Кун айни қиёмига етган, ҳаво ёнмоқда.
Бозордан қайтаётган эр-хотин ўз кўчаларига етганларида дам олиш учун қўшни ҳовлилардан бири олдидаги ёғоч курсига чўкдилар.
— Боситхон барака топсин, эшигининг тагини гулзор қилиб қўйди, бизнинг каби толиққанлар ўтириб нафас ростлайди, — деди эр. Аёл бош силтаб маъқуллади, рўмолчаси билан пешона терини артди.
Эр ўрта бўй, эчки соқол, кўзи кулранг-кўкимтир, тетик одам эди. Аёл тескариси — нимжон, кўриниши одми, кўзлари маъюс боқарди.
Эрнинг асл исмини маҳаллада камдан кам одам билади. Уни Насиҳатхўжа деб чақиришади. Бу лақабни у бекорга олмаган: ўзини барчадан доно ҳисоблаб, ҳаммага ақл ўргатади — нонвойга нон ёпишни, чеварга кийим тикишни, устага иморат қуришни, амалдорга ишни ташкил қилишни.
Барчага ақл бўларди-ю, аммо ўзи ҳеч кимнинг гапига қулоқ тутмас, бирорта одамнинг фикрини эшитишга тоқати йўқ эди. Сабаби яна ўша — ўзини ҳаммадан билимдон санарди. Маҳалла аҳли ундан безиллаб қолган, негаки, учратган одамининг ёқасидан бўғиб тўхтатади-да, эзмаланиб насиҳатни бошлайди. Ҳозир ҳам ичи ёниб, тили қичишиб ўтирганди, бахтига, кўча этагида Матқовул кўриниб қолди-ю, ёғли ўлжани кўрган овчидек қувониб кетди.
— Ҳой бола, мундоқ кел, — деди буйруқ оҳангида.
Матқовул омади чопмаган, ношудроқ кимса эди, тўхтаб салом берди, сўнг «нима дейсиз» дегандек саволчан боқди Насиҳатхўжага.
— Сенларнинг дастингдан ўладиган бўлсак ўлиб бўлдик-ку, — аччиқ таънадан бошлади сўзни Насиҳатхўжа.
Томдан тараша тушгандек бу хуруждан Матқовул донг қотиб қолди.
— Қачон бизларни тинч қўясанлар? — Насиҳатхўжа энди дўққа кўчди.
Матқовул аранг ўзига келди.
— Нима қилиб тинчингизни бузибмиз?
— Ия, манавининг гапини?! — Насиҳатхўжа шох ташлаб ўшқирди, — ҳеч нарса билмагандек нима қилиб тинчингизни бузибмиз дейди-я? Эр-хотин Худонинг берган куни кўчани бошларингга кўтариб қирилишасан. Қўни-қўшниларга на кундузи тинчлик бор, на кечаси, жонга тегди сенларнинг жанжалларинг!
Матқовул гуноҳкорона бош эгди.
— Нима қилай, шунақа ношукур бандага йўлиққанман.
— Айбни хотинга тўнкама, қарс икки қўлдан чиқади.
— Сиз уни билмайсиз, ғалвани доим ўша бошлайди. Қачон бошқа эркакларга ўхшаб рўзғор тебратишни эплайсиз, болалар оч-яланғоч, деб қулоқ-миямни егани еган. Маошимни бир тийинигача қолдирмай қўлига олиб келиб бераман, уч кунда адо қилиб, яна дийдиёсини бошлайди, — Матқовул ўксиб ҳасрат қилди.
— Гап маошда эмас, яхши топиб гапиради, ёмон қопиб, дейдилар. Сен муросани билмайсан, қўрссан. Хотин зоти ширин гапнинг гадоси. Дўқ урмай, Худо хоҳласа ишимиз юришиб кетади, дея ётиғи билан тушунтирсанг, тушунади, — насиҳатни бошлади Насиҳатхўжа.
— Тушунмайди, ғирт нодон у, — эътироз билдирди Матқовул, — неча марта айтганман, сабр қил, Худо хоҳласа бойиб кетамиз, деб. Кошки гапга қулоқ тутса, — Матқовул хўрлиги келиб нолиди, — оғзимни очишим билан «уйланган кунингиздан бери, мана йигирма йил бўляпти, шу гапни қайтарасиз, бойиш ўрнига кундан кунга баттар бўляпмиз», деб итдек қопиб беради. Шундан кейин меники ҳам тутади, чидолмай сўкаман, таъсир қилмаса, гоҳида ураман.
— Ана энди сиринг ошкор бўлди! Зўравонсан, золимсан! — нафрат билан ҳайқирди Насиҳатхўжа. — Ҳой бола, хотинни урсанг бир кун сени худо уради. Шуни бир билиб қўй.
— Нима, унда хотиндан қўрқиб яшаш керакми. Попугини пасайтириб қўймасам, бошимда ёнғоқ чақади.
— Сени мен ақлли-ҳушли одам десам, ғирт сўтак экансан-ку, — куйиниб давом этди Насиҳатхўжа, — хотиндан қўрқмайман деган эркаклар жоҳил бўлади. Аёл киши гўдакдек беҳимоя. Бекорга заифа дейишмайди. Росмана эркак аёлнинг ҳурматини жойига қўяди, иззат-нафсини қадрлайди. Мана биз опоғойинг билан бирга яшаб келаётганимизга ўттиз йилдан ошди. Шу давр ичида уни бир марта ҳам чертмаганман, чертиш у ёқда турсин, ҳатто овозимни баландлатмаганман. Ҳа, кафтимда олиб юраман. Ишонмасанг мана, ўзининг юз-кўзи, сўра ўзидан, — Насиҳатхўжа хотинига юзланди, — Айт, сени ҳеч хафа қилганманми?
Опоғойи ёқинқирамай «йўқ» дегандек бош чайқади.
— Уйда жанжал чиқишига аввало оила боши — эр айбдор, — ҳукм чиқараётгандек совуқ овозда давом этди Насиҳатхўжа.
Матқовул чўзилиб кетган насиҳатлардан зерика бошлаганди, гапга чек қўйишнинг пайига тушди.
— Биламан, эр жарақ-жарақ пул топиб келса яхши, мен бир қоровулман, топиш-тутишим ҳалигидек. Шундоқ экан, минг ширин гапирай, барибир ёқмайман хотинга.
— Янглишасан! — Насиҳатхўжа қизишиб кучанди, — жарақ-жарақ пул топиб келганинг тақдирда ҳам хотинингни одам ўрнида кўрмай хор қилар экансан, оилангда иноқлик ҳам, ҳаловат ҳам бўлмайди. Тўғри, аёл зоти борки, яхши еб, яхши кийингиси келади, янги чиққан кийим-бош, ҳар хил тақинчоқларга ўч бўлади. Мана, опоғойинг ҳам ҳалигача уни олиб беринг, буни олиб беринг, деб хархаша қилади. Раъйига қараб «хўп, пул тушса олиб бераман» дейман. «Йўқ» деган совуқ гапдан насия бўлса ҳам ширин сўз маъқул. Шунда ғалва чиқмайди. Эру хотин сан-манга бордими, тамом, уйдан барака кўтарилади.
Матқовул Насиҳатхўжадан қай йўсинда қутилишни билмай, хит бўлди. Қўлини кўксига қўйиб ёлворди.
— Узр тақсир, мен нонга кетаётгандим…
Насиҳатхўжа ўлжасини осонликча қўлдан чиқармайдиган ғаддор овчилардан эди.
— Баъзи эркаклар бўлади, иккиюзламачи, — Матқовулнинг узрига мутлақо эътибор бермай давом этди у. — Улар хотинга фақат ўринда ширин гапиради, бошқа пайт қўрслик, дағаллик қилиб зулм ўтказади. Ўшанақалар садқаи эркак кетсин!.. Мен опоғойингни росмана ҳурмат қиламан. Баъзи ноинсонфларга ўхшаб, бутун оғирликни хотиннинг елкасига ортиб қўймайман. Қозон-товоққа, супур-сидирга ҳам қарашиб кетавераман, уй юмуши эркакнинг иши эмас, деб қаққайиб ўтирмайман.
Матқовул оғиз очгани хезланган эди, Насиҳатхўжа яна имкон бермади.
— Яна бир тоифа қуруқ савлат димоғдорлар бор, хотин судраб юришдан номус қиладилар. Мен ҳеч қаёққа ёлғиз бормайман. Тўй-ҳашам дейсанми, зиёфатми, туғилган кунми, концерту томошаларгами, ҳаммасига опоғойинг билан бирга борамиз. Чунки жуфти ҳалолимнинг нафақат кийимию овқатини бўйнимга олганман, балки…
Энди Матқовул Насиҳатхўжанинг сўзини бўлди.
— Тақсир, магазин ёпилиб қолмасин, уйга қуруқ қайтсам, хотин икки ямлаб бир ютади, — росмана ёлворди Матқовул.
— Борасан, обедга ҳали бор! — жеркиб берди Насиҳатхўжа, — шошилмасдан гапни эшит, жиндак мағзини чақ. Нега жон ачитиб гапиряпман сенга? Мендан ибрат олгин, демоқчиман. Бизлардан ибрат олсанг, кам бўлмайсан, оиланг билан тинч-тотув, ҳузур-ҳаловатда яшайсан, жанжал нималигини билмайсан…
— Хўп, тақсир, ибрат оламиз! — деди сабр косаси тўлган Матқовул, сўнг, «хафа бўлса бўлар» деб жуфтакни ростлаб қолди.
— Гапни уқдингми, хотинни ҳурмат қил, асл эркак бўлсанг! — Матқовулнинг ортидан қичқирди Насиҳатхўжа гапи чала қолганидан аччиқланиб, — тавба, буларга яхши бўлгин, деб насиҳат қилсанг, эшитиш малол келади!
Насиҳатхўжа сал ҳовуридан тушиб, хотинига юзланди.
— Анча дамингни олволдингми, онаси?! Энди турақол. Мен бирровга Боситхонга учраб кетаман, суннат қилмоқчи экан, билай-чи, қанча гуруч дамламоқчи, қанча одам айтмоқчи. Ҳа, маҳалладан бемаслаҳат иш тутмасин. Сен боравер, онаси, бу ёғи озгина қолди, бир ҳафсала қилсанг, етиб оласан.
Аёл бир эмас, иккита зил-замбил халтани аранг кўтариб ўрнидан турди, оёқлари чалишиб, инқиллаб-синқиллаб йўлга тушди.
— Ҳой, эҳтиёт бўл, тағин йиқилиб ўт-бўтингни майиб қилиб ўтирма, — сўнгги насиҳатни берди Насиҳатхўжа ва Боситхонникига кириб кетди.