Бошлиғимизни трестда роса дўппослашибди. Қурилиш бошқармамизда объектлар сони кўпайиб кетганмиш, маблағлар ва ишчи кучлари сочиб юборилган эмиш. Яна механизмлар ва техника воситаларидан самарали фойдаланилмаяпти, объектлар ўз вақтида фойдаланишга топширилмаяпти, дейишибди.
Бошлиқ ҳам мажлисдан олган “энергия”сини ҳаммамизга бўлиб берди. Шошилинч тадбирлар белгиланди. Хақиқатдан ҳам объектлар сони кўпайиб кетган экан, икки баравар қисқартирилиб, йигирма тўрттадан ўн иккитага келтирилди. Ишлар бир нави йўлга тушгандек эди. Бир куни бошлиқ йўқлаб қолдилар. Кирсам ўзлари, аллақандай лойиҳага тикилиб ўтирган эканлар. Салом-аликдан сўнг ҳол-аҳвол сўраган бўлди, “чекинг” деб “Родопи”дан узатди ва ўзи ҳам ҳузур қилиб тутатди.
— Янги объект очсак, — деди бир пайт кулиб.
— Йў-ғе, — дедиму, бошлиғимизни гап қайтарганларни ёқтирмаслиги эсимга тушиб дарров хаёлимни йиғиб олдим. — Сиз нима десангиз шу-да, хўжайин.
— Буниси бошқача объект бўлади-да, — деди у илжайиб. Ҳеч нарсага тушунмасам-да мен ҳам тиржайдим.
— Кичкина участка қуришни ният қилдик.
— Жуда яхшида.
— Иккаламизга бир жойдан қурсак дегандим.
— Раҳмат, раҳмат, — дедим оғзимни таноби қочиб.
— Қурилиш объектларимиз қаторида амаллармиз-а. Қаёқдаги прорабу мастерлар ҳам данғиллама иморатларни битиришяпти. Сиз ҳам бир участканинг бошлиғисиз, кўнгилга яқин олиб сизни чақиртиргандим-да.
“Мен нима ҳам дердим, — дея ўйладим. — Ишга ҳам шу кишининг орқаларидан келганман. Мас¬тер ёрдамчилигидан участка бошлиқлигигача қулоғимдан чўзиб олиб чиққан ҳам ўзлари. Ҳозиргача унинг чизган чизиғию босган изидан юриб кам бўлганим йўқ”. Шунинг учун ҳам яна бир бор қуллуқ қилиб ҳузури муборакларидан чиқдим.
Шундай қилиб, қоғозга ёзилмайдиган ва имзо чекилмайдиган хуфия буйруқ билан “Ўн учинчи объект”¬даги қурилиш ишлари бўйича масъул бўлиб қолдим.
Ёз палласи эмасми, жабҳаларда ҳам иш қизғин. Материаллар етишмайди, гоҳ транспорт йўқ, гоҳ автокран керак бўлиб қолади. Ҳар оқшом йиғиламиз, хўжайин ҳар бир жабҳа бўйича ҳисоб сўрайди, янги вазифаларни кўрсатади. Материаллар, транспорт воситалари, механизмлар тақсимотида бизни ҳам унутмайди.
— Акбарали нима сўраса беринглар, — дейди ўринбосари ва бош инженерга. — Чунки, у болалар боғчасини қуряпти. Болалар келажагимиз, ахир!..
Йиғилиш тугаб одамлар тарқалишгач, “бопладимми” дегандай кўз қисиб қўйиб, ўдағайлайди:
— Бу жа-а резинкадай чўзаверманг-да энди, “Ўн учинчи объект”ни тезроқ битказайлик. Қишлоғимиз болалари анави дала шийпонидаги вақтинча боғчаларда ҳам катта бўлишаверади.
Бошлиғимиз қўйнидан тўкилса қўнжига деб шунчалик мурувват кўрсатиб турганидан фойдаланиб, унинг саккиз хоналик мўъжазгина участкасининг ёнига ўзимизга беш хонали кичкинагина кулба солишни унутганимиз йўқ, албатта. Чунки, мана шу қурилиш бош¬қармамиздан хўжайинга гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ундирган материаллар билан еттинчи синфда ўқиётган ўғлим учун уйни қуриб қўйдим. Тўртинчида ўқиётганига ўтган йили ўзимиз қурган ўттиз икки хонадонли уйдан битта уч хонадонлигини бир амаллаб тўғирладим. Энди кенжатойга ҳам бир макон керак-да, оғайни. Бу йил биринчи синфга боради.
Ўзимизнинг қишлоқда деб шу ерга уриниб қўяқолдим. Хўжайин ҳам ўғилларидан бирортасига мўлжаллаб қурдиряптилар-да, ҳозир ўзлари яшаётган нақ саройдек уйларидан бошқа жойга кўчишларига ишониш қийин.
Жабҳа битиб, “фойдаланишга топшириш” арафасида хўжа¬йин иккаламизни ҳаммаёғи ёпиқ, туйнукчаси панжарали, машинада олиб кетишди.
Гарчи ўзимиз сезмасак ҳам, қадамимизни илгарироқдан ўлчаб юришган экан, ортиқча гап- сўзсиз “сафаримиз муддати”ни белгилаб қўяқолишди. Бошлиқнинг этагига ихлос билан маҳкам ёпишган эканман, бу ёқларга ҳам бирга келдим.
… Яқинда уйдан хат олдим. Хўжайин учун қурган участкамизга болалар боғчаси жойлашибди, қишлоғимиз болалари бир яйраб қолишибди-да. “Бизнинг уй нима бўлди?” — деб хат ёздим. “У ерда ҳашаротлар яшаяпти” деб жавоб қайтаришди. “Қанақа ҳашаротлар?” деб ёздим. “Фойдали ҳашаротлар” деб ёзишди. Ана шундай ёзишмалардан маълум бўлдики, уйимизга хўжаликнинг биологик лаборатория¬си жойлашибди.
Яқинда бизни “очиқ”да юриб ишлашга чиқаришди. Қурилишдамиз — мутахассислигимиз бўйича дегандай. Хўжайин иккаламиз замбилда лой ташиймиз. Олдинда у, унинг изидан одатдагидек мен бораман.
— Мана қоришма ташишга ҳам анча ўрганиб қолдик, — дейди хўжайин ҳансираганини сездирмасликка уриниб, — қишлоққа соғ-омон қайтсак, мана шундай ўзимиз уриниб бир иморат солайлик…
— Ёнма-ён қилиб, — деб қўшиб қўяман қўлларимнинг қабариб кетган жойларини аста силаб туриб.
— Яқин кунларда ғишт теришни ҳам ўрганиб оламиз.
— Ҳа-а, бошга тушганини кўз кўради, деганлари шу экан-да.
Хўжайин коржомасининг чўнтагидан “Астра” чиқарди, шошиб гугурт чақдим. Ўзимга ҳам туташтириб, эндигина икки-уч тортган эдим, “бошлиқ”ни йўтал тутди, ижирғаниб сигаретини улоқтирди-да имо қилиб қолди: “Замбилни кўтардик”. Одатдагидек хўжайин олдинда, мен унинг изидан қўлимизда замбил билан қоришма тайёрланаётган яшик томон силжидик…