Гулчеҳра Асронова. Ёруғлик (ҳикоя)

Бектемир ота кўзини истамайгина очиб, деразага қаради. Элас-элас тонг оқариб келарди. Ташқарига қулоқ тутди: жимжитлик. Анчагача қадам товушларими, эшиқ ғичиллашими – бирон сас-садога интиқ ётди. Кейин жудоликдан хаста кўнгилга анчадан бери мўралаётган шубҳалар бостириб кела бошлади: “Ана, айтганимдек, шаҳарлик келин чатоқ чиқди! Ҳалиям ухлаяпти. Урди Худо!…”
…Отахон ўтган ҳафта супрақоқдисини уйлантирди. Шу пайтгача учта келину тўрт куёв кўрган, лекин бунчалик ташвиш чекмаган эди. Илгари кампири ёнида эди-да. Келинларни ўзи топар, иссиқ совуққа кўндириб тарбияларди. Мана, йўқлиги дарров билинди. Кенжаси “ўлдим-куйдим” деб бир синалмаган қизга уйланди. Бектемир ота “бунинг шаҳар кўрган экан, бизга бўлмайди” деб анча оёқ тиради. Аммо гапи ўтмади.
Ота яна хиёл бош кўтариб, ташқарини тинглади. Сукунат… Олдинги келинлари бунақа пайтда ҳовлига шалоплатиб сув сепиб юрган бўларди. “Қумри бор эди-да унда”, хаёлидан ўтди унинг. Кампири уззу-кун чолининг ташвишини қилиб юрарди. Қулоғига олис-олисдан қадрдон товуш эшитилгандай бўлди: “Ҳой, Маҳлиё, ошни юмшоқроқ қилинг, отангизга оғирлик қилмасин! Эркиной-у, отангизга чойни аччиқроқ дамланг!”
Энди унинг меҳрибони йўқ. Уч ўғлининг уйи бўлак, қизлари ўз рўзғори билан. Кўзини беркитадиган кенжатойи эса, хотинини деяпти. Шу келинининг қўлида қолса…
Шу ўйлар отанинг елкасидан босгандек, қимир этмай ётаверди. “Энди нима бўлади? Тавба… Одамларнинг қисмати ғалати. Туғиласан, яшайсан, умрингнинг энг катта қисмини, қаймоғини болаларга берасан. Улғайтириш, ўқитиш, касб-корли қилиш, узатиш, уйлаш, бошпана қилиб бериш… Ўзингни ўтдан сувга урасан, лекин ҳаммасини уддалайсан. Охиричи? Охири нима билан тугайди? Ёлғизлик, бир дўсту ҳамдамга ташналик биланми? Тиқ этган товушга зор бўлиб ўтаманми энди? Саккизта илдизимни ҳар ёнга отиб, ўртада қуриган дарахтга ўхшаб қаровсиз қолсам-а? Тўғри-да, мендақалар камми. Ана, жўрам Ҳудойқул. Икки кун ёлғиз қолиб, ўлиги сасиб кетибди. Ўшаниям иккита тоғдай ўғли бор. Валижон дўстим-чи? Бешта боласи коптокдай бир-бирига тоза оширишибди, охири сарсонлик жонига тегиб, яна лойсувоқ ҳужрасига бориб олди. Шарпадек бир ўзи яшаяпти… Олим қассоб эса кўзини тириклигида мерос талашиб муштлашган болаларидан безиб, укасиникига кетворди. Мен қаёққа бораман? Етмиш довонни ошиб, келган жойим шуми энди?”
Яна Қумрининг ғойибона овози эшитилди: “Отаси, бомдоддан кеч қоласиз”. Деразадан олчанинг шохлари аниқ кўриниб қолганди. “Ҳаҳ, шайтон-а!” деб ўрнидан илкис турди, эгнига тўн ташлади. Чироқни ҳам ёқмай, эшикни пайпаслаб очди. Ташқарига чиқди-ю, бир дам тек туриб қолди. Ерда шакароб қилиб сепилган сув излари кўзга ташланар, ҳовли саҳни чиннидек топ-тоза қилиб супирилган эди. “Ийи”, деди отахон, ўзига ҳам эшитилар-эшитилмас қилиб. Айвоннинг бир четида яп-янги офтоба турар, устига чўғдек сочиқ ташлаб қўйилган эди. Аста энкайиб, офтобанинг биқинига кафт бости – илиққина!
— Ассалому алайкум, ота!
Унга яқин келиб тикилиб турган ўғли янги тўн, дўппида кўзига жуда ўктам кўриниб кетди.
— Ва алайкум.
— Тузукмисиз? Ҳаяллаб қолганингизга…
— Ҳа, йўқ яхшиман, болам. Сал уйқу элтибди.
— Энди кириб уйғотсамми, деб турувдим. Ўзиям келинингиз сувни уч марта янгилади.
Кейин, “келинингиз” деганидан хижолат чекди чоғи, кўзларини олиб қочди.
— Ўзи қани? — қисқагина сўради ота.
— Дастурхон тайёрлаяпти. Сизга бир нималар пиширяпти, — деди ўғил, беғубор жилмайиб.
Бектемир ота сочиқни елкага ташлаб, офтобага эгилди. Кампиридан кейин ҳали ўзини бу қадар енгил ҳис қилмаган эди. Ўғли нари кетгач, кўкрагини тўлдириб нафас олди-да, пичирлаб қўйди: “Худога шукур!”.