Ёзнинг қизиқ кунлари. Эгнимда елвагайгина, кўкси очиқ, ёқасига пилта отган сурп яктак. Бошимда чуст дўппи, белимда шоҳи қийиқ, оёғимда нимпошна хром этик. Узун, тор боғкўчаларнинг бирида кетмоқдамай. Зериктирувчи тупроқли кўча жимжит. Дарахтларнинг сояси ўз атрофидан бир қадам нарига силжимай тик туради. Баланд-баланд сўқир пахса деворлар оша, кўча томонга шафтоли, олҳирот, баъзан аймоқи тоғузумлар осилиб тушган. Ҳар ўн-ўн бешқадамда кучани чўрт кесиб — бир томондаги қўрғончадан чиқиб, иккинчи томондаги қўрғончанинг пахсаси тагига кириб кетаётган кўприксиз майда ариқлар учрайди. Пашша учмаган тилсиз кўчадан кетиб бормоқдаман. Борадиган ерим ҳали узоқ. Майда яллалар куйлаб кўраман. Бироқ, ашуланинг айрим бандлари ҳавонинг иссиқлигида эриб кетгандай авжсиз, лаззатсиз.
Кўчанинг иккинчи бошида паранжили бир хотин кўринди. У менга қараб келади. Юзи очиқ, чачвонини дасталаб ушлаб олган, гўё елпиғичдай тебраниб, ўйнаб келади. У рўбарўсида йигит келаётганидан ҳайиқмайди. Лобар, бепарво. Мен ҳам жимжит кўчада ёлғиз бормоқдаман. Бир-икки оғиз гап билан тегишмоқчи, боятдан буён бўлган зерикувнинг ҳордиғини чиқармоқчи бўламан. Паранжили хотин менга яқинлашиб келмоқда… Бетма-бет йўлиқиб ўтишга ўн қадам ҳам қолмаган. Мен ундан кўзимни узмай бормоқдаман. У ҳам шундай.
Ана — унинг қип-қизил ва кичик лабларида мени ҳалигача мафтун қилган биринчи ярим табассумнинг ёввойи излари. У сипоҳгарчилик билан кулгисини яширмоқчи бўлди. Лекин лабда яширинган кулги энди қора кўзларда ўйноқлайди. Кун иссиғидан анор юзлари бўртиниб кетган. Бахт йўлларидай оқ ва кенг манглайда марварид доналаридай майда тер.
Яқинлашдик, яна бир секунд, мен унга, у менга йўл беради. Ҳар икковимиз ўз йўлимизга кетаверамиз. Йўқ, бу шундай бўлмади. У тўхтади. Бир нафас менинг бошдан-оёғимгача кузатиб чиқди.
— Тўхтанг, мулла ака.
Унинг овози чертилган жонон косадай жаранглар эди.
— Хизмат, жоним!..
— Бировга ҳеч холис хизмат қилиб ўрганганмисиз?
— Йигит кишининг кучи ҳалол. Ҳалигача холисдан бошқа хизмат қилган эмасмиз. Бутун меҳнатимиз далага кетган. Агар хизматингизга муносиб бўлсам, кўзим устига.
— Бўлмаса бирор овлоқроқ жой топингиз, хизматимни айтаман.
Шу кўчанинг сал нарироғида бўйра-палоссиз бир кичик хонақоҳ, бир пешайвон, ариқ ўтган кичик саҳнга эга бир боғ мачити бор эди. Мачит жума кунидан бошқа ҳафтанинг олти кунида кўчиб кетган ҳовлидай бўш бўлар эди. Олдинма-кетин якка табақа эшигидан кириб бордик…