– Шабнам, қизим-онам, тетик бўл! Мана мен, кўрдингми?! Қўрқма, қизим-жоним! Мен шу ердаман-а?!
Дорбоз гап ташлаганда доира саси тинади. Отанинг овози титраб кетади. Тўрт газ баландликдаги дор устида, қизчанинг кифтини тутиб турган ўспирин қўлларини олади. Қизчанинг овози жаранглайди:
– Лаббай, дада?
– Худога шукр! Эна қизим, мен сенга дуо олиб берай…
– Майли, дада…
– Халойиқ! Қилдор устида, қалдирғоч йўлида юраётган Момо Ҳаво авлодига бир дуо беринг!…
Ўз ташвиши билан яккам-дуккам қадам ташлаб ўтаётган Чол дорни кўрса-да беэътибор кетаётганди. У қилдор устидаги қизчани кўриб қолгач, бир балодан узоқлашмоқчидай қадамини тезлатган бўлди. Аммо «дуо»ни эшитиб, юк халтасига ўтирганича беихтиёр томошабинга айланди.
Оломон дуога қўл очди.
– Шабнам, жигарим, кўзим қораси, бошингда нима бор?
– Тожи давлат!
Ўспирин дорда турганича унга «Бале!» дея жўр бўлди.
– Кўзингда нима бор, нури дийдам?
– Нури Муҳаммад!
– Бале!
– Тилингда нима бор?
– Калима-и шаҳодат!
– Бале!
– Қулоғингда нима бор, гулим?
– Азони қиёмат!
– Бале!
– Балли, қизгинам!
Сўнг ота-дорбоз узун дуо ўқиди. Баҳовуддин балогардондан тортиб, Самарқандда ўтган азиз-авлиёлар, анбиё-ю зикриёлар номини айтиб, дуога қўл очганларнинг фарзандсизларига фарзанд, тўйсизларига тўй, сафардагиларига омонлик ва ҳоказо-ҳоказоларни Яратгандан кўздан ёш чиққудек тилаб, сўради. Дуодан жунбушга келган ихлосмандлар, умидворлар ё шунчаки кўнгли бўшлар дуогўй дорбознинг қўлига пул тутишди. Масхарабоз бир қути келтириб дорбоз олдига қўйди. Пул бериш чўзилди. Дорбоз чўккалаб олганича пул тутаётган суннат ёшидаги болакайларнинг пешонасини сийпалар, шу билан бирга даста-даста пулларни чангаллаганича қутига ташлаб улгурарди… Унинг оғзи бир лаҳза ҳам тинмасди: «Авлиёлар Иброҳим, Исмоил, Маккаи муаззам, динларни чироғи Имоми Аъзам, Шайх Аҳмад, Зинда фил, Имоми Шофеъий… ва яна Аллоҳим ўзи Мураббий…
Дорбознинг тили тинмайди-ю, кўзи олма теради. Бирор кимсанинг даврага чиқишга иккиланаётганлигини кўрса тағин ҳамдга зўр беради, минг азоб билан достончи-бахшилардан ўрганган дуоларини такрорлашини қўймайди, ўткир нигоҳлари билан иккиланувчини «жодулайди». Гипноз таъсиридаги банда ўртага чиқиб «атагани»ни ташлаб кетганини билмай қолади…
Дорбознинг дуогирлигидан томошабин чолнинг кўнгли зил кетди. У тинимсиз юз-кўзини, оппоқ соқолини сийпалар, кўзларидан ёш тирқирарди.
Ота-дорбоз қилдор устидаги қизчасига вақти-вақти билан назар ташлайди; нигоҳлари билан ўспиринга «буюриб» улгуради. Ўспирин яна қизчанинг кифтини тутади…
Дорбознинг зикри ва назр йиғиши давом этаверди. Энди у якка келиб алоҳида дуо сўраётганларнинг илтимосларини бажаришга ўтди. Ҳижоб кийган бир жувон дорбоз олдига келиб, унинг кифтини тавоф қилди. Қўлига бир чангал пул тутганича, дорбозга нималарнидир пичирлади. Дорбоз дуо айтди:
– Ё, Аллоҳ! Халойиқ! Шу синглим мендан бахти очилишини сўраб дуо олиб беришимни илтимос қилдилар. Мен бу дуони сизлардан олиб Эгамга йўлловчи бандаман! Мен қилдор нонини она сутидай ҳалоллаб еяпман, дуойим ижобат бўлар… Қани, халойиқ, бир дуо қилинг! Ё, Худо! Каримсан, Самадсан, раҳм айлаб ёр бўлгин ночор қуллар-а! Ҳайбатимдан титрар фили фаранги, Тошканднинг мулкида Эрбобо Занги, тавба қилдим мен гапирсам баланд-пас, ҳар бандадан баланд бўлур чўпу хас; Соҳибнинг сардори, эй Саид Ваққос, садағанг бўлайин Ғавс билан Ғиёс, ҳақнинг ғазначиси Хўжаи Хизр, шу банда дардига давосин бергил…
Дуонинг шу ерига келганда чолнинг сабри дош бермади. У гоҳ чиқариб, гоҳ бекитаётган пулини шартта бир келинчак орқали дорбозга узатиб юборди.
Дорбоз омин қилиб улгурмади – давра атрофидаги аёллар ёпирилишди. Ожизалар дуогирнинг кифтини, елкасини, кийимларини тавоф қилишарди. Дорбоз эса узатилган қўлларга алангсираганича гап қотишни канда қилмасди: Қутига, қутига! Атаганингизни қутига ташланг!..
Бир оздан сўнг, дорбоз ният қилгувчилар қолмаганлигини англаб, давра айланганича, дуонинг охирини калта қилди.
Дуодан кейин дор устидаги Шабнам-қизалоқ зир югуриб, ўспириннинг елкасига чиқиб, рақслар тушиб, томоша кўрсатди. Атрофни қарсак тутди. Қизча дордан туширилгач, тош ўйинлари бошланди. Ота-дорбоз ўз кучини кўрсатди. Икки пудлик тошларни осмонга отиб, кифти билан туртиб, илди.
Тош ўйинлари пайтида хотин-халаж сийраклашиб қолди. Катта ёшдаги эркак томошабинлар ҳам узоқ ушланишмади – дор атрофида энди кўпроқ ёш-яланг уймалашарди.
Дорбоз вазиятни илғаб, очиқдан-очиқ найрангга ўтди: енгил, бир пудлик тошларни чирпирак қилиб ўйнай бошлади…
Бутун томоша давомида отахон юк халтасига ўтирганича ўйинларни кузатар экан, уни аллақандай завқ, англаб бўлмас сир дорбозлар ўйинига маҳлиё қилди. Қария ҳатто ота-дорбознинг қаллоблигига хайрихоҳлик билан мийиғида жилмайиб қўйди…
Оларини олиб бўлган, ўйиннинг авж нуқтасини ўйнаб улгурган ота-дорбоз чарчадими, зада бўлдими, ўз ҳунарини бирдан, кутилмаганда тўхтатиб, бесўнақай, дароз масхарабозга ўдағайлади: «Ҳов, туядай лўкилламай, бошласанг, ўласанми?!».
Масхарабоз микрофонни жадал қўлига олганича ота-дорбозга қарата ўз ҳунарини – сўз ўйинини бошлади:
– Полвон тоғо, ҳов Полвон тоғо!
– Нима дейсан, Сўтак?
– Сизни доно деб эшитаман…
– Нима қилибди…
– Сизга битта савол берсам девдим-да…
– Хўш?
– Жавоб бера олармикансиз?
– Ҳа энди… Сен сўраб кўр-чи!…
– Қишлоқдаги аммамнинг бир қари сигири бор. Қачон қарамай доим кўзи ёшли туради… Нега сигир йиғлайди, а?
– Ҳа энди, очдир, балки амманг вақтида соғмагандир…
– Йўқ! Қорни доим тўқ: жеззам бедапояга қоровул. Аммам ҳам вақтида соғади – у чаккифуруш…
– Унда нимага йиғлайди аммангнинг сигири?
– Эри сизга ўхшаган ҳўкиз бўлгач, йиғлайди-да…
– Хап, сени аммангни сигирини…
«Гур-р» кулгу кўтарилади. Дорбоз масхарабозни қувлайди.
Чол масхарабознинг ҳазилидан кулиб юборди. Аммо кап-катта дорбознинг бесўнақай ҳаракатидан кўнглида ғашлик сезди.
Дорбоз сунъий қувлашини давом эттирди. Томошабин ёш-яланг ҳазилданми ёки бошқаданми ҳуштак чалиб шовқин солди.
Чол ўрнидан туриб чопонининг барини қоққан бўлди. У ниманидир эслаб, кетишга тараддудланди. Шу пайт катта дорбознинг ғайритабиий ҳайқириғидан сесканиб, ўйингоҳга сўнгги бор кескин назар ташлади.
…Бу пайт дор майдонини ўн-тўрт-ўн беш ёшлардаги бир ўспирин кесиб ўтиб, дорга чиқадиган нарвонга осилиб кўраётган эди. Уни дорга чиқмоқчи деб ўйлаган дорбознинг ҳайқириғи ўшанга экан:
– Ўв, ҳароми! Падарлаънати, дорга осилма! Ҳей сени яратганни… Қўлларинг акашак бўлсин, илойим!…
Чол дорбознинг сўзларидан жунжикди, сўнгра ранжиб кетди. Шартта носкадисини олди-да, нос отди. Кейин қопини шитоб билан ўнгирига қистирди-ю, кетишга шошилди.
Унинг қулоғига масхарабознинг сўнгги ҳазили илашди:
– Полвон тоғо, ҳов Полвон тоғо!
– Нима дейсан яна, Сўтак?
– Сиз биласизми…
– Нимани?
– Мен афсусланаяпман ҳозир-ҳозир, жудаям афсусланаяпман…
– Нимадан афсусланаяпсан?
– Агар башарангиз тозароқ бўлганда туфламоқчи эдим-да…
Қўш ноғоралар шовқинидан катта дорбознинг гаплари эшитилмай қолди.
Чол қадамини тезлаштирди.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 2-сон.