Мусофир нафас ростлаш учун йўл четидаги харсанг устига омонат ўтирди. Ҳар томонга жавдираб сув ахтарди. Нотаниш қиёфалар орасидан бир меҳрибон сиймони топиш маҳол эди. Яқин орада бозор бор шекилли, кимдир ўша ёққа интилса, кимдир елкасига оғир юк ортиб қайтяпти. Балки излаганини ўша жойдан топиши мумкиндир? У яна ўрнидан турди. Нигоҳлари оёқларидан ҳам олдин гавжум бозор томонга шошди. Пештоқига катта ҳарфлар билан “БОЗОР” деб ёзилган ошёнга умидланиб етиб келди.
“О, бозорни кўринг! Одамзоднинг қудратига қаранг! Кўз яйрайди! Бу ердан ҳамма нарсани топиш мумкин… Одамлар мунча бир-бирларини туртиб ўтадилар? Нега шошадилар? Бунча дилозор, такаббурлар? Кўзлари бирам қаттиқки…” – хаёлидан ўтказди у.
– Нега анқаясан? Ҳеч нарса олмасанг, харидорни тўсма! – дўкондорнинг жеркиб айтган гаплари томошаталаб оломонга баҳона бўлди:
– Пули бўлса олади-да, – тиржайди бақбақаси осилган аёл мусофирга бошдан оёқ назар соларкан.
– Томошахонамас, бозор бу, – деди хонимнинг ёнидаги олифта дугонаси ҳиринглаб.
Мусофир изза бўлиб четга чиқаркан, кўнгли оғриб, туртиб ўтаётган оломон орасига ўзини урди.
Бирдан турган шамол одамлар устига чанг ёғдириб, хазонларни юзларга ура кетди. Кираверишга омонатгина илинган БОЗОР сўзининг бош ҳарфи қулаб тушди…
Мусофирнинг томоғи қақраб нигоҳлари дўконлар оралаб сарсон югурди. Ҳамма нарса мўл, лекин нега ўша излагани йўқ? Нега?!
– Сиз нима ахтаряпсиз? – дўкондорлардан бирининг илиқ муомаласи мусофирни дадиллантирди:
– Менга ҳалиги… ҚАДР борми?
– Нима у? – қаппайган қорнини силади дўкондор.
– Майли…
– Бундоқ тушунтириб айтинг-чи.
– Қўяверинг.
Ўчакишгандай шамол ҳам яқини ўлган одамдек ув тортарди. Мусофирнинг қадами чалишиб, толиқиб кетиб бораркан, сон-саноқсиз дўконларга умидвор жавдиради:
– Сизда ҚАДР топиладими?
– Йўқ…
– Кечирасиз, сизда…
– Унақа матоҳни энди эшитяпман…
– Биласизми, менга…
– Ўрнига бошқа нарсаларимиздан танлай қолинг…
– Сизларда…
– Унақаси ҳозир урфда эмас…
– ҚАДРни қайдан топсам бўларкин?
– Аввал бўларди. Ҳозир… билмадим.
Шамол аламзада одамдай дўконлардаги матоҳларни у ёқ-бу ёққа ота бошлади. Бозор пешонасига омонатгина қоқилган сўзнинг энди иккинчи ҳарфини ҳам учириб ерга урди…
Мусофир оёқлари титраб шундоқ ерга чўккалади. Юзини тўсиб турган рўмол ҳам шамолда гўё ўзини қутқармоқчидек юлқинди. Унинг кўзларидаги самимият нури юзларини шуълалантирди. Атрофдаги оч назарли кимсалар нигоҳида нафснинг қизғиш чизгилари яшиндай чақнаб ўтди. Бир зумда улардан бири мусофирни ердан турғизиш учун тилла тишларини кўрсатиб тиржайганча қўл узатди.
Мусофир унинг қўлини муаллақ қолдириб, даст турди, кийим-бошини қоқди-да, йўлида давом этди.
– Шундай кўркам аёлнинг сарсон юриши яхши эмас, – ёши бир жойга борган бошқа бир савдогар ялтоқланди.
“Ёши улуғ одам экан, инсофи бордир”, – ўйлади мусофир.
– Сиз билмайсизми, амаки, ҚАДРни излашдан наф бормикин?
– Қадр излаяпман денг… сиз учун топиб бераман…
– Наҳотки?! Олижаноб инсон экансиз!..
– Лекин… Бозорнинг ўз қоидаси бор: эвазига…
– Бунинг ҳам нархи борми?
– Ҳамма нарсанинг нархи бўлади.
– Қанча?.. – ҳафсаласи пир бўлиб сўради мусофир.
– Ҳеч қанча. Мен бойман, пулга муҳтожлик жойим йўқ, номусга алишаман.
– Қиммат экан!.. – унинг нозик қўллари беихтиёр мушт бўлиб тугилди.
– Ақлингизни йиғинг. Мен билан ҳеч нимага муҳтож бўлмайсиз. Бу гулбаданга манави одми кийимлар муносибми? Қўйинг, қаёқдаги хомхаёлларни. Яшашни билинг!
– …
– Қаёққа?! Шошманг!
– …
Заиф вужуд шамолга томон тик борган бу пайтда одамлар пана-панага яширинишар, бўронга айланаётган шамол эса мусофирнинг кўзёшларини қуритиб, нокасларни унинг атрофидан ҳайдамоқ учун кучлироқ ҳайқирарди.
Бозор пештоқидаги сўзнинг навбатдаги ҳарфи қулаб тушди… Кечга бориб эса ёзувдан асар ҳам қолмади…
Тонгда шамол тинди. Тупроқда абгор ётган ҳарфлар ғалати бир тасодиф туфайли аввал қандай ёзилган бўлса, дарвоза ёнига ўшандай терилиб қолган, аммо кечаги бўрон кўчадаги бошқа шу каби ёзувларни ҳам учириб ташлагани боис бозор остонасига сўзнинг бош ҳарфигина парвоз қилиб бораётган қушнинг қанотларини эслатувчи бошқа бир ҳарф билан алмашиб қолган эди. Ҳаммаёқ алғов-далғов, фақат мағрибга томон бир томонлама кетган қадам излари орасида янги пайдо бўлган ёлғизоёқ изгина шундайлигича сақланган, довул унга ҳеч бир путур етказмаган эди.
Бозор яна қизиди… Аммо одамлар ёнгиналарида ШАМОЛ қолдириб кетган ҲИКМАТни сезмадилар…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 5-сон