Фурқат Алимардон. Кўнгилларда унган чечаклар (эссе)

Ўтган баҳор айвонимиз шифтига икки қалдирғоч ин қурди. Кеч кузда учирма бўлган полапонлари билан уясини тарк этган қалдирғочлар ортидан қараганча ўйлаб қолдим: хосиятли қушлар-ку, албатта, қайтади. Бироқ қанотли дўстларим олиб кетган туйғулар қайтармикин-а?

БАҲОР

Баҳор — келинчак мисол ноз-карашмали фасл. Кўклам нафаси кўнгилга ажиб ҳис солади. Ниманидир интиқ бўлиб кутасиз. Кутаётганингиз нималигини билмасангиз-да, ичикиб соғинасизми-эй! Бу танти табиатнинг инсонга инъом этган энг бокира ва нафис туйғулари, шекилли.
Шифтга маъноли термулиб ётган бемор. Очиқ деразадан қуёш нури сизиб киради. Бемор жилмаяди. Қалбида умид торлари чертилиб кетади. У ҳар куни яқинларига дераза очиқ туришини тайинлайди. Ҳаёт нафасини ҳис қилиш қандай яхши!
Бир кун бемор ётган хонага ташқаридан тотли ҳид кириб келди, жуда таниш. Нима экан? Гулга ўхшамайди, таом ҳам эмас, тандирдан энди узилган нонмикан?
— Ҳа-а, топ-д-и-им! — бемор ҳаяжонланиб ўрнидан туриб кетаёзди. — Су-ма-лак! Парилар таоми сумалак! Қизгина сумалакнинг қайнашини кўриш ниятида ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо танасида мадор йўқ.
Лекин бемор яна аста-секин оёқларини ҳаракатлантиришга уринди ва бунинг уддасидан чиқди. Ҳаяжон таъсирида асаб толаларида тикланиш пайдо бўлди. У оҳиста одимлаганча дераза томон қадамини бир босди, икки, уч ва, ниҳоят, деразага етди. Ҳовлида дошқозон, биқир-биқир сумалак қайнайди. Онаси бош-қош, опа-сингиллари ўчоқ ковлайди.
Маҳлиё жигарларнинг юзида қувонч эмас, ҳазинлик кўриб ажабланди. Кўнгли сезиб турибди. Унинг тақдирини ўйлашяпти. Доим шўх-шаддод, бир гапириб ўн куладиган қиз тўшакка михланса-ю, уларга хурсандчилик татирмиди? Ўтган йилги сумалак пиширарда яллаю қўшиқ айтиб даврани қиздирган Маҳлиёнинг бундай ҳолатга тушиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз?
…Автоҳалокатга учраган қиз — Маҳлиёнинг орзулари қанчалик чексиз эди. Бахтсиз тасодиф туфайли уч ойдирки, бари саробга айлангандек гўё. Шифокор унинг онасига: «Ҳозирча юриб кетишидан умид йўқ. Муолажалар наф бермаса, яна билмадим», деган эди. Мана, шунга ҳам уч ойдан ошди…
…Қиз синиқ товушда онасини чақирди. Ниятларини айтиб, сумалак ковлаётган она буни эшитмади. £из бор кучи билан онасини яна чақирди. Қозон атрофидагилар «ялт» этиб унга қарашди.
— Вой қизим, ўзингмисан! Ё, худо қудратингдан! Юряпсанми! Тилакларим ижобат бўлибди-да! Яратганга шукр!

ЁЗ

Чол уйқудан турди. Таҳорат олиб аср намозини ўқигач, сўри атрофига қалин сув септирди. Ҳали оғиз очишга икки соатча бор. Ёстиққа ёнбошлаб, газета варақлади. «Оилангиз келажаги учун масъулсиз!» деган сарлавҳага кўзи тушиб, энсаси қотди. Ким билмайди шу гапни! Лекин шу тоб кўз ўнгига оила қуриши керак бўлган невараси Юнус келди. Ёши йигирма бешга бораяпти, уйланмасмикан бу бола? Шу масалада ўғли ва келинига маслаҳат бермаса бўлмайди.
Қишлоққа шом тушди. Тош кўчадан ўтаётган қўйларнинг оёғи тагидан гуппа-гуппа чанг кўтарилади. Иссиқда сулайиб ётган ит, энди ³ўй-қўзиларга қараб ҳуради. Катта келин сигирни соғиш учун бузоқни ийдиришига қўйди. Бузоқ оғзини сигирнинг елинига уриб-уриб, ютоқиб сут эмади.
Дастурхон ёзилди. Эзилиб пишган луччак шафтолидан тортиб, ҳиди маст қиладиган амири қовун, қатиқ — бари-бари бор. Лекин Юсуф бобо баднафслик қилиб ҳар нарсага қўл уравермайди. Азалдан табиати шунақа, кам-камдан еган кишининг умри узо³ бўлишини билади. Оғизочарга тайёрланган ³айнатма шўрва отанинг иштаҳасини ³ити³лаб юборди. Деҳ³ончасига ³илиб, нон тўғради-да, ичиб олди. Энди бирпас ошқозонига дам бериш керак. Нафсни жиловлаган кишининг соғлиғида муаммо не қилсин!
Ариққа ташлаб қўйилган тарвуз келтирилди, ³учо³³а си²майди-я. Икки косага ажратилиб, бирига эркаклар, иккинчисига аёллар эгалик қилишди. Қанд бўлиб кетибди-я, она ернинг мўъжизасини қаранг! Юсуф ота тарвуз уруғини бирма-бир қўлига олар экан, салмоқдор оҳангда гап бошлади:
— Хуллас, гап мундай: Юнусбойни уйлаб қўймасак бўлмайди, ёши ўттизга қараб кетаяпти, эшитган қулоққа уят. Ўқишини тугатган бўлса! Ишлаяпти, маоши ўзига етади. Нима дейсизлар? — бобо бир чеккада жим ўтирган Юнусга ярим таҳдидли оҳангда юзланди:
— Кўнглингда биров бўлса айт? Кейин биздан норози бўлиб юрма!
— Сўраб нима қиласиз, биласиз-ку!? — деди йигит уялганнамо.
Оила аъзоларининг мунозараларидан сўнг шу қишлоқда яшовчи Маҳлиё исмли қизни сўраб борадиган бўлишди. Совчилик, сиздан угина, биздан бугина дегандай… Аммаю холалар жам бўлишиб, «қулчилик»ка отланишди… Аммо қизи борнинг нози бор, дарров розилик билдиришмаяпти. Майли-да, бир-бирига рўйхушлиги бўлгач, охири кўнмасдан иложи йў³. Аммасининг ширин тилидан бу хушхабарни эшитган бўлажак куёв мийиғида жилмайиб қўйди. Нарироқда бемалол чой хўплаётган отасига кўзи тушгач, уялиб уйга кириб кетди. Ҳали ҳам отасидан уяладиган ўғиллар бор экан-а.
— Тўйни кузда қиламиз, пишиқчилик, салқинда одамларни бир жойга йиғиш ҳам осон, — деди Юсуф ота келин томонга фотиҳа тўйини ўтказиш учун борганларида.
— Ҳа-а, бизнинг ҳам ниятимиз шу, — дея бу фикрни маъқуллашди қудалар.
Тўй кузга белгиланди. Ҳаёт эса йил фасллари узра давом этади…

КУЗ

Тийрамоҳ. Одамга хуш ёқадиган, салқин шабада кўкракка келиб уриладиган мавсум. Қишлоқда одамлар чумолига ўхшаб ғимирлагани-ғимирлаган. Нима бўлса ҳам, қишга жамғаришади. Мураббо, компот, қовун қоқиси, тарвуз шинниси ва ҳоказо. Қишки қовун-тарвуз ҳам эсдан чиқарилмайди.
Куз кунлари бир тутам. Кун ботгунча дунёнинг ишини қилиш керак. Неъмат чавандоз одатдагидек эрта уйғонди. Мол-ҳолга хашак бергач, маҳалла раислигига яна сайлангани тўғрисида хаёл суриб кетди. Демак, одамларнинг кўнглига йўл топибдики, икки марта сайлашди. Баъзилар «Раислик ҳам иш бўлибдими?!» дейишади, шу лавозимга тайинлашса, бир кўрарди аҳволини. Кимнинг уйида жанжал, тўй-маърака маслаҳати, бева-бечорага ёрдам — бари раиснинг гарданида. Неъмат раиснинг кўзи дарвоза олдида турган аёлга тушди. Таниди, бу қишлоққа яқиндагина кўчиб келган таксичининг аёли. Айтишича, эри томорқасининг ярмини сотмоқчи бўлаётган эмиш. Ҳатто нархини ҳам келишиб қўйибди. Бундан хабар топган аёл  тўппа-тўғри раиснинг ёнига келибди. Ер сотган яхши эмас. Аммо олди-сотдини пишитган икки эркакнинг орасига тушиб, масалани аёлнинг манфаатига ҳал қила олармикан?
Ер масаласи бир ёқда қолиб, хотини эри билан ажрашмоқчилигини айтса бўладими! Бундай масалага жиддий қараш лозимлигини маҳалла оқсоқоли қанча тушунтирмасин, аёл барибир гапида қатъий туриб олди.
— Ер меники, хотин меники, аралашишга нима ҳа³³ингиз бор, раис ака? — деди ҳайдовчи узил-кесил оҳангда оқсоқолнинг гапини бўлиб.
— Балки ҳақдирсан, аммо қишлоқ бедарвоза эмас. Биров қийналиб, оҳ-воҳ чекса, биз қараб туролмаймиз. Энди эшитадиганимиз шу гап бўлдими?
— Сенинг бу ишинг тўқликка шўхликдан бошқа нарсамас. Худога шукр қил, топиш-тутишинг яхши, гулдай болаларинг, хотининг бор. Энди бу нима қилиқ? Бугун ичиб олиб, ерингнинг ярмини сотсанг, эртага уйингни, кейин қишлоқни… чидаб бўладими бунга? — дакки берди отахонлардан бири.
Дакки-дашном таксичига кор қилди, шекилли, кўпчиликнинг гапига қарши боролмади.
— Гап шу, келин, аҳил бўлиб яшайверинглар, агар эринг яна бир ҳунар чиқарса, менга бор. Ўзим суробини тўғирлаб қўяман! Хўпми? — дея раис масалага хулоса ясади. — Энди ҳамма тўйга, Юсуф бобо неварасини уйлантираяпти!

ҚИШ

Сурхон воҳасининг қиши бошқача. Уч томони тоғ билан қопланган бу ўлкада қор ёғса борми, одам-одамни танимайди. Жанубдан эсган шамол Ҳисор тоғларидан орқага қайтса, ёғингарчилик бўлиши аниқ. Шу сабабли Термиз томондан шамол эса бошладими, одамлар ишларини тез-тез саранжомлашга киришиб кетади. Эркаклар бостирмага янтоқ босади. Аёллар ўтинни печканинг ёнига ғамлаб қўяди.
Осмонни қуюқ қора булут қоплаб, шамол жануб тарафдан эса бошлади. Туш пайти момоқалдироқ гулдуради. Шамол зўрайгандан-зўраймоқда. Уйнинг том қисми гувиллади, шифер кучли шамол таъсирида шунақа овоз чиқаради.
— Бўрон бошланадими дейман-да, шиферларни учириб кетмасайди! — деди печка олдида неваралари билан пахта чигитлаб ўтирган момо. Бир пайт «қарс» этиб терак шохининг сингани эшитилди. Бировнинг бўралаб сўкингани қулоққа чалинди.
— Кимнингдир шифери учиб кетди-ёв, — деб Тўхтамурод деразадан ташқарига қаради ва:
— Айтмадимми, ана Йўлдошбойнинг томи очилиб қолибди, — деди ачинганнамо.
Жала аралаш бўрон тингач, ёмғирдан кейинги қўзиқориндек одамлар бирин-кетин уйларидан чиқа бошлади. Талафот кўрмаганнинг ўзи йўқ! Кимнингдир ғарами титилиб, учиб кетган бўлса, биров тандири ағнаганидан нолийди, лекин энг катта талафот — Йўлдошбойнинг шифери учгани. Қишлоқдошлар бош силкишиб аттанг қилишар, қўли калтароқ бўлган қўшниларига қандай ёрдам бериш йўлларини излашарди. Қаҳратон қиш, ҳамманинг ташвиши ўзига етарли. Аммо одамгарчилик баридан устун қўйилади.
— Йўлдошбойга бир «ҳа» демасак, уят, — деди қишлоқ аҳлини мурувватга чорлаб Жўра бобо.
— Тўғри айтасиз, бобо, — деб маъқуллади Мурод фермер. — Менда йигирмата шифер бор. Ёзда ўртанча ўғлимга уй солмоқчийдим, унгача худо пошшо, — деди.
— Ўзи нечта шифери учибди? — дея қизиқди Нормат тракторчи.
— Қирқтадан кам эмас, — «айбдор»нинг овози ичидан зўрға чиқди.
— Мендаям ўнта шифер бор, ошхонадан ортиб қолгани, — деди тракторчи.
— Яна ўнта етмаяптими? — савол ташлади Жўра бобо.
— Бу ёғини бир қўзили қўйни сотиб оламан, шу ёғига ҳам минг раҳмат! Яхшиям, сизлар бор экансизлар! — деди Йўлдошбой мамнун қиёфада.
Эртаси куни Йўлдошбой отаникида ҳашар бошланиб кетди. Бирпасда томнинг кам-кўсти тузатилиб, қишлоқдошлар дастурхон атрофига йиғилишди.
— Гап бундай бўпти-да! — деди Нормат тракторчи.
— Ҳа, бирлашган ўзади, оғайнилар! — деди Йўлдошбойнинг ён қўшниси Мурод фермер.
— Албатта, албатта! — маъқуллашди қолганлар.

 «Маърифат» газетасининг 2015 йил 52-сонида чиққан