Тош бармоқлари орасида тутаётган сигарет қолдиғини кулдон четига босиб ўчирди-да, рўпарасида турган йигитчаларга ер остидан ўқрайиб қаради ва стол устида ётган тугунчага имо қилди:
— Бу нима?
Йигитчалар тезда бир-бирларига қараб олишди.
— Боя айтганим, ўлжа… — минғиллаб қўйди йигитчалардан бири — қўл-оёқлари калта, кўзлари ўйнаб турадиган Читтак лақабли ўғри.
Тош оч дегандек имо қилди.
Йўғон бўйнига ингичка занжир таққан, сочлари жўхорипопукка ўхшаган сап-сариқ бола чаққонлик билан тугунчанинг учларини ёйиб, яна ўрнига бориб турди.
Тош белидан резин, баъзиларига ип ўтказиб боғланган бир даста эски юз сўмлик, икки юз сўмликларни кўриб, худди бемаза нарса егандек афтини буриштирди-да, саволини қайтарди:
— Нима бу?
— Соққа, — деди Читтак илжайиб.
— Мен сендан сўраяпман, Малла? — овозини баландлатди Тош.
— Бугунги «ов»имиз шу бўлди, Тош ака, — дея Малла лақабли ўғри кўзларини олиб қочди.
— Қаердан олдиларинг? — унга қаттиқ тикилди Тош.
— Чорсу бозори оралаб ўтиб кетаётувдик, — деди Читтак тиржайиб. — Қарасак, бир чол билан кампир бир-бирини «подружка» қилиб кетишаяпти. Қўлларида рўзғор халта. Ичида шу бор экан. Олдик. Шу…
Бу ғалати суҳбатни, Тошнинг гап-сўзларидаги совуқ оҳангни сезиб, нарироқдаги пастак курси ёнида «дурак» ўйнаб ўтирган бир-бирига жуда ўхшаш икки йигит ва қоп-қора, башараси совуқ йигит жим бўлишди.
— Қанча экан? — сўради яна Тош қошларини чимирганча, қўлларини қовуштириб ўтираркан.
— Билмадим? — елка қисди Малла. — Санамадик…
— Кўринишидан йигирма-ўттиз минг чиқиб қолади, — гапга қўшилди Читтак стол устидаги пуллардан кўз узмай.
— Кунларинг энди чол-кампирларнинг пенсиясига қолдими? — истеҳзоли кулимсиради Тош. — Уялмадиларингми?
— Нега уялиш керак? — тушунмади Читтак бидирлаб. — Икки қўлни бурунга тиқиб қайтгандан кўра, яхши-ку!
— Ёмон! — столга тап этиб уриб, ўрнидан турди Тош ва йигитчаларга рўбарў келди. — Мен сенларга нима деганман?
Ҳеч ким жавоб бермади.
— Камбағал, зўрға судралиб юрган бечора одамларнинг пулларига тегмаларинг деганманми? — кўзларида совуқ бир ўт ялтираб кетди Тошнинг. — Гапирларинг!
— Нима деймиз? — хўрсиниб қўйди Малла бошини эгиб.
— Ўл дейсан, дард дейсан! — тўсатдан бақириб юборди Тош муштларини қисиб. — Эпласанг ўғрилик қил, хўпми?.. Бўлмаса, ана катта кўча! Палосми, наматми ё кафанлик олишга тушган чол-кампирнинг арзимаган пулини ўмариб келиб, яна ўлжа деб олифталик қиласан!
Йигитчалар индашмади.
— Ўғил бола бўлсаларинг, ана, бели синмаган долларларни санаб ўтирган бойваччаларни, кўзини лўқ қилиб харидорнинг ҳақидан уриб қоладиган савдогарларни шилинглар! Олиб бориб беринглар буни!
— Қаёққа? — ҳайрон бўлди Читтак.
— Катта холангникига! — унга еб қўйгудек қараган Тошнинг тақа мўйлови асабий титраб кетди. — Эсларингда бўлсин, гадонинг душмани гадо бўлади. Ўғри ўғриларни шилиши керак!
— Бир-биримизни демоқчимисан? — луқма ташлади қора йигит ўрнидан тураркан.
— Сендан ҳеч ким гап сўрагани йўқ, Қора! — елкаси оша унга хўмрайиб қараб қўйди Тош. — Сен билан мени доғда қолдириб кетадиган ўғрилар бор. Бўйнига галстук боғлаганми, бошига шляпа кийганми, аҳамияти йўқ. Ана ўшаларни шилиш керак! — у шундай деб яна рўпарасидаги йигитчаларга ўгирилди. — Бу пулларни кимнинг сумкасидан олган бўлсаларинг, ўша жойга қўйиб келасанлар.
— Тош ака… Шартмикан? — минғиллади Читтак лабларини қимтиб.
— Менга қара, Читтак, — Тош овозини пасайтирди, — агар яна бир марта шунақа гап қилсанг, патларингни битталаб юлиб ташлайман…
Читтак маъқул ишорасини қилиб, стол устидаги пулларни яна рўмолчага тугаркан, нарироқда суҳбатга қулоқ солиб жим турган Қора Тошга яқинлашди.
— Нима қилаяпсан ўзи, Тош? — деди норози оҳангда. — Қаёққа юбораяпсан буларни? Қайси киссавур ўғирлаган нарсасини жойига қайтариб олиб бориб қўяди? Қўлга тушиб қолишса нима бўлади?
— Сен аралашма дедим, — деди Тош унга қарамай.
— Ўзингни камбағалпарвар, виждонли қилиб кўрсатмоқчимисан? — кинояли тиржайди Қора тилла тишларини йилтиратиб. — Минг товланма, сен ҳам ўзимиз қатори ўғрисан!..
Тош унга ўгирилди-ю, индамади. Секин ёнига келди.
— Яна? — деди кўзларини қисиб.
— Бўлди.
— Йўқ, бўлмади.
— Нима бўлмади? — худди уни мазах қилаётгандек атрофдагиларга намойишкорона қаради Қора.
— Мана бу! — тиззаси билан унинг чотига тепди Тош.
Қора уҳ деганча букчайиб қолди ва ҳали бошини кўтариб улгурмай, жағига тушган кучли зарбдан гурс этиб ағдарилди, оғзи-бурнидан тирқираб қон отилиб, типирчилаганча ётиб қолди.
Хонадагилар қимирлашга, бирон нима дейишга ҳам ҳайрон эдилар.
— Агар яна битта шунақа қичиқ гап қилсанг, чотингни йириб ташлайман, — Тош шундай деркан, хўмрайганча Малла билан Читтакка қаради, — энди бориб, айтганимни қилинглар. Томоша тамом.
Йигитчалар шоша-пиша хонадан чиқиб кетишди.
— Ҳасан, — деди Тош бир-бирига ўхшайдиган йигитчаларга қарамай. Улардан бири яқинлашди.
— Эшитаман, Тош ака.
— Сен анави иккаласининг орқасидан сездирмай бор. Қара! Агар бирон ўйин қилишмоқчи бўлса, яхшилик кутишмасин.
— Хўп, ака, — Ҳасан шундай дея қозиқдаги калта чарм курткасини елкасига ташлаб, эшик тарафга юрди.
Эшик очилиб, ёпилди.
— Ҳусан, — деди яна Тош ҳамон ерда инграб ётган Қорага жиркангандай тикилиб.
— Лаббай, ака? — Ҳусан унга юзланди.
— Сен Қорага ёрдамлаш, юз-қўлини ювиб олсин.
У шундай деркан, кулимсираганча гапида давом этди:
— Жуда ишқалаб ювмасин. Қора нарса оқариб кетса, танимай қолмайлик тағин.
— Хўп бўлади, — деди Ҳусан Қора томон юраркан.
Тош лабига сигарет қистирди-да, тўппонча шаклдаги ёндиргични ёқиб ўт олдирди ва индамай эшикдан чиқиб кетди…
* * *
Шаҳарнинг хилват бир бурчагига жойлашган, сиртдан қараганда ҳеч кимнинг диққатини жалб этмайдиган, дераза ойналари синиб, қийшайиб қолган катта эшиги тепасига «Макулатура. Шиша. Пластмасса идишлар қабул қилиш пункти» деб қинғир-қийшиқ ҳарфларда ёзиб қўйилган кўримсизгина иморат ва унинг ўнқир-чўнқир, ахлатхонани эслатувчи ҳовлиси ҳар жойдан йиғиштириб келинадиган чиқинди, қоғоз ва идишлар маконига ўхшаб кетар эди.
Атрофи бетон девор-у темир панжаралар билан ўралган бу чоғроққина ҳовли, тўғрироғи, исқирт майдончанинг теварагини чангалзор янглиғ чигал наъматаклар, малина буталари, катта-кичик дарахтлар қоплагани, улар оралаб ўтган торгина йўлканинг адоғи девор ортидаги Жинариқ жарларига уланиб кетгани ва деворнинг бир қисмини, дарвоза ўрнини бажарувчи панжарали тўсиқнинг очилиши, у ёғи жар ёқалаб халқа йўлига ҳамда шаҳарга чиқиладиган ҳудудга олиб бориши етти ухлаб ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмайдиган ғайритабиий манзара эди. Бу нарса бу ерга машина-машина чиқинди қоғозлар-у бўшаган шиша, пластмасса идишларни келтириб ташлайдиган ҳайдовчиларнинг ҳам хаёлига келмасди.
Ана шу пастаккина, омонат уйчанинг айланма тор зиналардан тушиладиган ертўласи ва у ердаги манзарани кўрган кишининг эса эси оғиб қолиши тайин эди.
Ертўла бир неча катта-кичик хоналарга ажратилган бўлиб, худди ерости қасрининг ўзи деса, тўғрироқ бўларди.
Шоҳона безатилган ҳайҳотдек меҳмонхонага кираверишда катта кондиционер ўрнатилган, пастак шифтга осилган биллур қандилнинг кўзни қамаштиргувчи шуъласи деворларга осилган гулдор гиламларнинг сатҳида, ойнаванд шкафнинг ойналарида жилваланар, қаердандир магнитофондан турк эстрадасининг шўх мусиқаси қулоққа чалинар, ана шу мусиқа ҳамда бурчакдаги камин ичидаги чўғ ва ўтинларнинг алланимадан чўчигандек аста чирс-чирс этиб қўйишигина бу ердаги сирли сукунатни бузаётганга ўхшарди.
Камин рўпарасидаги тебранма ёғоч креслода дўндиққина бир жувонни тиззасига олиб ўтирган йўғон мўйловли, полвонкелбат йигит ана шу «қабул пункти»нинг ва айни чоғда шу ҳудуддаги киссавурларнинг бошлиғи Тарлоннинг кайфияти яхши эмаслиги турқидан сезилиб турарди.
Шу топда гулдор, ҳарир халатининг ёқалари очиқ жувоннинг худди мушукдек ўзига суйкалиши, таранг кўкракларини ишқалаб, узун тирноқли бармоқлари билан сочларини тараб, бўйнидан қучганча ўпиб ўтириши ҳам Тарлонга ёқмас, гоҳ қадаҳдаги конякдан ҳўплаб, гоҳ сигарет тутатганча хаёлга чўмиб ўтирарди.
Шу пайт кираверишдаги зина тарафдан кимнингдир қадам товушлари эшитилгандек бўлди-ю, жувон сергакланди. Кейин норози қиёфада ўша тарафга қараб қўйиб, халатининг ёқасини ёпиш баробарида йигитнинг тиззасидан тушиб, ўрнидан турди.
Эшик тақиллаб очилди ва Тошнинг юз бичимлари худди мумдан ўйиб ишлангандек чиройли боши кўринди.
— Ке, кел Тош! — жилмайди Тарлон креслога ўрнашиб ўтираркан ва шу лаҳзанинг ўзида ёнида маишатини бузгани учун Тошга чимирилиб турган жувонга кет дегандек кўзлари билан имо қилди. Жувон уни тушунди-ю, хонанинг қарама-қарши бурчагидаги, эшигига бамбук парда тутилган хона тарафга ўтиб, кўздан ғойиб бўлди.
Тош жувоннинг қадди-қоматига бир қараб қўйди-ю, кулимсираб Тарлоннинг рўпарасидаги креслога келиб ўтирди.
— Маишатнинг белига тепдим шекилли? — шундай дея эшик томонга ишора қилди. — Хонимнинг кайфияти бузилди.
— Э-э, уни қўявер, эски пайпоқдек гап, — кулди Тарлон столча устидаги қадаҳларга коняк қуяркан, — исталган пайтда ечиб, ахлатга ташлаб юборилади. Ўзингдан гапир! Ишлар қалай?
— Чидаса бўлади, — Тош шундай дея қадаҳлардан бирини олиб, бир кўтаришда бўшатди-да, ликопчадаги парракланган лимондан оғзига соларкан, Тарлонга қаради, — чақиртирган экансан, тинчликми?
— Тинчлик, тинчлик, — Тарлон сирли кулимсиради. — Шундоқ ўзим. Бир башарангни кўргим келиб қолди…
— Нимасини кўрасан? — илжайди Тош лабига сигарет қистирар экан. — Ўша башара, ўша турқ!..
Улар бир-бирларига маъноли қараб, кулиб юборишди. Кейин бир лаҳза жим қолдилар.
Тош жувоннинг қадди-қоматига бир қараб қўйди-ю, кулимсираб Тарлоннинг рўпарасидаги креслога келиб ўтирди.
— Маишатнинг белига тепдим шекилли? — шундай дея эшик томонга ишора қилди. — Хонимнинг кайфияти бузилди.
— Э-э, уни қўявер, эски пайпоқдек гап, — кулди Тарлон столча устидаги қадаҳларга коняк қуяркан, — исталган пайтда ечиб, ахлатга ташлаб юборилади. Ўзингдан гапир! Ишлар қалай?
— Чидаса бўлади, — Тош шундай дея қадаҳлардан бирини олиб, бир кўтаришда бўшатди-да, ликопчадаги парракланган лимондан оғзига соларкан, Тарлонга қаради, — чақиртирган экансан, тинчликми?
— Тинчлик, тинчлик, — Тарлон сирли кулимсиради. — Шундоқ ўзим. Бир башарангни кўргим келиб қолди…
— Нимасини кўрасан? — илжайди Тош лабига сигарет қистирар экан. — Ўша башара, ўша турқ!..
Улар бир-бирларига маъноли қараб, кулиб юборишди. Кейин бир лаҳза жим қолдилар.
— Сен ўғил боласан, Тош, — деди Тарлон ундан кўз узмай ўтираркан, чуқур тин олиб, — сени мардлигинг, тўғрилигинг, ҳеч нимадан тап тортмаслигинг учун яхши кўраман. Сенга ишонса бўлади.
— Эркаклар бир-бирини мақтаса ярашмайди, — деди Тош кўнгли ниманидир сезиб, — мақсадга кўч!
— Мақсад шуки… — Тарлон шундай дея лабларини қимтиб қўйди, — ўзингнинг ҳам хабаринг бўлса керак… Сени қидириб юришибди. Ҳамма мелисахоналарга суратинг ёпиштириб ташланган.
— Биламан, — деди Тош бошини эгиб.
— Билишнинг ўзи камлик қилади. Шароитга қараб иш қилиш керак. Қачонгача каламушдек биқиниб юрмоқчисан?
Тош номаълум нуқтага тикилганча индамай ўтирарди.
— Мен сенга олдин ҳам айтгандим, — Тарлон сигарет кулини қоқаркан, гапида давом этди, — ўша режиссёрга бекор теккансан. Мана энди ўша ҳезалак худди биров зўрлаб қўйган шаллақи хотиндек тўс-тўполон қилиб юрибди. Ҳали мелисага арз қилган… Ҳали сен ҳақингда маза-бемаза гап-сўзлар тарқатган…
— Асли ўшанда ўлдириб қўяқолмаганимга ачинаман, — унинг гапини бўлиб, Тош таассуф билан бош чайқади.
— Бунақа бемаза гапни гапирма, — уни жеркиб ташлади Тарлон, — икки йил ўтириб чиққанинг камлик қилаяптими сенга? Ўзинг бундоқ очилиб гапирмасанг! Жим юраверасан…
Тош унга нимадир демоқчи бўлганди, Тарлон қўлини силтаб тўхтатди.
— Биламан, учраганга дардингни айтиб, дийдиё қилиб юришни ёқтирмайсан. Шунинг учун ҳам сени ҳурмат қиламан. Айтмасанг ҳам, ҳаммасини ўзим аниқлаб олдим.
Тош унга ҳайрон бўлиб қаради.
— Ҳа, биласан-ку, разведкам қаттиқ ишлайди, — илжайди Тарлон. — Қанақадир ашулачи қизни деб ўша режиссёрга қўл кўтарганингга сира ақлим етмаяпти. Сен бунақа майда эмасдинг шекилли?
— Қанақадир ашулачи қиз эмасди у, — деди Тош томоғига нимадир тиқилгандек хириллаб.
— Ким бўлмаса? Ўйнашингми?
— Йўқ, синглим Зумраднинг дугонаси эди, — деди Тош ўйчан оҳангда, — икки ойча аввал кечқурун олдимга йиғлаб келди… Фарид деган бир режиссёр шилқимлик қилиб, тинчлик бермаётганини айтди…
— Нима, зўрлаб қўйибдими? — кинояли жилмайди Тарлон ундан кўз узмай.
— Йўқ, — бош чайқади Тош, — Ҳолливудда актрисалар тўшак орқали экранларга чиқишади дебди.
— Бу нима дегани? Ҳолливуднинг нима алоқаси бор экан? — дафъатан тушунмади Тарлон.
— Мараз бу гапи билан «Бир кеча қўйнимда ётасан… Менга ўйнаш бўласан… Кейин сени телевидениега олиб чиқаман, контсертлар программасига киритаман. Клипларга тушасан, видеокассеталар тайёрлатаман» демоқчи бўлган.
— Ашулачи қиз шунақа чиройлими? — унга синовчан тикилди Тарлон.
— Ҳа. ёмонмас, — деди Тош яна сигарет тутатиб, — ҳали ёш. Энди ўн тўққиз ё йигирмага тўлади. Талантли қиз дейишади. Синглим билан бир синфда ўқишган. Яқин дугонаси…
— Буни айтдинг, — деди Тарлон сабри чидамай, — кейин-чи?
— Кейин, ўша қиз…
— Оти нима ўзи? Барно эканми?
— Ҳа, — деди Тош таажжубини яширмай, — ўша қиз «менга ёрдам беринг, жонимдан тўйдириб юборди» деб йиғлади. Отаси ногиронлар аравачасида юрадиган бечораҳолгина одам экан. Шундан кейин режиссёр билан гаплашиб қўйишга тўғри келди…
— Уни сўймоқчи, дорга осмоқчи бўлибсанми?
— Бўлмаган гап. Буни унинг ўзи тўқиб чиқарган, — деди Тош жаҳл билан.
— Билмадим, — елка учириб қўйди Тарлон, — ҳар ҳолда, менга етиб келган маълумотларга қараганда, у мелисахонага шунақа деб ёзган.
— У ифлосга қўлимнинг учини ҳам теккизмадим, — давом этди Тош. — Фақат шерикларим билан кечаси у дам олиб ётган уйга бордик. Кароватга қўл-оёқларини боғлатдим. Кейин оғзига пайпоғини тиқиб, устидан бир челак бензин септирдим…
— Ошириб юборган экансан, — кулиб юборди Тарлон.
— Аслида бу ҳам кам унга, — деди Тош лабларини қонатгудек тишлаб.
— Кейин-чи?
— Кейин… Кейин устига бензин сепиб, гугурт чақдим, — деди Тарлон ўша манзарани кўз олдига келтириб. — У бўлса худди туғаётган хотиндек питирлаб, кўзлари косасидан чиқиб кетай деди. Ёниб турган гугурт чўпини устига ташласам бўлди эди…
— Унга шафқат қилгансан, шунақами? — жилмайди Тарлон.
— Йўқ, — Тошнинг овози бўғиқ чиқди, — осонгина ўлиб, қутулиб кетишини хоҳламадим. Азобланиб юришини кўргим келди. «Бундан кейин бирон қиз ёки аёлга бир оғиз гапирсанг, шашлик қилиб, куйдириб ташлайман. Кулингниям топиша олмайди» дедим. Шу холос…
— Шу холосмиш! — бош чайқади Тарлон. — Уни ўлгандан баттар қилиб қўйиб…
— Асли ўлиши керак эди, — деди Тош алам билан.
— Балки ўшанда устингдан арз қилиб югуриб юрмаган бўлармиди? Ҳай, майли! — Тарлон ўрнидан туриб, қўлларини бир-бирига урди, — бўлар иш бўлган. Лекин мелиса сенга қидирув эълон қилгани чатоқ. Майли, кўп сиқилма. Буни ўзим тинчитишга ҳаракат қиламан.
— Кераги йўқ, — деди Тош тишларини қисиб, — бошпана бериб турганингни ўзи катта гап. Ишларим сал тинчиса, кетаман. Россиягами, Қозоғистонгами… У ёғи бир гап бўлар.
— Ҳа, у ёқда «Тош деган «авторитет» қачон келаркин?» деб сени қучоқ очиб, кутиб туришибди! — деди Тарлон кўзлари ёниб, — бунақа аҳмоқ гапларни қўй. Айтмоқчи, ўша режиссёрни кўрдим. Фаридмиди оти?
— Ҳа.
— Юраги ёмон бўлиб қолибди, — илжайди Тарлон, — касалхонада ётиб чиқибди. Юрганда боши бир тарафга қийшайиб-қийшайиб кетадиган касалга учрабди. Нерви ишдан чиққан бўлса керак!.. Иннайкейин, аёлларни кўрса тескари қараб ўтармиш…
Кулиб юборишди.
— Ҳар ҳолда, эҳтиёт яхши, — Тарлон бирдан жиддийлашди. — Дўстдан душман кўп, буни биласан. Бўлмаса менга шу ахлатхонада ишлаб, нима зарил? Бир чеккада, хилватда бўлгани учун юрибман. Негалигини тушунарсан?
Тош ҳа дегандек бош қимирлатди.
— Бўпти, энди мақсадга кўчайлик, — Тарлон Тошнинг елкасига қўлини қўйди, — мен бор эканман, ҳеч нарсадан чўчима, оғайни. Сени уларга ем қилдириб қўймайман. Айтмоқчи, йигитлар уйингга бориб келишди…
— Хабарим бор, — деб қўйди Тош секин.
— Онанг ҳам, синглинг ҳам сени узоқ сафарда, бирон мамлакатда тижорат қилиб юрибди деб ўйлашаркан, — хушнуд оҳангда гапида давом этди Тарлон. — Бу ёмон эмас. Демак, ҳеч ким сенинг бу ерда, Жинариқда эканлигингни билмайди. Хуллас, йигитлар уйингга бир қопдан ун, гуруч, картошка, пиёз, яна алламбалолар олиб бориб, «Тош ака бериб юборди. Ўзи тез орада келиб қолади» дейишган.
— Раҳмат сенга, — деди Тош унга миннатдорона нигоҳ ташлаб.
— Йўқ, мен сенга буни миннат қилаётганим йўқ, — деди Тарлон қўлларини орқага қилганча хонада у ёқдан-бу ёққа юраркан. — Биз оғайнимиз, шунақами? Дўстмиз, ҳамкасбмиз, тўғрими? Ҳамиша бир-биримизни қўллаб яшашимиз керак. Кел, шунинг учун бешта-бешта оламиз!
У шундай дея столча ёнига бориб, қадаҳларга «Бренди» қуйди-да, биттасини узатди.
— Бир вақтлар Сибир тарафларда лагерда бўлганимда бир нарсани кузатганман, — гапида давом этди Тарлон қўлидаги қадаҳда чайқалиб турган ичимликка тикилганча. — Биласан, у ёқларнинг шамоллари, бўронлари ёмон бўлади. Шунинг учун дарахтларни бир-бирига яқин, зич қилиб экишаркан… Тушунаяпсанми буни? Дарахтлар қаттиқ шамолда синиб кетмаслиги учун шунақа бири-бирига суяб ўстирилган. Улар йиқилса ҳам, ёнидагиларга суяниб қоларкан…
— Яхши гап экан, — деди Тош ҳавас билан боқиб.
— Кел, шунинг учун олайлик. Биз ҳам ўла-ўлгунча ўша дарахтларга ўхшаб бир-биримизни суяб яшайлик!
Улар қадаҳларни тўқиштириб ичишди. Лимон парракларидан газак қилишди.
— Яхши гап айтаяпсан-у, лекин барибир ҳалиям мақсадга ўтмадинг! — деди Тош оғайнисига ер остидан қараб қўйиб.
— Мақсадга шошилма, — кулди Тарлон, — ундан кўра айт, нега Қорани урдинг?
Тош ҳайрон бўлиб қолди.
— Дарров қаёқдан била қолдинг?
Тарлон яна кулди.
— Мен сенга боя разведкам қаттиқ ишлайди дегандек бўлдим шекилли?
— Ўзидан чиқди, — деди Тош хўрсиниб. — Агар яна бир марта ювилмаган қошиқдек ўзига алоқаси йўқ нарсага аралашаверса, мендан ўпкалаб юрмасин. У сирпанчиқ бола. Хоин. Мен бунақа шилталарга ишонмайман!
— Яхши-яхши, — деди Тарлон кулимсираб, — биларкансан… Лекин билганингни билдирма. Кўр! Кўрмагандек юр! Эшит! Ўзингни эшитмаганга ол! Сенга неча марта айтаман буни! — у Тошнинг авзойи ўзгараётганини сезиб, елкасига мушт уриб қўйди. — Бўпти, тумшаяверма! Кел, энди мақсадга кўчайлик. Сен энди бунақа ишларни қўй, оғайни. Киссавурлик, бировларнинг уйини тунаш билан хўп шуғулландинг. Энди бунақа ишлар сенинг авторитетингга ярашмайди…
Тош оғайниси қандайдир муҳим бир нарсани айтмоқчи эканлигини сезиб унга тикилди…
* * *
Малла билан Читтак Чорсу бозори оралаб боришар, вақт пешиндан оққанига қарамай бозор гавжум, чумолидек тўзғиган одамлар орасидан юриш ҳам, ўтиш ҳам қийин эди.
— Бу арининг уясида чол билан кампирни топишни айт энди! — деди Читтак лабларини чўччайтириб.
— Тошнинг гапларини эшитдинг-ку? — деди Малла жиддий оҳангда. — Топиш керак!
— Аллақачон пулим йўқолди деб дод-вой қилиб юрган бўлишса-чи? — атрофига ўғринча назар солиб қўйди Читтак.
— Йўқ, — деди Малла, — ҳеч гап бўлмаган. Сезишмаган. Бўлмаса «ҳиди» келарди.
Улар ён атрофларидаги одамлардан кўз узмай кетиб боришаркан, Читтак яна гап қотди:
— Тош Қорани ёмон урди-а?
— Сен ҳам шунақа калтак емай десанг, бидирлайвермай, тезроқ юр! — қовоғини уйди Малла.
Бозорларнинг пана-пастқамларини ўғриларчалик яхши биладиган одам йўқ деганларича бор. Улар чорак соат ўтар-ўтмас йўл четида етаклашиб бораётган чол билан кампирни топишди. Читтак чолнинг қўлидаги сумкадан пул тугилган рўмолчани қандай чаққонлик билан олган бўлса, шундай эпчиллик билан жойига солиб қўйди. Бунга ҳатто Малладек тажрибали ўғри ҳам қойил қолди.
Буни сезган Читтак мамнун илжайиб қўйди:
— Профессион де фуа!..
Кулишди.
Улар бозордаги сон-саноқсиз расталар оралаб, одамларга туртилиб-суртилиб қайтишаркан, дугонаси билан кулишиб келаётган, сочлари лайлакуя, қадди-қомати келишган сатанг бир хоним билмасдан Малланинг оёғини босиб олди ва ҳали узр сўрашга улгурмай, Малла уни елкаси билан туртиб юборди. Хоним оҳ деганча нарига учиб кетди. Агар шу лаҳзада Читтак аёлнинг билагидан ушлаб қолмаганда, оёқ остига йиқилиши аниқ эди.
— Идиот! — деди хоним лолақизғалдоқдек қилиб бўялган лабларини буриб ва Читтакка қараб ширин жилмайди:
— Мерси!
— Мерси, пардон, мадам, — ҳиринглади Читтак ва аёлнинг бўйнидаги қийшайган шарфини тўғрилаб қўйиб, Маллага эргашди.
— Аёл кишигаям шунақа қўполлик қиладими? — деди нарироққа ўтишгач.
— Аёлмас, қирчанғи-ку! — хўмрайди Малла. — Шунақаларни кўрсам, кўнглим айнийди…
Улар шу тахлит эски шаҳар тарафга ўтиб боришаркан, Читтак афсус билан бош чайқади:
— Шундоқ қутлуғ жойдан қуруқ чиқиб кетаяпмиз-а?
— Бўлмаса, ана, яна ўша чол-кампирнинг орқасидан чоп! — ишшайди Малла уни мазах қилиб.
— Жуда бўлмаганда, мана бунинг иккинчисини ҳам олганимда майлийди, — илжайди Читтак кафти орасидаги беш сўмлик тангадек чиройли тилла зиракни кўрсатиб.
— Қаердан олдинг? — ҳайратини яширолмади Малла.
— Мерси мадамдан! — деди Читтак бошини орқага ирғаб.
— Боя суяб қолганингда шилиб бўлган экансан-да? — шеригининг эпчиллигига ҳайрон қолди Малла.
— Нима, теп-текинга суяб қолаверади деб ўйлаганмидинг?
— Ҳа, сенга гап бўлиши мумкин эмас. Тарлон ака сени бекорга эркалатмайди…
— У кишининг шогирдиман-да, — деди Читтак мақтаниб.
Икки ўғривачча шу тахлит бекат тарафга кетишаркан, тепада, бозор ўртасидаги зиналарда турганча ўзларини кузатаётган бошқа шериклари — Ҳасанни сезишмади…
* * *
— Гап бундоқ, — деди Тарлон Тошга синовчан тикилиб, — энди майда-чуйда ўғирликларни йиғиштир. Ёш бола эмассан. Каттароқ ишларга қўл уришинг керак.
— Масалан? — деди Тош ўғрибошидан кўз узмай ўтираркан.
— Бир одамдан шикоят тушди, — деди Тарлон ўрнидан туриб яна хонада у ёқдан бу ёққа юраркан, — яхши одам. Темирйўлда ишлайди. Фамилияси Собитов. Бошқа шаҳарларга бориб-келиб юришларимизга фойдаси тегиб туради. Шу акахонимизга ёрдам керак.
Тош гапнинг давомини кутиб, индамай ўтираверди. Тарлон эса буни ўзича тушунди шекилли, изоҳлашга тутинди:
— Мен ўзим бош қўшган бўлардим. Хабаринг бор… Ҳозир ҳар қадамимни кузатиб туришибди. Шунинг учун сени танладим. Хуллас, ўша Собитовнинг учта ўғли бор. Каттасини уйлантириб, «дом» олиб берган. У хотини, болалари билан алоҳида яшайди. Акахон қолган иккитаси билан тураркан. Энди ўртанчасини уйлантириб, ҳовли-жой қилиб бермоқчи бўлган. Арзон, қулай жой суриштирган. Топилган. «Роҳат» кўли тарафдан тўрт сотихли, иморати чала битган уй чиққан. У Аъзамхон деган бир фермерга қарашли экан. Савдо-сотиқ бўлиб ўтган. Собитов оғзи қулоғида хурсанд, унинг қўлига келишилган эллик минг долларни қистирган. Қарабсанки, чув тушган…
Тош қанақасига дегандек, Тарлонга ялт этиб қаради.
— Маълум бўлишича, ўша уй-жойнинг ҳужжатлари чатоқ, иморат ноқонуний қурилган, ҳатто чизмаси ҳам БТИда тасдиқланмаган. Бунинг устига Аъзамхонинг укаси билан ўртада талаш жой экан, — кулимсиради Тарлон. — Собитов шу ерда ғўрлик қилган. Ишни бошидан пухта қилмаган. Энди эса пулини қайтариб ололмай йиғлаб юрибди.
— Шуни олиб бериш керакми? — деди Тош ўғрибошининг мақсадини тушуниб.
— Ҳа, — бош ирғади Тарлон, — темирйўлчи Собитов бунинг учун ўн минг доллардан кечмоқчи. Қолаверса, ҳали бизга фойдаси тегадиган одам. Бирон қўшни давлатга чиқиб кетаётганимизда қўллаб юборади…
«Ана шуниси айни муддао» кўнглидан ўтказди Тош ўзининг кўпдан бери бошқа ёқларга бош олиб кетиш режасини эслаб ва Тарлонга қаради:
— Қачонга?
— Иложи борича тезроқ, — деди Тарлон. — Мен Собитовга шовқин солмасликни, мелисага арз қилмасликни тайинладим. Аъзамхон аферис ҳозир Қибрайдаги дачасида дам олаётган экан. Мана бу ерда манзили ёзилган, — у шундай деб курткаси чўнтагидан буклоғлиқ қоғоз олиб узатди. — Ёнингга кимни олиш ўзингнинг ишинг. Малланими, Читтакними…
— Йўқ, Ҳасан-Ҳусанни оламан, — деди Тош ўрнидан туриб, — эртага йўлга чиқамиз.
— Иложи борича эҳтиёт бўл, — деди Тарлон ҳам қўзғалиб. — Эсингда бўлсин, сен қидирувдасан. Ниқоб кийиб олиш эсларингдан чиқмасин!
— Тушунаман. Хавотир олма, — деди Тош, — тонг отмасдан йўлга чиқамиз.
— Унда оқ йўл, — Тарлон шундай дея яна қадаҳларга коняк қуя бошлади.
— Йўқ, раҳмат. Бошқа ичмайман.
— Ол, ич! Бунақа хайрли иш учун ичилса арзийди, — қадаҳни узатди Тарлон. — Ўн минг доллар ҳам ерда ётадиган пул эмас. Қани олдик!
Қадаҳларнинг нозик жаранги бурчакдаги магнитофондан таралаётган ёқимли куйга йўғрилиб, аллақандай сирли оҳангга айланиб кетгандек бўлди…
* * *
Зумрад уйларига саҳарлаб келган лейтенант Шариповни кузатиб қўйиб, уйга қайтиб кираркан, айвон деразасидан шу томонга қарагани билан юз-кўзларидан нима бўлганини англай олмагани сезилиб турган онасига кўзи тушиб, ғалати бўлиб кетди.
— Нима гап экан, Зумрад? — сочлари барвақт оқариб, юзларига эрта ажин тушган онаси бир нуқтага тикилганча сўради. — Мелисами?
— Йўқ, — бош чайқади қиз, — ўғлингизнинг ишхонасидан. Тошпўлат акамнинг ўртоғи… — у шундай деб гап бошлади-ю, кейин нима дейишини билмай, чайналди. — Кеча картошка-пиёз, ун-гуруч олиб келиб беришувди-ку, ўшаларнинг биттаси. Бир хабар олиб ўтай деб кирибди. Йўли шу томонга тушиб қолган экан…
— Барака топишсин, илойим, — деди она ҳамон тек қотганча киприк қотмай тураркан. — Тошпўлат аканг яхшимикан ишқилиб?
— Яхши. Хавотир олманглар деди, — шошилди Зумрад, — ҳозир узоқда экан. Тез орада бориб қоламан дебди, — деди яна у кўзларига қуйилиб келаётган ёшни ютиб ва онаси томон юрди. — Киринг, ўрнингизга киринг, ойи. Нега дарров чиқиб олдингиз?
У кўзлари ожиз бўлиб қолган онасини қўлтиқлаб ўрнига олиб кириб ўтқизар экан, она унинг юз-кўзи, елкаларини силаб, титроқ товушда деди:
— Кўнглим ғаш, болам. Акангдан хавотир олаяпман…
— Вой, нега унақа дейсиз? — Зумрад ёлғондан кулди. — Ана, кеча қанча нарса юборибди. Пул ҳам жўнатибди. Минг доллар-а? Ҳазилакам пул эмас бу!
— Умридан барака топсин, — она синиқ товушда фарзандларини алқай кетди, — Тошпўлатнинг боши тошдан бўлсин… Икковларингнинг тўйларингга етказсин, қизим!..
Зумрад онасини ўрнига ётқизиб, у яхши кўрадиган ягона овунчоқ — кичкина приёмникни ёстиғи ёнига ёқиб қўйди-да, ҳовлига чиқди. Югурганча ошхонага кирди, ўпкаси тўлиб, қўллари билан юзини тўсганча унсиз йиғлаб юборди.
«Бу қандай кўргулик? Бунча пешонамиз шўр бўлмаса? Қандай гуноҳимиз учун бунақа кунларни раво кўраяпти худойим?..».
Зумрад эс-эс билади. Жуда яхши, аҳил-иноқ яшашарди. Уларнинг оиласига ҳамманинг ҳаваси келарди. Отаси такси ҳайдар, онаси аллақайси нашриётда матн терувчи бўлиб ишларди.
…Кеч куз эди. Кунларнинг бирида бир нечта одам кўчадан бир кишини ёмғирпўшда кўтариб кириб келишди. Кейин билса, отаси экан. Машинасида жарга учиб кетиб, қовурғалари синиб, боши қаттиқ жароҳатланибди. Дод-вой бошланди. «Тез ёрдам» келди. Милиция. Оқ халатли кишилар отасини брезент замбилга солиб олиб чиқиб кетаётганларида отаси онасини имлаб чақирди ва унга нимадир деб шивирлади. Кейин билса, ўзи ўлим талвасасида ётатуриб, «Ўзингни, болаларни эҳтиёт қил, Хосият» деган экан. У ўша кеча касалхонада вафот этди. Операциядан чиқмади…
Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Онаси ёзув машинкаси устида узун кечалари бош кўтармай ёзгани-ёзган эди. Кейинроқ бир ўзи бир нечта одамнинг ўрнига ишлайдиган бўлди. Мусаҳҳиҳликни ҳам олди. Ишдан кейин қолиб, нашриёт биносини супуриб-сидириб, фаррошлик ҳам қилди.
Зумрад бошланғич синфда ўқирди ўшанда. Мактабни битириш арафасида турган Тошпўлат акаси эса оиладаги йўқчиликни, парокандаликни кўриб, ўқишни ташлади. Сабзавот базасига юк ташувчи бўлиб ишга кирди. Кўп ўтмай уни икки яшик помидор ўғирлаганликда айблаб, ишдан ҳайдашди.
Шундан сўнг анчагача кўчада сандирақлаб юрди. Аллақаёқлардан пул топиб келадиган бўлди. Зумрад кейин билса, киссавур болаларга қўшилиб кетган экан. Буни шундоқ ҳам эзилиб-ситилиб юрган, кеча-кундуз машинка чиқиллатиб, кўзлари борган сари хиралашиб бораётган онасига билдирмади.
Бу орада ёз келди. Тошпўлат акаси аллақаёқлардан эски велосипед топиб келиб тузатди. Почтачиликка ишга кирди. Кейин маълум бўлишича, у почтачилик баҳона ўғриларга одамларнинг уйи, хоналари қандай жойлашган, қай пайтда уйда ким бўлишини аниқлаб бериб юраркан.
Бир куни мелисалар уни кўчада ушлаб, олиб кетишди. Она-бола чирқиллаганча қолишди. Олти ой деганда мутлақо ўзгариб қайтди. Энди уни таниб бўлмас, кўзлари бежо, қандайдир асабий бўлиб қолганди.
Орадан кўп ўтмай Жинариқ тарафдан бир пайтлар отаси ҳайдаб бораётган таксининг орқасидан ўзининг «Волга»си билан уриб, жарга учириб юборган ва қандайдир йўл билан жазодан қутулиб қолган одамнинг ўз машинаси ичида ёндириб юборилгани ҳақидаги совуқ хабар тарқалди.
Буни ҳам Тошпўлатдан кўришди. Яна қамалиб кетди. Икки йил деганда чиқди.
Асаблари қақшаб, ғам-қайғу эзиб ташлаган, мудом хатга тикилаверган онасининг кўзи эса ўтмай қола бошлади. Бу пайтда тиббиёт коллежида ўқиётган Зумрад тоза елиб-югурди, фойдаси тегмади. Онаси ярим йилдан кейин кўрмай қолди.
Тошпўлат акаси қамоқдан қайтгач, ҳеч қаерга ишга кирмади. Яна аввалги ҳамтовоқларига қўшилиб кетди.
Акасининг ғалати одати бор эди. Қаерда бўлмасин, ўзи бир тийинсиз, пиёда юрса ҳам рўзғорни бутлаб қўяр, гўштми-сабзими, унми-гуручми олиб келиб ташларди. Кейин жуда кўнгилчан, камгап, оғир йигит эди.
Бир куни ака-сингил гаплашиб қолишганда у қандайдир қабул пунктида, базада ишлаётганини айтиб қолди. Аммо қанақа жой, қаерда жойлашган, у ерда нима иш қилади, бу ҳақда лом-мим демади…
Икки ой бурун эса… Зумрад ўша кунни эсласа, ҳали-ҳануз бутун вужудига титроқ югуради.
Ўша куни кечқурун консерваторияда ўқиётган, ёш хонанда сифатида оғизга тушиб қолган яқин дугонаси Барно кириб келди. Йиғлаб-сиқтади. Тошпўлат акасига қанақадир Фарид Раҳимов деган режиссёр тегажоғлик қилаётгани ҳақида қақшаб гапирди. «Агар сиздақа акам бўлганда, бу ерга келиб ўтирмасдим, — деди. — Мен ҳам Зумрадга ўхшаган синглингизман-ку! ёЁрдам беринг!» дея ёлвораркан, охирида «Бўлмаса, ўзимни ўлдираман» деб қўшиб қўйди.
Тошпўлат акаси Барнони яхши билар, яхши кўрар, унинг отасини ҳам танирди.
Хуллас, ёнига икки шеригини олиб, ўша шилқим режиссёрнинг уйига бостириб кирибди. Устига бир челак бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлибди.
Ўша-ўша Фариднинг қораси ўчди-ю даҳмазаси кейин бошланди. У устма-уст шикоят қилавергандан кейин, милиция Тошпўлат акасининг изига тушди. Зумрад Фарид Раҳимов деган ўша қаримсиқ режиссёрни ўша кезларда кўрди. Унинг боши бир тарафга қийшайиб, у ёқ-бу ёққа қимирлаб турадиган бўлиб қолган экан. Тиббиёт коллежида ўқимайдими, бунинг нималигини сезди…
Тошпўлат акаси уйдан қочиб кетди. Ўн-ўн беш кундан кейин уйга қўнғироқ қилди. «Мен сафарга кетаяпман. Хавотир олманглар. Онамга қара» деди-ю ғойиб бўлди қолди. Орадан икки ой ўтди. Милициядагилар тоза қидир-қидир қилишди, аммо акасининг изини ҳам топишолмади.
Фақат… Фақат икки-уч кун бурун Зумрад онасига дори-дармон олиб келаётиб, йўл четидаги машинада ким биландир гаплашиб ўтирган тилла тишли, қоп-қора йигитни кўрди. Йигит танишдек туюлди. Аммо қаерда кўрганини эслаёлмади. Кейин, аниқроғи бугун кечаси акасининг кийимларини тахлаётиб, унинг баъзи суратларини тартибга солаётиб бир расмга кўзи тушди ва ғалати бўлиб кетди. Унда беш-олти йигит пивохонадами, қаҳвахонадами, хуллас дастурхон атрофида ўтиришар, акасининг ёнида Зумрад қайси куни кўчада кўрган йигит ҳам илжайиб ўтирарди…
Ўша куни акасини излаётган лейтенант Шариповга қўнғироқ қилди. Бугун эрталабдан нозир йигитнинг келишига ҳам шу сабаб бўлган эди аслида.
Бундан ташқари, ўн кунча бурун Зумраднинг тоғаси невара тўйи қилган ва эртага дастурхон ёзиладиган куни ярим кечада аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган Тошпўлат акаси битта қўй, бир қопдан ун билан гуруч, пул ташлаб, тоғаси-ю бошқаларни ҳайрон қолдириб, яна қанақадир машинада ғойиб бўлган эди. Ўша куни жиянларидан бири машинанинг «Дамас» эканлиги, аммо қоронғида унинг рангини ажратиб, номерини кўролмаганини айтди. Бу нарса ҳам нозирга қўл келди. Ҳаммасини сўраб-суриштириб ёзиб олди. Тошпўлат акасининг бу ишига ҳайрон қолгани ҳақида гапирди.
Йўқ, Зумраднинг акасини тутиб бериш нияти йўқ. Фақат уни кўриш, онаси билан учраштириш, тавбасига таяниб, уйда бўлишини хоҳлар, уйланишини, шундоқ ҳам ҳувиллаб қолган ҳовлиси яна тўлишини истарди холос.
У лейтенант Шариповга кўзда ёш билан шулар ҳақида гапирди. Нозир йигит бўлса унинг кўнглига далда берадиган бир оғиз гап айтди.
«Жарда машинаси билан ёндириб юборилган ва отангларнинг ўлимига сабабчи бўлган одамнинг қотили аниқланди, — деди секин. — Уни ўзининг туғишган укаси ўлдирган экан… Ака-ука кўпдан бери уй-жой талашиб, ёқалашиб юришаркан. Бу ерда Тошпўлатнинг айби йўқ. Лекин барибир оппоқ эмас. У ички ишлар бўлимининг рўйхатида туради. Бунинг устига қочиб юрибди. Шунинг ўзиёқ жуда кўп жиноятларда унинг ҳам қўли йўқмикан деган шубҳага асос бўлади. Аммо ўзи келиб бошқармага борса ҳаммаси бошқача бўларди…».
Зумрад бу гапларни эшитиб, шундай енгил тортдики, беихтиёр нозир йигитнинг бўйнидан қучиб олгиси келиб кетди.
Шу куни бир йиғлаб, бир кулиб вақт ўтказди. Аммо бу гаплар ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса демади…
* * *
Тарлон «қонундаги ўғри»лардан ҳисобланмаса ҳам, жиноятчилар орасида озми-кўпми ўз ўрнига эга кишилардан саналарди. Аслида у аллақайси бир академикнинг ўғли бўлиб, онаси ўлиб, отаси ёшгина бир аспирант жувонга уйланганидан кейин уйдан чиқиб кетган, ўша-ўша қайтиб бормаганди. Кейин мактаб-интернатда ўқиди. Безорилиги учун у ердан ҳайдалди. Ўзидан катта кишиларга қўшилиб, Кажаров даштларига, қандайдир археологик экспедицияга ер қазувчи, юк ташувчи бўлиб кетди. Ўша ерда бир хумча олтин-кумуш тангалар топилиб қолиб, шериклари билан талашиб, бир археолог йигитнинг бошига белкурак билан уриб ўлдириб қўйди. Аслида у ўзи урдими, бошқа бировми, аниқ эслаёлмайди. Ҳатто орган ходимлари ҳам бунақа ваҳшиёна ишни ёшгина ўспирин қилиши мумкинлигига шубҳаландилар ва шунга қарамай, бошқаларни қамоққа, уни эса тарбияси оғир болалар колониясига жўнатишди.
Тарлоннинг кўзи шу ерда очилди. Ҳаёт жунглига ўхшаган бир ўрмон эканлигини, агар сен ўз улушингни юлиб ололмасанг, бошқалар ўзингни ҳам бурдалаб ташлашларини, ҳаётда ё заринг ё зўринг бўлиши кераклигини англаб етди. Таассуфки, унинг зари йўқ. Шунинг учун зўрликка зўр берди. Спорт билан шуғулланди. Боксни ўрганди. Дзюдо, кикбоксингга меҳр қўйди ва тезда бутун колонияни қўлга олди. Ўзи тенги ҳамда ёши катта ўспиринлар у ёт деса ётадиган, тур деса турадиган бўлишди.
Шундай кунларнинг бирида у бир неча шериклари билан колония жойлашган посёлкадаги дўконга ўғирликка тушди. Бор-йўғи уч-тўрт шиша вино, беш-олтита консерва, колбаса ва нон олишди холос. Аммо дўкон мудири, қирқ ёшлардаги танноз хотин «Бир миллион сўмлик маҳсулот ўғирланган. Сейфдаги беш юз долларни ҳам ўмариб кетишган» деб туриб олди. Буни болаларнинг бўйнига қўйди.
Тарлон ва унинг шерикларини қаттиқ жазолашди. Колония изоляторидан бир қадам чиқармай қўйишди ва ўша сатанг хотиннинг туҳмати унга ёмон таъсир қилди. Ундан бир куни қасос олишга қасам ичди…
Орадан ярим йилча ўтгач отаси колонияга келиб, уни олиб кетмоқчи бўлди. Аммо Тарлон рози бўлмади. Шундай кунларнинг бирида у ёнига икки шеригини олиб, ўша дўконга борди. Қанақадир байрам арафаси, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб юрган кезлар эди.
Сатанг мудир энди дўконни ёпиб, ичкарида ўзига ўхшаган танноз қизи билан ҳисоб-китоб қилаётган экан. Бостириб киришди. Сатанг дод-вой қилишга ҳам улгуролмади. Уни уриб ҳушидан кетказиб, қизини оғзини боғлаб зўрлашди. Кейин стол устидаги даста-даста пулларни олиб, тўрт тарафга қочиб кетишди.
Тарлонни орадан уч ой ўтгач, вокзалда ушлаб олишди. У хориж давлатларидан бирига қочиш пайида юрганди. Омади келмади. Уни қамоққа тиқишди.
Бир пайтлар ўзи билан археологик экспедицияда ишлаб, тилла талашиб қамалган кишилар билан шу ерда яна учрашиб қолди. Уларнинг иккитасига қўшилиб, гранит қазилаётган кондан қочишга муваффақ бўлди. Бу сафар Россия тарафларга йўл олди. Уни ўшаёқда қўлга олишди. Яна қамашди ва бу гал Сибирга юборишди. Қайтганида, орадан бир неча йиллар ўтган, аксига олиб шаҳарда қандайдир ёмон жиноят содир этилган бўлиб, унда ҳам Тарлоннинг қўли бор деб яна қамоққа тиқишди. Ана шу ерда ўзи тенги Тошпўлат деган йигитча билан танишди, кўп ўтмай ака-укадек бўлиб кетишди.
Мана энди, ўшандан бери Тош билан бирга. Энди у тулкидек айёр, қоплондек чаққон, илондек ақлли бўлиб қолган, ўтгаям-чўққаям ўзини беҳудага уравермасди.
Тарлон отасининг ўлимидан кейин ўгай онасининг олдига бориб, ўзининг ҳақини талаб қилди. У эса Тарлоннинг таърифини эшитган бўлса керак, қўрққанидан яп-янги «Жигули»нинг калитини тутқазиб, уйдаги бор пули-ю тилла тақинчоқларини чиқариб берди. Шундан кейин Тарлон унга, агар миқ этмай юрса, қайта учрашмасликларини таъкидлаб, чиқиб кетди.
Аввалига дўкон очмоқчи бўлди. Кейин тинчгина қоғоз ва бўш идишлар қабул қиладиган пунктни қўлга олди. У бунақа кўз илғамас жойлардан катта фойда қилиш мумкинлигини лагерда юрган кезлариёқ эшитиб, қизиқиб қолган эди.
Ҳақиқатан ҳам, хазинага дуч келгандек бўлди. Бир неча юк машиналари шаҳарнинг турли бурчакларидаги пунктлардан барча қоғоз чиқиндиларини олиб келади. Тарлон шаҳар чеккасидан танлаган майдончада улар ёлланган кишилар томонидан тозаланиб, ажратилади. Кейин керакли одамларнинг ўзи қоғозларни комбинатга, шиша ва пластмасса идишларни қайта ишлаш корхоналарига олиб кетишади. Четдан қараганда ёқимсизроқ, унча-мунча одам менсимайроқ қарайдиган машғулотга ўхшаб кўринади-ю, аслида жарақ-жарақ пул!
Бунинг сирини фақат Тарлоннинг ўзи билади. Буни ҳеч кимга, ҳатто қадрдони Тошга ҳам айтмаган. Устига-устак шаҳардаги бир гуруҳ ўғриларга ҳам шу ердан бошпана бериб, қабул пунктининг ишчиси деб ҳужжатлаштириб қўйган. Улардан ҳам яхшигина чўтал тушиб туради. Баъзан бугун Тошга топширганга ўхшаш «разборка»ларга ҳам аралашади. Аммо бу иш жуда қалтис. Шунинг учун бу сафар кўп синовлардан ўтган Тошга топширгани ҳам шундан. Бошқаларга ишонч йўқ.
Умуман олганда Тарлоннинг ҳаёти ёмон эмасди. Ўрикзорда икки қаватли шоҳона ҳовли-жой, шаҳар марказида беш хонали квартираси бор, аммо шунга қарамай у кўпдан бери бирон мамлакатга бош олиб кетиш хаёлида яшарди. Шунинг учун пул йиғар, шуларни ўйлаб кечалари уйқуси қочиб кетар, на ичкилик, на тамаки, на наша, на чертиб-чертиб, танлаб олиб келинадиган жононлар ҳам ҳовуридан тушира олмасди…
Тарлон шуларни хаёлидан ўтказган кўйи сигарет тутунига кўмилиб ўтирган пайтда столча устидаги қўл телефони жиринглаб қолди. Телефонни қулоғига тутаркан, у томондаги одамнинг овозини эшитиб, бирдан авзойи ўзгарди:
— Бу нима деганинг? Нега билмайсан? Қурилишдан олган бўёғ-у кафелларни қоғозга кўмиб, устидан чиқинди босинглар, вассалом… Шуниям ўргатишим керакми? — сўкинди у. — Қоровулга беш-ўн минг қистир. Ана бўлмаса, қирқ-эллик минг бер! Ундаям бўлмаса, сўйиб ташла! Жавобини ўзинг берасан! Бўлди, тамом!..
У телефонни ўчириб жойига қўйди-да, уф тортиб, креслога суянди. Асабийлашиб креслони муштлади.
— Оддий нарсаниям эплолмайди сўтаклар! — деди тишларини ғижирлатиб. — Ҳаммангни оёғингдан осиш керак ўзи, ҳезалаклар!..
Олдига бамбук парда тутилган хонадан боя кириб кетган жувон чиқиб келди ва таманно юриш қилиб, унга яқинлашди. Тиззасига ўтириб, навозиш билан юз-кўзларини силади.
— Сизга асабийлашиш мумкин эмас, шеф! — деди эркаланиб. — Қанақадир аҳмоқ одамларнинг аҳмоқ гапларига куюнаверманг, жоним!..
— Бу гапинг тўғри, Тамара, — Тарлон шундай дея жилмайди. Кейин аёлнинг томоғидан ўпиб, юзига шапатилаб қўйди, — бор, сен саунага кириб тур, ҳозир бораман!
Аёл секин ўрнидан туриб, эшик тарафга юраркан, Тарлон унинг орқасидан хаёлчан тикилганча қолди…
* * *
Аъзамхоннинг дачасини топиш қийин бўлмади. Фақат йўл-йўлакай бир нечта жойда турган мелисаларгина Тошнинг ғашига тегди. Ҳайтовур тўхтатишмади. Боз устига эрталабдан ҳаво совуб кетди. Қулоқ-бурунларни ачитиб изғирин эсиб турар, йўлда Тош, Ҳасан-Ҳусан ва ҳайдовчи Стёпа ўтирган «Нексия»дан бошқа машиналар ҳам кўп эди.
Челак кўтариб кетаётган бир аёлдан Аъзамхоннинг дачасини сўрашган эди, у бу атрофларда анча таниқли шекилли, кўрсатиб берди.
Ўзиям алламбало, эртаклардаги қасрларга ўхшаган данғиллама ҳовли экан. Икки қаватли. Балконлари бор. Орқа тарафда боғ, бассейн. Ҳаммаёқ саранжом-саришта.
Ҳусан девордан ошиб тушди-ю, ириллаганча ўзи тарафга югуриб келаётган эшакдай итни шартта бўғизлаб ташлади. Ит бўй баравар сакраб, типирчилаганча қонга беланиб қолди.
Тош билан Ҳасан шарпадек товуш чиқармай ичкарига ўтишди.
Итнинг ириллаган товушини, шовқинни эшитган бўлса керак, уй эгаси чироқни ёқди. Бутун ҳовли ёришиб кетди. Аъзамхон деганлари шу бўлса керак, йўғон гавдали, басавлат одам балконга чиқиб, у ёқ-бу ёққа қаради. Кейин чироқ ўчди. Ҳасан секин эшикни тақиллатди. Яна чироқ ёнди. Кимнингдир зиналардан тушиб келаётган асабий товуши эшитилди. У ичкари эшикни очиши билан семиз бақбақасига Ҳусаннинг ҳозиргина итни бўғизлаган, қон юқи ҳали қотмаган дудама ханжари қадалди.
— Овозингни чиқарма! — деди Тош секин.
— Сиз…ларга нима к…керак? — дами ичига тушиб кетди Аъзамхоннинг.
— Уйда яна ким бор? — сўради Ҳасан овозини пасайтириб.
— Ҳеч ким йўқ… Ўзим… — деди Аъзамхон анграйиб.
— Ичкарига кир, — деди Тош унинг биқинига мушт уриб.
Аъзамхон иҳраганча йўл бошлади, кейин бақирмоқчи, қўни-қўшниларни ёрдамга чақирмоқчи бўлдими, дераза тарафга ўтганди ҳамки, Тошнинг мушти уни ерга қулатди.
— Оғзига пайпоғини тиқ! Камари билан қўлини боғла! — буюрди Тош шошилиб. — Кейин тепага олиб чиқинглар!..
Зум ўтмай оғзига пайпоқ тиқилиб, қўл-оёқлари боғланган Аъзамхон кўзларини ола-кула қилганча ерда ётарди.
— Гапни чўзиб ўтирмайлик, — деди Тош совуққина қилиб, — темирйўлчи Собитовдан уй-жойни сотаман деб алдаб шилиб олган пулингни олиб кетгани келдик. Бунақа ғирромлик қилиш яхши эмас, амаки.
Аъзамхон нималардир деб ғудранди. Ҳасан худди жиркангандек, унинг оғзидаги пайпоқни суғуриб олди.
— Менда ҳеч қанақа пул йўқ… — хириллади жонҳолатда Аъзамхон. — Ҳеч қанақа Собитовни танимайман!..
— Унақада эслатиб қўйишга тўғри келади, — деди Тош ва йигитларга имо қилди.
Аъзамхоннинг оғзига яна пайпоқ тиқилди. Ҳусан қўшни хонадан дазмол олиб чиқиб электрга улади, кейин Тошнинг ишораси билан Аъзамхоннинг кўйлагини кўтариб, сап-сариқ жун босган, семиз қорнига қўйди.
Аъзамхон кўзлари қинидан чиқиб кетгудек бўлиб, питирлади. Дазмол сурилиб ерга тушди.
— Агар яна бир марта қилт этсанг, дазмолни наҳс башарангга қўяман! — деди Тош унга ўқрайиб.
Дазмол яна унинг қорнига қўйилди ва зум ўтмай Аъзамхон типирчилаб хириллади.
— Оғзидан пайтавасини ол-чи! — деди Тош.
Ҳасан буйруқни бажариши билан у тупуриб сўкинди:
— Бу… ишларинг учун… жавоб берасизлар!
— Аввал сен бизнинг саволимизга жавоб бер, — деди Тош унинг устига энгашиб, — гапир, пуллар қаерда?
— Пул йўқ, — деди Аъзамхон юзини тескари буриб.
Тош унинг башарасига мушт туширди. Аъзамхоннинг сап-сариқ башараси қип-қизил қонга бўялди.
— Дазмолни бос! — шипшиди Тош Ҳусанга.
Ҳусан қизиб турган дазмолни шоша-пиша Аъзамхоннинг қорни устида у ёқдан бу ёққа сура бошлади.
— Ол!.. Бўлди! — дегандек хириллади Аъзамхон.
— Аввал пул! — деди Тош хотиржам товушда.
Аъзамхон унга еб қўйгудек қараб, ичкари хонага имо қилди ва ёрилиб гўштга айланган лаблари аранг шивирлади:
— Шкафнинг тагидаги полнинг ичида…
— Ичингдан пишган экансан, — деди Тош кулимсираб ва унинг оғзига яна пайпоғини тиқиб қўйиб, йигитларга ёрдамлашгани кетди.
Шкаф сурилиб, тагидаги пол тахталари кўз очиб-юмгунча суғуриб ташланди. Аъзамхон рост айтган экан. Пол остига тунука қоплаб махсус ишланган жой нақ хазинанинг ўзи эди. Даста-даста пуллар, тилла тақинчоқлар, жавоҳирлар…
Ҳаммаси тўрвага солинди.
— Буларнинг ҳаммасини шунақа муттаҳамгарчилик билан, одамларни қон қақшатиб топганмисан? — сўради Тош Аъзамхонга кўзларини қаттиқ тикиб.
Аъзамхон нимадир демоқчи бўлиб ғўлдиради. Яна пайпоқни олишга тўғри келди.
— Собитовникини олиб… қолганини жойига қўйинглар… — ёлворди у кўзлари ёшланиб.
— Бекорларни айтибсан, — кинояли илжайди Тош ва унинг устига энгашди, — жонинг қанча туради ўзи?
Аъзамхон индамай кўзларини юмди.
— Унақада эллик минг доллар олиб, қолган ҳаммасини оғзингга тиқиб кетамиз, — деди совуқ оҳангда. — Ҳазм қилиб ётаверасан!
— Керакмас … — дея бош чайқади Аъзамхон.
— Нима керакмас? Жонми, пулми? — тиржайди Ҳасан.
— Пул керакмас… Тирик қолсам бўлди, — беҳол шивирлади Аъзамхон куйган қорнини силаб.
— Агар бу ишнинг сал иси чиқса, тамом! — шивирлади Тош. — Дазмол ҳеч нима эмас, қизиб турган қозиққа ўтқазиб кетаман!..
Аъзамхон кўзларини ним юмиб, хўп ишорасини қилди.
…Улар юзларига тутган ниқобларини ечиб, қайтаётганларида аллақачон тонг отган, туман тарқалиб, шарқдаги кўкимтир тоғлар ортидан қуёш чиқа бошлаган эди…
* * *
Зумрад билан Барно туфли олиш дардида тоза шаҳар айланишди. Отчопар-у Чорсу бозоригача бориб келишди.
Икки дугона кўпдан бери кўришмаганлари учунми, бир-бирларини соғинишган, шунинг учун сира гаплари тугамас, чарчоқни ҳам сезишмасди.
Ниҳоят, Чорсу бозоридан чиқиб келаётганларида Зумрад узоқдан кимгадир туйқус кўзи тушди-ю, илонни кўрган бақадек тўхтаб қолди. Кейин Барнони судрагандек бўлиб, «юр, юр» деганча, бошлаб кетди.
Узоқдан одамлар орасида лип этиб кўринган малла йигитчани қаердадир кўргандек бўлганди, шу топда куни кеча Тошпўлат акаси билан унинг елкасига қўл ташлаб суратга тушган ўспирин шу эканлигини хотирлаб, беихтиёр орқасидан эргашди.
Малла билан Читтак ҳам кўп ўтмай буни сезмай қолишмади.
— Кетворган қушчалар эканми? — деди Читтак танглайини тақиллатиб.
— Менга ўзи эмас, тилла зираклари билан дури, анависининг агар тилла бўлса соати керак, — деди Малла тишлари орасидан чирт этиб тупуриб.
— Менга ўзиям бўлаверади! — ҳиринглади Читтак.
— Кўздан қочирма! — шипшиди Малла эскишаҳарнинг аччиқ ичакдек узун, тор кўчалари тарафга бурилишаркан орқасига қараб. — Ўзлари ҳам шу томонга келаётганга ўхшайди…
Улар шу ерда, хилват торкўча оғзида тўқнаш келишди.
— Қалайсизлар, оппоқ қизлар? — деди Читтак кўзларини сузиб.
— Сиз сўрагандан бери яхши, — деди Зумрад Малладан кўз узмай.
— Балки биронта кафега борармиз? — деди Читтак маҳмадонагарчилик қилиб.
— Юр, Зумрад, кетақолайлик, — қўрқиб кетди Барно бегона йигитчаларнинг бежо кўзларига кўзи тушиб.
— Кетганлар қайтиб келмаяпти, яхши қиз, — тиржайди Малла Барнонинг келишган қадди-қоматига суқланиб ва ёнига яқинлашди, — мана бу дур чинакамми ё?..
— Қўлингни торт! — деди Зумрад унга ўқрайиб.
— Ҳай-ҳай-ҳай! Секинроқ, яхши қиз, худди овозингизни радиодек ўчириб қўяман-а? — у ёқ-бу ёққа хавотирланиб қараб қўйди Читтак ва ёнидан тугмачали пичоғини чиқарди.
— Яхшиликча тақинчоқларни ечасанлар, ё ўзим қулоқларингга қўшиб узиб оламан!
Зумрад воқеанинг бунақа тус олишини кутмаганди, довдираб қолди ва индамай зиракларини ечиб унга тутқазаркан, Читтак шап этиб унинг билагига ёпишди:
— Соат қолмасин, яхши қиз, соат!..
Зумрад лабларини қонатгудек тишлаб, соатни ҳам ечиб берди.
— Милицияга айтамиз, — деди Барно йиғлагудек бўлиб бўйнидаги маржонни ечаркан. — Ма ол, мараз!
— Мелисанинг простойигамас, каттасига айтинг, кўзидан! — илжайди Читтак маржонни олиб чўнтагига соларкан ва шеригига қаради. — Унгача биз Канада чегарасигача етиб оламиз!
Малла шеригини тушунди ва иккови кутилмаганда икки тарафга қочиб қолишди. Зумрад шошганидан қай бирининг ортидан қувишни билмай, бир гангиди-ю кейин Малла қочган тарафга югурди. Аммо етолмади. У жинкўчалар ичида ғойиб бўлган эди.
— Нега бақирмадинг? Нега индамай тақинчоқларингни ечиб бердинг? — аламидан қақшади Барно.
— Ўзинг-чи, нега ўзинг индамадинг? — деди Зумрад ранги девордек оқариб.
— Тўғриси, пичоғидан қўрқдим, улардан ҳамма нарсани кутса бўлади, — деди Барно кўзлари ёшланиб.
— Майли, келган бало-қазо шуларга урсин, — деди Зумрад, — худо бир асради…
Улар яна бекат тарафга келишаркан, Барно ҳамон дугонасининг ғайритабиий ҳаракатларини тушунолмай гаранг эди.
— Нега ўзинг бирдан шу ўғриларнинг орқасидан эргашдинг, Зумрад? — деб сўради у қайта-қайта.
— Анави малласини кимгадир ўхшатдим, — деди ниҳоят Зумрад секин. — Назаримда, у Тошпўлат акамниниг қаердалигини билади.
— Сен буни қаёқдан биласан? — ҳанг-манг бўлиб қолди Барно.
— Кўнглим сезиб турибди, ўртоқжон, — дугонасининг елкасига бош қўйиб йиғлаб юборди Зумрад. — Фақат сен маржонингга ачинма, хўпми?
— Йўғ-э, ўзи арзимаган пул туради. Рангли шишадан ясалган, — жилмайди Барно, — чинакам дур бўлганда, мана деб қўлига бериб қўярмидим?
— Илтимос, фақат бу воқеани, бу гапларни ҳеч кимга айтма, хўпми? — ялинди яна Зумрад.
— Хўп-хўп, фақат йиғлама.
— Жуда қийналиб кетдим, ўртоқ, жудаям… — пиқиллади Зумрад.
…Ва икки дугона бир-бирларини қучганча сўзсиз туриб қолдилар…
* * *
Қабул пунктида эрталабдан асабий вазият ҳукмрон эди.
Кимдир чекаётган сигаретини ўчирмай ташлаб ўтганми ё юк олиб келган ҳайдовчилар айбдорми, ишқилиб халқ орасида «Макулатура» деб номланган майдонга ўт тушган. Ҳовли этагига тоғдек уюлган тонна-тонна қоғозлару сон-саноқсиз баклашкалар гуруллаб ёнган ва аждаҳодек кўкка ўрлаган аланганинг бир учи пункт жойлашган иморатга ҳам етиб келган…
Бу орада кимдир «чаққонлик қилиб» ўт ўчирувчиларни чақирган. Ёнғин ўчирилган. Лекин ўт ўчирувчилардан бирининг ўлиги топилган…
Ана шу нарса вазиятни янада мураккаблаштириб юборди.
Шу куни Тарлон қанақадир юмуш билан саҳарлаб Чимкентга кетганди. Эртасига келиб, тутақиб кетди. Ҳаммани тўплаб, қисқагина «йиғилиш» ўтказди ва бу аҳмоқликни ким қилганини аниқлади. «Макулатура» майдонига ким ўт қўйганини аниқлаб бўлмади-ю, лекин ўт ўчирувчини ўлдирган ўзларининг одами — Қора бўлиб чиқди…
Бир қараганда уни ҳам айблаб бўлмасди. Ўт ўчирувчилардан бири қўлидаги йўғон шлангни судраб ёнаётган эски бинога кирган ва кутилмаганда ертўлага тушадиган айланма зинани кўрган-у қизиқиб у ерга тушмоқчи бўлган. Пастда эса Тарлоннинг «резинденция»си!..
Қора уни кўрган-у шу ернинг ўзида орқасидан бориб, бошига темир қувур бўлаги билан уриб ўлдирган-қўйган…
Қисқаси, худди арининг уйи бузилгандек бўлди.
Тарлон ёнига ҳайдовчиси, Тамара ва яна бир ўйнашини олиб, қўлига илинган керакли юклар билан шаҳардан чиқиб кетадиган, бошқалар эса, яъни Тош, Қора, Малла, Читтак ва Стёпа «Дамас»да унинг орқасидан Алвастикўприк яқинида, шаҳар чегарасида кўришишга келишиб, шоша-пиша тарқалдилар…
Вақт жуда зиқ эди. Йигитлар кўз очиб-юмгунча ҳаммаёқни «тозалаб» чиқишди. Аксига олиб, «Дамас»нинг баллони бўшаб кетган экан, дам уришга тўғри келди.
— Тфу, падарига лаънат! — сўкинди Тош асабийлашиб у ёқдан-бу ёққа юраркан дам ураётган ҳайдовчи билан Ҳасан-Ҳусанга қараб.
— Насиб қилса, шест секундда кетамиз, — деди Малла қўлига илинган нарсаларни сумкасига жойларкан.
Бошқалар бўлса жим, Қора қўлидаги хивич билан ерга қанақадир шакллар чизган кўйи, ҳаммасига ўзи айбдордек бошини хам қилиб ўтирар, Читтак эса сафархалтасидаги нарсаларни кавлаштириш билан овора эди.
— Чўрт побери! — деди у бир маҳал ҳуштак чалиб. — Маржони шиша экан манжалақининг!
Тош ажабланиб у тарафга қаради. Малла Читтакка қараб кулиб қўйди ва Тошга тушунтирди:
— Ўтган куни шаҳарда иккита ойимча учраганди, — деди тиржайиб, — ул-бул нарсаларини «совға» қилиб кетишди.
— Соати тилла эканми ишқилиб? — хўмрайди Читтак қовоғини солганча.
— Менимча тоза бўлиши керак, — кўкрак чўнтагидан қандайдир соатни чиқариб қаради Малла ва Тошга узатди, — мана кўринг, Тош ака, пробаси бор-а?
Тош унинг қўлидаги жажжигина соатни истар-истамас қўлига олди, у ёқ-буёғини айлантириб кўрди-ю, туйқус авзойи ўзгарди.
— Қаёқдан олдинглар буни? — сўради Маллага ялт этиб қараб.
— Айтдим-ку, кеча иккита «чувиха»ни учратдик деб… Икковиям яхши нарсалар экан, — деди Малла Тошнинг юз-кўзларидаги ўзгаришга эътибор бермай.
Тош чиройли, қуюқ қошларини чимириб бир унга, бир яна соатга қизиқсиниб қаради. Кейин соатнинг орқасидаги ўчинқираган, сезилар-сезилмас ўйиб ёзилган ҳарфларга кўз югуртди ва бирдан сесканиб кетди.
Балиқнинг кўзидеккина келадиган тилла соатнинг орқа тарафига майда, жимжимадор ҳарфлар билан «Зумрадга эсдалик учун. Акасидан» деб ёзиб қўйилган, бир қараганда, улар ёзувдан кўра соатга ўйилган жимжима нақшларга ҳам ўхшаб кетарди.
Тош соатни бармоқлари орасида тутган кўйи серрайиб қолди. Малла ҳам буни сезди шекилли, унга ҳайрон бўлиб қараб қўйди.
— Қаерда кўрдим дедиларинг уларни? — сўради секин Тош.
— Чорсуда… Бозор яқинида… — деди Малла Читтак тарафга бир қараб олиб.
— Қизларга ҳеч нима қилмадиларингми? — яна сўради Тош овози ҳирқираб.
— Йўқ, — бош чайқади Малла таажжуби ортиб, — шунчаки… Одатдагидек ул-бул нарсаларини олдик… — у шундай деб тиржайди, — ана, биттасининг бўйнидаги дур шиша бўлиб чиқди…
— Шу соат менда туратурсин, — деди Тош негадир ранги ўзгариб ва уни кафти орасида қисганча ўрнидан туриб, нари кетди.
Тош бу жажжи соатни қамоқдан қайтган йили синглисининг туғилган куни сотиб олиб, орқасига ёздириб совға қилган, бечора синглиси қувончдан юраги ёрилгудек бўлиб, ҳўнграб йиғлаб юборганди ўшанда…
Шу топда Тошни таниб бўлмас, озғин ёноқлари пир-пир учиб, лаблари сезилар-сезилмас титрар, бу соат худди кафтини чўғ мисоли куйдираётгандек туюларди унга.
«Мана, ниҳоят ўз синглимнинг нарсасини ҳам ўғирлаш даражасига етибман, — ўйларди у қийналиб. — Қанақа аҳволда экан ҳозир шўрлик? Турган гап, соатимни акамнинг шериклари шилиб кетди деб ўйлайди… Мен эса… Ойим бечоранинг ҳоли нима кечди экан? Кўзлари очиқ, соғ бўлсалар ҳам майлийди. Мен-ку майли, худога нима ёзишган экан улар? Бир ўғил, бир ака бўлиб уларга нима каромат кўрсатдим ўзи?.. Қандай қилиб юзларига қарайман? Ҳамма уларни «Ана, ўғри Тошнинг онаси!», «Ана, киссавур Тошнинг синглиси» деб қўлини бигиз қилиб кўрсатмайдими? Нега бунақа бўлди? Ким, нима сабабчи бунга? Нега бу ботқоққа ботиб қолдим?.. Мана, ишонган тоғим Тарлон ҳам қочди-кетди. Мен қаёққа бораман? Шерикларим-чи?!.».
Шу пайт Ҳасан Тошни чақирди-ю, унинг хаёли бўлинди. Оёқларини оғир судраб ўша тарафга юрди.
Ҳамма машинага чиқди. Тош ҳам ҳайдовчи ёнидаги ўриндиққа чиқаркан, елкаси оша орқага бир қараб, юраги увушиб деди:
— Кетдик!..
Машина пана-пастқам кўчалар оралаб, шаҳар ташқариси томонга йўл олди. Стёпа чорраҳада турган «гаи»чилар ва уларнинг машинасини кўриб, Тошга қаради. Тош боши билан чап тарафга имо қилди ва «Бизнинг маҳалла томондан чиқиб кетамиз» деб қўйди.
— Нима кераги бор у ёққа боришнинг? — норози оҳангда тўнғиллади Қора орқа тарафдан. — Ҳозир ҳамма ёқни «мент»лар босиб ётибди.
— Уйга бир кириб ўтишим керак, — гапни қисқа қилиб қўя қолди Тош.
Бошқалар ҳам бундан норизо бўлишди. Кимдир «Шаҳардан тезроқ чиқиб кетиш керак» деса, бошқаси «У ёқда Тарлон ака кутиб қолади» деб писанда қилиб қўйди, яна бошқаси «Ишқилиб, қўлга тушиб қолмасак бўлди» дегандек илмоқли гап қилди.
— Бир дақиқага! — деди Тош овозини баландлатиб. — Кейин бошимиз оққан тарафга қараб кетаверамиз. Мен уйга кириб қолиб кетмайман-ку, сизлардан ажралиб қаёққа бораман?..
Орқа ўриндиқларда унга хўмрайиб ўтирган Қора ҳам, ойнадан теварак-атрофга хавотирланиб қараб бораётган Ҳасан-Ҳусанлар-у, нима бўлаётганини ҳали-ҳамон тушуниб етмагандай довдираб бораётган Читтакдан тортиб, ҳурпайиб ўтирган Маллагача Тошдан қўрқишар, уни Тарлоннинг ўнг қўли сифатида ҳурмат қилишар, айни дамда унга қаттиқ ишонишарди. Шу сабаб, ҳамма жим бўлди.
«Дамас» кўҳна маҳаллага кирди-ю, Тошнинг ишораси билан кўча юзидаги эски, ранги униқиб кетаёзган пастак эшик рўпарасида тўхтади.
Тош қарийб уч ойдан бери қадам қўймаган уйини кўриб, юраги орзиқиб кетди. Лекин буни шерикларига сездирмади. Машина эшигини очиб тушиб, йўл четида велосипедининг қаеринидир созлаётган болакайни кўриб чақирди. Бола ҳайрон бўлиб ёнига келгачгина уни таниди шекилли, кемшик тишларини кўрсатиб жилмайиб қўйди. Тош қўшни болага Зумрад опасини чақириб беришни айтди, кейин бирдан «Йўқ, шошма, яхшиси мана буни олиб кириб бера қол» деб унинг қўлига дастрўмолчага ўралган соатни тутқазди.
Бола югуриб уйга кирди. «Дамас» энди ўрнидан қўзғалганди ҳамки, эшик тарақлаб очилиб, сочлари елкасига паришон ёйилган, сарпойчан югуриб чиққан Зумрад кўринди.
— Тезроқ ҳайда! — бақирди Тош ҳайдовчига.
Машина шитоб билан ўнгдаги кўчага бурилди, аммо унинг охири берк эканлигини кўриб, Стёпанинг кўзи ола-кула бўлиб кетди.
— Орқага бур, орқага! — қичқирди яна Тош.
Машина орқага бурилиб, яна кўча юзига чиқди.
— Газни бос! Нима, ухлаяпсанми? — жонҳолатда бўкирди Қора.
— Йўлга қара! Машина келаяпти! — унга қўшилди Малла атрофга аланглаб.
Ҳақиқатан ҳам рўпарадан чиқиб келган баҳайбат «Автолавка» йўл ўртасига келиб тўхтаб қолди. Орқа тарафдан эса, кутилмаганда мелиса машинасининг қулоқни қоматга келтирувчи сиренаси эшитилди.
— Қопқон! — бақириб юборди Қора сакраб ўрнидан тураркан ва Тошга ўгирилди, — мен сенга буёққа келмайлик дегандим-а?
— Ваҳима кўтарма! — деди Тош у тарафга қарамай. — Ҳозир чиқиб кетамиз!
Аммо чиқиб кетиш қийин, олд тарафда «Автолавка», орқада мелиса машинаси йўлни тўсиб турарди. Ҳамма саросимага тушиб қолди. Машина эса қайси тарафга юришни билмай, вағиллаганча йўлнинг гоҳ у, гоҳ бу четига ўтар, чиқиб кетадиган йўл тополмай жиғибийрони чиқаётган ҳайдовчи ҳадеб устма-уст сигнал чаларди.
— Тротуар томонга юр! — бақирди Тош олд томонни кўрсатиб.
Машина у кўрсатган тарафдаги торгина тсемент йўлка тарафга юрди-ю орқа ғилдираги тойиб кетдими, ариққа тушиб, вағиллаганча тўхтади.
Шу пайт кўчани бошига кўтариб, мегафоннинг овози қулоққа чалинди:
— Тош!.. Фойдаси йўқ!.. — дерди ундан эркак товуши. — Ҳаммаёқ ўраб олинган! Машинадан тушинглар!..
— Бекорларни айтибсан, тириклай қўлга тушадиган аҳмоғинг йўқ! — бақирди Қора чўнтагидан тўппончасини чиқариб.
Бошқалар ҳам, ким тугмачали пичоғини, ким тўппончасини қўлига олди.
— Ваҳима кўтарманглар, — деди Тош хотиржам товушда, — агар уларга мен керак бўлсам, тушиб қоламан. Сизлар кетаверасизлар!
— Ҳа, жуда қўйиб юборишади! — алам билан чийиллади Қора жаҳл билан. Шу пайт кутилмаган яна бир ҳодиса юз берди. Йўл ўртасига кўндаланг тўхтаб қолган «Автолавка»нинг эшиги очилди-ю, ичидан ўнга яқин қуролланган мелисалар сакраб туша бошлади.
— Финита ла комедиа! — деди ранги оқариб кетган ҳайдовчи бош чайқаб. — Энди фойдаси йўқ!
— Ҳайда аравангни! — жон ҳолатда бўкирди Қора тўппончасини ҳавода силкиб. — Агар қўлга тушсак, биттангниям соғ қўймайман… Уларни босиб бўлсаям ўтиб кетамиз!..
«Тош! Бизни эшитаяпсанми?.. Машинадан тушинглар! Қаршиликнинг фойдаси йўқ!» — мегафондан яна овоз янгради.
Кўча юзида бу шовқин-суронни эшитиб, қўни-қўшни тўплана бошлади.
— Ҳаммаси тамом, — деди Малла йиғламсираганча, — энди нима қиламиз, Тош ака?
— Шошманглар! — деди Тош ўрнидан қўзғалиб. — Мен тушаман. Уларни чалғитиб турганимда, сизлар халқани ёриб ўтиб кетасизлар!..
— Йўқ, кемага тушганниниг жони бир, ака, — деди Ҳасан товуши титраб.
— Қаёққа борамиз? Машина ботиб ётибди-ку! — ҳайдовчи ҳафсаласи пир бўлганини яширмади.
— Сенларни билмадим-у, менинг қўлга тушгим йўқ! — туйқус қичқириб юборди Қора ва эшикни суриб очиб, ерга сакраб тушаркан, мелисалар турган тарафга кетма-кет ўқ узди.
Қарсиллаган ўқ товушларидан ҳаммаёқ ларзага тушгандек бўлди.
Машина ғилдиракларини чирпирак қилганча яна чиқиб кетишга уриниб, вағиллай бошлади.
Қора бўлса кўчанинг у бетидаги қалин буталар орасига ўзини уришга шошилди-ю улгуролмади. Орқа тарафдан отилган ўқ уни ерга қулатди. Ҳаммаси кўз очиб-юмгунча содир бўлди.
«Дамас»ни қуролланган мелисалар ўраб олишди. Қонга беланиб ётган Қорани мелисаларнинг ўзлари кўтариб, қаёққадир олиб кетишди. Машина ичидагилар қуролларини ташлаб, қўлларини кўтарганча ерга туша бошладилар. Ҳаммаларининг қўлларига кишан солинди ва шу ерга етиб келган панжарали машинага чиқаришаркан, аёл кишининг «Ака-а!» деган чинқириғи эшитилди.
Бу Зумраднинг ҳайқириғи эди. Сочлари тўзғиган, оёқяланг Зумрад худди эси оғиб қолгандек гандираклаган кўйи югуриб келди-ю, Тошнинг бўйнига осилди.
Тош Зумрад дея синглисини бағрига босди, сочларини силади, «Қўрқма, ҳаммаси яхши» дея олди холос.
— Тезроқ бўлақолинглар! — деди кимдир.
— Тош! Машинага чиқ! — буюрди мелисалардан бири.
— Сизлар кетаверинглар. Биз орқаларингдан етиб борамиз, — деди лейтенант Шарипов уларга маъноли қараб қўйиб.
— Бу қанақаси? — тўнғиллади мелисалардан бири норози оҳангда. — Бир ҳафтадан бери қопқон қўйиб, «Автолавка»да димиқиб ўтирганимиз етмагандек, энди тайёр гўштни қўлдан чиқариб ўтирсак!
— Бораверинглар дедим, — хўмрайди лейтенант булбулигўё бўлиб сайраётган йигитга қараб. — Тош учун мен жавоб бераман!..
Панжарали машина ўрнидан қўзғалди.
Йўл ўртасида эса Зумрад қўлларига кишан солинган Тошнинг кўксига бош қўйганча йиғлаб турар, бу ғалати манзарадан ҳамма лол-у ҳайрон эди. Қўшнилардан кимдир кўзи ожиз онасини етаклаб чиқаётганини кўриб, Тош ўша тарафга интилганди, ёнида турган мелиса йигит «Қимирлама!» дея йўлини тўсди.
Лейтенант Шарипов эса қўявер дегандек бош чайқади.
— Қочиб кетмасмикан? — деди бошқа мелиса хавотирланиб.
— Ҳеч қаёққа кетмайди, — жавоб берди лейтенант ишонч билан. — Тошни ўзимиз билан олиб кетамиз!
Кўзлари ожиз онасининг озғин қўлларини ёйган кўйи йиртиқ калишини шапиллатиб ўзи томон келаётганини кўрган Тош чидаёлмади. У томонга бир-икки қадам қўймоқчи бўлди-ю, ҳоли келмади. Онасининг қаршисида тиз чўкканча қолди…
Зумрад бу операция раҳбари лейтенант Шариповга, лейтенант эса унга қараб қўйишди. Бу биров сезган, биров сезмаган сирли нигоҳга яширинган маънони фақат уларнинг икковигина билишарди холос…