Муродхон Бурхонов. Икки тоғ орасида (ҳикоя)

Тўполондарёнинг тентаги бир тутса ёмон тутади. Пишқириб, ўзанини ўпиради. Мана, қирқ хўжалик яшайдиган Чалпактепани бирпасда ювди-кетди. Хотин-халаж, бола-бақра дод солиб қолди. Офатнинг кўзи кўр бўлади, дегани шу-да. Ҳеч нимага шафқат қилмай, гумбурлаб оқаверди.
Жала азонда тинди. Одамлар кўрдики, тепалик ўрнида қип-қизил бўтана қайнаяпти. Чалпактепаликларнинг юраги ачишди, эти увишди. Бўри оқсоқол тепадошларига таскину тасалли берди: “Қий-чув қиманглар, фалакнинг ишига шак йўқ. Азалдан шундай: бошга тушганни кўз кўради. Ҳали Чалпактепаданам юксак тепада яшаймиз. У ерларга Тўполоннинг қулочи етмайди. Бу тепалар ҳали би-ир гуркирайди-ки… Мениям айтди, дейсилар”.
Оқсоқолнинг бу гаплари таскин эди, холос. У яхши билардики, ҳали кўнглида армонлар тўнглайди. Эндиги Чалпактепаси осмон борабар бўлмайдими, барибир сел урган қишлоғини қумсайверади. Сўнгги нафасгача эслайди. Асов бўлса-да, Тўполонниям соғиниб қолади. Ана шу дамларда бобоси айтмиш ҳикмат ёдига тушади: “Мардумни ватанидан айирмасин! Худо кўрсатмасин, тупроғидан ажрадими, тамом, юрак куйиб адо бўлади”. Бўрибой шуни ўйлайди-ю, тин олади. Осмонга боқади. Булутли осмондан ҳеч нимани англолмайди. Ўз-ўзича тўлиқади. Бўғзидан нимадир буғаётгандай бўлади. Одамлардан холисроққа бориб: “Уккағарнинг Тўполони, дарё бўлсанг, тез оқ-да! Шўримизни қуритдинг-ку! Сен ўзи тентак дарёсан!”, дейди.
Уч кун тугал йўл босиб, дарё сувини ичган элмасми, яна келиб Қизилсув дарёси бўйидаги баланд ёнбағирга қўнди. Қизилсувнинг шашти паст, ёйилиб оқади. Унинг ўнг бетида қадим Чағониённинг харобаси — Оқмозортепа, ундан нарида Заҳартепа, Кулолтепа, Қисиртепа, сўнг улкан яйлов бор. Яйлов ортида Сурхони азим бир шода олтиндай товланади.
Дарёнинг сўл ёни эса бепоён дара. Дарани кўриб, Бўрибойнинг гуппилиги тутди. Қулочини кенг ёйиб деди: “Мана, биздинг янги юрт. Жодраб-жодраб, -дунёнинг ярмини эгаллаб яшанглар. Кўрганларинг тўй, еганларинг ош бўлсин, бовурларим. Бугундан бу жойнинг оти — Чалпактепа. Шу ерда ковулдай томир ёзинглар”.
Одамларнинг чеҳрасига табассум югурди. Кексалар: “Бешигимизу тобутимиз шу бўлсин”, деб тупроқни ўпди. Айни дамда одамларнинг ватанга бўлган меҳри баттар ийди, ичдаги ғам-ғусса ёш бўлиб қалқди. Шу замон Дўса кайпангнинг ўртанчаси — Эшмўмин шоир: “Ҳов, Бўри бобо, шу Чалпактепадан бошқа от қуриб қолдими бизга? Ана, Париж, Рим деганга ўхшаш отни қўйсак-чи? Чалпактепаси нимаси? Ахир, Чалпактепа энди йўқ, уни ному нишони билан сел ютиб кетди. Абадул-абадга… ”, дейди.
Оқсоқол довдираб қолди. Сўнг, кўз қири билан босиб қараб, ичида чангини чиқариб сўкди: “Тилинг қирқилсин, сен шоирваччани! Тўртта китоб ўқиб, ақлинг ғовлаб қолдими? Аҳмоқ, қумсангир!”. У доим нафратини ичига ютади. Оқсоқоллигини ўйлайдими, ташига чиқармайди. Лекин оломоннинг қаҳри ёмон қўзиди шунда. Икки дароз ўзини босолмай Эшмўминнинг тумшуғига солди, шоир кесилган дарахтдай ерга қулади. Дўса кайпанг чидаб туролмади. Ота-да, ҳассасини қулочкашлаб ҳалигиларнинг белига туширди. Ортидан ўдағайлаб: “Бир оғиз гапга шунчами-а? Қутурган итдай ташланасан, ҳамманг. Чалпактепанинг бошига Тўполон етди. Гапинг бўлса, ана, дарёга бориб айт! Боламда нима айб?”.
Эшмўмин маломатга қолди. Қишлоқдошларининг эсариям, бесариям ёвқараш қилиб юрди унга. Тўйу маракаларда пинҳона шивирлашиб уни яккалагандек бўлаверди. Одамларнинг бу қилиғи йигитга алам қилди. Узлатга чекиниб ич-этини еди. Охири оқсоқолиниям, бошқасиниям лаънатлай-лаънатлай, Заркентга кетди. Йўлга тушаётганида отаси кўп ёлворди: “Қайсарлик қилма, болам. Кўча-кўйда бош кўтариб юришимизни ўйла. Буёғи… буёғи мениям боғлаб қўйгани йўқ. Иссиқ жон. Одамларми? Уларни қўй, ҳали ҳовуридан тушади, ҳаммаси унутилиб, апоқ-чапоқ бўп кетасизлар”. Эшмўмин ўзига етари қайсар эди, унамади, тўрвасини елкага ташладию кетди.

* * *

Чалпактепаликлар тошдан уй, пахсадан молхона солди. Ҳар уй ораси товуш етар узоқликда. Қўшнилар бир-бировини имласа кўради, ҳорма-саломат қилади. Шундай қилиб янги Чалпактепа қишлоғи қад кўтарди.
Кеч кузакда янги қишлоқда тўй бўлди. Тўйга теваракдаги овуллар ёппа хабар қилинди. Бири қўй, бири эчки етаклаб келди. Тўй баҳона кўришиб-танишиб, бовурлашди. Бўрибой меҳмонларга элининг кимлигини айтди: “Тоқчининг қатоғон уруғимиз. Мард, танти, тўпори чалпактепаликлармиз”.
Шунда писмиқроқ бир меҳмон: “Оқсоқол, бу теп-текис дара бўлса, кўзга кўринарли тепаси бўлмаса, нимаси Чалпактепа?”, деди.
Писмиқнинг луқмаси оқсоқолга ёқмади. Кўзининг ости билан унга қаради-да, томоғини қириб, гуриллади:
— Чалпактепа — ота юртимиз. Бир замонлар Бўритош бобом Ҳисорга чиқиб қишлоғимизга қараса, худди чалпакка ўхшаб кўринибди. Шунгача номи оддий тепа экан. Кела солиб, гапга етар одамлар билан маслаҳат қилибди. Сўнг Чалпактепа, деб ном берибди. Қурғур кўкси баланд тепа эди. Оёғи остидаги тўполонни кўрдим демасди. Охири ювди-кетди. Фалокат оёқ остида дегани шу-да!

* * *

У пайтлар шоир ёш эди, дўмбиллаб чопиб юрарди. Ўзи бир қаричу ор деган нарсани биларди: опалари, онасини тез-тез тергаб турарди. Айниқса, бу одати бобоси Хуррам калга ёқиб тушарди. “Шу баччам каттарса қози бўлади”, деб суйинарди у. “Қози бўласанми, болам”, деб сўрарди бобо қитиғига тегиб. Набира найрангни тушунмасди, ғўддайганча: “Ҳа, қози бўламан”, деб жавоб берарди.
Қози бўлгич кўп китоб ўқийди. Қишлоқ кутубхонасида нўғай хотин мудир эди. У Эшмўминни суруб адабиёт китобларини ўқишга ундайди. Бола фақир кутубхонага гирди-капалак. Ҳеч кимни тергамайди, ўзи билан ўзи овора. Мактабни тугатаётиб, қозилик орзусини унутди-қўйди, маъни-матрасиз шеърлар ёза бошлади. Энаси: “Шуям касб бўлдими, улим, йигитнинг ишини қилсанг-чи?! Ана, от мин, улоқ чоп”, деб уришарди. У билганидан қолмайди. Дунётепага чиқади-да, шеър ёзаверади. Бўрибой буни кўриб, қувонади: “Шу уккағарнинг боласидан бир нима чиқади-ёв. Нуқул Дунётепада ўқийди. Дунётепада хислат кўп, болам, ғайрат қип ўқи, кам бўмийсан!”.
Оқсоқолга шоир боланинг айни шу тепаликда китоб ўқигани ёқади. Дунётепани оқсоқол кашф этган-да. Бир кўкламда қовоқ экаётиб кўзача топиб олди. Қараса, ичи тўла танга. Кўкиш, қизғиш тангалар. Оқсоқол шоша-пиша танганинг бировини тишлаб кўрди, из қолди. Қуёшга тутиб қаради — ялтиллади. Шунда Бўрибой мард кетди. “Бу Чалпактепанинг бойлиги”, деди ва қишлоқдошларини чақириб, биттадан улашди. Шундан кейин тепа Дунётепа -номини олди.
Шоир поездда кетаётиб шуларни ўйлайдию хўрсинади. “Эй, Дунётепанггаям сенинг… Қаерга қарама, тепа — Фалончитепа, Писмадончитепа. Тепасиз қишлоқ йўқ, бизда. Агар ойнадай яланглик бўлса, унгаям от топади: Ялангтепа”.

* * *

Оқсоқол босинқи тушлар кўрди. Тушида отаси койиди. Аввалига тушини ҳеч кимга айтмади. Боз туш кўриши кўпаявергач, аёлига ёрилди:
— Кампир, — деди ўсмоқчилаб. — қарияпмизми-а?
Момо парво қилмади. Сабаби чолининг феълини билади. Бир қарасанг, қарияпман, бир қарасанг яна бировига уйлансам-чи, дейди. Хуллас, айланади-ўргилади, кампирининг жиғига тегади.
— Беҳазил, момоси. Уйқу бети кўрмаяпман.
— Шундай бўлса, пошикасталарни камроқ ўйланг-да! Яхши ухлайсиз.
Оқсоқолнинг жаҳли чиқди. “Уккағарнинг кампири, бослиғаяпман, уқдингми, -бослиғаяпман. Тушимга отам кираяпти. Оқибатсиз улини уришаяпти. Сен бўлса -пошикаста, дейсан”.
Кампир сергак тортди. “Қаердан билай, эски жиртакилигингизми, депман-да. Бундай экан, ирим-сиримини қилайлик”.
— Нуқул шундайсан, кампир, гап тагидаги гапни англолмайсан, холос. Бошқа ҳамма балога фаҳминг етади. Кўнгил эса сафар тусаяпти, ота юртга сафар.
Оқсоқол сафар ҳақида Холиқбойга айтувди, хо-хо-лаб кулди: “Бу дейман, ҳар туш кўрганингизда Тўполонга бориб-келарканмиз-да, а, оқсоқол?!”.
— Буни тушунолмайсан, — деди Бўрибой. — Икки дунёдаям тушунмайсан. Сенга ҳаллослаб юриш бўлса, бас. Бу хил гаплар сенга ёт…
Шу орада Дўса кайпанг келиб қолди. Иккови аллақачон иноқлашиб кетган. У оқсоқолни жим тинглади. “Тўғриси, бировга айтишга уяламан, деди, Тўполонни кўпдан бери соғинаман. Измим қўлимда бўлса, ҳозир кетаман”.
Билишса, чалпактепалик бари кексанинг кўнглида шунга ўхшаш гап бор экан. Улар сўнгги нафасгача Тўполонга қатнади, аммо кўкрагининг бурчи кемтик бўлиб қолаверди.

* * *

Ўтган саротонда Эшмўмин билан оқсоқолнинг тўнғичи Эломон ўқишга отланди. Оқсоқол уларни кетишдан аввал қўй сўйиб сийлади. Қиблага юзланди-да, насиҳат қилди: “Болаларим, учта нарсадан сақланинглар — ёлғон гапиришдан, бировга туҳмат қилишдан ва кўролмасликдан. Фақат яхшилик қилинглар. Яхшилик — мангу яшайди. Чалпактепани унутманглар! Уни доим соғининглар! Айтиб қўяй, ана шунда муродга етасизлар”.
Иккови кўчани чангитиб кетди. Поезд Эломонни Термизга, Эшмўминни Заркентга элтиб қўйди. Катта шаҳарни кўриб шоирнинг оғзи очилди. Ҳаммаёқ ялтиллайди. Одамлари ҳам сипо, чиройли. “Маданият шаҳарда бўлади дегани шу-да” деб ўйлади шоир. Ўзига боқди: кенг-мўл кийими, тўр босган юзи-ю қадоқ қўллари… уялди. Бошини эгиброқ юрди. Отаси айтган момонинг уйини киракаш орқали топди. Ерга биқиниб кетган уй экан… Мана, орадан бир йил ўтиб, шоир яна шу уйга меҳмон бўлиб келди.
— Вей, шоирмисан, яхши келдингми, ўғлим?, — дея хурсанд кутиб олди кампир.
— Раҳмат, кўзингиздан учгандай яна келдим, — деди Эшмўмин.
— Яхши-да, илм олиш — саодат, болам. Ўқи! Қалай, чалпактепаликлар яхшими? Қаранг, отни қаранг, қандай оригинал!
— Саломат. Сизни сўрашди, салом айт, дейишди.
— Бўри-чи?
— Зўр.
Шоир гап орасида Чалпактепани сел уриб кетганини айтди. Буни эшитиб кампирнинг ранги бўздай оқарди. Қалтиради, ғулдираб, гапининг калавасини йўқотиб қўйди. Эшмўмин уни тинчитиш учун: “Ҳамма соғу саломат, бошқа дарага кўчиб, уй-жой ҳам қуриб олдик”, деди. Барибир, беканинг кўнгли беҳузур, Чалпактепага ачиниб юрди.
Кампир — тарихчи олима. Кўп тарихий жойларга экспедиция қилган. Тўполондарёнинг тарихини ўрганаман, деб Чалпактепагаям борган. Ҳафталаб дарё кечган. Сўнгра мақолалар, чалпактепаликлар ва оқсоқол ҳақида “Чалпактепа виждони”, деган эссе ёзган. Унга бу қишлоқнинг дангал ва тўпори одамлари ёқиб қолганди. Шу боис ҳозиргача йўқлаб туради.
Эшмўмин кампирнинг уйига тез кўникди. Бека қаламкашмасми, шоир боланинг қофиясиз, аммо жайдари, самимий шеърларини ўқиб кулар, баъзи маслаҳатлар берар, ҳатто “Адабиёт назарияси” деган китоб ҳам туҳфа қилди. Китоб, айниқса, имтиҳон пайти асқотди. Лунжи осилиб тушган, оқсоч профессорнинг “Гўзаллик нима?”, “Конфликт-чи?” деган саволларига боплаб -жавоб берди. Ёнидаги кўзойнакли домлалар билан ниманидир секин гаплашди, ёзган иншосини, унга тиркалган иккита шеърини қайта ўқиди. Профессорнинг чеҳраси сал ёришди. Ўйлаб-ўйлаб, баҳонгиз “4” деди.

* * *

Оқсоқол дунёни Боботоғдан Бойсунтоққача, деб билади. Болалигида отаси Боботоққа кўпкарига олиб борган. Кун чиқар томон адоқсиз ўркач эди, устини қалин туман қоплаб ётарди. Меҳмон бола жуда ҳайратланди. Ёнидаги мезбон болани туртиб сўрадики: “Бу товларнинг нарёғида нима бор?”. Боботоғлик айтди: “Бу тоғларнинг орқасида қуёшнинг уйи бор”. Бўри чиппа-чип ишонди: “Демак, Боботоғ — дунёнинг боши. Хўш, охири қаерда?”. Мезбондан яна сўрашга ийманди. Уйга қайтаётиб, отасидан сўради: “Ота, дунёнинг охири қаерда?”. Ота жилмайди. “Бола-да, ҳар нарсага қизиқади”, деб кўнглидан ўтказди. Сўнг содда қилиб деди: “Кун ботар томонда, болам!”. Бўри ўйлади: “Кун Бойсунтоққа ботади, демак, Бойсунтоғ — дунёнинг охири”. У шу фикр билан улғайди.
Замонлар ўтиб, Бўрибойнинг йўли Бойсунтоққа тушди. Унинг баланд чўққисига чиқиб қараса, тоғ ортида шафақ нурига тўлган поёнсиз ўлкалар ястаниб ётибди. “Дунёнинг туби йўқ экан-да, а?!”, Бўрибой ўкинди. Сўнг: “Йўқ, дунёнинг туби Бойсунтоғ”, деди ўжарлик билан.
Сафардан қайтди-да, кўринган одамга айтиб юрди: “Биродорлар, шу десанглар, бутун дунёни кўрдим. Машриқдан то мағрибгача. Кўрдимки, дунёнинг киндиги Чалпактепа экан. Қуёш худди Чалпактепа устида қиёмга келаркан”.

* * *

Шоирнинг талабалик даври ҳам шамолдай ўтди-кетди. Тўғриси, шоир қойиллатиб ўқимади ҳам. Университетдаги назариябозликдан безиди. Бир гал жаҳон адабиёти фани ўқитувчиси, профессор Оқил Олимовичга айтдики: “Суриб тазоду талмеҳни ёдламасдан ўзимизнинг шеърларниям ўқисак ёмон бўлмасди”. Профессор зукко эди, гапнинг қайровини дарров илғаб: “Илдизи йўқ дарахт кўкармайди-да, ўртоқ Дўсаев”, деб жавоб берди. Шунда ўртоқ Дўсаев ғаддорлигига борди, қўйнидан бир даста қоғоз чиқарди-да: “Нима, булар илдизсиз шеърларми? Ўқиб кўринг, кейин биласиз!”, деди. Ўқитувчи эринмай ўқиди, сўнг силлиққина қилиб деди: “Шеърларингиз яхши. Бироқ, ҳали пишитиш керак”. Шоир профессорнинг эъзозини тушунмади, сабоқдошларига, аканг қарағайни кўриб қўйинглар, дегандай қаради.
Эшмўминнинг сўнаётган иштиёқи яна аланга олди. Тинмай ёзди. Орқаваротдан “футурист” лақабини олган доцент бор эди. У шоирнинг ёзганларини кузатди ва бир куни ёнига чақириб, йўл-йўриқлар кўрсатди. Шоир қатор шеърлар битди, уларда темир-терсакдан тортиб тошларгача гапирди. “Футурист” домла олийгоҳ рўзномасида “Ҳур хаёллар шоири”, деган мақола ёзди. Мақтовдан Эшмўмин шишди, бурнидан нарини кўролмай қолди. Шу вақтдан у шахсиятпарастликка берилди.
Бир гал шоир телевизордан чиқиб, шеър ўқиди. Чалпактепаликлар кўрдию, ўзини қўярга жой тополмади. “Ана, дейишди, ўзимизнинг Дўсабойнинг ули. Галстугини қаранг, уккағарнинг, арбоб бўл-э! Ҳа, каллангдан Эшмўмин, бўш келма!”.
Бўрибойнинг шодлиги айрича эди. У шоирнинг шаддодлигини унутган, ўз ўғлидай яхши кўради. Жийрон отини миниб, атай ён қишлоқларни айланди. Йўлиққан одамга: “Кеча телевизор кўрдингми, Чалпактепа шоири Эшмўмин Дўсаев чиқди. Шеър ўқиди. У бизнинг қишлоқдан, билиб қўй”, деди.
Шоир ўқишни тамомлагач, шаҳарда қолди. Барча тенгқур жўралари каби шаҳарнинг кенгу тор ҳаётин бошдан кечира бошлади. Ёзганларини Чақмоқ тахаллуси билан чиқара бошлади. Аммо битиклари негадир атрофдагиларга ўтиришавермади. “Оёғи ердан узилган шеърлар” деган гаплар чиқа бошлади. Шундай кунларнинг бирида ўзи холис деб биладиган олимларнинг танқидига учради. Ҳатто бир газета ходими Чақмоққа: “Шеърингизнинг маъноси кўкка ўрлаган тутунга ўхшаркан”, деди. Шоир уни тутиб сўкди. Бу хил гаплар боз бўлавергач шоирнинг кўнгли тушиб кетди. Шундай кези унга ягона мухлиси далда берди: “Ҳаммаси олдинда, замон кимлигингни англаб етади.” Чақмоқ шеърини тўплам қилди ҳамки, замон уни англаб етмади. Китоблари сотилмай ҳафсаласи пир бўлди. Қўлдан омад кетса, яқин дўстлар ҳам юз ўгираркан. Чақмоқнинг атрофидагилари худди бегонадек юз буриб кетди. Узоқ ёлғизлик унинг дийдасини қотирди, бесамар кечган умрга ачинадиган, руҳан эзиладиган қилиб қўйди. У ҳеч қаерга сиғмади, дардини кимга айтишни, суянишни билмади. Заркент зардобдай бадидан олди. Ана шунда ҳаётнинг аччиқ сабоғи ичдаги қайсар ғаддорликни мағлуб этди, тинмай ота тупроқ томон етаклади…
…Қишлоққа тунда етди. Тўғри Қизилсув бўйидаги баланд тепаликка ўрлади. Тиззасини қучоқлаб ўтирди. Тупроқ ифоридан тўйиб-тўйиб ҳидлади. Хаёлини болалиги — сирли хотиралар банд этди. Ирғишлаб қўзи қувганларию, тирғалиб минаман деганларини эслади. Минарди ҳам. Энаси кўриб: “Жувонмарг, гўштини ҳаром қиласан, у сенга эшакмиди”, деб койирди. Эшмўмин бесар, қайсар бола эди, гапни олмасди. Охири оёғини қонатиб оларди. Онасининг юраги ачишиб, ярага бир сиқим тупроқ сепарди. Аввалига яра гувиллаб оғрир, кейин лўқиллаб-лўқиллаб юриб яхши бўлиб кетарди. Эшакдан йиқилиб, тирсаги шилинганида ҳатто, ичи, боши оғриганида ҳам тупроқни қизитиб босарди. “Тупроқ — ҳамма дардга даво”, дерди у. Кузакда лаби, қўли, товони тарса-тарса ёриларди. Онасига яна кун туғарди: ёғга беланган гулпахта устидан иссиқ тупроқни боғлаб қўярди. Яра бир кечада битарди… “Эҳ, олтин болалигим, азиз Чалпактепам, сендан улуғ бешик йўқ экан дунёда. Саодатнинг, муроднинг ҳосили сенда экан. Фақат менгина чиноқликка борибман”. Эшмўминнинг ўпкаси тўлди. Қорачиғини чўғдай куйдириб ёш қалқди. Юзига оқди, қўлларига, тупроққа томиб, сингиб кетди…
Чошгоҳга яқин Бўри оқсоқолнинг уйига қараб юрди. Қишлоқнинг янги манзараси Эшмўминга янаям азиз кўриниб кетди. Ўзига хос гузар шаклини олган қишлоқ ўртасида қад кўтарган мактаб биносини кўриб Эшмўмин турган жойида анграйиб туриб қолди. “Эй, кучингдан, Чалпактепанинг болалари…” деб юборди беихтиёр. Ва ўзининг айтар гапи ҳам беихтиёр юриш-туришига мос келаётганини туйқус илғаб кўнгли ёришди. Эшмўмин мактаб атрофидаги йўлакдан юриб оқсоқолникига ўтиб кетди. Уни касал дейишганди. Чол шоирни кўриб суюниб кетди. Салом-алик қилишгач, оқсоқол шоирнинг шу чоққача кезган жойларини, ўзи ҳам кўрган, йигитнинг қисқа, аммо, аччиққина кечмишидан бохабар каби салмоқлаб гап бошлади:
— Шу икки товнинг орасида йигит бўп етилдик, улоқ чопдик, солимга кураш тушдик. Шу икки товнинг орасида Тўполонга меҳр қўйдик, сувидан қониб ичдик. Ота-онадан кечиб бўлмайди экан, кенг ҳовариниям тепа деб билдик. Катта шаҳарларди кўрмаган бўлсак, улар сизлар билан келиб-кетиб тураверади. Ҳўв, шоир улим, шу жойлардан бориб телевизорга чиқиб юрибсан, биз мунга хурсандмиз!
Сен энди шу икки товнинг орасидан оққан сувлардай бир шеърлар қил. Шулар яхши бўлади. Бизнинг гапларниям эслаб қўясан-да…
Эшмўмин шоир бу гапларнинг мазмунини жон қулоғи билан тинглар эди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 34-сонидан олинди.