Бу ерга кўчиб келганимизга ҳам бир йилдан ошди. Янги қўни-қўшнилар билан муносабатимиз анчагина қалинлашиб қолган. Байрамларда ва турли бошқа тадбирларда бир-биримизникига чиқамиз, турли нарсаларни олди-берди қиламиз. Баъзида ишим билан, ёз-чизларим билан андармон бўлиб, айтилган жойга бора олмасам, улар бир дунё ўпга-гиналар қилишади:
– Шоира, биз ҳақимизда мақтаб-мақтаб мақола ёзиб, газитга чиқармасангиз, энди биздан осонликча қутулмаймиз! – дейди улар ўтган-кетганимда.
Дарвоқе газетада ишлаганим боис, улар менга “Шоира” деб, исм қўйиб олишганди. Шеър ёзаманми ёки йўқ, газетада ишлайдиганларни ҳаммаси улар учун “шоир ва шоиралар” эди. Ҳатто тўрт ҳовли нарида турадиган Назира ҳар куни ишдан қайтишимга “ижодга асқотади” деб, турли кўча гапларини топиб келади. Ёзаманми, ёзмайманми, кун ора олдимга югуриб чиқиб, бир хабарни етказади. Мен ҳам уй ишларимни қилиш асносида, бошимни қимирлатиб қўяман. У соатлаб ҳикоя қилгач, яна ортига қайтади. Кетиши олдидан “бунисини ёзиб, газетга чиқармасангиз, ҳафа бўламан-а Шоира!” деб қўшиб қўяди яна ҳар сафар. Ҳикояларининг на боши ва на охири бор. Буларни ёзиб овора бўлишдан маъно-мазмун кўрмаганим боис, ҳали ҳеч бирига қўл уриб кўрмадим ҳам. Аммо…
Ён-веримдагилардан эшитишимча, Назиранинг уйида эри ва болаларидан ташқари, ногирон қайнопаси ҳам бирга яшар эмиш. Аммо Назира бир марта ҳам уни кўча-кўйга айлантиришга олиб чиқмаган. Қўшниларнинг билишича, йиллар олдин у автоҳалокатга учраб, тўшакка михланиб қолган экан. Катта йўлга югуриб чиққан укасининг, яъни Назиранинг ўғлини асраб қолиш илинчида шу кўйга тушган деган, тахминлар бор. У қайнопаси ҳақида оғиз очмас эди. Онда – сонда меникига чиққанида, “уйга чиқай, “анави” очликдан ўлиб, гуноҳига қолмай тағин” деган гаплари қулоғимга чалингандай бўлган эди. Менимча, у “анави” деганда қайнопасини назарда тутарди. Мен ҳам ундан тезроқ қутулиш мақсадида, ортиқча саволларга тутмас эдим.
Бир куни ишдан чарчаб келдим. Ой охирлаётгани боис, янги нашр чиқариш учун кун бўйи тинмадик. Толиққанимдан на овқат қилишга ва на болаларга қарашга ҳолим бор эди. Хўжайиним эса хизмат сафари билан бошқа вилоятга кетганди. Бир зум дам олай, деб жойимга чўзилишимни биламан, ўғлим олдимга югуриб келди.
– Ойи, сизни Назира опа сўраб келди. Ойингни чақир, деяпти. Сизда муҳим гапи бор экан.
– “Ойим ишдан энди келиб, дам олаяпти” дегин, – дейишимни биламан ҳовлига тўғри кириб келган Назиранинг овози уй остонасидан эшитилди.
– Қўшни… Шоира… уйдамисиз?
Норози кайфиятда, зўрға ўрнимдан қўзғалдим. Ташқарига чиқиб, истар – истамас у билан кўришдим. Яна камида икки соат валдирашини тасаввур қилиб, асабларим таранглаша бошлади.
-Шоира биласизми, – дея ҳиқоя қила кетди у. – Нариги маҳаллада бир қиз ўз жонига қасд қилибди. Эшитишимча, йигити ташлаб кетган эмиш. Бошқа биттасини топиб олгандирда, жувонмарг бўлгур. Мана оқибатида бир қиз беҳуда оламдан кўз юмди. Вой, бечора қиз! Бечорагина! – Унинг юзида ачиниш аломатлари сезиларди , – Сиз шуни яхшилаб ёзиб, газитга чиқаринг, Шоира.
– Нега ? – дедим мен ҳам энсаб қотиб. – Буни нимасини ёзаман. Одамлар бу мавзудан қандай маънавий озуқа олиши мумкин?! Бир бебош қизнинг ота-онасини ўйламай, бир йигитни деб ўзини ўлдириши ғирт беъманилик-ку ахир. Газетага ҳар нарсани ёзаверадими сизга? – гапирдим асабий оҳангда.
Бу алфозда гапирганимни биринчи марта кўраётган Назира менга ҳайрон тикилиб қолди. Афтидан баъзи жумлаларимга тушунмади ҳам. Унинг нақадар оми ва умрида бирон-бир бадиий китоб варақламагани ҳар бир гапидан сезилиб турарди. Гўё зўр хабарни менга етказди-ю лекин мен бунинг нақадар муҳимлигини англаб етмаётгандек, у бироз хафасиради.
– Майли, қўшни ёзсангиз , ёзмасангиз ўзингиз биласиз! Менга барибир. Мен кетдим, – дея у ўрнидан турди. Мен ҳам ундан тезроқ “қутилганимга” хурсанд бўлдим. – Эсим қурсин, – яна тўхтади у, – олдингизга бошқа мақсадда чиққандим.
– Бугун қайнопамнинг туғилган куни эди. Хўжайиним ош қилишимни тайинлаб кетди. Қарасам, уйда сабзи камроқ экан. Сизда бўлса, сўрашга чиққандим аслида.
Қўлига сўраган нарсасини тутқазар эканман, Назира биринчи марта мени уйига таклиф қилди. Хўжайини ишдан кеч қайтишини, болаларни олиб, туғилган кун нишонлашга чиқишимни тайинлади. Мен ҳам имкон топсам, албатта боришимни айтиб, уни кузатдим.
Шу билан уйқум тарқаб кетди. Қош қорайгунча уй юмушлари билан андармон бўлдим. Уй йиғдим, кир-чирларни ювдим. Негадир кўз олдимда Назира ва кўрмаган бўлсамда унинг қайнэгачиси гавдаланаверди. У таклиф қилишга қилди-я аммо мен на борар ва на бормасликка иккиландим. Бироқ шундай кўнгли синиқ инсонларни йўқлаш савоблигини ўйлаб, уйга тўй-томошаларда келган яхшигина совғалардан бирини танлаб олдим. Болаларга овқат сузиб бериб, бирровга қўшниникига чиқиб келишимни, яхши ўтиришларини тайинлаб, кўчага отландим.
Яқин бўлгани боис бир зумда Назиранинг уйига етиб келдим. У ҳам ҳовлида куймаланиб юрган экан. Мени кўриб шошиб қолганидан, меҳмон кутмаётганини англадим. “Бекор келибман” деган ўй ҳаёлимдан лип ўтди. Аммо мезбон мени уйга таклиф қилиб, апил-тапил дастурхон ёзди.
– Назира, қўйинг, овора бўлманг! Бирровга чиқдим, – дедим иши бўлса безовта қилмаслик ниятида.
– Йўғ-е, нега! Овораси борми? Уйимга озиб-ёзиб, сиздек шоира қадам ранжида қилса-ю, дастурхон ёзмайманми?!
Зум ўтмай , патносда нон ва чой олиб келди. Чой қуйиб, узатди. Нон ушатди. Болалари ҳали кўчадан кирмаган шекилли уйи жим-жит эди. У яна ҳовлига чиқиб кетиб, анча ҳаяллади. Хонада бир ўзим қолдим. Ўрта уй шекилли, хонанинг икки тарафида ҳам эшик бор эди. Ҳовлига қараган катта ойналарга оқ дарпардалар тутилиб, ичкарини ёритиб турарди. Уйда ғалати сокинлик хукмрон эди. Аммо… Қулоғимга кимнингдир инграган товуши эшитилди. Қайнопаси бўлса керак… Ҳаёлимдан ўтказдим. Овоз ичкариги хоналардан келарди. Бу ҳол бир неча маротаба такрорланди. Қўлимга совғамни олдимда овоз келган тарафга юрдим. Адашмаган эдим. Хона зим-зиё эди. Шамоллатилмаганидан ғалати ҳидлар анқиётган хона бурчагига солинган эски кўрпага михланганча ўттиз – ўттиз беш ёшлар чамасидаги аёл инграрди. Белигича енгил ёпинчиқ ташланган, қўллари жонсиз, сочлари тўзғиган ва кўз ёшлар тирқираб оқаётган юзида ранг йўқ бу жувонни кўриб, юрагим орқага тортди. Даҳлизда турганча, қотиб қолдим. У келганимни сезмади ҳам. Унинг юзида биргина умид – яшаш умиди бор эди. У алланималар дер, “қуёш… ой… ой-юздузларни кўрсатинглар менга…” дея беҳолгина пичирларди.
Оёқ-қўлларимни қалтироқ босди. Кутилмаган бу воқеатдан юрагим ҳапқириб ура бошлади. Гўё бир жиноятга гувоҳ бўлиб қолгандек, бутун баданим қўрқувдан титрарди. Дарров ортимга қайтдим. Шу орада кўлида чақ-чуқлар кўтарган Назира пайдо бўлди.
– Анча куттириб қўйдимми сизни? – деди у кириши билан.
– Ичкарида кимдир инграгандек бўлдими? – саволга тутдим уни. – Сизни исмингизни айтгандек бўлди адашмасам.
У лабини чимтиди. Ўрнидан шарт туриб, овоз келган томонга кириб кетди. Ҳарчанд паст овозда гапиришга уринмасин, барибир гаплари эшитилиб турарди. “Сени дастингдан уйга бировни таклиф қилишга ҳам уяламан. Ҳаммага мени шарманда қилмоқчимисан? Қачон сендан қутуламан? Олдингда қарзим бўлса, шунча қараганим етар! Ахир мен ҳам одамларга ўхшаб, яшашни хохлайман… “ У тинмай касалмандни айблай кетди. Менинг борлигимни ҳам унута ёзганди. Не қиларимни билмай қолдим? Индамай чиқиб кетишга виждоним йўл қўймади. Ўзимни қўлга олиб, нима қилиш зарурлигини тезда ўйлаб олдим. Яна ўша зимистон хонага қайтдим.
Шом маҳали эди. Уларнинг олдига кириб, шартта пардаларини четга суриб ташлаб, ойналарни очдим. Ташқаридан тоза ҳаво гупирилиб кирди. Қизариб турган уфқ нурлари хонани ёритди. Алланималар деб, нолиётган Назира эса жимиб қолди. Кутилмаган ёруғликдан кўзлари қамашган жувон бир зум кўзини очмади. Сўнг атрофга аланглади. Касалманд юзида нур жилоланди. Ҳовлидаги сўри устида қўрпалар тўшовли турганига кўзим тушганди.
– Назира, туринг ўрнингиздан! Бу нима деган гап! Ҳаммамиз одам боласимиз, ахир! Сиздан ота дунё нарсани сўраётгани йўқ-ку! Қани, опани у ёнидан кўтаринг!
Назира аввалига анграйганча менга тикилиб турди, сўнг буйруқларимга итоат қила бошлади. Икковлашиб опани сўри устига ётқиздик. Қувончдан юзига табассум балққан аёлнинг кўзларидан тинмай дув-дув ёш оқарди. Гўё фариштага тикилгандек, мендан кўзини узмас эди. Уни таваллуди билан қутлаб, совғамни ёнига қўйдим. У эса тинмай менга ташаккур билдириб, дуо қиларди. Болаларим уйда ёлғиз қолганидан хавотирланиб уйга ошиқдим. Кетар чоғимда Назира айбдорона минғирлади:
– Шоира, сиздан бир нарсани… Яна буни газитга ёзиб юрманг!