, ёзмоқми керак, бу зулматни парчалаш учун:
“Куз!.. Оқшом чўкмоқда. Қуёш уфққа бош қўйиб, тонгги сирларини беркитди гўё. Дарахт баргларини тўккан тўзон менинг қалбимда ҳам изғиб юрибди. Қайдасиз? Неча кундирки тинчимни олган Олифтам, қайдасиз?..
Мана, яна тун бутун борлиқни енгди. Барча уйқуда. Балки сиз ҳам мудрамоқдасиз. Шу тоб ёнингизда бўлгим, таскин-ҳаловатни туйгим келди. Киприкларингизга инган уйқу бўлсам эди, тонггача аллалардим. Ёки уйқунгизда туш бўлсам эди, тонгда Лайлингиз бўлиб руҳингизга сингиб кетардим. Қайдасиз? Бормисиз бу оламда? Кўрсам эди сизни, бир бора кўрсам.Мен ҳам яшаган бўлардим инсондек… Мактублар ёзаман, уюми тоғдай, манзилин тополмай саргардон улар…”
Қанча ухлаганим-ўртанганимни билмайман, тонгда қушларнинг шодон чуғуридан уйғондим. Бу хуррак товушидан анчаяхшироқ эди.

* * *

Шовқинли дунёнинг катта кўчаларидан кетиб боряпман. Уч кўзнинг пиёдалар ҳаракати учун мўлжалланган кўзи ёнди. Йўлни кесаётиб, атрофга аланглайман. Кўзни қамаштиргудек оппоқ машиналар қатор. Бир машина эгаси нигоҳларимни ўғирлади. Танидим. У ёзганлари-ла қалбимни оққа буркаган севимли адибим эди. Югуриб-югуриб йўл четига ўтдим. Ортимга бурилиб унга қарадим. Бирдан қалбим завққа тўлди. Севинчимни яширолмай, қўл силкитдим. Яхшиямки, кўрмади. Машиналар силжиб яна йўлда давом этди. Энди хаёларим ҳам у билан кетди. Секин одимладим. Йўл четида кетаётиб, ҳозиргина ёнимда яшиндай ёниб, зумда йўқолган одам ҳақида ўйлай бошладим: Адабиёт куйчиси! Наҳот у шу оламда яшайди? Биз билан, орамизда. Унинг ёзганлари ҳақида таниганларимга айтганман. Айниқса, ёлғиз одам ҳақидагиси… Қайта-қайта ўқиганман. Инсониятнинг кўзгуси эди у. Ўзидан қочиб иқрорликнинг дийдоридан беркинган инсонларнинг қиёфаси эди, балки. Бу ҳақда меҳрибонимга ҳам айтгандим. Биз асар қаҳрамонини муҳокама қилардик.
— Нима, унинг оиласи, бола-чақаси йўқ эканми, — деганди у.
— Бор. Атрофида ҳамма бор. Бироқ у ёлғиз.
— Эсинг жойидами сенинг, яқинлари бор инсонни қандай ёлғиз дейиш мумкин? Қолаверса, бу дунёда ҳамма бир-бирига қариндош.
— Тўғри-и-и, лекин ҳар қариндошни руҳдош, қалбдош деб бўлмайди-ку. Унинг руҳи ёлғиз. (Эҳ, сиз буни қаёқдан ҳам тушунардингиз).
— ….
— Аслида, ҳар бир инсоннинг руҳи ёлғиз бўлади. Буни ўзи билмаслиги ё тан олмаслиги мумкин. Ўша ҳақиқатни англаш, англатиш ёзувчининг мақсади бўлган. — Муаллиф шаънига кўп яхши гаплар айтдим. — Бир кун учрашаман, — ўйимдаги сўз тилимга кўчди.
Унинг бирдан жиғибийрони чиқиб:
— Агар билсанг, ўша ёзувчиларингнинг ҳаммаси ўзича олифта! Менсимайди оддий одамларни. Осмонда учади, ҳаммадан баланд. Қани бир учрашув белгилаб кўр-чи, мақсадингга етармикансан? Улар сўзга уста, хоҳлаганча ўйнатади. Сен эса орзуланиб юраверасан, — дея энсасини қотирди. Ўйланиб қолдим, унинг гапи тўғримикан? Ёзувчилар шундай бўлармикан, деган фикр хаёлимни чангитиб ўтди. Енгилгим келмасди.
— Ўйлаб гапиринг, у одам сиз айтгандек эмас, — дедим қатъий ишонч билан. Мен уни яхши… – томоғимга бир нима тиқилгандек бўлди-ю, нафасим кесилди. У кўзларини катта-катта очиб, сўзим давомини кутарди. Бир ютиниб, ўнгландим.
— Яхши деб ўйлайман, — дедим. Шу он “яхши” деган сўз дунёдаги энг буюк каломдек туюларди. — Улар олифтамас… Қолаверса олифта бўлса нима бўпти.
Шу вақт телефоннинг жиринглаши баҳсимизга танаффус эълон қилганди.
Шулар ҳақда ўйлаб яна йўлни кесиб ўтарканман, миямга бир нима гурс этиб урилгандек бўлди. Ия, шошманг-чи, қадамларим ҳам секинлашарди. Олифта дейдими?!. Калаванинг учини топдим, шекилли. Қараб турсин, бир боплайман, “Бугун олифта билан учрашдим, бирга чой ҳам ичдик”, дейман. Ана шундай хаёллар билан учиб-қўниб йўлда эканимни унутибман.

* * *

Кўзимни очганимда ҳар хил дориларнинг ҳидидан ва яна оқ халатли хонимларни кўриб, касалхонада эканлигимни пайқашим қийин бўлмади. Тепамда эса меҳрибоним.
— Тузукмисан, — деди дўррилдоқ овози билан. “Ҳа”, дегандек кўзимни юмиб очдим. Оғриқ бутун баданимни қақшатарди.
— Йўлда хаёл сурмай юрсанг бўлмайдими? Ҳар доим айтаман, эсингни йиққин, деб, — танбеҳ берди у навбатдаги меҳрибончилигини қилиб.
Юзимни тескари бурдим.
— Қара, сенга нима опкелдим, — деди ҳалиги оҳангини бузмасдан.
Қарагим келмади.
— Қарасанг-чи!
Қўлимга бир нарса тутқазди. Пайқадим. Бу китоб эди. Унга синчиклаб қарадим, севимли адибимнинг янги тўплами. Кўзларим севинди, дилим яйради. Ва қандайдир портретни ҳам ёнимга қўйди. Қизи-и-иқ.. (Суратдаги ким?) Ким эди бу? Таниш. Жудаям таниш… Ией, бу ўша-ку! Ҳа, ҳа ўша! Айнан адибимнинг ўзгинаси… Лол қолдим… ҳая, нимадир дейишим керак унга. Нимайди-я… Сўзлар, сўзларжон қанисиз? Бу исёнкор жимликни парчаланг… ҳатто сўзларимни ҳам тортиб олди у.
— Бу сенинг олиминг, — деди суратни икки қўли билан тутиб.
— Бу эса оламинг, — деди қўлимдаги китобга ишора қилиб. — Ҳа, фақат сеники, ўзингники. Сен ўз оламингда яшаяпсан. Ундан нафас оляпсан, ёруғликни топяпсан… Уни ўқидим, — дея китобга ишора қилди. — Энди кўнглинг жойига тушдими, — деди китоб берганидан миннатланиб. Сўнг қўлидаги суратни ўзи ўтирган стулга қўйиб, эшик томон юрди. Чиқаётиб бошини аста буриб қаради. Унга нисбатан юрагимда қандайдир ачиниш ҳиссини туйдим. Йўқ, йўқ, уни ҳурмат қила бошладим. Оламинг дегани учунми, китоб ўқийдиган одамга айланаётгани учунми, билмадим, ҳурматим кучайди. Бу нарса вужудимдаги оғриқни бир зум бартараф этгандек бўлди. Унга майингина жилмайдим.
— Нега ишшаясан? — деди энди танаси билан ўгирилиб. — Икки кундан бери шу алпозда ётибсан. Бу вақтлар осонгина ўтди, деб ўйлайсанми? Тезроқ тузал, уйга кетамиз. Шундоқҳам икки кунга кечикдинг, — деди-ю, шитоб билан чиқиб кетди.
Унинг бу гапидан қаҳ-қаҳ отиб кулгим келди. Бироқ танамга қайтган оғриқ бунга йўл бермасди. Тавба, ҳеч кимга ўхшамайдиган жиҳатлари бор унинг. Унчалик ёқимли эмас, айни вақтда ёқимсиз ҳам деб бўлмайди. Унда чиқиб кетаётган вақтида нега ҳар доимгидек қўл силкиб хайрлашолмадим? Дарвоқе, қўлларим банд эди-ку… Маҳкам қучган китобимни кўксимдан олиб дуч келган бетини очдим. Ва дуч келган жойини овоз чиқариб ўқидим:
“Мен сенсиз ҳам, сен билан ҳам яшай олмайман!..”
Бу сўзлар унга аталганди гўё… Яна хаёл етаклайди инсон оёғи етмас жойларга… Бу асли менинг сўзимдир, балки. Бояги ўктам овозим энди шивирлайди:“Мен ҳам сенсиз яшай олмайман, сен билан ҳам яшашим душвор!..”