– Эртага тонгда уйда бўламан. Тайёргарлигингни кўравер!
Марям ҳаяжонини аранг босиб хайрлашди-да, ёш боладай ирғишлаганича телефонни бағрига босди. “Эртага! Эртага тонгда!”
Хорижга ишлагани кетган эрининг шу сўзларини икки йилдан ортиқроқ кутди. Ўғилчаси югуриб юрибди, ҳали отасини кўрмаган. Тўйларидан кейин роса бир йил куттирган хушхабар ишлагани кетганидан кейин, телефон орқали айтилганди. Мана ўша бола – тўтиқушдек “дада” дейишни ўрганиб олгану, “дада”нинг кимлигини билмайди. Жуда бижилдоқ, ширинтой бўлган. Ҳали Сардор акаси бир кўрсин, дунёни унутиб юборади!
Марям “эртага тонгда” деган муддат бунчалар узун бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган эди. На ухлади, на овқат еди. Кутиш азобининг шу қадар ширинлигини ҳам энди билди…
Кўҳликкина қиз эди Марям. Отасининг қаттиққўллиги, учта паҳлавон аканинг тергашлари сабаб, бирон йигит унга кўнгилдан гап очмаган. Табиатан итоаткор қизнинг ўзи ҳам ошиқ-маъшуқликни хаёлининг кўчасига йўлатмай, тақдирнинг ҳукмини кутди. Отаси рўйхушлик берган одамга турмушга чиқди. Ва… чин дилдан унга боғланиб қолди. Шунча йил асраган туйғуларини зарра-заррасигача Сардорга бағишлади. Кейин бу айрилиқ… Барибир у бахтиёр эди. Бир одамни соғиниб, кутиб ва умидвор бўлиб яшаш ҳам бахт экан. Сардор акаси келсин, унга жуда кўп гапларни айтади. Шу пайтгача ҳеч кимга айтмаган, қалбининг туб-тубида асраган гапларини…
Сардор тонг палласи, кутиб олиш учун йўлига чиққан дўсти Муроджон билан кириб келди. Марям энг охири, қўл учида кўришди-ю, эрига болани узатди. Бу лаҳзаларни қанча кутганди-я! Ниҳоят, ниҳоят! Лекин кўпчиликдан ийманиб, ҳатто эрининг юзига тузукроқ қарамай, дастурхон тузашга киришиб кетди.
Кейинроқ, ошхонада ёлғиз қолганида дераза олдида туриб зимдан кузатди: Сардор акаси янаям кўркамлашиб кетибди. Овсинининг гапига кириб янги кўйлагини кийса, пардоз қилиб олса бўларкан. Қайнотасидан уялди-да…
Уйларидан кун бўйи келди-кетди узилмади. Оқшом чўккан, болалар ухлаб, катталар сўрида гурунглашиб ўтиришган пайт Муроджон кетишга шайланди.
– Юр, битта чекайлик, кейин кетаверасан, – деди Сардор уни боғ тарафга бошлаб.
Марям чойни янгилаб келди. Пишиллаб ухлаётган ўғилчасининг ёнига ўтириб, бошини секин силаб қўйди. “Тентаквой, отангдан ётсираб, ёнингга йўлатмадинг-а. Ҳечқиси йўқ, ҳали ўрганиб кетасан. Энди дадангни ҳеч қаёққа юбормаймиз. Ахир нима камимиз бор? Даданг ишига қайтади, кейин доим бирга бўламиз”, ўйлади юраги орзиқиб.
– Келин, – чақирди қайнотаси, – Муроджонга қайта-қайта қўнғироқ қилишди, обориб беринг телефонини. Тағин бирон зарур ишлари бўлмасин.
Марям телефонни олиб, боққа ичкарилади. Икки дўст олмазордаги кўча чироғи тушган нимёруғ жойда тамаки тутатиб туришар, Сардор нималарнидир берилиб гапирарди. Нақадар ёқимли унинг овози! Бу фуснкор висол кечасида ҳамма нарса гўзал, ҳузурбахш эди. Вужудига сизиб кириб, қалбини эркалаётган товушга маҳлиё бўлганича, ногаҳон суҳбатнинг бир учини эшитиб қолди.
– Хуллас, нима қилмоқчисан?
– Кўп ўйладим, дўстим. Энди уларсиз яшолмас эканман. Айрилишни истамайман.
Марям тўхтаб қолди. Юраги кўксидан отилиб чиққудек ура бошлади. “Мен ҳам энди сизсиз бир кун ҳам яшашни истамайман, Сардор ака! Энди бизни ташлаб кетманг! Кетмайсиз-а?”
– Аттанг, – деди Мурод нимагадир. – Яхши иш бўлмапти. Ким ўзи у, ўрисми?
– Ҳа. Оти Лена. Бир кўрсанг эди уни, мени тушунган бўлардинг. Телефонда расмлари бор, ҳали кўрсатаман. Яшаш нималигини энди билдим! Лекин ўғлимнинг отини ўзбекча қўйганмиз, қуйиб қўйгандек ўзим.
Марям бир дам карахт туриб қолди: “Нима? Қанақа… Лена? Қайси ўғил?”Боягина гупурлаётган юраги гўёки уришдан тўхтади.
– Марям-чи? Ўғлинг-чи?
– Жавобини бераман. Лена учун ўнта Марямдан кечаман керак бўлса! Шуям хотинми? Фақат бола… оёғимга тушов бўлмасайди.
Орага сукунат чўкди.
Нимадир шитирлаб кетганидан Мурод ҳушёр тортди.
– Бу атрофда кимдир борга ўхшайди. Юр, ичкарига кира қолайлик.
Улар яна ҳовли томон юришди. Сардор ногоҳ бир чеккада устундай қаққайиб турган Марямга туртиниб кетди.
– Ия, бу сенми? Мен қанақа устун экан деб ўйлабман.
Сардор ўз гапидан ўзи завқланиб ҳиринглаб кулди.
Марям жавоб бермади. Унинг нигоҳлари тубсиз зулмат қаърига қадалиб қолган эди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон