Қиш бўлишига қарамай бирон марта ёлчитиб қор ёғмади. Бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш қишлоқ уйлари. Мўрисидан узиқ-юлуқ тутун чиқаётган уй деразасидан бир неча кун олдин ота-онасини кўргали шаҳардан келган йигирма беш ёшлардаги йигит ҳовлини кузатяпти. Анча йиллардан бери шовқинли, шошқин шаҳарда яшайдиган йигитга қишлоқнинг сокинлиги сабабми, вақт секин ўтаётгандек туюлди. Келганига уч-тўрт кун бўлмадию, у ўзини шаҳардаги таниш-билишларидан нимададир ортда қолаётгандек ҳис этди. Нимадан ортда қолаяпти, қандай ортда қоляпти — тушунарсиз ҳолат. «Эй, авваллари, хотиржам қўй боқиб юраверардим, лекин ҳозир нимадир бошқача, одам шошади!» — дея ўйлади у ичида. Шу пайт уйга кирган укаси:
— Кўпкари бўлаётган экан, ошналаринг чақирди, бормайсанми? — деди ўн ёш кичик бўлса ҳам акасини сенлаб.
— Йўқ, бормайман, кимлар бораётган экан ўзи? — сўради йигит бепарво.
— Беш-олтита синфдошларинг! — деганча бола ташқарилади.
Йигит бир оз ўйланиб турди-да, бирдан кўпкарига боришга қарор қилди. Велосипеднинг баллони тешилган экан. Эшакка минишга уялган ака-ука, лой кўчада яёв кўпкарига жўнади.
Кўпкарига ҳар ким ненидир излаб боряпти. Биров зот айириш учун, биров томоша, яна биров бошқа бирон нарса учун. Ҳамма нимани излаб бораётганини яхши билади. Фақат, укаси билан қишлоқнинг лой кўчасида туфлиси ифлос бўлганидан ғижиниб, кўпкарига шошаётган йигит нимага бораётганини билмайди.
Йўлда икковлонга шерик бўлиб қўшилган бир ваҳимакашроқ қўшнилари ховлиқиб.
— Э, бугун кўпкари зўр бўлади, Наби манқанинг хотирасига уллари улоқ беряпти, — деди.
— Сиз отингизни миниб чиқмабсиз-да, кўпкари чопмайсизми? — дея ҳазиллашди йигитнинг укаси қўшнисига.
Йигитнинг хотирасида бир нарса ярқ этиб жонланди. Мактабда бешинчи синфда ўқирди. Синфдошлари билан дарсдан қочиб, қўшни қишлоқдаги суннат тўйида бўладиган курашни кўриш учун боришди. Болалар кураш бошлангунча қорнини тўйғизиб олиш ниятида қурга ўтиришди. Бир-бир косадан қайнатма шўрва ичиб, икков ора бир товоқдан ош ейишди. Шунда ҳам турмай ўтираверган болаларни кўрган тўй хизматчиларидан бири: “Ҳўв, сенлар Наби манқанинг тўйида ўтирибсанми, тур ҳамманг, даврага бор, ҳозир чеккада қолиб кетасан!” — деган гапини эслади. Ичида: “Ўша одамни бир кўришим керак эди-да, майли, энди ўғилларини кўрамиз, начора” деб қўйди. Бир пайтлар шу туманда Наби манқа деган бой киши бўлгани, у одамнинг минглаб қўйларию, юзлаб отлари бўлганини отасидан сўраб билгани, лақаби борасидаги гаплар унинг хаёлидан бир-бир ўтди…
Етиб борганларида улоқ бошланган, бир-иккита зот ҳам айрилган экан. Бир чеккадан бориб томошага қўшилган ака-укалар, оломон орасидан ўзларининг тенгқурларини излай бошлашди. Дўстлари билан қисқа салом-аликдан сўнг қий-чувларга тўлган кўпкарисойга термулишди. Икки юздан зиёд от бир-бирини эзиб ташлагудек бўлиб, ерда ётган улоққа интилади. Чавандозлар юзинг-кўзинг деб ўтирмай ёнидагиларнинг ўзими, отими фарқи йўқ қамчи билан айлантириб солади. Баковулнинг қўлида микрофон: “Ҳалол оласан, полвон, фақат ҳалоллл!” деб жар солади. Шу пайт қайсидир полвон “энангдилаб” кимгадир сўкиниб қолди. Бунга баковул: “Ўв, Шокир полвон, зўрлигингизни биламиз, оғизга қаранг, оғизга!” — дейди. Шаҳардан келган йигит ёнидагилардан у “зўр полвон”нинг кимлигини суриштирди. “Ҳа, у олиш бўйича вилоят чемпиони Шерзот полвоннинг акаси-ку!” дейди дўстлари. “Ҳа” деб қўйди йигит лабини тишлаб. Шу пайт баковулнинг “Ҳалол” деган ҳайқириғи қулоқни тешгудек жаранглади. Атрофни шовқин тутиб кетди, биров ҳуштак чалган, биров бақирган. Шовқин сабаб, баковулнинг гапини яхши эшитмаган одамлар: “Ким айирди, ким айирди?” деб бир-бирини сўроққа тута бошлади. Йигит ҳам ёнидагиларнинг гапига қулоқ солди: “Вўҳ, Шокир полвон зотни айирди!” — дейди одамлар бир-бирига ҳовлиқиб. “Зўр деганича боракан-да, бўлмаса шу оломон ичидан улоқни олиб чиқиш осонми!?” — деб қўяди йигит секингина ўзига-ўзи.
Недир синоатки, одам жисман бир жойда мавжуд, аммо хаёли бошқа жойларда бўлиши мумкин. Йигитнинг ҳам жисми шовқинли кўпкарида қолди-ю, хаёли бебош боладек аллақаёқларга дайдиб кетди: “Мен уйга келсам, бирон нарса қоралаб кетмоқчи эдим. Ҳамкасбларим қишлоқда ижодкор учун детал кўп бўлади, дегич эди. Келганимча бир-неча кун бўлди. Аммо детал-петал топганим йўқ. Ишқилиб бирон материал ёзиб кетай-да!”
“Ў-ў-ўввв, ҳалойиқ, қулоқ соллл!” баковулнинг қичқириғи йигитнинг хаёлини қочирди: “Отамнинг Деҳқонободдан тўн ёпишган дўсти келган, шу бобомнинг ҳурматига энди ғирбайди қиламиз, бошқа чабоғонлар яқинлашмай туринглар, зотига бир тана қўйилди, босинг бобо!” деди баковул. Томошабинларнинг бу удумни тушунгани жилмайиб, тушунмагани анграйиб қўрага жим қараб турибди. Йигит ёши каттароқ бир танишидан:
— Ғирбайди, нима ўзи? — деб сўради ҳайратини яширмай.
— Ғирбайдими? — оғзидаги носини туфлаб, гапида давом этди йигитнинг ҳамқишлоғи. — Кўпкари қилаётган одамнинг қадрли бир меҳмони келган бўлса, шунга бир зот ажратилади. Ҳеч ким у билан улоқни тортишмайди. Шундай, укам!” — деди велосипедига суяниб турган қишлоқдоши.
— Э-э-э, ғалати удум экан-ку! — деб ўзича норозилик қилган бўлди йигит ҳеч кимга эшитилмайдиган овозда. Шу пайт адирнинг устидан (отини ўшаёққа боғлаб келган бўлса керак) саксонлардан ошган, тўладан келган бобо катта бир чўбир отини улоққа қараб чоптирди. Қўранинг ўртасида ётган улоқ ёнига келиб отини тўхтатди. Шу ердаги йигитлар бобонинг олдига улоқни жойлаштириб беришди. Бобо отига қамчи уриб юз қадамча жойга бориб, баковулнинг ёнига қайтди.
— Эй бобо, яшанг, зотинғиз ҳалооолллл! — деди баковул микрофонда қулоқни йиртгудек товушда. Сўнгра:
— Жигитлар полвон бобомнинг зотини опкелинглар! — дея юк машинаси устида кўпкарига қўйилган совринларни тақсимлаётган йигитларга қараб овоз берди.
— Эй, энағар, манқанинг боласи! Кўпкари қилсанг ҳалол қилда! — деган жаҳлдор овоз келди чавандозлар орасидан. Қўққисдан айтилган бу гапни эшитган баковул:
— Кимни энағар деяпсан, ўйнашдан бўған! — дея отини чоптириб бориб, бир оз олдин катта зотлардан бирини олган Шокир чавандознинг бошига қамчи билан солди. Шокир полвон бўш келадиган одамми, у ҳам баковулни қамчи билан уриб кетди. Одамлар югуриб бориб бу икки полвонни ажратишди. Иккиси ҳам ўз насибасини олган, отдан тушиб бир четга ўтишди.
— Уккағар чабоғон, бировнинг тўйини бузгали уялмайсанма? — гинали овозда сўз қотди баковул ёрилган пешонасига дастрўмолини босганча.
— Мен нимага уялишим керак? Ўзинг уял, шунча одамни термилтириб, бир чолга зот берасан!
— Эй, уккағар, тентак, бу удум, бобом отамгаям улоқ илдирган! Мен нима қилай? Бобомни қуруқ қўл билан қайтарайми? — деди баковул ҳаммага эшиттириб.
— Манқанинг боласи, кўпкарига опкелиб бобонгга совға берасанми?! Қайтаётганида бир танани етаклатиб юбор! Ким сенга нима дейди!? Бу ер кўпкари! Ҳамма зотини ҳалол олиши керак! Шунча чавандоз кўпкарига қарға қўригали келганми!? Уларнинг ҳам “Зот оламан!” деган умиди бор. Бўпти, биз кетдик! — дея Шокир полвон отига сакраб минди.
— Тўхта, қаёққа борасан? Ҳали яна зотлар бор? — деди баковул хижолатли оҳангда.
— Йўқ, кетаман, ҳув, тентаксойда ҳам бугун улоқ бўлаяпти. Сен ҳамма зотингни таниш-билишларингга бўлиб бер! — дея Шокир полвон отини чоптириб кетди.
Унинг ортидан бошқа чавандозлар ҳам кета бошлади. Баковул бошини эгиб олган, елкаси силкинар эди. У йиғлаяптими, ёки бошига теккан қамчилар оғриғидан қалтираяптими йигит кўролмади.
Ҳамқишлоқлар уйларига қайтаётган маҳал қор учқунлай бошлади. Кўпкарига зот айираман деб келганлар улоқнинг бесамара бўлганидан, томошаталаблар эса томошанинг чала бўлганидан кўнгиллари ғаш тортиб қайтишяпти. Биргина ёнидагиларнинг ҳазил-ҳузулларига парво қилмай, ўзича хурсанд келаётган йигит “Топдим, топдим!” дея пичирлар эди.