Ҳалима Аҳмедова. Бобомнинг боғи (бадиа)

Бу қадим дунёда боғлар кўп, чорбоғлар кўп. Аммо буларнинг бирортаси бобомнинг боғига етмайди. Қандайдир муаммо олдида ожиз қолсам ёки ҳаётнинг қадамлари елкамга оғир ботган дамларда бобомнинг боғидан куч оламан, яшаш қудратини топаман.

НИҲОЛЛАР

Бобом уруш кўрган эди. ¬Шунинг учун бўлса керак, дастурхон устида ҳаммамизга риз¬қ-барака тилаб,тинчлик, хотиржамлик бўлсин, деган гапни кўп такрорларди.
 Унинг Туркманистондан бир қуролдош дўсти келганини ҳам эслайман. Иссиқ кунда ҳам бошига ғалати телпак кийганини кўриб ажабланганман. Уларга чой дамлаб берганман. Шунда бобом «бу туркман дўстим Гўрўғли бўлади» деганида ¬ҳайратим янада ошган. Ва бобомнинг дўстига узоқ тикилганман. Мен эшитган достондаги Гўрўғли бошқача эди, бу эса унга сира ўхшамайди, деб ўйлаганман. Соқоли юзига тушган, бир юзида чандиғи бор бу одам негадир қўрқинчли кўринган кўзимга.
Аммо қизиқишим зўр келган:
— Бобо, булар достондаги Гўрўғлими?
Бобом елкалари силкиниб-силкиниб кулганлар ва дўстларига менинг саволимни тушунтирганлар:
— Гўрўғли бобонг билан урушда бирга бўлганмиз.
Улар узоқ суҳбатлашишган. Мен қанча ҳаракат қилмай, Гўрўғли бобонинг битта ҳам гапига тушунмасдим.
Бобом эса бемалол гаплашиб ўтирарди. Шунда бобомнинг тил билишига қойил қолганман. Суҳбат орасида Гўрўғли бобонинг:
— Сани налларинг багимда гўгармади, — деган гапини эшитганман. Бобом эса ҳеч ажабланмагандай:
— Гўрўғли жўра, ўтган йили ниҳол олиб кетаётганингда айтганман. Ҳар бир унган ниҳол ўз тупроғини яхши кўради, деб. Сен гапингда туриб олдинг. Мана, айтганим бўлди, — дедилар.
Бобомнинг “Ҳар бир ниҳол ўз тупроғини яхши кўради», деган гапларини илиб олиб, узоқ ўйлаганман. Аммо ҳеч нарсани тушунмаганман.
Бугун униб-ўсган қишлоғимни, хаёлимда тез-тез жонланадиган бобомнинг боғини кўп соғинаман. Шунда деворлар оша кўнглимга мўралаган мевали дарахтлар чиройли пичирлайди:
— Биз бобонгни таниймиз!
Хурсанд бўлиб кетаман. Ва илоҳий, бақувват илдизлар томиримга пайванд бўлаётганини ҳис қиламан. Уфққа туташган йўлларни тўлдириб ёш йигит- қизлар ўтади. Уларга боқиб, бобомнинг гапларини такрорлайман:
— Ниҳоллар ўзи унган тупроқни яхши кўради.

СЎРИ

Бобом боғнинг ўртасида сўри қурдириб олган эди. Сўри юзига катта бўйра ва бўйранинг устига эса қадимий эски Хива гилами тўшалган     бўларди. У гиламнинг нақшларини ҳали-ҳануз эслайман. Тўрт бурчак-тўрт бурчак катакчаларда гулга ўхшаб кетадиган ёзувлар акс этган эди.
Сўри тепасида кўтарилган толорда ҳусайни, шибирғони, султоний каби узумлар офтобга ўзини кўз-кўз қиларди. Бобом бу узум бошларига биз тиккан халтачаларни кийгизиб қўярди. Ва яна қанчадир узум бошларини бўш қолдириб, фарзандини аяётган отадай меҳр билан ўз-ўзига айтарди:
— Қолгани қушларнинг ризқи…
Мен бу сўрини яхши кўрардим. Ёзнинг шаббодаси дарахтларни меҳр билан оҳиста силкитар, ерга ғарқ пишган мевалар дуп-дуп тушганда жуда ширин ва хушбўй ҳид боғни тўлдирарди. Айниқса, сўрининг ёнгинасидан оқадиган ариқчанинг қўшиғи ёқимли эди. Қўшни боғдан тўкилган қизил, кўк, оқиш олмаларни сув ўйнаб-ўйнаб бизнинг боғга олиб келар, сўнг эса биздан кейинги қўшнининг боғига олиб кетарди. Ана шундай саховатли эди бу ариқча.
Ёз тунлари шу сўрида ухларди бобом. Сўри жуда сирли кўринарди кўзимга. Чунки бобом қанчадан-қанча достону афсоналарини шу ерда сўзлаб берар эди. У ҳар бир воқеани худди ўзи кўргандай гапириб берарди. Ва достоннинг энг қизиқарли жойида тўхтатиб, қолганини эртага айтиб бераман дерди… Қани энди, кўзимга уйқу келса… Давомини ўйлайвераман… ўйлайвераман…
Бир марта Алпомишнинг хийла ва номардлик йўли билан чоҳга (зиндонга) ташланган жойини айтган бобом кўзларида милтиллаган ёшни дарахтларнинг илдизига ўхшаб қолган қўллари билан сидирар экан:
— Қолгани эртага, — деди амрона.
Мен эса бобомга узоқ тикилдим:
— Бобожон, айта қолинг, беданаларингизга жуда кўп шиллиқ қурт йиғиб бераман.
Бобом ўзини эшитмасликка олди. Сўри толорларида қатор осилган беданаларининг сополдан ясалган бежирим идишчаларига сув қуя бошлади. Бобомнинг орқасидан юравериб, кунни кеч қилдим ҳамки, у айтганидан қайтмайди. Хафа бўлиб уйга кирдим. Хаёлимдан чоҳда ётган Алпомиш кетмасди. Унга қанчалар қийинлигини тушунаман.
Чунки ҳовлимиздаги ўрага тушиб кетганимда нафасим қисилгани ёдимга тушади. Бобомнинг айтишича, Алпомиш тушган зиндон бизнинг ўрамиздан юз баробар чуқур экан, ухлаб ухлаёлмайман. Қаердандир қулоғимга Алпомишнинг чуқур хўрсингани эшитилади. Ва яна Сурхайл кампирнинг қўрқинчли кулгиси тушларимни бузади.
Эрта тонгдан бобомнинг беданалари тирикликка ҳамду сано айтиб мени уйғотади. Уйғонганимга хурсанд бўлиб кетаман. Бугун бобом билан бирга Алпомишни зиндондан қутқарамиз.
Юзимни апил-тапил юваман-да, бобомнинг ҳузурига чопаман ва унинг нонуштасига шерик бўламан. Бобом нонушта қилиб бўлгач, боғни бир айланиб чиқиш одати бор. Албатта, мен ҳам унинг изидан қолмайман. У барча дарахтларни кўздан кечиргач, яна сўрига қайтади. Ёз қанчалар иссиқ бўлмасин, бобомнинг сўрисига кучи етмайди. Чунки бу ерда доимо ҳур-ҳур шамол эсиб туради. Ва ниҳоят, озод шамолларнинг завқи билан Алпомишни чоҳдан қутқарамиз.
Достонни якунлаган бобом, назаримда, янада меҳрибон ва дилкашроқ бўлади. Ёз тунларида юлдузлар ерга жуда яқин туюлади. Беда гулларининг ёқимли ҳиди димоғимни қитиқлайди. Баъзан сўрида ўтириб бошида юлдузлар чарақлаётган бобомнинг боғини томоша қиламан. Шунда Гўрўғлининг қадам товушини, Бойчиборнинг туёғидан сачраган қўшиқни, ариқчадаги сувларнинг майин чулдирашига ўхшаб кетадиган Юнус парининг нафис кулгусини эшитгандек бўламан…
 Бир куни дадам менга дунё шаҳарларининг рангли сурати акс этган китоб олиб келди. Мен бу китобларни варақлаб, бир-биридан чиройли шаҳарларнинг суратига ҳавасим келиб боқардим. Сўрида кўк чой ичиб ўтирган бобомнинг ёнига жойлашиб мақтандим:
— Бобо, мана бу шаҳарларни кўринг, жуда ҳам чиройли-а!?
Бобом китобни варақлаб кўрди. Аммо пинагини ҳам бузмади. Аксинча, ўз боғининг жамолига тўймаётган одамдай ҳар бир дарахт, ажриқ, ариқча, бедазор ва толларга бир бошдан ташналик билан қараб чиқди.
 Мен эса бетоқатлик билан яна сўрадим:
— Дунёдаги энг чиройли жой қаер, бобо?
Бобом маъноли жилмайди:
— Дунёдаги энг чиройли, кўркам жой — мана шу сўри!
Ҳазиллашяптими, деб бобомнинг кўзларига тикилдим. Бобом ҳазиллашмаётган эди. Аксинча, унинг кўзида бутун боғимиз борлигича акс этиб, бобомдай жилмайиб турарди.

КЎКСУЛТОН

Болалик содда ва беозор капалакнинг қанот қоқишига ўхшайди. Рангин гуллар оралаб завқланиб учади-да, кўз очиб- юмгунча йўқотасан. Аммо ундан бетакрор хотиралар, эслаганда энтиктириб юборадиган лаҳзалар ёдгор бўлиб қолади.
Болалигимда бобом бунёд этган боғдан бери келмасдим. Фақат қиш фаслидагина бу боғ устига қорнинг оппоқ кўрпасини ёпганча ухларди. Балки туш ҳам кўрарди, менинг эса боғнинг тушларига киргим келарди.
Бобом қишнинг изғиринли кунларида ҳам қўлларини орқасига чалиштирганча боғни айланишни канда қилмасди. Одати бўйича дарахту ниҳоллар, токлар билан узоқдан-узоқ гаплашарди.
Ва ниҳоят мен орзиқиб кутган баҳор елиб-югуриб келарди-да, аввал бобомнинг боғига салом берарди. Бобом баҳор келиши билан ёш болага айланарди-қоларди. Тонгдан кечгача боғида гулга кираётган дарахтларни эркалатар, силаб-сийпарди.
Бобомнинг боғидаги осмонга қараб тикка ўсган кўксултон дарахтини яхши кўрардим. Меваси жуда ширин бўларди. Баҳорнинг охирига бориб, кўк-қизғиш рангда офтобга тобланиб пишарди. Мевасига қарабоқ, оғзимда ширин сувли таъмни туйиб, тамшаниб кўярдим. Дарахт жуда баланд бўлгани боис, оёғимдаги шиппакни ечиб қўярдим-да, баланд шохлардаги мевалар томон тирмашиб чиқа бошлардим. Дарахтнинг ғадир-будир танаси қўл-оёқларимни шилиб юборарди. Оғзимда қолган ширин таъмнинг истаги билан буни сезмасдим ҳам. Бошимдаги мунчоқли каллапўшимни ғарқ пишган кўксултонга тўлдириб тушардим. Ва боғимиз ўртасидан оқадиган ариқчада чайиб, битта-битта қарсиллатиб ея бошлардим. Бобом ўзи яратган боғнинг мевасидан тотаётган неварасини кўриб ич-ичидан суюнарди. Аммо доим берадиган танбеҳини такрорларди:
— Қиз бола шохдан-шохга сакрамайди, нарвонни қўйиб, терсанг ҳам бўларди-ку?!
Ҳақиқатан ҳам, деворга суяб қўйилган нарвон бўлгувчи эди. Аммо ўзим дарахтга чиқиб узсам, назаримда кўксултон янада ширинроқ туюларди.
Бир куни пешинда боғимиз томондан «дў-ўп» этган овоз эшитилди. Югуриб боққа чиқдим. Не кўз билан кўрайки, доим кир-чир юрадиган, белига ҳар хил чилвирларни боғлашни одат қилган Карим девона девордан ошиб тушиб, кўксултон дарахтига кесак отарди. Жон-поним чиқиб кетди. Биз унинг аланг-жаланг кўзларидан қўрқардик. Унинг эса ҳеч ким билан иши йўқ, жуда беозор эди. Дарров қўлимга укам от қилиб миниб юрадиган калтакни олдим, ва уни қўрқита бошладим:
— Қани, тез йўқол-чи бу ердан, бўлмаса, ураман.
Карим девона кўп калтак еганми ёки бошқа бир сабаб биланми, хуллас, қўлида калтак тутган одамдан қўрқарди.
У менга мўлтираб-ёлвориб қаради ва ўзининг ажабтовур овози билан йиғламсиради:
— Мени урма, камгина кўксултон бер…
Боғда шунча мевали дарахтлар туриб менинг кўксултонимга кўз олайтиргани баттар жаҳлимни чиқарди.
Овозимни янада баландлатиб бақира бошладим. Карим девонанинг тезроқ кетишини хоҳлардим. Шу пайт менинг шовқин-суронимни эшитган бобом боғда пайдо бўлди. У бўлган воқеани эшитгач, кўксултон дарахти тагида ўтириб олган Карим девонанинг ёнини олди:
— Каримбойни бир кўксултон егиси кепти-да қизим, бор нарвонни олиб кел.
Бобом бир зумда белидаги белбоғини тўлдириб кўксултон узиб тушиб уни Карим девонанинг қўлига тутқазди. Карим девона белбоғни кўксига маҳкам босганча бобомга маъносиз илжайди. Ва югуриб бориб девордан сакраб ғойиб бўлди.
Мен бобомдан хафа бўламан:
— Қизиқсиз-а бобо, ўша жиннига шунча кўп кўксултон беришингиз шартмиди?
Бобом дарахтнинг тилини ¬тушунгувчи қўллари билан бошимни силаб яна танбеҳ беради.
— Вой менинг ўжаргина қизим-ей, сенинг қонингда бағритошлик йўқ эди-ку? Айтиб қўяй, Каримбой ҳам бизга бегона эмас…
Сесканиб кетаман:
— Нима, у бизнинг қариндошимизми?
Бобом энди дарахт остидаги юмшоққина ажриқзорда чордона қуриб олади:
— Наҳотки тушунмайсан, Каримбой ўзимизнинг қишлоқнинг девонаси…
Қанча ёмғирлар-у қорлар ёғиб ўтди. Қанчадан, қанча фасл¬лар айланди. Бобомнинг ўша гапини юрагимнинг қаеригадир беркитиб қўйган эканман. Йилларнинг ўткир нигоҳи уни ҳар дамда ўзимга ўқиб беради. Бугун кенг, обод кўчаларда сайр этган чоғимда яшаш завқи билан юрган одамларни кўраман. Руҳланаман. Уларнинг барчасидан ҳол-аҳвол сўрагим келади. Баъзан берган саломимга алик олиб:
— Кўзимга иссиқ кўриняпсиз, сизни қаердадир кўрганман, — деган саволларга кулиб жавоб бераман:
— Сизга бегона эмасман. Мен ҳам шу Ватаннинг фарзандиман.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 10-сонидан олинди.