Фозилжон билан Одилбек бир маҳаллада ўсди, бир мактабда ўқиб, институтни ҳам бирга тугаллади, омадларини қаранг-ки, ўқишни битиргач, битта муассасага ишга кирдилар.
Йигитларнинг ҳар иккиси меҳнат фаолиятини оддий ходимликдан бошлаб бўлим бошлиғиликкача кўтарилишди. Иш жойлари нуфузли, туман ҳокимиятида эди, орадан қарийб йигирма йилча вақт ўтиб ҳам ишда, ҳам ёшда анча катта одамларга айланишди.
Муҳими, улар ораларидан қил ўтмайдиган дўст эдилар, уйланиб оилали бўлганларидан кейин дўстлик риштаси янада мустаҳкамланди. Оилаларининг яқинлиги икки дўстни янада иноқ қилиб қўйди. Улар ҳамма байрамларда бирга бўлишарди. Дам олиш сафарларига ҳам бирга борар, ҳатто таътил кунларини ҳам бирга ўтказар эдилар.
Бир сўз билан айтганда, ҳамма ҳавас қилгулик тенгқурлар эди.
* * *
Жума куни ҳоким Зулфиқор Саидович ходимларни йиғиб мажлис ўтказди. У ходимларни ишдан қўйиб мажлис қилишни ёқтирмасди. Шунинг учун гапни қисқа қилди:
— Сизларни йиғишдан мақсад бир янгиликни маълум қилиш. Муовинимиз Солиҳ Обидович тепага, шаҳар ҳокимлигига ишга таклиф қилинди. Бу воқеа, ўйлайман-ки, барчамизни қувонтиради. Жамоа номидан Солиҳбекни табриклаймиз.
Ходимлар янгиликни қарсаклар билан кутиб олишди. Олқишлар тингач, Зулфиқор Саидович давом этди:
— Энди Солиҳ Обидовичнинг ўрнига янги одам тайинлашимиз лозим. Шундай кўрсатма бўлди. Ўз ичингиздан бирорта номзод топинг, дейишди, икки ҳафта муҳлат ҳам беришди. Шу вақт ичида одам топишим керак. Топамиз. Биласизлар иш кўп, муовин зарур, аравани ёлғиз ўзим судраб юришим оғирлик қилади. Шуни сизларга маълум қилиб қўймоқчи эдим. Бирор фикр билдирувчилар бўлмаса — ҳаммага рухсат.
Ходимлар тарқалди, янгилик ҳаммани ҳаяжонга солгандай эди. Ҳамиша шундай: янгилик зерикарли, бир маромда кечадиган ўзгармас ҳаётнинг кушандаси, у доим қизиқиш билан қабул қилинади.
Одам боласининг ҳаммаси ҳам юқорироқ лавозим эгаллашга интилади, бир-иккита ходимга бўлса-да, раҳбарлик қилишни истайди. Одамзотнинг табиати шундай.
Муассаса ходимларида ҳам муовиннинг ўрнини эгаллаш илинжи туғилди. Аммо бу ўринга энг лойиқ номзодлар Фозилжон билан Одилбек эди, негаки иккови ҳам энг йирик бўлимларнинг бошлиғи. Негадир, ҳамма шундай ўйларди. Буни Фозилбек ҳам, Одилбек ҳам яхши тушунишарди. Шубҳасиз, икковидан бирига насиб этади бу мансаб. Шу туфайли иккисининг ҳам юрагига ғулғула тушиб қолди. Ботиний бир туйғу икки дўстни беихтиёр рақибларга айлантирди.
Зулфиқор Саидович ҳам Фозилбек билан Одилбекнинг иккаласидан бири муовинликка лойиқ деб ҳисобларди.
Зулфиқор Саидович кўпни кўрган, тажрибали, малакали раҳбар эди. Лаббайгўйларни, лўттивозларни хуш кўрмасди, ўз фикрига эга ходимларни ҳурмат қиларди. Ялқовлар ёки ғийбатчилар пайдо бўлса дарров думини тугиб юборарди, шу боис ишхонада ишчан, эркин муҳит яратилганди. Айни пайтда у киши яхши мураббий ҳам эди. Солиҳ Обидовичнинг юқорига кўтарилиб кетишига асосий сабабчи ҳам ўзи эди, ишлаш услубини, муомалани ўргатганди.
Ёмон одамдан ҳеч қачон на яхши раҳбар, на яхши мутахассис, на яхши ходим чиқади деб ҳисобларди Зулфиқор Саидович. Демак, муовинликни энг аввал яхши одам эгаллаши лозим. Ҳа, юрагида кири йўқ, ҳалол, имон-инсофли, диёнатли, тўғрисўз одамни топиш керак.
Шу туфайли кўз остига олиб қўйган иккала номзод — Фозилбек билан Одилбекни яна бир карра синовдан ўтказиб кўрмоқчи бўлди. Синовни энг йирик бўлим бошлиғи Фозилбекдан бошлади, ҳузурига чақириб секин гапга солди.
— Фозилбек, янглишмасам Одилбек билан яқин оғайнисизлар.
— Шундай, — бошлиқнинг гапини тасдиқлади Фозилбек.
— Демак, уни сиздан яхшироқ биладиган одам йўқ, синашта бўлгансиз. Шундай экан, Одилбек ҳақида, унинг қандай одамлиги ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.
Фозилбек ёш бола эмас, анчайин зукко эди, бошлиқ нима учун Одилбекни суриштириб қолганининг сабабини дарров тушунди. Сўрагани бежиз эмас, Одилбекни муовинликка мўлжаллаяпти.
— Одилбек ҳақида фикримни айтишим мумкин, дарҳақиқат, уни менчалик биладиган одам йўқ. Сир эмас, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз, Одилбек яхши мутахассис, ишчан, ғайратли, интизомли. Лекин… — Фозилбек чайналди.
— Ҳа, ана шу “лекин”идан келинг, унинг яхши хусусиятлари шундоқ ҳам маълум бизга.
— Лекин, — Фозилбек қийналиб сўз ахтарди, — сўраганингиз учун битта қусурини айтаман, озгина мансабпарастлиги бор. Институтда ўқиб юрганимизда, у пайтда компартия бор эди, ўлиб-тирилиб партияга кириб олганди, намунча шошасан десам, каттароқ, «ёғлироқ» лавозимни эгалламоқчи бўлсанг партия аъзоси бўлишинг керак, йўқса итнинг кейинги оёғи бўлиб юраверасан деганди. Ўша одати ҳалиям йўқолмаган деб ўйлайман, биласиз ҳар мажлисда сўзга чиқишни, ваъзхонлик қилишни яхши кўради, — Фозилжон пешона терини артди, — дўстим ҳақида бу гапларни айтиш ниҳоятда оғир мен учун. Аммо шу камчилигини билар экансан, нега айтмадинг, нега бекитдинг, деб мендан ўксимаслигингиз учун айтдим. Қайтараман, аслида яхши мутахассис. Сўраганингиз учун айтдим камчилигини. Ҳурмат қиладиган одамимга ёлғон гапиролмайман.
Зулфиқор Саидович қунт билан тинглади Фозилбекни, кейин «Бўпти, етарли» дегандек бош ирғаб гапга якун ясади. Фозилбек ишни қойил қилган одамдек мамнун кайфиятда хонани тарк этди. Бироқ янглишди.
Зулфиқор Саидович Фозилбек хонадан чиқиши ҳамоно олдидаги тахминий тузилган муовинликка номзодлар рўйхатидан кимнингдир исм-шарифини ўчирди.
Бошлиқнинг ҳузуридан чиқиб Фозилбек қабулхонада ўтирган дўсти Одилбекни кўрди, негадир унинг юзига тик қаролмай кўзини олиб қочди. Бир муддатдан сўнг котиба қиз қабулхонада ўтиран Одилбекка:
— Кираркансиз, — деди телефон дастагини жойига қўяркан.
Синов навбати Одилбекка келганди, у жилмайиб бошлиқнинг ҳузурига кирди. Стуллардан бирига ўтириб бошлиқнинг оғзини пойлади. Зулфиқор Саидович одатига кўра гапни чўзмади, муддаога кўчди.
— Сизнинг вақтингизни олмай мақсадни айтиб қўя қолай, хўш… дўстингиз Фозилбек ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.
Одилбек ҳам бошлиқ нега Фозилбекни суриштириб қолганини дарров англади. Муовинликка ярайдими, йўқми — билмоқчи. Шу сабабли жавоб беришдан олдин бироз талмовсираб қолди.
— Нима десам экан… — ўзи эгалламоқчи бўлган жойни худди оғайниси тортиб олаётгандек бир ҳадик кўнглига оралади Одилбекнинг, — Фозилбек шубҳасиз яхши ходим, ишнинг кўзини биладиган, саводли, малакали раҳбарлардан. Аммо…
— Шунисини айтинг-да, — гапини давом эттирди Зулфиқор Саидович.
— Дўстим ҳақида ножўя гап қилишга тилим бормаяпти. Лекин сизнинг раъйингизни қайтаролмайман. Сизга тўғрисини, ҳақ гапни айтмасам густоҳлик бўлади.
— Айтинг, — қистади бошлиқ.
— Ўзингизга маълум Зулфиқор Саидович, туманимиз ҳудудида қандай қурилиш бўлса — супермаркетми, тўйхонами, банкми бизнинг ҳокимиятдан рухсат оладилар. Рухсат Фозилбек бошқарадиган бўлимдан олиниши керак, — Одилбек тутилиб қолди.
— Муддаони айтинг.
— Оғайним рухсатни текинга бермайди.
— Пора олади демоқчимисиз? Эшитган ё кўрганмисиз пора олганини?
— Эшитмаганман, кўрмаганман ҳам. Аммо эшитишим ёки кўришим шарт эмас. Оғайним икки қаватли данғиллама қаср қуриб олган. Қуруқ маошга бундай уй қуриб бўлмайди. Буни ҳамма тушунади.
— Иҳм, — Зулфиқор Саидович ходимининг кўзига синчков тикилди. Одилбек сал ошириб юборганини сезиб талмовсираб қолди, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди.
— Балки янглишаётгандирман, бу тахмин. Қолаверса, айбсиз парвардигор дейдилар. Ҳар қандай яхши ходимда ҳам жузъий камчиликлар бўлади. Унинг уй-жойини кўрганлар ҳалол инсонлигига ишонмасликлари мумкин деб гапирдим. Аммо мутахассис сифатида Фозилбекнинг олдига тушадиган одам йўқ. Энг йирик ва энг қийин бўлимни бошқариб келяпти, ҳамма ҳам эплайвермайди бундай ишни.
Одилбекнинг сўнгги гапи замирида ўз жойида ишлайверсин, унинг ўрнига одам тополмайсиз, деган маъно ётганини илғади Зулфиқор Саидович. Унга яна шу аён эдики, қандай қурилиш бўлмасин рухсатномага ҳокимнинг ўзи — Зулфиқор Саидович имзо чекарди. Пора ҳақидаги гап туҳмат. Зулфиқор Саидович рўйхатидан яна бир исм-шарифни ўчирди.
Одилбек тушлик овқатга доим дўсти билан бирга борарди, бугун оғайнисини бирга боришга таклиф қилгани тили бормади. Фозилбек бундан хафа бўлмади, қайтанга енгил тортди. Дўстлар неча замонлардан бери биринчи марта алоҳида-алоҳида овқатландилар.
* * *
Пешиндан кейин Зулфиқор Саидовичнинг ҳузурига фаррош Мастура опа кирди. Бошлиқ уни сал таажжуб билан кутиб олди.
— Келинг, хизмат опа, — деди ҳайронлигини яширмай.
— Анави Сарваржон бору, ўшанга гапириб қўясизми девдим.
— Нимани гапираман?
Ҳамма қатори соат олтидан кейин уйига кетмайди, саккиз-тўққизгача ўтиради. Мен бир соатга қолмай ҳамма хоналарни супуриб, тозалаб чиқаман. Кейин унинг кетишини кутиб ўтираман. Ахир, уйга бориб болаларнинг овқатини қилишим керак.
Зулфиқор Саидович ўйланиб қолди, Мастура опанинг бева, ёлғизлигини биларди, уйда тўртта чурвақаси бор, ундан бошқа қарайдиган одам йўқ. Раҳми келди аёлга.
— Бўпти, гапириб қўяман, — деди.
Мастура опа раҳмат айтиб чиқиб кетар экан, лекин қаттиқ койиманг, ўзи яхши йигиту шу қилиғи бор, деб қўшиб қўйди.
Зулфиқор Саидович «Маъқул» дегандек бош ирғади ва шу заҳоти котибаси орқали Сарвар Каримовични ўз ёнига чақирди.
Келганига икки йилдан ошганига қарамай ҳамма уни «янги ходим» дерди. Ғалатироқ йигит эди Сарваржон, келганидан буён шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳали бирор марта Зулфиқор Саидовичнинг олдига на илтимос, на шикоят билан кирмаганди. Мажлисларда миқ этмай ўтирарди, бирор дафъа сўзга чиқмаганди. Одамовироққа ўхшарди.
Сарвар гарчи Зулфиқор Саидович билан эрталаб кўришган бўлса-да, салом бериб кириб келди. Ўтиришга журъат этмай бошлиғининг таклифини кутди.
— Ўтиринг, — деди Зулфиқор Саидович.
Сарвар фақат шундан кейин «раҳмат» деб стуллардан бирига чўкди.
— Устингиздан шикоят тушди, — эриниб, лоқайд овозда гап бошлади Зулфиқор Саидович.
Сарвар пинагини бузмади, «қандай шикоят» дегандек бошлиғига саволчан боқди. Бундай пайтларда ходимлар довдираб, ҳадиксираб қолардилар. Сарварнинг пинагини бузмагани Зулфиқор Саидовични сал ажаблантирди.
— Ишдан вақтида кетмай саккиз-тўққизларгача ўтирар экансиз. Сизни деб фаррош аёл уйига вақтида кетолмас экан, уни боқувчиси йўқ, рўзғор ташвиши ўзининг елкасида, вақтлироқ бориб болаларига овқат тайёрлаши керак.
Сарварга бу гап таъсир қилди, хижолат бўлиб узрона оҳангда гап қотди.
— Менинг хонам тоза, уч-тўрт кунда бир супуриб чиқсалар ҳам майли. Бошқа кунлари уйларига вақтли кетаверсинлар. Мастура опага шундай десангиз…
Бу гап Зулфиқор Саидовичга эриш туюлди. «Бўпти, энди хонамни вақтида бўшатаман» дейиш ўрнига одатимни ташламайман демоқчи.
— Баъзилар ўзини ишчан, ишга ўч кўрсатиш учун вақтида кетмай, ишлаб ўтирадилар, — пичинг аралаш гапирди Зулфиқор Саидович.
Аммо Сарвар яна пинагини бузмади. Гапи таъсир қилмагани учун Зулфиқор Саидович хуружни кучайтирди.
— Мен чет элларда кўп бўлганман. У ерда қонун бор — уддабурон ходим ишни тез ва ўз вақтида бажариши керак. Ишни қилиб бўлиб ўз устида шуғуллансин, касбига хос қўлланмалар, янгиликлар ёки бадиий адабиёт ўқиcин, хуллас қотиб қолмаслик учун малакасини оширсин, топширилган ишни ўз вақтида бажаролмай эртадан кечгача лалайиб ўтирадиган ношудларни ишдан ҳайдашади у ёқларда.
— Тўғри қилишар экан, — деди Сарвар.
Ўзига гап юқтирмайдиган сурбетларга ўхшайди-ку, деган фикр кечди ҳокимнинг кўнглидан.
— Сиз ношудлар эмас, ишчанлар тоифасига кирсангиз керак, — яна пичинг қилди Зулфиқор Саидович.
— Қайдам, — елка қисди Сарвар.
— Ҳамма кетса ҳам саккиз, тўққизгача ўтирадиган ходим ишчан ҳисобланади-да. Шундай эмасми?
Сарвар мувозанатни йўқотмай вазминлик билан жавоб берди.
— Салима опа декретга чиқиб кетгани учун икки кишининг ишини қилишга тўғри келяпти. Шунинг учун кун давомида қилиб улгуролмай қолиб кетяпман.
— Дарвоқе, — сал изза бўлди бошлиқ, — нега олдимга кириб икки кишининг ишини қилиб қийналиб қоляпман демадингиз, ёрдам берардик.
— Хабарингиз бўлса керак деб ўйлагандим.
Зулфиқор Саидович яна сал хижолат бўлди, тўғри айтяпти йигит. Яхши раҳбар ҳар нарсадан хабари бўлиши керак. Ўзини оқлашга уринди.
— Биласиз ишимиз кўп, оғир, ғалвали, бош қашишга ҳам вақт йўқ. Шу туфайли баъзи нарсалар унут бўлиб қолади.
— Биламан, — деди Сарвар хотиржамлик билан, унинг ўзини эркин тутиши, раҳбарни менсимагандек хотиржам ўтириши Зулфиқор Саидовичнинг иззат нафсига сал теккандек бўлди. Ёш ходимни эркин вазиятдан чиқаришга уринди.
— Шундай қилиб икки кишининг ишини эплаб ўтирибман денг? Сарвар жавоб бермай индамасдан ўтираверди. Зулфиқор Саидович одамларни синашни яхши кўрарди. Ёш ходимнинг жиғига тегсин-чи, ўзини қандай тутаркин деб, яна пичинг қилди.
— Демак, сиз икки-уч кишининг ишини эплайдиган донойи давронсиз.
Кесатиқдан жаҳли чиқиш, жиззакилик қилиш ўрнига Сарвар жилмайди.
— Ўзини донойи даврон ҳисоблаш, ҳамма нарсани биламан, ҳаммадан ақллиман дейиш тентакликнинг, жоҳилликнинг бир белгиси.
Бамаъни йигит экан деб ўйинни йиғиштиришга қарор қилди Зулфиқор Саидович.
— Бўпти, Мастура опага айтаман, хонангизни уч кунда бир тозалайди.
Гап тугаганини билиб Сарвар ўрнидан турди. «Энди менга рухсатми?» дегандек бошлиққа саволчан боқди.
— Сизга рухсат, бораверинг, — деди илиқлик билан Зулфиқор Саидович.
Сарвар хонани тарк этди.
Орадан бир ҳафта ўтгач Зулфиқор Саидович мажлис чақирди. Мажлисда муовинликка Сарвар Каримович тайинланганини эълон қилди ва Сарваржонни қутлади. Йиғилганлар қарсак билан кутиб олдилар янгиликни. Кимдир ажабланди, кимдир хурсанд бўлди, Фозилбек билан Одилбек эса ичидан зил кетди, аммо сир бой бермай ўзларини тетик ва хушҳол тутишга уриндилар, ҳаммадан қаттиқроқ қарсак чалдилар, мажлисдан кулимсираб чиқдилар.
— Тўғри бўлибди, ёшлар ишласин, келажак ёшларники, — дедилар ён-атрофдагиларга.
Ўз хоналарига кириб ёлғиз қолганларидан кейин сохта табассумли ниқобни юзларидан олиб ташлаб шумшайиб олдилар. Ўшанда, Зулфиқор Саидович ҳар икки дўстни қабул қилганида, уларнинг номларини ўчирганидан бехабар эдилар.
…Фозилбек кечқурун уйга қайтиши билан ҳеч нарсадан хабари йўқ хотини Нозимахон хурсанд кайфиятда гап очди.
— Фозилбек ака, эртага Маликахоннинг туғилган куни экан.
Қўнғироқ қилди. Менинг туғилган кунимда биллур қандил олиб келганди. Суриштириб билсам нархи икки минг доллар экан. Энди мен ҳам арзирли совға қилишим керак. Нима олсам экан?
— Ўзинг билиб олавер, — энсаси қотиб жавоб қилди Фозилбек.
— Дўстингизнинг хотини, маслаҳат беринг, чакана нарса олсак уят бўлар.
— Ўзинг билиб олавер дедим-ку. Ўзинг олиб, ўзинг боравер.
— Сиз-чи?
— Мен бормайман.
— Вой нега, ўйлаб гапиряпсизми?
— Мен йўнилмаган таёқ эмасман.
— У нима деганингиз?
— Айтмаган жойга борганни йўнилмаган таёқ дейишади, Одилбек миқ этмади.
— Айтиб қолар, ҳали вақт бор.
— Айтмайди, — чўрт кесди Фозилбек.
— Вой, нега унақа дейсиз, ахир, неча йиллик қадрдонсизлар. Фозилбек жавоб ўрнига юзини тескари бурди.
— Маликахон айтди, шунинг ўзи етади. Бормасак совғадан қочди дейишади.
— Ўзинг боравер дедим-ку, — ўшқирди Фозилбек.
— Нима бало ораларингдан қора мушук ўтдими ё…
— Бўлди, гапни кўпайтирма, — хуноби ошиб дўқ урди Фозилбек, — ўшаларни энди менга гапирма.
Эрининг важоҳатини кўриб Нозимахон мавзуга чек қўйди. Фозилбек билан Одилбекнинг дўстлик қалъаси девори дарз кетганидан бехабар эди.
Ким билади, вақт ўтиши билан балки Фозилбек билан Одилбек ўртасидаги совуқ адоват унут бўлиб кетар, дўстлик ришталари қайтадан тикланар. Бироқ шуниси борки, юракдаги дарз қурмагур қанча таъмирланмасин, сайқал берилмасин ўз ҳолига қайтмайди, бутун бўлмайди, изи қолаверади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 2-сон