Гулчеҳра Асронова. Бешинчи фасл (ҳикоя)

Кунларнинг бирида, тонгда чоғи, умри муҳаббат аталмиш буюк туйғудан бебаҳра ўтганини англаб қолди. Ҳа, бу фавқулодда ажойиб севги қиссасини ўқиб тугатган кечанинг охирида содир бўлди. Аллақачон қирқни қоралаб қўйган аёл учун бу ғалати, нотабиий ҳолат эди. Ҳар нечук, Шамсия ўша субҳидамда нафақат уйқудан, балки узоқ ғафлатдан уйғонгандек бўлди. Ана, ёстиғи ёнида ўша китоб. Кеча оқшом унинг сўнгги саҳифаларини мутолаа қилаётган маҳал асар билан бирга ширин кечинмалари, хаёлий оламдаги ишқдан сармаст ҳаёти тугаб қолаётгандек орзиққан эди. Китоб тугади… У, гўёки юксак-юксакларда чарх уриб парвоз қилаётган қуш, зерикарли соҳилга қўнди-да, энди ҳеч қачон учмаслигини, уча олмаслигини анг­лаб етди. Буни тан олиш… жуда оғир эди.
Эрини уйғотиши керак. Бугун нималарни ҳис қилаётгани ҳақида гапириш учун эмас, албатта. Мансурнинг ишга жўнаш вақти бўлди. Сўнг болаларни уйғотиши, нонушта тайёрлаши, ҳаммани ўқишга, ишга кузатиши, бу орада ўзи ҳам тараддудланиб, ҳар кунги йўл билан идорага равона бўлиши керак. Одатдаги оддий кун. Бошқача бўлишининг иложи йўқ…
– Бирон жойингиз оғрияптими?
Ҳар доимги савол. Уни ҳомуш кўрди дегунча, Мансур шундай деб сўрайверади. Нима десин экан? «Кўнглим оғрияпти». Йўқ, бу жавоб эмас.
– Шунчаки, чарчадим. Иш кўпайиб кетганди кеча.
– Ҳадеб иш, иш деявермай, ўзингизга ҳам қаранг.
Бу ҳам доимги гап. Лекин бугун унга бошқача таъсир қилди. «Кўнглингизга ҳам қаранг» деб эшитилди…
Кун бўйи қўли ишга бормай, паришон юрди. Тўрт фаслнинг беқиёс жозибларини ўзида мужассам этган илоҳий бешинчи фасл қаердадир гуллаб ётар, эски йўлда бир маромда илгарилаётган умр карвони уни четлаб ўтиб борарди… Кимгадир бу ҳақда гапиргиси келди. Гапириб бўлармикин? «Бугун ўйлаб кўрсам, ҳеч қачон ҳеч кимни севмаган эканман», дейдими? Шу ёшда, аёл боши билан-а? Бу висол, эҳтирос истаги эмас, ТУЙҒУга эҳтиёж эканини ким тушунади? Ўша буюк туйғуни англашга интилаётган аёлнинг озурда қалбини тушунар одам ким?
Ўша куни синфдош дугонаси Нургул сим қоққанида суюниб кетди: мана унинг нажоткори!
– Онам бизникидалар. Сени сўраяптилар. Ётиб қолгани кел. Мансур акани ўзим кўндираман.
Шундай бўлдики, икки дугона ҳамма ухлагач, ариқ бўйидаги супада юлдузларга термилиб, бир маҳалгача гурунглашиб ўтиришди. Нургул зийраклик қилди:
– Ўзингга ўхшамаяпсан. Ишинг, оиланг тинчми?
– Ҳаммаси яхши. Лекин… мен яхшимасман. Худди ҳаво етишмаётгандек. Кулгили, а?
– Ҳечам кулгилимас-да. Сени биламан-ку, коса тагида нимкоса қилиб гапирасан. Нимадир бўлган.
– Айтарли ҳеч нарса, – деди-да, ўртоғига ялт этиб қаради: – Сен эрингни яхши кўрасанми? Йўқ, севасанми?
Нургул, бир дамлик сукутдан кейин, ҳайрон жилмайиб деди:
– Тавба, ҳалиям романтиксан-а. Албатта ҳа-да!
– Ана кўрдингми! Шу етишмаяпти менга! Унақа қарама. Ҳа, эрим яхши одам. Аммо мен уни ҳеч қачон севмаганман.
Нургулнинг кўзлари катталашди:
– Нима бало, биронтаси билан…
– Ээ, қўйсанг-чи! Мен унақа ўлдим-куйдимларни айтаётганим йўқ. Бошқа бировни ҳатто туш кўришга қўрқаман-ку! Шунчаки, муҳаббат ҳақида бир ажойиб китоб ўқиб, ўйланиб қолдим. Юрагим бўм-бўш экан. Ҳеч кимни севмабман.
– Бунақа гаплар энди бизга ярашмайди. Китоб­ларга кўпам ишонма. Ҳаёт бошқа. Бошингни қотириб нима қиласан? Сени жон-дилидан яхши кўрадиган эринг бор, яна нима керак?
– Мен-чи? У яхши кўрса бўлдими?
Нургул уни доим тушунган. Аммо бу сафар дардини англамади. Ухлаб қолди.
«Тавба, қаердан тушди бошимга бу савдо? Йўқ, битта китоб одамнинг хаёлини бунчалик ағдар-тўнтар қилолмайди, бу шунчаки бир туртки эди, холос. Йиллар армони бу. Ўзи қандай одам керак эди менга? Нега Мансурни севолмадим? Соддадил, оқкўнгил, келишган йигит эди. Институтда шунча қиз туриб, менга ишқи тушди шўрликнинг. «Қишлоқи» деб, назар-писанд қилмадим. Кейин-чи, кейин нима бўлди? Қандай қилиб бошим айланиб унга тегдим?»
Шамсия хаёлан ўша кунларга қайтаркан, тарқоқ ўйлари жамланиб, оппоқ далалар томон етаклаб кетди…
У Мансурга қайрилиб ҳам қарамасди, аммо пахта терими бошланди-ю, йигитга бахт кулиб боқди. Даланинг боласи эмасми, пахтани шипириб терарди. Ғўзани фақат суратларда-ю телетасвирларда кўрган Шамсия эса теримнинг биринчи куниёқ нормани бажаролмаганлар сафида ўртага чиқиб, қизариб турди. Шунда Мансур жонига аро кирди: «Майли десангиз, ёрдам берардим», таклиф қилди йигит қўрқа-писа. Шамсия «марҳамат» кўрсатди — биринчи бор уни табассум билан сийлади. Шу-шу йигит бечора Шамсияга банди бўлди-қолди. Икки кишилик нормани бажариш учун ҳолдан тойгунча ишласа ҳам, ортидан соядек эргашиб юрар, то мавсум тугагунча ундан бахтиёр одам йўқ эди. Бу бахтиёрлик йиғим-терим тугаши билан барҳам топди. Шаҳарга қайтгач, яна ҳамма ўз «мақоми»га қайтди. Ҳаммаси ўзгарди, Мансурнинг туйғуларигина ўшандайлигича қолди. Кейинги мавсумни кутиб яшади…
Бу ҳол ҳар мавсумда такрорланаверди. Бировлар йигитга ачинар, яна биров уни орсизликда айблар, лекин ҳамма Мансурнинг девоналарча севиб қолганини биларди. Ўҳ-ҳў, Шамсия учун нималар қилмади, бу далли ошиқ! Бутун институтга донғи кетди, ҳамма тан берди. Севгилисидан бошқа, ҳамма…
Шамсия бир орзиқиб кетди. Ростданам, шундай одамни нега севмади?
«– Кўнгил экан-да, – ўйлади у. – Унда нимага тегдим ўзи? Бу нима эди – ўрганишми, суянишми, ҳурматми? Шунчаки, турмушга чиқиш вақти етгани учунми ё? Шуниси тўғридир. Лекин… ростданам, энди бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ғалати».
Кунлар ўтаверди, ўтаверди. Шамсия ўша китобни кўздан нари жойга яшириб қўйди…
– Алло?
– Бу «Мевазор кўчаси – 17»ми?
– Ҳа.
– Неъматов Мансур сизга ким бўлади?
Шамсия бироз ўнғайсизланиб жавоб берди:
– Эрим. Сиз кимсиз?
– Опа, марказий шифохонадан безовта қиляпмиз. Фақат сиз ваҳима қилманг. Эрингизни ҳозиргина олиб келишди.
Шамсия шилқ этиб креслога ўтириб қолди.
– А?!
– Автоҳалокат рўй берган. Фақат ваҳима қилманг, ҳали умид бор…
Қандай қилиб кўчага чиқди-ю, касалхонага қандай етиб келганини билмайди. Ичкарига киритишмади. Юз ифодаси мавҳум оқ халатлилар безовта кириб-чиқаётган эшик олдида зор йиғлаб ўтирди. Агар Мансур… Усиз қандай яшайди? Усиз яшаш мумкинми ўзи? Борлиғи, ҳар нафаси, ҳар лаҳзаси Мансур билан эди-ку! Болалар-чи? Йўқ, йўқ, йўқ!
Анчадан бери тинмаётган телефон қўнғироғини пайқаб қолган пайтда, миясига яшин тезлигида бир ўй урилди: Телефон! Кимларгадир хабар бериши керак! Қудрат акага айтиши керак, у нимадир қилади. Чўнтагидан чиқарди-ю… қотиб қолди. Мансурнинг ра­­қами! Миясида сониясига ўнлаб ўйлар чарх урди. Ҳалокат жойидан топиб олишган бўлса керак. Титроқ қўли билан яшил тугмачани босди, гапиришга эса мажоли етмади.
– Шамсия?
Во дариғ, эрининг овози-ку! Беихтиёр жонлантириш хонаси эшигига қаради.
– Шамсия! Нега индамайсиз, тинчликми? Неча марта қўнғироқ қилдим, олмаяпсиз. Қаердасиз?
Шамсия дудуқланди:
– Сиз… Сиз… қаердасиз?
– Мен қаерда бўлардим, ишдаман! Нега йиғ­лаяпсиз? Нима бўлди?
Шамсиянинг қўлидан телефон тушиб кетди…
…Мансурнинг илиқ кафти. Меҳр тўла нигоҳи.
– Тузукман, дадаси, тура қолай?
– Йўқ, турмайсиз. Болалар овқат қилишяпти. Ча­қиришса чиқамиз. Унгача ёнингизда бўламан.
Шамсия беҳол жилмайди.
– Паспортингизни Қудрат акага нега берувдингиз?
– Тиниб-тинчимас-да бу Қудрат ака! Фирмасига маҳсулот олиш учун ишончнома керак экан, оддий расмиятчилик. Илтимос қилувди, йўқ деёлмадим. «Боргунингизгача ҳужжатларни тайёрлаб тураман» деб, кеча паспортимни олганди. Фалокатни қаранг. Юзидан таниб бўлмас даражада экан, чўнтагидаги ҳужжатга қараб… Бунақа бўлишини ким билибди дейсиз! Сизни қийнаб қўйдим.
– Ҳечқиси йўқ. Ўзи яхшимикан, Қудрат акангиз?
– Ҳа, ҳушига келди.
– Хайрият, – дея Шамсия бир лаҳза жим қолди ва эрига меҳр билан тикилди: – Мансур ака?
– Лаббай?
– …
У эрининг қўлларини маҳкам сиқди. Илгари анг­ламагани, буюк бир ТУЙҒУни ҳис этди. Аёл йиғлаб юборди…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон