Ғалати бир ҳис билан уйғониб, нимёруғ хонада ётганимни кўрдим. Оппоқ пардалар, китоб терилган токчалар, сандиқ устига текис йиғилган қавима кўрпалар… Ўз уйимдаман! Қайтганимга икки ой бўлибди ҳамки, ҳар сафар уйғонганимда яна ўша манзарани кўришдан қўрқиб, кўзимни очгим келмайди: тор хонада саккиз киши қатор ётибмиз, бурчакдаги стол устида идиш-товоқ, остига сумкалар қалаштириб тиқиб қўйилган, чала бўялган эшик тутқичининг қасмоғи чиқиб кетган. Мусофирчилик!.. Кўзимни чирт юмиб, кенг ҳовлим, айвонли уйим, кейин мана шу деразаси кунчиқарга қараган ётоғимни тасаввур қилар ва шу ўйларга сингиб кетгим келарди. Бироқ, ғала-ғовур, туртиниш, асабий хитоблар, боз устига, йўқ ердан бинога келган қарз ташвиши тезроқ туришга, эгнимга топганимни кийиб яна баҳайбат тўқайнинг совуқ бағрига киришга мажбур қиларди. Бир йил чидадим ўшандай машаққатга. Қора терга ботиб, олтин тоғларни ваъда қила-қила ёт юртларга олиб келган “валламат”лар йўлкира ҳисобидан бўйнимга илган ҳақни тўлаб, уйга бешикаст қайтдим. Аммо, ич-ичимда нимадир ўзгарган, вайрон бўлган эди. Энди эса… йўқлигимда кекса ота-онам олган қарзларини узиш учун яна ўша бенаво ҳаётга қайтишга мажбур бўляпман. Ҳа, қайтишим, қасдма-қасдига қайтишим керак. Пишиқ-пухта бўлиб… Қуруқ қўл билан келмайдиган бўлиб…
Ҳозир эса уйдаман. Бу ернинг тонглари ўзгача. Аёлим аллақачон ҳовлини чиннидек тозалаб, нонушта тайёрлаб қўйгандир. Бугун чипта олгани борардим, эртароқ уйғотишмабди-да. Аяшган мени. Келганимдан бери аяшади… Кеча ошналарим билан ярим тунгача отамлашиб ўтирганмиз. Тошдек қотиб ухлабман ўзиям. Лекин, оёғимга нима бўлди? Ие, бу не ҳол?! Кимнинг иши бу?
…Мен уни ҳаммадан кўп соғингандим. Йўл бўйи ўйлаб келдим: бир йилда анча улғайгандир, бўйи чўзилган, тили бурродир. Мени танимаса-я, деган қўрқинчли ўй ҳар замон миямга яшиндек урилар, шунда унинг меҳрини қозониш учун боримни пойига тўшашга тайёр эканлигимни ҳис қилардим. Ҳозирча эса биттагина машина ўйинчоқ сотиб олишга қурбим етди. Ўғлим, дилбандим Шоҳжаҳон учун! Каттагина машина, бунақаси бизнинг пайтларда бўлмаган.
Болам деярли ётсирамади. Уч-тўрт кунда соядек эргашиб юрадиган, ўтирсам тиззамдан тушмайдиган бўлди. Қаердандир улоқ-сулоқ ингичка арқон топиб, тумшуғидан боғлаб олганча, бутун қишлоқ болаларига машинасини кўз-кўзлаб, судраб юргани-юрган. “Сен келиб, боланг яшнаб кетди, ишқилиб, ортингдан ичикиб қолмасин-да”, дейди онам. Кечаги қилиғидан кейин, ўзим ҳам шундай хавотирга тушиб қолдим.
Сўрида бу сафар кимлар билан кетиш, нима иш қилишим ҳақида маслаҳатлашиб ўтиргандик. Пастда Шоҳжаҳоннинг гапларимизни уқиб ўтирганига эътибор бермабмиз. Қарсиллаган товушдан чўчиб қарасак, машинаси ағдарилиб ётибди.
– Йўқ, кетмайсиз, кетмайсиз!!!
Ўғлим шундай деб йиғлаганча кўчага отилди. Ортидан аёлим югуриб кетди. Ота-онам жим, менинг эса ичимга муз тушди гўё. Шу бўйи қайтиб ёнимга келмади. Бу орада дўстларим келиб қолди. Уларни кузатиб кирсам, ўрнида йўқ. Аразлаб, бувисининг ёнида ухлабди…
…Оёғим… боғланган эди. Сапчиб туриб, кўрпани устимдан отиб юбордим. Улоқ-сулоқ, эски арқоннинг бир учи билан оёғим, иккинчиси эса токча тагидан ўтган қувурга боғланибди. Ҳа, бу ўша, Шоҳжаҳоним мен олиб келган арзимасгина, аммо ўғлимнинг назарида дунёда ягона ўйинчоқ машинанинг тумшуғидаги ипи. Болажоним… Отасини ёнида олиб қолиш учун ақли етганича чора кўрибди. Иссиқ дийдори билан ўзига боғлаб ололмаган норасидам мана шу эски арқон билан тушовлаб қўймоқчи бўлибди беқарор отасини… Уқувсиз тугилган арқонни сийпалаб, ечишга журъатим етмай узоқ ўтирдим. Кўз олдимга дилбандимнинг кўзмунчоқли жажжи қўлчалари, кулча юзига салга қалқиб чиқадиган кулгичлари, тиниқ нигоҳлари келди. Юзимдан иссиқ томчилар оқиб ўтди.
Мен ўзга юртда хор-зорлик кўрдим, калтакландим, қадрим топталди. Лекин бирон марта йиғламагандим. Эр бошим бунчалар эгилмаганди…
Аёлимнинг кириб келганини сезмабман ҳам. У хавотир билан қаршимга чўккалаб ўтирди:
– Дадаси? Вой ўлмасам, сизга нима бўлди?
– Буни қара.
У бир муддат боғлиқ оёғимга тикилиб, қотиб қолди.
– Шоҳжаҳон… – дедим мен, овозим дарз кетиб.
– Эрта тонгда машинасини кўтариб кираётганини кўргандим. Ғилдираги чанг, ташқарига қўй десам, азза-базза оёқ тираб туриб олди. Кейин анча қолиб кетганди. Сиз билан ётибди дебман…
Унинг қароғида ҳам ёш йилтиллади.
Арқон осонгина ечилди.
– Ҳозир қаерда экан?
Ташқарига чиқибоқ, мени кўриб ҳовли ўртасида қотиб турган Шоҳжаҳонга кўзим тушди. У қўрқибми, ё шунча уринишлари беҳуда кетганидан ўкинибми, жавдирабгина қараб турарди. Ёнига бориб тиззалаб ўтирдим-да, боламни бағримга маҳкам босдим. Юзимга ширин нафас тафти урилди. Миттигина вужуддаги юракча кўксимга бош ураётганини ҳис қилдим. У бағримга сингиб кетгудай кичкина эди. Аммо шу муштдеккина жуссадан таралган меҳр қуввати руҳимда улкан эврилиш содир этаётганди.
– Кетмайман, болам, сени ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман!
Бу менинг қатъий қарорим эди.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 4-сон