Эркин Аъзам. Фаррош кампирнинг туши (драма)

(Бошига “кулфат” тушган бир бекорчихона ҳангомаси)

Икки қисм – бир талай дийдиёдан иборат

Бекорчихона аҳли:
Раҳбар Раҳбарович – ҳаммага таниш одатдаги амалпараст; 40-45 ёшларда.
Муовин бува – собиқ Раҳбар Раҳбарович, чала нафақачи, мошранг дўппи киядиган оғиркарвон одам; 62-65 ёшларда.
Гулибарно – жиблажибон котиба; 25-28 ёшларда.
Ҳисобчихон – зиқна, пихини ёрган қув хотин; 40-45 ёшларда.
Иқтисодчи хоним – пардоз-андозга ўч “замонавий” жувон; 35-40 ёшларда.
Бўлим бошлиғи – тўймас ошхўр, тамагирроқ киши; 50-55 ёшларда.
Бош мутахассис – ўзича ҳурфикр, заҳарзабон, башанг кийинадиган жазманмижоз одам; 45-50 ёшларда.
Мутахассис хоним – турмушидан ёлчимаган, меровнамо жувон; 35-40 ёшларда.
Ҳайдовчи йигит – уйқучи, диванда думалаб мудрагани мудраган; 30 яшар.
Фаррош кампир – қулоғи оғир, қўлида мудом латта, дуч келган жойни артиб-суртиб ўзича жавраб юргани юрган; 65-70 ёшларда.
Қолганлар – ёзги таътилда ва… ҳар ёқда.

БИРИНЧИ ҚИСМ
(ошгача)

ДИЙДИЁНИНГ БОШЛАНИШИ

Саҳнани энлаган каттакон чорси хона – “фойе”, “холл”. Рўпарада – пешонасига “Қабулхона”, “Муовин”, “Ҳисобхона”, “Бўлим бошлиғи”, “Бош мутахассис”, “Мутахассислар” деб ёзилган қатор эшиклар.
Бир-бирига қарама-қарши икки ён эшик, чапдагиси – “А”, ўнгдагиси – “Э”. Ҳар иккаласига ҳам “НЕ РАБОТАЕТ” деб ёзилган қоғоз ёпиштирилган. У ердан ўқтин-ўқтин шовуллаб сув тўкилгани эшитилиб туради.
Хона ўртасида узун стол, ён-верида бетартиб қалашган стуллар.
Ёнбошдаги алмисоқдан қолган диванни ғижирлатиб эртаю кеч Ҳайдовчи йигит ағанаб ётади.
Қабулхона эшиги яқинида баҳайбат амал столи, амал курсиси. Раҳбар Раҳбарович тебранма-айланма курсида ястаниб турли-туман кўча газеталарини кўздан кечираётир.
Қўлида латта, дуч келган жойни артиб-суртиб Фаррош кампир кўринади. Бировнинг кўзи тушгудек бўлса жон-жаҳди билан тиришади, раҳбар газетанинг бирор жойини овоз чиқариб ўқиганида, худди унга қарата гапирилгандек, алқамоққа тушади: “Анув ўлгур зиқнага тайинлаб қўйдингизми, ўргилай? Раҳмат, раҳмат, умрингиздан барака топинг, илойим!”
Айни дамда ҳам ўзича жаврагани жавраган.

Фаррош кампир. Эсиз жоним! Берадигани – чўзиб-чўзиб тўрт танга, шундан шунга сарсон бўлиб келаман-а! Қурғур, келиб-кетишимга етса ҳам кошки эди! Уйда ялпайиб ўтирган анув бойвучча шунгаям шерик денг! Қумригина отимни қўйиб ўшанинг номида Дилнавоз бўлиб юрибман-да. Дилнавоз! Дилнавоз опа, Дилнавоз хола! Қуриб кетсин, ўзимнинг номимга ўтай десам, пенса ўлгурнинг қоқ ярмини кесади. Эски каттага ҳам, манови янгисига ҳам “озроқ кўтарсангиз-чи, оповси” деб худонинг зорини қилдим – қаёқда! Ҳаммасига ўлгур ўша зиқна буғалтир айбдор! “Мумкин эмас, мумкин эмас!” Мегажин! Сенга мумкин! Ўзгинангга мумкин! Асомова Дилнавоз… ие, Қумри шўрликка келганда – тақа-тақ! Ер ютгур, адогина бўлгур! (Қўлидаги газетани қўйиб телефонга ёпишган Раҳбар Раҳбаровичга кўзи тушадию бирдан юмшаб, ялтоқилик билан сўраша кетади.) Чарчамайгина юрибсизми, укажон? Сиз келдингизу, худога шукр, бу ордона идорага сон кирди, файзу барака кирди. Мартабангиз бундан-да зиёда бўлсин! Келинпошша яхшимилар? Анув кунги бошоғриқлари қолдими ишқилиб? Қолсин, қолсин илойим. Невараларим чопқиллаб юришибдими? Ҳа, ҳаммагинасининг умрини берсин. Дадасининг изидан бориб, мана шундоқ катта идораларга каттакон бўлиб кетсин!

Раҳбар Раҳбарович унинг алқашларига парво ҳам қилмай, завқ билан телефонда дийдиёсини чўзади.

Раҳбар Раҳбарович. Бағдодда-ку ҳамиша тинчлик, биламиз. Сизларда-чи, акахон, сизларда нима янгилик? Боя газетда кўзим тушгандек бўлди, анови совуқ тағин кўтарилиб кетибдими?
Акахон (овози). Қайси совуқни айтяпсиз?
Раҳбар Раҳбарович. Совуқ каммиди, акахон! Ҳалиги, агентликка ўтгани-чи? Кўзлари мўлтираб, доим йиғламсираганга ўхшаб турадиган. Ўрнига ким экан – билсак бўладими?
Акахон. Ҳа-а, Шобердиевми? Э, шунинг ташвиши сизу бизга қоптими? Яна бир совуғи топилар, қўяверинг. Бунақа масалалар қаерда ҳал бўлишини биласиз-ку, иним!

Қабулхона эшиги шитоб очилиб, Котиба бош суқади.

Котиба. Раҳбар Раҳбарович! Раҳбар Раҳбарович!
Раҳбар Раҳбарович (гўшакни кафти билан тўсиб, кўрсатгич бармоғини тепага нуқади). Тиш-ш!
Акахон. Ким? Гулихон эмасмилар?
Раҳбар Раҳбарович (қувлик аралаш). Қайси Гули? Барнохон денг!
Акахон. Биздан салом! Соғинчли салом!
Раҳбар Раҳбарович. Қай бирига – Гулихонгами ё Барнохонга?
Акахон. Опқочманг, ҳей! Ҳар иккаловига!
Раҳбар Раҳбарович (шўхликни ошириб). Қайсисига кўпроқ бўлсин?
Акахон (танбеҳ оҳангида). Телефондасиз, иним! Оғизга қараброқ, а! Бўпти, кейин гаплашармиз.
Раҳбар Раҳбарович. Тушундим, акахон, тушундим. Раҳмат, раҳмат.

У гўшакни жойига қўяр-қўймас, Котиба отилиб стол бошига келади.

Котиба. Раҳбар Раҳбарович! Ростми шу гап?
Раҳбар Раҳбарович. Рост, рост. Мана, ўзлари салом айтяптилар, шахсан! Акахонингиз! Акахонимиз деганим!
Котиба (столдаги тақвимга бетакаллуф кўз ташлай туриб). Бугун қанақа кун ўзи?
Раҳбар Раҳбарович. Жумага ҳали икки кун бор! Лекин хосхонани ясатиб, иссиқ-иссиқ қаҳваларни ҳозирлайверасиз. (Ҳавони ҳузур билан ҳидлай-ҳидлай) Оҳ, оҳ, бунча хушбўй! Акахоннинг ҳидларими дейман?
Котиба (нозланиб). Адашдингиз! Бу бошқаси… Ўзимники. Э, боринг-э, мен нима демоқчиман-у, бу киши бўлса!..
Раҳбар Раҳбарович. Хўш-хўш, қани?
Котиба. Чиндан ҳам эшитганингиз йўқми? Бошқа жойга кўчармишмиз-ку!
Раҳбар Раҳбарович (ҳангу манг). Ким айтди? Нега?
Котиба. Ана – ҳамма! Ҳамманинг оғзида шу гап!
Раҳбар Раҳбарович (ташвишга тушиб). Бу ер-чи? Бу ер нима бўлади унда?
Котиба (йиғламсираб). Бузилармиш! Бузи-иб ташланармиш, Раҳбар Раҳбарович! Қара-анг! Ўрнига-чи, ўрнига газон экилармиш.
Раҳбар Раҳбарович. Газон?! Қанақа газон?
Котиба. Газон ўт-чи, машина билан ўрадиган кўм-кўк майса бор-ку, ўшандан!
Раҳбар Раҳбарович. Нега энди? Газонни нима қилади?
Котиба. Иннайкейин ҳар-ҳар жойга скамейка қўйиб чиқилар экан…
Раҳбар Раҳбарович. Скамейка?! Қанақа скамейка?
Котиба (энсаси қотиб). Вой-й, Раҳбар Раҳбарович! Скамейка-да, ўтирадиган скамейка!
Раҳбар Раҳбарович (таажжуби баттар ортиб). Ким ўтиради унга?
Котиба. Вой-й! Ёшлар-да, ёшлар! Анув севишганлар-чи, келажак авлод!
Раҳбар Раҳбарович. Бошқа жойда ўтириб севишса бўлмас эканми ўшаларингиз?!
Котиба. Уфф! Мен қаёқдан билай! Шу ерни танлашибди-да!

Эшик очилиб, Ҳисобчи хонимнинг боши кўринади.

Ҳисобчи. Мумкинми, Раҳбар Раҳбарович?
Котиба (ўгирилиб ҳам қарамай). Бандлар, бандлар! Қаттиқ!
Ҳисобчи (жаҳл билан). Э, ўт бу ёққа! (Бостириб киради.)

Унинг важоҳатини кўриб, Котиба тисарила-тисарила чиқа бошлайди.

Котиба. Вой, вой! (Четга қараб пичирлайди) Нахалка!
Ҳисобчи (бир даста қоғозни столга ташлаб). Қўл қўйиб берсангиз, Раҳбар Раҳбарович. Бугун элтиб топширмасам… Солиқни ўзингиз биласиз! (Раҳбар имзо чекмоққа киришаркан, столда қалашиб ётган газеталардан бирига ҳисобчининг кўзи тушиб) “Даракчи”ни кўриб бўлдингизми? Кейин менга берарсиз-а, Дурдона Фаёзни ўқимоқчи эдим.
Раҳбар Раҳбарович (имзодан бош кўтариб). Дилдора Фаёз? Ким у?
Ҳисобчи. Ҳали ўша ерига келмабсиз-да, ҳа-а. Хушовоз хонанда бор-ку – Дурдона Фаёз? Ҳув, тўшакда ётиб қўшиқ айтадиган. Ўша, учинчи эридан чиқиб, ўзидан ўн ёш кичик биттасига тегиб олганмиш. Малайзиялик экан. Роса серпул, бизнесмен!
Раҳбар Раҳбарович. Газетани ўқимаган бўлсангиз ҳам, мана, ҳаммасидан хабардор экансиз-ку, хоним?
Ҳисобчи (андак хижолатомуз). Янги эри билан Малайзияга кетармикан ё қолармикан – шунисини билмоқчи эдим-да.
Раҳбар Раҳбарович (эрмакка). Кетса нима бўлади? (Суҳбатдоши гап тополмаганини кўриб) Қолса-чи? Хўш?
Ҳисобчи (ночор илжайиб). Қизиқ-да, Раҳбар Раҳбарович. Беҳаё, сотқин! Тўғрими?
Раҳбар Раҳбарович. Кетса – бир куни қайтиб келар. Юртини соғиниб. Ёки янада ёшроқ биттасини топиб, Кореями, Сингапургами жуфтак уриб қолар, нима дедингиз?
Ҳисобчи. Эсиз шунча пул, шунча мол-дунё! Хушовоз эмишлар!
Раҳбар Раҳбарович. Пул дегандай, анови вайсақи кампир масаласи нима бўлди? Ўзи гаранглиги етмагандек, одамнинг қулоқ-миясини еворди-я! Наҳотки…
Фаррош кампир (овози, аллақаёқдан). Раҳмат, раҳмат! Умрингиздан барака топинг, укажон! Тупроқ олсангиз зар бўлсин!
Ҳисобчи (бидирлаб). Иложи йўқ, Раҳбар Раҳбарович! Ҳечам иложи йўқ! Гаплашиб кўрдим, разряди шунақа!
Фаррош кампир (аллақаёқдан). Ҳаҳ, яшшамагур! Ёнингдан беряпсанми, мегажин?!
Ҳисобчи (дафъатан мулойимлашиб). Ғилдирагимиз бўшдир, бориб келсам майлими?
Раҳбар Раҳбарович. Диванда думалаб ётувди, қаранг-чи.
Ҳайдовчи дивандан бош кўтариб, норози ўқраяди.
Имзоланган қоғозларини олиб ўрнидан қўзғалган Ҳисобчи қайтиб ўтиради.

Ҳисобчи (ҳамдардона). Анув шумхабарни эшитгандирсиз, Раҳбар Раҳбарович? Ўзи шуни билгани кирувдим олдингизга. Энди нима қиламиз-а?
Раҳбар Раҳбарович. Эшитдим, эшитдим. Газон экилармишми-ей, севишиб ўтиришармишми-ей, ким билсин!
Ҳисобчи. Автобекат бўларкан дейишаётувди-ку?
Раҳбар Раҳбарович. Автобекат? Шаҳарнинг қоқ ўртасида-я?!
Ҳисобчи. Қозончининг қўлида – қайдан қулоқ чиқарса! Қаёққа кўчарканмиз ўзи?
Раҳбар Раҳбарович. Билмадим, билмадим. Ўзимнинг ҳам бошим қотиб қолди. Ия, ҳозир биламиз-да, ҳозир! (Телефонга қўл чўзганида “Э” ёзувли эшик тарафдан сувнинг шовуллаши эшитилади.) Падарига лаънат! Қаёққа бўлсаям – кўчсак кўчайлик шу ердан!

Ҳисобчи ҳам ирганган каби бурун жийириб қўйиб, ўрнидан қўзғалади.

ИККИНЧИ ДИЙДИЁ

“Э” хона тарафдан сувнинг шилдирагани эшитилиб, қўлларини рўмолчасига арта-арта Муовин бува чиқади. Латта кўтарган Фаррош унинг йўлини тўсади.
Муовин бува. Ҳа, Қумри кампир, яна нима гап?
Фаррош кампир. Қумри дегандек бўлдингизми, айланай? Бу ордонахонада битта сиз биласиз исмимни. Қолган бари анув бойвуччамнинг оти билан атайди мени. Раҳмат, раҳмат. Ўзингизнинг тани-жонингиз соғми ишқилиб? Уйдаги келин-кепчак, кичкинтойу жажживойлар? Ҳа, омон бўлишсин. Кеннойимиз ҳам ўтиргандирлар онахотин ойдек бўлиб?
Муовин бува. Ўтирибди. Туршак бўлиб. Букилиб-бужмайиб. Сизга ўхшаб қолган у ҳам, Қумри буви!
Фаррош кампир (қулоғи илмай). Ҳа, ҳа, яхши. Сўраб қўярсиз менинг номимдан. Сизнинг даврларингиз қандоқ эди-я, Муовин бува! Ҳаммаёқда файзу барака! Мана, энди ҳемири тўрт чақаси учун келиб-кетиб юрибман денг, азза-базза. Барига анув чақчайган заҳар ўлгур айбдор! (Дуч келган жойни зўр бериб арта бошлайди.)
Муовин бува беҳафсала қўл силтаб хонасига кириб кетадию қўлида бир варақ қоғоз билан чиқиб қабулхона сари юради.
Раҳбар уни ясама илжайиб қарши олади.
Раҳбар Раҳбарович. Келинг, келинг, устоз.
Муовин бува (ҳарсиллаб, рўбарў курсига чўкаркан). Энди бизнинг устозлигимиз қолдими, укам! Бугун устозимиз – сиз!
Раҳбар Раҳбарович. Йўғ-эй, ҳарқалай, неча йил мана шу даргоҳга бошчилик қилгансиз, хизматларингиз сингган! Биз – кеча келган бир одам-да. Сизнинг бой тажрибангизга таяниб… Чойни олинг.
Муовин бува. Раҳмат… Тажриба дегани нима – кексаларнинг кўнглини овлаш учун ўйлаб топилган бир чўпчак-да! Сизга маслаҳатим: унақа чўпчакларга эмас, (мансаб курсисига ишора қилиб) мановинга таянсангиз адашмайсиз. (Бир зум тин олиб) Устоз дейсизми, шогирдми, хуллас, бизга энди жавоб берсангиз, ука…
Раҳбар Раҳбарович. Майли, майли. Марҳамат. Яна қонбосимми? Уйга бориб, кеннойимизнинг олдиларида, бемалол дамни олаверинг. Ҳув, ўзингиз айтгандек, иш – ўрмонга қочадиган бўри эмас…
Муовин бува (ўқрайиброқ). Йўқ, иним, мен бутунлай кетмоқчиман!
Раҳбар Раҳбарович (ёлғондакам куйиниб). Ие, ие, бу нима деганлари, тақсир?
Муовин бува. Чилонзордан аллақаёқларга улоқиб юриш бизга энди малол, ука. Ҳали қайга кўчамиз – у ёғи номаълум бўлиб турган бўлса…
Раҳбар Раҳбарович. Мен ҳам шуни айтаман-да. Сувни кўрмай этик ечгандек бўлиб қолмаймизми, оқсоқол!
Муовин бува. “Кулли ёвмин – баттар”, дебмишлар машойихлар. Бугунгисидан баттар бўлса бўладики, беҳтар бўлмайди ҳеч. Бу гапни эслаб қолинг, биродар! Доим шундай бўлиб келган!
Раҳбар Раҳбарович. Йўғ-эй! Келажак, ёруғ келажагимиз… Наҳотки…
Муовин бува. Манови газетнинг гапларини қўйиб туринг-да сиз! Мен кўчиш масаласини айтяпман, ука. Энди жой берса, ҳув бир тупканинг тагидан беради сизга, хомтама бўлманг!
Раҳбар Раҳбарович. Қарорингиз қатъийми ишқилиб?
Муовин бува. Бу нима деганингиз? Андиша ҳам керак одамга. Ошиқманг, иним, кетамиз, кетаман! Биламиз, биламиз: янги раҳбар, иложи бўлса, эски раҳбарнинг қорасини кўрмоқ тугул номини ҳам камроқ эшитса!.. Шундайми?
Раҳбар Раҳбарович. Йўғ-эй, йўғ-эй, мен бошқа маънода… Тўн-пўн, иззат-икром билан дегандай…
Муовин бува (тўнини тескари кийиб). Ўша тўн сизники, розиман. Эртага бир кун ўзларига керак бўлар…

Тарақлаган товуш эшитилади.

Раҳбар Раҳбарович (аланг-жаланг). Нима бўлди? Нима шовқин? Гули-и! (Тин олиб) Барно-о!

Апил-тапил “А” хонадан чиққан Котиба орқасига қарата алланимани пишиллатиб, раҳбар ҳузурига чопади.

Котиба. Эшитаман, Раҳбар Раҳбарович!
Раҳбар Раҳбарович (норози чақчайиб). Мен сизни эшитмайсиз, анови савдойи кампирдек қулоғи том битган деяётганим йўқ, синглим! “Эшитаман-пешитаман” эмас, “лаббай” бўлади! Неча марта айтганман-а!
Котиба. Лаббай! Эшитаман, Раҳбар Раҳбарович!
Раҳбар Раҳбарович. Оббо-о! Хўжалик мудири қай гўрда? Чақиринг! Нима қарсиллади ўзи, тинчликми?
Котиба. Фойедаги эски столимиз… Жиянининг именинаси экан, ўшанга кетган. Рухсат сўровди, сизга айтиш эсимдан чиқибди, Раҳбар Раҳбарович.
Раҳбар Раҳбарович (жиғибийрон). Жиян, жиян! Нечта жияни бор ўзи шунинг?
Котиба (бармоқ букиб санашга киришади). Икки опасидан – бешта! Уч укасидан – олтитамиди? Йўқ, йўқ, биттаси бефарзанд эди шекилли.
Раҳбар Раҳбарович (тоқати тоқ бўлиб). Жиянларидан бўшаганида, айтиб қўярсиз, стол-стул, эшик-деразаларга ҳам қараб юрсин, хўпми? (Муовин бувага юзланиб) Сиздан қолган стол!
Муовин бува. Ҳа, ўзимизга ўхшаб унинг ҳам ҳар ёғи лат еб, путурдан кетган… Шунинг учун жавоб сўраяпман-да.
Раҳбар Раҳбарович. Келиб-келиб шундай пайтда! Идорамиз ҳаётидаги оғир, масъулиятли соатда! Э қўйинг-э, тақсир!
Муовин бува. Идорангизнинг оғиридан ҳам, енгилидан ҳам қарзимиз қолмаган, укам! Бир яхши одамдан эшитганим бор: амал курсисини эгаллаган мардум вақти келиб уни бўшатмоғи муқаррарлигини ҳам унутмагани маъқул!
Раҳбар Раҳбарович (жизиллаб). Нима демоқчисиз, хўш?
Муовин бува. Демоқчи бўлган гапимни дедим!
Раҳбар Раҳбарович. Майли, аризангиз қолсин, ўйлашиб кўрармиз.
Муовин бува оғир қўзғалиб, эшик томон юради. Раҳбар телефонга ёпишади.
Овози: “Акахо-он!”

УЧИНЧИ ДИЙДИЁ

Чорси хона. Бир бошига аллақандай қутилару тахлам-тахлам папкалардан таянч бериб қўйилган узун омонат столда Бўлим бошлиғи билан Бош мутахассис рўбарў, шахмат сурмоқда. Столнинг нариги бошида гўё суяб қолмоқчи каби унга ўмган ташлаган Муовин бува мудраб ўтирибди. Фаррош кампир одат-дагидек, қўлида латтаси, ивирсиб юрибди.
Фаррош кампир (ўз-ўзича, ғудраниб). Мабодо Қўйлиқ тарафларга эмасмикан? Кошкийди, кошкийди. Худойим оҳу зорини эшитиб, Қумри шўрликни ҳам би-ир ярлақаб қолармиди… Раҳмат, раҳмат.

“А” хонадан графинда сув кўтариб ўтаётган Мутахассис хоним жойида тўхтайди.

Мутахассис. Вой, ростданми? Қандоқ яхши! Менга роса ўнғай бўларкан, уйим ўша томонда. Қўйлиқ ҳам обод жойлар. Айниқса – бозори!
Бўлим бошлиғи. Бу ёғи чатоқ бўлди-ку? Бояги аспни бекор берибман-а… (Ўйиндан бош кўтариб) Қўйлиқ дейсизларми? Узоқ-ку жуда?
Бош мутахассис. Узоқми, яқинми, бори шудир-да, акам! Лағмоннинг ўрнига куксини уриб юрасиз энди. Олапарнинг гўштига.
Бўлим бошлиғи (аччиқланиб). Қўйинг-э! Мен мусулмон фарзандиман, фақат қўй гўшти истеъмол қиламан! Дарвоқе, бугун қаерда ош бор эди-я? Ҳозир, ҳозир! (У ўрнидан чаққон туриб, хонаси томон зипиллайди.)
Бош мутахассис. Ўйин-чи, акам? Ҳолингизга маймун йиғлаб турибди-ку бу ёқда!
Бўлим бошлиғи (эшигидан кираётиб). Ҳай, ўйин ҳам, анови кўчди-кўчдилар ҳам бир гап бўлар, қоринни кўрайлик аввал!
Бош мутахассис. Ҳаҳ, ош есин-а сизни! (У, қўлида графин, қийшанглаб турган Мутахассис хонимга шўхчан, маънодор кўз қисиб қўяди. Жувон ғамза кўрсатиб, хонасига кириб кетади.)
Муовин бува (мудроқ аралаш ғудраниб). Чилонзор… Қўйлиқ… Чилонзор…

Бўлим бошлиғи хонасидан аллақандай таклифнома кўтариб чиқади.

Бўлим бошлиғи. Мана! (Тантанавор ўқимоққа тушади) “Севимли фарзандларимиз Ақидахон ва Мартинбекнинг висол оқшоми муносабати билан… “Дўмбиробод” тўйхонасига лутфан ошга таклиф этамиз”. Жамоа билан! Яшавор! Кетдикми? Соат ҳам ўн бир бўлиб қолди. Етиб боргунимизча…
Бош мутахассис. Мартинбек?! Севимли фарзандлари негр-пегрмикан?
Бўлим бошлиғи. Негрми, баломи, нима фарқи бор сизга? Оши қора бўлмаса бўлди-да!
Бош мутахассис. Мен қаршиман.
Бўлим бошлиғи. Ошгами, негргами?
Бош мутахассис. Қизларимизнинг мана шундай ҳар турлисига тегиб кетаверишига! Бу ёқда ўзимиз туриб!
Бўлим бошлиғи. Оббо-о! (Мутахассислар хонасига имо этиб) Камлик қиляптими?.. Нима, сиздан сўраб тегсинми?! Эркинлик, демократия! Биз ҳам дунёга чиқиб бўлдик, оғайни! Ҳозир жаҳоннинг қай гўрига борманг, “тоғажон” деб тўрттаси бўйнингизга осилади! Замоннинг зайли-да, қўлингиздан нима келарди? Хўш, борамизми? (Муовин бувани туртиб) Ҳей бобой, кўзни очинг! Ошга! Сиз томонга. Ўшанақаси уйингизда қолаверасиз… Ланжроқ кўринасиз, наҳоргисига ҳам борувмидингиз дейман? Қаерга?
Муовин бува (азоб билан кўзини очиб). Қурбақаободга.
Бош мутахассис (чапак уриб). Юз офарин, минг офарин! Каллаи саҳарлаб! Дўмбирободдан Қурбақаободга!
Муовин бува. Начора, иним, миллий удумимиз-да.
Бош мутахассис. Қаердан чиқибди ўзи шу удум? Тағин миллий эмиш! Эрталаб етти-саккизга қилса бўлмасмикан шу даҳмазани?
Муовин бува. Қозон саҳар соат тўртда очилади, биласиз-ку. Сиз айтган вақтда қилса, кун чиқиб, ёйилиб кетади.
Бош мутахассис (бўш келмай). Ошни куннинг ёруғида еса тешиб чиқармикан, нима? (Бўлим бошлиғига ишоратан) Манови киши, масалан, йигирма тўрт соат бетўхтов ейиши мумкин!
Бўлим бошлиғи. Оширивордингиз-а жа-а!
Муовин бува (жаврагандек). Чоллар масжиддан ўша маҳалда чиқади-да, биродар.
Бош мутахассис. Чиқаверсин, марҳамат. Тўй қиладиган азамат уларга алоҳида қозон осиб берсин!
Бўлим бошлиғи. Қўяйлик шу кераксиз машмашани. Ўзингиз тўй берсангиз шундай қиларсиз, хўпми? Қани, жўнадикми бўлмаса? Раҳбар Раҳбарович ҳам борсалар керак. Тўй оши – жону диллари… Қоғоз-поғозини йиғиштириб, ўн дақиқа ичида ҳамма шу ерда жам бўлсин!

ТЎРТИНЧИ ДИЙДИЁ

Раҳбар Раҳбарович телефонда Акахон ига арз-дод қилаётир.
Раҳбар Раҳбарович. Жумалик ўтиришларимиз ўтмиш бўлиб қоларкан-да энди? Гулихоннинг қаҳвалари! Аччиқ-қайноқ қаҳвалари!..
Акахон (овози). Ўзлари ҳам бараварига хўриллатиб ўтирардилар!..
Раҳбар Раҳбарович. Иккинчисидан кейин секин чиқиб кетардим-ку, акахон?
Акахон. Иккинчисини кутиб ўтириш шартмиди?! Умуман, бунақа гап-сўзларни бас қилинг, иним. Телефондасиз-а, тилга ҳушёр бўлинг, демаганмидим?
Раҳбар Раҳбарович. Хўп, хўп, акахон, виноват!
Акахон. Ҳув, лавозимга тайинланаётганингизда берилган маслаҳатлар эсдан чиқибди-да, а?
Раҳбар Раҳбарович. Йўқ, йўқ, ҳаммаси, ҳаммагинаси ёдимда! Ёзиб ҳам қўйганман. (Олдидаги блокнотни варақлаб, ўқимоққа тутинади.) Мана. Биринчиси: “Ҳеч қачон қўл остидаги ходимларга йўл-йўлакай, кўча-кўйда топшириқ ёки танбеҳ берилмайди. Бир оғиз гап бўлса ҳам албатта кабинетга чақириб айтилади. Мансаб курсисининг сеҳр-салобати бўлакча!” Тўғрими?
Акахон. Иккинчисига ўтинг.
Раҳбар Раҳбарович. Иккинчи пункт: “Эрталаб ишга келганда даставвал бир варақ қоғоз олиб, бугун бажариладиган юмушлар рўйхат қилинади. Рўйхатнинг бошида албатта шахсий масалалар турсин. Давлат ишлари ўз-ўзидан бўлаверади”.
Акахон. Ўчиринг! Ҳозироқ ўчириб ташланг! Калла борми, мен бунисини қулоғингизга айтган эдим-ку, ахир! Ўчирдингизми?
Раҳбар Раҳбарович. Ўчирдим, ўчирдим. Қоп-қора қилиб бўяб ташладим! Жума куни келганингизда ўзингизга ҳам кўрсатаман.
Акахон. Ўрнига мана бу гапни ёзинг! “Раҳбарман деган азамат ҳамиша иккита “т”га ҳушёр бўлмоғи керак. Биринчиси…
Раҳбар Раҳбарович. Иккита нимага дедингиз? “Д”миди?
Акахон. “Т”, “т”! Тош, темир… Биринчиси – тилга, иккинчиси – телефонга”. Уқдингизми? Ҳе, блокнотингиздан сизнинг! Дарвоқе, қаёққа кўчаркансизлар, қачон?
Раҳбар Раҳбарович (тушкун оҳангда). Ҳозирча номаълум, акахон. Ҳарҳолда узоқроққа. Қўйлиқ томонларга эмишми-ей…
Акахон. Қўйлиқ?! Нима, сиз бозорчимисиз? Умуман, нега биз бехабар, странно…
Раҳбар Раҳбарович (зорлангансимон). Акахон, шу… қайтиб эски жойимга ўтсам-чи? Бўш турганмиш-ку ҳали. Хосхонаси ҳам бор эди. Жумаликларга келардингиз, қайноқ-қайноқ…
Акахон. Оббо-о, ҳозиргина нима дедим-а!
Раҳбар Раҳбарович (нафаси ўчгудек). Узр, узр, акахон, эсимдан чиқибди – иккита “т”!
Акахон (энсаси қотиброқ). Бўпти, бўпти. Мен бир гаплашиб кўрай-чи… Барногулингизга салом!
Раҳбар Раҳбарович. Албатта, албатта, акахон! (Гўшакни жойига қўйиб, хийла фурсат сукутда қолади. Бир маҳал нимадир тарақлаб кетади.) Гули-и! (Тин олиб) Барно-о!
Қўлида лаббўёқ, Котиба кўринади.

Котиба. Эшита… Лаббай, Раҳбар Раҳбарович!
Раҳбар Раҳбарович (ичида ғашланиб). Исмингиз намунча узун-а, синглим, билмаган одам икки киши деб ўйлайди!
Котиба. Эсимни таниганимдан бери шундай – Гулибарноман. (Истиғно билан) Нима, ўхшамайманми? Акахонингиз Барногул дейдилар!
Раҳбар Раҳбарович (ички бир ҳасад билан). Майли, майли. У кишига мумкин. Ҳаммаси мумкин!.. Тағин нима шовқин, нима тарақлади?
Котиба (қиқирлаб). Анув ўлгур стол яна ағдарилиб тушди!
Раҳбар Раҳбарович (фиғони чиқиб). Қай гўрга гумдон бўлган ўзи ўша касофат?
Котиба. Қашқадарёсига-да.
Раҳбар Раҳбарович. Ўтган сафар Сурхондарё демабмидингиз?
Котиба (парвосига келтирмай). Нима фарқи бор, Раҳбар Раҳбарович, барибир дарё-да!
Раҳбар Раҳбарович. Дарё, дарё… Қайси стол дедингиз?
Котиба. Анув-чи, Муовин бувадан қолган матоҳ! Ҳар куни ағнагани ағнаган.
Раҳбар Раҳбарович (бирдан жонланиб). Менга қаранг, Гулихон, шу матоҳни Муовин буванинг ўзига совға қилиб юборсак нима дейсиз? Ишдан бўшаяпти, қуруқ кетмасин бечора. Қадрдон столи-да! Аллақачон ҳисобдан ҳам чиқарилган бўлса керак ўзи. Бу ёғи кўчадиган бўлиб турибмиз, биратўла янгисини оламиз-қўямиз-да! Бир қарор тайёрласангиз-чи, а?
Котиба. Синиқ столга ҳам қарорми? Ҳисобдан ўчган деяпсиз-ку!
Раҳбар Раҳбарович. Барибир! Баённомаю қарорлар билан қилинган иш ҳар доим мустаҳкам бўлади, Гулихон, билиб қўйинг! (Маънодор таъкидлаб) Барногул!
Котиба (ийманганнамо). Жумага икки кун бор, дедингиз-а ҳали, Раҳбар Раҳбарович?
Раҳбар Раҳбарович. Бир ярим кун қолди. Тайёргарликни кўраверасиз!
Котиба (эркаланиб). Э, баринг-э, Раҳбар ака! Ўзлари-да… (Кетатуриб у қўлидаги лаббўёқни деворга суртиб кўради ва ўгирилиб хижолатомуз изоҳ беради). Барибир бу ердан кетяпмиз-ку…
Раҳбар Раҳбарович (у чиқиб кетгач). Ҳе, ичикиб “жума”ламай кет!

Котиба қайтиб бош суқади.

Котиба. Раҳбар ака, қабулхонадаги анови биллур гулдонни мен олсам-чи? Кўч-кўч пайти йўлда синиб-нетиб юргандан кўра… Янгисини олармиз, ўзингиз айтдингиз-ку ҳали.
Раҳбар Раҳбарович (ижирғаниброқ). Кўрамиз, кўрамиз.
Котиба. Хонангиздаги телевизорни – ўзингиз!
Раҳбар Раҳбарович (гангиб). Телевизор… янгигина-ку бу?
Котиба. Ўзингиз ҳам янгисиз-да, Раҳбар Раҳбарович!
Раҳбар Раҳбарович (ўйчан). Ҳай, кўрамиз, кўрамиз… Эй, шошманг. Акахонингизга бир қўнғироқ қилиб қўёлмайсизми? Зораки…
Котиба. Нима деб? Ўзлари қилиб турибдилар. Қўлимга.
Раҳбар Раҳбарович. Йўқ, бошқа… менинг масаламда. Ўша ижобий ҳал бўлса, сизниям опкетардим… Хўпми?

Сурбетлик билан Котибани эшикдан четлаб, хонага лапанглаганча Бўлим бошлиғи киради.

Бўлим бошлиғи (дали-ғулилик қилиб). Ҳорманг, Раҳбар Раҳбарович, ҳорманг! Хомушроқ кўринасизми, ака?
Раҳбар Раҳбарович (Котибага). Ҳай, кейин гаплашармиз. (Сўнгра “сурбет”га ўзини атай ташвишманд кўрсатиб). Қанақа ташкилот-а бу ўзи?! Ёз баҳона, ярми таътиллаб кетган! Мана шу дардисар дўконингизни оёққа қўяман деб ўлиб-тирилиб ўтирибмиз-да, ака! Бу ёқда эса, кўриб турибсиз, кўчиш машмашаси чиқиб қолди…
Бўлим бошлиғи. Э, ўйламанг, ака! Кўчсак кўчармиз, қолсак қолармиз, шунга ташвишми? Кунингнинг бир куни қолгунча ош е, пулингнинг бир тини қолгунча ош е, дебдилар. Туринг, ака!
Раҳбар Раҳбарович. Ие, шундай бўлдими? (У бўйинбоғини тўғрилай-тўғрилай ўрнидан қўзғалади.)

Чорси хонада уларни Муовин бува билан Бош мутахассис кутиб турибди.

Бўлим бошлиғи (диван тарафга, ҳайқириб). Ҳў ғилдирак, тур энди! Ҳамма кўч-кўч ташвишида-ю, бу беғамбойнинг чўзилиб ётишини!

Ҳайдовчи йигит эран-қаран жойидан қўзғалади.

Ҳайдовчи. Кўчсак кўчибмиз-да, амаки! Қўйлиқ бўлса – Қўйлиқ! Қочиб кетибдими?! Ғилдирагимиз айланиб турибди, бориб-келаверамиз, нима! Стоянкаси бордир?
Муовин бува (алам билан). Ҳа-а, сен болага осон…
Ҳайдовчи. Худо деб турсангиз-чи, Муовин бува, бу ҳали қуруқ бир миш-миш. (Ҳамма унга савол назари билан қараганини кўриб) Бунақа гап йўқ дейишяпти-ку, ким билсин.
Муовин бува (сергакланиб). Ким айтади, ким?
Ҳайдовчи. Анув пастдагилар… бошқа шопирлар-да.
Раҳбар Раҳбарович. Да-а?.. Солиққа бориб келдиларингми?
Ҳайдовчи (ҳайронлик аралаш). Солиқ? Қизлариникига ташлаб келдим-ку. Пешиндан сўнг бориб олиб қайтармишман.
Бўлим бошлиғи (раҳбарнинг авзойи бузилганини кўриб, тезроқ жўнаш илинжида гапни ҳазилга буради). Ҳисобчимизми? Қизига солиқ бермоқчидир-да. Куёви нобопроқ эмиш-ку.
Муовин бува (раҳбарга ёндашиб, паст товушда). Укам, бояги масалани мен яна бир ўйлаб кўрсамми девдим…
Раҳбар Раҳбарович. Қайси масалани?
Муовин бува. А-аризамни.
Раҳбар Раҳбарович (силтаброқ). Олдин мен ўйлаб кўрай!

Муовин бува шумшайиб эшик томон босади.

Бўлим бошлиғи. Юринглар энди, кеч қолмайлик. Пешинги ошда қиттак-қиттаги ҳам бўлади, кўчар жафосига озроқ отиб ҳам келамиз!
Раҳбар Раҳбарович (тайсаллаб турганини кўриб, Бош мутахассисга). Сиз-чи, юрмайсизми?
Бош мутахассис. Сизларга оқ йўл! Мартин Лютер Кингга салом айтарсизлар… Мен уларни танимасам, билмасам…
Раҳбар Раҳбарович. Жуда тажангсиз-да, оғайни. Нима, биз танирмидик, ошини еймиз-келамиз-да!
Бўлим бошлиғи. Қўяверинг, Раҳбар Раҳбарович, бу кишимнинг шахсий ишлари бўлса керак. (Саркашга шумлик билан кўз қисиб) Дарвоқе, иккинчи одам қўшилса шахсий дейилмайди, оилавий бўлади-я, шундайми?

Шу чоқ остонада сумкачасини билагига осган, пошнаси баланд туфлида дикир-дикир қилиб Иқтисодчи хоним пайдо бўлади. Гўёки ҳозиргина “Гўзаллик салони”дан чиққан! Унинг ортидан судралиб негадир Муовин бува ҳам кўринади.

Иқтисодчи хоним (хушвақтлик билан). Привет всем! Ошгами?

Ҳамма унга маҳлиё бўлиб қолган. Бош мутахассис эса жувонни алоҳида бир суқ билан сартопо кўздан ўтказади.

Бўлим бошлиғи. Ишхона кўчадиган бўлиб турибди-ю, иқтисодчи хонимимиз балма-бал юрибдилар шекилли?
Иқтисодчи. Да вы что? Қаёққа экан, қаёққа? Зўр жойми ишқилиб? (Сўнг унга беписанд, раҳбарга юзланиб) Горстатда эдим, Раҳбар Раҳбарович. Майли, сизлар бориб келаверинглар, кейин гаплашармиз. (У ажаб муқом билан юриб хонасига кириб кетади.)
Ҳамма чиқиб, хонада Бош мутахассис ёлғиз қолган.
Бош мутахассис (ўзича). Ҳали хўроз қичқирмай туриб шаҳарнинг бу чеккасидан нариги чеккасига ошга бориб, кейин кун бўйи ишхонада мудраб ўтирамиз! Униси камдек, пешин бўлар-бўлмас, тағин ошхўрликка отланамиз. Тушлик баҳона, тиш кавлаб соат икки-учларда қайтамиз. Қорин шишган, қўл ишга бормайди, яна талай замон ланж! Стол устини саранжомлаб, энди ишга киришаман деганингизда иш куни тугаб қолади… (Аллақаёқдан Фаррош кампирнинг жаврақи овози келади: “Ҳар бирининг стол-устулигача ярақлатиб артиб қўйсам!..”) Бунақа бағрикенг ҳукумат қайда бор-а?!

Ликиллаб хонасидан Иқтисодчи жувон чиқади. Қўлида бояги сумка йўқ, эшик томон еларкан, у луқма солиб ўтади.
Иқтисодчи. Ҳаммасиям шу, окагинам! Бунақа ташкилот сон-мингта!
Бош мутахассис. Ташкилот эмиш! Қиладиган касб-коримиз – ҳукумат ажратган тўрт-беш сўм маблағни маҳсулот чиқарадиган бошқа бир корхонага ўтказиб бериш, тамом-вассалом! Ўргилдим дўконингдан!
Хонасидан чиқиб келган Мутахассис жувон Иқтисодчининг орқасидан ҳасад билан тикилиб, лаб буриб қўяди.
Мутахассис (Бош мутахассисга қараб, мунг ва армон билан). Бу ёғига энди қандоқ бўлади?.. Бошқа жойга кўчган одам бирйўла бахтли ҳам бўлиб қолса экан…

Бош мутахассис уни индамай қўлтиқлаб, хонасига бошлайди. Эшик қирсиллаб ичкаридан қулфланади.

ПАРДА

ИККИНЧИ ҚИСМ
(ошдан кейин)

БЕШИНЧИ ДИЙДИЁ

Мансабхона. Раҳбар Раҳбарович билан Ҳисобчи хоним қизишиб талашмоқда.
Раҳбар Раҳбарович (ичкиликдан бўғриқиб кетган). Айтинг-чи, хоним афандим, бир йил – неча кун?
Ҳисобчи (ёлворгудек бўлиб). Тушунсангизчи, Раҳбар Раҳбарович! Солиққа қўнғироқ қилувдим, эртага келасиз, дейишди. Иннайкейин қизимникига бирров…
Раҳбар Раҳбарович. Мен сиздан сўраяпман: бир йил неча кун бўлади?
Ҳисобчи. Уч юзу олтмиш олти кун эди шекилли?
Раҳбар Раҳбарович. Ҳозир ҳам шундай… Шекилли эмиш! Хўш, шундан нечаси иш куни ҳисобланади?
Ҳисобчи (бўзариб, ночор). Ишлайдиган кунларимиз – иш куни-да.
Раҳбар Раҳбарович. Яшанг-э! Калькулятор олиб ҳисоблаб кўрсангиз ҳам бўларди, ҳисобчи хоним! Нима гап сўраса, баҳонангиз тап-тайёр-а! Калькуляторсиз санаса ҳам бир йилда уч юзу олтмиш олти мингта бўлади. Бу ташкилотга келганимдан бери аҳвол шу!
Ҳисобчи (тап тортмай). Гапни айлантирмасдан айтаверинг, Раҳбар Раҳбарович, бўшатмоқчимисиз мени? Майли! Лекин бўшасак – бирга-бирга бўшаймиз-да?
Раҳбар Раҳбарович (саросимада). Ие, бу нима деганлари?
Ҳисобчи. Эсларидан чиқибди-да! Ҳув февралдаги ведемостга имзо чеккан ким эди, иккаламизми?..
Раҳбар Раҳбарович (бирдан дами ичига тушиб, пешгирликка ўтади). Менга қаранг, ким сизни бўшайсан депти? Бир оғиз гапга – дарров…
Ҳисобчи (мулойимлашиб, гинахонлик билан). Ўзингиз-да! Бир мартагина қизимникига борганимга – дарров…
Қабулхона тарафдан Котиба нинг “Бандлар, бандлар!” деган таҳдидли овози эшитилиб, Мутахассис хоним бостириб киради.
Раҳбар Раҳбарович. Ҳа, синглим, тинчликми? Ё бирор ёққа ўт кетдими?
Мутахассис. Илтимосим бор эди, Раҳбар Раҳбарович…
Раҳбар Раҳбарович. Гапиринг. Хўш?
Мутахассис (Ҳисобчига бир қараб олиб). Шахсан ўзингизга айтадиган…
Ҳисобчи (ўқрайиб). Чиқиб турайми?.. Мана, қулоғимни бекитдим! (Кафтларини қулоғига қопқоқ қилиб туради.)
Мутахассис (ийманиброқ, паст овозда). Янги жойга кўчиладиган бўлса мен анови хотин билан бир хонада ўтиролмайман…
Раҳбар Раҳбарович. Қайси хотин, кимни айтяпсиз?
Мутахассис. Анув-чи, семиз… Ҳозир таътилда ўзи.
Раҳбар Раҳбарович. Хўш, нега? Сабабини билсак бўладими?
Мутахассис (ерга қараб).Айтолмайман…
Раҳбар Раҳбарович. Ие, нимага? Оғзи шалоқми, сизга кун бермаяптими, ишлагани қўймайдими – нима?
Мутахассис (эшитилар-эшитилмас). Ҳиди бор…
Раҳбар Раҳбарович. Ҳиди? (Хахолаб юборади.) Оббо-о! Ҳай, ҳидламанг-да сиз! Ёки нима, қучоқлашиб ўтирасизларми хонада? Ҳиди бўлса, хонани шамоллатиб туринг, деразани очиб қўйинг! Умуман, шунақа икир-чикирлар билан раҳбарнинг ҳузурига кираверадими одам?! Уят бўлади, синглим! Боринг. Ҳали ҳеч жойда ҳеч гап йўғ-у, булар элбурутдан…
Мутахассис (бурилиб чиқиб кетаркан). Сиз билмайсиз-да, жуда бадбўй…
Ҳисобчи (кафтларини қулоғидан олиб, қақиллаб кулади). Қалай, қойилмисиз? Сиз бугинани анов олифта бош мутахассисимиз билан бир хонага жойлабгина бу ғалвадан қутуласиз, Раҳбар Раҳбарович!
Раҳбар Раҳбарович. Нима, у кишим хушбўй эканларми? Оғзидан сигарет тушмайди-ку!
Ҳисобчи. Уники бошқачадир-да… Ҳазил ҳазил-у, лекин узоқроққа кўчиладиган бўлса, айтиб қўяй, менга жавоб берасиз, Раҳбар Раҳбарович! Уйимга бир қадамгина деб юрибман ўзи бу ишхонада, ҳа! Анови сатанг иқтисодчингиз билан бир хонада ўтириб жиқиллашавериш ҳиқилдоғимга келган! Нима эмиш…

Эшик шартта очиладию дик-дик юриб Иқтисодчи хоним киради, ҳурпайиб Ҳисобчининг бошига келади.

Иқтисодчи. Гапиринг, гапиринг, хўш, нима?! (Раҳбарга юзланиб) Бу тупой, чаласавод хотин билан ишлаш менинг ҳам ҳиқилдоғимга келган!
Ҳисобчи (сапчиб туриб). Оғзингга қараб гапир, ҳей томошақовоқ, ким чаласавод, ким тупой?! Мен, керак бўлса, қизил диплом билан битирганман, ҳа-а, қип-қизил диплом билан!
Иқтисодчи. Биламиз, эшитганмиз! Техникумни! Сиртдан! Дебит, кредит, вассалом! Бор-йўқ ҳунарлари тайёр пулни тақсимлаб бериш-у, осмонга сапчишларини қаранг бу кишимнинг! Сувилон!
Ҳисобчи. Ўша пулни ким ҳисоб-китоб қилади? Жарақ-жарақ маошингни кимнинг қўлидан оласан, хўш? Мен бўлмасам, ҳамманг…
Иқтисодчи. Э, бу ишларни мошина ҳам бажара олади, компьютер! (Қўлларини белига тираб) Айтайми энди? Айтайми, а? Ишхонангни ишхона қилиб турган мана мен бўламан, мен! Фойда, иқтисодий режалаштириш бўлмаса, икки кунда кунингни кўрасан, билиб ол шуни! Аввал иқтисод, қолгани – чепуха!
Раҳбар Раҳбарович (ўрнидан туриб кетади). Ҳой, ҳой! Мен ким эканман бўлмаса?! Мен нима қилиб ўтирибман бу ерда?!
Иқтисодчи (дафъатан ўзига келиб). Кечирасиз, Раҳбар Раҳбарович, сиз…
Ҳисобчи (бўшашибгина). Сиз… бизларга раҳбарлик қиласиз, Раҳбар Раҳбарович!
Иқтисодчи (беихтиёр). Холос!
Раҳбар Раҳбарович (жони чиққудек бўкириб). Раҳбарлик қиладиган бўлсам… чиқ ҳозир иккаланг ҳам бу ердан! Ҳе!..

Икки хотин юлиша-юлиша нари жиларкан, шартларини айтиб кетади.

Ҳисобчи. Раҳбар Раҳбарович, қаерга кўчиб бориладиган бўлса, айтиб қўяй, менга алоҳида хона берасиз, тамом! Бухгалтерия алоҳида ўтириши керак, қоидаси шундай! Сейф бор! Сейфда…
Иқтисодчи. Менга ҳам!
Раҳбар Раҳбарович (уларнинг ортидан, минғирлаб). Қанжиқлар! Уйда эринг билан ҳам хона талашсаларинг керак сенлар!

У ўзини курсига таппа ташлаб, бошини чангаллаб қолади.

ОЛТИНЧИ ДИЙДИЁ

Чорси хона. Узун столнинг икки тарафида икки “рақиб” – Бўлим бошлиғи билан Бош мутахассис катакларга дона теришга андармон. “Э” хонада сув шовуллагани эшитилиб, Муовин бува кўринади; шахматбозларга ҳорғин назар ташлаб, инқиллай-синқиллай хонасига кириб кетади.
Бош мутахассис (унинг ортидан). Бобой ҳам олгандирлар?
Бўлим бошлиғи. Ургандаки, бас дегунча! Ҳайронман, бунақа одати йўқ эди… Айтгандай, Мартинбек деганлари ўзбек бўлиб чиқди! Бир шоирми-ёзувчимиз аллақандай китобнинг номи билан ўғлига шундай ном қўйган экан, қаранг…

Чандиша-чандиша қабулхонадан чиққан Ҳисобчи билан Иқтисодчи хоналари томон ўтади. Олдинда – кўкрак дўнг, пурвиқор Иқтисодчи. Бош мутахассис унга қараб кўз қисиб қўяди: зўрсиз, зўрсиз!
Бўлим бошлиғи. Хотинларимиз каттанинг олдига серқатнов бўлиб қолди, тинчликми?
Бош мутахассис. Юрсинлар, юрсинлар… Янги жойнинг ташвиши, хона талашув! Ишнинг тайини йўқ, ҳар бирига алоҳида хона керак буларнинг!
Бўлим бошлиғи. Ия, биз нима қилиб ўтирибмиз бўлмаса, юринг, кирайлик!
Бош мутахассис. Сиз – бу ёққа қаранг, акам! Тўрангиз қулоғини ушлаб турибди, ҳозир кетади. Мана!.. Кўнглингиз тўқ бўлсин, биродар, ташкилотга керакли одам бўлсангиз, жой ҳам топиб беради, хона ҳам!

Ашқол-дашқолини кўтариб Фаррош кампир кўринади.

Фаррош кампир (ўтаётиб йўл-йўлакай дуч келган буюмни артиб-суртиб, одатича жавранади). Битта хонани йиғиштиргунча жонинг ҳалқумингга келади-я! Берадигани бўлса – тўрт танга! Адо бўлсин!
Бош мутахассис (эрмакка). Тағин нимани валдираяпсиз, ҳў кампир?
Фаррош кампир (тўхтаб). Раҳмат, раҳмат, оповси. Биргина хонага шунча ташвиш, шунча даҳмаза дейман, ўргилай. Хона ўлгур ҳам – ко-отта!
Бўлим бошлиғи (сергак тортиб). Битта хона дейдими?
Бош мутахассис (“юриши”дан мамнун, бепарвогина). Битта бўлса битта экан-да, акам, ўйинга қаранг!

Эшиклардан бир-бир бош чиқарган бояги рақиблар – Ҳисобчи, Иқтисодчи ва Мутахассис хоним энди бирлашиб, янгиликни муҳокама қила бошлайди.

Мутахассис (Бош мутахассисга кўзини тикиб, бармоқ тишлаб). Биттагина хона-я, холос!
Ҳисобчи. Лекин котта хона эмиш, ко-о-отта! (Иқтисодчига ёвқараш қилиб олиб) Ҳамма бирга ўтиради!
Мутахассис. Вой, Раҳбар Раҳбарович ҳам-а?
Иқтисодчи. Ҳа, нима қипти? Тўғри, у киши тўрда ўтирсалар керак. Дуб столларини қўйволиб.
Мутахассис. Гулибарно-чи?
Ҳисобчи. Раҳбар қаерда бўлса котиба ҳам ўша ерда бўлади-да. Ёнгиналарида!
Мутахассис (Бош мутахассисга кўз отиб). Анув, жума кунлари келадиган акахонимиз энди нима қиларкан-а?
Бош мутахассис (ўйиндан бош кўтармай). Нима қиларди, бошқасини топади-қўяди! Яхши-да, янги жой, янги…

Қабулхона эшиги қия очиқ, Котиба миз мўралаб тургандек…

Иқтисодчи. Ўйлаб гапиряпсизларми ўзи – Котиба Муовин бувамиздан ҳам юқорида ўтирарканми?! Никак! Унинг ўрни – эшикнинг таги, остона, всё!
Мутахассис. Қолганлар, (ҳамжинсларига бир-бир назар ташлаб) биз нима қиламиз?
Бош мутахассис (ўйинга банд). Жой-жойларингни топиб ўтирасизлар-да икки тарафда.
Мутахассис (тантиқлик аралаш). Яна ўша хотин биланми? Йўқ, йўқ, ҳеч қачон!
Ҳисобчи (тагдор қилиб). Ҳай, биронта хушбўйроғининг ёнига ўтқазармиз сизни, жоним, ташвиш чекманг!
Бош мутахассис (ниҳоят, ўйиндан бош кўтариб). Очиқ-ошкора ишлаш услуби шундай бўлади, муҳтарам хонимлар! Демократия дейди буни. Европада, бутун очиқ, эркин жамиятларда шундай. Ҳамма ва ҳаммаси – раҳбарнинг кўз ўнгида!.. (У Иқтисодчи хонимга маънодор кўз қисиб қўяди.)
Иқтисодчи. Опен-спейс! Ҳайҳот кўчадек бир гап!
Ҳисобчи. Раҳбарнинг ўзи-чи? У кимга ҳисоб беради?
Бош мутахассис. Ҳисобчига бўлса керак-да!

Ёппасига гурр кулги.

Ҳайдовчи (дивандан қад ростлаб). Мен-чи? Мен қаерда ётаман энди?
Ҳисобчи (ўйиб олади). Машинангда! Машинанг бор-ку? Сўқим!
Бўлим бошлиғи (Бош мутахассисга қараб). Энди ўзимизга келайлик, ўзимизга. Сиз, биз… мен…
Бош мутахассис. Сиз аввал манови ўйинни бир ёқли қилсангиз-чи, акам! Ўзингиз… Ҳай, келган мижозлар билан кўчага чиқиб, гаплашиб-гаплашиб келаверасиз-да, тақсир, шунгаям ташвишми?!

Бўлим бошлиғи ўсал бўлиб ерга қарайди. Аллақандай қоғоз кўтарган Котиба Муовин буванинг хонасига кириб кетади.

Мутахассис. Битта-битта бўлмасаям, шунча хонада ҳаммамиз даврон қилиб ўтирардиг-а, эсизгина! Қани, нечта экан? (У эшикларга бир-бир қараб, бармоқ бука-бука санамоққа тушади. “А” билан “Э” хоналарини ҳам ҳисобдан қолдирмайди.) …Саккиз, тўққиз, ўн… Ўн битта чиқди. Эсизгина! Коммунизм давримиз ўтиб кетган экан-да, а?
Бош мутахассис. Коммунизм энди келади бу ишхонага – ҳамма бир хонада жамулжам!.. Қани, тақсир, тахтага қарасинлар. Ўҳ-ў, аҳволлари вой-ку!
Бўлим бошлиғи. Э, қўйинг шуни! Бош қурғур… (У пешонасини чангаллаб ўрнидан туради.)
Бош мутахассис. Бебилиска экан деб олавергандан кейин шундай бўлади-да!

Муовин буванинг хонасидан айюҳаннос солиб Котиба чиқади.

Котиба. Вой-вой, бу ёққа қаранглар, бу ёққа!
Ҳамма гувва ёпирилиб ўша хонага чопади. Саҳна талай фурсат кимсасиз қолади. Фақат бўғиқ олағовур қулоққа чалиниб туради. Ниҳоят, бир қўлтиғидан Бўлим бошлиғи, бир қўлтиғидан Бош мутахассис кўтариб, Муовин бувани судраб чиқадилар. Бемор шу аҳволида ҳам кўрсатма бериб бораётир.

Муовин бува (базўр, минғирлаб). Сейфнинг калити… калити стол тортмасида… Пастки тортмада… Агар кўчилса…
Бош мутахассис (далда берган каби). Хотиржам бўлаверинг, оқсоқол, у ёғини ўзимиз тинчитамиз! (Четга бурилиб) Беҳуда зўри – миён мешиканад.

Барча ён-верида, беморни кузатиб чиқа бошлайди.

Ҳисобчи (чинқириб). Дўхтирга телефон қилиш керак, дўхтирга! Гули-и!.. (Диван тарафга қараб) Турсанг-чи, ҳей текинхўр!

Котиба қабулхонага югуради. Ҳайдовчи истар-истамас ўрнидан қўзғалади.
Саҳна яна кимсасиз. Бош мутахассис билан Мутахассис х о н и м кириб келади.
Ошиқ маъшуқасининг бўйнига қўл ташламоқчи бўлади.

Мутахассис (зарда билан силтаниб). Боринг! Анови танноз хонимингизнинг олдига боринг энди!
Бош мутахассис (сув юқтирмай). Ия, ия, бу нима қилиқ?
Мутахассис (дийдасига ёш тўлиб). Кўрдим-ку! Ўз кўзим билан кўриб турибман-а! Бевафо, сотқин! У ойимчанинг уч хонали уйлари бор-да, а! Эр йўқ, бемалол… Биз энди кераксиз бўлиб қолибмиз-да, а? Кўчиш хабарини эшитибоқ дарров…

Бош мутахассис уни бўйнидан қучиб, хонаси сари судрайди.

Бош мутахассис. Бўлди, бўлди, бас… Юр, кетар жафосига би-ир…
Мутахассис (юлқиниб чиқиб). Э, бор-э! Ярашаман! Пиёниста бўлсаям, гўр бўлсаям ўша эр билан ярашмаган – номард!

Шошиб Котиба киради. Уларга кўзи тушиб, таққа тўхтайди.

Котиба (юзини четга буриб). Қўнғироқ қилдим. Ҳозир келади “тез ёрдам”…
Бош мутахассис (парвосига келтирмай). Бу қизнинг тумшайиб олганини! Бунақасини энди кўряпсанми, нима? Ҳали ҳеч гап бўлгани йўқ-ку, синглим…
Котиба унга бақрайиб қолади.

ЕТТИНЧИ ДИЙДИЁ

Чорси хона. Ҳар томонидан суяб қўйилган узун столнинг тўрида – Раҳбар Раҳбарович, икки ёнда: Ҳисобчи, Иқтисодчи, Бош мутахассис, Мутахассис. Ҳайдовчи йигит диванда. Котиба миз телефон қўриқлаб қабулхонада ўтирибди.
Умумий мажлис, аниқроғи – буюм-ашё талашув.
Ҳисобчи (столга шапатилаб). Кийимилгич – меники, тамом!
Иқтисодчи. Ва-ай! Столни ўзиники қилди-ку, бўлди-да! Инсоф ҳам керакдир одамга. Кийимилгични менга берасиз, Раҳбар Раҳбарович, норка шубамни осиб қўяман. Бир-бирига мос, подцвет!
Ҳисобчи. Ҳо-о, ёқмай кетсин! Уни шахсан ўзим бориб ЦУМдан олиб келганман, керак бўлса!
Иқтисодчи. Ёнгинангиздан пул тўлаб-да?!
Ҳисобчи (барибир бўш келмай). Сиз мендан кейин келгансиз ишга, ҳа! Ҳақ меники!
Раҳбар Раҳбарович (муросага чорлаб). Ҳай-ҳай, қўйинглар, шугина қолсин, шугина!
Ҳисобчи. Янги жойда ҳамма нарса янги бўлиши керак-да, Раҳбар Раҳбарович! Оламиз, пул бор счётда!
Иқтисодчи. Э, ол-э ҳаммасини, очофат! (Шартта жойидан туриб кетади. Туради-ю, бориб деворга суяниб олади: қани, бу ёғи нима бўларкан?)
Раҳбар Раҳбарович. Хўш, анови диванни нима қилдик? Шуни бўлим бошлиғимизга атаб юборсак нима дейсизлар? Ҳарҳолда, кўп йил ишлаган бу даргоҳда, тажрибали… Айтгандай, ўзлари кўринмайди?
Бош мутахассис. Боши оғриб қопти, ҳали бобой билан қўшмозор бўлди.
Мутахассис. Диванни у кишига берсак, шопиримиз кейин қаерда ётади?
Ҳайдовчи (илкис қўзғалиб). Тўғри! Мен кейин қаерда ётаман?
Ҳисобчи (тағин ниш уриб). Машинаси-чи, машинада ётса ўлмас!
Ҳайдовчи. Қиз-пизингизникига энди ўзингиз бораверасиз! Катта холангизникига ҳам! Яёв-пиёда!
Ҳисобчи (пашша ҳайдагандек қўл силтаб). Э, ўчир! Ғилдирак!
Мутахассис. Мумкин бўлса, мен анови гултувакларни олсам?
Ҳисобчи. Берақолайлик, Раҳбар Раҳбарович, бу синглимиз ҳар хил ҳидларни яхши кўрадилар… Лекин, айтиб қўяй, ҳамхоналари ҳам қуруқ қолмаслиги керак.
Мутахассис (ғашланиб). Таътилда-ку у!
Ҳисобчи. Бўшаб кетмагандир ахир, эрта-индин келар! (Бурун жийириб) Бир оз “хушбўй”роқлигини айтмаса, ўзи яхши хотин… ходим деганим! Баъзиларга ўхшаб ҳар гапга сапчийвермайди, ювошгина.
Раҳбар Раҳбарович. Хўп, таклифингизни айтинг, таклифингизни. Нима тортиқ қилмоқчисиз у кишига?
Ҳисобчи (мутахассисга қараб). Опахонга мосроқ кенг-мўлгина бир кресло бор-а хоналарингда?..
Иқтисодчи (беихтиёр аралашиб луқма солади). Вой-бў-ў, отам замонидан қолган шалақ бир нарса-ку у! Олинганига ҳам эллик йиллар бўлгандир?!
Ҳисобчи (рақибини еб қўйгудек, ўчакишиб). Тем более! Опахоннинг ўзи ҳам бу йил элликка киради. Кексаларни қадрлашимиз керак!
Раҳбар Раҳбарович (Бош мутахассисга юзланиб). Сизга-чи, дўстим? Сиз нимага харидорсиз, қани?
Бош мутахассис. Менга ҳеч нарса керак эмас, дўстим. Бу ердан керагини ўзим топиб олавераман! (Иқтисодчига хуфя им қоқиб қўяди.)
Раҳбар Раҳбарович. Анови касофат қаёққа гумдон бўлган-а? Келса, қўлига паттасини тутқазмасам!..
Ҳисобчи. Завхозимизни айтяпсизми, Раҳбар Раҳбарович? Лекин унинг сизга меҳри бўлакча. Итдек садоқатли йигит. Эсингиздами, дача қураётганингизда “Дамас”и билан қанча чопган! Унга нима атамоқчисиз?
Бош мутахассис. Бу дўконнинг бор дов-дастгоҳи шунинг қўлида, ҳақини аллақачон айириб бўлгандир у!
Раҳбар Раҳбарович. Йўқ, менга бир қаричгина занжир керак. Ўша гўрсўхтанинг омборхонасидан топилар?
Ҳисобчи. Занжир?!
Мутахассис. Занжи-ир?..
Раҳбар Раҳбарович. Ҳа, занжир! (Бош мутахассисни кўрсатиб) Манови одамнинг тилига солгани!
Бош мутахассис (заҳарханда билан). Занжир тилга эмас, бўйинга солинади, дўстим, билиб олинг! Лекин ўзини занжирга тутиб берадиган аҳмоқ бўйин йўқ!
Раҳбар Раҳбарович. Бўлмаса, оғзингизга тош тиқиш керак сизнинг!
Бош мутахассис (тишларини ғижирлатиб жойидан туриб кетади). Тош-пошинг билан ғажиб ташлайман!
Ҳисобчи (ора тушиб). Вой-вой, ўзингизни босинг, ўзингизни босинг! Раҳбаримизга-я?! Раҳбар Раҳбаровичга-я?!
Раҳбар Раҳбарович (рақибига қарши бармоқ силкиб). Шу кетишинг бўлса, билиб қўй, текис таёқдек қуп-қуруқ ўтасан, ҳа!
Мутахассис (одатича, томдан тараша тушгандек). Ия, Дилнавоз опа-чи? Дилнавоз опамиз эсдан чиқибди-ку. У кишига ҳам бирор нарса…

Фаррош кампир эшик олдида мунғайибгина турибди – бир қўлида челак, бир қўлида латта-таёқ.

Раҳбар Раҳбарович (вазиятни юмшатиш йўли топилганидан мамнун бўлиб, ўрнидан туради). Бу кишига, заҳматкаш опахонимизга… раҳматнома эълон қиламиз, раҳматнома!
Фаррош кампир (икки букилиб). Раҳмат, раҳмат, айланайлар!

Ҳамма чапак чалиб қутлаган бўлади.

Котиба (қабулхона эшигидан бош чўзиб). Раҳбар Раҳбарович, телефонга! Акахон!..
Раҳбар Раҳбарович (шошиб ўрнидан тураркан, беихтиёр столни туртиб юборади). Мановини энди бобойимизга деб қарор қилинган, биласизлар…

Стол бир ёнга майишиб, тарақлаганча ағдарилиб тушади.
Чувиллашиб ҳамма ҳар ёққа қочган, тўзиган…
Раҳбар Раҳбарович мансаб столига ўтиб, телефон гўшагини эҳтиром билан қулоғига тутади.

Раҳбар Раҳбарович. Лаббай, акахон?
Акахон (овози). Ўзингизмисиз, ука? Омадли йигитсиз-да. Бўлди! Ҳал. Гаплашилди. Буйруқ чиқади. Эртадан ишга тушасиз! Барногулни ҳам, а!
Раҳбар Раҳбарович (ҳовлиқиб). Албатта, албатта! Раҳмат, акажон, раҳмат! Бир умр хизматингиздаман!.. Ие, айтгандай, икки “т”… Эсдан чиқибди-да, узр, узр!
Акахон. Ҳа-а, ана шундоқ бўлсин! Менга қаранг, дарвоқе, бу кўчиш деган гап қаёқдан чиқди ўзи сизларда? Биз бу ерда ҳар томонлама суриштириб кўрдик: унақа тадбир кўзда тутилмаган. Қизиқ! Ҳа, энди сизга нима аҳамияти бор бунинг, тўғрими? Бўпти, бу ёғига маҳкам бўласиз, иним! Барногулга салом!
Раҳбар Раҳбарович. Қуллуқ, акажон, қуллуқ! (Гўшакни жойига қўйиб, кафтларини бир-бирига ишқайди.) Яшаси-ин!.. Лекин! Шошма… Гули-и! Барно-о!
Котиба (тус-авзойи алланечук ўзгарган, эшикдан бош суқиб). Нима-а?!
Раҳбар Раҳбарович (парво қилмай). Табриклайман! Э, раҳмат сизга, синглим! Акахонингиз салом айтдилар. Эртадан кетамиз. Иккаламиз. Бошқа жойга. Сира кўчмайдиган жойга! (Котиба индамай бурилаётганини кўриб) Шошманг, шу кўчиш машмашаси қаёқдан чиқди ўзи? Кимдан?
Котиба (совуққина елка қисиб). Билмасам. Ҳамма шундай деб қолди-ку бирдан. Анувларингиз, мен… ўзингиз ҳам… Ҳамма!
Раҳбар Раҳбарович. Йўқ, мен бошлаган одамни сўраяпман. Дастлаб шу гапни қўзғаган, тарқатган ким – аниғини айтолмайсизми? Масалан, ўзингиз кимдан эшитдингиз?
Котиба. Э, мен қаёқдан билай! Эсимда йўқ! (У орқасига бурилиб, бир варақ қоғоз билан қайтадию тап эткизиб уни раҳбарнинг столига уради.)
Раҳбар Раҳбарович. Нима бу?
Котиба (баттар тўрсайиб). Бўшайман!
Раҳбар Раҳбарович. Ие, ие! Акахонимиз эшитсалар…
Котиба. Жонимга тегди! Акахонингиз ҳам, сиз ҳам, манови бекорчихонангиз ҳам! Кетаман! (У чопиб чиқиб, биллур гулдон билан қайтадию уни боши узра баланд кўтариб ерга уради. Гулдон чил-чил!) Мана! Олинг! (Сўнг шартта бурилиб хонани тарк этади.)
Раҳбар Раҳбарович. Ие, ие, бу нимаси?! Мен кимга ёмонлик қилибман?! (У беихтиёр олдидаги телефонларни баравар чангаллаганича қотиб қолади.) Ҳамонки кўчилмас экан, бу ёғи қандоқ бўлди энди? Уфф!..

ДИЙДИЁЛАРНИНГ ОХИРИ

Ўша чорси хона. Аммо бўм-бўш. На анови синиқ стол кўринади, на эски диван, на гултуваклар… Ҳатто эшиклардаги ёзувлар ҳам йўқ, изларигина оқариб турибди. Аллақайси хонадан латта-таёқнинг тўқ-тўқи эшитилади, холос.
Қўлида лаш-луши, ўша эшикдан Фаррош кампир чиқиб келади.
Фаррош кампир (ҳарсиллаб). Мана, бўлди! Ҳаммаёқ чиннидек тоза, ораста… (Дафъатан ўзига келиб) Вой, нега ҳеч ким кўринмаяпти? Чошгоҳ бўлди-я! Ё бирор ёққа кўчиб кетишдими? Тунов кунги тушим ўнгидан келган бўлса-чи?! Шунақага ўхшайди, муродинг ҳосил бўлганга ўхшайди, Қумри! (Ўзича илжаяди ва бир нима эсига тушган каби “Э” хона томон йўрғалаб, ичкаридаги лўкидонни босиб чиқади – шовуллаб сув тўкилади. Сўнгра “А” хонага чопади. Шу-увв!.. Ниҳоят, бир қўлида челак, латта-таёғини елкасига қўйиб эшик сари равона бўларкан) Кўрган тушим рост чиқдими, рост чиқмадими, мана, қўлимдан келадиган юмушни қилдим, бажардим. Хайр энди, “Дилнавоз опа”! Яхши боринг, “Дилнавоз хола”! Кетдик биз ҳам, Қумри! Қайдасан, қадрдон Қўйлиғим!..

ПАРДА