Меҳмондорчиликка отланган аёлнинг уйидан чиқишидай қийин иш йўқ. Айниқса, узоқроққа жўнамоқчи бўлсангиз ва йўлакда аллақачон кийиниб олган турмуш ўртоғингиз икки қўлини чўнтакка солганча, остонага оёқ тираб, “бўлингча-бўлинг” деб турган бўлса. Кеч қолиш ҳам, муҳим нарсангизни унутишингиз ҳам аниқ. Кимдир шошилтиргани сайин ҳали у, ҳали бу нарсам қолиб кетади, денг…
Ниҳоят, ҳаллослаб, ҳовлиқиб таниш бекатга етиб келдик. Одатда гавжум бўлувчи бу манзил якшанбалиги боисми, битта-яримта йўловчини айтмаса, одам сийрак эди. Ўзимизга керак улов томонга олдинма-кейин бўлиб илдам юра бошладик. Шу пайт биздан сал нарида катта йўлга қараб бораётган отахоннинг ҳасса билан ерни пайпаслаб эҳтиёткорона юриши беихтиёр эътиборимни тортди. Кўз қирим билан қараб хўжайинимнинг ҳам бу чолга қараб-қараб қўяётганини илғадим ва:
— Вой бечора, кўр экан, машиналарнинг олдидан юриб кетмасайди, ишқилиб, — дедим астойидил хавотирланган товушда. Одам кам бўлса-да, йўл серқатнов эди. Отахон йўл четида таққа тўхтаб қолди. Шу маҳал:
— Ана, Полмонга борадиган “Форд” келяпти! Тезроқ юринг… — деганча турмуш ўртоғим уловга қўл силкиб илдам юриб кетди.
Ҳайдовчи бизни илғади, шекилли, машинани четлатиб тўхтатди. Худди шу пайт отахон ҳам товушимизни эшитиб биз томонга юзини бурди. Қизиқ: одамзод кўзи кўрмаса ҳам овоз келган томонга юзини қаратади-я! Ҳолбуки, эшитиш учун бунинг унчалар ҳам аҳамияти йўқ. Аммо юз буришнинг ўзиёқ аллақандай “изҳори дил” эканини туйқус ва шошилинч хаёлимдан ўтказдим. Шу чоғ отахоннинг:
— Ҳой, илтимос, йўлнинг нариги четига ўтказиб қўйинглар! — деган овозини ҳам эшитдим. Эшитдик.
Бироқ… биз бу овоз келган пайтда тўхтаб турган машинага томон югургандик:
— Узр, ота, машинамиз кепқолди! — бу гапни хўжайиним йўл-йўлакай айтди. Отахоннинг ёнидан зувиллаб ўтдик ва уловнинг очиқ турган эшигига ўзимизни урдик. Апил-тапил жойлашдигу ҳайдовчига “раҳмат” деб жўнаб кетдик. Ана шунда, орқада нимадир қолиб кетгандек, юрагим увишди. Бурилиб турмуш ўртоғимга қарадим. У ҳам менга худди шундай нигоҳ билан тикилиб турганини сўзсиз англадим. У киши бошини чайқаганча деди:
— Яхши иш қилмадик, ожиз одамни аросатда ташлаб кетдик…
— Нимасини айтасиз…
Машинада бошқаларнинг эътиборини тортмаслик учун шу билан гапни тамом қилиб қўяқолдик: энди бефойда!
Шошилсанг ҳамма нарса аксига олади — ярим йўлга етганда машина бузилиб қолиб, у тузалгунча ичимиз қисилиб ўтирдик. Ҳайдовчи капотни очиб ғудраниб юрибди. Тўхтаб турганимиз учунми аниқ-тиниқ эшитилиб қолган радиодан атай қилгандай ҳофизнинг ҳазин товуши эшитиляпти:
Сўз эмас, сабрим билан сўрдим сани,
Кўз эмас кўнглим билан кўрдим сани…
Дилимга номаълум ғашлик чўкди. Беихтиёр бошим эгилиб қолганини машина қўзғалгандагина сездим. Турмуш ўртоғимга қарадим: ойнадан ташқарига қараб олган, гўё қизиқ бир нимани томоша қилаётгандек.
Кейинги бекатда навбатдаги уловга чиққанимизда эса одам тўлгунча кутишга тўғри келди. Энг охирги йўловчини ҳамма бир дилгирлик билан кутаяпти. Шунда… бир ўрта ёшли одам биз йўлини кесиб ўтган кўзи ожиз отахонни етаклаб машинага кирди.
— Секин, отахон. Шошманг, мана бу ерга ўтиринг. Ўтириб олинг. Иккаламиз ҳам “ялт” этиб қарадик. Чол ўзини етаклаб келган одамни дуо қила-қила рўпарамиздаги ўриндиққа ўтирди.
Унинг қаршисида жим, манзилга қачон етишимизнинг энди аҳамияти йўқдек, ўйга толиб ўтирардик.