Бектемирдан Себзорга етиб келиб, таниш тўққиз қаватлик уй йўлагига кирдик.
– Лифт одатдагидек ишламайди, – деди «ёшуллимиз» Равшан ака. У Турсунбой аканинг илк шогирдларидан. Равшан аканинг болалар учун ёзган шеър ва достонлари кўпроқ эътироф қозониб, бу соҳада у ўз муносиб ўрнини эгаллаганини ҳам биз бир жиҳати устоз Турсунбой Адашбоевнинг ижобий таъсири ва ғамхўр мураббийлигидан деб биламиз.
– Турсунбой ака бизни атайин лифт ишламайдиган кунлари чақирсалар керак. Қани, шогирдларимнинг матонатини бир синай, деб, – деди рассом дўстимиз Абдусаттор. Тасвирий санъат билан бирга у шеъриятга ҳам ошиқ. Ўзининг аксар шеърларини ёд билганидан йиғин-суҳбатларимизда унга шеър ўқитишни хуш кўрамиз.
Тўққизинчи қаватга кўтарилар эканмиз, «осмону фалакка» ҳар куни чиқиб-тушадиган Турсунбой акага қойил эканимизни бир-биримизга айтамиз.
Бир неча йилки устоз шоир юқори қаватдаги икки хоналик уйда ёлғиз яшайдилар. Умр йўлдошлари вафот этган, бола- чақалари ота юртлари – Ўш вилоятида уйли-жойли бўлиб кетишган. Аммо «ёлғиз» сўзи Турсунбой акага унча ёпишмайди. Фарзандлари, қадрдонлари, шогирдлари йўқлаб туришади, бир муддат келмай қолишса, устоз ўзи соғиниб чақиради. Ижодкорлиги туфайли унинг бир оёғи Тошкентда бўлса, бир оёғи Ўшда. Икки халқ – ўзбек ва қирғизларга бирдай севимли, уларни боғловчи маданий кўприкнинг мустаҳкам устунларидан бирига айланган. Бу жиҳатдан уни устози Миртемир домлага менгзасак асло муболаға бўлмайди.
Одатдагидек очиқ турган эшикдан даҳлизга кирдик. Устоз хонада кўринмагач, уни чақирдик.
– Хонага ўтаверинглар, – ошхона тарафдан овоз келди. – Гуруч ивитяпман.
– Девзирами, ишқилиб, устоз? – қувлик билан сўради Абдусаттор.
Унинг билиб туриб сўраганидан гурра кулиб юбордик ва хонага кирдик. Бу шинам уйдаги камтар-камсуқум анжомлар бизга ёд бўлиб кетганидан, ундаги бир янгилик дарҳол диққатимизни тортди. Эшикдан кирганда тўғридаги девордан кўҳлик аёл сурати мулойим боқиб турар, у гўёким «хуш келибсизлар» деяётгандек эди. Равшан акага савол назари билан қараганимда, у менинг тахминимни тасдиқлади:
– Ҳа, бу киши марҳума янгамиз. Ўшда мен бир неча йил бирга ишлаганман ҳам.
Бизнинг суратдан анчагача кўз узолмаганимизни Абдусаттор мамнун илжайиб кузатиб турарди.
– Бу сурат сизнинг ишингизми? – сўрадим ундан. – Йўқ, кечирасиз, иш эмас, санъатингизми?
– Ҳа, каминанинг камтарин иши бу, – деди у оғзи қулоғига етгудек бўлиб.
Бу аснода Турсунбой ака ошхонадан чиқиб келди. Ўтириб, дуою фотиҳа қилгач, устоз яқинда сафардан қайтгани қўшни Қирғизистондаги маданий ҳаёт, у диёрдаги қирғиз ва ўзбек ижодкорларининг янги асарлари ҳақида сўзлаб, олиб келган китобларидан баъзиларини «сизлар ҳам ўқиб кўринглар», деб бизга берди.
– Мана бу сизга, Ғуломжон, – дея бир неча араб алифбосидаги эски китобни менга узатди. – Баъзан юртдошларимиз араб алифбосидаги китобларни топиб, «қадрига етадиган одам» деб менга келтиришади. Баъзилари анча ҳилвираб қолган. Афсуски, ўзим унча ўқиёлмайман. Сизнинг ихтисослигингиз эса қўлёзмашунослик. Шундай экан, булар сизда тургани маъқул.
Китобларни олгач, узр сўраб бир бурчакдаги ёзув-чизувга мўлжалланган хонтахта ёнига ўтдим. Бир неча қўлёзма ва тошбосма китобларни варақлаб кўз югуртириб чиқдим. Қуръони каримнинг баъзи суралари қўлёзмалари, Ҳофиз девони, Сўфи Оллоёр китоби. Булар таниш асарлар. Бир неча варағигина сақланиб қолган ўзбек тилидаги ғазаллар қўлёзмасида Садоий тахаллуси эътиборимни тортди.
– Мумтоз шоирларимиз орасида мен олдин Садоий номини учратмаган эдим. Афсуски, бу китобдан бир неча варағи қолибди, холос. Бир изланиб кўриш керак. Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасидан асарларининг бошқа нусхалари чиқиб қолиши мумкин.
– Мен ҳам бундай шоирни эшитмаган эдим. Ажаб эмас, меросидан яна намуналар топилиб, номи ва ижоди ёруғликка чиқса, – деди Турсунбой ака, ҳадя этган китоблари дарҳол каминада бир изланиш истаги уйғотганидан қувониб.
– Сиз ҳадя қилган китобларни жавоннинг алоҳида бўлмасига қўйиб, «Турсунбой Адашбоев туҳфаси» деб ёзилган лавҳа осиб қўймасам бўлмайди, – дедим ярим ҳазил, ярим чин тарзда.
Устоз яна ошхонага чиқиб кетгач, Қирғизистондан келган, Ўзбекистон нашриётларида чиққан болалар адабиётига оид китобларни кўздан кечирдик. Турсунбой ака лотин алифбосида чоп қилинган «Орзуларим – қўш қанотим» китобидан ҳар биримизга совға қилган, уларни болаларимиз, улардан олиб синфдошлари ҳам ўқишарди. Ажабки, ўзимиз ҳам болаликда бошқа болалар шоирлари қатори Турсунбой аканинг китобларини ўқиб улғайганмиз. Айниқса, «Арслонбоб шаршараси» ҳарф таниганимдан кейин мен ўқиб чиққан илк китоблардан бири сифатида илиқ таассуротларга ўралиб хотирамга муҳрланиб қолган. Варақлари рангдор ва расмли шеър китоб. Ўша пайтда қишлоқ болалари учун бундай китоблар ноёб, ўқитувчи ота-онам «Алифбе» ва «Ўқиш китоблари»ни тугатгандан сўнг менга олиб беришган дастлабки икки китобнинг бири шу эди. Энди эса ўша китоб муаллифи хонадонидамиз. У билан ой ўтмай учрашиб турамиз. «Устоз» деб эҳтиром кўрсатсак, у киши камтаринлик билан «сизлар ҳам менга устозсизлар», деб лутф қилиб қўядилар.
Турсунбой ака гуручни дамлаб келгач, қиттак-қиттак олинди. Қадаҳ сўзида даставвал янганинг суратини чизган Абдусаттор шаънига мадҳиялар айтдик.
– Сиз суратни келтириб бергач, анчагача ўтириб йиғладим, – деди Турсунбой ака Абдусатторга. – Оқ-қора фотосурат асосида шундай ажойиб расм ишлабсиз. Қўлингиз ҳеч қачон дард кўрмасин.
– Чизатуриб ўзим ҳам йиғладим, – деди Абдусаттор. – Расмни сеҳрланиш даражасида тикилиб томоша қилган келинингизга бу аёл бизга вилоятдош эканлигини айтганимда, қувониб кетиб: «ўзимга ҳам бу аёлни қаердадир кўргандек туюлувди. Ким бўладилар бу киши? Ҳозир Тошкентда турадиларми»? деб ҳовлиқиб сўради. «Турсунбой акамнинг марҳума хотини», десам йиғлаб юборса бўладими.
Барчамиз мутаассир бўлиб кўзларимиз намланган, суратдан меҳр билан қараб турган нигоҳ бизга тасалли бергандек эди.
– Катта ижодкор бўлганингиз сирлари бизга энди аён бўлмоқда, – дедим Турсунбой акага жиндек ҳазиллашиб. – Янгамиздек аёл сизга умр йўлдоши ва илҳом париси бўлгани кўпгина ижодий муваффақиятларингиз гарови бўлгани шубҳасиз. Энди, сир бўлмаса, илк бор танишганингиз, бундай ҳурлиқога қандай эришганингиз ва ҳоказолар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– У пайтда мени Бишкекка – Қирғизистонда чиқадиган ўзбекча газета «Қирғизистон ҳақиқати» таҳририятига ишга жўнатишган эди. Саломатхон таҳририят босмахонасида линотипда ҳарф терувчи бўлиб ишларди. Бу касбга қизиқиб қолгани тарихини менга ўзи сўзлаб берган кейин. Улар 8-синфдагилигида ўқувчиларни босмахонага экскурсияга олиб боришибди ва бу ердаги иш жараёнини томоша қилдиришибди. Ёш қизга линотипда ҳарф териш пианино чалишни эслатиб ёқиб қолибди. Бир қариндошларининг уйида пианино бўлиб, уларникига ҳар борганида Саломатхон пианино чалинишини завқ билан тинглар, баъзан ўзи ҳам ҳавас билан клавишларни босиб кўраркан. Ўзининг пианиноси бўлишини, чалишни ўрганишни жуда хоҳлар экан-у, аммо кўп болали оилада бунга пул қаёқда дейсиз. Босмахонадаги ҳарф териш машинаси пианино клавишига ўхшашини кўргач, шу касбга меҳри тушиб, 8-синфни битиргандан сўнг ўқишни кечкига айлантириб, Роза деган ҳарф терувчи рус аёлига шогирд тушибди. Пианино орзусидан туғилган меҳрини борича бу ишга бериб, оз муддатда моҳир ҳарф терувчига айланиб, касбига ихлос қўйиб, баъзан матнларда хатоларни кўриб қолса, муаллифларни аямай айтадиган бўлибди.
– Аслида матнларни текшириш ва хатосини тузатиш ҳарф терувчи вазифасига кирмасди, – луқма ташлади Равшан ака. – Шунга қарамай, Саломат опанинг хатоларни кўрсатганидан ҳеч ким ранжимай, доимо унга қулоқ солишар, матн тўғри ва саводли бўлиши учун жонкуярлик қилишига таҳсин айтишарди.
– У ҳали ёш қиз, оиласи яшайдиган уйғурлар маҳалласи – асосан Хитойдан кўчиб келган уйғурлар яшайдиган маҳалла шундай аталарди – ишхонадан узоқроқ бўлганидан, мен кўпинча ишдан кеч чиққанимизда уни кузатиб қўярдим, – давом этди Турсунбой ака. – Шу-шу яқинлашиб қолдик.
– Ёш ва сулув қизни кузатишга даъвогарлар фақат сиз бўлмагандирсиз, албатта, – кунжиковлик қилдим мен.
– Ҳа, бошқалар ҳам кузатиб қўяйлик, деб айтишганда, Саломатхон, Турсунбой акам кузатиб қўяман деганлар, деб уларнинг таклифини мулойимлик билан рад этаркан…
Саломатхон адабиёт, айниқса, шеъриятни севарди. Газетанинг терилаётган сонида озгина бўш жой қолса, бош муҳаррир менга қараб: «Қани шоир, ҳунарингизни кўрсатинг, фалон мавзуда бир шеър айтинг, Саломатхон тўғридан тўғри терсин. Вақт зиқ» – дерди. Мен буйруққа бўйсуниб, бадиҳатан шеър ўқир, янги шеър қоғозга ёзилмасдан туриб, газета саҳифасига тушарди. Мақолаларга шоирона сарлавҳалар лозим бўлганида ҳам буни менга буюришарди…
Саломатхонни ҳар гал маҳалласига кузатиб қайтгач, кўнглимни сурур қоплар, йўл тез тугаб қолганидан жиндак афсусланардим ҳам. Бир кун шундоқ масрур ўйларга берилиб қайтаётганимда йўлимни учта уйғур йигити тўсди. Улар жисмоний жиҳатдан бақувват, авзолари ҳам яхшиликдан дарак бермас эди. Мен беихтиёр тўхтадим. Аммо мутлақо қўрқмаганимга ҳозиргача ҳайрон қоламан. Кўнглим Саломатхон ҳақидаги ўйларга лиммо-лим бўлиб, бошқа туйғуларга жой қолмаганидан шундай бўлгандир, эҳтимол. Йигитлардан барвастароғи қаршимга келиб тўхтади ва беписанд оҳангда деди: «Хўш, шоир, бизнинг маҳалламиз қизига намунча илакишиб қолдинг? Мақсадинг нима»? Шоир деганидан билдимки, мен уларни танимасам-да, улар мен ҳақимда «зарур» маълумотларни тўплаб улгуришибди. Аммо улар кимлар? Биронтаси Саломатхонга кўнгил қўйганми? Ёинки – бу ўй бошимга келиши билан кўз олдим бир зум қоронғилашиб кетди – унга унаштириб қўйилганми?
– Биз бирга ишлаймиз. Қиз бола бўлгани учун баъзан ишдан кеч чиққанида кузатиб қўяман шундоқ.
– Лақиллатма бизни, агар жонингдан умидинг бўлса. Кузатаман десанг Саломат ишхонангдаги ягона қиз эмас-ку! Сен бизга ўз мақсадингни айт!
Мен гўё шу саволни ўзим узоқ кутиб юргандек, дардларимни тинглайдиган одамлар топилганидан қувонган каби жавоб бердим:
– Мен шу қизни яхши кўраман. Унга одам қўйиб, уйланиш ниятим бор. Аммо ҳалигача унинг кўнглини билмайман. Чунки ўзига бу тўғрида ҳеч нарса демаганман.
Ўз сўзимни айтгач, енгил тортдим. Саломатхонга айтолмаган муҳаббат изҳоримни унга маҳалладош йигитларга тўкиб солган, энди ошкора бўлган муҳаббатимдан ғурурланиб, йигитлар кўзига тик боқардим. Кутилмаганда, менинг сўзларим нашъа қилгандек, барваста йигит кулимсиради.
– Кузатиб қўйиб, кеч пайти ёлғиз ўзинг қайтишга қўрқмайсан-у, севгингни изҳор қилишдан қўрқасан. Ҳай, майли, бир йигитнинг бир қизни севишга ҳаққи бор. Фақат у ўз севгисига бир умр вафодор бўлса. Ниятинг шу бўлса, омад сенга ёр бўлсин. Аммо бундан кейин бизнинг маҳалламизга тинч келиб-кетишинг учун сен бизга сўз бер. Сенинг шоирлигингга учган, балки бошқа бирон жиҳатларингни ҳам ёқтирган Саломатни ҳеч қачон алдаб ташлаб кетмасликка, агар у ҳам сенга мойил бўлиб, ота-онаси ҳам рози-ризолик берса, уйланиб, бир умр вафодор эр бўлишинг ҳақида бизга сўз бер!
– Сўз бераман!
– Шоир бўлса, ёзиб берсин, – деди шу пайтгача индамай турган бирови. У, афтидан, дўппослаш умидида келган, ишнинг тинч кўчаётганидан норозидек эди.
– Уйғурча ёзишни биласанми? – сўрашди мендан.
– Йўқ, сизлар ёзиб беринглар, мен қўл қўяман, – дедим.
Қасамёд сўзларини араб алифбосида уйғур тилида ёзиб, менга ўқиб беришди. Мен бажонудил имзо қўйдим. Сиёҳ ўрнига юрак қоним томгандек эди гўё.
– Бу бошқа гап, – деди жўрабоши менинг хатти-ҳаракатимдан қониққандек. – Энди бу лафзингга содиқ бўл. Йигитнинг лафзи улуғ. Лафзига хиёнат қилгани унинг ўлганидир.
Улар мен билан тинч хайрлашишди. Шу-шу мен бу маҳаллага эркин келиб-кетадиган бўлдим. Ҳатто баъзида одамларнинг бир-бирига мен ҳақимда «шоир йигит, бўлажак куёв» дея гапиришганини эшитар эдим. Дунёда мендан бахтли одам йўқ эди. Ҳа, Саломатхон билан бирга бўлган йилларим ҳаётимнинг энг бахтиёр палласи эди…
Турсунбой ака кўзларига қуюлиб келган ёшни тиёлмай, биздан хижолат бўлгандек, деди:
– Узр, бу ҳақда шу пайтгача ҳеч кимга сўзламаган эдим. Бугун Абдусаттор чизган расм сабаб бўлиб, ҳам сизлар сўраганларингиз учун кўнглим тубида ардоқлаб келаётган армонли хотираларимни баён қилдим.
Бу тарихни ковлаштирган асосий айбдор бўлганим учун, гапни бир муддат бошқа мавзуга буришга уриндим:
– Мана шу девзира гуручини Фарғона водийсидан бошқа жойда етиштириб бўлмайди, дейишади. Аммо 17– асрда Ҳиндистоннинг бир вилоятида экилар экан. Бу маълумотни мен Маҳмуд ибн Валининг «Баҳр ул-асрор», яъни «Сирлар денгизи» асари қўлёзмасида учратдим. Ўша пайтдаёқ шуҳратли гуруч бўлса керакки, алоҳида таъкидлаб ёзибди.
– Ҳиндистонга уни Бобур олиб борган бўлиши мумкин, – мулоҳаза билдирди Абдусаттор. – Бобурнинг Фарғона мева ва экинларини Ҳиндистонда ўстиришга катта эътибор бергани маълум. Ўша вилоятнинг иқлими девзира экишга мос бўлгандир.
Ошдан сўнг бизнинг унсиз сўровимизга кўра Турсунбой ака ҳикоясини давом эттирди:
– Ўзбеклар асосан Ўш ва Жалолобод вилоятларида яшаши ҳисобга олиниб, ўзбек тилидаги газета таҳририяти Ўшга кўчирилганида, ўз касбига меҳр қўйган Саломатхон ҳам Ўшга кўчиб келди. Бу пайтда онаси вафот қилган бўлиб, отаси қизини бениҳоя севар эди. Ўғиллари бўлса-да, у ҳам Саломатхон билан Ўшга келди. Тўй қилдик. Янги оила бўлсак-да, моддий жиҳатдан ҳам яхши яшардик. Чунки энди Саломатхон ўз касбида устоз бўлиб, ўзбек, қирғиз, рус тилидаги матнларни аъло даражада териб, икки сменада ишлаб катта маош оларди. Шу сабабли мен бошқа журналистлар каби вақтимни тинимсиз хабару репортажлар ёзиб қалам ҳақини кўпайтиришга сарфламасдан ўзбек, қирғиз, рус ва жаҳон болалар адабиётини имкон қадар чуқурроқ мутолаа қилиб, ўзлаштириб олишга тиришардим. Бу жиҳатдан менга хотинимнинг мадади беқиёс бўлди. Фарзандлар кўрдик. Устозлар маслаҳатига кўра Тошкентга кўчиб келдик. Ижара уйларда яшаганимизда ҳам менинг ҳамдардим, таянчим, қисматдошим Саломатхон эди. Вафотидан сўнг ҳам унинг азиз хотираси менга ҳамиша ҳамроҳ…
Меҳмондўст хонадонни тарк этиб хайрлашаётганимизда суратдаги Саломатхон ая ҳам гўёким бизни мулойим нигоҳ билан кузатиб қолаётгандек эди.
2009 йил