Қишлоқ фуқаролар йиғинининг навбатдаги мажлиси ярим кечагача чўзилди. Айтилмаган гап қолмади, эски зовурни тозалаш борми, маҳалланинг йўлини асфалтлаш керакми, барчасини айтилди. Гапираман деган кўп, лекин бирор ишни бўйнига олиб “Келинглар, шуни биргалашиб бажарайлик, одамларга енгил бўлсин”, дейдиган киши йўқ. Маслаҳат беришдан осони йўқ-да.
Шу пайт собиқ мактаб муаллими, ҳозир нафақада бўлган Дадаш муаллим ўрнидан ирғиб турди. Энди гап бошлаган Йўлдош махсумнинг “Бизнинг мачитда тарнов йўқ, қишда чакка ўтгани-ўтган…” деб бошлаган гапи бўғзида қолди. Дадаш муаллим ҳокимликдан ҳам вакиллар иштирок этаётганини, ўзининг гап-сўзларини диққат билан этишаётганини кўриб дадиллашди. Кўпдан бери кўнглига тугиб юрган дардларини тўкиб солди.
— Мен нафақага чиққан кекса одамман, — деди у товуши титраб. — “Худойим, берганига шукр”, деб жимгина уйда ўтиришим ҳам мумкин. Бола-бақра ўзи билан ўзи бўлган, биласизлар. Лекин, жим ўтиролмадим. Нега? Чунки, қишлоғимиз кўчаларидан ўтгани уяласан, киши. Йўллар ўнқир-чўнқир бўлиб ётганини ҳамма билади-ю, билмасликка олади. Бу йўллар ёзда чанг-тўзон, кўкламда кўллайди-ётади. Шу йўллардан ўзимизнинг фарзандларимиз, невараларимиз минг азобда мактабга, боғчага қатнашади. Нега шуни кўриб туриб, кўрмасликка оламиз?..
Дадаш муаллим гапирган сари овозидаги титроқ йўқолиб, ўзини эркин тута бошлади. Ҳар ҳолда, ўттиз йил бир жамоага раҳбар бўлиб келган одам эмасми, салмоқлаб, жой-жойига қўйиб гапирарди домла. Зал ҳам алланечук жимиб қолгандек эди. Кейин ивир-шивир, жонланиш пайдо бўлди, йиғилганлар қарсак чалиб юборишди. Бу муаллимнинг сўзларини қўллаб-қувватлашмиди ёки “Бўлар энди, қисқароқ қилинг!” деганларимиди, айтиш қийин. Шунга қарамай, Дадаш муаллим гапини давом эттирди.
— Ўша кўчалардан кечаси ўтишга қўрқади, киши. Атроф бийдай дала. Бир томон жарлик, чакалак… Наҳотки, ўша ерларга сим тортиб, тўртта симёғоч ўрнатиш қийин? — деди у.
Залда кутилмаганда қарсак янграб кетди. Дадаш муаллим буни кўриб яна жўшиб кетди.
— Ҳаммангизнинг хабарингиз бор, бир неча кундан бери уйларимизда сув йўқ. Нима эмиш, водопровод қувури ёрилган эмиш! Хўш, бунинг учун ким жавоб беради? Нега энди хотин-халаж, ёш болалар челак кўтариб бир чақирим наридан сув олиб келиши керак? Бунга мутассади ўртоқлар марҳамат қилиб жавоб беришсин. Айтаман деса, гап кўп. Болалар боғчаси ҳам, мактаб ҳам бир неча йиллардан бери таъмирталаб бўлиб ётибди. Ўзим бир неча бор хоналарга челак қўйиб, дарс ўтишга мажбур бўлганман. Яхши эмас бу, ўртоқлар! Хонадонлар тинч бўлса, маҳалла-кўй, қишлоқ тинч бўлади. Маҳалла-кўй осойишта бўлса, юрт тинч бўлади. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ нарсалар. Шуларнинг ҳаракатини қилайлик!..
Ҳа, махсумнинг гапини бўлиб қўйдим, унинг гапиям чин мачитнинг ҳам кузу баҳорда қора ёмғирда шифтидан чакка ўтади.
Залда яна қарсак янгради. Шундан кейин ҳокимият вакили, басавлат йигит сўз олди. Йигит катталарга хос салобат билан гапини Дадаш муаллимни мақташдан бошлади, домланинг гапларини тасдиқлади.
— Яхшиям орамизда Дадаш муаллимга ўхшаган куйди жон, ҳалол одамлар бор. Улардан ўрнак олиб, айтилган масалаларни бажариш керак. Сизларнинг маҳаллангиздан ўндан зиёд фан номзодлари, докторлар етишиб чиққан, эл танийдиган, ҳурматлайдиган одамлар туман, вилоят миқёсида кўп. Шунга муносиб бўлиш керак, — деди ҳокимият вакили, сўзини давом эттириб. — Ҳар бир гапимиз амалий натижасини топсин. Домланинг шу гапларидан сўнг, қўл қовуштириб ўтирмайлик-да, махсус гуруҳ тузайлик. Ана шу хайрли ишларни амалга ошириш унинг ўзига топширилади. Нима ёрдам керак бўлса, мана, фермерлар, тадбиркорларимиз бор. Улар ҳам савобли ишдан ўзини олиб қочмас. Қолаверса, биз бор. Фақат бу ишларни ким бўйнига олади? Масала шунда. Ҳеч ким ваъда бериб, шу ишга мен бош бўламан, демайди. Ё борми?
Зал жимиб қолди. Кўпчилик, ҳатто юқорида ўтирганлар ҳам беихтиёр Дадаш муаллимга қарашди. Муаллим ўрнидан турди ва
— Бўлди! Тушундим, мен шу ишни бўйнимга оламан, — деди. —Фақат ёнимда турсаларингиз бўлди…
* * *
Охир-оқибат, махсус ишчи гуруҳ тузилиб, унга Дадаш муаллимнинг ўзи раҳбар қилиб тайинланди. Шу билан мажлис тугади. Залдан чиқиб келишаётганда ҳамқишлоқлар Дадаш муаллимни табриклашди, кимлардир истеҳзоли кулимсиради, илжайди, кимдир шеригига маъноли қараб қўйди.
Ўша кундан бошлаб Дадаш муаллимнинг номи қишлоқдагиларнинг тилидан тушмай қолди. Баъзи бир қитмир одамлар ҳар кўрганларида “Кўчаларимизга қачон чироқ ўрнатилади, домла?, “Йўлларимизга қачон асфалт ётқизилади, муаллим?” дейдиган бўлишди. Ҳатто, “Сизга шу ташвишлар нима керак, Дадаш ака? Ўзингизни кўрсатмоқчи бўлдингизми? Керак одам ўзи қилиб олади!”, деганлар ҳам бўлди…
Дадаш муаллим ишни қишлоқ йўлини асфалт қилишдан бошламоқчи эди, аммо… Аввало, ўша кунги тузилган гуруҳ тарқалиб кетди. Ҳамма ўз тирикчилиги билан овора. Уларни йиғиш қийин: бировини топса, бошқаси йўқ. Муаллим ноилож ёнига бир-иккита йигитларни олиб ўзи ишга киришди.
Асфалт заводининг бошлиқларидан бири собиқ ўқувчиси Мансуржон экан. Суюниб ёнига кирдию, ҳафсаласи пир бўлиб чиқди.
— Яхши гап, домла, — деди Мансуржон жилмайиб. — Асфалт тайёр. Пулини ўтказиб берсаларингиз, бугун олиб бориб ётқизиб берамиз. Аммо… қишлоқни биламан. У йўллардан машина юролмайди. Аввал, ўша ўнқир-чўнқирларни текислаш, шағал ётқизиш керак. Кейин бемалол…
— Ўв, шогирд, сен қишлоқнинг йўли оғир, ўнқир-чўнқир дейсан. Бу гапларни мен ҳам биламан. Ана шуни тузатишга келганда биров ”миқ” этмайди. Сен ҳам шу ернинг одамисан. Пулини бериш бўлса, берамиз. Худодан жон қарз бор, бўтам. Сунбулага омон-эсон етсак, икки кам саксонга чиқаман. Менга нима зарил дейсан. Шу… биздан кейингилар биз юрмаган йўллардан юрса деймиз-да. — Дадаш муаллим сўнгги гапларини четга қараб айтаркан, худди ўзига ўзи гапиргандек, хаёлчан эди.
Мансуржон Дадаш муаллим айтган гаплардан туйқус таъсирланиб кетди. Катта идора, бу ерга кимки келадиган бўлса, бир даво билан келади. Ҳаммаси ҳам гапга етар одамлар, аммо… бундайларни кўравериб кўзи пишиб кетган собиқ ўқувчи домланинг кўнглидаги эзгу ниятларни чуқур ҳис этди.
Ва икки кун деганда қишлоқнинг кўчасига шағал келиб тушди. Одамзоднинг табиати қизиқ-да: бир иш бошланмагунча бир тийин бериши қийин. Дадаш муаллим Солибой фермерни шағал тўкаётган машиналарнинг олдига бошлаб келди. Йиғилиб турган беш-ўн қари-ёш билан Солибой сўрашгач,
— Ишлар катта-ку, малим, айтган гапингиз чин экан-да-а? — деди кулиб.
Шу гапни кутиб турган Дадаш муаллим ўйлаб турганини айтди:
— Солибой, сиз ҳам ҳокимликнинг вакили олдида бизнинг гуруҳга аъзо бўлгандингиз, бажарамиз, қиламиз, деган эдингиз. Мана, шағал тушди. Асфалт ҳам ётқизилади. Сизда вақт йўқ, биламиз. Лекин бунинг ҳисоб-китоби бор, сизни шунга чақирдик. Йиғилиб турганларнинг бариси фермернинг оғзига қараб турар, буни сезган, айни дамда бу гапни кутмаган, аниқроғи ишнинг бунчалик жиддий тус олганига ишонмаган Солибой бир оз жим турди-да, гапнинг бўларини айтди:
— Тушунарли, домла, йигитларнинг бирови заводнинг шартномасини олиб борсин, пулини ўтказиб бераман. Сизнинг гапингиз бизга қонун! Фақат асфалтнинг пулиниям қўшиб ёзивормасин, домла. Бошқа савоб талаб дўстлар хафа бўлишади, — деди кулиб.
— Эй, отангга раҳмат! Мана, ўғил боланинг гапи бўлди-да бу. Қани, ҳей, мусулмонлар, қўл кўтаринг, шу йигитга бир дуо берайлик…
Йиғилганлар дуога қўл очдилар.
Якшанба кунларининг бирида ҳамқишлоқларини ҳашарга чақирди. Чиққан чиқди, чиқмаган йўқ. Мактабдан юқори синф ўқувчиларини ҳам жалб этди. Белкурак, кетмон, замбил ташкил қилди. Икки ҳафта деганда йўллар текисланди.
Ростдан ҳам биргина Соли фермерга ҳам шағал, ҳам асфалтнинг малол келиши аниқ. Шу боисдан Дадаш муаллимни тағин ўй босди. Худди ўзининг уйига қурилиш бошлагандек безовта эди домла. Ўзидаги бу ўзгаришдан ўзи ҳам ҳайрон эди. Домла энди маҳалла раиси Тўлқин Рахимовнинг маслаҳати билан йиғилган мажлисда шу гапни қўзғади. Натижа ёмон бўлмади. Ўзимиз учун, қолаверса, савоб учун деган гаплар бежиз кетмади. Одамлар ҳали бу гапларни билади, эътиқоди бор ҳали бундай нарсаларга. Бўлари гап ҳам шу-да. Дадаш муаллимнинг болалик дўсти Носир бобо “Бир қўзили совлиғим бор, шуни бераман, неваралар мактабдан қайтганда қийналмасин,” деди. Аслида Носир бобо бу гапни айтармиди-йўқми, мажлисдан бир кун олдин Дадаш муаллим унинг уйига келиб, “Носир, жўра, энди бир қўллайсан. Биласан, кўпнинг олдида ваъда бериб қўйганман. Балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар, хуллас…” деб гапни пишитганди. Икки қариянинг муддаоси ўша… Зора…
Кўпники — кўл, деганлар. Қишлоқнинг олди тадбиркорлари бўлган ака-ука Санабековлар гарчи, ҳозир туман марказида яшасалар-да, мажлисда отаси ваъда берганини эшитиб, асфалт заводга пул ташлаб берадиган бўлишди. Ва ҳоказо…
Саф-саф машиналарда асфалт келган, тракторлар уни ётқизиб текислай бошлаган кунлари қишлоқда нақ байрам бўлиб кетди.
Қисқаси, йўл битди. Йўлки, қулинг ўргилсин. Энди шундай йўл қоронғи бўлиб ётса ярашмас, ахир. Симёғочларни кимдир “Ўзимизда терак бисёр. Шундан тортиб қўяйлик”, деди. Бу гап кўпчилликка маъқул келди. Аммо Дадаш муаллим бўй бермади.
— Ҳов анави урушдан кейинги йилларда шундай эди. Терагинг ўн-ўн беш йилда чирийди, қурт еб шамолда бировнинг устига ағанаб кетади. “Падаринга лаънат, сендай ток тортгичларни” деб орқангдан сўкиш эшитиб юрасан ҳамманг. Узоқ бўлсаям, йўл яхши, деган машойихлар. Семент столба керак бизга. Ҳали бу ерлар қишлоқ бўп кетади. Шунда шулардан фойдаланади. Биров эл ошиб кўчиб келмайди, бу ерларга. Ўзимизнинг болалар кўчиб уй солади. Гап тамом. Терак симёғоч бўлмайди.
Дадаш муаллим тўғри айтаётганди. Шу сабаб маҳалла гузар-гузар бўлиб ўзларига тегишли жойга семент симёғоч топадиган бўлди. Албатта бирор жойда ўсиб турмайди бу матоҳ. Пул йиғишди, тракторга ортиб, судратиб келишди. Туман электр идораси одам юборди. Мутахассислар симёғочларни ўрнатиб кетишди. Буни кўриб Дадаш муаллим хурсанд бўлди, кўзларига ёш келди.
Энди боғчаю мактабни таъмирлатишга киришмоқчи эди, эски касали қўзиб, ётиб қолди. Маорифдагилар “Домла, чарчадингиз. Буёғини ўзимизга қўйиб беринг. Вақти-соати билан бўлади”, деб уни тинчлантиришди.
Ана ўша кунларнинг бирида қишлоқ клубида бажарилган ишлар юзасидан мажлис чақирилди, ҳокимликдан ҳам одам келди. Қишлоқ фуқаролар кенгашини, унинг раисини мақтовларга кўмиб ташлади, айниқса, Дадаш муаллимни “тиниб-тинчимас отахон” деб унга раҳматлар ёғдиришди. Ҳатто сўз олган мактабнинг ҳозирги директори ҳазиллашиб “Дадаш ака, бирон эллик йилдан сўнг номингизни мактабга қўямиз, деб юргандик, энди маҳаллага қўйиладиган бўлди,” деди. “Нега эллик йил?”, деган гапга “Дадаш ака бизга мана шу қурилишларнинг ҳаммасини бажариб бермагунча у ёққа жавоб йўқ-да, қолаверса, яна эллик йиллар биз билан бирга юради”, деб ҳаммани кулдирди.
Тантанали йиғилишдан кейин зиёфат бошланди. Фуқаролар кенгаши зиёфатга катта тайёргарлик кўрган экан. Қўй сўйилди, ош тортилди. “Асфалт бўлган йўллар, чироқлар нуридан чароғон кўчалар учун” қадаҳлар ҳам кўтарилди. Буёғига куй-қўшиқ, рақс авжига чиқди. Қарс-бадабанг базм анчагина давом этди.
Дадаш муаллим кўз ўнгида бўлаётган базмга қараб ўтираркан маҳалланинг бирорта тўйида бундай шод-хуррамлик бўлмаслигини бехос англаб қолди. Ҳа, одамларни қувонтириш учун кўп нарса керак эмас. Бошини бириктириб туришса, бас. Шу каби ўйлар билан кўп қатори ўтирган муаллимнинг бирдан кўкраги санчди. Ўтиб кетар деган ўй билан кўксини силаб, чуқур нафас олди. Бўлмади. Ҳеч кимга сездирмай ташқарига йўл олди. Ёнидаги Носир бобо “Ҳа, Дадаш?” дегандек, қараш қилди. Муаллим кўзларини баравар юмиб-очиб “Ҳозир қайтаман” ишорасини қилди. Аммо Дадаш муаллим даврага қайтмади.
* * *
Ўша оқшомда Дадаш муаллимнинг юраги санчгани, клуб биносидан чиқиб қоронғи бурчакка келиб чўккалагани бор гап эди. Ҳатто кимнингдир унинг ёнидан ўтаётиб, “Кўп отиворибди-да, ишни қилган биров, маст бўлиб маишат қилган биров”, дея муаллимни танимай ўтиб кетгани ҳам рост эди. Овозидан пастки қишлоқлик Сарвар тракторчи эканини у узоқлаб кетгач пайқади домла. “Танимади”, деб кўнглидан ўтказди, муаллим. Ҳа, Сарвар домлани танимади, эҳтимол кайфи бордир. Ўлиб-тирилиб шағал ташиган, симёғоч ташиганларнинг бири шу Сарвар эди.
* * *
Дадаш муаллим ўзига келмади, ўзи айтгандек сунбула ўтиб, икки кам саксонга кирганида, кунлар салқин тортган бир кунда омонатини топширди. Туман марказидан уйига олиб келишганида ҳам ҳушёр эди. Тепасида турган ўғлига тикилиб боқди кейин Носир жўрасига қараб икки оғизгина гап айтди муаллим:
— Носирбек, жўра, бир йилча бурун кўпнинг олдида ваъда бергандим. Бир -қисмини бажардим. Энди буёғига ўзинг бош бўл. Энди менинг илҳақ бўладиган бошқа ишим йўқ.
Дадаш муаллимни қишлоқнинг қабристони томон олиб ўтаётган машиналар текис асфалт йўлдан елиб боришар, ҳамманинг кўнглидан бирдек гаплар кечаётган эди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 29-сонидан олинди.