Ғози Раҳмон. Қарқара мерган (ҳикоя)

Қарқара мерган туғилиб вояга етган Сардоба қишлоғидан отнинг бошини ўнг тарафга бурсангиз Бухорога, чап томонга бурсангиз Жайҳуннинг нақ ўзига чиқасиз.
Қарқара мерган йигитлик вақтида Бухоро амирининг номдор сарбози бўлган. Ҳар қандай муҳорабада мерганнинг куни туғади. Ўзини кўрсатган мерган ёвқурлиги учун амирнинг қўлидан ҳам, йўлидан ҳам кўп илтифот кўрган. Бугун оёғидан оғир ярадор бўлиб чопишга ярамай қолганида истеъфога чиқиб, уйига қайтиб, уйланиб, бола-чақа кўриб, тинчгина овчилик қилиб юрган жойи.
Унинг ов майдони бепоён уммоннинг ўзи. Аслини олганда, бу майдон ўртасидан бир пайтлар Қашқадарё оқиб бориб, Жайҳунга қуйилган. Балки Тоҳирни оқизган дарё ўзани айни шу қум барханларидан ўтгандир. Кета-кетгунча сойлик экани, айни баҳорда фақат тоғ этакларида ўсадиган эрбаҳоси, шувоқларининг тўп-тўп бўлиши, улар орасида тулкию товушқон, шақолу бўриларнинг кўп бўлиши тахминни тамғалайди. Сойнинг икки қаноти теп-текис қумлик майдон. Юлғун ва саксовуллар соясида бемалол соялаш мумкин. Уларнинг майда баргли шохлари орасида ҳам саҳро қушлари тухум қўйиб, бола очади. Ҳамма нарса бор, фақат сув йўқ. Бу атрофда тирик жоннинг қўшиғи – сув, “сув, сув” деб тил чиқаради, жиш полапонлар. Оҳулар галаси сув қидириб, Жайҳунгача чопиб боради ва у ерда қамишлар орасида ётган йўлбарсларга ем бўлади.
Қарқара мерганнинг уйида, меҳмонхонасида Жайҳун йўлбарсининг териси осиб қўйилган. Демакки, Қарқара юрак бетлаб йўлбарс овигаям борган ва қуруқ қайтмаган. Қарқаранинг минадиган оти ўзининг ранг-тусидай қоравут эмас. Ўмгани катта, оёқлари узун-узун жийрон қашқа. Салгина қимтисанг қийнамай узоқ чопа олади. Мисли қанотли тулпор. Жайҳундан ўтаётганда қорнини шишириб, меш қилиб олади шекилли, ўрдакдай сузиб қирғоққа чиқиб силкиниб-силкиниб олади-да, йўл қараб тураверади. Қарқаранинг ўлжаси ярадор йўлбарс бўлсаям ҳеч қийналмай, тисланмай ортиб келади. Йўлтўсар қароқчилар тўдаси ҳам неча бор ҳужум қилиб мерганни қўлга туширолмаган. От эгасининг кўнгил тилини билади. Мерган ҳам бу отга жонини беришга тайёр. Бир нохуш воқеа бўлди-ю, мерган ҳаммасидан қўл силтаб тарки дунё қилди.
Сардобанинг бой-бадавлат одамлари кўп. Уларнинг энг зўри Жобирбек тилло тангаларни саночга солиб, кураклаб шопиради. Жобирбек элим-элатим дейдиган хилидан. Амирлик томонидан ҳар йили уч-тўрт марта қишлоққа ташланадиган ўлпончиларнинг бировини ҳам эшикма-эшик юрдирмай, бир ўзи тўлаб юборади. Кейинроқ бошқа бойлар билан келишиб, озми-кўпми ёрдам олсаям, буни оддий авомга билдирмайди. Сардоба қуриш ташаббуси ҳам Жобирбекдан чиққан. Бундай улкан сардоба Қарши ва Бухоронинг ўртасида танҳо десаям бўлади. Қурилиш харажатларини бойнинг ўзи кўтарган. Орияти баланд, саховати ундан бинойи.
Бойнинг иккинчи хотини Гулзода тожикзабон бўлиб, Жайҳуннинг нариги тарафидан тушган. Ой деса оғзи, кун деса кўзи бор бу аёл бойга тушгандан бери фақат қиз туғади. Беш қиздан кейин бир ўғил Турсунбойни туғиб олмаганида Жобирбек унинг тўшагини қайта босмай қўйиши ҳеч гап эмасди. “Ё отага мол, ё қизга жамол”, деганларидек бойнинг қизлари бирин-кетин жойини топиб кетди. Кенжа қиз Ҳуснора эса келган совчиларни қайтариб ётибди. Қарқара мерган ҳам бу қизни кенжа ўғлига келин қилиш нияти бор. Эна дарёнинг нариги тарафидан ҳам совчиларнинг қадами узилмаяпти.
Бир куни ҳеч кутилмаган кор-ҳол рўй берди. Қиз ўлгур энажони билан тил бириктириб, ўзича муносиб куёв топиб, холаваччасининг отига мингашиб, дарё ортига қочиб қолди.
Тонг азонда қизининг номаълум куёв билан қочиб қолганини “суярча” хотинининг ўз оғзидан эшитган бойнинг тепа сочи тикка бўлиб, кўз олди қоронғилашиб “сенга уч талоқ” деб юборишига сал қолди. Ўзини зўрға қўлга олди-ю, “Сенинг тўшагинг энди менга ҳаром” дея олди, холос. Бой ўша куни кун бўйи уйдан чиқмади. Тун бўйи мижжа қоқмади. Унинг эрталабки қарори бешафқат бўлди:
– Қарқара мерганни чақиринглар!..
Мерган Жобирбекни бой бўлгани учун эмас, элим, дегани учун хуш кўрарди. Катта оғасидай унинг имо-ишорасига ҳозиру нозир эди. Бу сафар ҳам бир оғиз сўратгани яхшиликка деб келди-ю, пойига тиз чўкди.
– Мерган оғам, сенинг хабаринг борми-йўқми, менинг бошимни эгиб кетишди. Қизимни олиб қочишди.
– Қайси қизингиз, Ҳуснораними, мен уни сарбоз ўғлимга сўратмоқчи эдим.
– Қанийди шундай бўлса? Энди уларни қўшмозор қиламан. Қарқара, мен кўп ўйладим. Жонимни қақшатиб йўқ демасанг, айтаман.
– Майли, сиз бир нима десангиз, йўқ дермидим?
– Бу ишнинг уддасидан фақат сен чиқасан. Сен ва ёлғиз Оллоҳ!
– Тортинмай айтаверинг.
– Сенга уч кун муҳлат. Ўша нобакор қиз тушган ҳовлини қидириб топасан. Келин-куёвни бошини танасидан жудо қилиб, қўш каллани хуржунингга солиб келиб, менга кўрсатасан. Ўша бевош бошларнинг оғирлигича мендан тилло оласан.
Мерган бехос “их” деб юборди. Бой эса хотиржам, ҳижжалаб шартни яна қайтарди.
Мерган ов қилганида ўлжаси урғочи ҳайвон бўлса кўп ачинарди. Ахир бундан зурриёд қоларди-ку. Ярадор бўлгандаям, даволаб қўйиб юборарди.
– Бой ота, яна пушаймон бўлмайсизми?
– Уларнинг айби-гуноҳи менинг бўйнимда. Сен менинг ор-номусимни қайтариб, қўлимга берасан.
– Майли, бой ота, бир уриниб кўраман. Битта бошга битта ўлим ҳамиша бор.
Жийрон қашқа нимадир сезгандай бўлди. Бели тортилаётганда, юган солинаётганда, устига хуржун ортилганда тувлаб – қулоқ жимирди. Агар тили бўлса ялиниб-ёлвориб мерганни ёмон йўлдан қайтариб оларди. Бироқ йўлда ҳам, Жайҳундан ўтаётганда ҳам от ўзини сездириб қўяверди. Буни билган мерган дарё ўртасидан сузиб бораётиб, ортга қайтмоқчи бўлиб, жилов тортди. Энди от жонивор изига қайтишни истамади. От мени тушунди деб ўйлаган мерган қирғоққа қараб жадал сузиб кетди. Бераҳм тақдирни кўринг. Келин-куёвнинг никоҳ иддаси ўтиб, айни шу оқшом бир-бирига қовушган эди. Бундай пайтда ҳатто илон бўлсаям ўлдириш гуноҳи азим. Мерган эса ор-номус деб шу ақидани ҳам унутиб қўйгандай эди. Азроилни кутиб ўтирмай қилич яланғочлаб нақ гўшанганинг ўзига бостириб кирди-ю, шайтон нағмасига рақс тушаётган икки юракни ўлдириб, танасидан бошини айи­риб, хонани қон билан тўлғазиб, кўзлари чақчайиб қолган бошларнинг киприк­ларини ёпиб, хуржунга солиб отининг ёнига яқинлашганда жийрон пишқириб кишнаб юборишига сал қолди. Хайриятки, олдинда дарё бор. Унда ювиниб-покланиш мумкин. От ҳар сафар кечувда бемалол сузарди. Бу сафар атайлаб қилгандай шўнғиб-шўнғиб олади. Худди шу пайт мерганнинг қаттол танаси от билан сувга ботиб-ботиб кетар, бундан фойдаланган мерган юз-қўлларини ишқалаб-ишқалаб ювиб олар, белдаги ханжар тилида қотиб қолган қонни қинга тегизиб яланар, хуржун кўзларига кирган сув эса бошларни чайқаб-чайқаб ювиш билан овора эди. Бу алфозда кундуз куни юриб бўлмас эди. Хуржунга чивин айланиша бошлаганди. Кундузи бирор пана ўнгирда ётиб, тунлари тўхтамай юрган мерган айтган куннинг охирги кечаси Жобирбекнинг эшигига кириб борди. Хуржундан чиқарилган бошлар малларанг докадай оқариб кетганди. Уларга кўзи тушган бойнинг ранг-рўйи ҳам худди шу тахлит оқарди. Юз-қўлларини саҳро қуёши куйдирган мерган эса кўкариб кетганди.
– Воҳ болам, воҳ жоним-а, ҳам қизимдан, ҳам тилломдан айрилдим. Э Худо, менга ажал бер!
Мерган ваъда қилинган тиллога ҳам қарамай уйига қайтди. Бечора жийрон қашқа уч кунга ҳам етмади. Ҳеч нарса емай-ичмай, кўзларидан юм-юм ёш оқизиб, тик туриб жон берди. Уни мерган ювиб-кафанлаб, катта қабристон девори тагига кўмиб келди. Қирқ кун аза очиб, дунё ишларидан қўл силтаб Тангрига ялиниб-ёлвориб ибодатга юкинди. Жобирбек эса ўша куннинг ўзиёқ савдойи бўлиб қолди-ю, қизининг бежаноза кўмилган мозорига қатнаб юриб, еттинчи кун унинг ўлигини ўша қўш қабр ўртасидан топдилар. Бойнинг ўғиллари унга кўпам ўхшамади. Невара-чеваралар бобомдан қолган мерос, деб ўша кўҳна сардобага ҳамон кўз-қулоқ эмиш.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 1-сон