Фаррух Жабборов. Ўнг томонда туринг… (ҳажвия)

— Ҳей, чойни қайтарманг! Энди, ошна, нима десангиз денг, шу чой қайтариш эскиликдан қолган-да. Ўзим гувоҳ, чой қайтараман деб қўлини куйдириб олганлар қанча, — деб Низом чойнакни Эргашнинг қўлидан олди. — Мана, мисол учун, кечагида янгангизнинг қўли куйиб қолди.
Янги қурилган, фақат ички таъмири қолган бино ичида ўтирган ишчилар Низомнинг бундай “ақлли“ гапларини кўп эшитишган. Шунинг учун ҳам бу гал унга ҳеч ким эътибор бермади.
Деразадан кираётган совуқ ҳаво юзни ялаб ўтади. Ишчилар бир исиниб олайлик деб иссиқ чой ичишга ўтиришган эди.
— Ҳой! Чойга қаранглар! — Низом пиёлаларга тўлдириб-тўлдириб чой қуйди.
— Ҳой мусулмон! Оз-оздан қуй, нима бало, калла шўрва сузаяпсанми? — эътироз билдирди кимдир.
Низомнинг бир мақтангиси келиб кетди. Худди кўп овқат еб қўйгандек, йўқ қорнини олдинга ташлаб кекирди-да бошлади:
— Кеча денг, бу ердан кетдим-ку, Эшон бова, шундай чиқсам, директор турибди. “Келинг, Низом ака, — деди. — Ўтиринг, бир жойга борамиз”. “Эсперо”га миниб олибман денг. “Шаршара”га бордик. Кечгача торта-торт. Ўчиб қолибман. Лекин овқатниям “двайной”, “тирайной” едик-да. Ҳалиям ҳазм бўлгани йўқ. — Низом гапини исботламоқчи бўлиб тағин бир кекирди.
— Директор дам олишга кетган-ку! — Эшон уни чуқалаб қўйди.
— Э, кечирасиз, директор дедимми? Йўқ, “управлаши”. Ҳа, узр. Хом сут эмган бандамиз-да! Нима дедингиз, Эргашбой? Шуйтиб, бугунам иш унмай турибди. Бош оғриқ…
Бино олдига машина келиб тўхтади.
— Хўжайин!!! — Ҳамма ишга киришди. Қадам товушлари яқинлашиб, хонага икки киши кириб келди. “Хўжайин дам олишдан қайтиб, ишни бир кўрай дебди-да!” хаёлидан ўтказди Эргаш.
— Ассалому алайкум, хўжайин.
— Ҳорманглар.
Низом ишини ташлаб ёш болалардай бошлиқнинг олдига пилдираб борди.
— Ассалому алайкум! Қалайсиз, тузукмисиз? Яхши дам олиб келдингизми? Кеннойимлар ҳам яхши дам олдиларми? — Унинг бояги Низомлигига ишониб бўлмасди. Директор хушламайгина қўлининг учини чўзди.
— Сиз бунақа кўришишда иккита одам келса, бир иш кунини ўтказиб юборасиз-ку!
Низом мулойим жилмайиб қўйди-ю, директорнинг орқасида турган пастаккина одамга юзланди:
— Тузумисиз, ака! — деб унга ҳам қўл узатганди, у тутаб кетди:
— Бу одам вообше ишламайди. Кеча ишни ташлаб шаҳарда нима қилиб юрувдингиз? Бу кишини ҳайдаб юбориш керак.
Қум элаётган Эргаш Эшонга кўзини қисди: “Булар кеча бирга тортишган-да!”
Низом тамом бўлди. Хўжайиннинг қаҳрига учради! Шу куни ухлай олмади. Устига устак, оёғи тиззасигача қақшаб оғриб чиқди.
Онаси бир мушкул иш чиқиб қолса, бева-бечорага садақа берарди. У ҳам бирор нима аташни кўнглига тугиб қўйди.
Эрта туриб Низом кўчага чиқди. Метрога кираверишда қари кампир турарди. Шунга “100 сўм” берса… Э-я, чап томонда турибди-ку?
— Ҳой, “бабула”, ўнг томонда турилади. Чап томони билан ким пул беради сизга?
Ҳассага суяниб зўрға турган кампирни йўлакнинг бу томонига салкам судраб ўтди ва чўнтагидан 100 сўм чиқарди. Қайси қўли ўнг эди? Ҳа, мана буниси. Ўнг қўли билан кампирга пул берди.
— Дуо қилинг кампиршо, хўжайиннинг қаҳрига учрамасин, деб дуо қилинг.
Дуоларни эшитиб унинг кўнгли бироз тинчигандай бўлди ва метрога тушиб кетди. “Ойлик фалон пул бўлса, бор-йўғи 100 сўм садақа бердим. Йўқ, бўлмайди. Яна 100 сўм беришим керак”.
Низом метродан қайтиб чиқди. “Ия, кампири тушмагур-ей, яна чап томонга туриб олибди-ку!”
Низом кампирни судрагудай қилиб нариги томонга бошлади…