Гулчеҳра Асронова. Ой қиз (ҳикоя)

У тенгқурлари ичида охирги бўлиб узатилди. Ахир кимдир охирги бўлиши керак-ку? Лекин одамлар буни “ўтириб қолди” дейишади… Бу хунук ибора секин-аста қизнинг ҳам кўнглига мўралаб, ўзини-да ишонтира бош­лаган бир пайтда совчилар эшик қоқди (қўшни қишлоқдан экан, бу икки гўшани бир-биридан айириб турган биргина нарса – ўртадаги мўъжаз кўл). Ота-онаси енгил нафас олди, қиз эса кутилмаганда қайсарлик қилди – кўрмаган одамимга тегмайман, деб туриб олди. Ахийри, учрашувга чиқадиган бўлишди.
Ойқиз мактабни битирган, холос, аммо китоб жону дили, унинг дунёқараши бу қишлоқ сарҳадларини аллақачон тарк этган. Ҳовлию дала тўла ишу ўқишга вақт топади. Шаҳардаги катта кутубхонада ишлайдиган қишлоқдош дугонасини тиндирмайди – ҳафта ўтар-ўтмас тугатиб, янгисини сўрайди. Китобни деб унча-мунча танбеҳ ҳам эшитиб туради. Ахир жўнгина, шу қишлоқдан нарини кўрмаган бир қизнинг кўнглида нима борлигига ким ҳам қизиқарди? Ҳамма ўзи билан ўзи овора, ота-онанинг биттагина ташвиши – уни узатишса-ю, сингилларига йўл очилса. Ойқизнинг кўнгли эса бошқача, унда ҳар бир ўқилган китобнинг андозаси бор. Рангин, ўзга дунёлар, турфа тақдирлар, муҳаббат қиссалари, ўзигагина маълум орзулар ичида яшайди у. Ёр сиймоси ҳали Отабек, ҳали Илёс, ҳали Камронбей бўлиб гавдаланади қизнинг тасаввурида… Хаёлий маҳбуби мукаммал сиймога айланиб бўлган, унинг фақат моддийлашуви қолган, илло, эртага шу буюк жараён рўй бермоғи ҳақида ўйлаб, ширин ҳаяжонга тушганди.
Эртасига, куз қуёши эндигина қиздира бошлаган палла марказдаги кичиккина боғда учрашдилар. Мана У! Ҳа, худди ўзи!
Улар бир муддатгина хиёбондаги ўриндиқда суҳбатлашдилар. Ойқиз Унинг юзига уч-тўрт бор шоша-пиша қараб олди-ю, бошқа ботинмади. Йигитнинг ҳам овозида майин титроқ бор эди. Демак… Фақат негадир У тезгина, бироқ илиқ хайрлашди. Ойқиз бундан ранжимади, чунки яна бироз ўтирса, юрагида “повв” этган олов вужудига туташиб, ҳолини ошкор этиши мумкин эди. Уйга қайтгач, онасининг сўраб-суриштириш­ларига “майли”, деб қўяқолди. Шуурида эса бир иқрор садо берарди: “Билдим, севги деганини билдим…”
О, бу қандай бахтиёрлик эди! Қаёққа қарамасин – Унинг қиёфаси, нима иш қилмасин – Унинг хаёли! Ҳатто китоб варақларида ҳам У! Бир мартагина кўрди-ю, кипригининг учигача эслаб қолди, назарида. Ота-онасига тобе ва бу тобеликни заррача малол олмаган гўзал ахлоқли қизлар, одатда, туйғуларига изн берилса, бутун борлиғи билан севадилар.
Ойқизни энди биргина савол қийнарди: наҳотки йигит ҳам уни кўргиси келмаяпти? Лоақал кўчасидан бир ўтсайди, узоқдан бўлса ҳам қорасини кўролса эди! Эҳтимол, йигитлар камроқ севишар?

***
Тўй бошланди. Қудалар уни камчиқим, дабдабасиз ўтказишга келишдилар. Негадир, ҳатто оқшомги базм бўлмас, ота уйида қизлар ўзлари ўйнаб-кулишлари кифоя эмиш. Ойқиз кўп оёқ тирамай, кўнақолди. Қолаверса, унинг бахт ҳақида ўз тушунчаси бор: иккиси бирга бўлишса бас.
Ҳа, севги ҳам бир девоналик: Ойқиз на кам-кўстга қаради, на онасининг кун бўйи кўз ёш тўкканига ажабланди, аммаларининг “нима бўлганидаям тиниб-тинчи, ортга йўл йўқ!” деб уқтиришларига эса кулгиси келди ҳатто. Беҳуда ваъз! Одамлар ғалати, қанча кутди ахир Уни, нега қайтсин?! Фақат бир нарсадан қўрқарди – кўзи кўзига тушганда, юраги севинчдан тарс ёрилиб кетмасайди…
Никоҳ ўқилган пайт, эски паранжига ўраб-чирмаб қўйилганидан, куёвни деярли кўрмади. Кейинроқ, келинлик либосида ичкарида Унинг келишини пойлаб тураркан, дийдор лаҳзаларининг яқинлигидан қалби гулбарг мисоли титради. Бу пайтда қиз ота-онаси билан видолашиб бўлган, шаҳзодаси остона ҳатлаб кириб келиши ва гул тутиб уни олиб кетиши тўйнинг ягона жозибали манзараси эканидан заррача ўкинмас, аксинча, бениҳоя масрур эди.
Эшикдан бир нечта жўраларини эргаштириб куёв кириб келди.
Куёв… кириб келди. Лекин… У қани?! Ойқиз ҳеч бир иккиланишсиз, қаттиқ тикилганча ўзи томон келаётган дўппили одамга ҳарир ёпинчиқ ортидан лол бўлиб қараб турди, сўнг, ҳеч нарсани идрок этмагани ҳолда қўлига тутқазилган гулни ихтиёрсиз олди-да, атрофга аланглади. Бу ким? Қани У? Бу сўзларни ҳайқириб айтди гўё, лекин ҳеч ким эшитмади. Ҳалиги одам “ушланг!” дегандай тирсагини ҳавола қилиб турарди. Дугонасининг турткисидан чўчиб тушди. Атрофдан “бўлинг энди, бўлинг!” деган овозлар қистар, бу худди бир алаҳсирашга ўхшаш ғайритабиий ҳодиса эди. Қиз унинг билагидан тутди-да, оёқлари қалтираганча эргашиб кетаберди. Худди гирдоб қаърига кириб борар, ўйлари пайдар-пай, дугонаси ҳар бир саволига “жим!” деб жавоб берарди. Улар пастгина остона зинасидан тушиб кўчага, келинни олиб кетишга шай турган машина томон юриб боришарди. Ойқизнинг мияси ғувиллар, жавобсиз саволлар дўлдек ёғилиб қалбини нимталар эди: “Ким бу? Катта кишига ўхшайди, балки амакиси ёки тоғасидир? Уларда шунақа удум бордир, тоғаси келинни олиб чиқадиган? Унда нега ҳеч ким айтиб қўймади? Нега довдиратишяпти? Бу одам… қаергача бошлаб бораркин? Қани У, қани?!”
Машинага келин, сўнг ёнига… ҳалиги эркак ўтирди. Қизнинг юраги гурсиллаб ура бошлади. Ёпинчиқ ортидан яна қайта қаради. У ҳам худди шуни кутгандай, асли шундай бўлиши керакдай қизга юзланди. Боягидай қаттиқ тикилди. Шундагина Ойқиз унинг юзидаги тиртиққа – чаккасидан то лабигача тортилган чандиққа кўзи тушди. Сесканиб, бор журъатини икки оғиз сўзга жамлаб, сўради:
– Сиз… кимсиз?
Эркак бир зумгагина кўзларини олиб қочди. Кейин ялт этиб қараб, таъкидлаб айтди:
– Кўрмаяпсизми? Куёвман!
– Қанақасига? Мен… Мен сизни танимайман!
– Ҳайда! – деди ҳалиги одам, гўё унинг сўзларини эшитмагандек.
Қизнинг ич-ичида нимадир “чирт” этиб узилгандек бўлди. Наҳотки шу… Унда… Йўқ, бу туш! Бундай бўлиши мумкин эмас!!!
Бу ёнига чаққонлик билан жойлашган дугонасига нажот билан қаради.
– Бу нимаси?
– Мен ҳам билмагандим, ишон, – пичирлади ўртоғи, йиғлагудек бўлиб. – Энди ҳаммага шарманда бўлмай, жим ўтир!
Машина зувиллаб йўлга тушди. “Нима деяпти булар? Қанақасига? Учрашувга чиққан йигит қани?”
– Нари туринг! – дея беихтиёр дўппили одамни туртиб юборди Ойқиз. – Бу қанақа юзсизлик? Қочинг! Мен тушаман, тўхтатинг!
Шунда дўппили одам билагидан маҳкам ушлаб, бир силтади:
– Жиннилик қилманг! Никоҳ ўқилиб бўлди.
Қиз бир тўлғонди-ю, боши орқа суянчиққа шилқ этиб тушди.

***
Ҳуши кириб-чиқиб етиб келди, чимилдиқ ичига қандай олиб кирганларини билмайди. Худди фақат жисми шу ерда, ўзи эса узо-оқлардан кузатаётгандай… Мана, ёқалари жиққа ҳўл, қалин кўрпалар устида йиғлаб ётибди. Бошида аммаси, яна бир-иккита нотаниш аёллар. Уларнинг аврашлари, алдашлари, “шарманда бўлма!”, “гап-сўзга қоласан!” деб пўписа қилишлари-ю, дилпора келинчакнинг дод-войларини баён этиб, юракни эзишга ҳожат бормикин? Уни шундай, шунчалар алдашди. Ёши ўтиб қолган, бир нечта қиз билан учрашиб юрак олдирган куёв юзидаги чандиғини деб учрашувга чиқмабди эмиш. Ҳалиги йигит эса, яқинда хотини қазо қилган дўсти экан…
Янгалар вазиятни юмшатиб, “биз шу ерда, чимилдиқ ортида бўламиз” деб чиқиб кетдилар. Ойқиз оппоқ либосда, қалин кўрпалар устида оёғидан боғланган қушдек бенажот ўтирар эди. Ўйлагани сари даҳшат ўпқонига чуқурроқ ботар, нималарнидир англаб етарди. Онасининг тўй яқинлашгани сари хомуш тортиши, аммаларининг сабр-тоқату тушган жойида тош қотиш ҳақидаги қаттиқ-қаттиқ насиҳатлари, ва айниқса, хайрлашар чоғи отасининг кутилмаганда йиғлаб юборгани… ҳаммасининг боиси равшан бўлди.
Наҳотки энг яқин, ишонган одамлари уюштирган фитна бу? Айби нима? “Ўтириб қолиш” бундан-да фожиали эдими?
Қанча вақт ўтди, билмайди, тинмай йиғлади. Уни овутгани, баъзан эса пўписа қилгани кимлар кириб-чиқмади. Охири куёв келди. Бутунлай бегона, аламзада, ширакайф бир эркак…

***
Ойқиз ҳамон йиғларди. Фақат, энди беун ёш тўкарди. Ёнида пишиллаб ухлаб ётган… одамни уйғотиб юбормаслиги керак. Қарори қатъий. У на эрка, на инжиқ қиз эди. Ҳамма нарсага кўнарди. Лекин индамай кўниб, мана бу мунофиқ кимса билан бир умр бирга яшаш дунёдаги энг итоаткор қиз учун ҳам оғирлик қиларди.
Аста ўрнидан туриб, жуфт-жуфт болишлар зичлаб йиғилган токчани бўшата бошлади. Хайрият, дераза дала томонда экан. Эҳтиёткорлик билан очиб, сирғалиб тушди. Шундай секин юриб кетдики, қишлоқнинг энг сергак итлари ҳам пинак бузмай ухлаб ётдилар. Икки қарта дала ошиб, кўлга етиб келди. Чангалзор ортидаги соҳилга етгачгина тўхтаб, ерга беҳол ўтирди. Ҳаётидаги энг даҳшатли тун ойдин ва сокин эди.
Кўл суви майин мавжланар, янги ойнинг акси тўлқинларнинг кўйнига кириб, келинчакдек зир титрар эди… Қиз кўлнинг нариги томонига термилганча юраги орзиқди. Бир пайтлар ўша қирғоққа дугоналари ёки сингиллари билан келар, қий-чув солиб чўмилишар, кўйлак қуритиш учун ўзларини офтобга солиб ўтириб бир-биридан ширин орзулар қилишарди. Ойқиз кўпинча ўзи ўқиган китобларини айтиб берар, тинглашни истамаганлар билан уришиб қолар эди. У жуда кўп ўқиди, ўзининг ҳаёти ҳам китоб­лардагидек жўшқин ва маънодор кечишига ишонди. Фақат китобларда ҳам баъзан энг масрур дамларда киши тақдири бирдан ўзгариб, орзулари чилпарчин бўлиши мумкинлигини унутган экан. Қандай севган эди-я! Тамом, барча гўзал ҳислар нариги қирғоқда қолиб кетди…
Ҳавода изғирин кезинар, кўл устида енгил буғ кўтарилганди. Лекин, узун сочлари паришон, кўйлагининг этаклари титилган қиз бу тобда совуқни ҳис қилар ҳолатда эмасди. Ҳозир ярим тунда шу аҳволда уйига кириб бориши, отасининг қаҳри, эртанги жанжалу гап-сўзлар ҳақида ҳам ўйламасди. Шу қадар ерга урилган қадрига куярди қиз. Сувдаги оймома аксига қараб, баттар тўлиқди. Илгари у билан бахт, муҳаббат ҳақида хаёлий суҳбатлар қурарди… Ҳозир эса, кўкдаги сирдоши ҳаётидаги энг бахтсиз кунга шоҳид бўлаётир. Ойқиз аста пичирлади:
– Сен мендан бошқа қизларнинг ҳам ҳасратини тинглагандирсан, а, адаш? Айт-чи, улар орасида менчалик шўрпешонаси бормиди? Йўғ-а? Қара, шунчалар ҳам алдайдиларми? Гап чандиқда ҳам эмас, менинг қалбимдаги жароҳат олдида унинг чандиғи бир пул! Қодирийни ўқиган ҳар бир қиз чимилдиқда “Сиз… ўшами?” деган сеҳрли сўзларни айтишни орзу қилади. Мен ҳам савол бердим. “Сиз… кимсиз?” дедим. Ахир бу қандай жазо?! Сенга бир гап айтаман. Агар бир кун: “Қизларни алдаб узатиш қадим замонларда қолиб кетган”, десалар, ишонма. Номардлар ҳар қандай даврда ҳам бўлади. Қиз кўнглини оёқости қилувчилар доим топилар экан. Худодан қўрқмайдиганлар… Лекин мен қараб турмайман! Курашаман улар билан! Қиз бола ҳам ОДАМ эканлигини билиб қўйишсин! Эҳ, Оймомажон… Биласанми, нима қилмоқчиман? Уйга қайтиб отамнинг, онамнинг, кейин ўша… учрашувга чиққан номарднинг кўзларига тик қарайман! Нега бундай қилдинглар, энди менга нима бўлади, нима қилай, деб сўрайман! Ахир энди… энди менга нима бўлади?..”
Нимадир “чўлп” этиб, мавжларнинг мароми бузилди. Ойқиз чангалзорнинг у бошига қаради-ю, қандайдир шарпани кўриб, даҳшатдан сесканиб кетди. Тамом! Уни қувиб келишибди. Қиз ўзини чангалзор панасига олди. Юлғуннинг новдалари орасидан ўша томонни кузатди. Икки киши. Хайрият, балиқ овлаётганлар экан. Улардан бири тўнғиллаган эди, иккинчиси шартта терс ўгирилиб олди. Қиз томонга… Тун шундай ойдин эдики, йигитнинг юзи элас-элас танир даражада ёришди. Қизнинг юраги кўксини ёриб чиққудек потирлаб кетди.
***
– Яна аразлайди-я, – деди балиқчи ёш ҳамроҳига ўдағайлаб. – Тош отганинг нимаси ахир, балиқларни чўчитиб? Ҳе, думбул. Ўзи нега бошимга оғриқ қилиб опкелдим сени, а? Ҳамма тўйда, бунинг шу кеча овга чиққиси кепқопти.
– Сиз нимани билардингиз, – тўнғиллади йигит. – Боргим йўқ ўша тўйга.
– Нимабало, келин суйган қизингмиди?
– Ээ, дарров шунақа деманг. Бир мартагина кўрганман… – Кейин худди ўзига гапиргандай, пичирлаб қўшиб қўйди: – Жуда яхши қиз у…
– Нима?
– Э, қўйинг, барибир айтмайман.
Балиқчи яна нималардир деб унинг ғашига тегмоқчи бўлди. Йигит бу пайтда ўз хаёллари билан банд, ўша учрашувга розилик берган кунини лаънатлар, бироқ шу ҳақда ўйлаши билан қалбининг туб-тубида бир шуъла пайдо бўлар ва борлиғини ўзига ғарқ этарди. Кейин худди ҳув анави сувда жилва қилаётган ойга ўхшаш қиз чеҳраси пайдо бўларди. Исми жисмига монанд Ойқиз… Худди бугун ҳеч қанақа тўй бўлмагандек, унга ним табассум билан уялинқираб қарайди-да, дарров кўзларини олиб қочади. Нега уни аввалроқ учратмади? Йўқ, энди у ҳақда ўйламаслиги керак! Энди у бировнинг ҳасми. Ўша, бир пайтлар далада ўзини комбайн босиб кетишига бир бахя қолганда қутқариб қолган, аммо юзи жароҳат олиб бир умр чандиқ билан яшаётган йигитнинг ҳасми у қиз. Ундан ўзини қарздор ҳис қилиб юрган шўрпешонани “ўрнимга учрашувга чиқасан” деб ҳоли-жонига қўймаган, йўқ деёлмаслигини билиб шундай қилган ярамаснинг ҳасми-ҳалолидир у…
Йигит беихтиёр баралла гапириб юборди:
– Э Худо, нима қилиб қўйдим?!
– Оббо, мунча эзилдинг, балиқлар қайтиб келади, – деди буни ўзича тушунган шериги.
“Балиқдан бошқа дарди йўқ бу чолнинг!” У илкис ўрнидан туриб, нари кетди. Чакалакзорнинг у томонига. Тунги ёғдуда қизғиш товланган бесўнақай буталар ортида уни нима, ким кутиб турганини ҳали билмас, сал ўтмай шохлар асабий шитирлаб, хунук чангал бағридан ойдек қиз чиқиб келиши ва бир зумлик даҳшат ва карахтликдан кейин иккисининг кўзида ҳам юз йил кутилган сўзлар – “Сиз… ўшами?” деган савол акс этиши ҳозирча унинг хаёлида ҳам йўқ…

***
Йиллар ўтди. Дунёи дун чархпалаги тинмай айланиб, кимларнидир бир-биридан айирди, кимларнидир топиштирди. Ойқиз эса кўлдан анча олис, аммо тунлари ўшандай ойдин бир юртга бош олиб кетди. Отасининг оқ фотиҳаси, жуфти ҳалоли билан. Ҳув анави оппоқ уйнинг Оймома мўралаб турган деразасига назар солинг-а: ана, Ойқиз бешикни тўхтатиб, ҳарир пардани хиёл кўтарганча пишиллаб ухлаётган болакайнинг юзига термилиб қолди. Дадасининг ўзгинаси-я! Бурни, қоши, пешонаси… қуйиб қўйгандек. Бу аниқ, чунки Ойқиз эрини ҳув ўшанда, биринчи учрашувдаёқ кип­ригининг учигача эслаб қолган…

“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 2-сон