Чарльз Энрайт. Қайғу (ҳикоя)

Бугун Чикагодан хат олдим. Қариялар уйидан. У ердагилар онам вафот этгани ҳақида хабар қилишибди. Қўлимдан барча ишларнинг жилови шу ондаёқ чиқиб кетгандек бўлди. Дунё кўзимга зулматга ботгандек туюлди. Онамни энди кўролмаслигим ва бу оламда йўқлигига ишонолмасдим… тириклик чоғларида у ҳеч қачон ўлмайдиганга ўх-шарди. Юрагимдан худди бир нимани суғуриб олишгандек эди айни дамда. Уйга аранг кириб бордим. Йўлга тайёргарлик кўриш керак, бироқ бунга ҳафсала қилолмаётгандим. Борганим билан нима фойда, ўлганни қайтариб бўлармиди? Онажон, онажон магар шу шундай мўъжиза рўй берганида қанот чиқариб ёнингизга учиб борардимку-я. Сизни ҳеч қачон йиғлатиб қўймасдим. Нега ёнингизга бормадим? Иш, уй, хотин, бола-чақани сиздан афзал билибман.
Уйга келдим. Хотиним кайфиятим йўқлигини билса ҳам, тиним билмай дугонаси билан суҳбатлашарди. Ҳаммаси кўзимга эриш туюлди, ҳеч ерга сиғмай кетаётгандим. Ҳатто хотинимнинг минғир-минғири, маза-матрасиз гапларини айтиб бетиним ҳи-ринглаши ҳам жиғимга тегаётганди. Дарҳол ўрнимдан турдим-да, қўлидан гўшакни тортиб олдим ва жаҳл билан жойига илиб қўйдим. Бундай муносабатни кутмаган хотиним:
— Ҳа, нима бало, жин чалдими? – деб сўради.
— Ундан ҳам баттар. Онам… онам ўлди…
— Ҳа, шундайми? Ўлса ўлар, шунга шунчами? – деди у қайғумни менсимай.
Бутун вужудим титраб кетди:
— Сен… сен… ахир… нималар деяпсан?
Мени ҳали ўзимни қўлга олиб, гапимни тугатмаган ҳам эдим-ки, қўнғироқ бўлиб қолди. У ҳеч нима бўлмагандек гўшакни кўтарди.
— Алло… Нима? Ким? О-о-онам… нега? Қачон? Майли… етиб борамиз…
Гўшакни иларкан, у аччиқ-аччиқ ёшларини тўкаркан, алам билан йиғларди. Унинг ҳам онаси…

Инглизчадан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.