Фозил Фарҳод. Мактуб (ҳикоя)

Барглар бандидан узилиб дарахтлар остига тўшалар, тонгда Боботоғ адирлари томонга учган қарғалар кунботарга қайтарди. Уфқнинг қизармагани эртага совуқ бўлишидан дарак. Шундай кунлар бошланажак дамларда бирор ишга қўл ургим келмас: ер ағдарсам кетмоннинг дастаси синар, боғдан хурмо узсам сатилнинг балдоғи узилиб тушарди. Боиси шу йил университетга киролмай қайтганим. Қалбим тўла алам.
Кеча иккита дераза ойнасини синдирдим, илгари куни укаларимнинг тўпини ёрдим. Бугун эса ҳеч нима сингани, бирор нарса «қўлимдан тушиб кетгани» йўқ. Бироқ…
Супа устида кечки овқат учун энам пиёз тўғраб ўтирар, синглим ўчоқ бошида қозон тагига ўтин қаларди. Хонамга кириб, жавон эшигида осиғлиқ кўйлагимни кўрдим. Эрталаб қандай қўйган бўлсам, шундай турибди. Ҳатто биров қўлини-да теккизмаган: ёқаси кир, ғижим. Бугун қишлоқда тўй бор. Нима кияман энди?
Шарт ортга бурилдим. Эшикдан чиқиб, супа ёнига келдим.
– Уйда совун тугаб қолган экан, болам! – Энам оғзимни очмасимдан фикримни англади.
– Дўкон беш чақирим эмас-ку! – дедим захарханда аралаш. Бундан кўнглим тўлмади чоғи овозимни баландлатдим. – Доим баҳонангиз тайёр. Ҳали унақа дейсиз, ҳали бунақа…
– …
Ўчоқ бошидаги синглим ўртага суқилди:
– Ака, кулранг кўйлагингиз тоза-ку!..
– Сенга нима?
Энам индамасдан пиёз тўғрашда давом этди. Иккала ёноқларини бир-икки томчи ёш кесиб ўтди.
«Пиёздан» – кўнглимдан ўтказдим.
Кўзёшлар сабзи тўғралаётгандаям, картошка тўғралаётгандаям тўхтам билмас, навбатма-навбат энамнинг ажин оралаган ёноқларидан думалаб тушарди. Энам бечора уни билаклари билан артиб қўярди.
«Эй, нодон! Нима қилиб қўйдинг?!»
Энамга яхшилаб разм солдим. Болалигимда жажжи бармоқларим билан сийпалайдиганларим – кулдиргичли ёноқларга ажин тушибди, кулиб турадиган кўзларидаги киприклар сийраклашган, пастроққа тушиб турган рўмоли остидаги ўша қоп-қора сочлар оқара бошлабди. Ҳа-ҳа, қирққа кирмасдан энамнинг сочига оқ, юзларига ажин тушибди.
«Энанг… қариб қопти-я! Нега шу пайтгача пайқамадинг? Қачон рўй берди бу? Наҳотки сочига тушган оқ толаларни энди кўраяпсан? Сочлари-ку рўмол остида, лоақал юзидаги ажинни-да сезмапсан-а? Нега киприклари йўқ? Эҳтимол, тандир тафти куйдиргандир?..»
Тўйга боролмадим. Боролмасдим ҳам. Университетга киролмаганим ҳақида бошқа ўйламасдим. Ўша аламлар ўрнини бошқаси эгаллади. Энди фақат ва фақат энам тўғрисида ўйлардим: юзидаги ажинлари, бошидаги қировлари, қаергадир йўқолган киприклари…
Хафа бўлса ҳар сафар дарров кулиб кетаверадиган энамнинг юзини ўша кеча осмонни тўсган булутлардек маҳзунлик қоплади. Туни билан чақмоқ чақиб чиқди. Эртаси кун бўйи ёмғир ёғди. Энам-да такрор йиғлади. Йиғи кўзёш бўлиб ташқарига чиқмади. Йиғини ичига ютарди. Қалбининг туб-тубига жойларди. Буни сездирмасликка уринса-да, кўзидаги ғамгинлик барини ошкор этарди.
Ҳаракатларим олдингисидан бошқача эди. Энди дераза ойнасиям, кетмон дастасиям синмас, укаларимнинг тўпиям ёрилмас, сатилнинг балдоғиям узилмас, лекин кунларим ўшандагидан-да азобли-дардли ўтарди.

* * *

Қор бурингидан кўп ёғди.
Қор ёққанида доим қувонадиган кўзларим энди бутунлай айрича – ғамгин. Улар деразадан ташқарига тикилса, бош ҳужайраларим энди нима қилиш кераклиги тўғрисидаги ўй билан банд. Дераза ортидаги ҳаёт оппоқ бўлса-да, қалбимнинг ичкариси бунинг акси эди.
Энам доимгидай урчуқ йигириб ўтирарди-ю, барибир нимаси биландир ўзига ўхшамасди. Буни кўриб баттар азобланардим.

* * *
Қиш бўйи айтарли хонамдан чиқмадим.
«Бир оғиз «кечиринг» дея олмадинг-а! Шу сўзни айтиш сен учун шунчалар қийинми?»
«Йўқ!»
«Нега унда айтолмаяпсан?»
«…»
«Ё ғуруринг йўл бермаяптими?»
«…»
Ўрнимдан отилиб турдим-да, энам ўтирган хонага бордим. Печка олдида чой дамлаётган экан. Югуриб бориб қучиб олгим, «энажон, кечиринг!» дегим келаяпти. Бироқ…
«Нега унақа бўлаяпти?»
«…»
Мени тутиб қолаётган бу туйғу менга тамоман номаълум.
«Нима бу? Қандай туйғу ўзи?»
Орқага қайтдим. Нотавонлигимнинг сабабини била олмай овора эдим. Оёқларим кўзлаган манзилимга бошлаб борар, сўнгги нуқтага келганимда мия ҳужайраларимдан керакли сўзни тополмай қийналардим.
«Бир оғиз сўз-ку!»
«…»
«Агар эслаб қололмаётган бўлсанг бир бўлак қоғозга ёзиб ол!»
«Луғат бойлигимда бу сўзнинг бир нечта муқобили мавжуд. Унинг русчасиниям, немисчасиниям, инглизчасиниям биламан. Аммо…»

* * *

Қиш охирлади.
Уйимизга почтачи келди. Ҳарбий хизматга чақирув қоғози қолдирди. Хатни қўлимга тутқазиб кетган почтачини ўзгача нигоҳ билан кузатиб қолдим. У мени жудаям қувонтирди. Гўё кўнглимдаги ўша асир туйғуларни қафасдан озод этгандай.
Туман марказига бориб кўрикдан ўтдим.
«Соғломман!»
Вилоят марказига бориб кўрикдан ўтдим.
«Соғломман!»
«Ура!»
Хурсандман. Энам мендан-да хурсанд. Ўғлим армияга кетаяпти, дея суюниб, ҳаммага мақтанар, менинг хафа қилганимни бутунлай унитиб юборганди. Энамни кузатиб, ушбуни англадим:
«Менинг кўнглим эса негадир барибир ғаш…»
Билсам, журъатимни тўсиб турган ўша туйғулар қалбимни бутунлай тарк этмаган экан.
Армияга жўнадим. Яқинларим, синфдошларим мени тантана билан кузатди.
Поездда кетаётган бўлажак сафдошларимнинг кўзлари қувончга, қалблари орзуларга тўла. Мен эса фақат энам тўғрисида ўйлардим: «Оппоқ сочлари, юзидаги ажинлари, қайларгадир йўқолган киприкларию мендан ранжигани…»

* * *

Илк бора эгнимга ҳарбий либос кийдим. Илк бора шаҳдам қадамлар билан юра бошладим. Илк бора уйимга мактуб ёздим:
«Онажон, мени кечиринг!»