Янги йил кечаси Аёзбобо Умидага ёзғич совға қилди. Қизалоқ эртасига кун бўйи унинг устига расми туширилган севимли мултфильми қаҳрамонига мафтун бўлди. Кечга яқин бундан зерикди чоғи, ёзғичнинг чиққиллатгичини босганди, тумшуғида темир уч кўринди. Қўлидаги жажжи жимжимадор матоҳнинг ручка эканини даъфатан билиб қолди-ю, бир нималар ёзгиси келиб завқланди. Аёзбобонинг кечаги гапи ёдига тушди: “Чин дилдан кўнгилга тугилган ҳар қандай ният албатта ижобат бўлур”.
Кеча ният қилишга улгирмайин ухлаб қолганидан афсусланди. Руҳи тушиб тағин ручкага боқдию ҳайтовур миясидаги ғаройиб истак янада тиниқлашди. Ниятини руёбга чиқариш илинжида сумкасини очди. Биров кўзи тушиб қолишидан хавотирлана-ҳавотирлана дафтаридан бир варақ йиртиб олди. Яқинда “Алифбе байрами”ни ўтказиб, унча-мунча сўзларни ёзишни ўрганган эмасми, совғани қоғоз бўйлаб юргиза бошлади. Ҳафсала билан аввал битта ҳарф, кейин иккита, сўнг бир сўз, охири катта-катта ҳарфларни мунчоқдай териб: “OTAJON, ONAJON, ILTIMOS, MENI OLIB KETING!” деган сўзларни ёзди. Хатни тўрт буклади-да, бегона кўзлардан панароққа – сумкасининг ички чўнтагига яширди. Шу пайт тарбиячи болаларни кечликка чақирарди. Ўйинчоқлар хонасидаги болалар гур этиб ошхонага чопишди. Умида эса сумкасини жойига қўйиб, паришонхотир ҳолатда шошилмай ташқарилади. Уни қидиришаётган экан. Кечиккани учун тарбиячидан енгилгина дакки ҳам эшитди.
Бутун оқшом – овқатланишу телевизор кўриш, тиш ювишу уйқуга ётиш асносида ҳам қоралаган мактуби ва уни ким орқали уларга етказиш ҳақида узоқ ўйлади. Ўйлар поёнига етмаёқ, кўзлар илинди.
Қизалоқ эртасига ҳаммадан аввал уйғонди. Қадам товушларини чиқармай дарсхонага борди. Сумкадаги хатни очиб кўрди. Мактубга ҳеч ким тегмаганини билгач, тағин қадам товушларисиз ётоқҳонага қайтди. Ювингач, тарбиячининг болаларни уйғотишини пойлаб, дераза токчасига тирсакларини, кафтларига эса иякларини тираб ташқарига термилди. Тағин хат ҳақида ўйлади.
Кечаги қор борлиқни буркаганди. Фақат дарвозахонанинг айвонигагина қор қўнмаганди. Шу пайт дарча эшиги ғийқиллаб овоз чиқарди-ю, берига очилди. Қора шарпа ичкари хатлади.
Тонг ёришган эса-да, дарвозахона ҳали қоронғи эди. Шу-чун кирган шарпа яқинлашган сари одамга, одам телпак ва қўнжи узун этик кийган кишига, телпакли ва этикли киши қўлида доим сумка кўтариб юрадаган Раҳмон почтачига айланганида таниш чеҳрага нигоҳи тушиши ҳамоноқ қизалоқнинг маъюс ва ўйчан кўзлари бирдан қувнади. Дарсхонага югурдию сумкасидаги мактубни олиб кўксига босганча, устига пальтосини, оёғига этигини кийишни-да унутиб, ташқарига отилди. Тез югурганига қарамай, ҳар кун саҳарлаб хату газеталарни ташлаб, зумда ғойиб бўладиган бароқ қошли почтачига дарча ёнида зўрға етди. Ҳансираб ҳадеганда ўпкасини рост ололмай, хатни узатаркан бир сўз айтолмаганидан бўғзига алам қадалди-ю, йиғлаб юборди. Почтачи амаки тиззанланлаб турган куйи унинг пешонасидан ўпди. Бошини силадиганча хатини албатта эгасига етказишга ваъда берди. Буни эшитган қизалоқнинг юзига кулги югурди. Хатчи амакига раҳмат айтгачгина, аввал оёғидан, сўнгра бутун баданидан совуқ ўтаётганини сезди. Қизарган нозик бармоқчаларига пуфлай-пуфлай, кўкарган оёқчаларини қўлига олиб ичкарига югурди.
Жажжи Умиданинг улкан умидидан почтачининг қалби қинидан чиқаёзди. Жисми жумбишга келди. Қизалоқнинг ёнида ўзини зўрға босди. Йўлида давом этаркан, кўзидаги ёшини артганча, ортига қараб-қараб қўярди.
Шу кун кечга бориб хатни хатжилдга солмагани ёдига тушди. Бундан бироз хафаланди. Расм дарсидан шакллар ясайдиган рангли қоғозлардан бирини сумкасидан олиб ундан хатжилд ясади. Тарбиячи опа қишлоқдаги онасига хат битаётиб конверт тополмай, шундай қилган эди-да. Дафтар тағин яна бир қоғозидан айрилди-ю, унга кечаги сўзлар такрор ёзилди. Бу гал расамадига кўра хатжилдга солиниб, оғзи елимланган мактуб тағин сумканинг ички чўнтигига беркитилди.
Ҳаяжондан кечаси билан мижжа қоқмаган қизалоқ саҳарда хатини Раҳмон почтачига тутқазди. Кечга яқин яна бир хатосини эслади – мактубга марка елимламапти-ку. Тарбиячидан илтимос қилиб бир дона марка олдию кечагидай мактуб ёзиб, хатжилд ясади, устига марка елимлади. Эртасига уни яна почтачига берди. Кечга бориб тағин бир хато ёдига тушди – манзил ёзмапти. Узоқ ўйланди. Чунки соғинганлари – ота-онасининг қаерда яшашини билмасди-да. Кўлига қоғозу ёзғич олиб тағин хат ёзишга киришди. Шунда кўзларида икки томчи ёш пайдо бўлди. Киприкда осилиб қолган ёш мактубга думалади. Кейинги ёш томчиларини енги билан артди-да, хатни тезда хатжилдга жойлади. Манзилсиз бўлса-да, мактублардан бири уларга албатта етиб боришига умид боғлаб, уни сумкасига яширди.
* * *
Қизалоқда янги туйғу пайдо бўлди – кутиш. Энди у ҳар тонг деразадан дарвозахонага термулишни одат қилди – ота-онасининг келишини интиқиб кута бошлади. Ҳар гал уларнинг ўрнига бароқ қошли почтачи амакини қарши оларкан, мактубни унга берардию митти юраги бир оғриниб қўярди. Бироқ ҳар оқшом мактуб ёзишни қўймасди.
* * *
Шу кўйи кунлар кетидан кунлар, ойлар ортидан ойлар ўтаверди. Дераза ёнидаги беш юз ёшли чинор-да йил бўйи қизалоққа қўшилиб қишда оқариб, баҳорда яшнаб, ёзда гуркираб, кузда сарғайиб унинг ота-онасини кутиб яшади. Эҳтимол, чинордан қолган умрини нимага сарфлашини сўрашганида, ҳеч иккиланмай, қизалоқ билан кутишга, деган бўларди!..
* * *
Ҳап-паш дегунча, қиш ҳам эшик қоқди. Бироз ўтиб, қор ҳам ёғди. Қизалоқ ҳар оқшом мактуб ёзаверди, ёзаверди… Бир кун қарасаки, дафтар варақларию рангли қоғозларининг охири кўриниб қолибди, почтачи амаки бериб кетган маркалар-да саноқли. У қоғозларни тежаш учун энди хатни кичикроқ ёзди, хатжилдни ихчамроқ ясади.
Орадан уч-тўрт кун ўтди. Оқшом маҳал дафтарнинг сўнгги варағига хат ёзди, охирги рангли қоғозидан хатжилд ясади, мактубга охирги маркани елимлади. Дераза ёнига келиб, худди тонгдагидай токчага тирсакларини, кафтларига иягини тираганча дарвозахона дарчасига кўз тикди. Ташқарида паға-паға лайлак қор ёғарди. Борлиқ бурунги йилдагидай оппоқ эди. Деразадан ташқарига тушган чироқ нуридаги чинор урушга кетган боласини остонада совуқдан ғужанак бўлиб, бошидан рўмоли сирғалиб пастга тушган кумушкампирдай мунғайиб турарди.
Тонг отишига чамаси ўн соатлар бор эса-да, қизалоқ саҳар бўлишини, почтачининг шарпаси дарчадан ҳатлашини, қўлидаги мактубини унга беришни чунонам истардики, қисқа умри давомида унинг жажжи юраги ҳали бунчалик орзиқмаганди. Ҳатто ота-онасини кутишни унутиб, почтачининг йўлига кўз тикиш унга одат бўла бошлаганини ўзи ҳам пайқамай қолди. Хатни кафтида сиққанча… қотган қўллари таёқдай, дарчага қадалган қоп-қора қорачиқли митти кўзлари мунчоқдай қизалоқнинг киприклари пирпирай-пирпирай илинди. Кўзлар юмилиши замон дарвозахона дарчасида аввал ғира-шира шарпа, сўнг қоп кўтарган киши кўринди.
Уйқудаги қизалоқ кейинги кунларда мактуб ёзишга шу қадар берилгандики, ҳатто бугун янги йил оқшоми эканию болалар уйига Аёзбобо келганини, у болаларга бир-биридан ажойиб совғалар улашганию ёзган сўнгги мактубининг ўрнида бошқа хат пайдо бўлганини-да пайқамади. Ўша кечаси дунёдаги болаларга улашилган совғалар ичида энг ғаройиби Умиданики эди. Ҳали эгаси томонидан ўқилмаган ушбу бебаҳо совға – мактубда шундай сўзлар битилганди:
“Мен сени олиб кетаман, қизим!”